Оқсиллар синтези. Оқсиллар, протеинлар – ҳамма тирик мавжудодлар таркибига кирадиган мураккаб, азот тутувчи органик моддалар. Оқсиллар тирик материянинг тузилишида, шунингдек, унинг ҳаёт фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Ҳужайра таркибида бир неча минг хил оқсиллар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири маълум бир вазифани бажаради. Шунинг учун улар протеинлар (яъни юн.protos – биринчи, энг муҳим) деб аталади. Ҳамма организмларнинг оқсиллари 20 та стандарт аминокислоталардан ташкил топган бўлиб, бу кислоталар алоҳида ҳеч қандай биологик фаолликка эга эмас. Оқсилларнинг бир-биридан химиявий фарқи, улардаги аминокислоталарнинг кетма-кетлигига боғлиқ. Аминокислоталар оқсил тузилмасининг алифбоси бўлиб, уларни турли тартибда бириктириб, чексиз сондаги кетма-кетликларни, яъни чексиз миқдордаги ҳар хил оқсилларни олиш мумкин. Масалан, ҳар бир тур организмда бир неча минг хил оқсиллар мавжуд бўлиб, улар турларининг сони 10 000 000 атрофида. 20 та аминокислотадан турли тартибда ҳосил бўлиши мумкин бўлган оқсил изомерларининг оғирлиги Ер шари оғирлигидан оғирроқ бўлар эди.
Генлар банки ёки генлар библиотекаси – донор организмдан ажратиб олинган, мақсадга мувофиқ генетик информацияга эга ДНК ёки унинг қисмлари мажмуи. Генлар банкини ҳосил қилиш учун ДНК рестриктаза ферменти таъсирида парчаланади, кейин вужудга келган барча қисмларни аралашмада вектор молекула (хўжайин ҳужайрада мустақил қайта тиклана олиш хусусиятига эга ДНК молекуласи)га лигаза ферменти ёрдамида қўшилади.
Натижада, организм барча генларни ўзида сақловчи дурагай плазмидалар (ёки бактериофаглар) аралашмаси ҳосил бўлади. Агар бундай дурагай плазмидалар ёки бактериофагларни бактериал ҳужайра ёки фаг бўлаклари ичига киритилса, алоҳида клонлар (буларнинг ҳар бирида организмнинг қайсидир гени билан бирга рекомбинат ДНК бўлади) коллекцияси вужудга келади. Бу клонлар (умумий бошланғич авлоднинг жинссиз кўпайишидан вужудга келган ҳужайра ёки индивидлар мажмуи) ҳаммаси биргаликда организм барча геномини ташкил этади. Бактериал ёки фаглар клонининг бундай коллекциясини чексиз кўпайтириш ҳамда бошқа ташкилотларга бериш ва ундан ҳар доим зарур генларни излаб топиш учун бошланғич материал сифатида фойдаланиш мумкин. (Абдусаттор Абдукаримов, Сотиболди Жатаев)
ДНК – дезоксирибонуклеин кислота – нуклеин кислоталарнинг бир тури. Таркибида дезоксирибоза, азот асосларидан аденин (А), гуанин (Г), цитозин (Ц) ва тимин (Т) ҳамда фосфат кислота бўлади. Барча тирик организмлар ҳужайрасида учрайди ва кўпчилик вируслар таркибига киради. Тирик организмларда ирсий белгиларни сақлаш ва наслдан-наслга ўтказиш вазифасини бажаради. ДНКнинг нуклеотидли таркиби, яъни унинг бирламчи структураси ҳар бир организм учун ўзига хос ва қатъий индивидуал бўлиб, биологик информациянинг код шаклида ёзилишидир. ДНКнинг генетик аҳамиятини дастлаб О.Эвери (АҚШ 1944) шогирдлари билан бирга аниқлаган. ДНК таркибидаги нуклеотидларнинг ўзаро муносабати маълум қонуниятларга бўйсунади. Бу қонуниятлар АҚШ олими Э. Чаргафф томонидан 1950 йили аниқланган. Бу қоидага асосан ДНКдаги пурин асосларининг йиғиндиси примидин асосларининг йиғиндисига тенг бўлиб, бунда А нинг миқдори Т миқдорига ва Г нинг миқдори Ц миқдорига тенг. Мазкур қоидаларга асосланиб Д.Уотсон ва Ф.Крик ДНКнинг структуравий моделини 1953 йили кашф этишди. Бу моделга кўра, ДНК молекуласи қўш спираль ҳосил қилувчи иккита полинуклеотид занжирдан ташкил топган ва ҳар иккала занжир бир умумий ўққа эга. Занжирнинг бир ўрами орасидаги масофа 34 А° га тенг ва ўнта нуклеотид қолдиғидан ташкил топган.
РНК – рибонуклеин кислоталар – юқори молекулали мураккаб бирикмалар, нуклеин кислоталардан бири, мономерлари нуклеотидлардан иборат. Ҳар бир нуклеотиди таркибига углевод Д – рибоза, азотли асослар, аденин, гуанин, цитозин ва урацилдан бири ҳамда фосфор кислотаси қолдиғи киради. Барча тирик организмлар ва кўпинча вирусларнинг муҳим компоненти. Ирсий ахборотнинг наслдан наслга ўтишида иштирок этади. РНК молекуласининг фазовий структураси, асосан, бир ипли полинуклеотид занжиридан иборат бўлиб, таркибида 75 тадан 10·000 тагача нуклеотид қолдиғи бор. Молекуласининг айрим қисмларида азот асосларининг комплементарлик принципига биноан қўш занжирлар ҳосил бўлади. Функцияси ва структурасига кўра, РНК рибосомал (рРНК), транспорт (тРНК), информацион (иРНК) ва кичик молекулали (кмРНК) турларга ажратилади. Тирик ҳужайраларда РНК синтези ДНК матрицасида РНКполимераза ферменти ёрдамида амалга ошади. (Абдукарим Зикриёев, Мухсим Зокиров)
Достарыңызбен бөлісу: |