Абдуллаев Олимжон " Иқтисодий география ва экология"



бет7/15
Дата14.07.2016
өлшемі1.74 Mb.
#198434
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15

Таянч сўз ва иборалар.

Демография. Демографик портлаш. Ахоли зичлиги. Халқ. Мехнат ресурслари. Ахоли миграцияси. Шахар ахолиси. Қишлоқ ахолиси. Ахолининг табиий кўпайиши. Ахоли кўпайишининг биринчи типи. Ахоли кўпайишининг иккинчи типи. Суб урбанизация. Моно марказли ва кўп марказли агломерация, конурбанизация. Супер урбанизация. Ёлғон урбанизация. Шахар. Қишлоқ. Шахар агломерацияси. Урбанизация. Мегополис. Демографик сиёсат. Иқтисодий фаол ахоли. Ишсизлик. Фрикцион ишсизлик. Таркибий ишсизлик. Этнос. Бир миллатли давлат. Кўп миллатли давлат. Дунё динлари. Миграция. Маятниксимон миграция. Ахолининг мехнат миграцияси, “ақл чиқиши”. Ахолининг ижтимоий қатлами.



Такрорлаш учун саволлар.
Ер шари ахолисининг сони ва ўсиш суръатларига тавсиф беринг?

Дунё ахолисининг миллий, этник ва диний таркибини аниқланг ва тавсифлаб беринг?

Дунё ахолисининг жойланишидаги фарқларни тушунтиринг. Миграция ва унинг сабабларига тавсиф беринг?

Урбанизация жараёни мохиятини тушунтириб беринг. Ер шарининг энг йирик шахарларини айтинг?

Ахолининг жинсий ёш таркибига тавсиф беринг. Мехнат ресусрлари, бандлик ва ишсизлик мохиятини тавсифланг?

6-БОБ. ИЛМИЙ-ТЕХНИКА ИНҚИЛОБИ ВА УНИНГ ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИ ТЕЗЛАШТИРУВЧИ РОЛИ.
6.1. Илмий - техника инқилобининг ХХ аср охири ХХI аср бўсағасида дунё хўжалигига таъсири ва атроф-мухит муаммоси.

Инсониятнинг бутун маданий тараққиёти илмий-техника прогресси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, фанда ва техникада юз берган эволюцион жараённи ифодалайди.

Илмий-техника инқилоби ишлаб чиқариш кучларидаги чуқур сифат ўзгаришлари бўлиб, тарихан бундай ўзгаришлар қуйидагиларда ифодаланган :

а) Европанинг бир қатор мамлакатларидаги ХVIII-XIX асрларда мануфактура босқичидан фабрика-завод босқичига ўтиш жараёни ёки “биринчи саноат инқилоби”;

б) ХХ аср ўрталаридан бошланган фаннинг бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланиши ёки “иккинчи саноат инқилоби”;

в) ХХ аср охирги ўн йиллигидан бошланган фанда, техникада ва жамиятдаги туб сифат ўзгаришларини ифодаловчи учинчи саноат инқилоби яъни “постиндустрия инқилоби” (энг янги техника ва технология, энергия ва хом-ашё, саноат техникаси, табиатни мухофаза қилиш).

Илмий-техника инқилоби ғоят мураккаб, кенг қамровли тизим бўлиб, фаннинг бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланиши ва жамиятнинг моддий- техника асосларидаги туб микдор ва сифат ўзгаришларини ифодалайди.

ИТИ кенг қамровли ва универсал бўлиб, тўртта бош хусусиятга эга:



1.Кенг қамровлик ва универсаллик. ИТИ иқтисодий ва ижтимоий хаётнинг барча тармоқ ва сохаларини, мехнат характери, турмуш ва инсон психологиясини жуда тез ўзгартирмокда. Агар яқин вақтларга қадар унинг рамзи ЭХМ, ракета, атом электростанциялари, робототехника бўлса, бугунги кунда экологик муаммолар ечимларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришда берк технологик тизимни яратиш, ахборотлар технологияси ва инсоннинг ўзини сақлаб қолишдан иборат бўлиб қолмоқда. ИТИ нафақат ер шарини, балки космик кенглик ва дунё океанини хам қамраб олди.

2. Илмий-техник ўзгаришларнинг хаддан ташқари тезлашуви.

Илмий тадқиқот ва конструкторлик бюроларидаги ихтиро ва кашфиётларнинг ишлаб чиқаришга тадбиқининг тезлашуви натижасида махсулотларнинг доимий янгиланиб бориши ва турларининг тўхтовсиз кўпайиши юз бермокда.



3. Юқори малакавий мехнатга бўлган талаб ва эхтиёжнинг ортиши. Мехнатнинг тобора интеллектуал характер касб этиши натижасида мехнат ресурсларининг ихтисосий ва малакавий тузилишида иқтисодиётнинг тармоқ таркибидаги ўзгаришларига мос жараёнлар юз бермокда.

4. Деярли барча иқтисодий ривожланган мамлакатларда, бозор иқтисодиётига ўтаётган, хатто ривожланаётган мамлакатларда хам ХХ асрнинг 80 йилларидан бошлаб илмий тадқиқот, конструкторлик - тажриба ишларига бўлган эхтиёжнинг кучайиши, “илмталаб” сохаларнинг кенгайиши фан шахарлари ва марказларини юзага келтирди.

Булардан ташқари илмий техника инқилоби ютуқларини харбий саноат мажмуасига тадбиқ этиш натижасида XXI аср бўсағасида харбий техник салохиятининг кучайиши дунё сиёсий картасидаги кўпгина мамлакатларнинг бош йўналиши бўлиб қолмоқда.

Илмий техника инқилобининг тўрт таркибий қисмлари мавжуд:

1. Фан. 2. Техника ва технология. 3. Ишлаб чиқариш. 4. Бошқариш.

1. Фан ва илмталаб сохаларнинг ўсиши. ИТР шароитида фан мураккаб бўлимлар мажмуасига айланди. Дунё бўйича илмий ходимлар - 5,5 млн. кишидан иборат бўлиб бунинг 9/10 қисми бизнинг замондошларимиздир. Ишлаб чиқариш суръатларининг ривожланиб бориши билан илмталаб сохалар (ИТИ нинг учинчи тўлқини микроэлектроника сохаларининг ривожланиши ва бошқалар) яъни фан ва ишлаб чиқариш алоқалари чуқурлашмокда. Аммо, иқтисодий ривожланган мамлакатлар билан ривожланаётган мамлакатлар ўртасида илмталаб сохаларнинг ривожланганлик даражасидаги фарқ каттадир.

Дунё бўйича илмий махсулотларни ишлаб чиқаришнинг 80 фоизидан ортиғи 10 та мамлакат хиссасига (бу мамлакатларда илмга бўлган харажатлар ЯИМ нинг 2-3 % ини ташкил қилади ) тўғри келса, ривожланаётган мамлакатлар хиссасига дунё бўйича илмга бўлган харажатнинг 4-5 фоизи тўғри келади, холос.



2. Техника ва технология: - ривожланишнинг икки йўли. Янги техника ва технологияни ишлаб чиқаришга қўллашдан асосий мақсад - ишлаб чиқариш самарадорлигини ва унумдорлигини оширишдан иборатгина булмай, балки ресурсларни тежаш ва атроф - мухитни мухофаза қилишдан хам иборат бўлиб бормоқда. Натижада, иқтисодий ривожланган мамлакатларда ХХ аср 70-йилларидан бошлаб, кенг суръатда иккиламчи махсулотлардан (металлом, макулатура ва бошқалар) фойдаланиш технологиялари кенг қўлланилмоқда.

ИТИ шароитида техника тараққиёти ва технологик жараёнларнинг ривожланиши икки йўл, яъни, эволюцион ва инқилобий йўналишларда бормоқда.



а) Эволюцион йўл ишлаб чиқариш қувватларининг (унумдорлигининг), машина ва жихозлар қувватининг ортиши, транспорт воситалари юк кўтариш кобилиятнинг ўсиши билан боғлиқ.

б) Инқилобий йўл - техника ва технологиялардаги мутлақо, яъни сифат ўзгаришларидан иборат (микроэлектроника, лазер техникаси ва бошқалар).

3. Ишлаб чиқаришнинг олти бош йўналиши. ИТИ шароитида ишлаб чиқариш олти йўналиш бўйича ривожланмокда.

Биринчи йўналиш - электронлаштириш бўлиб инсон хаётини электрон хисоблаш машиналари билан тўлдиришдир. Бу йўналиш туфайли ишлаб чиқариш технологиясида жуда катта ўзгаришлар юз бермокда. Электронлаштириш инсоннинг турмуш тарзига, маориф ва соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш сохаларига жуда тез кириб бормоқда У саноатнинг энг илмталаб сохасидир. АҚШ, Япония ва ГФР дунёдаги энг йирик ЭХМ паркига эгадир.

Иккинчи йўналиш - комплекс автоматлаштириш бўлиб 50-йилларнинг ўрталаридан ЭХМ нинг I- авлоди юзага келиши билан бошланган. Комплекс автоматлаштиришдаги сифат жихатидан янги босқич 70- йилларидан микро ЭХМ, микропроцессорларнинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш сохаларига тадбиқи билан боғлиқ. Хилма-хил электрон-механик манипуляторлар ва робототехника янги босқичда биқиқ ишлаб чиқариш, завод автоматларни юзага келтирди. Дунёда энг йирик саноат роботлари Париж - Япония, АҚШ, ГФР, Италия ва Францияда яратилмоқда.

Учинчи йўналиш - энергетика хўжалигини тубдан ўзгартириш билан боғлиқ бўлиб ёқилғи - энергетика мажмуаси таркибини такомиллаштириш, ёқилғи тежаш технологиясига асосланган тизимларни шакллантиришдан иборат. Атом энергетикасидан фойдаланиш муаммоси ва АЭС ларни ривожлантириш кун таркибидаги кескин масала. 1990 йил бошларида дунё бўйича 250 та АЭС бўлиб бунинг асосий қисми АҚШ, Франция, ГФР ва Россия хамда Украинада жойлашган.

Тўртинчи йўналиш - янги материаллар ишлаб чиқариш билан боғлиқдир. Чунки, бугунги ишлаб чиқариш тизими материалларга мутлақо сифат жихатидан янги-янги талабларни қўймоқда. Ишлаб чиқариш ва илмталаб сохаларда тобора кўпроқ композицион материаллар, ярим ўтказгичлар, керамик материаллар, оптик толалар, “ХХ аср металл” лари /бериллий, литий, титан, (аэрокосмик саноатининг биринчи метали) ва бошқа материаллар/ ишлатилмоқда ва бу жараён кучайиб бормоқда.

Бешинчи йўналиш - биотехнологиянинг тез ривожланиши бўлиб, ХХ аср 70-йилларида юзага келди ва ғоят тез суръатлар билан тараққий этмоқда. Биотехнология ва биоиндустрия нозик илмталаб сохалар таркибига кириб, АҚШ, Япония, ГФР, Япония ва Францияда ривожланган.

Олтинчи йўналиш - космослаштиришдир. Космонавтиканинг гуркираб ривожланиши энг янги ва ғоят илмталаб - аэрокосмик саноатни юзага келтирди. Аэрокосмик саноат ўз навбатида бу тармоқ билан боғлиқ янги / нокосмик/ тармоқларнинг/ янги машина ва жихозлар, асбоблар, эритмалар ва бошқ./, космик технология ва космик ершуносликнинг хамда фундаментал фанлараро тадқиқотларнинг ривожланишига кучли туртки берди. Шу билан биргаликда ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш, электрлаштириш ва химиялаштириш сифат жихатидан янги босқичга кирди.

4. Бошқариш иқтисодий - ижтимоий хаётнинг хамма жабхаларида сифат жихатидан янги босқичга “ахборотлар индустрия”сига кадам қўйди. Бошқариш билан боғлиқ ахборот техникаси ва технологиялари юзага келди. Айни вақтда бошқариш ишлаб чиқариш кучларининг жойлашишига хам таъсир этмокда. Чунончи, ХХ аср 80-йилларидан бошлаб кўплаб илмталаб сохалар ахборотлар тизими ривожланган шахар ва шахар агломерацияларда жойлашмоқда.

Кўриниб турибдики, ИТИнинг иқтисодиёт, қолаверса жамиятнинг, инсоннинг бутун фаолият даражасига таъсири жуда катта ва хилма-хилдир. Мамлакатнинг ИТИ жараёнидаги фаол иштироки, унга ўзининг хиссасини қўшиши, унинг натижаларидан тўла фойдаланиш даражаси ижтимоий ишлаб чиқаришда самарадорлигини муттасил ошириш ва имкониятларини вужудга келтиради. Бундай имкониятлар ўз навбатида максадли мажмуа “Илмий-техника потенциали” (ИТС) тушунчаси билан ифодаланади.

Жахон иқтисодиёти нуқтаи-назаридан ИТС тушунчасини кенг маънода тушиниш лозим. Давлатнинг ИТС-унинг илмий-техник имкониятларини, яъни давлатнинг жахон хўжалиги субъекти сифатида ривожланиш даражаси, ресурслар сифати ва миқдори, илмий ғоя ва ишланмалардан амалиётда фойдаланиш / ишлаб чиқаришга тадбики / характерини ифодалайди. Янги ғояларнинг амалиётда қўлланиши ИТСнинг-материаллашувидан далолат беради.

ИТС-бир томондан илмий-техник имкониятлардан реал фойдаланиш холатини, иккинчи томондан бу илмий-техникавий тараққиёт жараёнини ифодалайди. Хар кандай илмий-тадқиқот ижтимоий фойдали қийматга эга , унинг натижаси илмий ёки техник ахборот хисобланади. Бунда ахборот техник, технологик ва бошқа янгиликни ўзида мужассамлаштириб, ишлаб чиқаришни ривожлантиришдаги зарур бўлган омиллардан бирига айланади. Аммо шуниси аниқки, илмий-техник ижодиётни ва унинг ишлаб чиқариш ахбороти зарурияти деб бахолаш хато хисобланади.

Илмий-тадқиқотлар, айниқса табиий ва техник фанлар бўйича, ўзининг табиати ва диалектикаси нуқтаи назаридан моддий ишлаб чиқаришнинг асосий бевосита қисмига айланади, амалий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишлари амалда бу жараённинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

Бахолаш мезонлари - Фан-инсон интеллектуал фаолияти натижалари, унинг тажрибаси, билими, ғоялари мажмуасини тартибга солиш ва бахолашнинг мураккаб тизимидир.

Бироқ, замонавий ИТСни ижтимоий, иқтисодий категория, катта ва мураккаб тизим сифатида ифодалаш, унинг ўзгаришларини бир қатор объектив қонунлардан / фанлар тизими ва унинг ривожланиш тезлиги ва бошқалар /, илмий-техник фаолият ва ишлаб чиқаришнинг диалектик уйғунлигидан фойдаланган холда у ёки бу даражада миқдорий тахлил қилиш ва таққослаш мумкин.

ИТИ ларни сифатини белгиловчи, унинг келгусида ривожланиш холати ва жараёнини аниқловчи асосий кўрсаткичлар мамлакатнинг илмий-техник кадрлари сони, илмий тадқиқот фаолияти кўламалари хамда моддий техник таъминотидир. Аммо, бундай миқдорий тахлил етарли эмас. Шунинг учун мухим “сифат” кўрсаткичлари: - илмий бошқарув тизимини ташкиллаш: - илмий-техник маълумотлар таъминоти /ахборотлар технологиясининг ривожланганлик даражаси/. - илмий-тадқиқот ишларининг асосий йўналишларини хисобга олиш мухим ахамиятга эга.

6.2. Илмий-техника инқилоби ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар: хозирги жараёнлари.

ИТИ моддий ишлаб чиқариш таркибида мухим ўзгаришларга олиб келди ва дунё бўйича 1 млрд. кишини банд этмокда. Ижтимоий мехнат тақсимотида юзага келган хўжаликнинг тармоқ таркиби ИТИ шароитида чуқур диверсификацияга учради. Янги тармоқлар, кичик тармоқлар таркиби ва ишлаб чиқариш турлари шаклланди хамда чуқур ва қатъий характер касб этди. ИТИ таъсирида миллий иқтисодиёт тармоқ таркибидаги ўзгаришлар умумлашган холда учга яъни: макро мезо хамда микротаркибий ўзгаришларга бўлинади.

Микротармоқдаги таркибий ўзгаришлар миллий иқтисодиётдаги йирик ўзгаришларни ифодалайди ва учта йўналишга эгадир.

Биринчи йўналиш - моддий ишлаб чиқаришда саноат хиссасининг доимий ортиб бориши билан белгиланади. Саноат тармоқ таркибида эса ишлов берувчи саноат хиссасининг доимий ортиб бормоқда - яъни бугунги кунда бу тармоқга саноат махсулоти қийматининг 9/10 қисми тўғри келади. Саноат таркибида “зарбдор учлик” (ИТИ билан боғлиқ машинасозлик, химия, энергетика) алохида ўрин тутмоқда (60 млн. ортиқ киши банд бўлиб, иқтисодий ривожланган мамлакатлар ялпи саноат махсулотининг 45-55 % тўғри келади). БМТнинг классификациясига кўра хозирги замон саноати 300 тадан ортиқ тармоқ ва кичик тармоқка бўлинади. Саноат тармоқлари таркибида мураккаб жараёнлар юз бермоқда. Саноатнинг бир қатор тармоқлари / паровозсозлик ва бошқалар /, ишлаб чиқариш тизимидан чиқиб кетса, айни вақтда саноатнинг мутлако янги-янги сохалари юзага келмокда.

Иккинчи йўналиш - иқтисодиётда ноишлаб чиқариш сохалари ва хизматлар хиссасининг тобора ортиши бўлиб, иқтисодий ривожланган мамлакатларда бу жараён яққол кўзга ташланмокда. АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония ва бошқа бир қатор мамлакатлар ялпи ижтимоий махсулотида бу хисса барқарор ортиб бормоқда. Иқтисодиётда ноишлаб чиқариш сохаларининг хиссаси ХХ аср охири ва ХХI асрда янада ортиши кутилмоқда.

Учинчи йўналиш - миллий иқтисодиёт тизимида қишлоқ хўжалиги хиссасининг доимий қисқаришидир. Кейинги йилларда агросаноат интеграциясининг кучайиши, агробизнеснинг ривожланиши, интенсив тараққиёт, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини индустриал асосларга кўчиши ва ўзига хос саноат ишлаб чиқариши тизимига айланиши юз бермоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши хиссасининг қисқариш жараёни иқтисодий ривожланган мамлакатлар учун хос. Ривожланаётган мамлакатларни индустрлаштирилишига қарамасдан қишлоқ иқтисодий фаол ахолининг 50-70 % қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқ овлаш билан банд.

Қишлоқ хўжалиги таркибида эса чорвачилик хиссаси ортиб бормоқда. Чорвачилик иқтисодий ривожланган мамлакатларда индустриал асосларга кўчганлиги билан ажралиб туради. Бир қатор иқтисодий жихатдан ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ялпи махсулотининг 3/4 қисмини бермокда. Зироатчилик таркибида техника экинлари, ем-хашак, сабзавот ва мева етиштириш кўпайиб бормоқда.

Транспорт тизимида темир йўл транспорти хиссасининг қисқариши, автомобиль, денгиз ва хаво транспорти хиссасининг ортиши кузатилмоқда ва қурилиш, алоқа ва молия-банк тизимида хам сезиларли ўзгаришлар юз бермокда.

Айни вақтда, ИТИ оқибатида турли бирлашма ва тузилмалар яъни тармоқлараро мажмуалар - машинасозлик, ёқилғи-энергетика, агросаноат (агробизнес), қурилиш ва бошқалар ривожланмокда.



  • Иқтисодиётнинг мезо таркибидаги асосий ўзгаришлар саноатнинг икки йирик тармоғи қазиб берувчи ва ишлов берувчи тармоқлари ўртасидаги ўзгаришлардир. Бу жараён қазиб берувчи саноат хиссасининг доимий қисқариши ва ишлов берувчи саноат хиссасининг ортишидир. Қазиб берувчи саноат хиссасининг кискариб бориши жараёни (1/10 кисм саноат махсулоти қиймати тўғри келади) ишлаб чиқариш тизимида тобора кенгрок энергия ва материалларни кам ишлатувчи технологик жараёнлар қўлланилаётганлигини билдиради. Саноат таркибидаги ўзгаришлар аввало “зарбдор учлик” билан боғлиқ бўлиб бу сохаларда ИТИнинг таъсири жуда юқоридир. Чунончи, машинасозлик (60,0 млн.дан ортиқ киши банд)-мехнат воситалари ва технологияси, химия саноати-мехнат предметлари ва электроэнергетика-ёқилғи асосларига инқилобий таъсир этмокда.

Қишлоқ хўжалигида зироатчилик ва чорвачилик тармоқлари, транспортда-автомобиль, қувур ва хаво транспорти, ташқи иқтисодий алоқаларда тайёр махсулотлар ва инвестиция хиссасининг ортиши кўзга ташланмокда.

  • Иқтисодиётнинг микротаркибидаги ўзгаришлар - ғоят мураккаб ва табақалашган машинасозлик ва химия саноати учун хосдир. ИТИ таъсирида машинасозлик таркибида электрон жихозлар, аниқ электротехника, автоматлаштириш жихозлари ва асбоблари, авиакосмик ва атом техникаси, металларнинг қайта ишлашнинг бир қатор жихозлари, химия-технологик ускуналар хамда маиший электроника ва электротехника жихозлари ишлаб чиқариш кенгайиб бормоқда. ( йилига ўртача 100 млн.дан ортиқ радиоприёмниклар, 60 млнга яқин телевизорлар, 30-35 млн.дона холодильниклар, 65-70 млн.дона кир ювиш машиналари, кўплаб ошхона комбайнлари ва бошқ. махсулотлар ишлаб чиқарилмоқда).

Химия саноати таркибидаги ўзгаришлар пластмасса махсулотлари, химиявий толалар, бўёқлар, дори-дармонлар, ювувчи воситалар, косметика воситалари ишлаб чиқаришнинг кенгайиши билан боғлиқ. Бу сохаларда хам кейинги 10 йилликда чуқур ўзгаришлар (пластмасса) юз бермокда. Сунъий толалар ўрнини полиэфир толалари эгаллаётган бўлса, табиий материаллардан фойдаланиш хам яна сезиларли равишда ортиб бормоқда.

Энергетика хўжалигида хам ИТИ туфайли мухим ўзгаришлар юз бермокда. Агар дунё ёқилғи-энергетика балансида 70-йилларнинг ўрталарига қадар нефтнинг хиссаси юқори (3/5) бўлса, 80-йиллардан бошлаб анъанавий ёқилғи-кўмирдан хамда атом энергетикасидан ва бошқа ёқилғи турлари ва манбаалардан фойдаланишга бўлган уриниш кучаймоқда хамда нефть ва табиий газнинг хиссаси қисқариб бормоқда.

Металлургия саноатида кислород-конвертор ва электропеч усулида пўлат эритиш ва металлдан фойдаланиш кенгаймоқда, “ХХ аср металлари” ни эритиш кўпаймокда.

Қишлоқ хўжалиги тармоқ таркибидаги ўзгаришлар зироатчиликда қимматбахо донли экинлар, техника экинлари, сабзавот-мева, чорвачиликда эса индустриал асосларга кўра паррандачилик ва бўрдоқичилик хиссаси ортишида ифодаланмокда.

Ташқи иқтисодий алоқалар борасида эса экспортда тайёр махсулотлар, импортда эса технологик жихозлар, озиқ-овқат махсулотлари хиссаси юқори бўлмоқда.

Кейинги йилларда иқтисодий ривожланган мамлакатларда ИТИнинг асосий ривожланиш йўналишларини ижтимоий-иқтисодий тармоқлар билан боғлиқ холда башорат қилинмоқда. Чунончи, яқин вақтларда технология асосий йўналиш сифатида қаралган бўлса, хозирда унинг ривожланиши ижтимоий, сиёсий, маданий характердаги омиллар билан боғлиқ холда қаралмоқда. ХХI асрнинг биринчи 10 йиллигида илмий тармоқларда чуқур таркибий ўзгаришларнинг янги “тўлқин” лари юзага келади. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларида алохида, кенгайтирилган, чегараланмаган бозор-билимлар бозори, янги ахборот таркибига таянувчи тармоқлар роли кучайди.

ХХ асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йилларнинг асосий хусусияти ижтимоий-иқтисодий жараёнларни байналминаллашувининг, илмий-техник ютуқларни айирбошлашнинг ва алоқаларни ривожлантиришнинг тезлашишида ифодаланади. Халқаро ахборот тармоқларнинг ривожланиши, дунёвий янгиликларни бир-бирига узвий боғланиши, транснационал корпорацияларни вужудга келиши, Шарқий Европадаги ва СССР даги сиёсий ўзгаришлар-буларнинг хаммаси аввалги халқаро илмий-техника тараққиёти ва хамкорлик концепцияларини, истиқбол ва йўналишларни жиддий қайта кўриб чиқишга олиб келди.

Илмий-техник хамкорликни тартибга солиш, хозирданоқ миллий эхтиёжлар доирасидан чиқиб, икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро мақбул сиёсатни ишлаб чиқиш заруриятига айланди. Келгусида бу жараён кучаяди, унинг натижасида “миллий хавфсизлик” тушунчасига ўзгаришлар киритилади. Хар қандай ижтимоий-иқтисодий тизим хавфсизлиги ва унинг яшовчанлиги, иқтисодий ва технологик ривожланиш даражасида эришилган натижаларга, рақобатбардошлигига, хаётий сифати ва ташқи хавфдан химояланишига боғлиқ. Миллий хавфсизлик концепциясининг асосий кўринишлари таълим ва фаннинг ривожланиш даражасига, унинг очиклиги ва жахон интеллектуал имкониятларига қўшилганлик даражасига хам боғлиқ.



Интеллектуал салохият. Узоқ келажакка мўлжалланган кўпчилик башоратларда бахоланишича ИТИ нинг ривожланишида “инсон ресурслари” асосий ўрин тутади ва иқтисодий муваффақиятларни эгаллаш учун курашда рақобатли ўринни эгаллайди. Тадбиркорлик фаолиятининг интелектуал салохиятдаги ўрни хамма йўналишларда ўсиб бормоқда.
Интеллектуал салохият - бу фақатгина расмий билим эмас, у ўз ичига изланишлар натижаларини, патент, лицензия, шунингдек, ходимларнинг амалий характердаги кўникмаларини аниқ, технологик билимларнинг қўлланишини, бошқарув қарорларини, ташкилотчилик тажрибаларини хам ўз ичига олади.

Илмий-техник муаммоларни ечишда шахсий билим ва қобилиятни ўсиши содир бўлади, бу эса иқтисодиётда акс этиб, истеъмолчи ва бозорни забт этишда муваффақият келтиради.

Интеллектуал салохиятни - қувватлаб туриш учун ресурслар ажратиш ва ташкилий тадбирлар талаб этилади. Хамма мамлакатлар учун умумий жараён хисобланган таълим харажатларининг ўсиши миллий иқтисодиёт имкониятларига боғлиқ холда юз беради, инсонларнинг юқори махоратлари - иқтисодий қиймат сифатида тан олинади. ХХI аср бошларида, башоратларга кўра, янги ишчи ўринлари хар 3-холда олий маълумотни талаб этади.

Истиқболда ИТИнинг жамиятга таъсири икки йўналишда:

1. Анъанавий, инсоннинг хилма-хил эхтиёжларини ва жамиятнинг янги техника, товар ва хизматларга бўлган ўсиб борувчи талабларини кондирувчи;

2. Хаётни таъминловчи, илмий-техника инқилобининг салбий оқибатлари, техника халоқатларининг олдини олиш ёки компенсациялаш, бўлиши мумкин.

Айни вақтда ИТИ нинг 2-йўналиши аста-секин 1-ўринга чиқади. Бу эса ИТИ нинг аввалги жўшқинли белгиларини йўқотишга олиб келиши хам мумкин. ИТИ ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқлик, кўриниб турибдики, хали мураккаб ва қийин бўлсада, технологик қолоқликлар изларини бартараф этиш ишлаб чиқариш унумдорлигини ва бошқа хўжалик самарадорлигини таъминлайди. Инсон фаолиятининг турли тармоқларига, айниқса, номоддий ишлаб чиқаришга янгиликларни сингдириш жараёни, жуда мураккабдир. Бирок, иқтисодий ўсишга интилиш, турмуш сифатининг яхшиланишида ўз аксини топади. Бундай холатда ИТИ ни янги турмуш тарзини шакллантиришдаги роли кучая боради.

Илмий-техник имкониятлар мазмуни асосан умуминсоний муаммоларни ечишда, цивилизациянинг келгусида ривожланишини таъминланиши имкониятларида характерланади. Хозирданоқ илмий изланишлар ва янги технологияларни ишлаб чиқариш, техно ва экосистемаларни бошқаришда устивор йўналишлар кўзга ташланмоқда. Технология ва ижтимоий тараққиёт, фан-техника ва демократик ўзгаришлар, техник маданият ва таълим муаммолари, информатика, илмий заковат, ижтимоий-иқтисодий имкониятлар ва улардан фойдаланиши оқибатлари, фан ва техниканинг фавкулодда ривожланишни тезлаштириши каби муаммолар мажмуаси ИТИ истиқбол йўналишларини башоратлашда мухим ахамият касб этади.



6.3. Илмий-техника инқилобининг ишлаб чиқариш кучларининг жойлашишига таъсири ва иқтисодий ўсиш.

ИТИ ишлаб чиқариш кучларининг (айниқса саноат тармоқларида) жойлашишига кучли таъсир этмокда. Натижада ишлаб чиқариш кучларининг худудий ташкил қилиш ва худудий таркиб тамойиллари ва ўлчовлари хам ўзгармоқда. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда классик “штандорт” назарияларининг янги ижтимоий-иқтисодий шароитга мослашуви юз бермоқда ва унинг янги йўналишлари- “ривожланиш қутби” , “регоинал иқтисодиёт” ва бошқ. таълимотлар юзага келди ва ривожланиб бормоқда.

ИТИ ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришдаги кўпгина классик омиллардаги ўзгаришларга ва янги омилларни хаётга тадбиқ этишга олиб келди. Бу омиллар қуйидагилардан иборат:

1. Худудий концентрация (умумлашув) омили ёки агломерация омили. Бу жараён кичик худудларда ишлаб чиқариш тизимларининг тўпланишини ифодалайди ва ижтимоий мехнат самарадорлигини ошишига таъсир қилади. Айни вақтда, бу ахоли жойлашишида хам силжишларга олиб келди.

50-йилларнинг охирига қадар ишлаб чиқаришнинг худудий тўпланишида ички тармоқлар умумлашуви характерли бўлса, кейинрок ихтисослашув етакчи ўринга чиқди хамда районлараро ва халқаро мехнат тақсимоти имкониятларидан тўлароқ фойдаланишга олиб келди. Шунингдек, ноишлаб чиқариш сохалари турли хизматлар, ахборотлар ва илмий-техника ва тажриба-конструкторлик ишлари хам ишлаб чиқаришнинг худудий тўпланишига кучли таъсир кўрсатди. Худудий тўпланишнинг асосий шакллари саноат қўрғони, маркази, район хамда худудий ишлаб чиқариш мажмуалари ва саноат ишлаб чиқариш мажмуаларидир.



Ишлаб чиқаришнинг худудий тўпланишида эски саноат районлари роли ( пойтахтлар , йирик шахарлар, кўмир хавзалари ва бошқ.) катта бўлиб, жахон саноат ишлаб чиқаришнинг 3/4 қисмини беради. Аммо, ХХ асрнинг 70-йиллари ўрталаридан бошлаб ишлаб чиқариш ва ахолининг хаддан ташқари худудий тўпланиши атроф-мухитга кучли салбий таъсир эта бошлади. ХХ асрнинг 80-йилларидан бошлаб ишлаб чиқариш ва ахолининг худудий тақсимланишида марказдан кочма ва эски саноат районларини “енгиллатиш” дан иборат сиёсат амалга оширилмоқда. Кичик ва ўрта корхоналар, кичик завод ва фабрикалар ва кичик ГЭС барпо қилиш ёки ишлаб чиқаришни “миниатюралаштириш” кучайиб бормоқда. Бу йўналишларнинг тўғрилигини қатор мамлакатлар тажрибаси хам исботлаб турибди.

2. Иқтисодий - географик омил. Иқтисодий - географик холат тушунчаси фанга Н.Н.Баранский томонидан киритилган. Н.Н.Баранский ИГХ нинг мамлакат, район ва шахарларга нисбатан 4 та: 1./ марказий; 2/ ички / чекка / ; 3/ қўшничилик ; ва 4 / денгиз бўйи холатини асослаб беради. Денгиз бўйи холат мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир этса, чекка холат салбий таъсир этиши мумкин. Қўшничилик холати эса мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ. Айни вақтда мамлакатлар ўзларининг ИГХ яхшилашлари хам мумкин. Чунончи, Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, амалга ошираётган ишлари бунга мисол бўла олади.

3. Табиий-ресурс омили - индустрлаштиришнинг дастлабки босқичларида саноатнинг жойлашишига (тошкўмир ва темир рудаси хавзалари) кучли таъсир кўрсатган. ИТИ шароитида бу омил таъсири бир мунча сусайсада, қазиб берувчи саноат жойлашишида бош омил бўлиб қолмоқда. Эски қазиб берувчи районларда табиий ресурсларнинг озайиши ва сифатининг ёмонлашуви, уларнинг ўзгартирилиши қийин, мураккаб экстремал шароитлардаги худудларга силжиши кузатилмоқда. Жумладан, Шимолий районлар 20 млн.км2 бўлиб, бунинг 11 млн.км2 Россияга карашлидир. ИТИ ютуқлари бу худудларни ўзлаштириш имкониятларини юзага келтирди. Шунингдек, континентал шельф минтақаси ( 31млн.км2 ) ўзлаштирилмокда ва дунё бўйича қазиб олинаётган нефтнинг 25 % , табиий газнинг 20 % тўғри келмокда. Шунингдек, Шимолий денгиз, Кариб хавзаси, Канаданинг шимоли, Австралиянинг ички районлари, Россиянинг Ғарбийва Шарқий Сибир, Узоқ Шарқ худудларини интенсив ўзлаштирилишида ИТИ шарт-шароит хозирламоқда.

4. Транспорт омили - ИТИ даврига қадар ишлаб чиқаришнинг жойлашишида ва истеъмолда деярли етакчи омил саналса, махсулот таннархига кучли таъсир қилиб белгиловчи мавқени эгаллаган бўлса, транспорт йўлларининг ва транспорт воситаларининг такомиллашуви транспорт харажатларини сезиларли қисқаришига олиб келади. ИТИ туфайли юзага келган “транспорт инқилоби” ишлаб чиқаришни “ресурсли худудлар” га боғлиқлигини камайтирди. Минглаб километрга чўзилган нефт ва газ қувурлари, денгиз транспорти (махсус юк кўтаришга мўлжалланган танкер ва супертанкерлар) ишлаб чиқариш ва ахолининг денгиз бўйларига силжишига таъсир кўрсатмоқда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан нефть ва табиий газни Ғарбий Европа мамлакатларига экспорт қилиниши, Россиядан Европа мамлакатларига тортилган нефть (Дружба) ва табиий газ (Братство, Шимолий ёгду) қувурлари, Мексика қўлтиғидан АҚШ шимолига қадар чўзилган қувурлар, ва бошқа ИТИ таъсиридаги транспорт воситалари районлараро, мамлакатлараро ва халқаро мехнат тақсимотининг чуқурлашуви ва кенгайишига кучли таъсир этмоқда.

5. Мехнат ресурслари омили - ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг “классик” омилларидан бўлиб, ИТИ таъсирида мухим силжишлар юзага келмокда. ИТИнинг мехнат ресурсларига таъсири иккиёқлама - янги саноат ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари бошқа мамлакатлардан қўшимча ишчи кучини импорт қилса, иккинчи томондан арзон ишчи кучи худудларида (йирик транснационал корпорацияларининг бошқа мамлакатлардаги филиаллари ва корхоналари) янги саноат корхоналарининг барпо этилиши билан боғлиқ. Ғарбий Европадаги (йирик иқтисодий салохиятга ва яхши инфратузилмалар мавжуд) саноат районлари ва шахар агломерацияларида бошқа Европа мамлакатларидан, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги арзон ишчи кучларидан АҚШ, Ғарбий Европа ва Японияда кенг фойдаланилмокда.

ИТИ шароитида аёллар мехнатидан саноатнинг энг янги тармоқлари электроника ва радиоэлектроникада оммавий ишлаб чиқариш тизимида фойдаланиш кучайди. Айниқса, юқори малакали мехнат ресурсларига бўлган талаб, ишчи кучининг сифат таркибига бўлган талабни тобора кучаймокда ва “ақл оқими” нинг ўзига хос йўналишларини юзага келтирмоқда.



6. Инфратузилмалар омили - ИТИ кучли бўлган инфратузилмалар мажмуасининг ишлаб чиқариш кучлари жойлашиши ва минтақавий ривожланишига таъсири катта бўлмоқда. Ишлаб чиқариш инфратузилмалари, аввало транспортнинг ахамияти ишлаб чиқариш кучларини денгиз бўйига силжиши, янги худудларни ўзлаштириш билан боғлиқ “ривожланиш қутблари” ва “ривожланиш йўлкалари” нинг шаклланишида кўзга ташланмокда.

Ноишлаб чиқариш инфратузилмалари - ижтимоий-маиший тузилмалар, хизмат кўрсатиш, ахборотлар тизими, айниқса маркетинг тизимининг (фирма ва корпорацияларнинг барча фаолиятининг қамраб олувчи истеъмол эхтиёжлари ва унинг ўзгаришларини тадқиқ қилувчи) ривожланганлик даражаси катта ўрин тутмоқда.



7. Илмталаб омил - ишлаб чиқариш кучларининг янги ва энг янги тармоқларини жойлашишида асосий ўрин тутмоқда. Бу жараён аввало илмталаб ва ахборотлар тизими билан боғлиқ ишлаб чиқаришни илмий-маданий мухит мавжуд йирик шахар ва шахар агломерацияларида тўпланишига олиб келмоқда. Натижада, фан шахарлари юзага келмоқда. Жумладан, Россияда-Москва, Санкт-Петербург ва Новосибирск, Францияда-Париж, Японияда-Токио, Данияда-Копенгаген, Болгарияда-София, АҚШда- Унивеситетлар, Ўзбекистонда-Тошкент бош илмий-тадқиқот марказларидир. Шунингдек, илмий-тадқиқот парклари, илмий-тадқиқот марказлари шаклланмоқда. Айни вақтда, айрим мамлакатлар учун фаннинг худудий ташкил қилишда умумлашув жараёни характерли бўлса, айрим мамлакатларда худудлар бўйича бўлиб юборилганлиги кўзга ташланади.

8. Экологик омил - ИТИ шароитида тобора роли ортиб бормоқда. Индустрлашган ва урбанизациялашган худудлардаги сув, Тупроқ ва атмосферанинг ифлосланиши, атроф-мухит муаммосининг ғоят кескинлашганлиги, саноат ва ахолининг янада тупланишини, чеклаш заруриятига олиб келди. Натижада, қатор мамлакатларда “ифлос ишлаб чиқаришни кўчириш” сиёсати амалга оширилмокда. Бу босқичнинг асосий хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин.

  • Иқтисодиётга узлуксиз инновация сарфлаш жараёни технологик, ташкилий ва ижтимоий сохаларда чуқур ўзгаришларга олиб келмокда. Ривожланиш ва инсон ресурсларидан фойдаланишнинг янги модели, юқори малакали мехнатга асосланган, интеграциялашган ишлаб чиқариш тизими шаклланмокда.

  • Номатериал жамгармалар улкан ахамиятга эга бўлиб, шу жумладан инсонга капитал маблағ сарфланиши материал жамгармага нисбатан устивор йўналиш касб этмокда.

  • Ахборот-мухит ишлаб чиқариш кучига айланмокда. Уни ишлаб чиқиш, қайта ишлаш, тарқатиш, ахборот инфраструктурасини ташкил этиш ва ахборот тармоғининг рақобатбардошлиги-иқтисодий ўсишнинг зарурий шарти бўлиб қолмоқда. Ахборот алмашиш интенсификацияси инсонлар хулқи ва онгига хам катта таъсир кўрсатмокда.

  • Тармоқ мажмуаси хизматининг хозирги шароитида ишлаб чиқариш функцияларини бажариши ахоли бандлигини таъминлашнинг бош сохасига айланмокда. Унинг асосида ахборот ва интеллектуал фаолиятда янги сектор шаклланмоқда.

  • Ривожланишнинг янги босқичи жараёнида рақобатнинг туғилиши ва иқтисодий барқарорлик шароитида жамиятнинг юксак мослашувчанлиги кузатилмокда. Жамоатчилик институтлари, касб-махорат ва ижтимоий-синфий структуралардаги харакатчанлик ўсмокда.

  • Хусусий тадбиркорлик тизимида, ижтимоий йўналиш кучаймокда. Капитал устидан жамоатчилик назорати кучаймокда, корпорацияларнинг ижтимоий харажатлари ўсмокда. Жамиятнинг ривожланишида ижтимоий йўналиш ортмокда.

  • Ижтимоий-синфий структура мураккаб ва “ранг-баранг” бўлиб бормоқда. турли ижтимоий қатлам ва синфларнинг яқинлашуви, ўзаро киришиши кучаймокда. Турли ижтимоий қатламлар аралаш белгиларга эга, бандлар сони ўсмокда, унда ижтимоий белгилар аралашиб кетмокда (ёлланма ишчи-мулкдорлар, юқори малакали мўтахассис-тадбиркорлар ва бошқ.)

  • Қудратли ахборот тизимининг ёйилиши, ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви, “совуқ урушнинг” тугаши ва бозор иқтисодиётининг кенг тарқалиши натижасида жахон давлатлари ўртасидаги хамкорлик кучаймокда.

6.4.Илмий техника инқилобининг ХХ аср охири ва XXI аср бўсағасида дунё хўжалигига таъсири ва атроф-мухит муаммоси.

  • XVIII-XIX асрлардаги саноат инқилобига қадар дунё хўжалиги тизимида аграр ишлаб чиқариш хукмронлик қилган. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа у билан боғлиқ тармоқларда асосий моддий бойлик яратилган.

  • XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида иқтисодий жихатдан ривожланган Европа мамлакатларида ва АҚШ иқтисодиётида етакчи ўринни саноат эгаллади, дунё хўжалиги тизимида индустриал таркиб шаклланди.

  • ХХ асрнинг иккинчи ярмидан дунё хўжалигига ИТИ нинг таъсири кучайди ва бунинг оқибатида мутлако янги таркиб, “постиндустриал” ёки “ахборотлар таркиби” жадал ривожлана бошлади. “Постиндустриал” таркибнинг характерли хусусияти аввало ишлаб чиқариш тармоқларига нисбатан ноишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишидир. Моддий ишлаб чиқариш секторида саноат ва унда банд бўлганлар хиссасининг қисқариш жараёни бошланди. Айни вақтда хизмат кўрсатиш сохалари ва хизмат турлари, илм-фан, маориф ва маданият тез ривожланмокда. 1955 йилда АҚШ да дунё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб ноишлаб чиқариш сохасида бандлар сони ишлаб чиқариш сохаларидаги бандлар сонидан ўтиб кетди ва буғунги кунда хам ноишлаб чиқариш сохасидаги бандлар сони юқори бўлмокда (мамлакатда банд ахолининг 2/3 қисми тўғри келади.)

  • Дунё бўйича интеллектуал соха ўз таркибига мактабгача тарбия тизимлари, бошлангич ва ўрта мактаб, лицей ва касб-хунар коллежлари (техникум даражасида), олий таълим, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик бюролари, билимларнинг оммавийлашуви, босмахоналар фаолияти, газета-журнал, радиотелевидение, шунингдек, согликни саклаш, жисмоний тарбия ва спорт, дам олиш-туризм, турли кўнгил очиш тизимлари, коммунал хўжалик тизимини олади ва ишлаб чиқариш кучларининг янада ривожланишида мухим омил бўлмоқда.

  • Узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган истеъмол товарларига бўлган эхтиёжнинг барқарор ўсиб бориши натижасида-автомобиллар, телевизорлар, видеомагнитафонлар, ЭХМ, совутгичлар, мебеллар ишлаб чиқариш кенгаймокда.

  • Ахолининг тобора кўпроқ банклар, мехмонхоналар, туристик фирмалар, суғурта компаниялари, авиакомпаниялар ва бошқа хизмат турларига бўлган эхтиёжи маркетингнинг, минтақавий ва халқаро маркетингини янада ривожланишига олиб келмокда.

  • ИТИ нинг дунё хўжалик тизимига барқарор таъсири айни вақтда жамият ва табиат ўртасидаги тўғри ва қайта алоқаларни янада мураккаблаштирди.

Индустрлаштириш, қишлоқ хўжалигининг интенсивлашуви, урбанизация, транспорт тизмининг тўхтовсиз ривожланиши ва инсоннинг табиий ходисаларига аралашишининг кучайиши оқибатида табиатдаги салбий жараёнлар хам кучайди. Бу жараёнлар халқаро тусга эга, мамлакатларнинг барчаси учун хосдир. Буғунги кунда иқтисодий ривожланган мамлакатлар, бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар ва ривожланаётган мамлакатларда жиддий экологик муаммолар юзага келди. Бу табиий ресурслардан фойдаланишнинг ўсиши, табиатга турли саноат ва маиший чикитларнинг кўплаб ташланиши, шахар ва шахар агломерацияларидагина эмас, балки қишлоқ жойларида хам ахоли ва ишлаб чиқариш “зичлиги” нинг ортиши билан характерланади.

ИТИ табиатга ўз салбий таъсирини фақат кучайтирибгина колмай, балки унинг ноқулай оқибатларини бартараф этиш ва атроф-мухитни яхшилаш учун шарт-шароитлар хам хозирламокда. Бундай тадбирлар мажмуасига ишлаб чиқариш кучларини-экологик омиллар асосида жойлаштириш, деконцентрация, саноат ишлаб чиқариш шахар агломерацияларини енгиллатиш (дегломерация), дам олиш, химоя - санитария минтақаларини барпо қилиши ва бошқ. киради.



  • ХХ аср охири XXI аср бўсағасидаги халқаро муносабатлар тизимидаги янги жараёнлар дунё микёсида экологик сиёсатни ишлаб чиқиш ва халқаро дастурларни (Орол ва Орол бўйи муаммоси бўйича, “Инсон ва Биосфера”, “Атроф-мухит муаммоси” каби) амалга ошириш мухим ахамият касб этмоқда.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет