II. Ўзбекистон Аудиторлар Палатаси (ЎАП) – малака сертификатига эга мустақил аудиторларни ихтиёрий тарзда бирлаштирувчи, мустақил нотижорат жамоат ташкилоти. Аудиторлар Палатасининг асосий мақсади аудиторларнинг профессионаллик даражасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга ёрдам кўрсатиш, ўз аъзоларининг касбга оид манфаатларини давлат ва жамоат органларида ҳимоя қилиш, ҳамда касбга оид талаблар бўйича барча ўзгаришлар тўғрисидаги ва ахборот таъминоти бўйича алоқа ўрнатишдан иборат.
Аудиторлар Палатасининг асосий вазифаларига қуйида-гилар киради:
аудит соҳасига оид меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
ўқув дастурларини ҳамда малакавий имтихонларни топшириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
аудиторлик малака сертификатини олиш учун даъвогарлар учун малакавий имтиҳонларни ўтказиш;
аудиторларни касб аҳлоқи кодекси қоидаларига риоя қилишини назорат қилиш;
Ўзбекистон аудиторлар палатаси аъзолигига малакали аудиторларни жалб этиш учун халқаро ташкилотлар ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
Ўзбекистон Республикаси аудиторларининг бошқа давлатлар жамоат ташкилотлари томонидан тан олинишига эришиш.
3. Аудиторлик ташкилотининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги. Аудиторлик ташкилоти мустақил хўжалик юритувчи субъект сифатида «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатлари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот ҳужжатлари билан олдиндан танишиб чиқиш;
аудиторлик текшируви ўтказиш шакллари ва усулларини мустақил белгилаш;
аудиторлик текшируви ўтказилаётганда хўжалик юритувчи субъект амалга ошираётган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда олиш, шунингдек ушбу ҳужжатларда ҳисобга олинган ҳар қандай мол-мулкнинг амалда мавжудлигини ҳамда ҳар қандай мажбуриятларнинг амалдаги ҳолатини текшириш;
аудиторлик текширувини ўтказиш давомида юзага келган масалалар бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг моддий жавобгар шахсларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш ҳамда аудиторлик текшируви учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни олиш;
учинчи шахслар томонидан ёзма тасдиқланган ахборотни хўжалик юритувчи субъектдан олиш;
ишончли аудиторлик хулосасини тузиш учун зарур бўлган барча ахборот хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилмаган тақдирда аудиторлик текшируви ўтказишдан бош тортиш;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига аъзо бўлиб кириш.
Аудиторлик ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатлари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот ҳужжатлари билан олдиндан танишиб чиқади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатлари яъни устави ва таъсис шартномаси билан танишиш аудиторга бўлғуси мижозининг юридик мақоми, фаолият тури, предмети ва таъсисчилари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Бунда аудитор корхонанинг асосий устав фаолияти, уставнинг қачон ва қайси давлат органида рўйхатга олинганлиги ҳамда нотариал идора томонидан тасдиқланганлигига эътибор бериши керак. Шунингдек, таъсис шартномасига мувофиқ таъсисчилари кимлар, уларнинг юридик мақоми, устав капиталидаги иштироки (улуши), молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишади.
Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот ҳужжатлари билан танишиш аудитор учун корхонада бухгалтерия ҳисобининг қайси шакли (мемориал-ордер, журнал-ордер, жадвал-автоматлаштирилган ва б.) қўлланилиши, бухгалтерия аппаратининг ҳажми ва тузилиши, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисобот тузишнинг қай даражада меъёрий таъминланганлиги, умумий молиявий аҳвол ва бошқалар тўғрисида дастлабки тасаввурга эга бўлиш имконини беради.
Аудиторлик текшируви ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъект амалга ошираётган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда олиш, шунингдек ушбу ҳужжатларда ҳисобга олинган ҳар қандай мол-мулкнинг амалда мавжудлигини ҳамда ҳар қандай мажбуриятларнинг амалдаги ҳолатини текшириш.
Қонунда белгиланган ушбу ҳуқуқлар текширув жараёнида зарур бўлган, мижоз-корхонанинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни ҳеч қандай тўсқинликсиз тўлиқ ҳажмда олиш имконини беради. Шунингдек, аудитор ушбу ҳужжатларда акс эттирилган мол-мулкларнинг ҳақиқатда мав-жудлигини ва мажбуриятлар ҳолатини тегишли усуллар (инвентаризация қилиш, қарама-қарши текширув ва ҳ. к.) билан текшириш ҳуқуқига эга. Мижоз-корхона эса аудитор талаб қилган барча ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этиши, мол-мулклар мавжудлиги ва мажбуриятлар ҳолатини текширишга зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.
Аудиторлик текширувини ўтказиш давомида юзага келган масалалар бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг моддий жавобгар шахсларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш ҳамда аудиторлик текшируви учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни олиш.
Аудитор текширув жараёнида аниқланган хато-камчиликлар, хусусан камчиликлар ва уларнинг сабаблари ҳамда моддий жавобгар шахслардан ёзма ва оғзаки тушунтириш олади. Шунингдек, аудиторлик текширувини бошлашдан олдин ҳам моддий жавобгар шахслар (кассир, омборчи ва б.)дан белгиланган тартибда тилхат олади.
Шу билан бирга аудитор зарур ҳолларда учинчи шахслар томонидан ёзма тасдиқланган ахборотни хўжалик юритувчи субъектдан олишга ҳам ҳақли.
Ишончли аудиторлик хулосаси тузиши учун барча ахборотлар хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилмаган ҳолларда аудитор текширув ўтказишдан бош тортиши «Аудиторлик ташкилотининг аудиторлик хулосаси тузишдан воз кечиш тўғрисидаги аризаси» билан расмийлаштириши мумкин. Булардан ташқари аудиторлик ташкилоти заруратдан келиб чиқиб текширувда иштирок этишга бошқа аудиторлар ва мутахассисларни ҳам белгиланган тартибда жалб этиш ҳуқуқига эга.