ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА
ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ
ВАЗИРЛИГИ
ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
ҚУРАТОВА МАНЗУРА ЯРҚИНБАЕВНАНИНГ
Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари бадиияти
(Адиб ҳакоялари мисолида)
МАВЗУСИДАГИ БИТИРУВ-МАЛАКАВИЙ ИШИ
ИЛМИЙ РАҲБАР: доцент Қ. КЎБАЕВ
ГУЛИСТОН - 2013
Мавзу: Хуршид Дўстмуҳаммад асарлариДА БОШ ҚАҲРАМОН МАСАЛАСИ
Режа:
Кириш.
I боб. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида бош қаҳрамон тавсифи
II боб. Ҳикояларида характер яратиш маҳорати
Хулоса
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Кириш
Мавзунинг долзарблиги. Ҳикоя жанри кўп даврлик ривожланиш босқичи давомида неча марта янгиланиб, қайта-қайта шаклланиб, тараққиёт сари юксалиб бормоқда. 2000-йиллар ўзбек ҳикоячилигининг анъанавий реалистик адабиётдан ажралиб турадиган катта фарқи шакл ва мазмунда рўй берадиган ўзгаришларда кўринади. Ҳозирги ўзбек ҳикояларида давр кишиларининг ўй-ташқишлари, қувонч ва изтироблари ифодаси кенг ўрин эгаллаб, илгари учрамаган янги-янги образлар пайдо бўлмоқда. Бу имкониятлар таниқли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикояларида миллий насримизга янги мавзу, янги материал, янги қаҳрамонлар олиб келди.
Шу ўринда юртбошимизнинг «Бирон бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур эта олмайди»1 - деган фикрларини эслаш жоиз. Ушбу фикрларни бугунги кун ҳикоячилигининг инсонга берадиган маънавий таъсир кучи билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида маънавиятнинг турли жабҳалари турли хил характерлар ёрдамида янгича талқин ёки янги типдаги тимсоллар орқали шакллантирилган.
Ёзувчи ижодидаги, айниқса ҳикояларидаги характерларнинг ўзига хос талқинини ўрганиш, унда тасвирланган тимсолларнинг инсон маънавиятига берадиган таъсирини аниқлаштириш, уларни юзага келтиришда ёзувчи маҳорати масаласи ва ёзувчи қўллаган услубларни ўрганиш бугунги кун адабиётшунослик соҳасидаги долзарб муаммолардан бири дея ҳисоблаймиз.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоянавислик маҳоратини ўрганиш ва таҳлил қилиш битирув малакавий ишининг долзарб мавзудалигини асосидир.
Битирув малакавий ишининг мақсади ва вазифалари. Битирув малакавий ишдан кўзда тутилган асосий мақсад ҳозирги ўзбек ҳикоячилигида ўзига хос ўринга эга бўлган ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида бош қаҳрамон масаласи, адибнинг бадиий маҳоратини ўрганиш ва таҳлил қилиш. Ушбу масала ечими қуйидаги вазифаларни амалга ошириш туфайли юзага чиқади:
-
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикояларида характер яратиш маҳоратига эътибор бериш;
-
Характер яратишда ёзувчи қўллаётган услуб ва ўзига хос тимсолларни ўрганиш;
-
Ҳикоялар бадииятини ёзувчининг баддий маҳорати нуқтаи назаридан тадқиқи этиш;
-
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сўз қўллашдаги ўзига хос жиҳатлари ва яратган образларидаги миллийлик унсурларини текшириш кабиларни тадқиқ этиш назарида тутилган.
Ишдаги илмий янгиликлар ва эришилган натижалар. Битирув малакавий ишнинг илмий янгилиги бу мавзу юзасидан ҳали йирик тадқиқот ишлари яратилмаганлигида кўринади. Хуршид Дўстмуҳаммад асрлари, хусусан, ҳикояларида бош қаҳрамон, бадиий маҳорат масалалари кичик тадқиқотлар айрим масалалардагина тадқиқ этилгани, ҳали аниқ умумий назарий хулосаларга келинмагани бунинг исботидир.
Ишда Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида характер яратишдаги ўзига хосликлар аниқланди. Шунингдек, ишда ёзувчи ҳикояларида бош қаҳрамон, бадий маҳорати масаласи ҳикояларни таҳлил ва тадқиқи этиш орқали илк бора атрофлича текширилди.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоялари бадиияти кенг миқёсда ўрганилди ва зарур ўзига хос назарий хулосаларга келинди. Эришилган натижалар шуларда кўринади.
Ишнинг амалий аҳамияти. Ушбу битирув малакавий иши ҳозирги ўзбек насри тараққиётини ўрганишда ҳамда ҳикоячиликдаги ўзгаришларни аниқлашда муҳим манба бўлиши мумкин. БМИ дан реферат ишлари, ёзувчи адабий портрети билан боғлиқ тадқиқотлар ва БМИлар ёзишда фойдаланиш мумкин.
БМИ нинг тузилиши. Битирув малакавий иши кириш, икки асосий боб, умумий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
I боб. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларида бош қаҳрамон тавсифи
«Ўзбек бадиий насри кейинги йилларда ижодий – услубий ранг-баранглиги, руҳий ва фалсафий таҳлил, характерлар ва мавзулар талқини борасида жиддий янгиланишлар, ўзгаришлар ҳисобига бойиди. Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги прозамизни янги шаклий-услубий ва тасвирий изланишлар билан бойитаётган ёзувчиларимиздан»1.
Ўзбек ҳикоянавислиги мустақиллик даврида ўзига хос шаклий изланишлар даври бўлди. Кейинги йилларга келиб ўзининг ранг-баранг мавзулар кўлами ва шаклий ўзгаришларининг янги кўринишлари билан ҳам ажралиб туради.
Ҳикоянавислик соҳаси ўзига хос кенг миқёсдаги шаклланиш даврини бошидан ўтказди. Унинг илк илдизлари мумтоз адабиёт намуналари таркибида шаклланди. Ва кейинчалик ўзининг специфик хусусиятларини ўзида мужассам этди.
«У жуда кўп даврларни, муаллифларни, ранго-ранг ғояларни, ҳодисаларни, хилма-хил қаҳрамонларни кўрди, аммо унинг ҳажми, шакли деярли ўзгармай келаяпти»2 - деб ёзган эди мунаққид Умарали Норматов.
Ҳозирги кунда яратилаётган ҳикояларда янгича шакллар, мавзу ранг-баранглиги, қамров йўнилишининг кенглиги, шакл ва мазмундаги изланишлар яққол кўзга ташланмоқда. Ҳикоялардаги бундай ўзгаришлар, янгиланишлар, миллийлик, аввало янги ҳаётий воқеа-ҳодисалар, янги характер ва образлар яратишдан бошланмоқда.
«Ҳикоячилик жанрининг бадиий такомилига хос белгилардан бири шундан иборатки, ёзувчиларимиз юзага келган ижодий эркинлик туфайли ноанъанавийлик кўринишдаги, янги типдпги қаҳрамонларни, ўзига хос миллий характерлрни адабиёт майдонига олиб кирди»3. Бундан миллий характер муаммоси аввал бўлмаган деган хулоса чиқармаслик керак. Чунки ўзига хос миллий характерлар 60-70 йиллар ўзбек ҳикоячилигида ҳам муайян даражада шаклланган эди. Лекин аксариятида шўро мафкураси ғояларига бўйсуниш, ушбу ғоялар тарғиботи қисман бўлса-да кўзга ташланарди.
Ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги ифода, шакл ва мазмуни жиҳатидан анча бойиди. Характер, хусусан миллий характер яратиш борасида ўзига хос тажриба шаклланди. Бадиий характер яратиш борасида ҳукмрон мафкура тажовузидан холи бўлиш, шаклий-услубий изланишлар инсон руҳияти тадқиқотини янги бадиий мезонларга кўтаргани сезилади. Бундай йўналиш Хуршид Дўстмуҳаммад ижодида ҳам кўринади. Унинг жиддий изланишлари натижасида янгича тасвир, теран фалсафий-бадиий талқин, қаҳрамон руҳиятини ифода этишга интилиш каби хусусиятлар асосий тенденцияга айланган.
Ёзувчининг кўпчилик ҳикояларида ўзбек ҳикоячилигининг ғарб адабиёти намуналари билан уйғунлашган ҳолатдаги шаклини кузатиш мумкин. Ёзувчи бундай ҳикояларни ҳозирги модернистик услуб деб аталган йўналишда ёзган.Яъни аксар ҳикояларда рамзийлик образлиликка уйғун ҳолатда акс эттирилган. Рамзий образларнинг талқини, мажозийлик ҳикояларининг асосини ташкил этади.
Хусусан, ёзувчининг «Жажман» ҳикояси бунинг яққол далили.
Ушбу ҳикояда ХХ аср жаҳон адабиётининг миф ва ривоятлар, армзий образларга мурожаат қилганлари кўзга ташланади. Илғор анъаналарни ижодий давом эттириш йўлидан боган ёзувчи ҳам «Жажман» ҳикоясида қаҳрамонни рамзий образлар, ғайриоддий вазиятлар қуршовида яратди. У драмматик лаҳзаларга бой, кутилмаган вазиятларни кўрсатиш орқали миллий характер яратишга доир ўзига хос йўллар излайди. Ҳикояда Жажман Зардушт бобо ҳақидаги фалсафий фикр ва мулоҳизалар, дунё ҳақидаги ҳикоялар турли бадиий тасвир воситалари орқали, балки табиий ва жонли ҳолатда тасвирлаб берилган. Ёзувчи ҳикояда бир қанча характерларнинг намуналарини яратган. У ҳаракатлар, имо-ишоралар, турли ҳаётий тўқнашувлар орқали дунёдаги даврдаги бир қанча шахсларнинг фиёфасини, маънолар оламнини чиза олган, муайян тасаввур уйғота олган.
Хуршид Дўстмуҳаммад Жажманнни ўзига хос маънолар жамланмаси сифатида тасвирлайди. Яъни уни кичкина, кўзга кўринмас, еб тўймас маҳлуқ сифатида намоён қилади. Ундаги ушбу умумлашмалик, барча ҳатти-ҳаракат инсонлардаги салбий характерлар жамланмаси, нафснинг рамзи дейиш мумкин. Зардушт бобо эса инсониятни эзгуликка чақирувчи, огоҳ этувчи образ бўлиши керак, лекин асарда ушбу тимсолнинг ҳатти-ҳаракатларида сустлик, ночорлик ва ҳаракатсизлик сезилади. Асарда жажманнинг портрети шундай берилади:
«Бобо шундагина бу ғаройиб жондорнинг башарасини аниқ-тиниқ кўрди-маҳлуқнинг кўзи, қулоғи, тумшуғи дам сичқоннникига, дам тулкиникига ўхшаб тинимсиз товланар эди...»Олмахон-ку!» деб юборди ичида бобо ва шу заҳоти бошини чайқаб, «тулки минан сичқондан тарқаган кўринади», деган ҳаёлга борди, бир пас жим қолгач эса, «қорни кенгуриники..-деди пичирлаб, лекин махлуқ қаддини ростлаб икки оёқлаб бораётганини кўриб, «Ё, одамдан тарқаганмикин?!»деб ўйлади ва беихтиёр шак келтириб қўйгандек шошиб ёқасига туплади...»1.
Бунда тасвирланган махлуқ жуда кичик бўлишига қарамай, жуда эпчил ва чаққон, шу билан бирга очкўз ҳам эди. У пайдо бўлган кунидан бошлаб тим аҳлининг ҳаловати йўқолди. Чунки у қўлига илинган насани оғзига солар, шунингдек, кенгуруникига ўхшаш халтасини ҳам тўлатиб борар эди.
Асарда Зардушт бобо образи ва Жажман икки қарама-қарши характер. Улар ёзувчининг ушбу ҳикоя учун мўлжалланган асосий ғоясини ташиш вазифасини олган.
Зардушт бобо-ижобий образ, лекин бу образда фаоллик етишмайди. У атрофда Жажман билан боғлиқ юз бераётган барча воқеликни кўриб, идрок этиб турса-да, тим аҳлига лом-лим демайди. Аслида у бу махлуқнинг нима эканлигини илк кўрган заҳотиёқ билган, бундан барчани огоҳ қилиш унинг вазифаси эканлигини ҳис қилган эди. Лекин у асар охиригача ҳам барибир тим аҳлига буни ошкор қилмайди.
Ёзувчининг позицияси, балки асарда шундай одамларни кўзи ўз хулосаларига кўра очилишини исташдадир. Лекин улар Жажманни биринчи пайдо бўланида нафрат билан, кейинчалик эса катта қизиқиш билан кузатади. Ҳатто уни эрмак қилишни одат қилишади:
«...Махлуқ кўринди дегунча «Ма, Жажман, ма!» деб унга майиз, писта, ёнғоқ ташлайдиганлар чиқди. Жажман ҳеч кимдан тап тортмас, ҳаш-паш дегунча: «хайр-садақа»ни еб-халтасига солиб битирар, туршакни гоҳ данаги билан ютиб юборар, гоҳ қарсиллатиб чақиб мағизини чаппиллатиб чайнар эди. Унинг зиғирдек қўли, бармоқлари, зиғирдек тумшуғи-ю сичқонникидай оғзига, моғор тусидаги митти кўзларига қараб...бозорчилар кулгани-кулган эди, бора-бора унинг еб-тўймаслигидан, очофатлигидан юмалаб-юмалаб кулиб вақтичоғлик қиладиган бўлдилар. «Уни мен тўйдираман! Йўқ, қорни ёрилиб кетгунча мен боқаман уни!» деб баҳс бойлайдиганлар чиқди, лекин ҳар сафар «Тўйдираман!»деб катта кетганлар чув тушаверди, Жажманнинг еб тўймаслиги сирлигича қолаверди...»1.
Ушбу «сир»ни юқорида ҳам таъкидлаганимиздек Зардушт бобо фахмлар эди. Чунки у болалик чоғларидаёқ бу махлуқнинг моҳиятини англаб олган эди. У момоси Оташ момонинг қучоғида чўпчак эшитиб катта бўлган чоғларини эслади ва бир куни ухлаб қолиб кўрган тушида осмондан ёпирилган қузғунларни кўргани, кейин эса момоси сўзлаган ривоятдаги катта ҳовучли девсифат махлуқнинг момосини кафтларига солиб олиб кетиб қолганини эслайди. Шунда момосининг лом-лим демагани ва қайтиб уйғонганлигини эслайди. Бу ҳовучлар Ахраманнинг ҳовучи эканлигини Зардушт бобо биларди. Бу махлуқ Жажман эса ана шу Ахраманнинг Аҳурамаздага қарши жўнатган мавжудоти эканини ҳам биларди. Чунки ушбу махлуқ икки томон курашида Ахраман қўллаган қурол каби пайдо бўлади ва Аҳурамазданинг қуроли бўлган оловда ҳам ёнмайди. Ҳатто уни мазахлаб, елкаларига чиқиб-тушиб ётади.
Булардан келиб чиқадиган хулоса шуки, ушбу махлуқ-нафснинг рамзи. У асар ғоясига кўра ёвузликдан пайдо бўлган ва эзгулик илоҳининг қудрати унинг олдида ожизлик қилади.
Бу ҳақида адабиётшунослар ҳам ўз муносабатларини билдириб келмоқдалар.
«Ёзувчи ҳикоясида Жажманни ўзи кичкина, кўзга кўринмас, еб тўймайдиган махлуқ сифатида тасвирлайди. Унинг барча хатти-ҳаракатлари инсондаги ёмон феъл–атворлар, нафси бузуқлик иллатининг рамзий кўринишларига ўхшайди. Зардушт бобо эса инсониятни доимо эзгуликка, яхшиликка чақириб, огоҳ қилиб турувчи образга айланади»1. Олимнинг таъкидлашича зардуштийлик таълимотидаги Ахурамазда-эзгулик рамзи бўлиб, Зардушт бободан асарнинг бир ўрнида таралган нур ўша таълимотнинг тимсоли сифатида гавдалантирилганига ишорадир.
«Рамзий Жажман орқали одамлардаги манфаатпарастлик, очофатлик, тубанлик, разиллик тасвирланса, Зардушт бобо сиймосида олижаноблик ақл ва тафаккур билан иш юритиш яратганга шукрона қилиш ифода этилади. Ҳикоя эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги абадий кураш – икки қарама-қарши дунёқарашга эга бўлган образ орқали чуқур умумлаштирилиб берилади»2.
Шунингдек, олим ҳикоядаги барча рамзларга ўзига мос баҳоларни беради ва рамзийлик айнан қайси маъноларни бераётганлигини конкретлаштирган ҳолда баён қилади:
«Ҳикоя сюжети реал ижтимоий ҳаёт воқеалари асосига қурилган. «Жажман» соф рамзий-фалсафий ҳикоя. «Бу ерда Бозор - дунёвий ҳаёт, Жажман – нафс, Зардушт бобо-иймон, эътиқод, оломон-маърифатсизлик рамзи»,-деб таъкидлайди ёзувчининг ўзи. Ҳикояда шарқ фалсафий дунёқарашининг ўзига хос талқини, миллий характерлар, миллий колорит ўз бадиий умумлашмасини топган»1.
Бунда ёзувчининг ўзи ҳикоянинг рамзий-фалсафий мазмун касб этаётгани таъкидланганлиги маълум бўлади. Шунда аслида ушбу тимсоллар бугунги кун инсонларини ҳам ёвузликларда огоҳ этиш учун яратилганлиги аёнлашади.
Зардушт бобо юқорида ҳам таъкидлаганидек иймон рамзи бўлса-да, асарда унинг курашувчанлиги умуман сезилмайди. У нима эканлигини билиб турган воқелиги учун оддий томошабин бўлиб қолаверади. Масалан, ҳикояда Жажман тим аҳлини безор қилиб, ҳатто уларни мазахлашгача етганида уни ўлимга махкум қилишади. Шунда чопонли жийдафурушдан фотиҳа олиш ҳақидаги фикр чиқади:
-
Ҳой, яхшилар лоақал бобомиздан оқ фотиҳа олишни унутманглар. Шовқин ўша заҳоти тинди, оёққа қалққан издиҳом Зардушт бобо томон ўгирилди. Сўзамол ёнғоқфуруш тўда олдига ўтиб бободан ижозат сўраб саволамуз термилди. Бобо кўзларни қисиб унга тикилди, сўнг ҳудудсиз осмонга кўз югуртирмоқчидек бошини вазмин кўтариб одамларнинг боши узра тўғрига-тим одоғи томон нигоҳ солди. Чурқ этган сас эшитилмас, жамоат нафас олмай бобонинг оғзини пойлаётган эди. Бобо рўпарасида илҳақ турган фуқаро дардида Аҳурамазданинг ўзидан мадад сўрамоққа лаб жуфтлади, лафз айтишга улгурмай тим адоғидаги девор ортидан... зорланганнамо гурсиллаган шовқин чалинди қулоғига»2.
-
«Яхшилар»га мурожаатларида ҳам кўп ўзига хос маъно бордек, чунки эзгулик кўп жойда ёвузлик чекинади. Одамлар эса ёвузликка ёвузлик билан жавоб қайтаради. Балки шунинг учун ҳам яна бир Жажман тимда пайдо бўлади.
Бобонинг курашчан эмаслиги яна бир эпизодда кўринади. Яъни у ўй оғушида ўрнидан туриб, ташқарига йўналган жойида Жажманга кўзи тушади. Ўша пайтда махлуқ ухлаб ётган майизфурушнинг рўпарасида мардона қуриб ўтириб олиб, лагандаги ошга қўл чўзгандай бемалол унинг қўйнини кавлаштираётган эди.Буларни шунингдек, Жажманнинг олган пулини бобосидан ширинлик ундирган боладек ирғишлаб олиб кетаётганлигини ва девор туйнугидан пайдо бўлган қўшалоқ ҳовучга қопчиғини ағдариб топширганини кўриб туради. Лекин одамларни бундан огоҳлантириш фикридан қайтиб, Аҳурамаздадан уларнинг дилини нурафшон этишни сўраш билан чекланади.
Зардушт бобонинг бундай жим туриши ва Жажманни индамай томоша қилиши асарнинг яна бир қанча ўринларида учрайди. «Еганингча еяверчи», деди бобо шивирлаб. Жажманни чўчитиб юбормаслик учун, сўнг махлуқ жон ҳолатда қопчиғини тўлдиришга тушганини кўриб беихтиёр кулимсиради, «Нафсинг бузилгани кунинг битганиданмикан? –деб сўради »1.
Зардушт бобонинг индамай туриши бошқа тимдагиларнинг ҳам эътиборини тортади. Уларнинг Жажман ҳақидаги саволларига мийиғида кулиб турган бободан жаҳллари чиқади.
-
Барибир тутамиз!...Сиз кўмаклашмасангиз ҳам бу аблаҳнинг уруғини қуритамиз!..
Уларнинг бундай гапларига Бобо яна ичидан Ахурамаздага илтижо қилиб, ўз нурини дариғ тутмаслигини ўтиниши билан жавоб қайтаради.
-
Ҳаммасини кўриб турибсиз, айтсангиз бўлмайдими, бобо?! Қандоқ қилсак тутамиз, у баччағирни!.. Йўқотайлик, қутилайлик, хотиржам яшайлик, ахир!..2.
Лекин бу ўтинч ҳам Зардушт бобо томонидан жавобсиз қолдирилади. Чунки бобо энди бир кўнгилсизлик бўлишини ҳис этаётган эди. Ёзувчи нима сабабдан бобо характерини эътиқоди буюк, иймон нурини таратувчи қилади-ю, лекин инсонларни тўғри йўлга бошлаш каби миссия бажарувчи қилмайди, деган савол туғилиши мумкин. Бунга асосий сабаб, бизнингча, ёзувчининг бугунги кунда инсонлар бирор бир йўлбошчига бўйсиниб эмас, балки мустақил фикрлашлари, мустақил қарор қабул қилишлари лозимлигини айтиш билан огоҳлантириш беришда дейиш мумкин.
Хуллас ҳикоялардаги Зардушт бобо иймон-эътиқод рамзи ва ўзида эзгу ниятларни шакллантирган. Ўз динининг пешвоси сифатида талқин этилади. Лекин бўлаётган барча воқеаларнинг оддий томошабини бўлиб қолишда эса юқоридаги маъно бор.
Ҳикоядаги Жажман образида эса инсонларнинг нафси ва очкўзлиги рамзини кўриш мумкин. Жажман образи тасвирланишида негадир унинг одамларни мазахлаш, ҳаракатланаётганидаги уларга нисбатан ҳотиржам муносабат сезилади. Шунингдек, унинг ўзи очкўз бўла туриб негадир «ўлар ҳолатда ориқ, қўл-оёғи гугурт чўпидек қилтириқ, фақат у чунонам шиддат билан ҳаракат қилар, ҳаш-паш дегунча майиз уюмининг биқининин ўпириб ташлаган эди»1.
Ҳикоя давомида Жажман бирор марта сўзламайди, лекин асар охирида унинг уриб, йиқитиб, қўлга туширилганидан сўнг тим аҳли томонидан ўлдирилиши жараёнида унинг оғзидан бир оғиз сўз чиқди
-
Ло....кила!...Локил....ла!...2
Ушбу сўзнинг маъноси бир қараганда тушунарсиздек туюлса-да, бундан ўзига хос маъно топган адабиётшунослар ҳам мавжуд. Хусусан, Б.Рўзимуҳаммаднинг тадқиқотида кўзга ташланади. У ёш танқидчи Н.Довурбоеванинг «Ёшлик» журналининг 1991 йилги 5-сонидаги «Жажман»нинг жилвалари» мақоласидаги текширувларга муносабат билдиради. Унда Жажманнинг «Ло...кила!...Локил....ла!...»калимаси ҳеч қандай маъно англатмаслиги ҳақидаги фикрни инкор қилади. Тескарисига ўқиб кўрайлик: «ал...ликол! Аликол!» демак, у бозор аҳлига салом бераяпти. Чунки салом бергангина «алик ол» дейишга ҳақли. У ўзини таништирмоқда ва бошқаларни-да таниганини маълум қилмоқда1.
Бизнингча, эса бу сўзларнинг маъноси қандай салом берсанг шундай алик олинади, яъни ўзлари қилган ёмон амаллар учун жавоб олаётганларига ишора. Шунингдек, яна ушбу сўзлар яна бир Жажман келаётганини, унинг номидан саломига алик олишларини
Оқ либос
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг тарихий фактлар асосида ёзилга “оқ либос” ҳикояси ҳам ўзига хос услубга ега. Ҳикоянинг оқ либос деб номланишида ҳам рамзийлик бор. Чунки, китобхон оқ либос деган сарловҳасини ўқиши билан ҳикоянинг нима ҳақдалиги, унинг сюжети, нега бундай ном қўйилганига қизиқиши ортиб, ўқишга киришади. Бу ҳикояда оқ либос тинчлик рамзи сифатида гавдаланади. Зеро, оқ ранг поклик, софлик, тинчлик, беғуборлик, мусаффолик рамзидир. Бу ранг инсонга нисбатан берилганда ҳам ғализлик туғдирмайди. Ҳикояда Тошкентдаги тўрт дахани бирлаштириб, катта кент шаҳрига асос солган ҳоким Юнусхўжа ҳақида келтирилади.Юнусхўжа юртининг тинчлиги, халқининг маъсудлигига қарамай Ражаббектўрадек мунофиқ кимсаларнинг айёрлиги, тилёғламалигига учраб, унинг маккорона режасига учиб, хон тахтини олишни истаб қолади. Ражаббектўра хон Кентимизнинг обрўси кундан кунга ошаётганига душман кўзи билан қараб юртимиз остонасига бостириб келиши мумкин деган гап билан ҳокимни хонга қарши уруш қилишга кўндиради. Юқоридаги нияти билан ҳокимнинг ўғли Султонхўжани ҳам ўз мақомига солиб улгуради. Бу ёқда ҳокимнинг онаси зукко, ақлли, тадбирли ва ватанпарвар Омила онахоннинг бетоб бўлиб ётишида ҳам юртга садоқат меҳр-муҳаббат, ҳокимга нисбатан оналик меҳри уфуриб туради. Она шундай хаста ҳолида ҳам юртига, халқига соя солаётган қора булутларни сезади. У азобланаётган аҳволда ҳам ўғлини, юртининг тинчлиги, улуснинг осойишталигини ўйлаб тўлғанади, ўғлига маслаҳат беради.
-
Мени ризо қилай десанг юртга тинчлик бер… Кентнинг бошини қовуштирдинг… бунинг савоби йетти пуштингга йетади. У ёқда отангиз … биз тинч ётамиз, хон ўғлим. 31-бет.
Омила онахоннинг нақадар оқила, зийрак, донолиги қуйида айтган сўзларидан ҳам маълумдир.
-
Оқил ўғиллар онани- … улусни безовта қилмайдилар, болам. 31-бет.
Она ўғлига тинчликни сақлаб, юртни тўғри идора қилишни насиҳат қилади, Султонхўжа ва Ражаббектўра ҳокимни икки ёнидан олиб гап уқтиришлари хонни уруш очишига сабаб бўлади. Бобохонтўрадек маслахатгўйи, мулаҳазакор, содиқ сарбози йўқлигида ,юқоридаги гапларга учиб хонга қарши ҳарбий ҳолатга тайёргарлик кўришга ёпиқ мажлисда фармон беради.
Юнусхўжанинг бу қарорига даха бекларидан Рустамхонтўра ҳамдайетиб келган Бобохонтўрага маъқул келмайди.Бобохонтўра наздида ҳокимнинг қилиғи Юнусхўжадек оқил кишининг хон ўрдасига кўз тикиши уни ортиқ даражада ажаблантираётган, бу иш унга шер панжасига панжа уришга чоғланаётган мушукнинг қилиғини еслатаётган еди. Ҳокимни йўлдан қайтариш учун, оқибати нима бўлиши ҳақида саволлар келтирди. Йиғилиш сўнгида Пири Тархон ҳокимни ниятидан воз кечишига уринди. Ёзувчи бу образда тўғрисўз, адолатпеша, ҳақиқат учун бошини тикишга тайёр кимса сифатида гавдалантиради.
- Кўнглингиз хон тахтини тусаб қолибди-ку, ботинолсангиз… ёнимга ўзингиз кеелинг, - деди Тархон пинагини бузмай. 35-бет.
Унинг юқоридаги гапида ҳам қатият, ўзига ишонч довюраклик сезилиб туради. Бу Пири Тархон образи марказий образда туради. Ҳикоя сарловҳасидаги рамзийлик Пири Тархонга берилган.
-
Мен дунёга келганда йер юзида сену аждодларинг тугул, Кенту хонликларингдан ҳам асар йўқ еди. Еҳ-ҳе-е мана бундай зарбоф тўн кийганларнинг озмунчасини кўрдимми, тўрам … Мен еса оппоқ либосим – шу яктак, шу иштонда …36-бет.
Пири Тархоннинг сўзларидан шуни англаш мумкинки сендай хонлик талашганларнинг қанчасини кўрдим, улар ўтиб кетишди. Мен еса мана шу оппоқ либосда, яъни бир мақсаддаман. Пири Тархон юртни ўйлайдиган куюнчак, вазмин киши. Пири Тархоннинг донишмандлиги сўзлари: Ўлимга тик боқиш донишмандлик, ел-юртидан кўнгли тўқ кетиш еса- саодатдир. Онангни рози қил тўрам! 36-бет.
Ҳам чуқур маънога ега. Тархон юртни бесамар, натижаси номаълум ишга халқни безовта қилиш, тинчликка хавф солиш керакмаслигини уқтирмоқчи бўлади.
Унинг: - Юрт тинч- оналар тинч, юрт пароканда бўлса, оналар гўрида тик туради, тўрам … Муҳораба бошланса, ота – оналар руҳи безовта бўлади … 37-бет.
Юқоридаги сўзларида пир Юнусхўжага урушнинг натижаси ҳақида мулаҳазакорлик билан тушунтиришга ҳаракат қилади. Ўртанча ўғли Ҳамидхўжанинг Қураматепа вилоятини ишғол қилиши ҳам боши қотган Юнусхўжани қароридан кўнгли тўлмаганини англатади. Ҳокимнинг:
“…Инсон ҳаёти бунчалик кемтик бўлмаса,…Ҳушингда қувонсанг – тушингда қайғу, тушингда севинсанг – ҳушингда алам… Қай бири туш-у, қай бири ҳуш? Гоҳо фарқига йетолмайсан киши…” 38-бет.
Юнусхўжанинг мулоҳазаларида ҳам чалкашлик бўлиб, унинг чуқур ўйламай қилган қарори нотинчликка олиб келди. Ўғли Ҳамидхўжа Қураматепани ишғол қилган бўлсада биринчи зафар нашидаси узоққа чўзиломай балки халқ бошига бало ёғдирди. Тонгда бутун кентликлар дахшатли тошқин ва қуюн остида қолди. Бу қуюн уларни оқизиб кетмади, йўқ, балки уларни тиғи паррондан ўтказди.
Юнусхўжа ўзига келиб уйғонганда кеч бўлган еди, ёнида Пири Тархондан бўлак ҳеч зот йўқ еди. Омила она халқни тинчитиш учун оқ либосда улус ҳузурига чиқади. Хижрий 1172-йил тарих зарварақларига қирғинбарот юз берган сана сифатида қолди. Ҳикоя ҳокимнинг хонлик даъво қилиши оқибати, охири халқнинг тиғдан ўтказилиши, халқнинг нотинчлиги, юртнинг нотинчлигига олиб келди. Оқил ҳокимнинг охирги қарори юрт учун ел-улус учун қимматга тушди. Онасининг огоҳлантиришига қарамай Юнусхўжа қўшинни жангавор ҳолатга келтирди. Юнусхўжани тушида оқ катта хонани кўриши, ҳоким ҳузурида халқнинг зич тўпланиши ўнгидаги уруш оқибати еканлиги, онасининг рўмоли бўйнига тушиб бўғиши бу дахшатли қирғиндан аён берган еди. Ҳоким хулосани кеч чиқарди. Биз бундай дахшатли тарихий воқеаларни кўп ўқиганмиз . Бу ҳикоя ҳам тарихдан бир мисол воқеани бадиий услуб орқали жонли чизгилар тасвирида сўзлатилди. Ҳикояда Юнусхўжа, Пири Тархон, Омила онахоннинг образларига катта маҳорат юклатилиши билан бўёқлар орқали тасвир аниқ кўрсатилган. Тарих солномаларида бундай воқеаларни қаламга олган ёзувчиларнинг асарларини кўп бора ўқиганмиз. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “оқ либос” ҳикояси гарчи ҳажман кичик бўлсада ўзига хос услубга ега. Ҳикоя тили сода, ҳаммага тушунарли, тарихий сўзлар иштирок қилинмаган фақат муҳораба сўзи келтирилган.Ҳикояни барча ёшдагилар ўқиши мумкин. Ҳикояда бўрттириш, салбий ёки ижобий бўёқдорликка йўл қўйилмаган. Ҳикоянинг тили равон, тарихийликни озгина бадиийлик йўли билан тасвир етган. Ҳикояда персонажлар у ёқда турсин, бош образларга портрет тасвири берилмаган. Ҳикояда бош образлар Юнусхўжа, Омила онахон, Пири Тархонларнинг хатти-ҳаракатлари, табиатидаги ҳарактери аниқ ёритиб берилмаган. Уларнинг ҳарактерлари ҳикоядаги нутқларида ўз аксини топади. Ҳикоядаги сюжет катта бўлмасада, ҳикоянинг ғояси ёзувчи тамонидан очиб беролган. Юрт тинчлиги енг олий неъмат. Омила она зукко, ташаббускор аёл сифатида, Юнусхўжа адолатли, миллацевар, Пири Тархон донишманд, қатиятли киши сифатида тасвирланади. Юнусхўжанинг биргина сўнгги қарори унинг ижобий хислатларини ювиб кетади, балки ёт таъсирларга берилиб, юртни тўғри бошқарув тизимидан адаштиради. Бу йерда оқ либос портрет детал ҳисобланади. Оқ ранг ҳамма замонларда ҳам тинчлик-тотувлик, шодумонлик, ободлик, беғуборлик рамзи ҳисобланади. Тарихда урушда оқ байроқ кўтарган тараф таслим бўлдик, урушмаймиз, тинчлик тарафдоримиз деган маъноларни англатган. Ҳикоядаги оқ либос икки кишида кўринади. Пири Тархон ва Омила онахонда ҳар иккала образнинг мақсади битта – юрт тинчлиги, улус фаровонлиги, халқнинг тотувлиги, баҳамжиҳат яшашини истайди. Ҳикоя сўнгги аянчли тугасада, бундан ҳозирги кунда ўзимизга хулоса чиқаришимиз мумкин. Ҳамма замонларда одам ато билан момо ҳаво давридан то хон замонларигача ҳам тинчлик улуғланиб, қадрланиб келинган. Ҳаттоки, бугунги кунда ҳам бу сўзда қанча улкан маъно борлиги, унинг қадри ҳеч қайси юртда тушмаслиги кузатилади. Тинчлик дея қанча қонлар тўкилиб, бошлар узилган. Тинчликни ҳеч ким бермайди, балки унга сай-ҳаракатлар орқали еришилади. Шу ўринда ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам тарихда тинчлик нечоғлик қадрли бўлгани тарихий тарихий шахслар образи орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Ҳикоянинг юксак савияда, юксак дид билан ёзилганини ҳар бир китобхон ўзидан чиқиб баҳо беради. Ёзувчининг бу ҳикояси тарихийликни бадиийлик билан маълум даражадагина сўнгги ниҳоясини ёритган бўлсада, ҳикояда тинчлик масаласи юқори чўққига олиб чиқишга ериша олинган. Ҳикоядаги Юнусхўжа образига тавсиф берилмаган, балки хатти-ҳаракатларига катта аҳамият қаратилган. Омила она ва Пири Тархон образлари рамзийликка ега бўлган ҳолда, мақсадлари ҳам битта, ҳаттоки улардаги ҳарактер хусусиятларида ҳам ўхшашлик кузатилади. Ҳикоя маълум бир тарихий санани қамраб олган бўлсада, унда бадиийлик кучлик акс етган. Хуршид Дўстмуҳаммад тез-тез тарихий фактлатга мурожаат етиб туради. Биз буни унинг юқоридаги ҳикоясидан ташқари “Қазо бўлган намоз”, “Тўхтабойнинг бойликлари” ҳикоясидфан ҳам билишимиз мумкин. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад бедор мозийни тасвир етиш йўлида анча тер тўкиб маҳорати ошиб бормоқда. Ёзувчи ҳар бир ҳикоясида бош образга ўзига хос сифатларни юклайди. Ёзувчи бош образлардаги руҳий кечинмаларни, ички интим туйғуларни ташқи муҳитга чиқармаган ҳолда шундай тасвирлайдики, ундаги руҳий психологизм қаҳрамоннинг ўзига ўзи қарши кураш қилган ҳолда тушкунлик кайфиятини келтириб чиқаради. Бу услуб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ўзигагина тегишли ўзига хос юксак ижодкорлик, интилувчанлик, кузатувчанлик меваси сифатида намоён бўлади.
Достарыңызбен бөлісу: |