3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



бет1/15
Дата15.06.2016
өлшемі1.73 Mb.
#137277
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи

1. Хетт давлати (салтанати)

Хетт давлатининг вужудга келиши, ривожи, буюк давлатга айланиши тарихи ўз ичига икки даврни олади.

1. Қадимги Хетт салтанати (милоддан аввалги XVIII - XVI асрлар) даври;

2. Янги Хетт салтанати (милоддан аввалги XIV - XIII асрлар) даврида Буюк Хетт давлати;

Милоддан аввалги II мингинчи йил бошларида Кичик Осиёда қабилалар иттифоқи асосида ҳудудий жиҳатдан у қадар йирик бўлмаган шаҳар - давлатлар вужудга келади. Улар сафига Канес, Куссар, Бурусханда, Неса, Цальпа ва Хаттуса кирарди. Бундай шаҳар - давлатлар шаклланишида Кичик Осиёда милоддан аввалги XX - XVIII асрларда пайдо бўлган савдо колониялари муҳим роль ўйнаган. Ҳалқаро савдо алоқалари ана шундай колониялар орқали амалга оширилар эди. Савдо ишларида олтин, кумуш, қўрғошин, мис каби товарлар асосий ўрин тутган. Халқаро савдо алоқалари - Кичик Осиёнинг иқтисодий ривожида муҳим омил эди. Бу ерда судхўрликнинг турли шакллари ҳам мавжуд бўлган. Шаҳар-давлатлар шоҳлар томонидан бошқарилишига қарамай, уларнинг ички ишлари озод аҳолининг умумий мажлисида ҳал қилинган. Озод аҳоли ўртасида бой савдогарлар, судхўрлар катта мавқега эга бўлган.

Савдо колониялари маҳаллий қабилаларнинг хўжалик тараққиёти учун кенг имконият яратар ва қулдорчилик муносабатларини янада ёйилишига шароит туғдирарди. Бундай ижтимоий, иқтисодий жараёнлар хетт жамиятида табақаланиш пайдо қилди.

Кичик Осиёда илк бор йирик давлат тузишга интилиш милоддан аввалги XVIII асрнинг 1 ярмида юз беради. Куссар шаҳри ҳокими Титхана қўққисдан тунда Неса шаҳрига ҳужум қилиб уни босиб олади. Титхананинг вориси шоҳ Анитта пойтахтини Несага кўчириб, бу ерда истеҳкомлар, ибодатхоналар барпо этади. Шундан кўп ўтмай Цальпа, шиддатли жанглардан сўнг Хаттуса шаҳрини босиб олади. Бундан хабар топган Бурусханда шаҳри ҳокими Аниттага ўз хоҳиши билан таслим бўлади ва тахтини топширади. Тез орада Канес шаҳри ҳам Анитта ихтиёрига ўтади. Шундай қилиб, Анитта йирик давлат ҳокими - шоҳи бўлиб қолади. Тадқиқотчилар бу давлатни Қадимги Хетт салтанати деб аташдилар (милоддан аввалги XVIII - XVI асрлар). Бу давлатда уруғ - қабила тузуми сарқитлари жуда кучли бўлган.

Хетт шоҳлари давлатга халқ лашкарларига таянган ҳолда ҳукмронлик қилар эдилар. Мамлакатда қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган барча шахслар шоҳ қошидаги мажлисда иштирок этганлар. Бу мажлисни хеттлар тилида “панкус” деб аталган. Зодагонлар, олий лавозим эгалари халқ мажлиси фаолиятига раҳбарлик қилар ҳамда уни бошқаришда фаол иштирок этардилар.

Давлат аҳамиятига молик бўлган энг муҳим масалаларни ҳал этишда зодагонлар деб аталган кенгаш “тулия” га йиғилганлар. Зодагонлар ичида шоҳ оиласи аъзолари, шоҳнинг ака-ука, ўғиллари, яқин қариндошлари жиддий ўрин тутганлар.

Қадимги анъаналарга кўра шоҳлар шоҳ оиласи аъзоларидан, кўпроқ шоҳ невараларидан, хусусан, сингилларининг ўғилларидан сайланарди. Хетт салтанатини бирлаштириш сиёсати Аниттанинг тўртинчи вориси шоҳ Лабарна ҳукмронлиги даврида (милоддан аввалги 1680 - 1650 йиллар) тугалланди.

Ўз қудратига ишонган Лабарна мавжуд анъанани бузиб, тахт вориси этиб ўғли Хаттусили I (милоддан аввалги 1650-1620 йиллар) ни тайинлайди. Хаттусили I пойтахтини Хаттусага кўчиради. У ўзидан аввалги шоҳларга хос ташқи сиёсатни давом эттиради ва Шимолий Суриянинг йирик савдо маркази - Халпа (Алеппо)ни босиб олишга уринди. Тарихий ҳужжатда айтилишича, шоҳ саломатлиги ёмонлиги сабабли зафарли юришини амалга оширолмай, ўз туғилган шаҳри – Куссарга қайтиб келади. Хаттусили томонидан тахт ворисини тайинлаш шов – шувга сабаб бўлиб, кескин курашлар келтириб чиқаради. Ўғлини тўсатдан қазо қилганидан сўнг Хаттусили қадим анъаналарга амал қилиб ўз неварасини тахтга ўтқизади. Бу ҳолдан норози бўлган шоҳ оиласи аъзолари ўртасида ғулғула кўтарилади. Аммо панкус шоҳнинг тарафини олиб, унинг қарорини маъқуллади.

Шоҳ Мурсили I даврида (милоддан аввалги 1620 - 1590 йилларга яқин) Хетт салтанатида мамлакатни марказлаштириш жараёни кучаяди. Хаттуса мамлакатнинг ягона пойтахти бўлиб қолди. Бошқа йирик шаҳарлар, ҳатто Куссар ҳам иккинчи даражали шаҳарга айланди. Мурсили I Алеппони эгаллашга муяссар бўлиб, сўнг у жануби-шарққа - Бобил томонга йўл олади ва милоддан аввалги 1595 йилда Олд Осиёнинг бош марказини осонлик билан босиб олади.

Бироқ секин - аста ташқи сиёсат ютуқлари ички зиддиятлар туфайли барбод бўла бошлади. Хетт зодагонлари шоҳ ҳокимиятининг мустаҳкамланишини истамас эдилар. Улар қадимги тизим – шоҳ кўп сонли даъвогарлар орасидан танланадиган тизимга қайтишни истардилар. Ўзаро келишмовчиликлар вақтида Мурсили синглисининг эри томонидан ўлдирилади. Ўзаро ички курашлар бир неча ўн йиллар давом этиб, бу ҳол Хетт давлатининг сиёсий мавқеига путур етказди.

Сиёсий беқарорликка шоҳ Телепин даврида (1520 - 1490 йиллар) чек қўйилди. У қабул қилган фармонга кўра тахт вориси этиб кўпроқ шоҳ фарзанди шаҳзода тайинланар эди. Шоҳнинг ўғли бўлмаган ҳолда тахтга унинг она томонидан жияни ўтириши керак эди. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, у вақтда тахтга шоҳнинг “учинчи даража ворислари” - куёвлари даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Тахт ворисига оид бу тартиб доимий бўлиб қолди. Шоҳ доимо ака - ука, ўғил, қариндошлари ва имтиёзли ҳарбий вакилларини мажлис - панкусга чақириб туриши шарт эди. Панкусда тулия ҳал қилувчи роль ўйнаган. Шоҳ тулиянинг рухсатисиз оила аъзоларидан биронтасини ҳам ўлимга ҳукм қила олмаган. У ўз оиласини қувғин қилиш, мол - мулкини мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Бундан маълумки, Хетт давлатида шоҳ ҳокимияти чекланган эди. Телепин ўлимидан сўнг унинг ўғли ҳукмдорлик қилган қисқа вақт ичида Хетт давлатида сиёсий беқарорлик даври бошланди. Бу давр Ўрта Хетт салтанати номини олиб (тахминан милоддан аввалги XV аср), ўша вақт тахтни бир неча шаҳзодалар эгалладилар. Ўша даврга келиб, Хетт давлати анча заифлашади.

Янги Хетт салтанати даврида Буюк Хетт давлати. Милоддан аввалги XIV аср бошларида Хетт салтанатининг тикланиш даври бошланади. Бу тикланиш Хетт ҳукмдорлари ичида энг кўзга кўрингани, тажрибали дипломат, қобилиятли саркарда шоҳ Суппилулиума номи билан чамбарчас боғлиқ.

Олд Осиёда қудратли Миср салтанати, Бобил ва Митанни давлатларининг заифлашуви оқибатида вужудга келган қулай халқаро вазиятдан Суппилулиума усталик билан фойдаланиб Хетт салтанатининг қудратини янада оширишга муваффақ бўлади.

Хеттлар ҳарбий қўшинида от қўшилган енгил ва тезюрар аравачалар жорий қилинди. Аравачаларда уч жангчи: ҳайдовчи, ёяндоз, қалқон кўтарган аскар жойлашиб, улар душманга қақшатқич зарба бериш имконига эга эди.

Суппилулиума пойтахти Хаттусу ва бошқа шаҳарлари атрофини қалъалар билан ўраб, мустаҳкамлади. Аввало у қўшинини Арцави шоҳлигига қарши қаратди. Суппилулиума дипломатия йўли билан ўша даврнинг қудратли давлати - Киццувадна устидан назорат ўрнатди. У ўз қизини шоҳ Хайясига эрга бериб, Суппилулиума Понтий тоғларининг жанубий этакларида мавқеини мустаҳкамлади. Бу ерлар металл, жумладан, темирга бой эди.

Бу вақтда Мисрнинг заифлашувидан фойдаланиб, Суппилулиума Ўрта ер денгизининг шарқидаги шоҳликларнинг ўзаро курашига фаол аралаша бошлади. Хеттлар Ўрта ер денгизи соҳиллари, Иорданнинг денгизга қуйилиш қисмига қадар кириб бордилар. Суппилулиума хеттларнинг энг хавфли душмани – Митанни давлатини бўйсундирди. Бунда у аввал Суриянинг Хальпу, Нухашше, Нию ва Каркемиш шаҳарларини босиб олади. Каркемиш Хетт давлатининг энг мустаҳкам ва асосий қалъасига айлантирилди. Ниҳоят Суппилулиума туфайли Митанни давлати шоҳи Тушраттининг ўғли Тушратти Мативасу тахтни эгаллади. Суппилулиуманинг фаолияти туфайли Хетт салтанати қудратли ҳарбий давлатга айланди.

Мурсили II ҳукумдорлиги даврида (милоддан аввалги 1340 йилга яқин) Хетт давлати янада кучаяди. Бу вақтда хеттларнинг асосий душмани – Арцова салтанати билан қатъий кураш борди. Улар ўртасидаги ҳал қилувчи жанг Жанубий Фригиядаги Вальма шаҳрида юз беради. Жангда Арцова қўшинлари мағлуб бўлиб, шоҳ Арцова ва унинг вориси қўшни Аххиява давлатига қочиб кетишади. Хетт қўшини Апасу шаҳрини қўлга олиб, Эгей денгизига қадар чиқдилар. Арцова давлати Хетт шоҳига тобе бўлиб қолди. Шундай қилиб, Кичик Осиёнинг йирик қисми хеттлар қўл остига ўтди. Бу – Хетт давлати ҳарбий қудратининг энг юксалган даври бўлиб тарихда қолди.

Аммо Мурсили II ҳукмронлиги якунида Олд Осиёдаги сиёсий вазият бирмунча мураккаблашди. Рамзес II даврида Миср ўз ҳарбий - сиёсий қудратини анча мустаҳкамлаб, Ўрта ер денгизининг шарқидаги вилоятларни қайтариб олиш учун урушлар олиб борди. Олд Осиёда ҳукмронлик учун ўша даврнинг икки қудратли давлати - Миср империяси билан Буюк Хетт салтанати ўртасида дахшатли жанглар бошланди.

Миср шоҳи Рамзес II билан Хетт давлати ҳукмдори Муваталла ўртасидаги ҳал қилувчи жанг Оронт дарёси соҳилида Кадеш шаҳри яқинида юз берди. Бу жангда Рамзес II мағлубиятга учради.

Рамзес II мағлубиятдан тегишли хулоса чиқариб, кучли қўшин тузади, шу билан бирга дипломатия усулларини ишга солади ва хеттларни Ўрта ер денгизининг шарқий қисмидан сиқиб чиқаради. Ана шу даврда Фаластин ва Сурияда Миср томонига ўтиш мақсадида ҳаракат бошланди. Бу вақтга келиб, Хетт салтанатида ҳам ички аҳвол анча мураккаблашди. Мутавалладан сўнг тахтни унинг укаси Хаттусили III эгаллайди, аммо у Мисрга қарши кураша олмайди. Бунинг устига Хетт подшолигининг жануби-шарқ тарафида Оссурия яна кучая бошлаган эди.

Миср билан Хетт салтанати ўртасида милоддан аввалги 1280 йилда тузилган сулҳ шартномасига биноан Суриянинг катта қисми ва Шимолий Финикия хеттлар ихтиёрига, Фаластин билан Жанубий Финикия эса Миср ихтиёрига ўтди. Икки давлат ўртасида савдо алоқалари ўрнатилди. Хетт ҳукмдорининг қизи Рамзес II никоҳига ўтди. Хаттусили III билан Ассурия ўртасида тўқнашувлар бошланди.

XIII асрнинг охирларига келиб ”денгиз халқлари” номини олган қудратли коалиция вужудга келди. Бу иттифоққа ахайваша, шердан, турша каби қабилалар кирди. Улар Олд Осиёга тўфон каби ёпирилдилар. Миср улар ҳужумини бир амаллаб қайтарган бўлса, Хетт давлати улар хуружига дош беролмади. Пойтахт – Хаттуса душман ҳужуми натижасида таслим бўлди. Милоддан аввалги 1190 йилга яқин Буюк Хетт давлати инқирозга юз тутди. Милоддан аввалги XII - VIII асрларда омон қолган кичик-кичик хетт давлатлари Оссурия томонидан босиб олинди. Хетт тиллари ва ёзувлари йўқолди, уларнинг номи бутунлай унут бўлди.

Янги хеттлар салтанати даврида иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатлар. Янги хеттлар салтанати даврида иқтисодий, хўжалик ва ижтимоий муносабатларни ўрганишдаги асосий манба - бу ўша даврда қабул қилинган қонунлар тўпламидир. Ундан маълум бўлишича, иқтисодиёт асосини чорвачилик ташкил этган. Хўжалик ишларида ишчи қорамоллар ва юк ташувчи ҳўкизларнинг аҳамияти катта эди. Отлардан асосан ҳарбий мақсадда фойдаланилган. Чўчқачилик у қадар тараққий этмаган.

Хеттларда деҳқончилик иккинчи ўринда турар ва у асосан кўпроқ об–ҳаво ёғингарчилигига боғлиқ эди. Сунъий суғоришдан деярли фойдаланишмаган. Хетт салтанатида йирик сунъий суғориш иншоотлари жуда оз бўлган. Деҳқончиликда асосан арпа етиштирилар эди, ҳамда у баъзан қиймат меъёри вазифасини ўтаган. Арпадан ташқари буғдой навлари ҳам етиштирилар, боғдорчилик, узумчилик ҳам бир қадар ривож топган эди.

Кичик Осиёда Шумер, Аккад ва Мисрдан фарқли ўлароқ хурмо дарахтидан фақат манзарали ўсимлик сифатида фойдаланилган, чунки табиий шароитда унинг меваси пишиб улгурмасди. Шоҳ мамлакат барча ерларининг эгаси ҳисобланиб, уларнинг маълум қисми ҳукмдорнинг хусусий мулки бўлган. Бундан ташқари ибодатхоналар, жамоаларга тегишли ҳудудлар ҳам бор эди. Жамоа ерларининг бир қисми амалда хусусий мулкка айланган.

Ҳунармандчилик анча ривожланиб, қонунлар ва бошқа ҳужжатларда айтилишича, Хетт давлатида темирчи, дурадгор, кончи, кулол ва тикувчилар бўлган.

Қурол-аслаҳа ясашда асосан мисдан, кейинчалик бронзадан фойдаланилган. Темир дастлаб Кичик Осиёда топилган бўлишига қарамай, бу даврда хўжалик аҳамиятига эга бўлмаган. Темирдан асосан (хайкалча) диний урфлар мақсадида фойдаланилар, тахтача, ҳарбий қуроллар тайёрланар эди.

Ҳунармандлар ичида озод ишчилардан ташқари қуллар ҳам анчагина бўлган. Устахона эгаси шогирд сотиб олар, маълум вақтдан сўнг улар устага шогирд тушардилар. Кўп ҳунармандлар шахсий эҳтиёжлари мақсадида ёки давлат хизмати учун хўжалик ишлари билан ҳам шуғулланганлар.

Янги Хетт давлатида ташқи савдо ривож топди. Унинг устидан давлат назорати ўрнатилди. Олий ҳокимият кенг миқиёсда иқтисодиётга аралашар эди. Бу ерда диний - хўжалик маҳкамалари катта рол ўйнаган. Улар одатда “тош уйлар” деб аталиб, улар ўлган шоҳлар бошидан ташкил қилинган. Маҳаллий “тош уйлар” марказий “тош уйлар”га бўйсунган. Уларнинг ихтиёрида ибодатхона хазиналари, олди-сотти билан шуғулланувчи ташкилотлари, миршаблари бўлган. Расман бу “тош уйлар” бирон - бир ибодатхонага тегишли бўлсада, амалда подшо ёки унинг хотинига тегишли эди.

“Тош уй” нафақат маъмурий - молия ишлари, балки қисман ҳарбий ишлар билан ҳам шуғулланган. Катта - кичик ер эгаларига тегишли ерлар сотилган ва сотиб олинган. Эгаси жиноий иш қилган ерлар шоҳ фойдасига мусодара қилинган.

Муқаддас шаҳарларнинг бошида шоҳ ёки малика турар, бу шаҳарлар ерлари подшо мулки ҳисобланган. Янги хетт давлатида ҳукмдорларни илоҳийлаштириш яна кучайди. Ҳукмдор мулкига қасд қилган одам қаттиқ жазо олар, “тош уй” ни бузган киши эса ўлимга ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган.

Янги хетт даврида жамиятнинг табақалашув жараёни ҳам кучаяди. Қуллар асосан ҳарбий асирлар ҳисобига кўпая бошлади. Шу билан бирга асирга тушганларнинг маълум қисми хетт қўшинларига қўшилар ва шундан сўнг уларга ер берилган. Босиб олинган ерларнинг аҳолиси эса том маънода қулга айлантирилган. Қулларнинг маълум қисмини қарздорлар ташкил этар, яъни очлик йилларида “отаси ўғлини кумушга сотган” қуллар ҳам бор эган. Қулларнинг аҳволи ниҳоятда оғир бўлиб, ўғирлик қилган қулнинг бурни ёки қўли кесилган, эркин одамлар камдан - кам ўлимга ҳукм қилинган.

Оила муносабатларида патриархал принциплар ҳукмрон бўлиб, аммо аёлни уриш, унга жароҳат етказиш, уни гаровга бериш ман этилган. Онасини хафа қилган ўғил уйдан ҳайдаб юборишлиши мумкин эди. Ота онага нисбатан кўпроқ ҳуқуқларга эга бўлган. Қул билан озод кишилар ўзаро турмуш қуриши рухсат этилган. Қулга эрга теккан озод аёл, тўрт йилдан сўнг қулга айланиб, ундан туғилган фарзанд ҳам қул ҳисобланган.

Хетт маданияти. Хетт маданиятига қадимги Миср ва Месопатамия цивилизациялари муайян таъсир кўрсатди. Хеттлар мамлакатида худолар ҳақида минглаб эсдаликлар учрайди. Масалан, момақалдироқ худоси Хаттуса шаҳрининг олий ҳимоячиси ҳисобланиб, у бир қўлида чақмоқ, иккинчи қўлида ой болта тутган ҳолда тасвирланган.

Хаттусда аёл худо момақалдироқ худосининг рафиқаси сифатида иззатланган. Ҳосилдорлик худоларига эътиқод кенг қулоч ёйган. Муқаддас жониворлар – ҳўкиз, шер ҳамда қушларга эътиқод ҳам муҳим ўрин тутган. Баъзан шоҳлар қуёш худосига ўхшатилган.

Хетт ёзма асарлари орасида ҳукмдорларнинг ўзига хос таржимаи ҳоллари ҳам сақланиб қолган. Улар сарой мирза (котиб) лари томонидан битилган. Хетт солномаларида мамлакат тарихини уч даврга бўлиб тасвирлашга ҳаракат қилинади. Архивларда милоддан аввалги XXIII аср охирида Кутий шоҳи Импакрунинг Аққадга қилган юриши ҳақидаги тарихий достон сақланган.

Хетт салтанатида саккиз маҳаллий ва чет тилларида сўзлашилган. Шунинг учун бу ерда уч тилли: шумер - бобил - хетт луғатлари мавжуд бўлган. Шунингдек, исмларга оид машҳур дарслик ёзиб қолдирилган. Бу дарслик хетт тилида ёзилиб, унда кўплаб қадимги ҳинд тилига оид атамалар учрайди. Хетт давлати аввало ҳарбий давлат бўлгани учун фортификация иши, ҳарбий истеҳкомлар қуриш ишларига алоҳида эътибор берилган. Шаҳарлар икки қаторлик деворлар билан ўралган. Шаҳар деворлари йирик тош блоклардан тузилган.

Хетт ҳайкалчалари, бўртма нақшлари хуррит ҳайкалчаларини эслатади ва баҳайбат ва вазминлиги билан ажралиб турар, ҳамда улар томошабинларга жиддий таъсир қиларди.

Қадимги Хетт маданияти ўзига хос кўринишга эга бўлиб, археологик қазилма ишлари айниқса Язили - Қоядаги бўртма расмлар орқали бой маълумотга эга бўлиш мумкин.

Бу расмларда хетт аҳлининг ўнлаб худолари тасвирланган бўлиб, бу расмлар хурритлар ва бобилликлар санъати таъсирида ижод қилгани кўриниб турибди.

Бўғоз-Қоя яқинида археологлар томонидан Хетт давлати пойтахти – Хаттуса шаҳри қолдиқлари топилган бўлиб, бу шаҳар антиқа меъморчилик намуналари билан ажралиб турган. Шаҳар баҳайбат тошлардан терилган девор билан ўралиб, улар баланд миноралар билан бирга мустаҳкам қалъа ташкил этган. Шаҳардаги қасрларнинг деворлари тош плиталар билан безатилган бўлиб, шаҳар дарвозаси олдида душманга ваҳима солиш учун икки улкан шер ҳайкали ўрнатилган.

Хетт давлатида бинокорлик ишларида катта-катта тошлардан фойдаланилиб, мудофаа иншоотлари тизими, саройларнинг қурилиш режаси, гўзал ҳайкаллар билан безатилган, пойдевор устига қурилган ўзига хос устунлар хетт меъморчилигининг Эгей ва Микен архитектурасидан андаза олганини кўрсатади.

О.Герни ўзининг “Хеттлар” китобида турк археологлари Алож - Хююкда милоддан аввалги III минг йилликка мансуб бир қанча қабр ва уларда сақланаётган ажойиб буюмларни қазиб олганлари ҳақида ёзади. Бу буюмлар орасида кумуш ва бронзадан ясалган турли ҳайвон ҳайкаллари, олтин кўза ва идишлар, олтин тақинчоқлар ва бошқалар бор эди. Жониворлар ҳайкалчалари ичида энг кўп учрайдигани - кийик ҳайкали. Чунки хеттликлар кийикни муқаддас ҳисоблардилар.

Хетт давлатида ясалган буюмларнинг бошқа ўлкаларда ва ўзга ерда ишланган буюмларнинг ушбу қадимги давлат ҳудудида топилиши, Кичик Осиёда яшаган хетт қабилалари билан Сурия ва Шимолий Месопотамиядаги хурритлар, шунингдек, Эгей денгизи ороллари ва Юнонистоннинг минтақавий қисмида яшаган эгей қабилалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар анча ривожланганлигини кўрсатади.

Хетт давлатида Шоҳлар ҳам илоҳийлаштирилиб, худога тенглаштирилган. Шоҳ ҳаёт вақтида давлатни бошқариш билан бирга бош руҳоний сифатида энг муҳим диний маросимларни амалга оширган. У ўлганидан кейин руҳига атаб мотам - маърака маросими адо этилган.

Подшо ва маликаларнинг мотам маросимлари 13 кун ва ундан ортиқ давом этган. Мотамнинг биринчи куни жасад махсус печда куйдирилган. Кейинги кунлари марҳумнинг куйдирилган ҳоки йиғиб олиниб, махсус стол устига жойланган. Унинг атрофига нон, турли пишириқ ва ичимликлар қўйилган. Хеттлар марҳумнинг руҳи таомларни истеъмол қилади деб ишонганлар.

Шоҳлар қўлида қуёш худоси ҳассасини тутган ҳолда тасвирланган. Язили - Қоядаги бўртма расмларда момақалдироқ худоси Тешубнинг шоҳни ўз ўғли каби қучоғига олиб тургани тасвирланган. Сарой таомилларига мувофиқ Хетт шоҳини “қуёшим” деб аташ лозим бўлган. Худди шу каби унвонлар Сурия ҳукмдорларининг милоддан аввалги XIV асрга оид дипломатик хатларида учрайди. Хетт давлатида худо даражасига кўтарилган шоҳга эътиқод қилиш ана шу тариқа ташкил топган.



Дин ва адабиет.Сўнгги вақтларга қадар сақланиб келган баъзи бир ибтидоий хусусиятлар хетт динида ҳам мавжуд бўлган. Матриархатнинг қадимги шаклларидан бири бўлган хетт динида ҳосилдорлик кучларини ўзида акс эттирган табиат онаси - улуғ маъбуда эътиқоди асосий ўрин тутади. Хетт санъатида бу маъбуда, одатда, узун кийим ва цилиндр шаклидаги бошкийимидан парда тушиб туради. Шу билан бирга Хетт ўлкаларида тоғлар, табиат кучлари – момақалдироқ, яшин, шу билан бир вақтда ёғин туфайли юзага келадиган ҳосилдорлик худоси Тешубга сиғинилган. Тешуб Хетт давлатининг ташкил топиш даврида шоҳ, давлат ва шоҳ ҳомийси бўлган худога айланади. Уни белига қилич таққан, чап қўлида бир тутам яшин, ўнг қўлида эса жанг болтаси ушлаган зўр жангчи қиёфасида тасвирлайдиган бўлдилар; бу чақмоқ ва яшин худосининг қудратини ифодалаган. Шу билан бирга, биз хетт динида яна бир худо, яъни ўлиб, қайта тирилувчи табиат худоси Телепин образини учратамиз. У худо, одатда, калта кийимда, ёнига ханжар таққан ва икки томонли болта тутган, соқол – мўйлови чиқмаган ёш йигит қиёфасида тасвирланган. Хетт худолари кўпроқ ёввойи ҳайвонлар устида ёки тоғ чўққиларида тасвирланган, бу эса тоғлик халқ ва овчиларга оид диннинг ўзига хос жиҳатларини ифодалайди. Олий давлат худолари билан бирга хеттлар узоқ вақт турли маҳаллий худоларга эътиқод қилиб келдилар, бу эса қадимги уруғчилик тузумининг қолдиғидир. Масалан, Хетт давлати битимларида олий худолар билан бирга “Хетт мамлакатининг 1000 та худоси” тилга олинади.

Жодугарлик Хетт динидаги ибтидоий замондан қолган сарқитлардан бири бўлиб, узоқ вақтга қадар ўз аҳамиятини сақлаб келган. Ҳақиқатда, жодугарлик хетт адабиётида ўзига хос ўрин эгаллаган эди. Хетт давлати қонунларида ёмон ниятли жодугарлик билан шуғулланиш жиноят ҳисобланиб, шундай жодугарлар қаттиқ жазоланган. Жодудан касалликларни ҳайдаш, одам аъзоларининг ишдан чиққан аъзоларини қайта тиклаш учун фойдаланилган. Унинг ёрдамида хеттликлар турли фалокат ва омадсизликларга қарши курашишган: оилаларда низоларга барҳам бериш, уйлардан ёвуз руҳларга ҳайдаш, ҳосил тақчиллигига йўл қўймаслик ва ҳ.к. Жодугарлик орқали душманга тавқи лаънат йўлланиб, дўстларга омад тиланган.

Бутун хетт маданияти сингари, хеттлар адабиёти ҳам Оссурия ва Бобилнинг кучли таъсири остида юзага келган. Хеттликлар Шимолий Сурия ва Шимолий Месопотамия орқали кириб келган Бобил миххат ёзувидан кенг фойдаланишган. Хеттликлар ўз ёзувларини ярата олмаганлар. Кўпгина Бобил диний асарлари хетт тилига таржима қилинган. Бобил - аққод тили узоқ вақт давомида Хетт давлатидаги ҳукмрон давлат тили ва адабий тил бўлиб келди. Бироқ замонлар ўтиши билан хетт адабиётида ўзига хос маҳаллий хусусиятлар ҳам пайдо бўлди. Унга оид баъзи асарларда муаллиф номи ҳам берилиб, масалан, коҳин Келлнинг худолар кураши ҳақидаги афсонаси ёки митаннилик Киккулининг йилқи боқарликка оид асари шулар жумласидандир.

Бўғоз қоя архивларида Гисгиммас ҳақидаги ривоятлар сақланиб қолган. Бу ривоятлар матнини ўрганиш шуни кўрсатадики, Гисгиммас афсоналари Шумер ва Аққодда мавжуд Гилгамеш ҳақидаги афсонанинг айнан ўзи. Гарчи қаҳрамоннинг исми хетт тилига мослаштирилганига қарамай, аммо Гилгамеш ва Гисгиммас ягона образ бўлиб қолаверган.

Хетт давлати тарихи ва маданиятини ўрганиш Кичик Осиёда яшаган хеттлар Олд Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида воситачи вазифасини ўтаганлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, хетт маданиятининг ўзига хослиги, унинг ғоялари ва негизлари ҳарбий монархия эҳтиёжларига мувофиқлиги билан ажралиб турган.




Таянч иборалар

савдо колониялари, тулия, панкус, “тош уйлар”, “учинчи даража ворислари”, “денгиз халқлари”, Бўғоз қоя, Язили қоя, миххат, хурритлар, Тешуб, Телепин, “Хетт мамлакатининг 1000 худоси”.

Саволлар

1. Қадимги Хетт салтанати билан Янги Хетт салтанати ўртасида асосий фарқ нимадан иборат эди?

2. Хетт маданияти ва унинг ривожланиш хусусиятлари қандай?

3. Хетт меъморчилигига қайси қадимий давлат меъморчилигига ўхшаб кетади?

4. Маданиятнинг қайси соҳасида Месопотамиянинг Хетт давлатига таъсири кучлироқ бўлган?


2. Қадимги Фаластин

Фаластин Ливаннинг жанубий тоғ этакларидан то Арабистон чўлининг шимолий чегараларигача бўлган ерни эгаллаган. У ғарб томондан Ўрта денгизга бориб туташган, шарқда Сурия - Месопотамия даштига чегарадош. Фаластиннинг худуди жуда кичик бўлиб, тахминан 26 минг кв. км келади. Жўғрофик жиҳатидан Фаластинни 4 қисмга: қирғоқ бўйи, Иордан ғарбидаги Ясси тоғликка бўлиш мумкин. Қирғоқ бўйининг жанубий қисми суғориладиган унумдор ерлардан иборат. Қадимда бу ерларда дехқончилик анча ривожланган. Мисрдан Сурияга борадиган катта савдо йўли ҳам шу ердан ўтган. Сарон пасттеккистлиги айниқса унумдор бўлиб, у “жаннат боғи” номини олган. Ғарбий Фаластиндаги баъзи вилоятларнинг ерлари ҳам серунум. Вади - Кельт дарёсидан суғориладиган Иерихон текислиги ана шундай вилоятлардан бири бўлган. Иқлими иссиқ, суви сероб бу ерларда ҳатто хурмо пальмаси ҳам ўсади.

Археологик қазиш ишлари Фаластинда қадимги тош давридаёқ одамлар яшаганлигини кўрсатди. Масалан, Геннисарет кўлининг шимоли-шарқий қирғоғидаги ғордан неандертал одамнинг бош суягига ўхшаш бош суяк топилган. Бу ердан яна пайшаха, қирғич, найза ва кейинги мустье ва ориняк каби жиҳозлар ҳам чиққан. Юқори палеолит даврига оид шундай қуроллар Қуддуснинг шимоли-шарқидаги Шукбах ёнидаги ғордан ҳам топилган. Марказий Фаластинни мамлакатнинг жанубий қисмидан ажратиб турадиган Аялон водийсининг ғарбий қисмидан қадимги Гезерда ўтказилган қазилмалар вақтида неолит даврига хос ноёб ёдгорликлар комплекси топилган. Гезер ёнидаги қояларда табиий ва сунъий ғорлар жуда кўп. Неолит даврининг одамлари ана шу ғорларда яшаганлар. Гезернинг энг кўҳна қатламлари ва Фаластиннинг бошқа жойларидан топилган сопол буюмлар ҳам неолит даврига хос. Археологик қазилмалар натижасида Фаластин худудида қадим замонларда катта иқтисодий, ҳарбий ва маданий ахамиятга эга бўлган шаҳарлар ҳаробалари топилди. Масалан, Фаластиннинг жанубий қисмидаги Газа билан Хеброн ўртасидаги Лахиш шаҳри харобалари ана шунга мисол бўла олади. Денгиз бўйидан мамлакат ичкарисига қараб кетган савдо йўлида жойлашган Лахиш шахри милоддан аввалги III минг йилликда равнақ топган. Шаҳар ғишт девор билан ўралган бўлиб, деворнинг бурчакларида мудофаа миноралари қурилган. Шаҳар ичкарисида милоддан аввалги XV асрга оид ибодатхонанинг қолдиқлари топилган. Лахиш харобаларида мис қурол-яроғлар, шунингдек XVIII - XIX сулолаларига мансуб ёзувларда битилган Миср қўнғизларининг тасвири топилган. Миср ва Ханаан ёзувлари айниқса диққатга сазовор. Бунда топилган сопол идишлардаги чизгилар ўзига хос аломатли ёзув пайдо бўлганини кўрсатади. Ҳарсанг тошлардан кўтарилиб, девор билан ўралган ва тўғри бурчакли миноралар билан ҳимояланган кўҳна қалъа Гезер қалаъсининг харобалари ҳам диққатга сазовор. Ўлик денгизининг шимоли-ғарбида жойлашган Иордан водийсининг ғарб тарафида қадим шаҳар харобалари топилган. Тадқиқотчилар бу шаҳарни тавротда тасвирлаган Иерихон шаҳрига ўхшатадилар. Қазишмалар натижасида бу шаҳар милоддан аввалги IV ва III минг йилликдаёқ яхши ҳимоя қилинган қалъа бўлганлиги аниқланган. Шаҳар харобаларидан топилган буюмлар орасида тошдан ясалган қуроллар, хусусан Сурия худуди учун ўзига хос мис қуролларни айтиб ўтмоқ жоиз: бу қуроллар маҳаллий ҳунармандчиликнинг мустақил тарзда тараққий этганини кўрсатади. Исроил текислигининг жануби-ғарбидаги Мегиддо шаҳридаги қазиш ишлари ҳам яхши натижа берди. Бу шаҳар ўта қадим замонларда вужудга келган бўлишига қарамай, милоддан аввалги 1 минг йилликда ҳўжалик маркази ва кучли қалъага айланиб, муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу ерда бутун бошли сопол буюмлар устахонаси топилиб, унда ёғочдан ясалган кулол чархи ишлатилганлиги маълум бўлди.

Гиксослар истилоси даврида Мегиддо маҳаллий гексос салтанати таркибига кирган: бу ерда миср қўнғизининг тасвири топилганлиги ҳам шундан гувоҳлик беради. Шоҳ Сулаймон замонига оид қалъа қолдиқлари ҳам шу ердан топилган. Фаластин худудида ўтказилган археологик қазишмалар натижасида жуда кўп шаҳар харобалари ва улардан кўплаб уй рўзғор буюмлари, ҳамда динга оид буюмлар топилган. Финикия ва Самариядаги Аҳам саройидан хўжалик ҳисоботига доир санаси кўрсатилган хужжатли 75 дона сопол парчаси топилган. Қуддусдан Яҳудия шоҳи Хизкия замонига (тахминан 715 йиллар) оид Силоам ёзуви Иордан дарёси ортидан топилган. Унда Маавит ҳукмдори Меша ва қадимги яҳудийлар худоси Яхвенинг номи тилга олиниб, маавитларнинг қўшни қабилалар билан урушлари тасвирланади. Ниҳоят яқинда Лахиш қалъаси харобаларидан Кериат - Иеарим шаҳри ҳокими билан Лахиш шаҳри ва унга қўшни қалъаларнинг ҳарбий қўмондонлари ўртасидаги ёзишмалар топилди. Бу ёзишмалар милоддан аввалги 586 йилга оид.

Энг қадимги замонларда Фаластин ҳудудида яшаган қабилалар ҳақида Таврот ривоятларида сақланиб қолган маълумотлар бир мунча мавҳум. Таврот ривоятларида бу қабилалар яшаган туманлар кўрсатилади. Унда айтилишича, қабилаларнинг бари қирилиб, йўқ қилиб ташланган. Ҳар ҳолда Фаластинда ўта қадим замонлардаёқ одамлар яшагани аниқланган. Тирдан жануброқда, Ўрта денгиз қирғоқ бўйларида Эгей қабиласи, қадимги яҳудийча Пелиелит (қадимги мисрликларда Пелест) номи шу қабила номидан келиб чиққан. Милоддан аввалги II-III минг йилликларда қисман Сурияда яшаган энг қадимги семей қабилалари Фаластинда яшаб, уларнинг номи Тавротда ҳам келтирилади. Бу қабилалар ўз мамлакатларини Ханан (Миср ёзувларида Канан) деб атаганлар. Тавротда айтилишича, ханаанейлар асосан Фаластининг энг қадим ва муҳим савдо шаҳарлари жойлашган шимолий қисмида яшаганлар. Бироқ ханаанейлар янада катта ҳудудни эгаллаганлар деган фараз мавжуд, чунки Миср ёзувлари, ҳамда Амарна архивидаги ёзилган ҳужжатларга кўра Ханаан мамлакати бутун Фаластинни, ҳатто Финикия ва Фаластинга қўшни ўлкаларни ҳам ўз ичига олган. Аморийлар ғарбий семит қабилаларининг алоҳида гуруҳини ташкил қилганлар. Улар Ўрта Сурия, Ливан ва Антиливан ўлкаларини эгаллаганлар. Ниҳоят милоддан аввалги XV-XIV асрлардан бошлаб Фаластин ва Сурияда пайдо бўлган ва номи айниқса Амарна хатларида кўп тилга олинган ҳарбий қабила ҳам (қабила милоддан аввалги III минг йилликнинг ўрталарига келиб Олд Осиёнинг баъзи ўлкаларида яшаган) ғарбдаги селий қабилалари билан бирга тилга олинади. Амарна хатларида айтилишича, ҳарбий қабилалар Фаластинга босиб кирган ва унинг шаҳарларини бирин - кетин ишғол қилган. Ҳарбий қабила номи Қадимги мисрликлар томонидан “аперу” деб аталишига асос бор: мисрликлар Янги подшолик даврида Сурияга босқинчилик мақсадида қўшин тортиб борганида, Фаластинда қўлга олинган асирлар шу ном билан аталган.

Қадимги Фаластин аҳолиси турли қабилалардан таркиб топганлиги мамлакатнинг ягона давлат бўлиб бирлашувига халал берган ва истилочиларнинг мамлакатни бўйсундиришини осонлаштирган. Фаластин ва унга туташган Финкия ўлкалари гарчи ягона ва нисбатан мустаҳкам давлат бўлиб бирлашмаганига қарамай, у милоддан аввалги минг йилликдаёқ муайян маданий-тарихий бирлик ҳосил қилган. Бу мамлакатда яшовчи ханаанийлар ўзига хос маданият барпо этиб, у Шумер, Бобил, Миср таъсири остида шаклланган. Мисрликлар милоддан аввалги минг йилликдаёқ Фаластинга бир неча марта юриш қилганлар. Пировардида XVIII сулола фиръавнлари мамлакатни буткул истило қилиб, мустаҳкамланиб олганлар. Мисрликлар XIV асрдаёқ мамлакатни Канан деб номлаб, мамлакатнинг кейинги номи, яъни Ханан унинг бузилган шаклидир. Хананда аҳоли зич яшаб, бир қанча шаҳар, қишлоқлари бўлган, Миср ёзувларида бу тўғрида маълумотлар бор. Бу шаҳарларнинг баъзиларида олиб борилган қазилма ишлари натижасида Хананда хўжалик ва маданиятининиг қай даражада тараққий этганини аниқлаш мумкин бўлди.

Милоддан аввалги XVIII асрда, яъни Мисрнинг Фаластин ва Суриядаги сиёсий таъсири сусайгач, мамлакат савдо шаҳарлари ривожланиши учун имкон туғилди. Маҳаллий ҳунармандликка хос бўлган буюмлар Тал - Байт - Мирсим ва Мегиддодан топилиб, улар ўрта бронза даврига мансуб. Ханан хунармандчилигига оид нодир буюмлар Гезер, Иерихон, Бет - Шмеш каби жойлардаги мақбалар ва хашаматли уй харобаларидан топилган. Ўша замон ижтимоий тузумининиг баъзи хусусиятларини очиб берадиган маълумотлар жуда оз. Тал - Байт - Мирсимда қатламларидан катта ғишт зал ва бир нечта хонадондан иборат уйнинг қолдиқлари топилган эди. Танах ва Мегиддо харобаларидан топилиб, “тўра уйлари” номини олган бинолар анча кейинги даврга мансуб.

Милоддан аввалги III минг йилликда Фаластин шаҳарлари Сурия ва Финикия шаҳарлари билан Ўрта ер денгизи қирғоғи, Сурия ва Миср билан боғлайдиган муҳим савдо йўллари устида бўлган. Мисрдан бошланиб, Фаластин ва Сурияни кесиб ўтган йўл савдо-сотиқ ишларида муҳим ўрин тутган. Фаластиндан ташқарига асосан қишлоқ - хўжалиги маҳсулотлари: ғалла, лива, мум, зиғир ва жун ҳамда ҳунармандчилик буюмлари чиқарилган. Хананга кўпроқ Микен идишлари келтирилиб, булар эвазига ташқарига қизил тўқима, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва дон чиқарилган. Милоддан аввалги XVIII - XVI асрларда Ханаан маданияти, ҳунармандчилиги ва саънати тушкунликка юз тутади. Бунга Миср истилочиларининг, яъни семит қабилалари зулми, Ўрта ер денгизи бўйида яшовчи қабилаларнинг босқини сабаб бўлса керак. Улар Фаластин ва унга қўшни мамлакатларда милоддан аввалги II минг йиллик ўртасида пайдо бўлган. Фаластиннинг қадимги яҳудий қабилалари томонидан истило қилинганлиги хақидаги маълумот сўнги Таврот афсонасида сақланиб қолган. Маҳаллий ҳанааний қабилалари Исроил ва яҳудий қабилаларига қаттиқ қаршилик кўрсатган.

Фаластиннинг турли жойларида ўтказилган қазилма ишлари Фаластин маданиятини ўрганишга имкон беради. Фаластинликлар Сурия ва Фаластинда милоддан аввалги XII асрда пайдо бўлган деган тахмин бор. Улар Кармил тоғидан жануброқда, қирғоқ бўйидаги унумдор ерларни босиб олганлар. Мамлакатнинг шу қабила номи билан Фаластин деб аталиши ҳам фаластин қабилаларининг катта ҳудудларни истило қилиб, унда ўрнашиб олганини кўрсатади. Фаластиннинг жанубий қисми ва Иордан дарёсидан шарқдаги тоғли ўлкаларда яшаган қадимги қабилалар сингари яҳудий қабилалари ҳам милоддан аввалги минг йилликда кўчманчи чорвадорлик билан шуғулланганлар. Синай ярим ороли чўлларида ва жанубий Фаластинда яшаган бу қабилалар билан тез-тез тўқнашиб турган мисрликлар уларни маданий жиҳатдан қолоқ ҳисоблаб, паст назар билан қараганлар ва уларни миср тилидаги “кўчманчи чодири” деган маънони англатган “иехер” деб айтганлар. Мисрликлар бу иборани ўша даврда Осиёда кўчманчи чорвадор қабилалардан олган бўлишлари керак. Қадимги яҳудийлар “уйга қайтамиз” дейиш ўрнига “чодиримизга қайтамиз” деганлар. “Жўнаймиз” жумласи ўрнига, “чодир қозиқларини суғурамиз” сўзини ишлатганлар, “уларнинг қозиқлари суғурилган” гап, вафот этган кишилар ҳақида гап бораётганини англатган. “Йўл” сўзи, “ҳаёт кечириш, тирикчилик” маъносини, “яйлов” сўзи “турар жой” маъносини англатган.

Катта уруғ қабилалари Фаластинда узоқ вақт давомида кўчманчи чорвадор ҳаётини кечирганлар, аммо ҳар бир гуруҳнинг қатъий белгиланган ўз яйловлари бўлган. Исхоқнинг Ёқубдан ажралиб чиққани Тавротда образли қилиб тасвирланган: “чунки уларнинг мол-мулки, подалари шуқадар кўп бўлганки, кўчиб юрган ерларига сиғмай қолган”.

Фаластиннинг ўз маҳаллий аҳолиси кам бўлгани ҳунармандчилик ривожига халал берган. Хом ашёнинг асосий турлари тош ва гил бўлган. Руда кам учрайди, ёғоч эса етарли бўлмаган. Шу сабабдан баъзи хом ашё турлари қўшни мамлакатлардан келтирилган. Фаластинда ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш қадим замонлардаёқ хорижий мамлакатлар таъсири остида ривож топган. Топилган буюмлар ҳам шу фикр тасдиғи бўла олади. Ҳатто X асрда ҳам Исроил - Яҳудия шоҳлари моҳир усталарни қўшни мамлакатлардан олиб келишга мажбур бўлишган.

Ишлаб чиқаришнинг айрим турлари билан алоҳида туманлар шуғулланган (Тал-Байт-Мирсимда ип йигирилган) масалан: Қуддусда айрим маҳаллалар ишлаб чиқаришнинг маълум бир соҳаси билан шуғилланган. Катта устахоналар (ёғочсозлик, ғишт пишириш, кулолгилик) давлат қўлида бўлган. Кулолчилик қадимги шарқнинг бошқа мамлакатларида нима сабабга кўра ва қандай шаклда юзага келган бўлса, қадимги Фаластинда ҳам худди шу тарзда пайдо бўлган. Дехқончилик хўжалигида ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши қўшимча меҳнатдан фойдаланиш йўли билан ишловчилар сонини кўпайишини тақазо этган. Ишчи кучи зарур бўлганда қуллар сотиб олинган. Қарз тўлашга қурби етмаганлар, урушда асир тушганлар мамлакатда қуллар сонини кўпайтирган.

Фаластинда милоддан аввалги III минг йилликдан бошлаб кўчманчи ва ўтроқ деҳқон қабилалари яшаган. Фаластинга қўшни бўлган юксак маданиятли давлатлар, чунончи Миср мамлакатида деҳқон хўжалигининг янада тараққий этишига савдо ишлари ривожланиши ва шаҳарлар ўсиши таъсир кўрсатган. Қадимги яҳудий салтанатида юзага келган хусусий ер эгалиги шу қадар илдиз отганки, ҳатто ҳукмдорлар ҳам шаҳар қуриш учун ерларни хусусий ер эгаларидан сотиб олишга мажбур бўлганлар. Кунларнинг бирида ҳукмдор Ахоз Набот исмли одамга қарашли ерни мусодара қилгани, бу ўзбошимчалик жиноят деб топилиб, Яхве худоси ғазабига сабаб бўлган экан.

Шундай қилиб, жамоа ер эгалиги билан бир қаторда хусусий ер эгалиги ҳам таркиб топди. Жуда кўплаб ер-сув шоҳ ва зодагонлар қўлига ўтди. Урушлар давомида қўшни худудларни босиб олиш, ер сотиб олиш, жамоаларга қарашли ерларни тортиб олиш натижасида ҳукмдорлар қўлида йирик худудлар тўпланди. Урушлар ҳамда айирбошлаш савдосининг ривожланиши уруғдошлик муносабатларининг емирилишига туртки бўлди. Айрим уруғ бошлиқлари ва оқсоқолларнинг бойиб кетиши ва жамоалардаги камбағалларнинг хонавайрон бўлиши мулкий ва синфий жиҳатдан кескин табақаланишга олиб келди. Уруғдошлик тузуми емирила бошлаган даврида уруғ зодагонлари қабила йўлбошчилари ва оқсоқолларини “хон” ёки “бошлиқлар” деб атаганлар. Улар қўшинларга бош бўлиб, суд ишларида ҳакамлик қилганлар. “Оқсоқол ҳассаси”, “ҳаттот қалами” улар қўлидаги ҳокимиятнинг тимсоли бўлган. Шоҳ ҳокимияти эса синфлар ва давлат ташкил топаётган бир пайтда шаклланган. Фаластиннинг энг қадим қулдорлик жамиятида вужудга келган синфий зиддиятлар қуллар билан камбағалларни эксплутациясини таъминлайдиган давлат тузишни талаб қилган.

Милоддан аввалги XI - X асрларда Мисрнинг заифлашиши айни вақтда Фаластинда айрим мустақил давлатлар ташкил топишига ёрдам берган. Бу ерда майда давлатларнинг мустахкамланишига ташқи савдо ривожи ёрдам берган. Миср, Сурия ва Месопотамияни ўзаро боғлаган йўллар Фаластин худудидан ўтган. Мисрдан чиқиб Ўрта ер денгизи қирғоқларидан Финикия шаҳарларига, Кипр ороли ва Кичик Осиёнинг жанубий ўлкаларига энг муҳим савдо – карвон йўллари ҳам Фаластин ҳудудидан ўтган.

Милоддан аввалги XI асрда Фаластиндаги давлатлардан энг каттаси ва қудратлиси, ривоятга кўра, Саул томонидан барпо этилган Исроил салтанати бўлган. Фаластиннинг истило қилиниши ва энг қадимги Исроил салтанатининг ташкил топгани ҳақида ҳикоя қилинган зафарномаларда энг қадимги Исроил шоҳининг афсонавий қаҳрамонликлари тасвирланади. Бу парчаларда халқ қаҳрамони – Саулнинг Иабеш шаҳрини озод этгани баён қилинган. Иабеш шаҳри аморийлар қабиласи томонидан қамал қилинган. У озод қилингандан кейин, Саул асосан биёмин қабиласидан катта лашкар тўплаб, яҳудийларнинг азалий душмани бўлган фаластинликларга қарши қаттиқ кураш бошлаган. Саул бутун Исроилни ўз ҳокимияти остида бирлаштиришга ва таъсирини қўшни мамлакатларга ёйишга ҳаракат қилган. У Шимолда яшайдиган исроил қабилаларини ҳимоя қилиб, Сабаннинг Арами салтанатига қарши отланиб, ханаанейларнинг бир неча шаҳарларини Исроилга қўшиб олади.

Саул тўғрисидаги афсоналарда унинг тақводорлиги алоҳида уқтирилади. Унинг “Худо Яхве” руҳи билан йўғрилганлиги айтилади ва Саул ўзини “Худо Исроил” вакили қилиб кўрсатилганлиги тасвир этилади.

Саул ва унинг уч ўғли фаластинликларга қарши урушда ҳалок бўлганлар. Саулнинг бирлашиш йўлида олиб борган ишини Довуд (X аср бошида) давом эттирди. Довуд Фаластиннинг жанубий қисмига ўрнашиб, у ерда мустақил Яҳудия салтанатини ташкил этади ва Хеброн шаҳрини унинг маркази қилиб олади. Саул вафотидан кейин Довуд Саулнинг вориси ва ўғли Ишвааъламга қарши 7 йил давомида қаттиқ кураш олиб бориб, уни мағлуб этади. Бу ғалаба Довудга Исроил шоҳлиги ва Яҳудияни ўз қўли остида бирлаштириш имконини беради. Довуд бу давлатнинг катта ҳарбий кучига таяниб, фаластинликларга қарши кураш бошлайди.

Довуд подшолиги даврида юз берган энг муҳим воқеалардан бири-қадимги Ханан шаҳри Қуддуснинг истило этилиши бўлди. Довуд Қуддусни қўлга киритиб, уни бирлашган давлатнинг пойтахти қилиб олади. Қуддус Фаластиннинг қадимги шаҳарларидан бири бўлиб, бунда ғоят мустаҳкам Сион қалъаси бор эди. Шу вақтдан бошлаб Қуддуснинг бу истеҳкоми “Довуд шаҳри” номини олди ва Қуддус мамлакатнинг бош диний маркази деб эълон қилинди. Давлатда ягона дин ўрнатиб, унинг обрўсини кучайтириш ва унинг бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида Довур қадимги яҳудийларда муқаддас рамзи бўлган “Васиятлар қутиси” ни келтиради ва қадимги Ханан санамлари, муқаддас чашмалар ва қояларига эътиқод қилишни худо Яхвега сиғиниш билан бирга қўшиб олиб боради.

Довуд ёлланма қўшинлар билан бирга мунтазам қўшин ҳам тузган. Довуд шоҳлиги даврида давлат бошқарув маҳкамаси ташкил топиб, ундаги мирзалар, хакамлар, истило қилинган ҳудудлардан солиқ ва хирож тўловчилар муҳим ўрин тутган. Солиқ тўловчи энг қадимги амалдор – бош ҳазинабон қўли остида иш юритган. Давлатдаги энг катта лавозимлардан бири “шоҳнинг ахборотчиси” номланган махсус лавозим бўлган.

Тавротда сақланган тарихий анъанага кўра Сулаймон шоҳлиги даври Исроил-Яҳудия салтанатининг гуллаб-яшнаган даври деб ҳисобланади. Исроил-Яҳудия салтанати ички томондан яна ҳам мустахкамланди. Сулаймон Фаластинда хунармандчилик ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида Финикиядан ҳунармандларни, Тирдан темирчиларни ва Бобилдан ёғочсозларни олиб келган. Сулаймон подшолиги даврида савдо ишлари ғоят тараққий этган ва қўшни давлатлар билан сулҳга эришиб, тинчлик ўрнатилган. Сулаймон Финикиянинг Тир шаҳридан қурилиш ашёлари, Киликиядан отлар келтириб, мамлакат бўйлаб соттирган. Акаб қўлтиғи қирғоғида жойлашган Эзионгабер шаҳри орқали Қизил денгизга савдо йўли очиб, Офир мамлакати билан савдо алоқаларини ўрнатган. Офирдан Фаластинга энг соз ёғоч, қимматбаҳо тошлар, олтин, кумуш, фил суяги, маймун ва товуслар келтирилган. Савдо карвонлари Фаластиндан Финикияга дон ва мой олиб борганлар.

Қуддусда ҳашаматли саройлар, худо Яхве шарафига машҳур ибодатхона солинган ва қалъа қурилган Қуддус шаҳри стратегия ва иқтисодий жиҳатдан муҳим ўрин тутган, бошқа шаҳарлар ҳам қўрғонларга айлантирилган. Мегиддо ва Газер ана шундай шаҳарлар сирасидандир. Бу шаҳарлар харобаларидан топилган буюмлар ўша даврлардаги қурилиш иши ва моддий маданиятини ўрганиш имконини беради.

Фаластиннинг шимоли-шарқида арамейларнинг Дамашқ давлати кучайиб борди. Дамашқ Сулаймон шоҳлигига қарши душманлик сиёсатига чек қўйиш ниятида Тир подшоси Хирам билан дўстона муносабатда бўлади. Миср маданиятига таяниб, Эдом билан тинчлик битими тузади. Сулаймон Мисрнинг XXI сулоласидан бўлган сўнгги шоҳларнинг бири билан иттифоқ тузган деган фаразлар ҳам бор. Сулаймонга теккан Миср маликаси сеп тариқасида Газер шаҳрини Сулаймон давлатига қўшиб беради.

Хўжалик ҳаёти ҳамда ташқи сиёсий муносабатларининг ривожланиши ички идора ишлари ва давлат бошқарув маҳкамасини жиддий қайтадан қуришни талаб этади. Бутун давлат 12 ҳудудий вилоятга бўлинади. Бу вилоятлар Исроил ва Яҳудиянигина эмас, балки бўйсундирилган ханааней қабилалари ерларини кам ўз ичига олган эди. Ҳар бир вилоятнинг тепасида солиқ тўлаш ишини бошқарадиган амалдор ўтирарди. Шу билан бир вақтда қўшин ҳам қайтадан ташкил қилиниб, унинг таркибига суворийлар ва араваларда жанг қилувчи қисмлар киритилди.

Тавротда айтилишича, Сулаймон Тирдан 120 мутаҳассис олиб келиш учун Галилеянинг 20-та шаҳар ва қишлоғини шоҳ Хирамга беришга мажбур бўлган. Қуддусда зодагонлар билан сарой аҳллари зеб - зийнат ичида ҳашаматли хаёт кечирар, лекин уларнинг бу ҳаёти кенг қашшоқ халқ омма ҳисобига қурилган эди.

Тарихий ривоятларда Сулаймон образи муболаға қилиб, бўрттириб кўрсатилади. Сулаймон ҳукмронлиги даври тарихий манбаларда Исроил-Яҳудия салтанатининг “олтин даври” деб тасвирланади. Шоҳ Сулаймон афсоналарда идеал подшо, донишманд хукмдор ва олий ҳакам деб кўрсатилади. Шоҳ Довуд сингари, Сулаймон ҳам ваъз - насиҳатлар мажмуини тузган дейилади. Шоҳ Сулаймон яна 1005 лирик асар ва 3 минг масал яратган деб ривоят қиладилар. Сулаймон ҳукмроглиги даврида дастлабки ҳалқ қўшиқлари тўплами тузилган бўлиши эҳтимол.

Бирлашган Исроил Яҳудия салтанати мустаҳкам эмас эди. Фаластиннинг шимолий қисмида жойлашган Исроил мамлакати деҳқончилиги ривож топган Финикия, Шимолий Сурия ва Дамашқ билан иқтисодий ва маданий алоқалари мустаҳкам ва бой ўлка эди. Сулаймон вафотидан кейин тахтга ўтирган вориси Равоам Исроил устидан ҳукумронлигини сақлаб қола олмайди. Херовоам Миср мадади билан ватанига қайтиб келади ва Ровоамга қарши қўзғолон кўтариб, мустақил Исроил салтанатини тиклайди ва ўзи унинг шоҳи бўлиб олади. Миср шоҳи Шешонк Херовоамга анча катта ҳарбий ёрдам беради. У милоддан аввалги 928 йилда катта қўшин бошида Фаластинга бостириб киради, яҳудийларнинг қўшинлари устидан бир неча бор ғолиб чиқиб, Қуддусни қўлга киритади ва уни вайрон қилади. Шу тариқа Исроил - Яҳудия салтанати бўлиниб кетди.

Узоқ давом этган урушлар мехнаткаш оммани оғир аҳволга солган. Ҳарбий сиёсат ва ташқи савдо ривожи зодагонларнинг бойиши, эркин деҳқонларнинг хонавайрон бўлиши ва камбағаллар асоратга тушиб, қулга айланишлари учун шароит яратиб берган. Йирик қулдорлик хўжалиги тобора тараққий этди. Бу хўжалик қуллар меҳнати ҳамда қарздорлар, моддий аҳволи оғирлашиб асоратга тушган ва кўпроқ камбағаллар – ерсиз деҳқонлар меҳнатидан фойдаланишга асосланган. Ижтимоий зиддиятларнинг кескинлашуви ижтимоий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Улар асарлар, хусусан пайғамбарларнинг машҳур китобларида ўз аксини топган. Муқаддас китоблар милоддан аввалги VII асрдан камбағаллар ҳисобидан бойиб, зеб - зийнат ичида яшаган бойлар ҳаётини фош қилади. Коҳинлар аҳолининг ўрта табақаси билан муайян алоқада бўлиб, бойларнинг камбағалларни эзишига қарши чиққанлар. Айниқса Амос, Михей, Исайя пайғамбарлар хонавайрон бўлаётган камбағаллар ҳисобига бойлик орттиришга уринган бойларни қаттиқ танқид қилганлар.

Кескин тус олган синфий кураш Исроил ва Яҳудия давлатларини заифлаштириб қўйди. Қўшни давлатлар ва халқлар билан урушлар, айниқса Оссурия шоҳларининг Фаластинга юришлари уларни бутунлай ҳолдан тойдирган. Оссурияликлар Исроил давлатига жиддий зарба берганлар. Милоддан аввалги XI асрдаёқ Салмонасар II Сурия ва Фаластинни босиб олиш мақсадида қўшин тортиб келади. Оссурия шоҳи Саргон II Исроил салтанатини тор - мор қилган. У милоддан аввалги 722 йилда Самарияни қўлга киритиб, Исроил шоҳи Осия ва у билан бирга 27290 исроилликни асир олиб кетган, сўнгра уларни Мидия ва Месопотамияга кўчирган. Исроилга бобиллик ва оромий аҳолисини олиб келиб жойлаштиради. Исроил салтанати шу тариқа нураб боради.

Исроилнинг тор-мор келтирилиши унинг рақиби – Яҳудияни кучайишига хизмат қилиши керак эди. Халқаро шароитнинг ўзгариши бунга қулай вазият яратиб берди. Оссуриянинг тушкунликка юз тутиши Яҳудияга ўз мустақиллиги учун курашиш имконини берди. Милоддан аввалги 622 йилда Қуддус ибодатхонасидан “Қонун китоби” топилган бўлиб, у ўша вақтда коҳинлар томонидан динга эътиқод қилишни марказлаштириш мақсадида тузилган эди.

Бу “Китоб”да ягона худо Яхвега сиғиниб, Қуддус ибодатхонасида унга эътиқод қилиш берилди. Синфий зиддиятларни бўшаштириш мақсадида асоратга тушиб, қул қилиб сотилган яҳудийларни 6 йил хизмат қилгандан кейин мол бериб қўйиб юбориш тўғрисида кўрсатма берилган эди. Кейинчалик айнан “Қонун китоби” баъзи қўшимча ва тузатишлар билан Тавротнинг “Иккинчи китоби” учун асос бўлган бўлса ажаб эмас. Яхудийларнинг диний қонун-қоидалари ана шу вақтда таркиб топа бошлади. Бироқ давлатни ичидан мустаҳкамлаш учун қилинган ҳаракатлар Яҳудия салтанатини ҳалокатдан сақлаб қола олмади. Милоддан аввалги 597 йилда Қуддусни Бобил шоҳи Навуходоносор II қўшинлари ишғол қилдилар ва 586 йилда бу шаҳар бутунлай вайрон қилинди. Навуходоносор ҳам ўзидан аввалги Оссурия ҳукмдорлари каби Қуддусни ишғол қилгач, бу мамлакатдан кўплаб асир олиб кетди. Барча ҳукмдорларни, қўшин, рассомлар ва бинокорларни Бобил шоҳи мажбурий тарзда кўчириб олиб кетди. Машҳур Бобил тутқунлиги ана шу тариқа бошланган.

Қадимги Фаластин маданияти Мисрликлар Ханан деб атаган бу мамлакат ҳудудида Гезер, Мегиддо, Лахиш ва Иерусалим каби шаҳар-давлатлар гуллаб яшнаган. Улар Финикия, Сурия, Миср, Месопотамия каби мамлакатлар билан кенг савдо алоқалари ўрнатганлар.

Фаластинда қадимдан меъморчилик, тўқимачилик, заргарлик, темирчилик, кулолчилик ва кемасозлик ривожланган. Милоддан аввалги XIX - XVIII асрларда Фаластин шаҳарлари гуллаб яшнаган. Фаластиннинг бойликлари қўшни давлатларни ўзига тортган. Асрлар давомида мисрликлар Бобил, Аққод, Оссурия, Хетт, Эрон, Юнон, Рим қўшинлари Фаластинга кўплаб юришлар қилиб, мамлакатни вайрон қилиб, талофатлар келтирганлар.



Дин ва адабиёт. Қадимги яҳудийлар дини азалдан Фаластин, Сурия ва Финикияда яшаб келган қадимги халқлар диний эътиқодлари таъсирида таркиб топган. Бу қадимий халқлар мисрликлар, бобилликлар томонидан яралган буюк маданият билан яқин алоқада бўлганлар. Масалан, Бет-Шан харобаларида Мисрнинг XVIII - XIX сулола фиръавнлари замонида, жумладан Сети I ва Рамзес II даврида, қурилган ибодатхоналар қолдиқлари аниқланиб, Сурия - Финикиянинг Ваал - Дагон ва Ваалат-Ашторет замонига оид ибодатхонадан мисрликлар услубида ишланиб, Миср ёзувлари битилган қабр тоши топилган. Унда Сурия - Финикия худоси Мекал номи билан аталади. Шу билан бир вақтда Бет - Шанда муқаддас илонга ҳам сиғинганлар. Қазиш вақтида топилган кўплаб буюмлар, жумладан, қадимги Бобил ёзувларида “Шан” номи билан учрайдиган муқаддас илон уялари ҳам шундан далолат беради. Бу диний эътиқод шакллари энг қадим яҳудий қабилаларининг диний қарашларига мос келади.

Қадимги яҳудийлар ҳам ўша даврнинг ўзга халқлари каби турли табиат кучлари ҳамда ҳайвонларга топингани тўғрисида маълумотлар бор. Миср ёзувларида Фаластиннинг “Тангри Эл тоғи” деб аталган жойи хатга олинган. Исроилнинг илк шоҳи Херовоам тепалик устида ибодатхона қурган. Фаластиннинг турли жойларидан муқаддас ҳисобланган тошлар топилган. Тавротда “далолат учун” тош уюми қилиш одати таъриф этилади. Таврот китобларида таърифи келтирилган олтин бузоқ ва мис илон ўша даврда ҳайвонлар илоҳийлаштирилиб, уларга сиғинишни қўрсатади. Шу вақтда уруғчилик тузумида аждодларга сиғиниш ҳам юзага келиб, бу одат энг сўнгги динларда ҳам сақланиб қолган.

Синфий жамият таркиб топиб, қулдорлик давлати пайдо бўла бориши билан қадимги табиат худолари, шунингдек, уруғ, гуруҳ ва қабилаларнинг ҳомийлари бўлмиш худолар маҳаллий ва оқибатда давлат худоларига айланган. Бир қанча бошқа худо ва маъбудалар (Анат, Бетэл, ал-Элон, Ал - Шаддай) билан бирга қадимги яҳудийларнинг бош худоси – Яхвега сиғиниш айниқса кенг расм бўлган. Яхве бора-бора жанг худоси, давлат ҳамда шоҳ ҳокимияти ҳомийси бўлиб қолди. Милоддан аввалги 722 йилда Исроил шоҳлиги қулагач, айниқса Бобил асирлигидан кейин яҳудийларнинг ягона худоси – Яхвега оид теология (худо ва унга сиғиниш) таълимоти яратилди.

Шундай қилиб қадимги яҳудийларда якка худога эътиқод қилиш улар дини тарихида кеч юзага келди. Ушбу диннинг синфий негизи шоҳ ҳокимиятини илоҳийлаштириш тенденцияси ва коҳинлик билан шоҳ ҳокимиятининг узвийлигида яққол намоён бўлади.

Қадим афсоналарда дастлабки руҳоний-шоҳ Мельхиседек ҳақидаги эслатмалар мавжуд. Мельхиседек “Салим шоҳи”, шу билан бирга худо Ал-Элоннинг коҳини бўлган. Шоҳ “Яхве нафаси теккан” шахс ва унинг “вакили” бўлиб ҳисобланган. Худога тил текказиш мумкин бўлмагани каби, шоҳни ҳам сўкиш, қарғаш тақиқланган. Шоҳга, худога тил теккизган одам динсиз ҳисобланган. Қадимги яҳудийлар шоҳ ёмғир ва қуёшга таъсир қила олади деб ишониб, об - ҳаво ва ҳосил учун уни жавобгар деб билганлар. Шоҳ “худо фарзанди” номини олишга ҳақли бўлган. “Диний қасидалар китобида” худо Яхве унга “Сен менинг ўғлимсан. Бугун ўзим сени яратдим” дейди. Шундай қилиб, коҳинлар шоҳ ҳокимиятини, бу билан бутун синфий қулдорлик тузумини мустаҳкамлашга уринганлар.

Дин адабиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлган. “Таврот” китобларида қадимги адабиётнинг турли асарлари: диний асотирлар, тарихий афсоналар, қаҳрамонлар ҳақида халқ достонлари сақланган. Таврот асарларида Ханаан ҳамда Бобил ва Миср адабиётининг таъсири сезилиб туради. “Таврот” ўз навбатида қадимги христиан адабиётига таъсир кўрсатган. Пайғамбарларнинг ваъзлари ва бадиий жиҳатдан ғоят юксак лирик шеърлар (диний қасидалар) жаҳон адабиётининг энг гўзал асарлари қаторидан жой олган.

Қадимги Фаластинда деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва савдо -сотиқ ривожланган. Хўжаликни бошқариш учун хат – саводли мирзолар, амалдорлар, ҳарбийлар, меъморлар, ҳунармандлар талаб этилган. Уларни қадимги мактаблар тарбиялаб чиқарган. Ўша даврда қадимги оромий ёзувидан фойдаланилган. Фаластинда ёзув ва амалий билимларнинг вужудга келиши хўжалик ривожига катта таъсир кўрсатди.

Таянч иборалар

Жаннат боғи, Миср ва Ханаан ёзувлари, Гезер харобалари, Иерихон, “тўрала уйлари”, ханааней, “иехер”, “кўчманчи чодири”, “оқсоқол хассаси”, “хаттот қалами”, “Васиятлар қутиси”, “Қонун китоби”, Бет - шанда, Мекал, Тангри Эл тоғи, Таврот, Херовоам, “Шан”, “Салим шохи”, теология.
Саволлар

1. Фаластиннинг қадимги тарихида исроил - яҳудий қабилаларининг ўрни

2. Қадимги Миср давлатининг Фаластин билан сиёсий ва иқтисодий алоқалари ҳақида маълумот беринг

3. Қадимги Фаластин маданияти дунё цивилизациясига қандай ҳисса қўшди?

4. Диний адабиётлар Фаластин маданиятини ўрганишда қандай ўрин тутади?



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет