II БОБ. АБУЛҒОЗИ БАҲОДИРХОН АСАРЛАРИНИНГ МАЗМУНИ ВА УЛАРНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ
II.1. Абулғозихон асарларининг ўрганилиш тарихи
Абулғози Баҳодирхоннинг давлат бошқаруви ва сиёсий фаолиятидан ташқари илмий фаолият билан машғул бўлгани унинг бошқа хивалик ҳукмдорлардан фарқли жиҳатидир. Лекин, бу ҳолатни мутлақо тасодифий ҳодиса деб аташга ҳаққимиз йўқ. Чунки, Хива хонларидан нафақат Абулғозихон ва Феруз, балки Хива хонлиги сулолаларининг хонлик тахтига ўтирмаган вакиллари ҳам адабий ёки илмий фаолият билан шуғулланганликлари юқоридаги фикримизнинг ўринли эканлигини кўрсатади. Мисол учун, Элбарсхоннинг авлоди Султонғозийнинг невараси Авазғозий бин Умарғозий шеърлар ёзган ва ўз даврининг анча таниқли шоирларидан эди. Бу ҳақда Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” асарида (1566) маълумот беради168.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Абулғози Баходирхон “Шажарайи тарокима”, “Шажарайи турк” ва “Манофеъ ул-инсон” асарларининг муаллифидир. Унинг “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” асарлари туркий халқлар ўтмиши ва келиб чиқиш тарихига бағишланган бўлиб, уларда туркий халқларнинг сиёсий ҳаёти, тиллари, урф-одатлари, анъаналари, этногенези ва умуман тарихига доир қимматли маълумотлар мавжуд. Шу боис, Абулғози Баҳодирхон ва унинг илмий меросини ўрганиш ҳамда унинг устида жиддий тадқиқот ишлари олиб бориш Ўзбекистон тарихи ва тарихнавислиги учун ниҳоятда долзарб масаладир169.
Муаллифнинг 1660/1661 йилларда ёзиб тугалланган “Шажарайи тарокима” асари дастлаб А.Г.Туманский томонидан рус тилига таржима қилинган бўлиб, бу таржимадан В.В.Бартольд, Г.И.Карпов, С.П.Толстов, А.Ю.Якубовскийлар туркман ҳалқининг этногенези ва тарақққиёти тарихини ўрганишда фойдаланганлар170. “Шажарайи тарокима”нинг А.Г.Туманский томонидан 1893 йилда амалга оширилган таржимасида171 бир қанча камчиликлар мавжудлигини эътироф этган А.Н.Кононов ҳам асарни рус тилига таржима қилади. А.Н.Кононов фақат таржима билан кифояланмасдан унинг қёсий матнини ва тилшунос-олим сифатида грамматик очеркини ҳам яратган. Шу нуқтаи назардан А.Н.Кононов таржимаси “Шажарайи тарокима”нинг нисбатан муккаммал нашри сифатида алоҳида илмий қийматга эга. 1995 йилда Қозоқбой Маҳмудов “Шажарайи тарокима”нинг кирилл алифбосидаги ўзбекча нашрини чоп эттирди. “Шажарайи тарокима”нинг бу нашри кенг жамаотчилик учун асар билан танишиш имконини берди. Нашр ҳақида танқидий фикр билдириш бошқа масала, бироқ, унинг илмий қийматини юқори баҳолаб бўлмайди. Чунки, нашр фақатгина қисқа сўзбоши ва матннинг кирилл алифбосига табдилидангина иборатдир172.
Шу ўринда бу хусусият фақат, “Шажарайи тарокима”нинг нашригагина хос эмаслигини, балки, бошқа ноёб дурдоналаримизнинг нашрларида ҳам кузатилишини таъкидлаб ўтиш зарурдир. Шу сабабли, “Шажарайи тарокима” ва бошқа шу каби дурдона асарларнинг ўзбек тилидаги академик нашрларини таёрлаш ва чоп эттириш ниҳоятда долзарб масалага айланиб қолди.
“Шажарайи тарокима”нинг тўхталиб ўтиш мумкин бўлган нашрларидан яна бири 1992 йилги унинг туркман тилидаги нашридир. Ушбу нашр Р.Ражабов томонидан таёрланган бўлиб, унга ношир томонидан ёзилган сўзбоши ва кўрсаткичлар алоҳида аҳамиятга сазовордир173. Лекин мазкур нашрда ҳам изоҳлар берилмаган.
Жаҳон кутубхоналари фондларида “Шажарайи тарокима”нинг қуйидаги нусхалари мавжуд:
1. Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги ШИ фонди. Қўлёзма №1522/V174. Мазкур нусха биринчи бўлиб Е. Каль каталогида тавсиф қилинган эди175. Бироқ Е. Каль асарнинг охирида келтирилган 1071/1661 ҳижрий йилни асар кўчирилган йили деб қабул қилган. Унинг бу хатосига А.А. Семенов диққат берган176. Дарҳақиқат асарнинг охирида келтирилган сана кўчирилган қўлёзма нусхага эмас, балки асарнинг ўзига тегишли, асл нусханинг ўзи ўша асрларга хос бўлган рус фабрика қоғозида кўчирилган. Мазкур асар мажмуа таркибидан жой олган (65а-106а вар.). 15х20 см. Асарнинг нусхасидан XIX асрнинг бошларида яна бир нусха кўчирганлар ва у Д-109 рақам билан Санкт-Петербургдаги Россия ФА Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.
2. Асарнинг иккинчи нусхаси А.Г. Туманскийга тегишли бўлиб, унинг вафотидан сўнг (1920 йил) Осиё музейига берилди ва бугунги кунда Санкт-Петербургдаги Россия ФА Шарқ қўлёзмалари институтида (№А-895) сақланади. Шу нусхадан собиқ СССР ФА ротокопия қилиб, уни Турк тили жамияти (Türk Dil Kurumi)га ҳадя этади. Бу жамият мазкур ротокопияни Истанбулда 1937 йили чоп этган177. Бу нусхани ўз вақтида А.Н. Самойлович тавсиф қилган178.
Асар матни кўк рангли қоғозга ўртамиёна настаълиқ хати билан кўчирилган. Ҳажми 18х11,5 см. Асар А.Г. Туманский томонидан 1дан 55 гача рақамланган. Биринчи варақгача 8 варақ сарғиш-оқ ва 2 варақ кўк рангдаги қоғозлар мавжуд. Уларда турли шоирларга тегишли шеърлар ёзилган. Ғазалларнинг аксарияти Навоийникидир. Асарнинг охирги 2 та нахзацлисти сарғиш-оқ рангда бўлиб, улар ҳам шеърлар билан тўлдирилган. Фарзацлистдаги V-VI варақларда Аҳсан шайх ва Доно отанинг шеърий “Ўғузнома”лари келтирилган179.
Нусханинг 3а варағида асарнинг номи “Шажарайи туркия” деб ёзилган. Нусха ражаб ойи 1237/март-апрель 1822 йили кўчирилган. Котиби: Мулло Қурбон Келди Ўроз Муҳаммад (ўғли) асли Қойихон насаби Чориқ.
3. Ўзбекистон ФА ШИ 1807 рақамли қўлёзма нусхаси180. Асар сарғиш рус қоғозига настаълиқ хати билан кўчирилган. Бироқ асарнинг муқаддима қисми йўқ. Мазкур нусха ҳижрий 1314 йили зу-л-ҳижжа ойи/1897 майида Хоразмдаги Уйғур Зили қишлоғида кўчирилган нусхадан кўчирилган.Котиби “имон қалъали ўзбек тоифасидин Муҳаммад Шариф хўжажон ўғли”. 43 варақ (1б-43а). Ҳажми 19х19 см. Замонавий картонли муқоваси бор.
4. Ўзбекистон ФА ШИ 5973 рақамли қўлёзма нусхаси181. Қалин оқ қоғозда, хунук настаълиқ хати ва қора тушь билан кўчирилган. 1б, 2а,б Варақлари бир сатрли ўқувчилар дафтаридаги варақларда кўчириб, қайта тикланган. Шу саҳифаларидаги матн асарнинг 1223 рақамли нусха асосида қайта тикланган. 48б варағида қуйидаги ёзувлаб бор: “Инв 764/900. Рукопись Огусь(?)наме на тюркском (?)языке”. А.Н. Кононов хулосасига кўра мазкур нусха айни А.Н Самойлович Ашхобод халқ кутубхонасида кўрган ва ахборот берган (ЗВОРАО, т. XVIII 1908. – С, 0161. прим. 4.) нусхадир182. Асар охирида (48а вар.) келтирилган 1214/1799-1800 санаси, шубҳасиз асар ундан кўчирилган нусхага тегишли. Чунки тавсиф қилинаётган нусханинг қоғозида “№6, первушина сыновей в Вятке” деган сув нақши бор. Нусха ХIX асрнинг охирларида Ашхобод халқ кутубхонаси фондига 1900 йили келиб тушган. Котиби номаълум. Жами 48 варақ. Ҳажми 17х21,5 см.
5. Ўзбекистон ФА ШИ сақланаётган 1223 рақамли қўлёзма нусхаси183. Олдинги нусхадан матни ва луғатлари фарқ қилади. Бухорода 1341 йил, ражаб ойида/1923 феврал-март, сарғиш маҳаллий қоғозда настаълиқ хати билан қора сиёҳда кўчирилган. Котиби Мирзо амон Эсан Хузорий. 58 варақ. 18,5х22,5 см.
6. Туркманистон Республикаси Махтумқули номидаги Тил ва Адабиёт институти фондидаги 546 рақамли қўлёзма нусхаси. Олимлар буни энг ишончли ва асосий матнга яқин нусха сифатида тан олганлар184. Асар Ўрта Осиёда ишлаб чиқарилган қоғозда, қора сиёҳ билан настаълиқ хатида кўчирилган. Котиби, кўчирилган санаси ва жойи маълум эмас. Асар аввалда қайси бир мажмуанининг таркибида бўлган. Кейин ундан йиртиб олиниб, алоҳида муқоваланган. 45 варақ (1б-45а). Ҳажми 15х25 см. Саҳифада 13 сатр.
7. Туркманистон Республикаси Махтумқули номидаги Тил ва Адабиёт институти фондидаги иккинчи 555 рақамли қўлёзма нусхаси.Нусха 1931 йили 6 сентябрь Гургенли Охундовдан сотиб олинган. Бу ҳақда рус ва туркман тилларида асарнинг биринчи варағида қайд мавжуд. Асар катакли ўқувчи дафтарида настаълиқ хати билан қора сиёҳда кўчирилган. 78 саҳифа. 16-33 саҳифалар оқ қоғозда 1347/1928-29 йили кўчирилган. Котиби номаълум.
Шундай қилиб, “Шажарайи тарокима” асарининг жами еттита нусхаси олимлар тадқиқотларига жалб қилинган ва уларнинг асосида асарнинг илмий-танқидий матни тузилиб, чоп этилган. Бироқ , юқорида айтилганидек асарнинг ўзбек тилидаги илмий ва изоҳли нашри амалга оширилмаган.
Олимлар, Абулғозихон Баҳодирхоннинг яна бир асари “Шажарайи турк”нинг ўрганилиш тарихи юзасидан ҳам ўз фикрларини билдиришган. Адабиётшунос олим Ҳ.Худойназаров “Шажарайи турк” ва унинг ўрганилиши номли” рисоласида “Абулғозихоннинг асарлари шарқ тарихчиларинигина эмас, 1800 йилдан бошлаб рус ва Ғарбий Европа тарихчиларининг ҳам диққатини торта бошлади”деб таъкидлаган185. Бироқ, мавжуд маълумотлар мазкур жараён анча олдин, аниқроғи, XVIII асрнинг иккинчи ўн йиллигидаёқ бошланганини кўрсатмоқда186. Бу борада тарихчи манбашунос олим Б.Аҳмедов “у XVIII асрдаёқ бир неча Европа тилларига: немис ва француз(1726 й.), рус (1770й.) ва инглиз тилларига таржима қилинди”, деб ёзган эди187.
Европа олимларининг “Шажарайи турк” билан танишишларида рус-швед урушида асир тушиб Тобольск шаҳрида яшаган швед зобити Филипп Иоганн Страленбергнинг хизматлари каттадир. Страленбергнинг шаҳодатлик беришича, у ўз китобига материал йиғиш мақсадида Тобольскнинг чекка қишлоқларида яшовчи татарлар(ўзбеклар) билан мулоқотда бўлиб, уларнинг тилини ўрганишга киришган, урф-одатлари ва тарихи билан қизиққан. “Мен уларнинг Ўзбек исмли жуда хушфеъл охуни билан яқиндан танишдим. Бир куни у менга бисотида сақлаб келаётган ҳужжатлар билан яна иккита қўлёзмани кўрсатди. Бу қўлёзмаларнинг бири Эрон тарихига доир, иккинчиси эса Буюк Татария (Туркийлар) мамлакати тарихига оид бўлиб, уни “Чингиз китоб” деб айтди. Ҳар иккала қўлёзма Татария мамлакати тарихига оид воқеаларга бой бўлгани учун бошқа татар оғайним ёрдамида ўқимоқ ниятида уни сўраб олдим”, деб ёзади Страленберг188.
Шундай қилиб, Страленберг “Шажарайи турк” асарининг қўлёзмасини олган ва шаҳар чеккасида яшовчи татар биродарига ўқитиш учун олиб борган. Рус тилини яхши билувчи биродари қўлёзма текстини сўзма-сўз русчага ағдариб туради, Страленберг ёллаган икки швед зобити эса русчадан немис тилига таржима қилиб боради. Немисча таржима Страленберг истагандек асарнинг қўлёзма матнини ўзида тўлиқ акс эттиролмаган, шубҳасиз. Сабаби, ҳалиги татар тилмоч қўлёзмада учровчи арабча, форсча ва туркийча айрим сўзларнинг туб маъносини тушуниб етмаган. Шундай бўлса-да, Страленберг ва икки швед зобити ўз таржима нусхаларига эга бўлишади. Ф.И. Страленберг қўлидаги немисча таржимани изоҳлар билан таъминлаб нашр этиш ниятида бўлган. Бироқ у ўз мақсадини амалга оширишга улгурмаган. “Шажарайи турк”нинг ушбу немисча таржимасининг иккинчи нусхаси 1726 йилда Голландиянинг Лейден шаҳрида “Татарлар шажараси тарихи” номи билан француз тилида нашр қилинади. Французча таржиманинг муаллифи китобда ўз номини яшириб, фақат “Дххх” шаклидаги яширин тахаллусни кўсатган189. Кейинчалик бу тахаллусни шарҳлаган олимлар французча таржиманинг муаллифи ўша пайтда Тобольскда яшаган швед зобити Бентенк бўлиши керак, деган хулосага келишади. Таржимон ва изоҳлар муаллифи китобда, фақат яширин тахаллусини кўрсатган бўлса ҳам, китобнинг сўз бошисида бу таржима швед зобитлари томонидан амалга оширилгани ҳақида маълумот беради: Таржиманинг учинчи нусхаси эса, “Шажарайи турк”ни русчадан немис тилига ўгириб турган швед зобити П.Шёнстремнинг қўлида сақланган ва кейинчалик, Швециянинг Упсала университети кутубхонасига топширилган190.
“Шажарайи турк” академик Т.З.Байер томонидан 1732 йилда лотин тилига тажрима қилинган. Т.З.Байер биринчи бўлиб асарнинг муаллиф берган номини тиклаб «Шажарайи турк» деб кўрсатган191.
1768 йилда машҳур олим ва адиб В. К. Тредиаковский “Шажарайи турк”ни 1726 йилги француз тилидаги нашридан рус тилига ўгирган. Ушбу нашрнинг ўзига хос хусусияти матнда “ландкарта” (мамлакат харитаси), бир қанча атамалар, тушунчалар ва номларга берилган илмий шарҳларда кўзга ташланади192. “Шажарайи турк”га бўлган қизиқиш XIX асрда янада юксалган. 1825 йилда Румянцев Қозонда Иброҳим Хальфин ёрдамида Мессершмидт Петербургга юборган асар қўлёзмаси асосида “Шажарайи турк”нинг чиғатой матнини нашр қилдиради. Бу нашрга М.К.Френ лотин тилида сўзбоши ёзган. Айнан шу сўз боши “Шажарайи турк”нинг Европа жамоатчилигига еткизилиши ва ўрганилиши тарихига оид бошқа ўринларда учрамайдиган маълумотлари билан ажралиб туради. “Шажарайи турк”ни XIX асрда Г.Я. Кёьр немис тилига, рус олимлари Я.О. Ярцев193 ва Г. С. Саблуков рус тилига, туркиялик олим Аҳмад Вафиқпошшо турк тилига, Ризо Hyp форс тилига, асли келиб чиқиши Сардиниялик бўлган олим П. И. Демезон француз тилига таржима қилиб тадқиқот ишларини олиб борганлар. “Шажарайи турк”нинг нисбатан мукаммал таржималари Г.С. Саблуков ва П.И. Демезон томонидан амалга оширилган.
1871-1874 йилларда шарқшунос П.И.Демезон “Шажарайи турк”ни икки жилд ҳолида Петербургда нашр қилдирди. Нашрнинг биринчи жилдидан рус лексикографи В.И.Дальнинг Оренбургдан келтирилган қўлёзмаси асосида таёрланган танқидий матн, иккинчи жилдидан эса шу матн асосида амалга оширилган П.И. Демезоннинг французча таржимаси ўрин олган194. “Шажарайи турк”нинг Демезон томонидан таёрланган бу нашрни асарнинг академик илмий нашри дейиш мумкин. Асар матнида учрайдиган турли афсонавий ва тарихий шахс номлари, жой номлари, атамаларга ёзилган илмий шарҳлар ҳамда кўрсаткичлар нашрнинг илмий қийматини оширган.
“Шажарайи турк”нинг рус тилидаги таржималари орасида Саблуков таржимаси асарнинг энг мукаммал ва тўлиқ русча таржимаси саналади195.
Қозон Давлат университетининг профессори И.Н.Березин туркий тиллар тарихини ўқитишда ҳам Абулғозихоннинг асарларига таянган: “Турк хрестоматияси” номли китоби ва дорилфунун талабаларига ўқиган маърузаларида “Шажарайи турк” таянч манбаи бўлиб хизмат қилганлигини олимнинг ўзи очиқдан-очиқ таъкидлайди196.
“Шажарайи турк” асарининг тил хусусиятлари ҳам олимлар диққатидан четда қолган эмас. П.И. Демезон таржима матнини илмий нуқтаи назардан ўрганган профессор С.Иванов асарнинг грамматик очеркини яратган197. Хусусан, олим асар тилининг грамматик қурилиши ҳозирги замон тилшунослик фани ютуқларини ҳисобга олган ҳолда янгича услуб асосида мукаммал таҳлил қилиб берган198.
Мустақиллик йилларида Абулғозихон Баходирхон илмий мероси устидаги тадқиқотлар ўзгача долзарблик касб эта бошлади. “Шажарайи турк”нинг кирилл ёзувидаги тўлиқ матни академик Бўрибой Аҳмедов саъй-ҳаракати билан зудлик билан нашр этилди199. Бу асарнинг матнигина холос. Нашрда луғат, кўрсаткич ва шарҳлар берилмаган. Бу нашрнинг бош мақсади асарни кенг ўқувчилар оммасига мумкин қадар тезроқ етказиш эди.
Шунингдек, тарихчилардан; Я.Ғуломов Хоразмнинг суғорилиши тарихини200, Г.А.Агзамова Хива хонлигида шаҳарлар ва шаҳарсозлик маданияти тарихини201, Н.А.Аллаева Хива хонлигининг Эрон билан ўзаро алоқаларини202, шарқшунос олимлар; академик Б.Аҳмедов Ўзбекистон давлатчилиги ва манбашунослиги тарихи масалаларини тадқиқ қилишда,203 Қ.Муниров Хива тарихнавислик мактаби анъаналарини204, адабиётшунослардан Ҳ.Худойназаров Абулғози ва унинг асарларининг ўзбек адабиёти ривожида тутган ўрнини205, М.Абдуллаева “Шажарайи турк”ни “Бобурнома” билан қиёслаб, бу икки асарнинг ўзбек адабиёти тараққиётидаги аҳамиятини тадқиқ этишда206, тилшунос олимларимиздан Х.Дониёров ўзбек уруғлари ва шеваларини ўрганишда207, М.Турдибеков асарда учрайдиган атамаларни208, Н.Мамадалиева “Шажарайи турк”нинг лексик хусусиятларини209 ўрганишда Абулғозихон асарларининг қўлёзма нусхалари ва кейинги йилларда чоп этилган нашрларидан унумли фойдаланганлар ва унда учрайдиган маълумотларга таяниб, баъзи долзарб илмий масалалар юзасидан жиддий илмий хулосаларни билдирганлар.
Абулғозихон асарида Хива хонлиги билан туркманлар ўртасидаги, шунингдек Бухоро ва Эрон муносабатларига алоҳида аҳамият берилган. Асарнинг алоҳида қимматли томони шундаки, у тарихий воқеаларга жуда бой, воқеалар аниқ, батафсил ва холисона ҳикоя қилинган.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўрта Осиёдаги каби Хоразмда ҳам ХVI-ХVIII асрлардаги адабий муҳит ҳақида маълумотлар етарли эмас. Ҳатто ўша даврда адабий муҳитнинг батамом тўхтаб қолган, деган нотўғри фикрлар фанда яқингача мавжуд эди. Бироқ кейинги вақтдаги тадқиқотлар бу фикрни нотўғри эканлигини кўрсатди. Ўтмишдаги илғор анъаналарни давом эттирган бир қанча тараққийпарвар шоирлар ва ёзувчилар етишиб чиқди. Шулардан Хоразмда яшаб ижод этган Муҳаммад Солиҳ Муҳаммад Раҳим (XVI аср), Мавлона Вафоий, Муҳаммад Хокисор (XVII аср), Роқим, Поҳловонкули Равнақ, Нурмуҳаммад Андалиб, Муҳаммадниёз Нишотий (ХVIII аср) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Ўзбекистон ФА ШИ фондларида “Шажарайи турк”нинг қуйидаги қўлёзма нусхалари сақланади:
1. Ўзбекистон ФА ШИ сақланаётган 851 рақамли қўлёзма нусхаси настаълиқ хатида, тахминан XVII асрда кўчирилган. Котиби номаълум. Нусханинг боши ва охиридаги варақлар ва улардаги матни қайта тикланган. 194 варақ. 16х25.
2. 7626 рақамли қўлёзма нусхаси. Настаълиқ хати билан рус фабрика қоғизида кўчирилган. Котиби номаълум. XIX асрда кўчирилган. 159 варақ. 17х21.
3. 7668 рақамли қўлёзма нусха. 1349/1930 йили рус фабрика қоғозида кўчирилган. 280 (+1) варақ. 14,5х21. Котиби номаълум.
4. 2056 рақамли қўлёзма нусхаси. 12 рамазон1351/10 январь 1933 йили рангли қоғозга турли ҳуснихатда кўчирилган. 253 (+ 4 та бўш варақ). 16,5х27,5.
5.11110 рақамли нусхани бир неча шахс настаълиқда кўчиргани маълум ва улардан бирининг номи Иброҳим Қаландар ўғли Хивақийдир. 1350/1931 йили фабрика қоғозига кўчирилган. 220 варақ. 17х21210.
Юқорида келтирилган маълумотлар асосида қуйдаги хулосалар келиб чиқади:
Биринчидан, Абулғозихон асарларини Европа олимлари томонидан ўрганилиш жараёни XVIII асрнинг 20-йилларидан бошланган;
Иккинчидан, вақт ўтиши билан бу асарларга бўлган қизиқиш янада ортиб борган ва жаҳоннинг турли тилларида: француз, инглиз, немис, рус турк, форс, туркман, қозоқ ва бошқа тилларда нашр қилинган;
Учинчидан, Абулғозининг илмий мероси тилшунослик ва адабиётшунослик нуқтаи назаридан бошқа жиҳатларига нисбатан чуқурроқ ўрганилган;
Тўртинчидан, “Шажарайи турк” асари нисбатан кенгроқ тадқиқотлар доирасига тортилган бўлиб, унинг 5 та нусхаси Ўзбекистон ФА ШИ қўлёзмалар фондларида сақланмоқда.
Достарыңызбен бөлісу: |