1. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон жиҳатлари


Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва



бет6/7
Дата14.05.2024
өлшемі36.68 Kb.
#501067
1   2   3   4   5   6   7
17.5. Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва
ташқи иқтисодий фаолияти
Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига қўшилишининг шарт-шароитлари ва ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш имкониятлари Республика давлат мустақиллигини қўлга киритиши билан вужудга кела бошлади. Бундай вазиятда ташқи иқтисодий мажмуани бошқаришнинг ўзига хос тизимини шакллантириш, ташқи алоқаларни йўлга қўйиш борасида қоида ва тамойилларни ишлаб чиқиш, республиканинг жаҳон иқтисодий тизимига қўшилиш йўлларини белгилаш тақозо этилади.
Республика ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий тамойиллари тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик негизида қурилса, унинг қоидалари икки томонлама ва кўп томонлама шартнома муносабатларида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш, халқаро иқтисодий иттифоқлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга асосланади.
Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат тақсимоти ва жаҳон хўжалик алоқаларида иштирок этишнинг асоси очиқ турдаги иқтисодиётни вужудга келтиришдир. Шу сабабли республикамиз мустақилликка эришгандан кейин қисқа давр ичида 80 дан ортиқ давлат билан дипломатия муносабатларини ўрнатди, дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида дипломатия элчихоналарини очди, кўпгина халқаро ташкилотлар – БМТ иқтисодий муассасалари, Жаҳон банки, Халқаро банк, Халқаро валюта фонди, Халқаро молия корпорацияси, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашувчи ташкилот каби бошқа халқаро молиявий-иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиб кирди.
Ўзбекистоннинг жаҳон хўжалигига интеграциялашуви жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тўхталиб, Президентимиз И.А.Каримов шундай деган эди: “Интеграция ҳақида гапирар эканмиз, манфаатлар бирикувининг хилма-хил механизмлари ва шакллари ҳамда интеграция турлари мавжудлигига асосланамиз. Бунга шерикчилик ва ҳамкорлик қилишга интилаётган мамлакатларнинг бошланғич шарт-шароитлари турличалиги сабабдир. Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида турли даражаларда – дунё миқёсида ва минтақа кўламида – интеграция жараёнларида қатнашса-да, аммо бир муҳим қоидага: бир давлат билан яқинлашиш ҳисобига бошқасидан узоқлашмасликка амал қилади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги интеграциялашуви серқирра жараёндир”.[1]
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳон хўжалигига интеграциялашуви кўп даражали тизим сифатида амал қилиб, уни қуйидаги бешта даражага ажратиш мумкин: глобал; трансконтинентал; минтақалараро; минтақавий; маҳаллий.
Ўзбекистоннинг глобал даражада амалга оширилувчи стратегик интеграцион вазифаси – бу мамлакатдаги барча хўжалик субъектларининг ташқи бозор билан ўзаро алоқасини таъминлаш учун тенг ҳуқуқли ва миллий манфаатларга мос келувчи шарт-шароитларни яратиш асосида унинг халқаро валюта-молия ва савдо механизмларига бевосита қўшилишидир. Ўзбекистоннинг БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ОБСЕ), Европа ҳамжамияти, НАТО, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЭКО) каби ташкилотлар фаолиятидаги фаол иштироки унинг жаҳон хўжалигига янада кенгроқ интеграциялашувини таъминлайди. 
Ўзбекистоннинг трансконтинентал даражада амалга оширилувчи интеграцион вазифаси – бу халқаро трансосиё Иқтисодий хамкорлик ташкилоти (ЭКО) доирасидаги ўзаро алоқаларни янада кучайтиришдан иборат. Бу ташкилот 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз ичига Осиё қитъасининг 10 та давлати (Туркия, Эрон, Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон)ни олади. Унинг асосий мақсади – хўжаликнинг транспорт, коммуникациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, ишчи кучи ресурсларини ривожлантириш каби соҳаларида минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Ўзбекистоннинг минтақалараро даражада янги мустақил давлатлар – МДҲ мамлакатлари билан интеграцияга киришади. Ўзбекистон биринчилар қаторида МДҲни ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади, унинг ташкилотчилари таркибига кирди, интеграцион ва кооперацион алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг Халқаро иқтисодий қўмита (МЭК), Давлатлараро банк (МГБ), МДҲ Статистика қўмитаси каби институционал тузилмаларини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистоннинг минтақавий даражадаги интеграцияси – бу умумий тарихга, ягона маданий анъаналарга, ўхшаш турмуш тарзи ва менталитетга эга бўлган қардош халқларни бирлаштирувчи Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат. Бундай интеграцион алоқанинг аниқ шакли сифатида 1992 йилнинг январь ойида ташкил этилган Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлиги (ЦАРС) ташкил этилди.
Яна бир истиқболли, кучли салоҳиятга эга бўлган минтақавий бирлашмалардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС)дир. Бу ташкилот 2001 йилнинг 15 июнида олтита – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой мамлакатлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан иқтисодий интеграциясининг кучайиши кўп жиҳатдан мазкур мамлакатларнинг миллий манфаатдорлиги билан белгиланади. Энг аввало, Ўзбекистон рақобат жиҳатидан нисбатан устунликка эга бўлган ишлаб чиқариш соҳалари товарлари – пахта хом ашёси, машинасозлик, кимё саноати, қурилиш материаллари саноати, электр энергетикаси товарларининг савдосини кенгайтириши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, телекоммуникациялар, сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш, халқаро туризм, ҳамкорликдаги экологик лойиҳаларни амалга ошириш борасида интеграция алоқаларини кучайтириш лозим. 
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига кириб бориши БМТнинг республикада амалга ошираётган иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, фан соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларида ҳам намоён бўлади. Европа Иттифоқига аъзо бўлган мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик, НАТОнинг «Тинчлик йўлидаги шериклик» дастурида мамлакатимиз иштироки унинг жаҳон хўжалиги қўшилишнинг навбатдаги йўналишидир.
Ўзбекистоннинг Халқаро валюта фонди ва жаҳон банки билан ҳамкорлиги ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишдаги навбатдаги йўналишдир. Бу йўналишда ХВФ билан тизимли қайта қурилишларни маблағ билан таъминлаш, тизимли ва макроиқтисодий сиёсат соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурлари мақулланди.
Жаҳон банк ташкилотлари – Халқаро таъмирлаш ва ривожланиш банки (ХТРБ), Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ), Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Инвестицияларни кафолатлаш халқаро агентлиги (ИКХА) билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий стратегиясини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди. Хусусан ХРРБ йўли билан Ўзбекистонга пахта етиштириш усулларини замонавийлаштириб, унинг жаҳон бозорига чиқишига кўмаклашиш ва унумдорликни ошириш учун асос яратиш мақсадида 66 млн. доллар, институционал ислоҳотларни давом эттириш учун 120 млн. доллар маблағ ажратилди. Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳам Ўзбекистонда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) алоҳида роль ўйнайди. Республикада амалга оширилаётган умумий қиймати 536 млн. долларга тенг 9 та лойиҳада ЕТТБнинг улуши 253,1 млн. долларни ташкил қилади.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилишида дунё мамлакатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳал қилувчи ўринга эга бўлиб, бу миллий иқтисодиётнинг байналмилаллашувини кучайтиради ҳамда иқтисодий тараққиётини юқори босқичга кўтаришнинг асосий ташқи омиллари ҳисобланади.


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет