Мавзу №7. Диншунослик фани предмети ва вазифалари.
Диннинг келиб чиқиши ва ибтидоий шакллари.
Режа:
1.Диншунослик фанининг мақсад ва вазифалари.
2.Диннинг ижтимоий вазифалари.
3.Илк диний тасаввурлар ва дин шакллари.
1.Диншунослик фанини ўқитишдан мақсад – кишиларда диннинг келиб чиқиши, эволюцияси, ҳозирги даврдаги ҳолати, инсоният ҳаётида тутган ўрни ҳақида умумий илмий тушунчалар беришдан иборат.
Курснинг вазифаси – кишиларда дин тўғрисида билим бериш орқали курс доирасига кирган масалаларни таҳлил этишда илмийлик ва объективлик услубини қўллаб, уларда диний қарашлар тараққиётга, инсонни камолотига хизмат қиладиган жиҳатларни ажратиб олиш, мустақил фикр юритиш орқали илмий-фалсафий дунёқарашга асосланган иймон ва эътиқодни шакллантиришдан иборатдир.
Ибтидоий дин шаклларидан тортиб то уруғ, қабила ва миллий динларгачяа, уларда жаҳон динларининг пайдо бўлиши ва ривожланишининг ижтимоий гносеологик (назарий билиш) ва психологик илдизлари мавжуддир. Ана шуларни ҳар томонлама тарихий далиллар асосида илмий таҳлил қилиш мазкур курснинг яна бир вазифаларидандир.
Мустақиллик йилларида динга янгича қараш ва муносабат натижасида биз учун нисбатан янги бўлган диншунослик фани вужудга келди. Уни ўрганишда чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш, чет эллик мутахассисларнинг илмий тажриба ва асарларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Моварауннахр ҳудудида VIII асрдан бошлаб ислом ягона ҳукмрон динга айланганлиги сабабли унинг шахс, оила, жамият ҳаётига кириб бориши, маданият ва маънавиятни бойишига қўшган ҳиссаси хусусида ёшлани илмий, фалсафий билимлар билан қуроллантириш кўзда тутилади. Миллий ва диний қадриятларнинг тарихан муштараклиги, уларнинг умуминсоний қадриятларига уйғунлашиши, ҳозирги мустақил Ўзбекистон шароитидаги аҳамияти тушунтирилади. Диншунослик фанининг мазмуни талабаларда дин, унинг турли шакллари, таълимотлари, йўналишлари, мазҳаблари ҳақида тўғри илмий хулосалар чиқара оладиган, динийлик ва дунёвийлик муносабатларини асосли таҳлил қила оладиган илмий дунёқарашни шакллантиришдан иборат. Бунга эришишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун, Жиноят, Фуқаролик, Оила кодексларидаги дин ва виждон эркинлиги ҳақидаги кўрсатмалар, қоидалар дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Энг қадимги замонлардан бошлаб фалсафий тафаккурда дин масаласи файласуф олимлар диққатини ўзига жалб этиб келган. Динга таъриф ва тавсифлар берилган. Фалсафий дунёқарашда динни ғоялар тизими сифатида таҳлил этувчи дин фалсафаси йўналиши шаклланган. Психология фани тармоқлари мураккаб ҳодиса бўлган динни инсон руҳияти билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилганлар. Бунинг натижасида дин психологияси фани шаклланган ва ривожланган. Диншунослик асосларини ўрганишда психология фанининг кўп сонли ютуқларига суяниш муҳимдир.
Муаяйн жамиятда диний таълимотнинг тарқалиши, унинг кишилар онгига таъсир даражаси (диний онг даражаси), ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётга таъсири ва ролини аниқлаш мақсадида социологик тадқиқотлар хулосаларига мурожаат қилинади. Кейинги 2 аср давомида динни ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганувчи дин социолияси тез ривожланди. Булардан ташқари диншуносликнинг ин антропологияси, дин феноменологияси, дин тарихи, дин аксиологияси каби тармоқлари мавжудки, уларнинг ютуқларидан ҳам диншунослик фанини ўқитиш ва ўрганишда фойдаланиш мумкин.
Дин инсоният маънавий ҳаётининг таркибий қисмидир. Ўзбекистон Республикасида зиёлилар олдига маънавий баркамол инсонни шакллантириш вазифаси қўйилган бир пайтда дин масаласини четлаб ўтиш мумкин эмас. Мазкур масалани ҳал этишда илгариги динга тажовузкор ҳужум этиш услубининг салоҳиятсизлиги ҳамма очиқ-ойдин бўлиб қолди. Лекин кейинги пайтда пайдо бўлган диний бўлмаган масалаларни диний деб аташ, ҳар қандай, ҳатто бир-бирига зид бўлган, фикрларни таҳлил қилмасдан туриб мақташ услуби ҳам ўзини оқламайди.
Ўзбекистон Россия империяси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган ва жаҳон ҳамжамиятидан ажралиб яшаган бир даврда, /арбда XIX асрнинг ўрталарида вужудга келган диншунослик фани анча йўл босиб ўтиб, кўплаб илмий натижаларга эришди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон тадқиқотчилар бу янги соҳа билан яқиндан танишиб, мутахассисларни етиштира бошладилар.
Дин – эътиқод ҳамдир, бу эса ҳар бир кишининг шахсий иши. Лекин шахсни хар қандай миссионер ташкилотлар ихтиёрига ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Озод жамиятда ҳар бир инсон динга ўз шахсий муносабатини белгилаб олиши учун унга ҳар томонлама, бой, холис-илмий ахборот зарур. Бундай ахборот кўп қиррали бўлмоғи, бировнинг ғаразли шарҳисиз асл матнлар шаклида бўлса мақсадга мувофиқдир. Эскирган маълумотлар асосида мутахассис бўлмаган муаллифлар томонидан ёзилган асарлар ҳозирги замон ахборот эркинлиги ва унинг етиб келиши осон бўлган шароитларда ўқувчиларнинг кўз ўнгида мазкур муаллифларнинг обрўсизланишига ёки ўқувчини нотўғри тасаввурга эга бўлишига олиб келади.
Дин ва қонун ўзаро муносабатларини яхши билиш демократик жамият пойдеворини мустаҳкамлайди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни турли диний жамоа аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳақида тўла маълумот беради. Ўқувчиларда қонунга ҳурмат ҳиссини, ўзининггина эмас, бошқаларнинг ҳам диний ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиш, тушунишга ҳаракат қилиш, ўз шахсий фикрларини бошқа кишиларга тазйиқ билан ўтказиш ғайриқонуний хатти-ҳаракат эканлиги, жамоат жойларида диний масалаларда зўравонлик, тажовузкорликка йўл қўймаслик дунёқарашини шакллантиради.
Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятига кириб бораётган бир шароитда унинг фуқаролари турли конфессиялар вакиллари билан мулоқот этишнинг юксак маданиятига эга бўлиши ҳам жуда муҳимдир.
Динлар тарихи халқлар тарихи билан бевосита боғлиқдир. Бинобарин, жамият тараққиётининг ҳар бир босқичида истеъдодли, қобилиятли олим ва шоирлардан иборат халқ фарзандлари етишиб чиқиб ўз илғор фикрлари билан дин, фан ва маданиятнинг турли соҳаларини ривожлантириб ҳурфикрлик мазмунини бойитганлар.
Дин табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири, инсониятнинг бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни вақтда инсонларга тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга, ишонч ва ишонишни ифода этадиган маслак, қараш, таълимотдир.
Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотлар фаолиятлари орқали намоён бўлади. У олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тариқаси, уни идрок этиш усули, оламда инсоният пайдо бўлгандан то бизгача бўлган даврларни илоҳий тасаввурда акс этишидир. Дин комил инсонни тарбиялашда салмоқли тарбияловчи қудратга эга бўлган маънавий-ахлоқий кучдир.
Дин умумий нуқтаи назарга кўра ишонч туйғусидир. Бу туйғу инсоннинг энг теран ва гўзал руҳий-маънавий эҳтиёжларидан биридир. Дунёда дини, ишончи бўлмаган халқ мавжуд эмас. Халқ динсиз, бирон-бир нарсага ишончсиз яшай олмайди.
Социологик нуқтаи-назарга кўра дин жамият учун зарурий нарса, ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмидир. У ижтимоий муносабатларни юзага келтирувчи ва амалга оширувчи омил сифатида намоён бўлади.
Собиқ Иттифоқнинг барча олийгоҳларида бошқа ижтимоий фанлар қатори «Илмий атеизм» (а-инкор, тео-худо) курси ўқитилиб келинар эди. Унинг дастурида динларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи, моҳияти ва жамиятда тутган ўрнини таҳлил қилишга нисбатан марксистик даҳрийлик таълимотига кенг ўрин берилар эди. Бу ҳолат даҳрийлик таълимотининг мазмунини, ижтимоий онгдаги тутган ўрнини ортиқча баҳолашга сабаб бўлган.
Дин, диний ташкилотлар, диндорларга нисбатан қўлланилган совет сиёсати дин хусусидаги илмий тамойилларни бузилишига сабаб бўлди. Сиёсатнинг асосий мақсади динни, диний ташкилотларни ижтимоий ҳаётдан тезроқ четлаштириш ва уларни қаттиқ назорат остида ушлаб туриш эди. Бу эса жамиятни тез орада емирилиб кетишига асос бўлди.
2.Диннинг вазифалари деганда унинг алоҳида шахс ва жамиятга таъсир қилиш йўли ва табиати назарда тутилади. Диннинг жамиятда бажарадиган ижтимоий, маънавий-руҳий вазифалари қуйидагилардан иборат:
1) Биринчидан, ҳар қандай дин ўз эътиқод қилувчилари учун тўлдирувчилик, тасалли берувчилик вазифасини бажаради. Масалан, инсонда доимий эҳтиёж ҳосил бўлиш эҳтиёжини олайлик. Инсон ўз ҳаёти, турмуш тарзи, табиат ва жамият билан муносабатлари жараёнида ҳаётий мақсадларига эришиши иложсиз бўлиб кўринганда, унда қандайдир маънавий-руҳий эҳтиёжга зарурият сезилади. Ана шундай эҳтиёж диний эҳтиёждир. Дин бу ўринда маънавий-руҳий эҳтиёжни қондирувчи, тасалли берувчилик вазифасини бажарган ва ҳали ҳам бажармоқда.
Масалан, буддавийлик дини роҳибликни тарғиб қилар экан, бу дунёда орзу-ҳаваслардан, роҳат-фароғатдан воз кечган инсон нирвана ҳолатига эришгач, абадий роҳатда бўлишини таъкидлайди. Шунингдек, христианликда ҳар бир христиан Исо Масиҳнинг қайтишига умид қилган ҳолда ҳаётнинг турли муаммоларини енгиб, сабр-бардош билан ҳаёт кечиради. Чунки христианлик Исо Масиҳ қайтиб келгач барча издошларини саодатли ҳаётга етказиш ҳақидаги таълимотни илгари суради. Шунингдек, ислом динида ҳам ҳар бир мусулмон бу дунёда эришмаган моддий ёки руҳий орзу-истакларига охиратда эришишига ишонган ҳолда дунё орзу-ҳавасларига ортиқча берилмай, турмуш машаққатларига сабр қилади.
2) Иккинчидан, муайян дин ўз таълимот тизимини вужудга келтиргач, ўзига эътиқод қилувчилар жамоасини шу таълимот доирасида сақлашга ҳаракат қилади. Бу ҳодиса диннинг бирлаштирувчилик-интеграторлик вазифаси деб аталади. Дин ҳамиша муайян ижтимоий, этник ва миллий гуруҳлар маънавий ҳаётининг ўз таъсирида бўлишига интилади. Бу таъсирнинг мунтазамлигини таъминлаш мақсадида дин халқларнинг ижтимоий ҳаётига, ахлоқий муносабатларига, шунингдек адабиёти ва санъатига ҳам таъсир ўтказади.
Масалан, яҳудийликда мазкур дин вакилларини бир мафкура атрофида сақлаб туриш учун уларни бир миллат ва ягона маслак эгалари эканликлари, ягона ҳудо Яҳвенинг энг севимли бандалари эканликлари уқтирилади. Христианликда ҳам эътиқод қилувчиларни бу бинга янада кўпроқ жалб этиш учун меъморий, тасвирий, мусиқа санъати турларидан унумли фойдаланади. Христианликда махсус икона чизувчилик мактаблари фаолият олиб боради.
3) Учинчидан, ҳар бир дин ўз қавмлари турмушини тартибга солиб, назорат қилувчилик вазифасини бажаради. Динлар ўз урф-одатларининг, маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан ўз вақтида, қатъий тартибга амал қилга ҳолда бажарилишини шарт қилиб қўяди.
Масалан, исломда кунига 5 маҳал намоз ўқилиши, ҳар ҳафта жума намозини жоъме масжидларида адо этилиши, Рамазон ойида бир ой рўза тутилиши, рўза (ийд ал-фитр) ва қурбон (ийд ал-адҳо) ҳайитларининг нишонланиши мусулмонларнинг ҳаёт тарзини тартибга солиб туради.
4) Тўртинчидан, дин алоқа боғлашлик, бирлаштирувчилик вазифасини бажаради, яъни ҳар бир дин ўз қавмларининг бирлигини, жамият билан шахснинг ўзаро алоқадорликда бўлишини таъминлашга интилади. Бунда у ёки бу динга эътиқод қилувчи кишиларнинг ўз динидаги бошқа биродарлари билан алоқадор эканлиги, ўзаро ҳуқуқ ва бурчларининг борлигини, урф-одат ва ибодатларни жамоа бўлиб бажарилишини лозимлигини назарда тутади.
5) Бешинчиси, диннинг легитимловчилик-қонунлаштирув-чилик вазифаси. Диннинг бу вазифасини йирик америкалик социолог Талкотт Парсонс ишлаб чиққан. Унинг фикрича, «ҳар қандай ижтимоий тизим муайян чекловларсиз мавжуд бўла олмайди. Бунинг учун у қонун даражасига кўтарилган ахлоқ меъёрларини ишлаб чиқиши керак. Дин бундай меъёрларни қонунлаштирибгина қолмай, уларга бўлган муносабатни ҳам белгилайди».
6) Олтинчиси, диннинг фалсафий-назарий вазифаси. Бу вазифа инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмуни, дорулфано ва дорулбақо дунё масалаларига ўз муносабатини билдириб туришдан иборатдир.
Кишилик жамияти дин доимио у билан бирга бўлганми ёки қандайдир даврда жамият динсиз яшаганми, деган саволга турли фикрлар билдирилган. Бу – диннинг тарихийлиги масаласи бўлиб, унга икки хил жавоб берганлар. Биринчиси, марксистик таълимотнинг собиқ тарафдорлари фикрича, «қандайдир муддат инсоният динсиз яшаган ва жамиятнинг муайян босқичида – юқори палеолит даврида, бундан 20-40 минг йил аввал дин пайдо бўлган», дейилган. Иккинчиси, «диннинг келиб чиқиши инсониятнинг пайдо бўлиши билан бевосита боғлиқ» деган фикрдир.
Диний тафаккурнинг шахсий ёки ижтимоий илдизлари муаммосини ҳал қилиш билан диннинг келиб чиқиши муаммосини ҳал қилиш мумкин бўлади. Э.Тайлор каби эволюцион йўналишдаги позитивистларнинг чиқарган хулосасига кўра, диннинг илдизини «файласуфлик қилган ёввойи одам»га тақайдилар. Яъни, «у ўз-ўзига борлиқ, ўзини ўраб турган оламнинг пайдо бўлиши ва ўзи кузатган ҳодисаларнинг ҳақиқати ҳақида савол берган. Унда фикрлаш юқори даражада бўлмаган. Шундан сўнг унда руҳлар, худолар, фаришталар ҳақида тасаввурлар пайдо бўлган». Диннинг келиб чиқиши ҳақида яна бир назария мавжуд: «Биринчи ёлғончи биринчи нодонни учратганда дин пайдо бўлди». Бунда дин ёмон ниятли кишиларнинг ўйлаб топган нарсаси бўлиб чиқади. Бу иккала назария ҳам ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Файласуфлик қилган ёввойи одам концепцияси бўйича «ибтидоий одам ёлғиз ҳолдаги чуқур фикр юритувчи бўлган. У ўз олдига улкан саволларни қўйган. Бу саволлар унинг кундалик ҳаётида керак эмас эди. Шуни ҳам унитмаслик керакки, ибтидоий одамнинг фикр юритиши унинг кундалик ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган. Бу фаолиятнинг табиати, шарт-шароитлари биргина одамга тегишли бўлиб қолмай, барчага баробар, ижтимоий гуруҳ, қабила, уруғ, халққа тегишли эди». Диннинг келиб чиқиши тўғрисидаги «бир одам бошқаларни алдаши натижасида келиб чиққан» деган фикр ҳам танқидга учраган. Бошқа фикрга кўра «дин – бу жамиятдаги кишиларнинг бараварига ўз-ўзларини алдаши натижасида келиб чиққан. Шунинг учун ҳам дин ижтимоий ҳодисадир деган хулосага келиш мумкин» дейдилар. Дин инсоннинг руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг ижтимоий ҳаётида доимо у билан бирга бўлди. Шунинг учун ҳам динни ўрганиш – бу инсониятни ўрганиш демакдир. Динни инсониятдан, инсониятни диндан ажратиб бўлмаслигини тарихнинг ўзи исботлади. «Коммунистик жамиятда дин йўқ бўлиб кетади» дейилган фикрнинг аксича коммунизм ҳаёлий нарса-ю, дин доимо эканлиги амалда исботланди. Демак, дин инсоният билан доимо бирга бўлган.
Динлар унга эътиқод қилувчиларнинг сони, миқёси, ўзининг маълум миллат ёки халққа хослиги ёки миллат танламаслигига қараб қуйидаги турларга бўлинади:
1)Уруғ-қабила динлари – тотемистик, анимистик тасаввурларга асосланган, ўз уруғидан чиққан сеҳргар, шомон ёки қабила бошлиқларига сиғинувчи динлар. Улар миллат динлари ва жаҳон динлари ичига сингиб кетган бўлиб, ҳозирда Австралия, Жанубий Америка ва Африкадаги баъзи қабилаларда сақланиб қолган.
2) Миллат динлари – маълум миллатга хос бўлиб, бошқа миллат вакилларини ўзига қабул қилмайдиган динлар уларга яҳудийлик, ҳундуийлик, конфуцийчилик ва даоцизм (хитой), синтоизм (япон) киради.
3) Жаҳон динлари – дунёда энг кўп тарқалган, кишиларнинг миллати ва ирқидан қатъий назар унга эътиқод қилишлари мумкин бўлган динлар. Унга буддавийлик, христианлик ва ислом динлари киради.
Динлар ўз таълимотларига кўра монотеистик – яккахудолик (яҳудийлик ва ислом) ва политеистик – кўпхудолик (ҳиндуийлик, конфуцийчилик, христианлик) динларига бўлинади.
3.Диний онгнинг шаклланишида асосий омиллар - ибтидоий одамнинг табиат инжиқликлари олдида ожизлиги ва ундаги қўрқув, билимнинг етишмаслиги ва бошқалар шунга олиб келдики унинг онгида ҳаёлий-фантастик тасаввурлар пайдо бўла бошлади. Қабиладаги ижтимоий муносабатларнинг чуқурлашуви, меҳнат тақсимотининг вужудга келиши, ов қуроллари ва меҳнат қуролларининг такомиллашуви, инсон онгининг амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўсиб бориши ибтидоий диний тасаввурларнинг янада ривожланишига ва мустаҳкамланишига ҳамда диний ғояларнинг вужудга келишига олиб келди. Ушбу диний ғоялардан энг биринчиларидан бири дафн этиш маросимидир. Ибтидоий одам ўз қариндошларини кўмишда махсус маросимлар, маълум тайёргарлик удумларига амал қилишган, улар жасадни бўёқлар билан бўяб, унинг олдига кундалик эҳтиёж буюмлари, зеб-зийнатлари, меҳнат ва ов қуроллари қўяр эди. Булар ибтидоий одамларда охират мавжудлиги ҳақидаги ибтидоий тасаввурлар мавжудлигидан далолат беради. Ибтидоий ғояларнинг яна бири ов қилиш маросимидир. Ибтидоий одамлар қоятош деворларига турли ҳайвонлар расмини чизиб, ов бароридан келиши учун улар билан ғайритабиий тарзда алоқа боғлашга интилганлар. Шу билан бирга улар аждодларининг руҳлари ҳайвоннинг ҳулқ-атворига таъсир ўтказишда катта ёрдам беради деган тасаввурлари мавжуд бўлган. Бу тасаввурлар кейинчалик тириклар билан марҳумлар ўртасида алоқа боғловчи воситачилар – сеҳргарлар, шаманлар, фолбинлар ва ҳ.к. фаолиятларнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Юқоридаги диний тасаввурларнинг мавжудлиги кейинчалик қуйидаги ибтидоий дин шаклларининг вужудга келишига олиб келди. Булар:
1)Тотемизм. «О тотем» сўзи – Шимолий Америкада яшовчи «Ожибва» қабиласи тилида «унинг уруғи» маъносини англатади. Унинг моҳияти «одамларнинг ҳайвонот ёки ўсимликнинг маълум бир турларига қариндошлик алоқалари бор» деб эътиқод қилишдир. Қабила вакиллари ўзларининг тотемлари маълум бир ҳайвон ёки ўсимликдан келиб чиққан деб билишган. Уруғчилик жамиятининг шаклланиши жараёнида тотемизмнинг аҳамияти катта бўлган. Тотемизм таъсирида пайдо бўлган урф-одат ва меъёрлар асрлар давомида қатъий қўлланилиб келинган. Тотемизм ривожлана бориб унда янги ўзгаришлар содир бўла бошлади, яъни биринчидан аждодлар руҳларига ва илоҳий кучларга ишончни кучайиши кузатилди, иккинчидан тотемни озуқа сифатида истеъмол қилишни таъқиқлаш тизими яъни – «табу» пайдо бўлди. Фақатгина диний маросимларда ёки қабила бошлиқларига тотемни ейишга рухсат этилган. Тотемизмнинг асоратлари ҳозирги кунгача айрим халқлар урф-одатлари ва маросимларида сақланиб қолган. Масалан, Ҳиндистонда сигир ва бошқа ёввойи ҳайвонлар, Австралияда кенгуру, Қирғизларда оқ буғу афсонавий бахт келтирувчи ҳайвон сифатида улуғланади.
2)Анимизм (лотинча – анима – руҳ, жон). Анимизм руҳлар мавжудлигига ишонч, табиат кучларини руҳлантириш, ҳайвон ва ўсимликларда, жонсиз жисмларда руҳ, онг ва табиий қудрат борлиги ҳақидаги дастлабки дин шаклларидан биридир. Илк анимистик тасаввурлар ўтмишда оилавий жамоаларнинг шаклланишигача вужудга келган. Диний тизим сифатида кейинроқ шаклланган.
Анимистик тасаввурлар тотемизмга нисбатан кенглиги ва умумий характерга эгалиги билан фарқланади. Анимистик қарашлар барчага баробар ва тушунарли бўлган. Анимистик тасаввурлар ҳозирги динларнинг асосий ақидавий қисмини ташкил этади. Барча динларда руҳ мавжудлиги хусусида таълимот мавжуд.
3)Фетишизм. Французча фетиш сўзи сеҳрли нарса, тумор, бут, санам маъноларини англатади. Фетешизм нарсаларни ғайритабиий деб ишониш ва уларга сиғинишни англатади. Фетиш бўлиб, тош, таёқ, моддий буюмлар бўлиши мумкин, яъни фетишизм жонсиз жисмларга сиғинишдир. Фетишизмнинг ривожланиши ёғоч, лой ва бошқа нарсалардан ясалган буюмлар яъни ҳунармандчиликни вужудга келиши билан боғлиқдир. Ибтидоий одамлар бутлар ва туморларда ғайритабиий илоҳий қудратнинг тимсолини кўрсатганлар. Ҳозирги кунда ҳам унинг асоратлари мавжуд бўлиб, уларга седана, тасбеҳ, мунчоқ, қалампирмунчоқ, исириқ, кўзтикан, пиёз, саримсоқ, қора мурч, дарахтлардан: ёнғоқ, анжир, жийда, арча ва бошқалар табарруклаштирилган, муқаддас саналади. Фетишизм унсурлари барча динларда ҳозиргача яшаб келади.
Бутлар ва туморларда жамоалар ғайритабиий дунёдан келадиган илоҳий қудратнинг тимсолини кўрганлар. Бундай фетишга одатда афсунгарлар, шаманлар эга бўлиб, улар афсунгарлик усулларига ибноан бундай буюмларга таъсир кўрсатганлар. Ибтидоий одамларнинг дастлабки диний таассуротлари умумий мажмуасининг шаклланиш жараёнида фетишизм якунловчи босқич бўлиб қолди. Ҳақиқатда, аждодларни ва табиатни жонлантириш билан боғлиқ бўлган анимизм, турли тотемлар ҳамда ўлиб кетган аждодлар шахсига боғлиқ тотемизм орқали ибтидоий одамлар онгида реал буюмлар билан бирга илоҳий ва иллюзия дунёси борлиги ҳақидаги тушунча пайдо бўлди. Натижада уларнинг онгида замонавий фикр юритиш қобилияти мустаҳкамланди ва ниҳоят фетишларнинг пайдо бўлиши шуни кўрсатадики, афсонавий қудрат фақатгина вақт ва бўшлиқда кўчиб юриш хусусиятига эга бўлиб қолмасдан, балки воқеийлик дунёсидаги буюмларда ҳам бўлиши мумкин. Шундай қилиб, уруғчилик жамиятининг ташкил топиш жараёнида ибтидоий одамларнинг онгида дастлабки диний кўринишларнинг кенг, аниқ, тартибли мажмуаси ишлаб чиқилди. Бунинг маъноси шуни англатадики, диний тасаввурлар одам ҳаётининг бўлинмас, ҳаттоки асосий қисми бўлиб қолди. Жамият ва табиат қонунларини, албатта, ўша дунё кучлари бошқаради. Шунинг учун жамоа яхши яшайман деса, озуқалар билан таъминланган, кимнингдир томонидан ҳимояланган бўлишни истаса, биринчи вазифаси у ўша ғайритабиий кучларни жуда ҳам ҳурмат қилиши керак эди. Дунё ҳақидаги бу тасаввурлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борди в инсоният ҳаётида узоқ вақт мобайнида ўз таъсирини ўтказиб келди.
4)Аждодларга сиғиниш. Энг қадимги оила-уруғларнинг дастлабки диний эътиқодларидан бири бўлиб тотемизм, фетишизм, шахсий ҳомий руҳларга сиғиниш, оила-уруғ оқсоқол-ҳомийларига, қабила бошлиқларига сиғиниш асосида таркиб топган. Бу эътиқоддагилар аждодларнинг руҳлари одамлардан кучли, шунинг учун уруғнинг фаровонлиги шу руҳларга боғлиқ бўлади деб тасаввур қилганлар. Бунинг натижасида қадимги Юнонистон ва Рим майда динларида қаҳрамонларга сиғиниш, кейинчалик христианлик ва Исломда ҳам авлиёларга сиғини одати пайдо бўлди. Исломга хос ур-одатлар сифатида арвоҳларни, авлиёларни эсалаб уларга сиғиниш, мадад сўраш, улар учун худойи, жонлиқ сўйиб қурбонликлар қилиш, ис чиқариш, авлиёлар мақбара ва мозорлари олдидаги дарахтларга латталар боғлаб кетиш, шам ёқиб қўйиш одатлари ҳам мавжуд.
5)Азоб-уқубатларга сиғиниш. Одам азобларининг зарур, фойдали ва ҳалоскор эканлигини тасдиқловчи диний-ақидавий ғоялар мажмуи. Бу таълимотда азоб-уқубатларнинг сабаблари – одамлар ҳаётининг шарт-шароитларида бўлмай, балки одамнинг ўзида, унинг истак-ҳохишларида ёки гуноҳкорлигида, дилидаги ниятларида деб талқин этилади. Азоб-уқубатлар гуноҳлардан халос бўлишнинг маънавий камолот ва нажот топишнинг воситаси яъни хайрли, яхши ишлар деб уқтирилади.
6)Магия-сеҳргарлик. Одамга, ҳайвонга, табиатга маълум бир мақсадни амалга ошириш учун ғайритабиий таъсир ўтказиш йўли билан қилинидаган хатти-ҳаракатлар, дуолар ва ишлардир. Бу амал қадимги замонлардан бери мавжуд бўлиб, барча динларда ҳозиргача ҳам қўлланилиб келинади. Сеҳргарликнинг қуйидаги турлари мавжуд: зиён–заҳмат етказиш, ҳарбий сеҳргарлик, муҳаббат сеҳргарлиги, даволаш сеҳргарлиги, об-ҳаво сеҳргарлиги, хўжалик сеҳргарлиги, ирим-сиримлар ва ҳ.к. Шундай энг қадимги диний тасаввурлар шаклланиб бўлгандан кейин кишилик жамиятида шомонлик, зардуштийлик, яҳудийлик, хиристианлик, ислом ва бошқа динлар вужудга келди.
7)Шомонлик. Шомон сўзи тунгусча сўз бўлиб «жазавали киши» деган маънони англатади. Бу сўз кейинчалик бутун сибирга, сўнгра Европага тарқалиб, халқаро атамага айланган.
Шомонлик ибтидоий жамоа тузуми емирилаётган даврда жаҳоннинг бир талай халқларида вужудга келган энг қадимги бинлардан бириди, бу диннинг руҳонийси шомон ҳисобланади. Шомонлар ўз қавмларига, одам яхши ва ёвуз арвоҳлар паноҳида, ҳомийлигида яшайди, одамнинг соғлиги, бахти ва тақдири шуларнинг қўлида деб тушунтирадилар.
Шомонлар одамлар ва руҳлар ўртасида воситачилик қилаолиш қудратига эга бўлган кишилардир. Улар келажакни олдиндан айтиб бериш, узоқ жойлардаги воқеаларни билиш, касалликларни даф этиш, табиат ҳодисаларини ўзгартириш, марҳумларни нариги дунёга кузатиб бориш каби ҳислатларга эга бўлган руҳонийлардир. Улар ғайритабиий қобилиятга эга бўлиб, ашула айтиш, рақсга тушиш, ноғора, чилдирма чалиш йўли билан жазавага тушиб, ёвуз ва сахий руҳлар билан бевосита муносабатда бўлаолганликлари учун касалликларни даволаш, фол боқиш ва бошқа амалларни бажаришган.
Тажрибали шомонлар одамда истеъодоли гинозчи, фолбин, кўзбойлоғич, қўшиқчи, шоир, бахшилар бўлишган. Улар бемалол руҳларни чақираолар, уларга илтимослар, илтижолар қилар, хатто улар билан курашаолар эдилар. Шомонлар уруғ-қабиланинг обрўли ҳомийси, қўриқчиси, руҳи бўлганлар.
Шомонликка даъвогар бўлган одам «шомонлик касали»га йўлиқиши, хусусан руҳий касалга учраши керак. Руҳлар бундай одамни ўлдириб, сўнг бошқа қиёфада, бошқа сифатда тирилтириб, қайтадан яратадилар. Шомонлик иқтидори наслий ҳисобланган.
Турли халқларнинг шомонлари турфа расм-русумларга риоя қилишган, хар хил кийинишган, муқаддас буюмлар ва руҳлар тўғрисидаги тасаввурлари ҳам ранг-баранг бўлган. Масалан, Жанубий Сибир халқларида шомонларнинг махсус белгилари: қўнғироқли чилдирмалари, ноғоралари, сурнайлари, турли буюмлар осилган махсус кийимлари ва ўз маросимлари бўлган. Шомонлик жаҳон динларининг шаклланишига маълум даражада таъсир кўрсатган. Ҳозирги вақтда ҳам инсон оёғи етиши қийин бўлган чет ўлкаларда қисман сақланиб қолган.
Неолит давридаги ютуқлар одамларнинг турмушини, уларнинг таъсир этадиган барча соҳаларини тубдан ўзгартирди. Одам ўсимликларни ўстириш, озуқа заҳираларини ҳосил этишни аста-секин ўрганди. Бу эса одамни ўтроқ ҳаёт кечиришга мажбур этди. Қадимда ҳайвонларни қўлга ўргатди ҳамда улар бераётган маҳсулотдан фойдаланишни ўрганди. Бу нафақат гўшт, балки сут ва теридир. Овқат пишириш билан танишиши ҳамда идишлар ясаш одамни янги муҳим материалларни ўзгартиришга мажбур этди. Одам, овқат ва ичимликларни сақлаш учун мўлжалланган идишлар, уй қуриш учун фойдаланадиган лойни тайёрлашга ўрганди. Неолит даври юқори палеолитдан кескин фарқ қилади. Шу жумладан тош буюмларини силлиқлаш ва сайқал бериш – бу эса муҳим фарқ бўлиб ушбу фарқ даврга ном берди.
Неолит даври деҳқонларга янги ишлаб чиқариш имкониятларини берди. Деҳқонлар зич ва кўпчилик гуруҳлар билан ўрнашарди. Душмандан ҳамда ёввойи ҳайвонлардан ҳимояланган қишлоқлар кенгайиб, атрофларида кичик қишлоқчалар ўрнашар эди. Тинчлик ва овқат билан таъминлаш, туғилиш ва болаларни тирик қолиши ва ўсишига имкон берар эди. Аҳолининг кескин кўпайиши янги ерларни ўзлаштиришга, ҳаёт тарзини ўзгариши диний тасаввурларнинг ривожланишига янги имкониятлар яратди. Деҳқончиликнинг эҳтиёжлари ҳосилни узоқ вақт сабрсизлик билан кутиши кераклиги ҳамда аниқ вақтни ҳисоблаш муҳимлиги, йил фаслларининг циклларини билиш – буларнинг барчаси деҳқон қабилаларининг осмону-ерга, қуёшу-ойга, ёмғиру-шамолга янги қизиқишини пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бу дегани қудратли руҳларга боғлиқлик сезиларли ва кўзга ташланадиган бўлиб қолди. Илтижо ва қурбонлик уларга атала бошланди. Аммо табиий имкониятлар тўғрисидаги тасаввурлар кескин ўзгарди. Натижада қадимги руҳлар – анимистик сиғиниш объекти аста-секин ўта қудратли худоларга айландилар. Улар учун меҳроб ҳамда черковлар ташкил этиларди ва уларда кечаю-кундуз, деҳқонлар жамоасидан махсус ажратилган мутахассис хизматкорлар – келажакдаги қоҳинлар хизмат қиларди. Қадимги тотемистик тасаввурлар ҳам ўзгарди, деҳқонларни ҳаёти ов натижасига боғлиқ бўлмаган ҳолда, ҳайвонлар қадрлана бошланди, аммо ҳайвонлар ва тотемистик тасаввурлар авлодлар хотирасида сақланиб қолаверган. Бу эса зооморфик ташқи қиёфани бирон-бир сиғинилган худода акс этишига олиб келди. Аксарият худоларнинг кўриниши ҳайвон, қуш, балиқларнинг ёки боши ёки танаси шаклида бўлар эди. Бу мифологик қаҳрамонларнинг юқорида айтиб ўтилган худога қариндошлиги сақланиб қолган.
Фетишизмнинг сокин характери ўзгарди, худоларнинг қудратли бутлари, меҳроблар ёки черковлар ёнига ўрнатилган йирик ҳайкаллар шаклига айланди.
Баъзан бутлар ўрнига рамзий ҳайкалчалар, турли шаклдаги тошлар гуруҳи фойдаланилди. Фетишизмнинг ривожланишида бу ҳайкал ва қурилмалар ибодатхоналарнинг рамзи бўлиб хизмат қилди.
Афсун ҳам ўзгарди. Афсунгарларнинг душманларга зиён етказиш ва омадли ов билан таъминлаш, руҳлар ёрдамида ўз мақсадига етишишнинг ибтидоий усуллари ўрнига янги, пухта ўйланган илоҳлар билан алоқа маросимлари, бошқа диний маросимлар, ибодат ва қурбонлик қилиш тартиблари юзага келди. Булар асосида қадимги афсунлар ётар эди. Аммо бир қанча янгиликлар юзага келди. Бундай янгиликлардан бири – фол ва башорат эди. Булар афсунга яқин бўлган, ҳамда унга асосланган афсун тамойиллари ва усуллари эди. Аммо унинг мақсади бошқаэди яъни истакни амалга ошириш эмас, балки уни билишдир. Фолбинликнинг илк шаклланидан неолит давридан илгари ҳам амал қиларди. Аммо тизим сифатида неолит даврида якунланди. Неолит давридаги деҳқонлар қудратли тангридан қўрққан ҳолда унинг яхши ният муносабатларига жуда қизиқар эдилар. Бунинг учу табиат кучлари илоҳларига ёки илоҳийлаштирилган аждодларга ибодат (қурбонлик) қилишар эди. Уларнинг ҳаёлида келтирилган қурбонликлар ҳамда илоҳийларга ибодат қилишлари уларга ёрдам келтиради ва илтимосларини рад этмайди. Аммо буни қандай билиш мумкин? Мана шу ерда барча усул ва тамойиллари билан фол очиш ёрдамга келар эди. Ҳар бир шаманга мансуб бўлган ибтидоий афсун маросимларидан фарқли ўлароқ, фолбинлин юқори савияли маданиятни талаб этарди. Маросимларни олиб борувчи фолбин кийим шартли белгилари тизимига риоя қилиши шарт эди. Бу шартли белгилар илоҳини қониқтирганлигини ҳамда уларнинг илтижоларига аниқ жавоб беришга тайёрлигини англатарди. Белгилар тизими ҳар хил – элементар қуръа ташлашдан то мураккаб чизиқ, ёруғ нуқта ва чизиқларни қўшилишигача бўлар эди.
Достарыңызбен бөлісу: |