Генерал Черняевнинг Тошкентга босқини



бет1/2
Дата07.07.2016
өлшемі0.75 Mb.
#182358
  1   2
Генерал Черняевнинг Тошкентга босқини


Қўқон хонлигининг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан ҳисобланган Тошкент шаҳри ҳозирги Қозоғистон ва Қирғизистон ерларида рус қўшинларига қарши олиб борилган жангларда муҳим ўрин тутган. Натижада Тошкент ўзининг кўплаб ватанпарвар фарзандларидан айрилди, катта моддий талафот кўрди. Эндиликда Рус давлати тўғридан-тўғри Тошкентни ҳам босиб олишга киришди.


Бу вақтда Тошкент шаҳри 25 чақирим узунлиқдаги қалин мудофаа деворлари билан ўралиб, деворининг баландлиги 5-7 метр, остининг эни эса 2-3 метрга етган. Тепасининг кенглиги 2 метрдан кам бўлмай, ички тарафдан очиқ, сиртидан оралатиб пахсадан ишланган мудофаа минорачалари қурилган. Сарбозлар мазкур минорачалар орқасидан душманга уқ узардилар. Шаҳар Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахта-пул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч ва Қаймас сингари 12 асосий дарвозага эга бўлган. Бундан ташқари, Тешик-қопқа, Янги Махма, Сарбоз (Ўрдада) каби кичик дарвозалари ҳам бор эди. Девор устида навбати билан доимо соқчилар алмашиб туриб душман шарпаси кўриниши биланоқ «ёв келди», деб бақириқ-чақириқ остида шаҳар аҳолиси мудофаага чақирилган. Шаҳар деворининг атрофи сув тўлдирилган чуқур зовур билан ўралган. Душман деворга яқинлашиши учун зовурларни кечиб ўтиши керак эди. Аммо бу осон иш бўлмай, кўп ҳолларда душман аскарлари катта талофат кўрган. Чунки зовурдан ўтаётганда сарбозлар уларнинг устига ташланиб, сувга чўктирганлар ёки пичоқлаб ўлдирганлар. Тошкент Қўқон хонлиги томонидан 1809 йили босиб олингандан кейин ҳозирги Ўрда кўпригининг ўнг томонидан Анҳор бўйлаб Мустақиллик майдонигача чўзилган жойдан бошланиб, Навоий кўчаси ва Хадича Сулаймонова кучалари ўртасидаги ерларни қамраб олган ҳудудда 10 минг аскар сиғадиган қалъа қурилган эди. Унинг ўртасидаги ҳукумат саройида ҳоким яшаган. У Қўқон Ўрдаси ҳам дейилган. Ҳозирги «Ўрда» сўзи шу туфайли юзага келган.

Тошкентни босиб олинишда "жасорат" кўрсатган рус аскарлари
Шаҳар Шайхонтоҳур (аслида Шайх Хованд Таҳур), Себзор, Бешоғоч ва Кўкча номларида тўрт даҳага бўлинган. 1871 йилги маълумотга кўра, Шайхонтоҳур даҳасидаги 48 маҳаллада кўпроқ темирчилар, тўқувчилар, эгар-жабдуқ усталари ва ёғ тайёрловчилар, Себзордаги 38 маҳаллада бўёқчилар, тикувчилар, этикдўзлар, Кўкчадаги 31 маҳаллада кўнчилар, косиблар яшаганлар. Бу ерда 340 чарм ишлаб чиқарадиган корхона, 218 косибчилик корхонаси бўлган. Бешоғоч маҳалласида эса кўпроқ бой табақалар, унинг атрофидаги жойларда эса ғиштчилар истиқомат қилган. Шаҳарда 189 масжид, 10 мадраса бор эди. Шаҳар аҳолиси орасида моҳир мерганлар, жасоратли ва мард кишилар ҳамда Ватан учун жонини фидо этувчилар кўпчиликни ташкил этган. Шаҳар аҳолисининг сони бир маълумотда 200 минг, бошқасида эса 100 минг қилиб кўрсатилади. Тошкент шаҳри ҳар жиҳатдан Рус давлати диққат марказида турар, шунинг учун ҳам 1861 йилдаёқ ҳарбий саркардалардан бири Безак Оренбург ва Сибир қўшинлари билан Тошкентни дарҳол босиб олишни ҳарбий вазирликка таклиф қилган эди. У бу режа амалга оширилганда, Рус давлатининг чегараси анча кенгайишига, армияни озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлашга, тоғ жинсларига эга бўлишга ва, умуман, Рус давлатининг таъсир доирасининг кенгайишига эришиш мумкинлигини уқтириб ўтган.
«Тошкент масаласи» 1863 йилнинг 9 мартида рус императори қатнашувида махсус комитетда муҳокама этилиб, Ғарбий Сибир генерал-губернатори Дюгаммелнинг мазкур мавзу бўйича фикрини билиш ва 1863 йил баҳорида Сирдарёнинг юқори оқимини ҳарбий юриш нуқтаи назаридан ўрганиш ва маълумот тўплаш ҳақида қарор қабул қилинади. Дюгаммел эса, 1862 йилнинг 26 майида ёзган хатида биринчи навбатда Чуй ортига ҳарбий қисм юбориш ва сўнгра Авлиёотани қўлга киритишни таклиф этди. Шунингдек, у Тошкентни урушиб олиш анча маблағ талаб этишини таъкидлаб, Рус давлати ихтиёрида мустақил Тошкент хонлигини бунед этиш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди. Генерал Дюгаммел таклифлари 1863 йилнинг 23 февралида тилга олинган махсус комитетда муҳокама қилиниб, «иқтисодий мулоҳазаларга» кўра, Авлиёотани босиб олиш ва бошқа ҳарбий юришларни тўхтатиб туриш тавсия этилди. Шу боис ҳарбий юришларни уюштириш асосан 1864 йилга қолдирилган бўлса-да, лекин қандай бўлмасин Тошкентни эгаллаш нияти рус ҳарбий саркардаларини, хусусан генерал Черняевнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолганди. У Чимкентни урушиб олганидан унчалик кўп ўтмай, яъни 1864 йилнинг 27 сентябрида, 8 рота, 100 нафар казак, 12 замбарак, 1500 аскар ва 400 қозоқ милицияси (кўнгиллилари) билан Тошкент томон йўл олади.
Бу тўғрида Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай езган: «Ўруслар Тошкент сафари учун тайёргарликни бошлаб, асбобу анжомларни тахт қилиб, ҳарбий тайёргарликни кўриб, аскарларини яроғ-аслаҳа билан таъминлаб, ўлдирилган Бойзоқнинг ўғли Оқмуллани юклар ортилган туяларни бошқариб боришга бошлиқ этиб тайинлади. Унинг бошқа ўғиллари эса йул бошловчи сифатида хизмат қилдилар». 1864 йилнинг 1 октябрида Черняев Тошкент шаҳрининг шарқий томонидаги Дарвишак қопқа деган жойга етиб келади. Рус ҳарбийлари бу ердан Анҳор сувидан ўтиб, Чинобод ва Хожа Аҳрор вақф ерлари, яъни Оққўрғон орқали шаҳарга яқинлашиб Қўқон йўлига жойлашадилар. Душман келаётганидан бохабар шаҳар аҳолиси девор устида жангга тайёр турган эди. Қўшфармончи Қипчоқ бошчилигидаги аскарлар Қўқон дарвозаси, Мирза Аҳмад қушбеги сарбозлари Қашқар дарвозаси ҳимоясига отланганлар. Тўпчилар эса, бу икки дарвоза орасидаги девор устига ўрнашдилар. Мудофаага барча шаҳар аҳолиси отланиб «ғариблар, фуқаролар, қариялар, ҳатто ибодату намоздан кўра қўлимиздан келганча хизмат қилиш яхши ва савоб, дейишиб мужоҳидларга ва ғозийларга сув ҳамда озиқ-овқат етказиб турдилар».
1864 йилнинг 2 октябрида эрталабдан бошлаб ҳар икки томон ўртасида тўплардан ўқлар узилди. Бу вақтда Эшонқули додхоҳ мадрасаси муллаваччалари (талабалари), хусусан эшон Шарифхўжа Офоқхўжа ўғли, эшон Ҳожихон Солиҳҳожи юзбоши ўғли, Саъид Аҳрорхўжа Сотиболдихўжа ўғли, пичоқчи уста Содиқ Назар, ўратепалик Хидирназар заргарнинг укаси ва бошқа зиёли вакиллари «ғазотни ва бу шарафли урушни Қуръон, тафсир ва ҳадислардан олинган сўзлар билан исботлаб, ҳаммани ғазотга ва урушга чорлади. Уларнинг ўзлари ҳам Қўқон дарвозасига бориб тўпчиларга қўшилиб ўқ жойлашда ва отишда қатнашдилар».
Генерал Черняев бошчилигида шаҳар девори тўплардан ўққа тутилгандан кейин подполковник Обух 2 рота аскари ва 4 тўпи билан ҳужумга ўтиб деворнинг бир қисмини тешишга эришади. Шундан кейин рус аскарлари подполковниклар — Обух ва Лерх қўмондонлигида шу жойдан шаҳарга бостириб кириш учун зовурни кечиб ўтишга ҳаракат қилганлар. Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг гувоҳлигига кўра, «ўруслар олға чопиб зовурга ўзларини урдилар; уларнинг иккинчи гуруҳи ёрдамга келмоқда эди. Шу онда девор устидаги шертабиат ва довюраклар ўзларини пастга ташлаб, зовур ичида ўруслар билан ёқама-ёқа ушлашиб бир-бирларини ханжар билан ўлдира бошладилар. Ҳатто баъзи кишилар қочиб кетаётган душман орқасидан қувиб ва ушлаб, ханжар ва қилич билан жанг қилдилар. Зовур ичидаги ўруслардан уруш ва талаш билан 72 кишининг боши танасидан кесилиб, яроғ-аслаҳалари ўлжа олиниб ғозийларга бўлиб берилди».
Генерал Черняев 2 рота аскар билан шаҳар деворига яқинлашса-да, лекин ғалаба қилишига ишонмай, 12 замбаракдан шаҳарни ўққа тутди. Шу пайтда зовурдаги айрим руслар фурсатдан фойдаланиб уларга қўшилиш имконига эга бўладилар. Хуллас, генерал Черняев шармандаларча мағлубиятга учраб, 4 октябрда Чимкентга қайтиб кетишга мажбур бўлди. Тошкентликларнинг жасорат ва мардлик билан жанг қилганликларини рус муаллифларидан бири ҳам уқдириб ўтган: «Шаҳар деворига 2 рота ва 4 замбарақдан иборат ҳарбий қисм подполковник Обух қўмондонлигида ҳужум қилди. Кўп ўтмай улар деворни тешишга эришдилар. Шундан кейин Обух подполковник Лорх билан ҳал қилувчи ҳужумни бошлаб юборди. Аммо қўқонликлар (тошкентликлар) шу даражада қаттиқ ўққа тутдиларки, солдатлар деворга еттунча барча бошлиқларидан айрилдилар. Обух ўлар ҳолатда жароҳатланди. Черняев ёрдамга келган бўлса-да, лекин вақт ўтган эди, йўлда ўликлар ётарди, ярадорлар жон бермоқда эди. Тириклари эса, зовурда қалашиб мадорсиз ётишарди. 80 га яқин киши ўз бошлиқларининг жасорати учун ҳалок бўлдилар. Черняев аскарлари ашуласиз ва хурсандчиликсиз ғам-ғусса билан Чимкешта қайтдилар. Аммо уларнинг ҳар бири қўқонликлар ғалабадан қувонаётганликларини яхши тушунардилар».
Шаҳар аҳолиси бир ёқадан бош чиқариб қаҳрамонона курашганлари туфайли катта ғалабани қўлга киритиш имкони туғилганди. Ғолибларни шаҳарликлар катта тантана билан қарши олдилар. Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандийнинг ёзишича, Тошкентда «жаноби соҳибқироннинг (Султон Саъидхоннинг) келиши хабари маълум бўлди. Кофирлар ўз жойларига қайтиб кетишди. Тошкентликлар бу фатҳу зафарни эшитиб, жаноби соҳибқиронга беҳисоб лашкар билан бир неча кофирнинг бошини ҳадя ва совға сифатида жўнатдилар. 19 жумадул-аввал, чаҳоршанба кунида (1864 йил 21 октябрда) бу башоратли хабар ул хосиятсиз бошлар билан бирга Хўқанди латифга келди. Кабиру сағир, фуқаролар бир неча кун хурсандчилик қилдилар». Шундай қилиб, генерал Черняев аскарлари Тошкент учун жангда катта талофат курдилар. Ҳалок бўлган руслар сони 70-80 кишига борган. Аммо генерал Черняев уларнинг сони 18 киши деб нотўғри маълумот берган, ярадорлар сонини эса, 60 киши ҳисоблаган.
Тошкент ҳимоячиларидан неча киши ўлганлиги ёки жароҳатланганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо улардан ҳам кўпчилик ҳалок ёки ярадор бўлганлиги ҳақида айтилган умумий сўзлар бор. Тошкентдаги ғалаба Қўқонга маълум бўлгандан кейин Султон Саъидхон, Олимқул русларга қарши ҳарбий тайёргарлик кўришга жадаллик билан киришадилар. Сўнгра улар Тошкент томон йўлга чиқиб, бу ерга келганларида (1864 йил 25 ноябрда) халқ уларни шоду хуррамлик билан кутиб олади. «Султон Саъидхон ва Мулла Олимқул амири лашкар, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — кўп аскарлар билан Чирчикдан ўтганда шаҳар аҳли, акобирлари, уламолари, фозиллари, сардорлар ва шайхлар уларнинг қаршисига чиқиб зиёрат этиб, йиғисиғи билан кўришиб ва дуога қўл кўтариб, уларни шаҳардаги ҳукумат саройига олиб келдилар. Уларга мужоҳидлар, ғозийлар ва шаҳар аҳолиси қатнашувида зиёфат берилди». Бу душман устидан қозонилган ғалабанинг тантанаси эди, албатта.
Султон Саъидхон ва Олимқул ғалабадан руҳланиб Туркистон шаҳрини озод қилиш учун ҳарбий юришга тайёргарлик кўрдилар. Айрим маълумотларга кўра, Қўқондан Тошкентга ҳарбий тайёргарлик ишларини амалга ошириш учун юборилган Мулла Юнусхон шиғовул хон номидан Ҳофиз Кўҳакий маҳалласилик Муҳаммад Саъид савдогарни тинчлик сулҳи тузиш мақсадида генерал Черняев ҳузурига юборган. Афтидан, бундан мақсад келажакдаги жангларга тайёргарлик учун вақтдан ютишдан иборат бўлган. Буни яхши англаган генерал Черняев сулҳ тузишдан бош тортган ва элчи Чимкентдан ҳеч нарсага эриша олмай қайтган.
Бу ўртада Қўқондаги ҳиндларнинг бир нечаси Султон Саъидхон ва Олимқул ҳузурига сарбозлик кийимини кийган ҳолда келишиб узоққа отувчи тўплар ва 100 нафар аскарга бошлиқ бўлиш истакларини изҳор қиладилар. Бу ҳамдардлик ва дўстликни акс эттирувчи таклиф инобатга олинган. Шунингдек, Қўқон, Тошкент ва бошқа жойлардан кўп кишилар Ватан ҳимояси учун курашга тайёрликларини билдириб мужоҳидлар қаторига қўшилганлар. Аммо шаҳарда сотқин ва хоинлар ҳам йўқ эмас эди. Масалан, энг йирик бойлардан ва Россия билан савдо қилиб келаётганлардан бири Саъидазимбой Муҳаммад ўғли (асли қоратегинлик) Туркистонга бориб Янгиқўрғон урушида асирликка олинган рус солдатларини Мирза Давлат додхоҳдан 250 Қўқон тилла пулига сотиб олган. У бу асирларни «ўз манфаатларини ўйлаб ва ўрусларга яхши кўриниш учун» Оқмасжидга олиб бориб, рус ҳарбий бошликдарига топширган. Бунинг эвазига Саъидазимбой рус ҳукуматидан унвон ва медаллар олиб, уларнинг энг ишончли кишисига айланган. «Саъидазимбойнинг бу ножўя ва номуносиб ҳаракатидан, — деб ёзганди муаррих, — баъзи замон жоҳиллари ва бузуқбошилари, хусусан дуғлат, арғун ва барлос қабилалари ҳам бу ишга мойил бўлиб халқ орасига мухолифат ва ишончсизлик уруғини сепдилар!».
Дарҳақиқат, Саъидазимбой ва бошқа айрим савдогарлар қўлларидан келганча рус ҳарбий саркардаларига ёрдам бердилар. Ҳатто Муҳаммад Солиҳ Тошкандий Тошкентдаги бир гуруҳ нодон фитначи ва дили бузуқ савдогарлар молларини олиб, руслар босиб олган Чимкент, Сайрам ва Туркистонга кўчиб кетганликларини нафрат билан ёзган. Сотқин гуруҳлар кўпчиликни ташкил этмаса-да, лекин уларнинг ички сирларни душманга маълум қилиб туришлари руслар ғалабасини таъминлаган энг асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Иқон жанги
1864 йилнинг ноябр ойида Тошкентда Султон Саъидхондан фотиҳа олингандан кейин Олимқул сарбозлар ва ғозийлар билан Шайхонтоҳурнинг катта кўчаси бўйлаб Сағбон кўчаси ва Сағбон дарвозаси орқали Сариоғоч йўлига чиқадилар. Улар бу ергача «ҳар бир маҳаллада ва масжидлар олдида тўхтаб жамоа аҳлидан дуо ва фотиҳа олиб» келдилар.

Қўшинда Олимқулдан ташқари Мирза Давлат қушбеги, қушфармончи Қипчоқ, Юсуфбой додхоҳ, Ўтабий қушбеги Қипчоқ ўғли ва бошқа нуфузли кишилар бор эди. Ватан ҳимоячйлари йўлга отланганда ниҳоятда қаттиқ совуқ тушиб, кўп азоб-уқубатларни юзага келтир-ди. Бу ўта оғир шароитни қуйидаги сатрлардан ҳам англаш мумкин: «Шундай қилиб, қиш ҳам кирди. Кундан-кунга ҳаво совуб, қору ёмғир еғиб, ер яхлаб, қорнинг баландлиги оту туя кукрагига тегадиган бўлди. «Туф», десангиз музлайдиган ҳавода соҳибқироннинг ғайрати тушиб, лашкар сафидан 12 минг ёш йигитни танлаб, уларга Мулла Олимқулни сардор қилди ва Туркистондаги кофирларга қарши жангга боришларини буюрди. Шу вақт ҳавонинг совуқлигидан ҳис ва ҳаракат руҳи бадандан соқит бўлиб, нафас танадан худди пўст ташлайдиган илонга ўхшаб зўрға чиқарди. Айниқса, Тошкентдан чиқиб Қайраоғоч мавзеига етиб келган кун тунда шундай шамол кўтарилдики, Од қавмини йўқ қиладиган тўфонга ўхшарди. (Мусулмонларнинг) бир неча нафарининг оёқ-қўлини совуқ урди, баъзиларининг юзлари, кўзлари музлади, баъзи кишилар эса ақлдан озиб, сафдан чиқдилар. Бир ғаройиб аҳвол юз берди. Лашкар тез суръатлар билан ҳаракат қилиб Чулак мавзеига келди. Одамлар манзил қилган шу жойда кофирлар ҳам кичик қўрғон бино этиб, бир даста сарбозларни ҳимоя учун қолдирган эканлар. Шу қавмдан қарийб 50 кишини ўлдириб, хотирларини тоза ва мусаффо қилиб Иқон қалъаси олдида қўш урдилар».


Шу равишда мужоҳидлар барча об-ҳаво ва йул азобларини матонат билан енгиб, ғалабани қўлга киритдилар. Рус манбаларининг маълумотига кўра, мағлубиятга учратилган ўша рус ҳарбий қисми Серов бошчилигида Иқон қишлоғига тўрт чақирим қолган жойда Олимқул қўмондонлигидаги ватан ҳимоячилари томонидан қуршаб олинган экан. Оғир аҳволга тушиб қолган Серовга ёрдам бериш учун Туркистон шаҳридан 170 киши ва икки замбаракдан иборат рус қўшини юборилган. Аммо улар ватан ҳимоячиларига дуч келиб орқага қайтишга мажбур бўлганлар.
Олимқул Серов аскарларини қуршаб олгандан кейин таслим бўлиш ва мусулмон динини қабул қилса, эркинлик берилишини маълум қилган. Серов бу таклифни рад этгандан кейин Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг езишича, ватан ҳимоячилари «Тошкент акобирларининг маслаҳатига кўра, хашак, қамиш ва тиканли наматга ўраб ва деҳқонларнинг «қора бўйра»сини ясаб орқасидан отлиқлар ҳужумга ўтдилар. Натижада душман аскарлари яроғ-аслаҳаларини ва бошқа нарсаларини ташлаб ҳамда кўп кишисини йўқотиб Туркистонга қочишга улгурди».
Иқон жангига тегишли маълумот Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий асарида ҳам мавжуд: «Намози аср ва шом вақти орасида кетма-кет шундай хабар келдиким, бир неча юз ўрус кофирлари дабдаба билан яқинлашиб келмоқдалар. Бу хабарни эшитиб соҳибқироннинг ғафлат уйқуси бошидан учди. Мардлик ғайрати унинг ҳамма паю суякларида ҳаракатга келиб, аҳли лашкарини қуроллантириб, кофирлар йўлини тўсиш учун жўнади. Сарбозлар душман йўлини ҳамма томонлама босиб олдилар. Қору муз отларнинг кўкрагига тегар, ҳаво совуқлиги эса ифрот қаддига етарди. Шу кечани сарбозлар от устида ўтказдилар, уларнинг кўпчилигини совуқ урди. Кофирлар эса ўзлари кавлаган ҳандакларга кириб, юз минг ранжу азоб ила кечани кундуз қилдилар... Ислом лашкарининг ғозийлари тўрт томондаги кофирларга қарата ўқ ёмғирини ёғдирдилар. Ёш паҳлавон йигитлар отларига миниб, ҳар тарафга чопиб кетдилар, кофирлар эса ваҳимага тушиб, уларни ўзларига йўлатмасдилар. Шундай қилиб, кечгача жанг қилсалар-да, ҳеч бир натижага эриша олмадилар. Кофирлар тоғдек мустаҳкам эдилар. Ақлли одамлар ўз расму ойинларига қараб, маслаҳат қилиб, ҳийла йўлини тутдилар. Улар бир кеча-кундуздан кейин ҳар хил нарсалар — намат, дарахт шохлари, қору муздан қорабўйра ясаб, уни олдиларига қўйиб юмалатиб кофирлар мавзеига якалнлангдилар. Уларнинг орқасидан паналаб келган навкарлар тўсатдан душманга ҳужум қилиб, кофирларни паришон ҳолда нобуд этдилар.
Баттоллардан ўтгиз-қирқ киши от ва туяларни миниб, Туркистон сари қочишга тушди. Мард сарбозлар бундан хабардор бўлиб, уларга етиб олиб, ақлсиз кофирларни милтиқ билан отиб ўлдиришди. Минг хил ҳийла ва найранг билан шу қавмдан 3-4 нафари қутулиб, Туркистон қалъасига етиб бордилар».
Иқон жангида 114 кишилик рус аскарлари ва офицерларидан 57 нафари ҳалок бўлиб, 48 нафари жароҳатланди. Фақат 9 кишигина саломат қолди, холос. Ватан ҳимоячилари кўп яроғ-аслаҳаларни, шу жумладан, тўпларни қўлга туширдилар. Улардан ҳам кўп баҳодирлар ўлдирилган, лекин аниқ маълумотлар сақланмаган.
Султон Саъидхон ва Олимқул русларга сотилган айрим иқонлик нуфузли кишиларни ўлимга маҳкум этиб, унинг аҳолисини ўзлари билан Тошкентга кўчиртириб олиб кетганлар. Шундай қилиб, ватан ҳимоячилари навбатдаги ғалабани қўлга киритиб, шоду хуррамлик билан Султон Саъидхон ва Олимқул бошчилигида Тошкентга, сунгра Қўқонга қайтадилар. 1864 йили ватан ҳимоячилари Чимкент остонасида, Тошкент ва Иқонда душман устидан ғалабага эришган бўлсалар ҳам, лекин Авлиёота, Туркистон ва Чимкентнинг қўлдан бой берилиши катта йўқотиш ҳисобланди. Рус ҳарбий саркардалари, хусусан генерал Черняев Тошкент шаҳрини эгаллашни асосий мақсад қилиб қуйди. Буни яхши англаган Султон Саъидхон ва Олимқул Қўқонда ҳарбий тайёргарлик ишларини қизитиб юборадилар. Аваз Муҳаммад Аттор Хуқандий гувоҳлик беришича, «қарийб олти ой пойтахтда туриб, вилоятнинг ҳар чеккасидан нодир ҳунарманд усталарни чақириб, кечасию кундуз найзаю тиғ ва бошқа уруш аслаҳалари ясалди. Тез орада 70-80 тўпи жангий муҳайе қилинди, бир неча минг саккиз-ўн қарич келадиган султоний милтиқ ҳам ясалди. Қурол-яроғларнинг адади аҳли ҳисобга ҳам маълум бўлмади».
Ўз навбатида рус ҳукумати босиб олинган жойларда ўз ҳарбий кучлари мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган чораларни амалга ошириб борди. 1865 йилнинг феврал ойида Сирдарё ва Янги Қўқон чизиқлари бирлаштирилиб, Туркистон вилояти ташкил этилди. Оренбург генерал-губернаторлигига бўйсундирилган мазкур вилоятга генерал Черняев ҳарбий губернатор қилиб тайинланди. Шу равишда босиб олинган жойларга Россия империясининг таркибий қисми сифатида қараладиган бўлди. Оренбург, Сибир ва Каспий томондан қушимча ҳарбий баталонлар ва яроғаслаҳалар келтирилди. Шунингдек, артиллерия янада кучайтирилиб, такомиллаштирилди. Баталонларни 11 тага, казаклар сони 1700 га етказилиб, махсус артиллерия бригадалари ва сапер роталари ташкил қилинди.
Тошкентнинг урушиб олиниши
Рус давлати халқаро муносабатларни, хусусан Англия билан алоқани кескинлаштирмаслик учун ўзбек хонликларини босиб олишга эҳтиётлик билан қарарди. Иккинчи томондан, эндиликда Рус давлатининг чегараси ҳарбий ва моддий манбалар ҳисобланган Оренбург ва Ғарбий Сибирдан 2000 км ва ундан ортиқ масофага узоқлашиб кетганди. Янги ҳарбий юришларни бирданига таъминлашнинг иложи қолмаганди. Шунинг учун рус ҳукумати вакиллари ҳарбий юришлар уюштиришда шошқалоқлик ва дангалчиликка йўл қўймасликка қўшин сардорларининг диққатини қаратди. Аммо шуҳратпараст ва ўзбошимча генерал Черняев зудлик битан Тошкентни босиб олиш зарурлиги ҳақида бошлиқларга хат езди. Бунга жавобни кутмасдан ҳам Тошкентга қарши ҳарбий юришни бошлаб юборди.
1865 йилнинг 28 апрелида генерал Черняев 9 рота аскар ва 12 тўп билан Тошкентга 25 чақирим масофадаги Чирчиқ даресининг чап қирғоғига жойлашган Ниезбек қалъасига яқинлашди. Бу истеҳком тўрт томондан 3 метр баландликдаги қалин девор ва сув тўлдирилган зовур билан ўралган эди. Деворнинг тўрт бурчагида минораси бўлган. Черняев хоин Абдураҳмонбек бошчилигида элчи юбориб, қалъа бошлигидан таслим бўлишни талаб этди. Рад жавоби олингандан кейин 29 апрелда эрталаб генерал Качалов бошчилигидаги солдатлар қалъани тўплардан ўққа тутди. Аммо ватан ҳимоячилари бўш келмади. Уша куни соат 3 да Тошкент томонидан 3 минг кишилик ватан ҳимоячилари 2 зам-барак билан келиб генерал Черняев аскарлари билан тўқнашди. Душман эса, уларнинг ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлди. Шундан кейин Ниезбек қалъасига ҳужум давом эттирилиб, босиб олинди. 370 сарбоз асир олинди, 6 тўп ва 315 қурол ўлжа сифатида душман қулига ўтди. Бу ерда Черняев хоин, асли шаҳрисабзлик Абдураҳмонбек Шодмон ўғлининг маслаҳати билан Бўз-сув тўғонини бузиб, уни Чирчиқ сувига буриб, Тошкент шаҳрини сувдан маҳрум қилди. Абдураҳмонбек Тошкент шаҳрининг Чувалачи (Қумлоқ ёнида) маҳалласида яшаб Черняевга муҳим маълумотларни етказиб турган. Султон Саъидхон ва Олимқул Иқон жангидан кейин Тошкентга қайтган вақтда Абдураҳмонбек томонидан ёзилган хатни Чимкешта олиб кетаетган киши ушланган. Хатнинг мазмунидан унинг «Руслар билан тили бирлиги» маълум бўлади.
Абдураҳмонбек нуфузли хонадонга мансуб бўлиб, мансабдан четлатилган бўлса керак. У аламзада ушланган одами билан Тешикқопқа дарвозасидан қочиб Чимкентга борган ва генерал Черняев хизматига кирган. Бундан хабар топган Олимқул Абдураҳмонбек «молмулкини, асбоб-анжомларини мусодара қилиб ва соттириб ғозийларга бериш ҳамда бу ишни бажаришни Муҳаммадбий Бекмуҳаммад ўғлининг зиммасига юклаш» ҳақида фармон берди. Ҳатто унинг уй-жойи ёндирилиб, остин-устин қилиб ташланган.
Душманга сотилган хоинлар орасида шаҳарнинг энг катта бойларидан бири Муҳаммад Соатбой деган киши ҳам бор эди. Бу киши Петропавловск, Троицк ва Россиянинг бошқа шаҳарлари билан савдо олиб бориб, Москва ва Нижний-Новгород савдо доиралари билан алоқа ўрнатган эди. У рус тилини яхши билган. Муҳаммад Соатбой шаҳардаги бир гуруҳ хоинларнинг сардори сифатида генерал Черняевга муҳим маълумотларни етказиб турган. Шунингдек, Синжиқлик деган жойда туғилган Мулла Саъид исмли киши ҳам руслар тарафига ўтган. Бу борада юқорида қайд этилган Саъидазимбой Муҳаммад ўғли ҳам душман фойдасига иш юритади. Рус манбаларининг кўрсатишича, у халқ орасида ўзининг бойлиги билан ажралиб турган. Хонлик даврида маҳкамада маслаҳатчи бўлиб, кейин иғво ва макр йўли билан ҳокимиятни қўлга олиш ва обрў орттиришга интилганлиги учун маҳкамадан четлатилган. Шунга ўхшаш ватан хоинларининг барчаси шахсий манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган ва ҳийла-найрангнинг пири бўлган кишилар эди, холос. Муаррих сўзи билан айтганда, улар «ўз дини ва ватанидан» юз ўгирган пасткаш одамлар ҳисобланганлар.
Тошкент шаҳри осмонида даҳшатли хавф-хатар ҳукм сураётган пайтда бир гуруҳ юқори табақа вакиллари Бухоро хонлигига таянишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг ташаббуси билан Бухорога ёрдам сўраб элчи юборилади. Аҳмад Донишнинг берган маълумотларига кўра, бу муҳим масала Бухорода муҳокама қилинаётган-да, айрим кишилар Тошкентга ёрдам беришни таклиф этган бўлсалар-да, лекин, биринчи навбатда, Султон Саъидхоннинг Бухорога келиши ва бу билан бўйсунганлигини изҳор этиши лозимлиги укдириб ўтилган. Бунинг устига Бухоро амири Музаффар «Мен бир рус лашкарбошиси билан жанг қилишни ор-номус деб биламан, хоҳласам, тўппа-тўғри Масков ёки Петербургга бориб, Рус давлати билан урушаман», деб катта кетган. Бу ҳам камдек амир Музаффар Қўқон хонлигига қарши ҳарбий юришга тайёргарлик кўради.
Тошкентликлар Қўқон хонлиги тарафини олиб Ватан ҳимояси учун тайёр турдилар. Шунинг учун ҳам улар Оқмасжид маҳалласида истиқомат қилувчи Эшон Бобохўжа Амин деган кишини душман тажовузи ҳақида ахборот бериш учун Қўқонга юборадилар. Бу ерга дарҳол хонликнииг барча жойларидан сарбозлар ва ғозийлар тўплланишиб, Султон Саъидхон ва Олимқул бошчилигида Тошкентга йўл олганлар. Улар Хўжанд орқали Тўйтепага етиб келадилар. Бу ерда бир кеча дам олгандан кейин Чирчиқ дарёсидан ўтганлар. Буни эшитган «Тошкент амалдорлари, сардорлари, уламолар, фозиллар, шайхлар, ғариблар, гадолар, эркак ва хотинлар аралаш шодликларидан уларнинг истйқболларига чиқиб ғозийлар, мужоҳидларнинг юзларидаги чангу ғуборларни ювдилар». Шундан кейин улар Мингўрикка келадилар. Бу ерда шаҳар аҳлининг қатнашувида Султон Саъидхон, Олимқул ва сарбозлар шарафига зиефат берилди. Шу ерда Олимқул нутқ сўзлаб, Тошкент аҳлининг душманга қарши кўрсатган жасорати ва қаҳрамонликларига миннатдорчилигини билдириб, бу билан фахрланишини уқдириб ўтади. Шунингдек, у «бир томчи қони қолгунча» курашажагини ҳамда Бухоро амирининг умумдушманга қарши ҳаракатга катта зиён келтираётганлигини гапирган. Агар, деган у, амир Музаффарнинг бунчалик душманлигини аввалроқ билганим-да биринчи навбатда «уни Амир Темурнинг баланд мақомидан ва давлатидан маҳрум қилиб», сўнгра русларга қарши урушган бўлардим. У ислом динини мустаҳкамлаш, мамлакат куч-қуввати ва тараққиётини таъминлаш ҳамда авлодларга «фил мисоли ёдгорлик» қолдириш ва хорижий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш лозимлиги ҳақида ҳам гапирган.
Олимқул кимники оти, туяси еки эшаги бўлса, ҳарбий аслаҳалар, озиқ-овқат ва чодирларни Чирчиқ дарёсидан ўтказишга дарҳол ёрдам беришларини шаҳар катталаридан ва аҳлидан илтимос қилади. Бу сўров бажонидил қабул қилиниб, амалга оширилган. Тошкентга келган сарбозлар ва ғозийлар орасида қўқонликлар, андижонликлар, наманганликлар, марғилонликлар, ўратепаликлар ва хонликнинг бошқа жойларининг аҳли бор эди.
Муҳаммад Солиҳ Тошкандий гувоҳлигига кўра, сарбозлар ва ғозийлар эрта тонгда ўринларидан туришиб, мусиқа ва мунгли мақомларни тинглашиб, қиблага қараб жойнамозда ўтирдилар. Бу пайтда «ҳар бир чодирдан бомдод азонининг овози эшитилиб турди, сўфилар овозининг акс-садоси бутун осмону фалакка таралди. Бомдод намози адо этилгандан кейин одамлар руҳланиб ва дадиллашиб камарлар билан белларини боғлаб, қиличлар тақишиб, найза ва тўфангларни олишиб, темир қалқонларни кийишиб, шўх, ўйноқи ва келишган отларни минишиб жангга шайландилар». Сўнгра уларга фуқаролар, муллаваччалар (мадраса талабалари) ва бошқа ғозийлар қўшилишиб, Афросиёб тепалигига боришиб, Султон Саъидхонга салом ва кўриниш бердилар. Бунда муаллифимиз Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳам жангчи сифатида ҳозир бўлган эди. Юқорида қайд этилган қозоқ халқининг қаҳрамони Содиқ Кенесари ўғли Олимқулнинг ўнг қўли сифатида лашкарбошитик қилган. У бир гуруҳ сарбозлари билан душман турган жойга вазиятни билиш учун (разведкага) юборилади.
«Содиқ тўра, — дейилади Муҳаммад Тошкандий асарида, — навкарлари билан чопиб келиб хабар бердики, икки фирқа рус аскарлари икки томондан — Шўртепадан чиқиб Олтинтепага ва бу ердан Назар қўрбоши қўрғончасига келишди ва бир-бирлари билан қўшилишди. Сўнгра, улар йўлни давом эттирдилар. Уларнинг бир қисми отлиқ, қолгани эса пибда аскарлар ҳисобланиб, икки тўплари бордир. Улар кўп ўтмай Салор ариғига етиб келадилар».
Дарҳақиқат, душман Салор атрофига ўрнашади. Олимқул уларга қарши биринчи навбатда қора кийимли сарбозларни, кейин нимча кийимлиларни ва орқасидан темир совут кийган 2000 навкарни, 2000 кулоҳпўш (шлем) кийганларни, сўнгра милтиқ билан қуролланган отлиқларни ҳамда ҳар бир минг киши орасида икки замбаракни жангга отлантиради. Уларнинг кетидан яна отлиқлардан ва ғазот талабгорлардан иборат кучлар борди. Олимқул сарбозлар ва ғозийлар орқасидан «чопқир отга миниб тезлик билан Афросиёб тепасидан тушиб шаҳарнинг Қўқон дарвозасига бориб тўпчилар, оташхона ва замбаракларни шундай тартиби билан ўрнаштирдики, ҳар бир сафни бошидан охиригача қараганда худди бир одам тургандек кўринарди. Сафлар орасида 36 замбарак қон ичувчи ўқлари бўлган оғизларини очган ҳолда фармонни кутиб турардилар. У бу ердан Тархонсаъид ариғи бўйида турган мужоҳидларни ҳам кўздан кечираётганда, ўруслар Салор ариғидан ўтиб тўп отдилар ва солдатлар олға юра бошладилар». Бу воқеада бевосита қатнашган Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, урус аскарларига қарши туп ва милтиқлардан ўқлар отилган. Шундан кейин жанг майдони тўп ва милтиқлар тутунидан, чанг-тўзондан киши бир-бирини кўра олмайдиган даражага етди. Шунга қарамай ватан ҳимоячилари шиддат билан ҳужумга ўтиб, рус аскарларини чекинишга мажбур қилганлар. Шу онда Олимқул ҳар бир шахс олдига бориб, хусусан баҳодирларга, сардорларга ва сарбозларга ширин сўзлар билан мурожаат этиб, дин ва Ватан учун жангга руҳлантириб турган. Отлиқлар уч тарафдан ҳужум қилиб, душман орқасидан қувлаб Олчоқ ва Олтинтепа мавзелари орқали Шўртепагача қувлаб борганлар. Душман бу ердаги тепаликка чиқиб жон сақлаб қолган. Шундан кейин ватан ҳимоячилари турган жойларида зовурлар қазиб урнашиб оладилар. Ватан ҳимоячиларининг бир қисми шаҳарга қайтиб дам олишга ва янги жангларга тайёргарлик куриш тараддудига киришади. Шуни алоҳида таъкидлаб утиш лозимки, қулга киритилган катта ғалаба карнай-сурнай садолари ва ашула-куйлар садоси остида зўр шоду хуррамлик ва тантана билан қарши олинди. Шуниси диққатга сазоворки, бу ғалабани қулга киритишда шаҳардаги аҳолининг катта-кичик барча тоифалари ва аёллар фаол қатнашдилар. Бу хусусда воқеалар қатнашчиси Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай езади: «Шаҳар аҳлининг 7 ешидан 70 ёшгача эркак-хотин, ёш-қариси хизмат камарини белларига боғлаб, пишган таомларни бошларига кутариб қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нонлар ва ширин меваларни саватларга солиб, ғозийлар ва мужоҳидлар турган жойларга олиб бориб, илтижо, тавалло ва дилдорлик қилиб, кўзларидан ҳасрат ёшларини оқизиб, куз ёшлари билан ғозийлар ва мужоҳидлар юзларидаги чангу ғуборларни ювиб, артиб кўзгудек тозалаб, (келтирган нарсаларини) еб битиришларини илтижо қилдилар».
Киши қалбини ҳаяжонга солувчи мазкур сатрлар шундан гувоҳлик берадики, тошкентликлар Ватани ва дини учун жонини ҳам, молини ҳам фидо этиб чинакам эрксеварликларини, киндик қони тўкилган ерга содиқликларини яққол намойиш қилдилар. Ғалаба том маънодаги халқ шодиёнасига айланиб, довруғи хонликнинг барча жойларига тарқалди. Эндилиқда Султон Саъидхон ва Мулла Олимқул навбатдаги жангни қайси тарзда ўтказиш хусусида маслаҳатлашиб олиш учун кенгаш чақирдилар. Бунда тошкентликлар бир тарафга ва қўқонликлар иккинчи томонга алоҳида ўтқазилиб, фикр алмашилди.
Тошкент вакиллари катта жасорат ва ғайрат билан ғалабага эришилганлигини эслатишиб, Содиқ Тўра ва унинг укаси Арслон Кенесари ўғиллари бошчилигида навкарларни ва ғозийларни Туркистон, Оқмасжид, Тўқмоқ, Олмаота ва, умуман Ғулжагача бўлган хонликка тегишли ерларни қайта эгаллашга чақирдилар. Бошқачароқ айтганда, улар ҳужумкорлик ва шиддат билан босқинчилар устига бостириб бориш зарурлигини таъкидладилар. Аммо қўқонлик амалдор Отабек шарбатдор деган киши Мулла Олимқулга пичирлаб: «Агар уларнинг бу режалари руёбга чиқиб қолса, у вақтда бириси хон, бириси вазирликни хоҳлаб биздан юз ўгириши турган гап» деган. Мулла Олимқулга бу гап маъқул тушиб, аввало мамлакатдаги ички ишларни ҳал этиб, сўнгра жаҳонгирлик қилиш ўринлидир, деб жавоб берган. Аслида душман мағлубиятга учраб турган кезларда шиддатли ҳужум воситасида уни тамомила тор-мор этиш ҳарбий нуқтаи назардан энг тўғри йўл эди. Аммо Мулла Олимқул бундан олдинги ғалабаларда ҳам душманни охиригача мағлубиятга учратиш сиёсатини қўлламай дастлабки ғалаба билан қаноатланиб қолгани рус ҳарбий сардорларига жуда қўл келганди. Улар ҳар гал бундан фойдаланиб, нафас ростлаб ва тайёргарлик кўриб ҳал қилувчи жангларда баланд кела бошладилар. Тошкентда ҳам худди шундай ҳол юз берди.
Рус манбаларига кўра, юқорида шарҳланган жанг 9 май эрталаб соат 7 да бошланиб, ватан ҳимоячилари 12 замбарақдан ўқ узиб, ҳужум қилганлар. Шундан кейин гўе ватан ҳимоячилари чекинган эмиш. Лекин, дейилади рус манбасида, душманнинг (яъни ватан ҳимоячиларининг — Ҳ. 3.) ўқ ёмғирлари остида рус аскарлари тепаликка чиқиб олган эдилар. Бу маълумот муаррихнинг руслар Ниёзбек қалъасидаги тепаликка чекиндилар, деган сўзларини тасдиқлайди. Аммо рус манбаларида Черняевнинг маглубиятини сир тутиш мақсадида ватан ҳимоячиларининг ғалабаси тилга олинмайди.
Ғалабадан кейинги воқеаларни муаррих қуйидагича таърифлайди. У мадрасадаги ўз сафдошлари билан қуролланган ҳолда Қўқон дарвозасидан чиқиб, Салор ариғи орқали Назар қўрбоши қўрғончасига келган. Бу ердан улар жанг майдонига отланишиб, Олчоқ ва Дўрмонча деган жойга бориб, мудофаада турган ватан ҳимоячиларига қўшилганлар. Бу ерларнинг уч жойида 12 тадан, яъни 36 тўп ўрнатилган булиб, уларнинг орасида сарбозлар ва ғозийлар ўрнаштиричган эди. Айни вақтда Шўртепа қалъасининг нариги томонида уч бўлинмадан иборат рус аскарлари турган. Ҳар икки томон ўртасида тўплардан ўқ ёмғирдек ёғилиб, ҳамма еқни чанг-тўзон қоплаган. Бу даҳшатли жангни ўз кўзи билан кўрган Муҳаммад Тошкандий шундай ёзганди: «Тўплар ва милтиқлар оғзидан думалоқ ўт-оловлар чиқиб, ҳавога парвоз этиб, душман устига ёғар эди. Жасур ва фидойи сарбозлар ҳамда мужоҳидлар уруш майдонида душманни ёқасидан ушлаб ва муштлашиб, қўлларидаги тиғ, қилич ва найзалар билан жанг қилдилар. Майдонда ўлаётганлар ва жароҳатланганларнинг оҳ-воҳлари ва фарёдлари садолари ҳар томондан эшитилиб турарди».
Шу пайтда Мулла Олимқул ҳужумни янада жадаллаштириш ҳақида фармон бериб, Абдуллабек билан от чоптириб жангга кириб кетдилар. Абдуллабек бир кўзидан жароҳатланади, лекин у бўш келмай қаршисидаги рус солдатини қиличи билан икки бўлак қилиб ташлайди. Мулла Олимқулнинг ўзи ҳам бир солдатни чопиб ташлайди. Жанг авжига миниб турган пайтда бир ўқ Мулла Олимқулнинг қорнини тешиб, киндигидан чиқиб кетади. Шу онда Мулла Олимқул «от устидан йиқилаётганда уни бўйнидан маҳкам ушлаб, ўзини яна от устига олди ва шу ҳолда тўпхона олдига бориб фармон бердиким: «Тошкент фуқаролари аста-секин орқага қайтиб ўзларини шаҳар ичига олсинлар, бошқа сарбозлар ва мужоҳидлар эса урушни давом эттирсинлар».
Мулла Олимқулнинг қаттиқ жароҳатлангани ва тошкентликларнинг шаҳар ичига қайтиши ҳақидаги кўрсатма ватан ҳимоячиларини саросима ва ваҳимага солиб қўйди. Шунга қарамай ватан ҳимоячилари жангни давом эттирдилар.

Юқорида шарҳланган жангнинг тафсилоти ва айрим сардорларнинг хоинлиги Мулла Олим Маҳмудҳожи асарида ҳам ўз ифодасини топган. Унга кўра, қипчоқ ва қирғизларнинг баъзи бошлиқлари ниҳоятда хавф-хатарли ва тақдирни ҳал этувчи дамларда очиқдан-очиқ жанг қилишдан бош тортган. Бу масала хусусида ўша муаллиф шундай езган: «Тошкентдан тахминан ўн икки чақиримлик Олчоқ мавзеига яқинлашганда Мулла Олимқул курибдурларким, Русия қўшини бир жойга жам бўлиб турубдур. Оларнинг муқобилига Мулла Олимқул отлиқ мерганларни пиёда қилиб, тўпчи сарбозларни енига қўйиб, тўпларни рўбарў айлаб, икки тараф отишма бошлабдир. Ҳар икки тарафнинг тўп-тўфонг отишидан ва чангу ғуборидин уруш маъракаси қоронғу бўлиб, бир-бирларини кўрмайдурғон даражага етуб, бу урушда Мулла Олимқул ўзи қўшинга бош бўлиб, гоҳ бул тараф, гоҳ ул тарафдаги аскарларнинг тепасига бориб кўнгил сураб турган. Аксар қипчоқ-қирғизия саркардалари қўшинлар билан урушга аралашмай Мулла Олимқулга кўриниш айлаб тепа устидин урушни назорат қилиб турубдурлар. Мулла Олимқул Юнусжон шиғовулни юбориб айтибдурларким: «Бу қандай аҳвол... хусумат ва адоватни вақти эмас, уруш тамом бўлгандан кейин ҳар нима кўнгилларингизда бўлса, муддоан табъ жойига етказурман. Ҳаммамиз иттифоқдашиб обрў олайлук, бўлмаса мулку мамлакат, давлат қўлдан кетадур». Бу сўзларни Юнусжон шиғовул еткургон ҳолда оларнинг ичидан Пўлод қирғиз деган дағал одам қаттиқ ва дуруст жавоб бериб, Юнусжонни қайтарди. Шул уруш асносида Мулла Олимқул савора ҳар қайси қўшин дастасида гоҳ тўпчилар, гоҳ пиёда мерган ва отлуғ аскарлар олдига бориб, ҳар қайсиларига ўзи амр бериб турган ҳолда биқинидан ўқ тегиб отдин йиқилди. Дарҳол уни от узасига олиб, қўшиннинг назарига соғ одамдек кўрсатиб қўшинга дарҳол тўп ва тўпхоналар илан аскар Тошкент рафига қайтсин деб амр берилди».


Шу равишда ватан ҳимоячилари сардорсиз қолиб ўз ҳолига ташланди ва парокандалик кучайиб борди. Шунга қарамай улар ўз куч ва иродаларига таянган ҳолда уруш майдонини ташлаб кетмадилар. Улар 36 замбаракдан душманга қарши ўқ отиб турдилар. Сўнгра карнай садолари остида ватан ҳимоячилари бирданига ҳужумга ўтиб, душманлар билан юзма-юз жанг қилдилар. Шу тарзда улар аста-секин Салор ариғига чекиндилар. Бу вақтда Мулла Олимқул ниҳоятда оғир аҳволига қарамай жангчилар билан бирга бўлди.
Аммо баъзи хоин гуруҳларнинг хатти-ҳаракатлари душманга қарши курашга анча зарар етказди. Биринчилар қатори Ҳакимхўжа Калон бошчилигидаги себзорликлар душман ҳужумига бардош беролмай қочдилар. Қипчоқ, қирғиз ва андижонликлар ҳам қўлга тушган нарсаларни олиб Фарғона томонга йўл олдилар. Муаррихнинг гувоҳлик беришича, бундай сотқин гуруҳлар ҳатто Қўқон дарвозаси рўпарасида турган 12 тўпни шаҳар ичига олиб кириш ҳақида тўпчиларнинг илтимосига қулоқ солмай кетаверганлар. У ўзининг ҳамроҳлари билан икки тўпни шаҳар ичига жойлаштиришга ёрдам берган. Худди шу вақтда белига олтин камар боғлаган, кумуш қинда қиличи ва олтин сошш ойболтаси бор сардорлардан бири ҳам қочиб кетаёттанда Муҳаммад Тошкандий уни хоинлиқда айблаб темир табқ билан елкасига уриб йиқитган. «Бироз муддатдан кейин, — деб ёзганди муаррих, — Абдуллабек табиб Мулла Олимқулни ўзига суянтириб келаетир, уларни ёнида эса ҳиндистонлик тўпчибоши дастрўмолчаси билан кўз ешларини артиб турган эди. Шунда Мулла Олимқулнинг ўғли келиб дадасини кўргани ҳамон «Вой, отам», деб йиғлаб юборди. Жамидор (ўша ҳинд) тўпчибоши дарҳол унга «товуш чиқарма», деб ишорат қилди. Ўғлини кўриб Мулла Олимқул олдига келишини ишорат қилди. Ўғли дарров келиб қулоғини отасини оғзига тутди. Мулла Олимқул нималарнидир пичирлади ҳамда қўйнига қўлини тиқиб пайғамбарнинг муборак сочларини ўғлига берди. Шу билан ўғли билан хайрлашди ва кетишига рухсат берди. Шундан кейин Мулла Олимқулни аста-секин Қўқон дарвозасидан ичкарига олиб киришиб чап томонига шайх Шиблий кўпригига юришиб ва ундан ўтиб ўнг қўлдаги соя-салқин дарахтзорга етқизишди».
Шу пайтда русларнинг тўпдан отган ўқларининг бири қалъани шикастлантирди, иккинчиси баъзи тўплларни ўлдирди ва баъзиларини жароҳатлантирди. Натижада тўп отувчи киши қолмаганидан Муҳаммад Тошкандий ҳамроҳлари билан ўқни тўпга жойлаетганида бир ёш йигит келиб, исми Тошмуҳаммад эканлигини ва Оққўрғонданлигини билдириб тўпни отишга киришган. Бу йигитнинг отган ўқлари хато кетмасдан мўлжалга тегиши орқасида рус замбаракларининг овози ўчган. Бундан хурсанд бўлган Муҳаммад Тошкандий дебди: «Эй, жон ўғлим, сени хизматингни шарофатидан мусулмонлар катта фойда кўрдилар, қалъа кунгирасидан қарайлик-чи, ўқлар бекорга кетмаганмикан. Тездан қарасак, руслар Ниёзбекни катта йўли бўйлаб тўпларини пастлик ерга қўйиб, сўнгра аста-секин Шуртепа томонга юрдилар. Буларни кўриб мен: «Охиратинг обод бўлсин, зоту зурриётингга раҳмат», — деб Тошмуҳаммадни дуо қилдим».
Ватан ҳимоячилари душманга қарши тўплардан ўқ узишни тухтатмай, пировардида ҳаммаси шаҳар ичига қайтишиб дарвозаларни маҳкамлашди. Шаҳарда ўз-бошимчалик ва парокандалик ҳукм суриши орқасида вазият янада оғирлашган. Ҳамон Қўқон навкарларидан бир гуруҳ кишиларнинг Хўжанд ва Қўқон томонга кетаетганлигини кўриш мумкин эди. Шу пайтда Асадулла табиб ва Абдулла либосдор шайх Шиблий кўприги томонидан ярадор Мулла Олимқулни замбилда ҳукумат саройига олиб келдилар. У замбилда етган ҳолда «Тошкент фуқаролари хафа бўлмасдан уй-жойларига қайтсинлар», деган сўзларни такрорлай берган. Афтидан, у уларни шаҳар мудофааси билан машғул бўлишга чақирган. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳамроҳи Эшонхонҳожи билан шовқин-суронни эшитиб қурол билан масжиддан кўчага чиқишса, Чуст ҳокими Муҳаммад Аюб отлиғ яроғ-аслаҳалар ва байроқлар ҳамда минг кишилик отлиқ аскарлар билан кетаётган экан. Уларга «Қаеққа кетаётирсизлар?», деб савол берилганда, «Ўруслар Кўкча дарвозаси томон келмоқчи, амири лашкар Мулла Олимқул ўша ёққа боришни буюрдилар», деб жавоб берганлар. Шу пайтда бир киши амири лашкар ўлдилар, улар қочиб кетаётир, деб муаррихга гапирган. Шунда Муҳаммад Солиҳ Тошкандий Чуст ҳокимига «Ҳукумат берган тузини» инобатга олиб, душманга қарши урушни давом эттириш лозимлигини айтганда, ҳоким: «Бу муллавачча нималарни гапираяпти», — деб қиличи билан унинг бошига урмоқчи бўлган. Муҳаммад Тошкандий эса чаққонлик қилиб милтиғининг қўндоғи билан ҳоким отининг тумшуғига ва орқа томонига урганда гандираклаб, орқага кетаётган отларга урилган. Улар ваҳимага тушиб қочиб қолганлар.

Муаррих яна бир воқеанинг гувоҳи бўлган. У кўчада кетаётганда чопони ичида қиличибор икки кишининг юк ортилган икки отни етаклаб кетаётганликларини кўриб, сўраганда «Бизлар савдогарлармиз, ҳукумат саройига бораётирмиз», — деб жавоб беришган. Аммо Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг шогирдларидан бири отлиқлар Қўқондан қори Шамсиддин томонидан Мулла Олимқулга уруш харажатлари учун юборилган маблағларни олиб кетаетган Ҳакимхўжа ва Ёқуббойвачча исмли кишилар эканлигини маълум қилади. Бу давлат хазинасига тегишли маблағлшини англаган Муҳаммад Солиҳ Тошкандий хазинани Муса Муҳаммадбий деган кишининг уйига қуйдирган ва ўғирланишдан сақлаган. Шундан кейин Муҳаммад Солиҳ Тошкандий бу ҳақда маълумот бериш учун Султон Саъидхон ҳузурига кетади. У ҳамроҳи Эшонхўжа билан шайх Шиблий ариғи кўпригидан ўтганда «подшоҳлик анжомларини ва ҳар хил нарсаларни» тепасида турган Тўрақул деган кишига дуч келган. У киши бу хазинага тегишли нафис ва қимматли буюмларни шаҳар ичига олишда ёрдам беришни муаррихдан илтимос қилган. Бу сўров сарбозлар ёрдами билан амалга оширилган. Кейин маълум бўлишича, хазина моллари қаергадир олиб кетишга тайёрлаб қўйилган экан. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий Султон Саъидхон дарвозанинг шимолидаги Давлатбой деган кишининг ўрикзорида турганини аниқлаб олади. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий Султон Саъидхоннинг: «Қаердан келабтирсизлар?», — деган саволига шундай жавоб беради: «Мужоҳидлар ва ғозийлар жамоасига Қўқон дарвозасини беркитдириб, паришонҳол ва ҳар томонга қочаётган кишиларни ўз жойларига қайтариб ва яхши сўзлар билан кўнгилларини кўтариб, юракларидаги ҳар турли ваҳима ва хавфни чиқариб, подшоҳликка тегишли турли молларни ва маблағларни талон-тарож этишдан холи этиб, маълумот бериш учун ҳузурингизга келдик».


Шунингдек, у сўзининг охирида Тошкент шаҳрининг «қуршовдаги қўл-оёқсиз (сардорсиз) ва ташналикда (сувсизлиқда) қолган халқини озод этишнинг охири бахайр бўлишлиги»ни таъминлаб, «яхши ном қолдириш ва буни авлодлар қалбида абадул-абад сақланишини» таъкидлаб ўтади.

Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг бу оташин ватанпарварлик сўзлари Султон Саъидхон ва юқорида айтилган хазинани Қўқонга олиб қочишга ҳаракат қилаётган Муфсид Отабек шарбатдорнинг ғазабини қўзғатиб юборди. У ўзини тута олмай навкарларга Муҳаммад Солиҳ Тошкандийни отиб ташлашни буюрди. «Бизлар ҳам, — деб ёзади муаррих, — кўчани ўртасига тушиб улардан олдин милтиқларимиз билан уларни пешонасини нишонга олдик. Бу ҳолни кўриб турган вилоят катталаридан бири бўлмиш Эшон Мансурхўжа: «Отабек, ҳозир шундай вақтки, фитна-фасодни ва халқни паришонлигини даф этиб ва орқага қайтиб мамлакатдорлик ишлари билан машғул бўлиш даркордир. Айни бир вақтда подшоҳлик асбобу анжомларини бир ерга тўплаш лозимдир», — деб гапирган.


Шундан кейин йўлга чиқишга отланиб турган Султон Саъидхон «дарҳол отининг жиловини орқага буриб ва қайтиб» Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ва бошқа кишиларнинг олдига келиб ўзининг кетмаслигини англатди. Шундай қилиб кўрдикки, Муҳаммад Солиҳ Тошкандий оташин ватанпарвар, жасоратли ва мард жангчи сифатида ўз она юрти ҳимояси учун ҳеч нарсадан қайтмаган. Унинг Султон Саъидхонни қора кучлар панжасидан ажратиб олиши ва хазина молларини сақлаб қолиши душман қамалидаги шаҳар аҳли учун ҳар жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлди. Султон Саъидхондан юз ўгириб қочиб кетган қипчоқлар, қирғизлар, айрим Қўқон сардорлари ва навкарлари Қўқонга боришиб тахтга янги хонни тайинлаш ҳаракатига тушиб кетдилар. Бу вақтда Тошкент шаҳри амалда Қўқон хонлигидан ажралган ҳолда яшамоқда эди. Аммо Тошкент аҳли Султон Саъидхоннинг, юқорида кўрсатилганидек, Мулла Олимқул амири лашкар билан душманга қарши курашларда бевосита қатнашганлигини қадрлаб ва ўз содиқлигини изҳор қилиб, уни қайта хонлик тахтига ўтқаздилар. «Мамлакат аъёнлари, ашрафлар ва мутасаддилар, хусусан Содиқ Тўра ва укаси Арслон Тўра, Мулла Солиҳ додхоҳ, Бобожон понсодбоши, Мулла Содиқ ва Отақули Маҳрам ясовул ва бошқа сардорлар ҳозир бўлишиб, таъзим ила салом беришиб, пешоналарини мазаллати тупроғига суртиб, амал даражалари мақомига яраша ўтиришиб якдиллик билан Султон Саъидхонни тўрт бурчакли оқ кийгизни устига ўтқазиб, юзини қибла томонта қаратиб қўйдилар. Тўрт жамоа ва қабила бошлиқлари кийгизни бир бурчагидан, уламо ва фозиллар иккинчи бурчагидан, Содиқ Тўра ва Арслон Тўра ва бошқа элат бошлиқлари учинчи бурчагидан, Қўқон сардорлари тўртинчи бурчагидан, Тошкент аъбнлари, ашрафлари ва саркардалари, жумладан Шер Алибий, ҳаммалари бирданига тақриб айтиб, саловот ўқиб, йиғлашиб подшоҳликка кўтаришди ҳамда подшоҳлик тожини бошига кийгизишди. Шу онда улар «Муборак бўлсин» дейишиб, табриклашдилар. Султон Саъидхон шарафига зиёфат берилди».
Султон Саъидхон Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг хизматларини тақдирлаб, шойи тўн кийгизиб шундай деган: «Эшони домулла! Энди давлатга шерик бўлдингиз, хабар олиб турсунлар». Шу равишда Тошкент ўз хонига эга бўлиб, амалда мустақиллигини намойиш этди.
Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, мазкур воқеа арафасида унинг амакиваччаси эшон Юсуфхўжа Иноғомхўжа читфурушнинг ўғли хонадонидан Мулла Олимқулни ўлиги чиқарилиб, Шайхонтоҳур қабристонига қўйилган. У ҳам тобутни кўтаришиб борган. Мулла Олимқулнинг жон бериши ва дафн этилишини Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий шундай баён этган: «Қирғиз ва қипчоқлар вафосизлик қилиб, Хуқанди латифга кетган кунларида сартия аҳолиси замон хонига вафодорлик кўрсатиб, амири лашкар билан қолдилар. (Қипчоқ ва қирғизлар) хиёнати амири лашкарга ҳам маълум бўлди. Бундан дард чекиб (Олимқулнинг) касаллиги яна оғирлашди ва пешиндан кейин унинг руҳ қушчаси тананинг тор қафасидан халос бўлиб, жаннат оламининг фазосига учиб кетди, жонни жон ато қилганга бериб, шаҳодат даражасига етди. Амири лашкарнинг фарзандлари, хотинлари ва тобелари бу аҳволни мушоҳада қилиб, мажруҳ қалблари яна маҳзун бўлди. Сабру қарор жабрини қўлдан бериб, ғам ва қайғу тариқасига ўтдилар. Аркони давлат, аъёни шавкат, сартия мамлакатининг акобиру ашрафлари, Тошкентнинг каттаю-кичиги ҳамма қайғуга тушиб йиғладилар. Уларни кўзларидаги ёшлар дурга ўхшаб оқарди.

Алқисса, ул жамоатнинг нолаю фареди фойда қилмади ва бу дарди бедавога илож ҳам топилмади. Ниҳоят, фоҳира дунбнинг орият либосини амири лашкар танидан ечиб, охират либосини кийинтирдилар. Аркони давлат ва аъёни мамлакат қайси маконга Мулла Олимқулнинг жасадини қўяйлик, деб машварат қилиб бир қарорга келолмадилар. Шу маҳал амири лашкарнинг бир неча ишончли кишиси ўзаро маслаҳат қилиб иттифоқлиқда жасадни фозиллар қуёши ҳазрати Шайх Хованд Таҳур мозорида дафн қилдилар».


Бинобарин, Мулла Олимқул қайғу-алам ва ҳурмат-иззат билан жамоа аҳлининг барча тоифалари иштирокида кўмилди. Ҳақиқатан ҳам у ўз халқининг содиқ фарзанди ва жонкуяри эди. У Маллахон вақтидаёқ ўнлаб янги ва анча такомиллашган тўпларни, яроғ-аслаҳаларни тайёрлашга катта эътибор билан қаради. У Рус давлатининг тажовузига қарши олиб борилган жангларга бевосита бошчилик қилди. Уларда қўлга киритилган ажойиб ғалабалар унинг номи билан боғлиқдир. Пировардида унинг ўзи ҳам жанг майдонида оғир жароҳатланди ва ҳалок бўлди.
Тўғри, айрим манбаларда Мулла Олимқул фаолиятига доир салбий қарашлар ҳам мавжуд. Аммо ўша даврдаги жуда мушкул сиесий ва иқтисодий шароитда унинг қилган ишлари ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермас эди. Бунинг учун Мулла Олимқулга ўхшаган ватанпарварлик, тадбиркорлик ва жасорат сингари олий фазилатларга эга бўлиш лозим эди.
Султон Саъидхон қайта тахтга ўтқазилганидан кўп ўтмай саркардалар, уламо ва фозиллар, умуман, шаҳарнинг нуфузли кишилари қатнашувида Рус давлатига қарши курашда қандай чоралар кўриш масаласи бўйича кенгаш ўтказилди. Қизғин баҳслардан сўнг ёрдам сураб Қўқонга, Бухоро ва Хива хонликларига элчилар юборишга келишилди. Султон Саъидхоннинг кўрсатмасига биноан, хон саройидаги Мулла Мирза шиғовул ва Мулла Юнусхон мунший деган кишиларга юқорида қайд этилган жойларнинг ҳукмдорлари номига хат тайёрлаш топширилди. Қўқонга юборилган элчилар жанг майдонидан қочиб бораётган Қўш парвоначи қипчоқ (собиқ Тошкент ҳокими) ва Мирза Аҳмад қушбеги бошчилигидаги навкарларни Пискент ва Қурамада учратиб, ёрдам бериш тўғрисидаги хатни топширганлар. Аммо улар орқага қайтишга кўнмай Суптон Саъид ва Муфсид Отабек шарбатдор номларига хат ёзиб, қандай бўлмасин Султон Саъидни Қўқонга олиб келишни, акс ҳолда тахт бегоналарга ўтиб кетишини маълум қилганлар. Шу билан элчилар орқаларига қайтишган. Бухорога себзорлик эшон Ҳакимхужа қозикалон бошчилигида ҳар даҳадан тўрт оқсоқол юборилган эди. Тошкентликларнинг сўрови хон саройида муҳокама этилганда бир гуруҳ кишилар балавд овоз билан: «Эвди бизларга ҳам жиҳод ва ғазот қилиш фарздир», дейишган. Амир Музаффар ҳам Тошкентга ҳамдардлик изҳор этиб, мактублар билан элчиларнинг қайтишларига рухсат берган. Аммо амир Музаффар элчшгарга Жиззах орқали кетишни буюриб, унинг ҳокими эронлик Ёқуб номига ҳам хат езиб юборган. Элчилар бу ерга келишгавда суҳбат вақтида ҳоким дебди: «Султон Саъидхон Тошкентда қамалда турган эканлар, сизлар соғ-саломат етиб борганларингиздан кейин айтингларки, у амир Музаффари олийларига кўриниш берсинлар ва зиёратни бажо келтирсинлар. Шундай қилинса, ҳукмдорлик қоидаларига риоя қилиниб иттифоқлик, ҳамкорлик ва дўстликни юзага келишига баҳона бўлади».
Музаффархоннинг жавоб хати ҳам худди шу мазмунда эди. Хуллас, Бухоро амири биринчи галда Султон Саъидхоннинг бўйсуниши ва шундан кейингина ёрдам бериши мумкинлигини билдирди. Бу аслида Тошкентнинг Бухоро амирлиги таркибига кириши деган сўз эди. Шу боис мазкур масала шаҳарнинг нуфузли кишилари, жумладан, «Тарихи жадидайи Тошканд» асари муаллифи қатнашувида муҳокамага қўйилди. «Бу кенгашда, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — Қўқоннинг баъзи бетамиз акобирлари ҳамда шайтон, маккор кишилари Отабек шарбатдорнинг Султон Саъидхонни Бухоро амири ҳузурига юбориш ҳақидаги сўзини қувватладилар».
Муҳаммад Солиҳ Тошкандий сўзламоқчи бўлиб турганда Муҳаммад Солиҳ додхоҳ унга, кўнглингизга келган гапни ошкора гапираверинг, деган. «Шундан кейин, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — Султон Саъидхонга савол бердим: «Шаҳзода, сиз кимнинг фарзандисиз?» — Жавоб бердиларким: «Шаҳид Маллахоннинг арзанда ва азиз ўғлиман». Мен дедим: «Отасига ҳам, ўғлига ҳам раҳмат, бириси адолат ноғорасини чалди, иккинчиси эса, ғазот ва жиҳод йўлида хизмат кўрсатиб ва яхши ном чиқариб ўзга ҳукмдорларни ҳайратга солди. Шаҳзода бамисоли хонлик хазинасидаги жавҳардир, уни бекордан-бекорга қўлдан бой бермаслик лозим. Аксинча, бу кишини этагидан ушлаш бурчимиздир. Ҳали қўлга кирмаган насияга ишониб қўлдаги нақдни бериш ярамайди. Давлатнинг тузини ичган ҳар бир амалдор ва саркарда унинг ғамини емай, хизмат қилмай ва ўз вазифасини адо этмай ҳар томонга қараб қочса, фуқаролар душманнинг асирига айланиши турган гапдир».
Бу сўзларнинг тагида, агар Султон Саъидхон Бухорога кетса, у вақтда халқ олдидаги масъулиятини ва бурчини бажармай катта хатога йўл қўяди ҳамда фуқароларни Рус давлати тобесига айлантиради, деган даъво етибди, албатта.

Кенгашда Муҳаммад Солиҳ Тошкандий фикрини қувватловчилар ҳам бўлиб, улар шундай дейишган: қўлдаги нарсани ҳавойи гапга ишониб бериш ва йўқ нарсага умид боғлаш ақлсизликдан, нодонликдан ва кейинги пушаймонликдан иборатдир. Биз ҳар томонга элчилар юбориб ёрдам сўрадик, энди ёрдам берсинлар ёки бермасинлар, барибир, уруш харажатларини Тошкент аҳли ўз бўйнига олиб, нимаики зарур бўлса, етказиб берилади. Шу онда Отабек шарбатдор Шайхонтоҳурлик Мулла Миржалил Гулмирза оқсоқол ўғлини Бухорога элчи сифатида юборишни таклиф қилди. Бунга қарши ўлароқ Муҳаммад Солиҳ Тошкандий: — Яхшиси, биздан ярим чақирим масофадаги генерал Черняев ҳузурига ақлли ва тадбиркор элчини юбориб, урушнинг тўхтатилишини ва унинт Чимкентга қайтишини таклиф этайлик, деган. У бу режа амалга ошса, ҳарбий тайёргарлик кўриш учун вақтдан ютиш мумкин бўлишини баён қилган. Кенгашдагиларга бу таклиф маъқул бўлиб турганда бир гуруҳ «худбин ва жоҳиллар: — Бизлар русларга бош эгиб ҳеч вақт элчи юбормаймиз, — деб ўринларидан туриб кетишган. Шунда Султон Саъидхон Муҳаммад Солиҳ Тошкандийга шойи тўн кийгизиб: «Эшон домламиз ҳозиржавоб ва ҳамма бобдурлар», — деб мақтаган.


Кўп ўтмай Бухородан Искандар отлиқ бир амалдор олти нафар киши билан келиб Султон Саъидхонга амир Музаффар мактубини топширган. Бу мактуб мазмуни Султон Саъидхон ва шаҳарнинг нуфузли кишилари қатнашган кенгашда муҳокама этилади. Унда Султон Саъидхонни Бухорога таклиф қилишдан мақсад қамалдаги тошкентликларга ва атроф-жойлардагиларга дўстона ёрдам бериш эканлиги ёзилган экан.
Султон Саъидхон мактубни қўлга олиб йиғин қатнашчиларига дебди: «Эй, қамалдаги фуқаролар, дин йўлида девор остида етган кишилар, душман ўқига кўкрагини тутиб турганлар, чанг-тўзонда қолганлар, жонларини аямай душман найзаси ва ўқига қалқон бўлганлар, қандай маслаҳат берасизлар?» Кенгашдагилар якдиллик билан: «Бизга ҳозир ниҳоятда оғир дамларда ёрдам бериш ўрнига сардорларимизни олиб кетишадиларми, ахир. Биз раҳбарсиз қоламиз-ку, бошимизни олса олсинларки, лекин ҳукмдоримизни бермаймиз», — деб жаҳл ва норозилик билан тарқаб кетганлар. Шундан кейин нуфузли кишилардан бир гуруҳи келиб Султон Саъидхонни Бухорога жўнатишга қарор қилдилар. Бундан хабар топган Муҳаммад Солиҳ Тошкандий дарҳол келиб норозилик билдирганда, Бухоро амирининг тарафдорлари «Султон Саъидхон Бухорога бормагунча ёрдам бўлмайди, амир ҳазратлари эса бу ерга қадам босмайдилар», — деб жавоб берганлар.
Шунда Муҳаммад Солиҳ Тошкандий кўнглида ёрдам қўлини чўзиш ниятидаги одам шарт қўймай келаверади, амирнинг эса Рус давлати билан тили бир, деб гапирган. Сўнгра у очиқдан-очиқ: «Давлат тузини ичган амалдорлар ва сардорлар қочсалар, қалъани тупроғини ялаб ётган фуқаролар, ғариблар, бева-бечораларнинг қўллари қиёматгача уларни ёқасига ёпишиб, маломат ва таъна остида қоладилар», деб чиқиб кетган.
Хуллас, Султон Саъидхон 1865 йил 9 июнда, эрта тонгда Мирҳамид Мирҳалим ўғли бошчилигида 500 аскар ва бир тўп билан Бухорога йўл олди. Бу вақтда душман тўпларининг овози эшитилиб турмоқда эди. Султон Саъидхон кетмасдан бир неча кун илгари рус ҳарбий саркардалари бўлажак ҳал қилувчи жангга пухта тайёргарлик кўрдилар. Улар «Туркистон заминига, хусусан, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва бошқа жойларга жосуслар юбориб, маълумот тўпладилар ва кўп нарсаларни билиб олдилар».
Айни замонда Тошкентдан Бухорога элчилар юборилганидан хабар топган Черняев амирнинг ҳарбий юриш қилиши эҳтимолдан холи эмас, деб унинг йўлини тўсиш учун 1865 йил 17 майда Зангиота орқали бориб, Сирдарё қирғоғидаги Чиноз қалъасини эгаллади. Бу ерда 4 чўян замбарак ва бошқа яроғ-аслаҳаларни ўлжа олди. Шундан кейин у ўз аскарлари билан Тошкент остонасида қоддирилган подполковник Краевский бошлиқ ҳарбий қисмга келиб қўшилди. Руслар вақти-вақти билан шаҳарни тўплардан ўққа тутиб турдилар. Чунончи, бир қисм солдатлар шайх Шиблий ариғи атрофидаги Азизберди оқсоқолга тегишли жойга ўрнашиб, тўплардан қалъани ўқ ёмғирлари остига олди. Буларга қарши шаҳар дарвозалари тепасига ўрнатилган тўплардан жавоб ўқлари отилди. Улар шу даражада мўлжалга аниқ отилдики, душман чекинишга мажбур бўлди. Бу муваффақият учун Султон Саъидхон ўзини кўрсатган ҳар бир тўпчини 100 тангадан пул, биттадан тўн ва қўй билан тақдирлаган эди. Аммо ҳали қаттиқ жанглар ва талофатлар олдинда эди. Мана шундай хавф-хатарда Мулла Олимқулнинг ўлими ва Султон Саъидхоннинг шаҳарни ташлаб кетиши ватан ҳимоячиларини сардорсиз ҳамда лашкарбошисиз қолдирди. Бунинг устига Бухоро, Қўқон ва Хивадан ҳеч қандай ёрдам келмади. Айниқса, Бухоро хонлигининг тутган сиёсати душманга қарши курашга беқиёс катта зиён келтирди. «Тошкентдан, — деб ёзади Мулла Олим Махдумҳожи, — одам ва ариза юбордилар. Амири Бухоро буларга гўёки ёрдам ва иноят тариқасида Искандарбек саркардани беш-ўн узун чопон одам ила Тошкентга юборгандан бошқа фойдалари бўлмади. Лекин ёрдам бермоқ умидида Тошкент шаҳрида Хўқанд ҳокими бўлиб турган хонзодани (Султон Саъидни) бир неча саркардалар илан Бухорога олдириб кетмоқ бўддилар. Муддаолари ёрдам бермоқ ўрнига Хўқанд тахтини тасарруфига олиб, ўзларига тобе одамни хон қилмоқ эканлар. Бу муддаони жойига келтурмоқ учун тошкентликларга қанча ваъда ваидлар айлаб, Фарғона ўлкасига мустақил хон маснадида барқарор бўлиб турган ёш хонзода Султон Саъидхонни бир неча улуғлар билан Бухорога олдуриб кетдилар».
Бухоро хони Музаффархоннинг ўта калтафаҳмлиги ва нодонлиги орқасида «Тошкент мамлакати беҳоким ва эгасиз қолди. Алқисса, мусулмонлар бесаранжом бўлиб бошсиз қолдилар. Ҳар бир фирқа ўз ҳолича эди. Бунга қўшимча, Тошкент фуқароси қолдирилган бир неча минг хуқандлик сарбозларни навбат билан боқардилар».
Қамалда ва ҳаёти қил устида турган Тошкентга Қўқон хонлиги томонидан ҳар жиҳатдан ёрдамнинг тобора кучайтириб берилиши ҳам фарз, ҳам қарз эди. Аммо у ерда юзага келган вазият бунга йўл бермади. Хонликнинг юқори табақа вакиллари тахт учун курашга муккасидан тушиб ўзлари билан ўзлари ўралашиб қолдилар. Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандийнинг берган маълумотига кўра, 1865 йилнинг 31 майида қипчоқ ва қирғизларнинг сардорлари Сирдарё буйидаги Сарой деган қишлоқда шаҳзода Шодибекни хон тахтига ўтқазишга қарор қилишиб Қўқонга боришади. У ерда улар Бекмуҳаммад қипчоқни мингбоши лавозимига ўтқазиб, ҳокимиятни қўлга оладилар. Аммо Бухоро амири Музаффар ўзининг вассали сифатида Худоёрхонни Қўқон тахтига ўтқазиш учун ҳарбий юришга тайёргарлик кўрарди. Шу боис Қўқон хонлигида ўзаро зиддият ва урушлар қизиб, вазият ниҳоятда оғирлашди.
Оқибатда қамалдаги Тошкентнинг такдири Бухорода ҳам, Қўқонда ҳам ҳукмдорларни ташвишга солмади. Тошкент аҳли ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлса-да, лекин душманга қарши жангга шайланиб турди. Рус манбаларининг кўрсатишича, бевосита шаҳар мудофаасида турганларнинг сони 30 минг кишига борган. Аммо шаҳарда айрим кишилар ва гуруҳлар умидсизланиб қочаётганлигини ҳам кўриш мумкин эди. Масалан, Усмон Али ва Ниёз Али понсодбоши қочаётганларида Муҳаммад Солиҳ Тошкандий уларга милтиқ ўқталиб тўхтатган.
Черняев шаҳарни қай тарзда босиб олиш хусусида сафдошлари билан ҳарбий кенгаш ўтказди. Бунда подполковник Абрамов шаҳар деворини тешиб, игу ердан ҳужум қилишни таклиф этди. Черняев агар бундай қилинса, у вақтда душман барча кучини бир ерга тўплаб ҳужумни қайтариши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, душман ўйламаган жойдан тўсатдан шаҳарга бостириб кириш ғалабани таъминлайди. Кўп ўтмай бундай имконият топилди. Чунончи, поручик Макаровнинг бир ўзи девор ташқарисидаги боғлар ва чакалакзорлар орасидан бориб Камолон дарвозасининг деворини ва унинг атрофидаги зовурни текширди. Ҳатто у ердаги деворда осонлик билан ўтиш мумкин бўлган тор жой борлигини аниқлади. Шундан кейин генерал Черняев шаҳарга Камолон дарвозаси тарафидан бостириб киришни режалаштирди. Дарҳол деворга чиқиш учун нарвонлар ясашга киришилди, нарвонлардан фойдаланиш буйича машқлар ўтказилди. Черняев ҳарбий кучларни Қўқон дарвозаси томонида у ёқдан-бу ёққа кўчириб ва шаҳарни тўплардан ўққа тутиб, ватан ҳимоячиларини чалғитиб турди. Сўнгра полковник Краевский бошчилигидаги ҳарбий қисмни (3 рота ва 4 тўп билан) Қўқон дарвозаси томонида қолдирди ва шаҳарни тўплардан ўққа тутиб туришни буюрди. Айни бир вақтда — 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси полковник Абрамов, подполковник Жемчужниковлар қумондонлигидаги 7 рота ва 8 замбаракдан ташкил топган аскарлар аста-секин боғлар орасидан Камолон дарвозаси томонига юрди. Овоз чиқармаслик учун замбаракларнинг ғилдиракларига шолчалар ўралди. Бу дамларда Қўқон дарвозаси тарафидан Краевский ватан ҳимоячилари диққатини чалғитиб турди. Бу ҳийла ўз натижасини берди.

15 июн эрта тонгда рус аскарлари тўсатдан Камолон дарвозаси деворидан ичкарига бостириб киришлари биланоқ ғафлатда қолган соқчилар қочиб қолдилар. Муҳаммад Тошкандийнинг кўрсатишича, Қиёт маҳаллалик Қорабадал ва Жонтой деган кимсалар биринчи бўлиб қочганлар. Саросимага тушган тўп бопглиғи ҳиндубачча, қоратегинлик мерганлар ва бошқалар ҳам қочганлар. Шу онда пайдо бўлган муаррихнинг сўзига қараганда, руслар даставвал деворнинг бир киши ўтадиган тор жойидан кириб олишган. Сўнгра Камолон дарвозаси ва деворининг устига чиқишиб, у ердаги тўпни ерга улоқтириб ташлаганлар ҳамда Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ва унинг атрофидаги кишиларга қарата милтиқлардан ўқ отганлар. Шу пайтда Мулла Исматилла деган бир киши қўлтиғидан тўрт бўлак тошни чиқариб: «Биз ҳам чимкентликларга ўхшаб гуноҳкор бўлиб, ҳаром улайликми? Яхшиси, бу заминда ғозий еки шаҳид сифатида ўлганимиз афзал», — деб бақирган. Бу оддий халқнинг ўз Ватанига содиқлигини ифодаловчи далиллардан биридир, албатта.


Камолон дарвозасидан рус аскарлари кириши биланоқ Абрамов 250 аскар билан девор ёнидан унг томонга кетган кўча бўйлаб боради. Йўлда унга қарши 200 сарбоз 4 замбарак билан ҳужум қилади. Аммо душман ғолиб келиб замбараклар жарга ташланади. Бундан кейин ҳам Абрамов аскарлари уч жойда ватан ҳимоячиларининг қаршилигини бартараф қилиб, бир неча тўпни ўз жойларидан ағдариб ташлайдилар. Афтидан, Черняев шаҳарни ички тарафидан заифлаштиришни ва саросимага солишни мўлжаллаган. Абрамов ўз аскарлари билан тўғри Қорасарой дарвозасига қараб юрган. У бу ердан бозор (Эски Жўва) томонга йўлни давом эттириб, дуч келган баррикадалардаги ватан ҳимоячиларини тор-мор келтирган. Абрамов бозорга яқинлашганда унга кирадиган икки кўчадаги сарбозлар ноғора чалиб ва «Ё, Оллоҳ», дейишиб уларга ҳужум қилганлар. Душман устун келиб, кўп одамларни ўлдириб, Қўқон дарвозаси томон йўл олган. Бу воқеалар рўй бераётганда Черняев бутун шаҳарни ўққа тутиб туради. У Абрамов орқасидан майор Делакрани 2 рота ва бир тўп, подполковник Жемчужниковни 2 рота аскар ва 2 замбарак билан жунатган. Мазкур ҳарбий қисмлар ўз йўлида аравалардан, ходалардан ва бошқа нарсалардан ташкил этилган баррикадалардаги ватан ҳимоячилари билан жанг қиладилар. Улар тарқоқ ҳолдаги шаҳар ҳимоячиларига бирин-кетин зарба бериб, кўчаларни тўсиқлардан тозалайдилар. Шаҳар ичида юз берайтган жанглар вақтида Қўқон дарвозаси томонида ҳам ўруш кетаётган эди. Бу ерда девор ташқарисида полковник Краевскийнинг 3 рота ва 4 замбаракдан иборат аскарларига қарши 5 минг кишилик ватан ҳимоячилари ҳужум қиладилар. Қаттиқ жанглардан кейин ватан ҳимоячилари шаҳар ичига чекинаетганда улардан анча одамлар ва отлар Анҳор сувига чўкиб ҳалок бўлади. Подполковник Абрамов, майор Делакра ва подполковник Жемчужников аскарлари шаҳардан келиб қалъани босиб олиб, Қўқон дарвозасини очадилар. Шундан кейин Краевскийнинг ҳарбий қисми шаҳар ичига киради. Гарчанд Қўқон дарвозасини Жемчужников ҳарбий қисми эгаллаган бўлсада, ватан ҳимоячилари унга ўт қўйиб юборганлиги орқасида чиқиб кетишга мажбур бўладилар. Кейинги жанглар Анҳор (Урда кўприги) атрофида давом этди. Муаррихнинг гувоҳлик беришича, рус аскарлари баланд товуш билан «ур-ра», деб тўрт томонга милтиқ отишиб, йўлларида учраган одамни олдидан ва орқадан отиб кетаверганлар. Мулла Муҳаммад Юсуф деган кишининг таклифи билан катта кўчанинг олд томонини аравалар билан тўсишга киришилади. Бу пайтда Муҳаммад Тошкандийнинг дўстлари — Абдулраззоқнинг оғзига, эшон Ҳожихоннинг томоғига душман ўқи тегиб ҳалок бўладилар. Муаррих ғозийлар ва сарбозлар билан Анҳор кўпригининг ғарб томонини аравалар билан тўсиб баррикадалар бунёд этишга бошчилик қилади. Бу вақтда кўприкнинг ҳар икки томонида дўконлар бор эди. Бир вақт «ўруслар икки томондан қичқиришиб ва «ур-ра» дейишиб, бирданига милтиқлардан отавердилар. Юракли, дадил ғозийлар қўрқмасдан Домулла Фозил охунга қарашли дўконларнинг иккинчи томонига ва масжидга ўрнашиб, милтиқ отиш учун дўконларнинг деворларини тешиб, жангга тайёр турдилар. Уруслар то тўпларини жойлаштиргунга қадар дўкон ичидан уларга қарши ўқлар отавердилар. Натижада ўруслар тўпларини отолмай йиқилавердилар. Пировардида, тўплардан шунчалик кўп ўқлар отилдики, дўконларнинг деворлари илматешик бўлиб кетди. Бир ярим соатлик жангдан кейин ўруслар ўзларини Ўрда дарвозаси тарафига тортдилар».
Шу пайтда дин пешволарининг вакиллари ғозийларни жангга отлантиришда жонбозлик қилдилар. Масалан, шайх Абу Ҳалим Урда тўғонининг устига чиқиб қўлидаги таёғини ерга уриб ва ўруслар томонига ўқталиб, «Кофирларни ўлдиринглар», деб қичқириб, Қўқон дарвозаси томонига югурган. Душманнинг унга милтиқ ўқталишига қарамай тикка туриб олган ва қаттиқ жароҳатланган. Шу ҳолда у киши «икки кўзларидан ёш оқизиб ва кулимсираб ҳамда такбир, саловат ўқиб, ғозийлар ва мужоҳидларга: «Мени қўйиб, душманларни ўлдиринглар», деган.

Ватан ҳимоячиларининг қаттиқ қаршилиги туфайли душман Қўқон дарвозасини ташлаб чиқиб, шайх Шиблий ариғидан ўтган. Сўнгра улар Сўлтон Саъидхоннинг Давлатбой ўрикзоридаги чодирларидан асбоб-анжомлар олганлар. Бу чоғда ватан ҳимоячилари Қўқон дарвозасини ва унинг атрофидаги дўконлар ичидаги қолган нарсаларни олишган ва Шайхонтоҳурга келтирганлар. Шундай қилиб, душман Қўқон дарвозасидан суриб чиқарилди. Бу вақтда рус ҳарбий қисмлари шаҳарнинг икки жойида, хусусан Камолон дарвозасида ва Давлатбой ўрикзорида тўпланган эди.



Шаҳарнинг ички ва ташқи томонларида олиб борилган жанглар орқасида кўрилган катта талофатлар ҳамда ҳеч қаердан ёрдам келмаслиги, оғир иқтисодий аҳвол, сувсизлик ватан ҳимоячиларининг тинкасини қуритиб борди. Айниқса, айрим сардорларнинг ўз аскарлари билан кетиб қолганликлари умидсизликни кучайтириб юборди. Хусусан, Солиҳ Тўра ва Арслон Тўра Бухорога кетишга аҳд қилдилар, қўқонлик сардорлар ва сарбозлар эса ўз юртларига отландилар. Бу ҳам камдек, шаҳардаги бир гуруҳ «қурқоқ, мунофиқ ва фитначи» нуфузли кишилар ҳам бола-чақалари билан шаҳар дарвозаларидан чиқиб кетдилар.
Рус аскарлари Қўқон дарвозасидан чиқиб катта кўча билан Имом Ҳасанхон ва Саъид Маҳмудхон ўғли Юсуфхон масжидлари ичига ўрнашди. Улар бу ердан тўплардан ҳар томонга ўқ отиб турдилар. Оқибатда маҳаллаларда ёнғин чиқиб, одамлар бошқа жойларга кетишга мажбур бўлди. Анҳор суви атрофидаги дўконларга ҳам душман томонидан ўт қўйилган эди. Бу ердаги ёнғин ўчирилгандан кейин олтита рус ва татар ўликлари топилган.
Маҳаллий ва рус манбаларида шаҳар мудофаасини бевосита ким бошқарганлиги ҳақида аниқ маълумотлар учрамайди. Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг сўзича, бу ишда кўпроқ мударрис Муҳаммад Солиҳ додхоҳ катта ўрин тутган. Бу табаррук зот хонлик вақтларида ҳам Тошкентнинг сиёсий ҳаётида етакчилик қилган.
Муҳаммад Солиҳ додхоҳ Чуқуркўприкда себзорлик қози эшон Маҳдумхўжа, Синчиқли маҳаллалик эшон Валининг ўгли Сиддиқ Махдум, Кукча дарвозасидан Ражаб Муҳаммад аълам, Самарқанд дарвозасидан Қозоқбий авлоди ва Бадал Муҳаммад, Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ва бошқа нуфузли кишилар қатнашувида кенгаш ўтказиб, муҳим чоралар амалга оширилди. Хусусан кўчаларнинг оғзи аравалар, ходалар ва бошқа нарсалар билан тўсилиб, баррикадалар қурилди ҳамда ватан ҳимоячилари масжидлар ичига ўрнашиб олган рус аскарларига қарши бирданига ҳужум қилдилар. Улардан кўп кишилар душман ўқидан ҳалок бўлди. Аммо ғалабага эришилиб, қурол-аслаҳалар ўлжа олинди. Шу онда Қўқон дарвозаси томондан, деворнинг пастқам жойидан рус аскарларининг келаёттанлиги ҳақида хабар олинди. «Уларга қарши, — деб ёзганди муаррих, — Тошкентда истиқомат қилувчи қўқонлик Абдураҳим ясовулбоши дарҳол ўспирин йигитларни ҳамда шаҳарнинг юракли, дадил ғозийларини ва мужоҳидларини бир ерга туплашни буюрди. Уларнинг орасида Мир Юсуф Мирсултон боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Нормуҳаммад ва Мулла Алишер Муҳаммад Ҳусайн мерган ўғиллари, Муллажон Мусо Муҳаммад Алибобо подачи ўғли, Мусо Муҳаммад понсодбоши Серкабой ўғли, Розиқбой ва бошқа қиетликлар бор эди. Улар моҳир мерганлар сифатида ном чиқарган кишилар ҳисобланиб, Жарбошидаги ҳовлиларга ўрнашиб олиб девор тешикларидан душманга қарши ўқ отдилар». Натижада рус аскарлари деворнинг пастқам жойидан шаҳарга кира олмасдан тўплардан шу даражада ўқ еғдирдиларки, ҳамма ёқни тутун ва чанг-тўзон босиб кетди. Улар бу ҳолдан фойдаланиб, аравалари ва туялари билан мудофаани ериб ўтмоқчи бўлдилар, лекин мерганлар бунга йўл бермадилар. Ёмғир ёғишига қарамай ўша ердаги жанг икки кун давом этиб, охири душман ўз мақсадига эриша олмай Камолон дарвозасига қараб кетиб, Хожа Алам-бардор атрофида турган рус аскарларига бориб қўшилдилар.
Бир рус манбасида шаҳар ичидаги урушларнинг бири шундай изоҳланган: «Баррикадалар барча кўчаларда ва чорраҳаларда юзага келди. Энг қаттиқ қаршилик Ўрдадан бозорга бориладиган кўчада кўрсатилди. Артиллерия бошлиғи Иванов бошчилигидаги 50 аскар ўша кўчада замбараклардан ўққа туталди. У биринчи учраган баррикадага найза билан ҳужум қилиб тугши қўлга киритди. Аммо Иванов баррикадани олиб ташлаётган-да унга қарши иккинчи баррикададан тўплардан ва хонадонлардан ўқлар отилди. Шундан кейин баррикадани иккинчи маротаба ишғол этишга тўғри келди. Қўқон дарвозасидан ўша кўчага бир чақирим масофага келтирилган замбараклардан кечаси билан ўқлар отилди».
Шундан кейин ватан ҳимоячилари Камолон дарвозасида ва атрофжойларда, Ўрдада жангларда ҳалок бўлиб, кўчаларда етган шаҳарликлар жасадини кўмиш билан шуғулландилар. Улар орасида Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг шогирдлари ҳам бор эди. Раҳмат ариғи бўйидаги пастликда «икки наманганлик навкарнинг икки рус аскарига ёпишиб, тўрт ўлик гуёки икки ўлик бўлиб етганлиги» яккама-якка жанг бўлганидан далолат берарди. Султон Саъидхоннинг собиқ қароргоҳида ҳам ғозийларнинг жасадлари қалашиб етарди.
Хуллас, рус аскарлари шаҳар ичига бостириб кирганларида Ўрдада ва унинг ташқи томонларида жуда кўп одамлар шаҳид бўлдилар, лекин уларнинг аниқ сони ҳақидаги маълумотларга эга эмасмиз.

Гарчанд шаҳарда ниҳоятда мушкул ва оғир вазият вужудга келиб, саросима ва ваҳимага тушиш кўзга ташланган бўлса-да, душманга қарши курашни давом эттириш тарафдорлари оз эмас эди. Ҳатто айрим юқори табақа вакиллари Ватан мустақиллиги учун ҳеч нарсасини аямагандилар. Масалан, яккабозорлик Қосимбой деган киши бир хуржун кумуш танга келтириб, халойиққа: «Кимки уруш ва ғазотни давом эттирса, бир ҳовучдан танга бераман», — деб ташвиқот юргизган. Одамлар бу тангаларни олиб Ўрдадаги рус аскарларига қарши жангга киришганлар.



Шу пайтда бирин-кетин бир гуруҳ рус аскарлари «Урушни тўхтатинглар, себзорликлар, бешоғочликлар ярашиш сулҳини туздилар», — дейишиб, ватан ҳимоячиларини тиинчликка чақирганлар. Аммо Ўрда атрофидаги ғозийлар бу ҳийла-найранг бўлса керак, дейишиб, уларни ўққа тутганлар.
Бир вақт рус аскарларининг бир қисми Камолон дарвозаси томонидан келиб Бешоғоч дарвозаси орқали шаҳарга кирганлиги ҳақида хабар олинади. Ўрдадаги ғозийлар дарҳол у томонга боришиб, душман билан жанг қилиб, кейин икки томон ҳам ўз жойларига қайтган. Шундан кейин ҳам қалъа деворининг пастқам жойларидан руслар себзорликлар билан бешоғочликлар урушни тухтатганликлари ва сулҳ тузганлиги тўғрисида бақириб гапирганлар. Бу вақтда урушни давом эттириш тарафдорлари Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ва бошқалар бошчилигида жангга шайланиб турардилар. Аммо русларнинг сулҳ тузилганлиги ҳақидаги хабарини аниқлаш учун Қосимбойваччани Муҳаммад Солиҳ додхоҳ ҳузурига жўнатадилар. Дарҳақиқат, шаҳарнинг юқори табақалари орасида тинчлик сулҳи тузиш ва бўйсуниш тарафдорлари кўпаймоқда эди. Аммо Муҳаммад Солиҳ додхоҳ кенгаш чақириб, жангни бир томчи қон қолгунча давом эттиришга даъват қилди. У жамоа аҳли ҳузурида шундай деган: «Дин учун жонбозлик кўрсатиб курашаётганлар ҳаром билан пок ўлимнинг фарқини яхши англайдилар. Кофирлар қанчалик ҳийла-найранглар қилиб ярашиш хусусида ваъдалар бермасинлар, барибир, ғозийлар жанг қилишга тайёрдирлар. Буни халойиққа тушунтириш чинакам уламоларнинг бурчидир». Муҳаммад Солиҳ додхоҳнинг бу сўзлари ватан ҳимоячиларини руҳлантирди. Улар йиғиндан чиқишлари биланоқ душманга қарши ҳужум қилдилар. Натижада «бир қанча кишилар ҳалок бўлдилар ёки жароҳатландилар».
Гапнинг сирасини айтганда, Тошкент аҳли қўлидан келганича ва имкони борича мустақилликни сақлаш учун курашди. Рус аскарлари бостириб кирганда ҳам «Тошкент фуқароси икки кечаю кундуз кофирлар билан урушиб, уларни Масжиди баланд хонақосига қамадилар. Бир кеча-кундуз аҳли ислом уларни мухосара қилиб, хонақоҳ атрофини ёқмоқчи бўлдилар. Кофирлар бундан хабар топиб, Эски Ўрдага ўтдилар ва шу йўлда бир неча маҳаллаларни ёндириб юбордилар. Шаҳарга шўришу ғавғо тушди...»
Черняев эса ярашиш сулҳини тузиш ва урушни тўхтатиш йўлларини тинимсиз излади. Чунки унинг ҳарбий кучи шу даражада катта талофатга учраб заифлашган эдики, агар четдан ҳарбий ёрдам келганда уларнинг тор-мор қилиниши аниқ эди. Шунинг учун ҳам шаҳарнинг илғор ва билимдон кишилари ташқи ёрдамга кўз тиккан ҳолда урушни давом эттиришга қаттиқ бел боғлаган эдилар. «Улар, — деб таъкидлайди муаррих, — урушни ҳозиргидек давом эттирсак, шоёдким, Хоразм, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятига тегишли атроф-жойлардан ёрдам келиб қолса», — дейишиб, умидларини узмадилар.
Шаҳардаги уруш тарафдорлари Муҳаммад Солиҳ додхоҳдан маслаҳат олиб иш юритишга қарор қилдилар. Бу табаррук зот йиғинда шундай деган: «Тошкентликлар очликка, сувсизликка, ташналикка ҳамда Ҳалокатга ва талофатларга қарамай урушни давом эттириб, шаҳарни ўз қўлларида сақлаб турибдилар. Ҳозирда ғозийлар, етим-есирлар, очлар ва ташналар номидан ёрдам сўраб Кировчи қалъасидан тортиб Қурама, Чиноз, Хўжанд, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва Фарғона ерларига хатлар юбориш зарур». Бу таклиф дарҳол маъқулланиб кўрсатилган жойларнинг ҳукмдорлари номига хат тайёрлаш мунший Мирза Юнусхон Мулла Бобожон ўғлига топширилди. Шу равишда-50 дан ортиқ хатлар тайёрланган эди. Уларда ёрдам сўрашдан булак нималар дейилгани номаълум. Аммо ўша йиғинда шундай бир оғир вазиятда кофирларга қарши курашга ёрдам бермаслик айбдорлар шаънига қиёматгача таъна, нафрат ва лаънатлар айтилиши ҳамда тарихларга ёзилиб, авлодлар томонидан қаттиқ қораланиши ҳақида фикрлар баен этилган.
Кўп ўтмай ватан ҳимоячиларининг умидини пучга чиқарадиган воқеа юз берди. Руслар Ўрда ичидаги порох ва қурол-аслаҳа сақланадиган махфий омборни айрим хоинлар ёрдамида аниқлаб, 50 га яқин катта замбарак ўқи ва бошқа портловчи моддалар воситасида остин-устин қилиб ташлаганлар. Портлаш шу даражада даҳшатли ва ваҳимали бўлганки, «бамисоли қиемат-қойим» юз берган. Шу тариқа, ватан ҳимоячилари яроғ-аслаҳадан ҳам маҳрум бўлдилар. Бунинг устига Камолон дарвозасидан бостириб кирган душман кучлари тўпларини Шайхонтоҳур, Бешоғоч ва бошқа даҳаларга қўйиб, таслим бўлинмаса, шаҳарни остин-устин қилиб ташлашларини маълум қилган.
Хуллас, четдан ёрдам келмаслиги, яроғ-аслаҳа омборининг портлатилиши, очлик, сувсизлик, бош сардорсизлик ҳамда кўрилган катта талофатлар ва бир гуруҳ кишиларнинг хоинлиги — ҳаммаси бир бўлиб, пировардида, душманнинг ғалаба қилишига олиб келди. Аммо кўрсатилган сабабларга қарамай, шаҳар халқи ўз она юртининг мустақиллигини сақлаш учун нимаики зарур бўлса, шуни бажонидил бажарди. Жангларда шаҳар қонга беланди, ўт ичида ёнди.

Рус аскарлари 16 байроқ, 48 мис ва 16 чўян замбараклар ва бошқа яроғ-аслаҳаларни ўлжа олдилар. Улардан жангларда 25 киши ўлдиридди, 118 киши жароҳатланди. Шубҳасиз, бу ерда ҳалок бўлганлар сони камайтирилиб кўрсатилган, чунки олдинги саҳифаларда шарҳланган жангларда душман тарафида ҳам куп кишиларнинг ҳалок бўлганлари турган гап. Буни маҳаллий манбалардаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди.




Достарыңызбен бөлісу:
  1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет