Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти спорт тиббиёти фанидан маърузалар тўплами тошкент 2010 Муаллифлар



бет10/10
Дата03.07.2016
өлшемі0.79 Mb.
#174745
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10

Ўта зўриқиш жисмоний машғулотлар ортиқча ўтказил-ганда бир неча органлар ва системаларда ўта зўриқиши пайдо бўлади. Ҳозирги вақтда таянч-ҳаракат аппаратида, юрак ва қонда, шу билан бирга буйрак, жигар ва овқат ҳазм қилиш системасида жисмоний машқлар нотўғри уюштирилиши натижасида ривож-ланган ўта зўриққанлик асоратлари ўрганилган.

Ўта зўриқиш жисмоний ва спорт юкламаларининг шуғул-ланувчиларда функционал имкониятларнинг жисмоний имконият-ларга мос келмаслиги натижасидир.



Ўткир ва сурункали ўта зўриқиш фарқ қилинади. Ўткир ўта зўриқиш катта ҳажмли ва шиддатли машқларни бирданига бажариш туфайли юзага келади. Масалан, юрак ўткир ўта зўриққанда одам ўлиб қолиши ҳам мумкин. Узоқ вақт давомида қайта-қайта кўп ҳажмли ва шиддатли машғулотларни бажарганда сурункали ўта зўриқиш ривожланади (орган ва системаларда морфологик ўзгаришлар ва касалликлар пайдо бўлади). Кўпинча ўта зўриқиш жисмоний жиҳатдан етарлича тайёрланган шахсларда учрайди.

Бу ҳодиса юқори маҳоратли спортчиларда ҳам, масалан, спортчи касаллик ҳолатида бўлиб ёки касалликдан эндигина тузалиб тезда максимал юкламали машғулотларни бажарганда юз беради. Бунда вазни бирданига камайиб, тренировка ва мусобақалар қийин (баланд тоғли, ҳавонинг юқори ҳарорати ва намлиги) шароитларда ўтказилганда, допинглар истеъмол қилиш натижасида ана шундай касаллик ривожланиши мумкин. Бу касаллик, одатда, тўсатдан, жисмоний машқ бажараётганда ёки уни тамом қилган заҳоти ривожланади, натижада ҳар хил ўзгаришлар – юрак ёки қон томирда ўткир етишмовчилик, юрак-нинг тожсимон артерияларида ва бош мияда қон айланишининг бузилиши кузатилади. Спортчилар дармонсизлик, бош айланиши, кўз олди қоронғилашишидан шикоят қилишади. Юрак ва ўнг қовурға ости соҳасида оғриқ, кўнгил айниши бўлиб, одам қайт қила бошлайди. Оғир ҳолларда одамга ҳаво етишмайди, ранги кўкаради, томир уриши сусаяди ва ҳушдан кетади. Ўткир ўта зўриқиш ўткир миокард дистрофияси, миокард инфаркти кузатилиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугаши мумкин. Ўта зўриқишга учраган спортчида кўпинча узоқ вақт давомида толиқиш, жавоб реакциясининг ёмонлашуви, ишчанликнинг пасайиши, қон томир системасида ўзгаришлар кузатилади. Такрорий ўта зўриқиш спортчи организми учун жуда ҳавфлидир. Бундай спортчилар албатта ҳар тарафлама медицина кўригидан ўтишлари лозим.

Доимий тренировка, одатда, бир-икки ойдан кейин врач рухсати билан аста-секин, даволовчи гимнастикаси, шаклли машғулотлар, актив дам олишдан тортиб махсус тренировкалардан кейин уюштирилади.

Спортчи режими устидан жиддий назорат қилиш, жисмоний ва асабий зўриқишга йўл қўйлмаслик, ичкилик ичмаслик, чекишни ман этиш ва спортчи организмини ҳар тарафлама мустаҳкамлаш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.

Сурункали ўта зўриқиш кўпинча юракдаги ўзгаришлар билан таърифланади. Аммо спортчининг умумий аҳволи, унинг ишчанлиги ва спорт натижалари ўзгармаслиги ҳам мумкин. Сурункали ўта зўриқишни ўз вақтида аниқлаш бирмунча кийин бўлади. Электрокардиограмма ўзгаришларигина ана шу аломатдан далолат беради. Спортчи электро-кардиограммасида Т тиши кўрсаткичи айрим йўналишларида пасаяди ва манфий бўлиб қолади.

Ўзгариш даражасига қараб ҳар хил сурункали зўриқиш босқичлари ажратилади. Бу ўзгаришлар сурункали ўта зўриқиш туфайли ривожланган миокард дистрофияси – юрак мускулларида моддалар алмашинувининг бузилиши аломатларидир. Миокард дистрофияси ўткир ва сурункали жисмоний, эмоционал зўриқиш натижасида ривожланади. Одатда бу ҳолат юракнинг зўриқиши деб аталади.

Охирги йилларда спортчилар орасида миокард дистрофия-сининг сони ошиб бормоқда. Агар 1985 йилда спортчиларни текшириш натижасида бу касаллик фақат 0,5 процент миқдорда аниқланган бўлса, охирги йиллар давомида 10-12 процентгача, ёш спортчиларда, масалан, сузувчиларда эса 30 процентгача ошди. Бу касалликиинг бошланғич босқичидаёқ махсус текшириш усуллари билан миокарднинг қисқариш функциясининг бузилиши ва гемодинамика кўрсаткичларининг ўзгариши (юракнинг систолик ва минутлик ҳажми, юракнииг қисқариш қуввати камайиши) аниқланади. Бу ўзгаришлар бошида спортчи организминииг айрим мослашиш механизми туфайли сезилмаслиги ҳам мумкин. Кейинчалик эса юрак мускулларида дистрофия процесслари ривожланиши давом этиши ва компенсатор мослашиш механизми тугаши туфайли охирида спортчининг юрак фаолияти етишмов-чилиги ривожланади. Шунинг учун бу касалликларни бошидаёқ аниқлаш ва даволаш катта аҳамиятга эга. Зўриқиш ва ўта зўриқиш ривожланишида касалликларнинг яширин тарзда ўтиши, сурун-кали инфекция ўчоқлари ва спортчи организмининг кучсизлан-тирувчи бошқа омилларига ҳам алоҳида эътибор бериш зарур.

Сурункали инфекция ўчоқлари спортчиларнинг асосан томоғида жойлашган лимфоид элементлар (тонзилаларда, бодомча безларда) чириган тишларда ва ўт пуфагида жойлашади. Шу жойлардаги патоген микробларнииг тўплами сурункали яллиғ-ланиш процессларининг доимий кечишига сабаб бўлиб, микроб-ларнинг ҳаётий фаолиятида ҳосил бўлган заҳарли моддалар билан спортчи организминииг заҳарланишига олиб келади. Бундай ҳолларда спортчиларнинг ишчанлиги, спорт кўрсаткичлари пасаяди, жисмоний ва спорт юкламаларини яхши бажара олмайдилар ва ҳар хил касалликларга чалинадилар. Аммо катта жисмоний юклама бажарилганда спортчи организмидаги сурункали инфекция ўчоғи ва ҳимоя реакцияларининг пасайиши кучли касалликларининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин (Масалан, ангина, миокардит, эндокардит, миокард дистрофияси, нефрит). Сурункали инфекция ўчоғини батамом бартараф этишга қаратилган даволаш чоралари кўрилгандагина спортчилар жисмоний ва спорт машғулотлари билан шуғулланиш мумкин. Сурункали ва ўта зўриққан спортчиларга вақтинча тренировка-ларни тўхтатиш ёки юкламаларни камайтириш тавсия этилади. Мусобақаларда қатнашиш ман этилади. Кўпинча тренировкаларни тўхтатиш юкламаларни камайтириш билан электрокардиограм-мани нормаллаштириш мумкин. Аммо касалликдан кейин тезда катта юкламали тренировка, айниқса бирданига бажарилганда бу ўзгаришлар яна пайдо бўлиши мумкин. Сурункали ўта зўриқиш ҳолатида ҳам спортчилар вақтинча ўзларини яхши ҳис этиб, юқори спорт натижаларини кўрсатишлари мумкин. Шунинг учун тренерлар бундай спортчиларни тезда ҳар тарафлама врач кўригидан ўтказиб тренировка режимини ўзгартиришлари лозим.

Демак, касалликлар, шикастланиш ва жароҳатланишларнинг олдини олишда спорт юкламаларини жиддий равишда индивидуал тузиш, жисмоний машқлар орасида етарлича дам олиш, мунтазам равишда медицина назоратини ўрнатиш, врач тавсияларини қатъий бажариш, сурункали инфекция ўчоғини санация қилиш асосий огоҳлантирувчи тадбирлар ҳисобланади.

МАЪРУЗА № 8

Мавзу: Допингга қарши назорат. Жинс назорати.
Усул: Маъруза

Аудитория: №___

Белгиланган вақти 80 дақиқа

Жиҳозлар: ўқув жадваллар.


ДАРС РЕЖАСИ




Дарс мазмуни

Вақти

1.

Антидопинг назорати тарихи.

20 дақиқа

2.

Допинг.

10 дақиқа

3.

Антидопинг назоратини ташкил қилиш.

10 дақиқа

4.

Допинг моддаларнинг гуруҳлари.

10 дақиқа

5.

Допинг моддаларнинг организмга таъсири.

10 дақиқа

6.

Жинс назорати.

20 дақиқа

ЖАМИ

80 дақиқа



Назорат саволлари:

  1. Антидопинг назорати қачон асос топди?

  2. Допинг деб нимага айтилади?

  3. Антидопинг назорати деб нимага айтилади?

  4. Антидопинг комиссияси кимлардан иборат?

  5. Допинг моддасини организмнинг қайси суюқлигидан текширилади?

  6. Кимлар допинг назоратдан ўтадилар?

  7. Психомотор стимуляторларга қайси моддалар киради?

  8. Наркотик моддаларнинг организмга қандай салбий таъсир кўрсатадилар?

  9. Допинг қабул қилган спортчига қандай чора кўрилади?

  10. Жинс назорати нима?


Допингга қарши назорат
Расмий мусобақаларнинг (Мамлакат биринчилиги, Европа, жаҳон биринчиликлари, Олимпиада ўйилари тиббий таъминотини уюштиришда антидопинг назорат ўтказилади. Антидопинг назорати – бу махсус тадбирлар тизими бўлиб, мусобақа қатнашчилари томонидан допинг қабул қилинганлигини аниқлаб, допинг қабул қилган спортсменларга тегишли санкция беришдир.

Допинг организмни сунъий стимуляция қилибгина қолмай, жисмоний юкламаларда системалар фаолиятини тежамсиз сарфлайди. Ҳатто энергетик ресурсларнинг тугаб юкламалардан кейинги таъсиротларнинг зўрайтиради. Бу эса жисмоний ўта зўриқиш олиб келади ва спортчи организмида патологик ва патология олди ҳолатларини ривожлантиради. Қисқа муддатга системалар фаолиятининг ошишидан сўнг уларнинг кескин сусайишига ва жисмоний ишчанликнинг пасайишига олиб келади. Амалиётида допинг қабул қилган спортчилар мусобақа вақтида ёки бевосита мусобақалардан сўнг ҳалок бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Допинг моддаларнинг организмга таъсири индивидуал бўлиб, спортчининг ёши, саломатлиги, чиниққанлиги, нерв тизимининг хусусиятлари, атроф муҳтнинг шароити ва бошқаларга боғлиқдир.

Проффессионал спортда, хусусан, бокс, футбол, велопой-галарда допинг қабул қилганлик ҳолатлари кенг тарқалди. XX асрнинг 50-60 йилларида спорт ютуқларининг даражаси кўтарилиб рақобатчиликнинг кучайиши, ғалабанинг мураккаблашиши оқиба-тида допингларнинг барча спорт турларига кириб келиши кузатилди. Бу ҳолат жаҳон спорти ва спорт тиббиёти ташкилот-ларининг спортда допинг қабул қилганлар билан курашни ташкил этишга даъват этди.

1962 йилда ХОКнинг сессияда допинг қабул қилишни тақиқлаш хақида тавсиянома қабул қилинган.

1967 йилда Халқаро Олимпиада Қўмитасида антидопинг назорати комиссияси тузилди. Биринчи бор допинг-назорат 1968 йилдаги Олимпиада ўйинларида саралаш ёрдамида ўтказилди. 1972 йилдан бошлаб антидопинг назорат барча Олимпиада ўйинларида мажбурий ҳисобланади. Кейинчалик ҳамма жаҳон чепионатларда, кўпчилик спорт турларида ҳам ўтказилиши, ХОКнинг уставида ва халқаро спорт федерациясида аниқ ёритилган.

“Допинг” сўзи аслида ингилизча “dops” дан олинаган бўлиб, наркотик бериш деганидир. Халқаро Олимпия Қўмитасининг 1984 йилда қабул қилинган расмий ажримига биноан “Организмга ёд моддаларни одатдан ташқари миқдорда ва одатдагидан бошқа йўл билан сунъий ва нохақ равишда мусобақа мувофақиятларини ошириш мақсадида соғлом организмга юборилган модда допинг ҳисобланади”.

Спорт натижаларни ошириш мақсадида қилинадиган ҳар хил психологик таъсирлар ҳам допинг турига киради. Шундай қилиб, спортчилар организмига ҳар хил усуллар билан бевосита мусобақалар олдидан ва мусобақалар давомида сунъий равишда иш қобилятини ва спорт натижаларини ошириш учун ҳар хил моддаларни юбориш-допинг қабул қилиш ҳисобланади. Бу ҳолда спортчи мусобақаларда қатнашиши қатъян ман этилади.

1984 йилда Халқаро Олимпиада Қўмитасининг тиббий комисияси қуйидаги бешта гуруҳ тиббий моддаларни допингларга киритади.

1. Психомотор стимуляторлар: амфетамин ва унинг ҳосилалари.

2. Симпатомиметик аминлар: эфедрин, корамин, адреналин ва бошқалар.

3. Марказий нерв системасини турли стимуляторлари: лептадол, никетамид ва бошқалар.

4. Наркотик оғриқ қолдирувчилар: морфин, кокаин, героин ва бошқалар.

5. Анаболик стероидлар: ретаболил, нерабол ва бошқалар.

Психомотор стимуляторларга ҳатто аччиқ дамлаб ичилган 5-7 пиёла чой ёки 1-2 чашка қора кофе ҳам киради. Чунки улар таркибида кофеин керагидан ортиқ миқдорда бўлади.

Иккинчи группадаги симпотомиметик аминлар таркибида эфедрин бўлган дорилар киради. Масалан, тумов бўлганда бурунга томизадиган дорилар таркибида бу модда бор.

Анаболик стероидлар – дунёда кенг тарқалган бўлиб, асосан инъекция орқали қабул қилинади. Уларнинг таъсири сурункали бўлиб, организмда сув ва баъзи моддаларни ушлаб қолади. Бу билан оқсил алмашинуви тезлашиб, скелет мушаклар массаси ортади.

Замонавий тиббий адабиётларда бу моддаларнинг сурункали қабул қилиниши организмга хатарли таъсир этишини, яъни шикастланишнинг ортиши, бўғин касалликларининг ривож-ланиши, жигарнинг хасталаниши қайд этилган.

Антидопинг назорат мусобақа ўтказаётган давлат томонидан Халқаро Олимпиада Қўмитасининг ёки ўтказилаётган спорт тури федерациясининг тиббий комиссияси назорати остида олиб борилади. Назоратнинг ўтказилиши ХОК ва халқаро федерация-ларнинг махсус қонун қоидаларига асосланган. Мусобақа ғолиблари курра ташлаш йўли билан танланган спортчиларда антидопинг назорат ўтказилади.

Допинг қабул қилинганликни текшириш усуллари:


  1. Қон ва сийдикни текшириш.

  2. Биологик суюқликларни фармокологик, химиявий ва механик усуллар билан допингни аниқлаш.

Бундай муолажалар суюқликларнинг ниқобловчи восита-ларга реакцияси, сийдик намуналарига ароматик бирикмаларга қўшиб куйиши, сумакдаги допинглар модда алмашинувидан пайдо бўлган метаболитларни топиш ва ҳ.к.

Халқаро Олимпиада Қўмитасининг қарори билан асосан сийдик таҳлили ўтказилади. Бу биринчидан, тез бажариладиган, иккинчидан қулай, учинчидан арзон текшириш усулидир. Гарчи, допинг қабул қилган спортчининг барча биологик суюқликларида допинг ёки унинг метаболитини топиш мумкин.

Мусобақадан кейин дарҳол назорат остига олинган спортчига хабарнома юборилиб, допинг-пунктига таклиф этилади. Бу ерда антидопинг назорати комиссияси ишлайди.

“Допинг назорат” – бу ман этилган дори-дармонларнинг спортчилар томонидан қабул қилишни олдини олишга қаратилган тадбирларнинг комплексидир. Андидопинг назорат комиссияси жюри аъзоларидан икки киши, спорт тури федерациясидан икки киши ХОКнинг тиббий комиссиясидан икки кишидан тузилади.

Допинг назорат учун спортчи допинг пунктга келиб, гувоҳлар ёнида сийдик анализини топширади. Топширилган сийдик икки қисмга бўлиниб, иккита пробиркага солинади. Пробиркалар оғзи маҳкам ёпилиб, усти кодланади.

Ёзилган баённомада спортчи, команда иштирокчиси, допинг-пункт ишчиси ва тиббий комиссия иштирокчиси имзо қўйишади. Код номери қўйилган асосий пробирка химико-токсикологик лабораторияга эҳтиёткорлик билан юборилади. Иккинчи пробирка кейинги назорат учун сақланиб, биринчисида допинг борлигини аниқлаш учун текширилади.

Замонавий усуллар ёрдамида (юпқақават ва газли хрома-тография, спектрофотометрия, микрокристаллоскопия,) химико-токсикологик текширишлар ўтказилиб допинг бор йўқлиги аниқланади.

Кодланган анализлар хулосаси тиббий комиссиясига топши-рилади. Код номери расшифровка қилинади, унда спортчининг фамилия, исми, туғилган йили, кун, ойи, спорт тури, мусобақа куни ва соати қайд этилган.

Текшириш натижаларида допинг ёки унинг метаболити топилган бўлса, бу спортчига жазо берилади: тақиқланган моддаларни биринчи марта аниқланганда спортчига 2 йилга, иккинчи марта бўлса, бир умрга дисквалификация берилади. Наркотик дори моддалар топилганда жиноий жазога тортилади.

Антидопинг назоратига қатьий равишда биринчи, иккинчи, учинчи ўринни эгаллаганлар, ҳамда бир ёки бир нечта совринни қўлга киритганлар, қуръа ташлаш бўйича танлаб олинадилар.


Психостимуляторлар
Психостимулятор одамнинг руҳи ва жасадига таъсир этиб гангитиб, унга куч қувват бағишловчи моддалар ҳисобланади. Уларнинг умумий ўзига хос организмга кўрсатадиган таъсирида икки хил нарса тафовут этилади:

1. Организмда ва бош мияда моддалар алмашинувини кескин кучайтирувчи моддалар.

2. Юрак қисқариш ритмини кескин кўпайтириб артериал қон босимини оширувчилар.

Бунда инсон ҳаёт фаолиятини ошириш учун ишлатиладиган энергия заҳирасини камайтиради. Психостимулятор эса ўша сарфлаган энергия заҳирасини қайта тикламайди. Барча психо-стимуляторларга хос бўлган нарса (асосан томирга юборганда) уларни сурункасига кетма-кет қабул қилишликни талаб этади. Бу жиҳатдан алкоголикнинг ичимликларга ўрганиб қолишликларга ўхшаб кетади.

Психостимуляторларни узоқроқ, суиъстемол қилувчиларда, моддалар алмашинуви юқори бўлган ҳолда, организмдаги заҳираларда етишмовчилик кузатилади. Одамнинг ташқи кўри-нишида озғинлик, қарилик, терисида ўзгаришлар кузатилади.

Сурункасига мунтазам психостимуляторларни қабул қилув-чиларда аввало юрак томирларида етишмовчилик, аритмиялар бўлиб, кўпинча ҳаёти ўлим билан тугайди. Юрак мушакларида дистрофия, инфаркт миокарди айниқса ёшларда энг асосий асоратлардан ҳисобланади. Бундай одамлар ичида яшашни ўзларига эп кўрмайдилар. Руҳият ўзгаради, оғир депрессия – тушкунликка тушиш, психоз, колит кузатилади ва ўзини ўзи ўлдириш талвасасига дучор бўлиб, кўпинча ўзини осиб қўяди.

Психостимулятор воситаларга тиббиёт амалиётида қўлла-нувчи баъзибир препаратлар киради: эфедрин, кокаин, экстазлар, галлюциногенлар ҳамда айрим тинчлантирувчи, ухлатувчи, таркибида калий пеманганат тугувчи моддалар ҳам киради. Эслатиб ўтиш лозимки, марганец тузлари нерв тизимига таъсир этиб, сурункали ва узоқ, қабул қилинагнда, оёқларнинг пастки қисми фалажланади, латтага ўхшаб осилиб келади. Бундан илгари эса пастлик кузатилади ва уларни даволаш мумкин бўлмай қолади.

ЭКСТАЗЛАР – кейинги вақтларда қўллана бошлади. Кўпроқ экстаз қабул қилинганда тана ҳаракати ва ҳарорати ошади ва иссиқликка чалиниб, ўлим содир бўлиши мумкин. Ҳаракатнинг кучайиши артериал босимнинг ошишига олиб келади ва “гипертоник криз” кузатилади. Бундан ташқари галлюцинация кузатилади. Шизофренияга айланади, психоз, галлюцинация, қўрқув, вахима ва агрессивлик белгилари билан кечади.

КОКАИН – “эритроксилон кока” ўсимлигидан олинадиган алкалоид. Героинга ўхшаш уни қабул қилинганда жуда тез унга ўрганиб қолади. У юракда аритмия чиқаради ва тўсатдан ўлиб қолишликка сабаб бўлади. Кокаин қонга захарли таъсир этиб, бош мия пўстлоғини қўзғатади ва тасири пастга қараб ёйилади. Эйфория, бетоқатлик, психомотор қўзғалиш, галлюцинация, чарчашлик, томирлар, нафас ва қусиш марказини қўзғатади. Узунчоқ мияга таъсир этиб нафасни тўхтатади ва ўлим содир бўлади.

Морфиннинг фармакологик, яъни организмга таъсир этиш хусусиятлари жуда кўп қиррали ва мураккаб. Унинг таъсирини икки гуруҳга бўлиш мумкин, яъни морфиннинг марказий ва периферик таъсири.



Марказий таъсири. Морфиннинг марказий таъсирида икки хилфармакологик таъсири намоён бўлади, яъни у бир нечта марказлар фаолиятини сусайтирса, бошқаларини қўзғатади.

  1. Оғриғсизлантирувчи таъсири. Морфиннинг бундай таъсири унинг асосий фармакалогик хоссаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тиббиёт амалиётида айнан шу мақсадда қўлланилади. Унинг ушбу хусусияти учун киши қаттиқ оғриқлардан азоб тортаётганида малҳамдек бўлади. (Масалан, рак касаллигида, лат еганда – суяклар синиши ва бошқалар). Бошқа морфин гуруҳига кирмаган наркоз чақириш хусусиятига эга бўлмаган (нонаркотик) препаратлар эса енгилроқ оғриқларда қўл келади. (Масалан тиш оғриғи, бош оғриғи, мушакларнинг оғриши ва бошқаларда аналъгин, пирамидон, аспирин, бутадион кабилар қўлланилади).

  2. Эйфория чақириш. Бунда киши кайф қилади, димоғи чоғлик ҳолати юз беради. Рухий осойишталик сезади. Кўнглида яхши хис туйғулар, тетиклик хукумрон бўлади. Эмоционал (хис-туйғу) ҳолати яхшиланиб, барча бошқа салбий таъсуротлардан ҳоли бўлади. Атроф теваракдаги ҳодисаларга ижобий баҳо беради.

  3. Қарам бўлиб қолишлик. Морфинни бир неча бор (5-10 ва ундан ортиқ) қабул қилишлик натижасида организм унга ўрганиб қолади. Натижада жисмоний ва руҳий қарам бўлиб қолишлик ҳолати юз беради. Бу наркомания дейилади. Кодеин қабул қилинганда бундай ҳолат бирмунча суст ва кечроқ ҳолати жуда тез ҳамда кучлироқ юз беради ва уни 1-2 қабул қилишдаёқ унга ўрганиб қолади. Шунинг учун ҳам контрабандистлар кўпинча герионбилан шуғулланадилар.

  4. Тинчлантирувчи таъсири. Морфиннинг тинчлантирувчи таъсири унинг бош мия пўстлоғи нейронларига, тўрсимон тузилманинг юқорига кўтарилувчи фаоллаштирувчи қисмига, лимбик тизим ва гипоталамусга ўзини хотиржам хис қилади, ҳаракатлари сусаяди, эйфория ҳолатига ўхшаш хис қилади, тинчланади.

  5. Ухлатувчи таъсири. Морфин даволовчи миқдорда-дозада мудратувчи таъсир этади ва баъзан ухлатиб қўяди. Уйқу жуда енгил ҳамда юзаки бўлиб сезиш, айниқса эшитиш хушёрлик ҳолатида бўлади ва у кайф билан бирга кечади. Бундай ҳолатда бирор кимса қўлида патнис бўлиб, чалса ёки ташлаб юборса, мудраб турган киши қаттиқ реакция бериб, кайфи қочиб, сўка бошлайди ва қувлаб ҳам кетади. Бундай юзки ҳолат ёки уйқу ҳамда хушёрлик бош миядаги нейронлараро импулъслар ўтиши-нинг сусайиши, марказий асаб тизими тормозланиш фаолиятининг кучайиши, айрим сезув марказларининг қўзғалиши сабабли бўлади.

  6. Нафас марказига таъсири. Морфин терапевтик дозада узунчоқ мияга таъсир этиб, нафас маркази қўзғалувчанлигини сусайтиради, нафас сийрак ва чуқурроқ тус олади. Юқорироқ дозада эса нафас юзакилашади, дақиқалик нафас ҳажми камаяди. Заҳарли дозада нафас издан чиқа бошлайди, мароми бузилади, вақти-вақти билан оз вақт ичида жуда сусайиб, сўнгра тезда қисқа муддатда кучаяди ва бу ҳол қайтарилиб туради. Бундай нафасни “Чейн-Стокс” деб аталади ва охири нафас тўхталиши туфайли ўлим содир бўлади.

  7. Йўтал марказига таъсири. Морфиннинг ушбу марказга сусайтирувчи таъсир этади ҳамда йўтал рефлексларини камайтириб, йўтални қолдиради. Шунинг учун ҳам йўталга қарши қўлланилади.

  8. Тана ҳароратини туширувчи таъсири. У гипоталамусдаги ҳароратни бошқарувчи марказига, ҳароратини ишлаб чиқарувчи кимёвий қисмига, сусайтирувчи таъсир этади. Физикавий-ҳароратни тарқатувчи қисмига эса қўзғатувчи таъсир этиб, тана ҳароратини пасайтиради.

  9. Гипоталамусдаги вазопрессин гормони чиқишини кучайтириб, пешоб ажралиши-диурезни камайтиради.

  10. Қусиш марказига таъсири. У қусиш маркази фаолиятини сусайтириб, қусишга қарши таъсир этади ва аксинча узунчоқ мияниг тўртинчи қоринча остида жойлашган “Триггер зона” даги хеморецепторларни қўзғатиб, кўнгил айниш, қайт қилишни келтириб чиқаради.

  11. Адашган нерв марказини қўзғатиб брадикардия – юрак уриш маромининг камайишини келтириб чиқаради. Бронхларни қисман торайтириб, сўлак ажралишини оширади.

12. Морфиннинг периферик меъда – ичак аъзолари силлиқ мускулларига тўғридан-тўғри таъсир этиб, уларнинг таранглигини оширади ва қисқартиради. Айниқса меда-ичак йўлларининг сфинктерлари мускуллари қисқаради – спазм юз беради. Ичак перисталтик ҳаракатни эса сусайтиради, овқат моддасининг ичакларидаги ҳаракати сусаяди, қабзият келиб чиқади.

Опий таркибидаги, кимёвий тузилишига кўра изохинолин унумларидан бўлган алкалоид-папаверин бор. У фармакологик таъсири бўйича морфиндан бутунлай фарқ қилади. Унинг марказий таъсир кўрсатмай, фақат периферик таъсир этади. У кўпчилик силлиқ мускулларига, айниқса томирлар деворидаги мускулларни бўшаштириб, уларни кенгайтириб, сфинктерлар спазмини йўқотади, натижада оғриқ қолади. Шунинг учун у спазмолитик препарат ҳисобланади. Қаттиқ оғриқ, санчиқларни (қориндаги, буйраклардаги) бартараф этади.


Наркотикларнинг келтириб чиқарадиган

салбий таъсирлари
Опий (қорадори), наркотиклар ва наркотик моддалар келтириб чиқарадиган салбий таъсирлар ва уларнинг инсониятга келтириб чиқарган зиёнлари ниҳоятда катта. Ўлим ва ногирон-ликларнинг келиб чиқишида энг катта сабабчи бўлаётган нарса ҳисобланади. Дунё бўйича аҳвол ҳалокатли ва кўп фожиаларга олиб келаётган учун нафақат тиббиёт ходимлари, барча-барчанинг ҳаракати наркоманиянинг олдини олиш (профилактикаси), даволаш ва улар келтириб чиқараётган оғир асоратларга барҳам беришга қаратилган бўлиши керак.

Маълумки, опий наркотиклари вена қон томирларига юбориш йўли билан қабул қилинса, биринчи галда ОИТС, сифилис (заҳм), гепатит(сариқ касаллиги) ва бошқалар келтириб чиқаради ва организмнинг ҳимоя қувватини –иммунитетни пасайтиради.

ЖИГАР хасталиги наркоманларда кўплаб учрайди. Сабаби наркотик маҳсулотларини кўкнориларни тайёрлашда турли хил кимёвий эритувчилардан – ацетон, бутилкалардаги эритувчилар-дан, толуол, бензол, сирка ангидриди кабилардан фойдаланилади. Улар организм учун ўта заҳарли моддалар ҳисобланади. Шунинг учун бир томондан жигарни ишдан чиқарса, иккинчи томондан жигар ҳасталигини кучайтириб юборади. Чунки ундаги заҳарли моддалар 1-5% гача сақланади. Демак, бундай наркотик моддалар гепатит – сариқ касаллигини келтириб чиқаради, юқумли гепатит С, гепатит А ва зардоб гепатити – гепатит В ларнинг кечишини кучайтириб юборади, жигарнинг иммунитет учун зарур бўлган оқсил синтез қилиш фаолиятини бузади, жигарнинг қонни ивишида қатнашиш функциясини бузади. Булардан ташқари, агарда наркотик моддага наркоман “билимдонлик қилиб” димедрол қўшса, аҳволи янада ёмонлашади, чунки димедрол иммунитетни баттар пасайтириб юборади. Натижада сепсис, тромбофлебит, флегмона, ўпка шамоллаши ва бошқа кўпгина касалликларни енгишга организмнинг қуввати етмайди. Бунда инсон иммунитетнинг пасайиш даражасини ОИТС касаллигида бўладиган ҳолатга яқинлашиб қолади. Юқорида қайд этилган эритувчилар жигардан ташқари юракка, ўпкага ва бош мияга ҳам салбий таъсир қилади. Булардан ташқари наркотик моддаларнинг ўзи ҳам токсик гепатитни келтириб чиқаради. Наркотик моддаларни эритишда қўлланиладиган кир ювиш порошоги ҳам гепатитни келтириб чиқаради.

БОШ МИЯГА наркотик моддаларнинг таъсири натижада ҳам бир қанча нохуш оқибатлар келиб чиқади. Масалан, наркотик моддалар энцефалопатия келтириб чиқаради, турли ножўя ҳаракатлар, урушиш ва бошқалар натижасида бош миянинг чайқалиши, нерв хужайраларининг ўлиши-ю, дозаси ошиб кетса узунчоқ миядаги нафас ва юрак томирлар марказини ишдан чиқариб, ўлимга олиб келиши мумкин.

ҚОНДА – сепсис микроорганизмлар ва бошқа моддаларнинг қонга ўтиши, титратиши мумкин. Бунда тана ҳарорати ҳам ошиб, нерв ҳужайраларини ўлдириш мумкин.

Наркотик моддалар кальций элементининг етишмаслигига олиб келиб, суякларда ва тишларда касалликлар келтириб чиқаради. Наркоманларда 2-3 йил ичида ўзига хос бўлган тишларнинг емирилиши ҳам кузатилади. Хулоса қилиб айтганда, опий перепаратларини қабул қилиш натижасида гепатит, сифилис (захм), ОИТС касалликлари келиб чиқади, жигар, юрак, ўпка, бош мия ва бошқа аъзолар касалланади. Иммунитет кескин пасаяди, йирингли инфекция касаллигининг келиб чиқиши ва ундан ёмон асоратлар келиб чиқиш хавфи ошади. Шунинг учун ҳам наркоманларнинг ўртача яшаш даври 7-10 йилни ташкил қилади.

Наркоманнинг бундай бедаво ҳолатларга тушишга асосий сабаб, наркотик моддаларнинг организмдаги таъсир механизмидан келиб чиқади. Яъни организмда, унинг аъзолардаги тўқима ва ҳужайраларида биокимёвий, биоэлектирик, биомембранавий, ҳужайра ва тўқималарда, ферментлар алмашинуви ва бошқа жараёнларининг мавжудлигидир. Чуқур моддалар алмашинуви жараёнлари бўлиб, улардаги реакцияларда турли хил ўзгаришлар кузатилади. Шунингдек, организмдаги энг муҳим моддалардан – сератонин, адреналин, ацетилхолин, дофамин ва бошқа медиа-торларда ҳамда ДНК, цАМФ, цГМФларнинг ҳосил бўлишида, шунингдек, ҳужайра мембранасидан кальций, калий, натрия ва бошқа ионларнинг ҳужайра ичига ўтиши ёки ундан чиқишида бузилишлар кузатилади. Булар кўпинча опийли наркотиклар, уйқу дорилар, алкоголда кузатилади.

Руҳий бузилишларда, албатта организмнинг руҳий ҳолатида жуда кўп ва мураккаб ўзгаришлар кузатилади.


Жинс назорати
Аёллар спорти амалиётида турли жинсий аномалиялари бўлган шахсларнинг мусобақаларда қатнашиш ҳолатлари куза-тилган. Паспортда кўрсатилган жинсга генетик жинснинг мос келмаслик ҳоллари кўп эмас. Лекин спорт амалиётида ёлғон эркак гермафродитизми учраб туради. Бундай жинсий аномалияли шахслар астеник тана тузилишига эга, баланд бўйли, кенг кафтли, қўл ва оёқ мушаклари кескин сезиларли ва динамометрик кўрсаткичлари юқори бўлади. Улар катта чидамлилик ва кучга эга, ёғ қатлами ва жунлари эркакларникига ўхшайди. Характерида ҳам эркаклик сезилади. Юқорида қайд этилган барча ҳислатлар уларга аёлларга нисбатан устунликни белгилайди ва спорт мусобақа-ларида тенгсизликни кўрсатади. Шунинг учун 1968 йилда ХОК қайси жинсга тегишлилигини аниқлаш учун жинс назорати (секс-контрол) ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилди. 1972 ва 1976 йиллардаги Олимпиадаларда барча спортчи аёллар бу назоратдан ўтказилдилар. Замонавий жинс назорати тиббий генетика ёрда-мида амалга оширилади. Тиббий генетика ва унинг вазифалари ҳақида иккинчи маърузамизда ойдинлик киритганмиз. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, қайси жинсга тегишлилигини аниқлаш учун генетикада оддий ва қулай усул – инсоннинг соматик ҳужайраларидаги жинсий хроматинни аниқлаш кенг қўлланилади. Текшириш учун лунжнинг ички томонидан соскоб (қиринди) олинади ва предмет ойначасида препарат тайёрланади. Шу йўл билан препаратдаги жинсий хроматинга эга бўлган ҳужайралар фоизи аниқланади. Аёлларда 20-70% эпителиал ҳужайраларидаги жинсий хроматин бўлса, эркакларнинг фақат 5% ҳужайраларида жинсий хроматин учрайди. Ҳужайралардаги жинсий хроматин нафақат жинсий хромасомалар ҳолатига, балки организмнинг гормонал балансига ҳам боғлиқ. Жинсий хроматиннинг миқдори жисмоний юкламалар таъсирида камайиб, ўз ҳолатига 1-2 суткадан кейин келади.

Жинс назоратини спорт турига саралашнинг биринчи босқичларида ўтказиш керак. Назоратнинг ўзи ва унинг нати-жалари сир сақланишининг кафолатланиши мажбурийдир. Секс-контроль фақат бир марта ўтказилиб, қайси жинсга тегишлилиги ҳақида сертификат (маълумотнома) берилади. Сабабсиз жинс назоратидан ўтишга келмаганлар аёллар орасида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишлари ман қилинади.


Фойдаланилган адабиётлар

Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни. Т., 1992.

Абу Али ибн Сино выдаюшийся врач, ученый, энциклопедист. Т., Медицина, 1980.

Виру А.А., Кирче П.К., Гормоны и спортивная работоспособность. М., ФиС, 1983.

Граевская Н.Д., Долматова Т.И. Спортивная медицина. Курс лекций и практических занятий. Часть 1, 2. М., 2005.

Дембо А.Г. Врачебный контроль в спорте М., Медицина, 1988.

Дубровский В.И. Спортивная медицина. М., Владос, 2005.

Дубровский В.И. Реабилитация в спорте М., ФиС, 1991.

Жегалло О.М., Погасян Г.А., Рихсиева А.А. Вопросы истории ФК и спорта в Узбекистане. Т., 1968.

Карпман В.Л. Спортивная медицина. Учебник для институтов физической культуры. М., ФиС, 1987.

Макарова Г.А. Спортивная медицина. Учебник для медицинских институтов и институтов физической культуры. М., 2002г.

Макарова Г.А.Справочник для спортивных врачей, Краснодар, 2000.

Рихсиева А.А., Тўраходжаев Х.Х. Спорт медицинаси асослари. Жисмоний тарбия институти учун. Т., Медицина, 1985.

Рихсиева А.А. Абу Али ибн Сино о роли физических упражнений в сохранении здоровья человека. Т., Ўқитувчи, 1981.

Спортивная медицина: Учебник для институтов физической культуры. Под редакцией В.Л. Карпмана. М., ФиС, 1987.

Физическая реабилитация. Учебник для институтов физической культуры. Под редакцией С.Н. Попова. Ростов-на-Дону, 1990.

Шарқ алломаларини замонавий спорт тиббиётига қўшган ҳиссалари: “Соғлом авлод тарбияси”. Т., анжуман, 1-қисм 1993 йил, 2-қисм 1994 йил.

Чеговадзе А.В., Бутченко Л.А., Спортивная медицина. М., Медицина, 1984.




Муҳаррир У.Сатторов

Техник муҳаррир М.Султонов

Босишга рухсат этилди 02.11.10. Қоғоз бичими 60х84 1/16. Ҳажми 9,0 физ.б.т. 18-10 рақамли шартнома. Адади 100 нусха. 365-сон буюртма.

ЎзДЖТИ нашриёт-матбаа бўлими, 100052, Тошкент,

Оққўрғон кўчаси, 2.


ЎзДЖТИ босмахонаси, 100052, Тошкент, Оққўрғон кўчаси, 2.

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ИНСТИТУТИ

СПОРТ ТИББИЁТИ ФАНИДАН МАЪРУЗАЛАР ТЎПЛАМИ

ТОШКЕНТ – 2010






Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет