3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



бет10/15
Дата15.06.2016
өлшемі1.73 Mb.
#137277
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15

Таянч иборалар:

Декан, Сатаваханлар, Кшатраплар, Гаинтапутра, Сапудрагупта, Шатахарни, Вакатаклар, Паллавлар, дравид маданияти, Рандрамара езувлари, самрат, ашвамедха, жанапад, макасена, амат, раштра, вишая, бхакти, ахара, ражуклар, грамахумалар.

Саволлар

  1. Жанубий Ҳиндистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиёти Шимолдан

нималари билан фарқланади?

  1. I – IV асрларда Ҳиндистонда қандай давлатлар мавжуд эди?


17. Гупталар империяси

Кушон давлати сиёсий жиҳатдан парчаланиб кетганидан сўнг, майдонга қудратли гупталар империяси чиқди. Бу даврга келиб кушонларнинг сўнгги вакиллари Ғарбий Панжобда кичик ҳудудгагина эгалик қилардилар. Гужорат, Рожастон ва Малвада кшатраплар ҳукм сурар, Ганг водийсида, жумладан, республика тоифасидаги давлатлар мавжуд эди. Магадхада бирин-кетин кўплаб сулолалар алмашиб, улар Шимолий Ҳиндистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида анча жиддий ўрин тутдилар.

Ҳиндистон қадимги цивилизациясининг гуллаган даврида гупталар давлати 200 йилдан ортиқ ҳукм сурди. Бу давлат Ҳиндистон иқтисодий ҳаётида ўзига хос аҳамият касб этди. Магадхада ҳунармандчилик кенг ривожланди. Қишлоқ хўжалиги аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминларди. Магадха асосий металл етказиб берувчига айланди. Бундан ташқари, у будда динининг муқаддас қадамжойи сифатида машҳур бўлди. Ҳомийлар ва Буддага эътиқод қилувчилардан тушган маблағ янги эҳромлар барпо қилиш учун сарфланди.

IV асрнинг биринчи ярмида Магадха гуллаб яшнади. У гупталар империясининг сиёсий марказига айланди. Бу империя мамлакат тарихида чуқур из қолдирди. Мазкур сулола асосчиси Чандрагупта гупталардан бўлгани учун давлат унинг номи билан аталди. Гупталар давлатининг бош даври 320 йилларга тўғри келади. Шу даврдан сулоланинг барча вакиллари номига “гупта” қўшимчаси қўшилди. Чандрагупта I Махарадхиража, яъни «шоҳлар шоҳи» номини олди. Бундан, у мустақил ҳукмдор бўлган деб хулоса қилиш мумкин. У ўзининг қисқа муддат ҳукмронлиги даврида давлат ва сулола обрўсини оширди. Маълумотларга кўра, у қўшни личчхавийлар сулоласи маликасига уйланиб, катта сиёсий ютуққа эришди. Унинг рафиқаси Кумара Дева ҳақида муайян маълумотлар мавжуд. Бу даврда зарб этилган тангаларда ҳам шоҳ ўз рафиқаси билан бирга тасвирланган. Личчхавийлар ўта қадимги қабила бўлиб, улар ҳозирда Бихар штатининг шимолий қисмини эгаллаганлар. Бу никоҳдан сўнг гупталар мавқеи янада ошиши, шарқий чегаралардаги кучлар нисбати ўзгаришига олиб келди. Манбаларда ёзилишича, Чандрагуптанинг ўғли Самудрагуптанинг онаси личчхавийлардан бўлган. Шундай қилиб, бу қариндошлик ришталари икки катта давлатни бирлаштириб, кудратли империяга айланишига олиб келди. Яна шу ёзувларда Самудрагупта икки давлат вориси сифатида кўрсатилади. У тахминан 380 йилларда вафот этган.

Тарихчилар Самудрагуптани буюк саркарда сифатида тилга оладилар. У ҳам маурийлар каби Ҳиндистонни бирлаштиришга интилган. Самудрагупта ютуқлари ҳақида Оллоҳобод устунларида ҳам қайдлар мавжуд. У ҳукмдорликни Ганг водийси давлатларини босиб олишдан бошлаган. Мавжуд маълумотларга кўра, у тўққиз шоҳни маҳв этиб, мол-мулкини ўзлаштирган. Сарой шоири ёзган қасидасида Самудрагупта Жанубий Ҳиндистоннинг 12 давлатини босиб олганлиги эслатилган. Ҳинд тарихчилари Синха ва Банержилар фикрича, чегара бошлиқлари орасида вилоят бошқарувчилари бўлиб, улар Саматата (жануби-шарқий Бенгалия), Давака (Ассам), Камарупа (Юқори Ассам), Непал, Картпишура (Шарқий Панжобдаги Жаландхар округи) дан иборат эди. Самудрагуптанинг замондошларига таъсирини, ҳатто Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон, Малва, Катхиявар ҳокимлари ҳам эътироф этганлар. Унинг шуҳрати Ҳиндистондан ташқарига ҳам ёйилиб, Шри-Ланка оролига қадар етиб борди. Цейлон шоҳи Мегхаварни (352-379) Самудрагуптага элчи юбориб, муқаддас ботхи дарахтидан унинг учун ибодатхона қуришга рухсат олган. Самудрагупта ўз талабаларини ашвамедха, яъни от қурбон қилиш маросими билан нишонлаган. Ҳукмронлиги сўнггида у Шимолий Ҳиндистоннинг деярли барча ҳудудини эгаллаб олди. У ўз ерларини кенгайтиришда муайян муаммоларга дуч келган. Шунинг учун ҳам у асосий эътиборни мамлакат ичкариси ривожига қаратган.

Эпиграфик маълумотларга кўра, Самудрагупта вафотидан сўнг тахт унинг ўғли – Чандрагупта II га ўтиб, у 413 – 415 йилларда ҳукм сурган. Қадимги ҳинд муаллифларидан Висакхаддатнинг «Девичандрагупта» (VI аср) асарида, Чандрагупта II ҳукмронлигида гупталар янада гуллаб яшнаган деб айтилади. Лекин у акаси Рамагупта билан шиддатли жанглардан сўнггина ҳокимиятни эгаллай олди. Ака-ука орасидаги бу кураш акасининг ўлими билан тугаб, Чандрагупта II акасининг хотини – Дхурувадевига уйланади. Чандрагупта II унинг кшатраплар билан жангларида қозонган ғалабалари ҳам унга муваффақият келтирди. V аср бошларида ғарбий кшатраплар ҳудудида Чандрагупта II тангалари муомалага киритилди. Бундан ташқари у ғарбга юришларида бир неча вилоятлар, жумладан соҳил бўйи ерларини босиб олди. Шу тарзда гупталар муҳим савдо-сотиқ марказларига эга бўлиб, натижада ташқи алоқалар кенгайди.

Чандрагупта II фаолиятига оид тарихий ҳужжат – Деҳлидаги машҳур темир устун ёзувлари. Унда Ванга (Шарқий Бенгалия) ва Бахлика (Шимолий Афғонистон) ни эгаллаб олган ҳукмдор – шоҳ Чандра ҳақида ҳикоя қилинади. Ёзувларда айтилишича, Чандрагупта II етти девон оша шимоли-ғарбга юришлар уюштирган.

Ўша давр тангаларидан Чандрагупта II пул ислоҳатларини амалга оширганлиги маълум. Ундан аввал ҳукмдорлар фақат олтин танга зарб этган бўлсалар, Чандрагупта II муомалага кумуш ва мис тангаларни ҳам киритди. Унинг кумуш тангаларида Шива худосининг муқаддас қуши – Гаруда тасвирланган. Бу тасвир мис тангаларда ҳам борлигини эътиборга олиб, Чандрагупта II Вишну динига эътиқод қилган деган хулоса қилиш мумкин. «Викрамадитья» («қудрат қуёши») унвонини олган Чандрагупта II ҳинд тарихидаги энг машҳур шахслардан эди. Кўплаб шоир ва олимлар ижодини унинг фаолиятига боғлайдилар. Ҳинд адабиётида кенг маълум «Шоҳ Викрамадитьянинг тўққиз қимматбаҳо буюми» афсонаси гупталар давридаги маданий юксалиш ва саройнинг маънавий муҳитидан далолат беради. Тўққиз дур ичида тўққиз аллома тасвири туширилган бўлиб, улар орасида Калидаса, Кашапанака, Шанку, Веталабхатга, Гхатакарпара, табиб Дханвантори, тилчи олимлар – Амарасимха, Варучари, фалакиёт олими Варахамихиралар бор эди. «Викрамадитья» фахрий унвони унга илм ва фан соҳасидаги ҳомийлиги учун берилган эди.

Чандрагупта II вафотидан сўнг тахтга унинг ўғли Кумарагупта ўтирди (415-455). У ҳам отаси каби империя қудратини сақлаб қолишга интилди. Сулоланинг кейинги вакили Скандагупта (455-467) ҳам мамлакатни бутунлигини сақлаб қолди. Манбаларда у сулола халоскори сифатида тилга олинади. Гупталарнинг сўнгги вакили Будхагупта 20 йилдан ортиқ (475-497) ҳукм сурди. Унинг вафотидан сўнг хун-эфталитларга қарши уруш бошланиб кетди.

Машҳур хитой сайёҳи Фа Сянь Чандрагупта II ҳукмронлиги даврида Ҳиндистонга саёҳат қилди. Унинг йўли Гоби чўли ва Хўтаннинг тоғли туманлари, Помир тоғ этаклари, Сват ва Гандхара орқали ўтди. У Ҳиндистоннинг Пешовар, Матхура ва бошқа йирик шаҳарларини зиёрат қилди. Унинг асосий мақсади буддавийлик динига оид осори атиқаларни излаб топишдан иборат эди. Сайёҳ ҳаёти ҳақидаги эсдаликларига 399-414 йиллар воқеаларини киритган. У Паталипутрада уч йил яшаб, бу вақтда санскрит тилини ўрганди. Ҳиндистоннинг маданий маркази бўлган бу шаҳар сайёҳни лол қолдирди. Шаҳар касалхонасида фақирларга дори-дармон ва озиқ-овқат бепул бериларди. Унинг ёзишича, бу ўлка зич аҳолиси бахтли турмуш кечирган. Жиноятларнинг оғир-енгиллигига қараб жиноятчига жарима солинар, қайта жиноят қилган шахснинг ўнг қўли кесиларди. Олинган ҳосилнинг бир қисми давлатга солиқ сифатида топширилар эди. Фа Сяннинг хабар беришича, Панжоб ва Бенгалияда будда дини тараққий этган.



Гупталар давлат тузуми. Биринчи асрларда Ҳиндистон ҳудудидаги йирик империяларнинг бири – гупталар давлат тузуми ҳақида кенгроқ маълумотлар сақланган. Тадқиқотчилар фикрига кўра, мазкур давлат илк даврлардан марказлашган бошқарув тизимига эга эди. Уларнинг бошқарув тизими Маурийларнинг бошқарувидан деярли фарқ қилмаса ҳам, кўп жиҳатдан мукаммал бўлган. Бу империя ҳукмдорлари мазкур тузумга бир қанча ўзгартиришлар киритдилар. Маълумки, тахт отадан ўғилга ўтар, баъзи ҳолларда ҳукмдор ворисни ўзи тайинларди. Шу сабабли тахт учун кураш шоҳ ўлимидан олдин ворис аниқланганидан сўнг бошланиб кетарди.

Гупталар ўз истилочилик юришларида енгилган шоҳларни қатл этар, ерларини эса ўз ҳудудларига қўшиб олардилар. Бу даврга келиб Ганг водийсида яшаётган халқлар орасида тенглик қарор топди. Вилоятлар орасидаги савдо алоқалари иқтисодий турмушни тараққий эттирди. Вилоятлар ўлка ва шаҳарларга бўлинган, империя ҳудудидан ташқарида унга бўйсунган вассал давлатлар ҳам бор эди.


Таянч иборалар:

Мохараджатхиража, личчхевийлар, Самудрагупта, Чандрагупта II, “Викрамадитья”, Гаруда, Вишну, Ванга, Бахлика, вассал.

Саволлар:

  1. Гупталар сулоласи асосчиси Чандрагупта ҳақида сўзлаб беринг.

2. Гупталарнинг давлат тузуми қандай бўлган.
18. Хун-эфталитлар босқини ва гупталар империясининг қулаши

Кумарагупта вафотидан сўнг гупталар империясининг осойишталиги бузилди. Унинг вориси Ҳиндистонга бостириб кирган хун – эфталитлар билан шиддатли кураш олиб борди. Синха ва Банержининг ёзишича, II аср ўрталарига келиб катта куч тўплаган Хун – шу қабиласи Хитойнинг шарқий қисмидан Юэ-чжи қабиласини сиқиб чиқарди. Сўнг улар янада ғарброққа кириб бориб, Амударё вохасидаги халқларни хонавайрон этдилар. Уларнинг эфталит – “оқ хунлар” дейилиши ҳам шундан. Улар билан баъзи турк қабилалари ҳам иттифоқ тузганлар.

Эфталитлар ҳудудига кирган ерлар хитой олимлари томонидан езалган асарларини энг сўнгги араб ва форс манбалари билан солиштирган ҳолда аниқланди. Бу ҳудудга асосан Марказий Осиё ва Тохаристон кирган. Бундан ташқари эфталитлар жанубга ҳам бир неча бор истилочилик юришлари қилганлар. Улар V асрга келиб катта куч тўпладилар ва Кушон давлати ҳамда Эрон сосонийлари учун катта хавф туғдирдилар. Бу икки давлатни мағлуб этгач, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмига ҳам бостириб кирдилар. Тахминан 457 йилда гупталар хунлар билан илк бор тўқнашдилар. Манбаларда гупталар бу курашда енгиб чиққанлари ҳақида маълумотлар бор. Улар хунлардан катта ўлпон тўлашни талаб этган, олтин тангаларнинг вазнини камайтириш ва зарб этилган металлар турини кўпайтиришга мажбур бўлган.

Ҳиндистонда омади юришмаган хунлар эътиборини яна Эронга қаратдилар. Бу ҳудудда тўла устунликка эришгач, қайтадан яна Ҳиндистонга юриш бошладилар. Дастлаб улар жанубда бир қанча вилоятлар, масалан, шоҳ Торамана бошчилигидаги Синд ҳамда Рожастонни босиб олдилар. Торамана вориси Михиракула даврида гупталар жиддий талофат кўрдилар. Аммо ҳал қилувчи жангда гапталар ҳукмдори Нарасимханинг қўли баланд келди ва Михиракула шимоли-ғарбий Ҳиндистонни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Нарасимха ўз қўлида Панжоб ва Гандхара вилоятларини сақлаб қолди. 533 йилда Малва ҳукмдори ҳам хунларни мағлуб этди. Бироқ бу даврга келиб гупталарнинг кучи қирқилган эди. Баъзи вилоятлар мустақил бўлиб, империя таркибидан чиқиб кетди. Гупталар маълум вақт Магадха ва бошқа вилоятларда ҳокимиятни қўлларида тутиб турдилар. Бу давлатни бошқарган ҳокимлар гупталарнинг сўнгги ва заиф ҳукмдорлари эди.

Эфталитлар улкан давлат барпо этдилар. Бу давлат чегаралари Кушонлар империясидан ҳам катта бўлгани билан турли халқ ва миллатлардан иборат бўлгани учун мустаҳкам эмас эди. Эфталитлар Марказий Осиё ва Ҳиндистон халқлари турмуш тарзига ўзига хос таъсир кўрсатдилар. Улар кўпинча ўзлари босиб олган халқлар динини қабул қилар, улар билан ассимиляциялашиб кетардилар. Бу сиёсий кураш оқибатида гупталар империяси қулаб, унинг ўрнида бир неча тарқоқ давлатлар пайдо бўлди. Тарихчилар фикрига кўра, сўнгги шоҳ давридаги ғалаёнлар ҳам гупталар империясининг қулашига сабаб бўлган. Чунончи, шоҳ Будхагупта ҳукмронлигида Катхиавардаги ҳарбий бошлиқ махарожа – буюк шоҳ номини олди ва расман гупталарга бўйсунишига қарамай, амалда мустақил бўлиб олди. Бенгалияда ҳам ўхшаш жараён юз берди. Бу маълумотлар гупталарнинг охирги вакили Самудрагупта (543-544) битикларидан олинган. Ҳиндистонга саёҳат қилган хитойлик Сюань Цзан бу ўлкаларнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари вайрон бўлганлиги ҳақида ёзган. Археологик маълумотлар ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Бу даврда қишлоқ хўжалиги, айниқса деҳқончилик яхши ривожланди. Янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига экин майдонлари кенгайиб борди. Бенгалия, Бихар, Ассам, Ориссада шоли етиштирилар, нисбатан қуруқроқ ўлкаларда эса буғдой, арпа экилган. Жанубий вилоятларнинг доривор ўсимликлари ва қалампири машҳур эди. Ҳатто бу ўлкалар “қалампир ватани” деб ном олган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан дон бошқа мамлакатларга ҳам сотилган. Шунингдек, боғдорчилик ҳам кенг ривож топди. Цитрус ўсимликлари билан бир қаторда олма, нок каби мевалар етиштирилди.

Маълумотларга кўра, бу даврда суғориш иншоотлари ҳам тараққий этган. Сидрагена қўли ва бошқа ерларда махсус сув омборлари барпо этилиб, суғориш тизимлари кенгайган. Калинга шоҳи Кхарвела ўз мамлакатида канал ва ҳовузлар қурдирган.

Ер эгалиги. Хусусий ер эгалигининг тараққий этиши. I асрда ерга эгалик, хусусий мулкчилик ва ер эгасининг мулкий дахлсизлиги сақланиб қолди. Бировнинг ерини ноҳақ ўзлаштириш жиноят ҳисобланар ва бунинг учун катта жарима солинган. Ер эгаси ўзи ишлаши ё ерни ижарага беришидан қатъи назар, ер эгаси ҳисобланган. Гупталар даврида ер сотилиши ва олинишига оид ёрлиқлар пайдо бўлди. Давлат ер эгаларини муҳофаза этар, жамоа хусусий ер эгалари кўпайишига қарши бўлса ҳам, улар ихтиёридаги ерлар кенгайиб борди.

Ерни инъом қилиш ҳам ўзгача шакл олди. Илгарилари инъом қилинган ер деҳқоннинг хусусий ери бўлмас, аммо эндиликда, инъом сифатида олинган ер ҳам олган шахс хусусий мулки бўлиб қолди. Бу ўз навбатида хусусий ер эгалари мавқеини мустаҳкамлаб, уларнинг марказга тобелигини камайтирди. Бундай ёрлиқларда «токи қуёш, ой ва юлдузлар нур сочар экан» деган жумлалар туширилган эди. Шоҳ баъзи шахсларга ўз ерларини тақдим этиш билан бирга айрим ҳуқуқлар ҳам берар эди. Бу ҳуқуқлар мазкур майдондаги ҳосилни йиғиб олиш ва унда ишлайдиганларни назорат қилишдан иборат бўлган. Шунингдек, улар хакамлик қилиш ҳуқуқига ҳам эга эдилар. Бундай ҳуқуқдан айниқса V асрга келиб кенг фойдаланиладиган бўлди. Кейинчалик солиқ йиғиш ва подшоларнинг шахсий монополияси – конларга эгалик қилиш ҳам уларга топширилди. Бу даврда ерни ижарага бериш ҳам кенг тарқалди. Баъзи ижарадорлар бора-бора ер соҳибларига мутеъ бўлиб қолардилар.



Ҳунармандчилик. Бу даврда ҳинд дегрез ва мисгарлари мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам машҳур эдилар. V асрда улар баландлиги 7 метр, оғирлиги 6 тоннали темир устун бунёд этиб, орадан бир ярим минг йил ўтганига қарамай, унинг бирор ери на занглаган, на емирилган. Уни тайёрлаш сири ҳозиргача маълум эмас.

Ўша вақтлардаёқ олтин, мис, қўрғошиндан турли бежирим буюмлар ясаш йўлга қўйилган. Шоҳ ихтиёрида махсус темирчи ва қуролсозлар бўлган. Улар давлат назоратида турганлар. Шунингдек, конлар, қурол ишлаб чиқариш ҳам унинг тасарруфида эди. Қурол ясашда юнон-рим ҳунармандлари тажрибасидан фойдаланилган. Бироқ кўплаб темирчилар фақат маҳаллий анъаналарга таяниб иш юритардилар. Улар чиқарган маҳсулотлар аъло сифати учун чет мамлакатларда ҳам харидоргир эди. Темир ва пўлат ҳатто Африка портларида ҳам сотилар, заргарлик буюмлари эса Ҳиндистондан йироқда ҳам қадрланган.

Таксилада чет эл ҳунармандлари ясаган буюмлар топилган. Тўқимачилик, айниқса ип – газлама харидоргир бўлиб, хорижда ҳам унга талаб катта бўлган. Бу даврда ҳунармандлар уюшмалари – шренлар янада ривож топди. Уларнинг нуфузи анча баланд бўлиб, ҳукумат уларни ўз тасарруфига олишга интиларди. Улар хусусий шахслар билан шартномалар тузар, ҳукмдорлар билан битимлар имзолар эдилар. Уларнинг бадавлатлари буддавий роҳибларга совға-салом берар, ибодатхоналар бунёд этганлар. Археология қазилмалари жараёнида уларнинг шахсий муҳрлари топилган.

Савдо. Бу даврда савдо тез ривожланди. Гупталар ҳукмронлиги даврида очилган йўллар ташқи ва ички савдони кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳинд ва Ганг дарёлари бўйлаб савдо кемалари қатнар эди. Ганг водийси асосий савдо марказларидан бири бўлиб, бу ердан мамлакатнинг барча бурчакларига йўллар ўтган. Бу марказлардан ғарбда Гохарукачгха, Ҳинд дельтаси, Патала, шимоли-ғарбий Пугикалавата ва шарқда Тампалипти, Ганг водийсида Варанаси, Каушамби, Паталипутралар жойлашган эди. Савдо кемалари Бенгал кўрфазидан жанубга йўл олганлар. Шимолдан жун матолар, жанубдан эса қимматбаҳо тош ва зираворлар, шарқдан металл ва ипак, ғарбдан газмол ва йилқи келтирилган. Синд ва Арахосия отлари билан ном чиқарган. Кушон ва гупталар даврида ташқи савдонинг гуркираб ривожланишига бу даврда ҳукмдорларнинг атрофидаги мамлакатлар назарида катта нуфузга эгалиги сабаб бўлди.

Қадимги ҳиндлар моҳир денгизчи бўлиб, муссон шамолларидан усталик билан фойдаланганлар. Бу минтақада Рим империяси савдо йўналишларини белгилаб турган. У Ҳиндистондан кўплаб маҳсулот ҳарид қилиш билан бирга, бу ерда ўз савдо шаҳобчаларини ҳам ташкил этган. Айниқса Арикамеду (ҳозирги Патучери яқинида) ана шундай шаҳобчалар машҳур эди. Археологлар бу ердан Рим тангалари, ойна ва амфораларини топдилар. Бу даврда Август ва Троян каби императорлар ҳузурига ҳинд элчилари жўнатилган. Ғарбда ҳиндларнинг дориворлари, упа-эликлар катта шуҳрат қозонган эди. Ҳиндистондан фил суягидан ясалган қимматбаҳо буюмлар ва тилла тақинчоқлар ҳам узоқ ўлкаларга олиб кетилган. Бундан ташқари, мусиқа ва рақс санъатини ўрганган жориялар савдоси ҳам йўлга қўйилган.

Ҳиндистоннинг Узоқ Шарқ ва Ғарб билан алоқаларини йўлга қўйишда Буюк Ипак йўлининг аҳамияти жуда катта эди. Савдо ишида шрен номини олган бирлашмалар фаолият кўрсатган.

Буддизм таназзули ва ҳиндуизм. Гупталар ва улардан кейинги даврларда будда дини ўз таъсири ва аҳамиятини аста-секин йўқота бошлади. Буддавий ибодатхоналар ҳаробага айланиб, коҳинлар ҳам эътибордан четта қола бошладилар. Буддизм шимолда ва Кашмирдагина ўз мавқеини сақлаб қолиб, Ганг водийсида вишну ва шива динлари тараққий этди. Натижада мамлакат ҳудудида янги дин – ҳиндуизм вужудга келиб ривожланди. Шимолда сақланиб қолган будда дини ҳам тобора ҳиндуизм билан қўшилиб, ягона динга айланди. Янги дин жамиятда тез тарқалди. Ибодатхоналарда ҳинд маъбудалари қад кўтарди.

Ҳиндуизмнинг икки асосий йўналишидан бири вишнуизм бўлиб, у маурийлар давридаёқ таркиб топган эди. Гупталар даврида бу дин яна ҳам тараққий этди. Бунда яна бир маъбуд – Кришнага эътиқод қилина бошланди. Мазкур диний таълимотнинг бошқа динлардан фарқи – уч маъбудага бирдай ибодат қилинишида эди. Бу «учлик» ҳиндуларда «Тримурти» номини олди. Улар оламни яратувчиси – Браҳма, оламни сақловчиси – Вишну ва вайрон этувчиси – Шива маъбудаларидир. Вайрон қилиш – Шивага хос хислат бўлиб, иккинчи томондан у одамларни таркидунёчилик ва ҳайр-эҳсон қилишга даъват этади.

«Маҳабхарата» нинг бир қисмини ўз ичига олган «Бхагавадгита» ҳиндларнинг маънавий ҳаётида ўзига хос ўрин тутади. Ундаги етакчи ғоя яхши ҳулқ, инсонийлик, дунёвийлик ва илоҳийликнинг ўзаро узвийлигидан иборат.
Таянч иборалар

Ҳиндуизм, “Тримурти”, махарожа, дегрез, шренлар, Арикамеду, хиндуизм, “Бхавадгита”, “Махабхарата”.

Саволлар

1. Хун – Эфталит қабилалари этник келиб чиқиши.

2. Гупталар империясининг ижтимоий – иқтисодий тараққиёти қай даражада

эди?
19. Кушонлар ва гупталар даври маданияти

Драматургия ва адабиёт. Канишка даврида машҳур ҳинд файласуфи, драматург Ашвагхоси яшаб ўтган. Унинг бизгача етиб келган «Буддахачарита» («Будданинг ҳаёти»), «Саундрананда ва Нанда» ва «Шарипутрапракана» (Шарипутракананинг будда динини қабул қилиши ҳақидаги драма) асарлари маълум. Бу асарлар қадимги ҳинд драматургияси учун асос бўлди. Тадқиқотчилар Бхаса асарлари ҳам ҳинд трагедиясининг қадим намуналаридан деб фараз қиладилар. Яна бир - «лойдан ясалган аравача» деб номланган асарда (муаллифи Шудрака) хонавайрон бўлган савдогар билан жория мухаббати ҳикоя қилинади.

Қадимги ҳинд маданиятига ҳисса қўшган адиблардан яна бири – Калидаса. Бизга унинг учта асари маълум: «Шакунтала» («Узук орқали танилган Шакунтала»), «Малявикагнимитра» («Малявика ва Агнимитра»), «Викрамарваши» («Урвашининг жасорати»). Бундан ташқари, унинг «Мегхудата» («Булут - даракчи») достони ва икки эпик: «Кумарсамбаваха» («Кумаранинг туғилиши»), «Рагхуванша» («Рагху авлоди») достонлари сақланган.

Қадимги ҳинд театри ҳам узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтди. Гупталар даврида театр санъатига оид роллар пайдо бўлиб, уларда театр жанрлари ва турлари ҳақида батафсил маълумот берилган. I асрда Бхарта яратган «Натяшастра» асари ана шундай рисолалардан ҳисобланади. Бу асар ҳақли равишда қадимги ҳинд театрининг қомуси номини олган. Унда театр санъатига алоқадор бўлган барча нарсалар, хусусан саҳна безаклари, актёрлик маҳорати ҳақида айтиб ўтилади. Ҳинд театри анъаналари антик театр анъаналарига кўра янада қадимги ва мазмунли. Санскрит тилидаги адабиёт ёдгорликлари ичида «Панчатантра» - кичик ҳикоя ва ривоятлардан иборат асар бир мунча машҳур бўлиб, у Узоқ Шарқ ва Марказий Осиёда «Калила ва Димна» номи билан шуҳрат қозонган. Бу асар кейинчалик кўплаб Европа тилларига ҳам таржима қилинган.

Илмфан. Бу даврда илм – фан тез тараққий этди. Математика, фалакиёт, тиббиёт, ҳандаса каби илмлар ривожланди. Машҳур математиклар – Арябхата, Брахмагупта ва Варамихираларнинг кашфиётлари фанга катта янгиликларни олиб кирди. Ўша даврдаёқ Ҳиндистонда Пифагор теоремаси маълум бўлган. Арябхата икки номаълум чизиқли тенгламанинг ўзига хос ечимини кашф этди. Улар 1, 2,… сонларини очиб, саноқ тизимини соддалаштирдилар. Кейинчалик бу сонлар араблар томонидан ўзлаштирилди. Шу сабабли бу сонлар бутун оламда араб рақамлари сифатида маълум бўлди. Брахмагупта қатор тенгламаларни ечиш усулларини топди.

Фалакиёт илмига оид асарлар ҳам бу даврга келиб кўпайди ва тараққий этди. Гупталар даврида олимлар осмон ёритгичларининг ҳаракати, Қуёш ва Ой тутилиши сабабларини яхши билганлар. Арябхата Ер ўз ўқи атрофида айланишини исботлади. Брахмагупта инглиз олими Ньютондан бир неча аср аввал Ернинг тортишиш кучини аниқлаган. Варахамихиранинг «Бихатсамхита» асарида фалакиёт, жўғрофия ва минералогияга оид муҳим фактлар келтирилган.

Темирчиликни ривожлантириш учун кимёни билиш керак эди. Ўша даврда ҳиндлар пўлат қуйиш, айнимас бўёқ тайёрлаш, мато ва терига ишлов беришга жуда уста бўлганлар. Айрим асарларда улар симобдан ҳам фойдаланганликлари айтилади. Нагаржуна V асрда кимёга оид кўплаб асарлар яратди.

Тиббиёт, жумладан анатомия фанида улкан янгиликлар қилинди. I асрдаёқ одам аъзолари ва унинг ички касалликлари ҳақида муҳим маълумотлар тўпланди. Бу даврда турли асбоблар ёрдамида жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, тиббиёт бир неча тармоқларга бўлинган. Касалликларни аниқлаш ва даволаш, сувнинг шифобахш хусусиятлари ва дори–дармонлар тайёрлаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бизга қадар Чарака (II аср) ва Сушрута (IV-V аср) каби муаллифларнинг тиббий асарлари етиб келган.



Меъморчилик. Бу давр меъморчилиги янги босқичга қадам қўйди. Биринчи аср бошларида Бомбей яқинидаги қояларда ибодатхоналар мажмуи барпо этилди. Ҳиндистондаги энг улкан – Гайя эҳромининг узунлиги 38 метр, кенглиги ва баландлиги 14 метр бўлган. Ғор ичидаги энг катта залда устунлар, супа ва турли тош ҳайкалчалар жойлашган. Ғор ичига ёруғлик махсус ёғоч панжаралар орқали тушган. Ундаги барча тасвирлар монолит қоялардан ташкил топган. Уларнинг ҳажми кишини ҳайратга солади. Ажанта эҳромлари гупталар даврида меъморчилик нақадар юксак даражага кўтарилганини кўрсатади. V асрда бунёд этилган Санги ибодатхонаси деворларида Ашока устунларидаги каби шерлар тасвири туширилган. Бу ҳинд меъморчилигининг энг яхши анъаналаридан ҳисобланади. Пойдевори ҳозиргача сақланиб қолган Наландада улкан университет бўлиб, унда кўплаб талабалар таҳсил олганлар. IV асрда Будх – Гайяда ҳашаматли эҳром қурилиши бошланиб, унинг бош минораси баландлиги 58 метрга етган. У Осиёдаги энг баланд будда дини эҳромидир. Муҳташам меъморий обидалар Шимолий Ҳиндистонда ҳам кўплаб бунёд этилган. Қурилиши II асрда бошланган Таксила ва Дхармаражика иботат хонаси V асрга келиб маҳобатли иншоатга айланди.

Тасвирий санъат. Бу даврда тасвирий санъат ва ҳайкалтарошликнинг бир неча йўналишлари вужудга келди. Агар Марказий Осиёда, Бақтрия давлатида дунёвий ғоялар ҳукмрон бўлган бўлса, Шимолий Ҳиндистонда гандхара, Ганг водийсида – матхура, жанубда эса андхра мактаблари мавжуд эди. Гандхара мактабида будда таъсири кучли бўлиб, гандхара ҳайкалтарошлигида Будда тасвири пайдо бўлди. Бу даврга қадар Будданинг қиёфаси шартли белгилар ёрдамида ифодаланган. Гандхаранинг ҳайкалтарошлик анъаналари узоқ ва яқин мамлакатлар санъатига ҳам таъсир кўрсатди. Буддавий ҳайкалтарошлик билан бирга дунёвий ҳайкалтарошлик, яъни матхура санъати ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бунда Кушон ҳокимлари ва оддий фуқаролар ҳайкаллари ясалган. Матхура ҳайкалтарошлик мактаби гупталар даврида Шимолий ҳинд анъаналари таъсирида юзага келди. Бунда Будда тасвирида оддийлик ва одмилик кўзга яққол ташланади. Ҳинду динининг тикланиши ҳам ҳайкалтарошликда ўз ифодасини топди. Вишну ва шива динига оид тасвирлар кенг ёйилди.

Гупталар даврида қадимги ҳинд рассомчилик санъати муҳим босқич бўлди. Ажантадаги машҳур девор нақшлари ҳинд ва жаҳон санъатининг бебаҳо ёдгорлигидир. У ерда ғордаги суратлар сюжети жуда хилма-хил: Будда ҳаёти, жатакаларга оид суратлар, буддавий портретлар, одамлар тасвири, турли нақш ва безаклар шулар жумласидан. Шунингдек, табиат манзаралари ва оддий ҳаётий кўринишлар ҳам улар қаторидан жой олган. Мазкур расмлар гупталарга қадар даврларда яратилиб, I аср давомида такомилга эришган. Бу буюк санъат дурдоналари нафақат ҳинд, балки бутун Шарқ маънавиятида ўзига хос ўрин тутади.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет