Андалус фатҳи
Учинчи қисм
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Абу Абдуллоҳ Шоший
Таҳрир: Абу Жаъфар
2014 - 1435
فتح الأندلس
القسم الثالث
« باللغة الأوزبكية »
أبو عبد الله الشاشي
مراجعة: أبو جعفر
2014 - 1435
Мағриб фатҳи асносида йўл қўйилган хатолар
Мусо ибн Нусайр Мағриб волийси бўлган кундан бошлаб, бу минтақада Исломни мустаҳкам ўрнаштиришга ҳаракат қилди. Уқба ибн Нофеъ бу ўлкани фатҳ қилганда унинг халқи Исломга кирган, лекин вақт ўтиши билан диндан қайтиб, ҳатто динни уларга улашган мусулмонларга қарши жанг ҳам қилган эди. Мусо ибн Нусайр бунинг сабабини ўрганишга киришиб, ўзидан олдинги фотиҳларнинг иккита хатосини кўра олди:
Биринчи хато: Уқба ибн Нофеъ ва унинг сафдошлари бу ўлкаларни жадал суратда фатҳ қилиб, олға қадамла фатҳда давом этдилар, лекин аксарият ўринларда орқаларини ҳимоя қилишни эътибордан қочирдилар. Ортда қолган халқ Исломнинг моҳиятини англашга фурсат топмади ва гўё ярадор арслон мисоли мусулмонларнинг ортидан ҳужум қилиб, ҳатто Уқба ибн Нофеъни ҳам ўлдирдилар.
Мусо ибн Нусайр эса, оҳисталик билан, бироқ Холид ибн Валид каби огоҳликни тутиб, давлатларни бирин-кетин, қадамба-қадам фатҳ қилди ва фатҳ бўлган жойлардан хотиржам бўлгандан ва минтақага ҳимоя кучларини қолдиргандан сўнггина навбатдаги ўлкага қараб юрди. Шу тариқа у олти ёки етти йил давомида Шимолий Африкани тўлиқ фатҳ қилди. Чунончи, Уқба ибн Нофеъ эса, бу минтақаларни бир неча ойда фатҳ қилган эди.
Иккинчи хато: Ўшанда Шимолий Африка халқлари Исломнинг ҳақиқатини билишга, уни ўрганишга фурсатлари ҳам бўлмаганди. Мусо ибн Нусайр Шом ва Ҳижоздан халқларга Исломни таълим беришлари учун тобеин олимларни чақиртирди. Ислом етказилди, одамлар Исломга тўп-тўп бўлиб кира бошладилар ва бир муддат олдин Ислом ва мусулмонларга қарши жанг қилиб турган халқлар, дин учун жонларини берувчи фидокорларга айланишди. Ҳатто Барбарлар бу минтақадаги Ислом лашкарининг устунига айландилар1.
Мағриб билан Андалус ўртасидаги Жабал Ториқ бўғозида иккита асосий порт: Сеута ва Танжер портлари бор эди. Мусо ибн Нусайр Шимолий Африканинг Сеута шаҳри ва портидан бошқа барча жойларини ишғол қилди2. Танжер порти бир томондан Сеутага, иккинчи жиҳатдан Андалусга яқин минтақа эди. Мусо ибн Нусайр Танжер минтақасига барбар миллатига мансуб, ўта моҳир етук саркарда Ториқ ибн Зиёдни волий этиб тайинлади3.
Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ барбарларга хос шакл-шамоилда: гавдали, оқ танли, кўккўз ва малла соч эди4. Баъзи таҳлилчилар барбарлар европаликларга жуда ўхшагани учун, уларнинг аслларини европалик деб эътибор қилишган.
Андалус фатҳи – қадимги режа
Мусо ибн Нусайр Шимолий Африкани тўлиқ фатҳ қилгандан сўнг, Оллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Оллоҳ тақводорлар билан бирга-дир»5, деган сўзига биноан, Шимолий Африкага, янада аниқроғи Мағрибга ёндош Андалус минтақасини фатҳ қилишни фикр қилди. Лекин унинг Андалус фатҳи ҳақидаги фикр янги эмас, балки қадимги режалардан бири эди.
Ислом тарихида учинчи халифа, икки нур соҳиби Усмон разияллоҳу анҳу замонида анча катта исломий футуҳотлар бўлди. Ўша даврда мусулмонлар Қустантиния6 минтақасигача етиб келиб, уни қамал қилишга ҳам муваффақ бўлдилар, бироқ уларга уни фатҳ қилиш насиб бўлмади. Ўшанда Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу: «Қустантиния денгиз тарафдан фатҳ қилинади. Агар Андалусни фатҳ қилсангиз, охиратда Қустантинияни фатҳ қилганларга ажр-савобда шерик бўласизлар», дедилар7. Яъни Усмон разияллоҳу анҳу Қустантинияга ғарб томондан келишни, дастлаб Андалусни, сўнгра Европанинг қолган қисмларини ишғол қилиб, Қустантинияга Қора денгиз томондан келишни қасд қилганди. Лекин ўша пайтлар мусулмонлар Андалус ерларигача етиб келолмадилар, фақат Умайвийлар давлати замонида, Шимолий Африкада Мусо ибн Нусайр волийлиги давридагина етиб келдилар...
Андалус фатҳи қийинчиликлари
Андалусни фатҳ қилишни ўз олдига мақсад қилган Мусо ибн Нусайрнинг қаршисидан бир неча муаммолар чиқди. Жумладан:
Биринчи муаммо: Транспорт танқислиги. Мағриб билан Андалус орасида энг камида 13 км масофа бор эди. Юқорида зикр қилганимиздек, Жабал Ториқ бўғозининг энг тор жойи 12,7 км, энг кенг жойи эса 37 км эди. Мусулмонларнинг сувдан иборат бўлган бу масофани кесиб ўтишлари ўта мушкул бўлиб, катта қўшинни олиб ўтадиган улкан кемалари йўқ эди. Чунки ўша вақтлар мусулмонлар олиб борган жанглар, Қибрис8 фатҳи ва Затус-саварий жанги каби баъзи ғазотларни ҳисобга олинмаганда, барча жанглар қуруқликда содир бўлган эди. Шу сабаб катта кемаларга эҳтиёж бўлмаганди. Ҳозир эса вазият катта кемалар бўлишини тақозо қилмоқда...
Иккинчи муаммо: Балеар ороллари9да истиқомат қилувчи насронийларнинг орқада қолаётганлиги. Бу ороллар Андалуснинг шарқида, Ўртаер денгизининг ғарбида жойлашган бўлиб, уларнинг катталари: Мальорка, Менорка, Ивиса ва Форментерадир. Мусо ибн Нусайр ўтганларнинг хатосига йўл қўймайман деса, орқада қолаётган минтақа-лардан хотиржам бўлиши, хоссатан Балеар оролларидаги насронийлар ишини ҳал қилмасдан Андалусга кирмаслиги лозим эди.
Учинчи муаммо: Жабал Ториқ бўғози бўйлаб чўзилган Сеута портининг Коунт Жулиан10 исмли насроний ҳукмидалиги. Жулиан асли Андалусдаги Гот11 қабиласига мансуб бўлиб, Андалуснинг собиқ подшоси Витица билан илиқ муносабатда эди12. Маълумингизки, Родерик унга инқилоб кўтариб, тахтдан ағдарган ва ўзи унинг ўрнини эгаллаган эди. Шу сабаб Сеута ҳокими Жулиан билан Андалуснинг янги подшоси Родерикнинг муносабатлари тескари эди. Лекин Мусо ибн Нусайр бу душманни ўз ҳолида орқада қолдириши мумкин эмасди. Зотан, ўзаро келишмай турган насронийларнинг мусулмон-ларга қарши бирлашиш эҳтимоли жуда каттадир.
Тўртинчи муаммо: Мусулмонлар сони-нинг озлиги. Араб Яримороли, Шом ва Ямандан келган мусулмонлар сони оз бўлиб, бутун Шимолий Африкага ёйилган эди. Уларнинг барчасини Андалус сари сафарбар қилиш катта муаммо туғдириши мумкин, яъни Африка халқлари исён кўтариши мумкин эди. Шунингдек, бунинг сингари оз қўшин билан Андалус ўлкасини фатҳ қилиш ўта мушкул эди.
Бешинчи муаммо: Андалус насроний-ларининг анча қувватли ва кўплиги. Андалус подшоси Родерик қувватли ва ўта ман-ман бўлиб, баҳайбат армиясидан ташқари мустаҳкам қўрғон ва қалъаларга ҳам эга эди.
Олтинчи муаммо: Андалус диёри мусул-монлар учун нотаниш, номаълумлилиги. Мусулмонлар бундан олдин Андалус ўлкасига боришмаган, шу юздан улар учун бу ўлкалар мутлақо нотаниш эди. Фақат одамлар оғзида Андалусни ишғол қилиш ўта машаққатли ва тоғлар кўп ўлка эканлиги ҳақидаги хабарлар юрарди. Ҳақиқатан, Андалус минтақасида тоғлар ва кўллар кўп бўлиб, бу ҳар қандай ёв учун катта табиий ғовлар ҳисобланади. Бўлиб ҳам ҳозирги кундаги вертолет, самолет каби ҳаво транспортлари, танк ва оғир артиллерия транспортлари бўлмаган, фақат от, эшак ва туя каби уловлар билан бундай ҳудудда жанг олиб бориш жуда машаққатли эди.13
Мусо ибн Нусайрнинг тадбири
Мусо ибн Нусайр олдида шундай катта қийинчилик ва машаққатлар бўлишига қарамай Андалусни фатҳ қилиш қарорида қаттиқ тиришиб, ҳаракат қилди. У ишларни тартиблаб, амалиётга киришди. Зеро, «режасиз иш, қолипсиз ғишт», дейдилар. Мусо ибн Нусайр муаммоларни ҳал этишда қуйидаги ишларни амалга оширди:
Биринчи: Портлар ва кемалар бунёд қилиш. Мусо ибн Нусайр 87–88/706–707 - саналарда Шимолий Африкада портлар ва кемалар бунёд қилишни бошлади14. Буни амалга ошириш учун узун замон керак бўлсада, Мусонинг иштиёқи ва ҳаракати ундан кам эмасди. Ўша вақтлар Мусо Шимолий Африка минтақасида бунёд қилган портлардан энг машҳури Уқба ибн Нофеъ асос солган Қайравон шаҳрида жойлашган Қайравон15 порти эди.
Иккинчи: Ислом динини таълим бериш. Арабийзабон бўлмаган барбарларга ўз тилларида Ислом дини таълими йўлга қўйилди. Хос мажлислар, илм ҳалқалари, бошқача таъбир билан айтганда жадал таълим курслари ташкил қилинди. Барбарлар Исломни ўрганиб, дин ҳимоячиларига айландилар. Субҳоналлоҳ! Ҳа, бундай ҳолат фақат Ислом тарихидагина кузатилади. Бу иш ғайридинлар назарида амримаҳолдай кўринади, айниқса, ватанлари ташқаридан келган бошқа халқлар томонидан яқинда босиб олинган бўлса, буни тор ақлларига сиғдира олмайдилар. Лекин Оллоҳ таоло одамларни куфр ва жаҳолат зулматидан, нурга олиб чиқади; ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради, ҳатто кеча Исломга қарши курашиб турган киши, бугун Исломни таниши билан унинг содиқ ҳимоячисига айланади. Бу ҳолат фақат мусулмонлардагина учрайди. Мисол учун Ўрта Осиё халқларини олайлик, улар 70 йил мобайнида даҳрийликни шиор қилган Совет ҳукумати босими остида қанча-қанча қурбонлар берди, бироқ алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар динларига олдингидан кўра қаттиқроқ боғландилар. Жазоирни олайлик, у 130 йил мобайнида французлар ҳукмида қолди, бироқ улар ўз динларида собит қолиш билан бирга унга янада мустаҳкам боғландилар.
5–6 йил ичида Шимолий Африкада мусулмонлар ва фидокор жангчилар сони анчага кўпайди, ҳатто ўша минтақадаги Ислом аскарининг аксариятини барбарлар ташкил қила бошлади.
Учинчи: Мусулмон аскарга Ториқ ибн Зиёдни (50–102ҳ./670–720м.) қўмондон қилиши. Маълумингизки, Ториқ ибн Зиёд барбар миллатига мансуб эди. Лекин Мусо ибн Нусайр ундаги тақвони, аскарий маҳоратни ва дин учун жонини фидо қилишга тайёр фидокорлигини кўриб-билгани учун уни араблардан устун қўйиб, лашкарбошилик даражасига кўтарганди. Зеро, инсонлар фақат тақво билангина бир-бирларидан устун бўлиши мумкин, имом Аҳмад Абу Назро раҳимаҳуллоҳдан мурсал санад билан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Огоҳ бўлинг! Албатта, Раббингиз бирдир. Албатта, отангиз бирдир. Огоҳ бўлинг! Арабнинг ажамдан (яъни араб бўлмаган кишидан), ажамнинг арабдан, шунингдек қизил танлининг қора танлидан, қора танлининг қизил танлидан тақводан бошқасида афзаллиги йўқ», – дедилар16.
Шунингдек, Ислом дини қабила, қавм ёки миллат эмас, балки бутун инсон ва жинлар учун танланган диндир,
«(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик»17.
Буларга қўшимча, Ториқ ибн Зиёд ўзи барбар миллатига мансуб бўлгани учун барбарларга ўз фикрини бамайлихотир етказса, араб тилини пухта билганидан арабларнинг тилини ҳам топа оларди.
Тўртинчи: Балеар оролларининг ишғол қилиши. Мусо ибн Нусайр Андалусга кириш олдидан ортда қолаётган жойларни беховотир қилди, жумладан, у Балеар оролларига ўғли Абдуллоҳни сафарбар қилди. Абдуллоҳ ибн Мусо 91/710-йил Мальорка ва Менорка оролларини фатҳ қилиб, уларни мусулмон мамлакатлари сафига қўшди18.
Мусо ибн Нусайрнинг бу ишлари унинг етук йўлбошчи, маҳоратли саркарда, ҳикмат соҳиби эканига ишорадир.
Сеута муаммоси
Мусулмонлар йўлига тўғаноқ бўлиб турган Сеута минтақаси ҳали-ҳануз ечимсиз-лигича қолаётган эди. Сеута порти мустаҳкам қўрғонланган эди. Мусо ибн Нусайр бу муаммони ечишда бор имкониятларини ишга солди, лекин муаммо ҳа деганда ҳал бўла қолмади. Шунда унга Оллоҳнинг ёрдами келди,
«Албатта Оллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур»19.
Оллоҳ таоло Сеута ҳокими насроний Жулиан ақлига мусулмонларга ёрдам бериш фикрини жо қилди. Бунга бир неча ишлар сабаб бўлганди, жумладан, Жулиан Андалуснинг собиқ подшоси Витица билан қариндош эди20. Родерик Витицага исён кўтарган, уни тахтдан ағдариб, ўрнини эгаллаган эди. Витицанинг фарзандлари Жулиандан ёрдам сўради, лекин Жулиан ўзида Родерикка қарши чиқишга тоқат топмади.
Бошқа тарафдан эса, гўё Сеута порти Мағриб ўлкасида мусулмонлар қуршовида турарди. Мусулмонлар эса тобора қувватланиб, нуфузи кенгайиб бормоқда. Бир кун келиб Сеутани ҳам ишғол қилиши турган гап. Ўшанда мен қаерга қочаман ёки кимдан мадад сўрайман каби ўй-фикр Жулианнинг тинчини бузган, турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ҳатто уйқусида ҳам бутун фикрини ўғирлаган эди...
Аксарият ривоятларда келишича, Жулиан билан Родерик ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби, Родерик Жулианнинг қизи Флорендани асир қилиб, номусини топтагани эди. Шу сабаблар туфайли Жулианнинг Андалус подшоси Родерикка нисбатан адовати икки ҳисса эди. Родерик Жулианга унинг қизи асираси эканлигини айтганда, Жулиан қизини озод қилишга, Родерикни йўқ қилиб, тахтидан ағдаришга қасам ичади. Бироқ бунинг учун Жулиан мусулмонларга кўмак беришдан ўзга чорани топмайди ва бир қатор маълумотларни мусулмонларга ҳавола қилади21.
Буларга қўшимча, Родерик тахтга ўтирибоқ Андалус халқига катта солиқлар солди, давлатни қаҳр ва зулм билан идора қила бошлади. Халқ ўта ночор ҳолатга тушганидан Ториқ ибн Зиёдга Андалусни ишғол қилишига қизиқтириб, элчилар жўнатиш даражасигача етди22.
Жулиан ўйлаб-ўйлаб Ториқ ибн Зиёдга элчи йўллашга қарор қилди. Ториқ ибн Зиёд Танжер шаҳрида, яъни Сеутага қўшни минтақада волий эди. Жулианнинг элчиси Ториққа учта масала ҳақида хабар бергани тарих саҳифаларига қайд қилинди:
Биринчи: Сеута портини мусулмонларга таслим қилиши;
Иккинчи: Мусулмон қўшинни Андалус ерларига олиб ўтишга кемалар бериши;
Учинчи: Андалус минтақаси ҳақида керакли маълумотларни етказишини билдирган эди.23
Булар айни дамда мусулмонлар қаршисида турган барча муаммолар ечими эди. Оллоҳ азза ва жалланинг тадбирига лол қолмасликнинг иложи йўқ!
Жулиан мусулмонларга тақдим қилмоқчи бўлган нарсалар эвазига дўсти Витицанинг мулкини сўради. Унинг Андалус ўлкасида уч мингта кўчмас мулки ёки боғлари бор эди. Бахтга қарши бу мулкни Родерик эгаллаб олганди24.
Буни эшитган Ториқ ибн Зиёд ғоят қувонди, чунки Жулиан талаб қилаётган эваз, Жулиан учун қадрли бўлсада мусулмонлар назарида арзимас дунё матоси эди, холос.
Мусулмонлар Андалус ёки бошқа ўлкаларни фатҳ қилганда ўшал минтақалардан ғанимат, дунё орттириш ёки моддий ва маънавий бойликларига эга бўлишни қасд қилмадилар, балки халқларни куфр ва шикр ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқишни, ҳақ дин — Ислом динини таълим беришнигина мақсад қилдилар.
Ториқ ибн Зиёд бу маълумотлар билан Қайравонга Мусо ибн Нусайр ҳузурига отланди25. Буни эшитган Мусо ибн Нусайр жуда хурсанд бўлди ва у ҳам ўз навбатида ўша пайтдаги Умавийлар халифаси Валид ибн Абдулмаликка мактуб йўллади. Мактубда насроний Жулиандан олинган маълумотлар хабар берилиб, Андалусга киришга изн сўралган эди. Халифа Валид ибн Абдулмалик Андалус ўлкасига биргина насронийнинг хабари билан ҳужумга киришга изн бермади, дастлаб бир гуруҳ мусулмон қўшинни (яъни сарийя) жўнатишини ва насронийнинг хабари тўғрилигига ишонч ҳосил бўлгандан кейингина жумлатан боришларига изн берди26.
Мусо ибн Нусайр беш юз кишилик аскарларни жиҳозлаб, уларга Абу Зуръа Ториф ибн Моликни амир қилди ва Андалус сари сафарбар қилди. Ториф ибн Молик ҳам барбар миллатига мансуб эди. 710-йил июл (ҳижрий 91-йил рамазон)ойида беш юз аскар (400 та пиёда, 100 та суворий)дан иборат сарийя тўртта кемага миниб, Мағрибдан Андалусга қараб Жабал Ториқ бўғозини кесиб ўтди27.
Ториф ибн Молик Андалуснинг жанубий минтақасини ўрганишни бошлади. Бу Андалус ерларига мусулмонларнинг илк қадам қўйиш-лари эди. Бу минтақа саркарда Ториф ибн Молик номи билан Ториф ороли деб аталадиган бўлди28. Хуллас, Ториф Андалуснинг жанубий минтақаси-нинг жўғрофик ҳолати ва муҳитини ўрганиб, ортига қайтди. Ториф келибоқ, Мусо ибн Нусайр ҳузурига бориб, кўрган билганларини беками-кўст етказди.
Бу маълумотларни олган Мусо ибн Нусайр тўлиқ бир йил катта эътибор билан қўшин ҳозирлаб, тайёргарлик кўрди. У 711-йил апрел (ҳижрий 92-йил ражаб) ойида барбарлардан иборат етти минг (7 минг) қўшин ҳозирлади – бу армия сафида араблар жуда оз эди –29 ва уларга Ториқ ибн Зиёдни бошлиқ қилди30.
Воқеанинг давомини навбатдаги суҳбат-ларда эътиборингизга ҳавола қиламиз, иншаоллоҳ...
Валлоҳу таъала аъламу...
Достарыңызбен бөлісу: |