4. Тугалланмаган ишлаб чиқаришни текшириш. №4-«Товар-моддий заҳиралар» номли БҲМС га мувофиқ тугалланмаган ишлаб чиқариш, иш ва хизмат кўринишидаги корхона активлари ҳам товар- моддий заҳиралар бўлиб ҳисобланади.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришларга ишлаб чиқариш жараёнининг барча технологик босқичларидан ўтмаган маҳсулотлар ҳамда комплектланмаган, синовдан ва техник қабулдан ўтмаган буюмлар киради.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришни баҳолашнинг турли усуллари мавжуд:ҳақиқий ўлчов, донабай ўлчов, ҳажмини ўлчаш, шартли қайта баҳолаш. Оммавий ёки серияли ишлаб чиқаришда ҳисобот даврининг охирига тугалланмаган ишлаб чиқаришлар қолдиқлари норматив ёки режадаги ишлаб чиқариш таннархи (тўлиқ ёки тўлиқмас) бўйича, бевосита харажат моддалари бўйича, ҳамда хом-ашё, материаллар ва ярим фабрикатлар қиймати бўйича баҳоланади.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришни баҳолашнинг ишончлилиги тўғрисида фикр шакллантириш ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулотлар таннархини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришни аудиторлик текширувидан ўтказиш жараёнида қуйидаги масалаларни ўрганиш зарур:
харажатлар ҳисобини аҳволи;
инвентаризация ўтказишнинг ўз вақтидалиги ва тўғрилиги;
инвентаризация натижаларини акс эттиришнинг ишончлилиги;
тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг технологияси ва белгиланган меъёрларига (агар улар корхонда тасдиқланган бўлса) риоя қилиниши ва уни баҳолашнинг тўғрилиги.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришларни инвентаризация қилиш «Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва реализация харажатлар таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом» ва у асосида ишлаб чиқилган тармоқ йўриқномаларида белгиланган тартибга мувофиқ уларнинг ҳажми ва ҳақиқий таннархини аниқлаш мақсадидан иборат.
Саноат корхоналари қисмида, масалан, қуйидагилар зарур:
маҳсулотлар ишлаб чиқариши бошланган (деталлар, қисмлар, агрегатлар) ва ишлаб чиқарилиши ва йиғилиши тугатилмаган, ишлаб чиқаришда бўлган ҳақиқатда борлигини аниқлаш;
ҳисобга олинмаган яроқсизини аниқлаш;
тугатилмаган ишлаб чиқаришни ҳақиқий жиҳозланиши ва қисмлар билан йиғилишини таъминланганлигини аниқлаш;
тугатилмаган ишлаб чиқариш қолдиғини бекор қилинган буюртмалар, шунингдек бажарилиши тўхтатиб қўйилган буюртмалар бўйича аниқлаш;
ишлаб чиқаришда бўлган ишлаб чиқариш бошланган (деталлар, қисмлар, агрегатлар) ва маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва йиғилиши тугатилмаганининг ҳақиқий қийматини аниқлаш.
Инвентаризацияни бошлашдан олдин цехларга керак бўлмаган барча материаллар, сотиб олинган деталлар ва ярим тайёр маҳсулотлар, шунингдек мазкур босқичда ишлов берилиши тугатилган деталлар, қисмлар ва агрегатлар омборхонага топширилиши керак.
Цехлардаги бошлаб қўйилган тугалланмаган ишлаб чиқаришлар ва ярим тайёр маҳсулотлар уларнинг миқдорини тўғри аниқлаш ва қулай саналишини таъминлайдиган тартибга келтирилган бўлиши керак.
Ишлаб чиқарилиши тугалланмаган маҳсулотларни (деталлар, қисмлар, агрегатлар) қолдиги ҳақиқатда санаш, тортиш, ўлчаш йўли билан текширилиб амалга оширилади.
Рўйхатлар ҳар бир цех (участка, бўлинма) бўйича тугалланмаган ишлаб чиқаришлар номи, уларнинг тайёрлик даражаси, сони ёки ҳажми, қурилиш-монтаж ишлари бўйича иш ҳажми кўрсатилиб; тугалланмаган корхоналар, уларнинг навбатлари, объектлар, ишга тушириладиган мажмуалар, қайсики улар бўйича ҳисоб-китоблар улар тўлиқ тугатилгандан кейин оралиқ тўловларсиз амалга оширилади; конструктив элементларнинг тугалланмаган қисмлари ва ишларнинг турлари бўйича алоҳида тузилади.
Иш жойларида қайта ишланиши бошланмаган хом ашё, материаллар ва сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар тугалланмаган ишлаб чиқариш рўйхатига киритилмайди, алоҳида инвентаризация қилинади ва алоҳида рўйхатларда қайд қилинади. Тўлиқ яроқсиз деб топилган деталлар ҳам тугалланмаган ишлаб чиқариш таркибига киритилмайди.
Бир хил бўлмаган масса ёки қоришмадан иборат бўлган тугалланмаган ишлаб чиқаришлар бўйича (саноатнинг тегишли тармоқларида) инвентаризация рўйхатларида, шунингдек, солиштириш ведомостларида иккита миқдорий кўрсаткич келтирилади: ушбу масса ёки қоришма миқдори ва унинг таркибига кирувчи хом ашё миқдори ёки материаллар (алоҳида номлари бўйича). Хом ашё ва материалларнинг миқдори тармоқ йўриқномалари билан белгиланган тартибда техник ҳисоб-китоб бўйича аниқланади.
Тугалланмаган капитал қурилиш сони ва ҳажми инвентаризация пайтида унинг ҳақ тўланган қисмини ҳамда текшириш йўли билан аниқланади. Инвентаризация далолатномаларида объектнинг номи ва ушбу объект бўйича бажарилган ишларнинг, конструктив элементларнинг, жиҳозларнинг ва ҳ. к. ҳар бир алоҳида тури бўйича кўрсатилади. Хусусан, инвентаризация комиссияси қуйидагиларни текширади.
қурилиши буткул тўхтатилган ёки вақтинча тўхтатилган қурилиш объектларининг аҳволи.
Мазкур объектлар бўйича, қисман, уларни буткул тўхтатилиш сабаблари ва асосларини аниқлаш керак.
Ҳақиқатда фойдаланишга тўлиқ ёки қисман топширилган, қабул қилиниши ва ишга туширилиши тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган, қурилиши тугалланмаган объектларга алоҳида далолатномалар тузилади. Алоҳида далолатномалар тугалланган, лекин нима учундир фойдаланишга топширилмаган объектларга ҳам тузилади. Мазкур далолатномаларда кўрсатилган объектлар фойдаланишга топширилишини расмийлаштиришнинг кечиктирилганлик сабаблари кўрсатилади.
Балансдан чиқарилиши керак бўлган қурилиши тугатилган объектларга, шунингдек қурилиши амалга оширилмаган объектлар бўйича лойиҳа-изланиш ишларига бажарилган ишлар хусусияти ва уларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар қурилишнинг тўхтатилиши сабаблари кўрсатилиб далолатномалар тузилади.
Бунинг учун тегишли техник ҳужжатлар, ишлар, босқичлар топширилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, қурилиш объектларида бажарилган ишларни ҳисобга олиш журнали ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш керак бўлади.
Бинолар, иншоотлар, машиналар, ускуналар, энергетик жиҳозлар ва бошқа объектлар қонунсиз капитал таъмирланганининг инвентаризацияси бажарилган ишларни натурада текшириш йўли билан амалга оширилади.
Тугалланмаган капитал таъмирлаш бўйича таъмирланаётган объектнинг номи, бажарилган ишларнинг номи ва бажарилиш фоизи, бажарилган ишларнинг смета бўйича ва ҳақиқий қиймати кўрсатилган далолатнома тузилади.
Қишлоқ хўжалигида тугалланмаган ишлаб чиқаришни текши-риш ўзига хос хусусиятларга эга. Амалиёт шуни кўрсатмоқда-ки, айрим ҳолларда қишлоқ хўжалик корхоналарида маҳсулотлар тан-нархини пасайтириб кўрсатиш мақсадида тугалланган ишлаб чиқа-ришларга тааллуқли харажатларнинг бир қисми таннархга олиб бо-рилмасдан, тугалланмаган ишлаб чиқариш таркибига қўшилади. Бу биринчидан, маҳсулотлар таннархини сунъий равишда пасай-тирилишига олиб келса, иккинчидан, молиявий ҳисобот кўрсат-кичларининг бузиб кўрсатилишига олиб келади. Шунинг учун ауди-тор қишлоқ хўжалигида тугалланмаган ишлаб чиқаришни текши-ришда технологик жараёнларни, норма ва нормативларни ҳамда ҳақиқий харажатларни тасдиқловчи барча бухгалтерия ҳужжат-ларини синчиклаб текшириш лозим.
Аудиторлик амалиёти шуни кўрсатмоқда-ки, тугалланмаган ишлаб чиқаришни инвентаризация қилиш кўп ҳолларда ўлда-жўлда, сифатсиз ва номунтазам ўтказилади ҳамда унинг натижа-лари бухгалтерия ҳисобида тўлиқ, айрим ҳолларда эса умуман акс эттирилмайди.
Бундай ҳолатлар маҳсулотлар таннархининг асоссиз ошиб ёки сунъий равишда пасайиб, моддий бойликлар сақланиши усти-дан назоратнинг сусайиб кетишига олиб келади.
Агар корхонанинг хўжалик фаолияти жараёнида олдин бош-ланган буюртмаларни тўхтатиб қўйиш ҳоллари мавжуд бўлса, ауди-тор қолган моддий бойликларнинг қандай ишлатилганлиги, бекор қилинган буюртмаларга доир йўқотишлар қандай аниқланганлиги ва бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилганлигини текшириши лозим. Таъкидлаш жоизки, бекор қилинган ишлаб чиқариш буюрт-малари бўйича харажатлар реализациядан ташқари сарфлар қаторига қўшилади.
Тугалланмаган ишлаб чиқаришни текшириш якунида аниқ-ланган хато-камчиликларнинг жиддийлиги (катта-кичиклиги) ва уларнинг тегишли ҳисобот кўрсаткичлари ишончлилигига таъсири ҳақида хулоса қилинади.