Такрорлаш учун саволлар:
Ишлаб чиқариш харажатлари аудитининг олдига қандай мақсад қўйилади?
Ишлаб чиқариш харажатлари аудитининг қандай меъёрий асослари ва хусусиятлари мавжуд?
Асосий ишлаб чиқариш тармоқларини аудиторлик текширувидан ўтказиш қандай амалга оширилади?
Умумишлаб чиқариш харажатлари аудити қандай амалга оширилади?
Маҳсулот таннархи тўғри аниқланганлигини текшириш қандай амалга оширилади?
Тайёр маҳсулотни баҳолашнинг аудити қандай амалга оширилади?
Сотиш харажатлари аудити қандай амалга оширилади?
18-БОБ. ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ АУДИТИ
1. Аудитнинг мақсади, вазифалари ва маълумот манбалари.
Пул маблағларини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг асосий мақсади: кассадаги миллий ва хорижий валютадаги нақд пул маблағлари, банкдаги ҳисоб-китоб счёти, валюта счётлари ва бошқа махсус счётларга доир муомалаларни аудиторлик текширувидан ўтказиб, молиявий ҳисоботнинг «Пул маблағлари» бўлими бўйича маълумотларнинг ишончлилиги ва банкдаги счётларда пул маблағларини ҳисобга олиш услубиётининг Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган меъёрий ҳужжатларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса шакллантириш, улар сақланиши ва ишлатилишининг мақсадга мувофиқлиги, самарадорлиги ҳамда қонунийлигини таъминлаш, шунингдек ҳисобга олишни такомиллаштиришдан иборат.
Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этиш зарур: инвентаризация ўтказиш йўли билан кассадаги мавжуд пул маблағлари, қимматли коғозлар миқдори ва суммаларининг ҳақиқий қолдиғини аниқлаш, касса муомалаларини ҳисобга олишда «Юридик шахслар томонидан касса муомалаларини амалга ошириш қоидалари»га (Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги рўйхатга олинган №565, 17 декабр 1998 й) қай даражада риоя қилинаётганлигини аниқлаш; банк муассасасидаги ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа махсус счётлар бўйича амалга оширилган муомалаларни текшириб чиқиш; ўтказилган текшириш асосида оралиқ далолатнома тузиш ва хулоса қилиш.
Пул маблағлари бўйича муомалаларни текширишда аудитор қуйидаги маълумот манбаларидан фойдаланади:
ҳисоб юритиш сиёсати тўғрисидаги буйруқнинг пул маблағлари ҳисобига доир бўлими;
банкдаги ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа махсус счётлар бўйича муомалаларни амалга оширишни ва ушбу муомалаларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришни тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида Низом (янги таҳрири)(Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида рўйхатга олинган №496, 8 октябр 1999 й);
бухгалтерия ҳисоботлари (бухгалтерия баланси (1-шакл) ва пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот (4-шакл);
солиқ ҳисоботи (сўмдаги ва чет эл валютасидаги счётлар тўғрисида маълумот);
банкдаги счётлар бўйича муомалаларни ҳисобга оладиган синтетик ҳисоб регистрлари;
банкдаги счётларга доир муомалаларни расмийлаштирадиган дастлабки ҳужжатлар;
банкдаги счётларга доир муомалаларни акс эттириш учун қўлланиладиган ишчи счётлар режаси;
бухгалтерия ҳисобининг корхонада қўлланиладиган шакли ва банкдаги счётлардаги маблағларни ҳисобга олишга доир регистрлар рўйхати;
банкдаги счётлардаги пул маблағларини ҳисобга олиш билан боғлиқ бўлган дастлабки ҳужжатларнинг ҳужжатлар айланиш графиги;
банкдаги счётларга доир муомалалар бўйича пул ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ҳуқуқига эга шахслар рўйхати.
Аудитор (аудиторлар гуруҳи) кассадаги пул маблағлари ва касса муомалаларини ҳужжатлар асосида текширишни бошлашдан олдин, одатда, кассадаги нақд пуллар, қимматли қоғозлар ва қатъий ҳисобот бланкларини текширувдан ўтказади. Бунда пул маблағларини ҳисобга олишга доир республикамиздаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга асосланиш зарур.
Достарыңызбен бөлісу: |