Таълим вазирлиги


II БОБ. РЕСПУБЛИКА ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ



бет3/5
Дата17.07.2016
өлшемі1.68 Mb.
#205035
1   2   3   4   5

II БОБ. РЕСПУБЛИКА ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ
II.1. Таълим ва илм-фан соҳасида хотин-қиз кадрларининг ўрни
Совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг кадрлар танлаш ва тарбиялаш, улардан фойдаланишга қаратилган сиёсати доим сиёсий раҳбариятнинг манфаат ва мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлган. Кадрларни ғоявий, мафкуравий қарамлик, мутелик руҳида тарбиялаш кадрлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган. Кадрларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ малакалари, сиёсий-ахлоқий маданиятини кўтаришга етарли эътибор берилмагани ҳолда, уларнинг онгига асосан партия ғоялари, съездлари, пленумлари қарорлари, сиёсий раҳбариятнинг авторитар фикрларини, кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини сўнгги даражадаги ҳақиқат деб эътироф этиш ғояси сингдирилган.

Бутун совет тузуми даврида олиб борилган кадрлар сиёсати совет давлатининг шовинистик мақсадлари билан боғланган бўлганлиги боис, собиқ Иттифоқ даврида республика халқ хўжалигининг етакчи тармоқларида маҳаллий аҳолининг салмоғи жуда паст бўлиб келди. Бу эса, мустабид совет тузумининг миллий республикалар маҳаллий хусусиятларини, ўзбек халқининг миллий манфаатларини инкор этувчи шовинистик сиёсатининг натижаси эди.

ХХ асрнинг 20-40-йиллари давомида маориф, олий таълим, илм-фан ва санъат соҳалари совет ҳокимияти мафкурачиларининг “социализмнинг тўлиқ ва узил-кесил ғалаба қилганлиги”, “ривожланган социализмга эришиш”, “социалистик турмуш тарзини шакллантириш”, “совет маданияти”ни яратиш, “ягона совет халқи”ни шакллантиришга қаратилган сохта, ҳаёлий, ноилмий, амалга ошмайдиган ғоялари асосида ўта сиёсийлаштирилган тарзда мафкуравий тазйиқлар асосида ривожланиб борган бўлса-да, маълум ижобий натижаларга муваффақ бўлинди ҳамда ўзбек халқининг шу даврдаги миллий маданияти бўлиб қолди, халқнинг маданий-маърифий савиясини оширишга хизмат қилди1.

Маълумки, таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, илмий-техникавий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қилиш ҳам аҳолининг билим даражасига боғлиқ. Бироқ, собиқ Иттифоқ даврида амалдаги таълим тизими шароитида тафаккур мустақиллиги камдан–кам ҳолларда рағбатлантирилар ва қадрланарди, таълим меъёрлари ҳамда ўқув дастурлари эса, умумий миқдорнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил этган энг яхши ўзлаштирувчи ўқувчиларга очиқдан-очиқ мўлжалланганди2.

XX асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмида, СССРда атеистик ҳаракат авж олиб, у давлат сиёсатининг узвий бўлагига айланди. Ушбу сиёсат юзасидан жойларда кўплаб “Худосизлар жамияти “ тузилди3. Ана шундай жамият 1923 йилда Андижонда ҳам майдонга келган эди. Ушбу жамиятлар диний тасаввурларга, унинг пешволарига қарши атеистик кураш олиб борди, унинг жойлардаги ташкилотлари зўр бериб атеистик фаолият кўрсатди. Атеизмга доир махсус газета ва журналлар нашр қилинди. Мазкур йиллар давомида совет ҳукумати томонидан ўзбек халқининг олис асрларга бориб тақалувчи моддий ва маънавий маданияти дурдоналари, мактаб, мадрасаларга қарши зўрлик йўли билан кураш олиб борилди. Ислом дини ва мусулмон руҳонийлари камситилиб, эски усулдаги мактаблар “эскилик ва хурофот уяси” сифатида таърифланди.

Ўзбекистон ССР КПнинг 1925 йил ноябрда бўлиб ўтган II съездида совет мактаблари сонини кўпайтириш, мактаб ёшидаги болаларни совет мактабларига жалб қилиш, маҳаллий миллат вакилларининг диний ва хусусий мактаблар очиш учун ҳаракат қилишларига йўл қўймаслик лозимлиги таъкидланди1. Биргина 1925-1926 йилларда Ўзбекистонда 100 га яқин вақф мактаблари, 250 таси яширин ҳолда ишлайдиган 1600 дан ортиқ эски мактаблар бор эди2. Бу эса ўз навбатида мавжуд тузум маънавий қиёфаси ҳамда мафкурасига мос тушмас эди.

Совет ҳукумати ижтимоий ҳаётдаги кўплаб соҳаларни тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бу ўзгаришлар миллий маданият ва маориф соҳасида ҳам замонавийлаштириш жараёнларининг бошланишига туртки берди, бироқ 20-йилларнинг иккинчи ярмидан маъмурий-буйруқбозлик тизимининг қарор топиши, миллий маориф соҳасини ривожланишини ҳам бўғиб қўйди. Ҳукумат идоралари томонидан диний мактабларни ёпишга катта эътибор берила бошланди.

Ўзбекистон хотин-қизларининг билим савияси 30-йилларнинг иккинчи ярмига келиб анчагина ўсганлиги кўзга ташланди. Масалан, 1937 йилга келиб саводсизликни тугатиш мактабларини Ўзбекистоннинг 273.637 хотин-қизлари битирдилар. 183 аёл колхоз раисаси, 242 аёл раис муовини, 606 аёл эса бригада бошлиғи лавозимларида ишладилар.

Ўзбек аёлларининг шижоати ва меҳнатсеварлиги фан ва маданият соҳаларида ҳам яққол намоён бўлди. 1937 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган олима аёллар биринчи конференциясига 400 га яқин хотин-қизлар қатнашдилар. Улар орасида биринчи ўзбек аёлларидан кимё фани соҳасида тадқиқот олиб борувчи М.Ҳожинова, З.Саидносирова, тиббиёт фани соҳасида З.Умидова ва бошқалар бор эди.

Республика халқ таълими соҳаси уруш йилларида бир мунча беэътибор қолди. Уруш асоратлари умумтаълим мактабларининг фаолиятига ҳам қаттиқ таъсир қилган эди: ўқитувчиларнинг фронтга юборилиши оқибатида уларнинг сони кескин камайиб кетди, бу ўз навбатида мактаблар сонининг қисқаришга олиб келди. Фақат 1942-43 ўқув йилида республикада 200 та бошланғич ва ўнлаб ўрта мактаблар фаолияти тўхтатилди, 360 та мактаб биноси республикага кўчирилган ҳарбий қисмлар, касалхоналарга берилди3.

1940-1941 ўқув йили давомида кўпгина ҳарбий хизматга кетган ўқитувчилар ўрнини тўлдириш мақсадида қисқа муддатли курсларни кўпайтириш ва IX-X-синфни тугатаётган ўзбек қизларини ўқитиб тайёрлаш муҳим вазифалар қаторидан ўрин олди. ЎзКП(б) МҚ ва республика Халқ Комиссарлари Советининг кейинги қарорларида ҳам халқ маорифи ташкилотларига 2 ойлик, 4 ойлик ҳамда 7 ойлик курсларда хотин-қизлардан иборат 750 та бошланғич ва тўлиқсиз ўрта мактаб ўқитувчиси тайёрлашга маҳаллий хотин-қизларни кўпроқ жалб қилиш ва уларнинг ўқишлари учун имкониятлар яратиш вазифаси юклатилди. Қисқа муддатли курсларда урушнинг дастлабки уч йили давомида 1600 ёш ўқитувчи етиштирилди. Уларнинг асосий қисми хотин-қизлардан иборат эди4.

Урушнинг дастлабки уч йили давомида педагогика олий ўқув юртлари 4600, педагогика билим юртлари 2200 нафар ўқитувчи тайёрлади. 1940 йилда ўқитувчи хотин-қизлар 9533 нафар бўлса, 1943 йилга келиб 14052 нафарга етди5.



Иккинчи жаҳон уруши даврида мактабга жалб этилмаган қиз болаларни урушдан кейинги йилларда мактабга жалб қилиш ҳамда мактабларни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш масаласи муҳим муаммолардан бири эди. Уруш даври шароитларида педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжнинг сезиларли даражада аҳамият касб этганлиги туфайли урушдан кейинги йилларда ўқитувчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилди.

Мактабларда ёшлар миллийлик ўрнига коммунистик ғоя асосида тарбияланиб, улар онгига синфийлик, партиявийлик руҳияти сингдирилди. Мазкур вазифалар маориф соҳасида асосий фаолиятни олиб борган хотин-қизлар зиммасига юклатилди.

Ўзбекистоннинг беқиёс куч ва қувватга эга бўлган бой маънавий маданияти урушнинг биринчи кунлариданоқ фашизмга қарши курашга астойдил қўшилди.

Урушнинг суронли йилларида республика олий ўқув юртлари ва техникумлар ўз фаолиятларини давом эттирдилар. Катта қийинчиликларга қарамай, улар халқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича малакали мутахассислар тайёрлаб берадиган чинакам манба бўлиб қолдилар. Республикага собиқ Иттифоқ ҳудудининг ғарбий вилоятларидан 31 та олий ўқув юрти, 7 та ҳарбий академия эвакуация қилинган бўлиб, 1943 йилда республикада жами 41 та олий ўқув юрти (уларнинг 12 таси кўчириб келтирилган) ва 52 та ўрта махсус билим юртлари фаолият кўрсатди. 1941-1943 йилларда республикада мавжуд олий ўқув юртларида халқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича 10 минг нафар малакали мутахассислар тайёрланди. Улардан 2,5 минг нафари врачлар, 1800 таси инженерлар, 660 таси агрономлар, 2500 таси педагоглар эди. 1943-1944 ўқув йилида олий ўқув юртларига яна 10 минг киши қабул қилиниб, шу йили ўрта махсус ўқув юртларида 5 минг киши ўқиди. Ўзбекистон техникумлари 1941-1943 йилларда 3 700 мутахассисни етиштириб берди1.

Умуман айтганда, таълим ва илм-фан соҳасида Ўзбекистон хотин-қизлари уруш йилларида ўзбек халқининг маънавий уйғониши йўлида самарали меҳнат қилган ҳолда, республика фани ва маданияти ривожини ғалаба қозониш мақсадларига қаратди.

Ўрганилаётган даврда А.Абдурасулова ва З.Саидносировалар химия фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилдилар. С.Юсупова геология-минералогия фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Р.Мирсоатова, З.Умидова, М.Ашрапова кабилар тиббиёт фанлари номзоди, Ҳ.Сулаймонова юридик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлдилар. Бу зукко олима Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги даражасига етиб, юстиция министри лавозимида фаолият олиб борган.

Айрим маълумотларга кўра, ўрта ва олий маълумотга эга аёллар сони 1939 йилдан 1970 йилгача 8,3 баравар кўпайган2.

Фан-техника тараққиёти ҳам совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилди. Хусусан, фан-техника тараққиётини тубдан жадаллаштириш-партия иқтисодий стратегиясининг асосий масаласи бўлиб, бусиз иқтисодиётни ривожлантиришда кутилган натижаларга эришиб бўлмайди, деб таъкидланган эди КПССнинг XXVII съездига қилинган сиёсий докладда3.



Шунинг учун ҳам, собиқ Иттифоқ ўзининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш заруратидан келиб чиқиб, хотин-қизлардан кенг миқёсда техника соҳасининг зиёлиларини тарбиялаб етиштирди.

Хотин-қизлардан халқ хўжалиги мутахассислари тайёрлаш жараёнини ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда олиб боришни ташкил этиш мақсадида улар ҳунар-техника билим юртлари ҳамда олий ўқув юртларининг сиртқи ва кечки бўлимларига жалб қилинган. Кўриниб турганидек, совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг ҳаёлий-утопик жамият бўлган “коммунизм”га эришиш сари ҳаракати инқилобий тадбирлар асосида олиб борилди. Шунингдек, бу жараён фан-техникани ҳам четда қолдирмади.

Республикада олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари ҳам синфийлик, партиявийлик асосида совет ҳокимиятининг раҳнамолари бўлган ишчи ва деҳқонларни шарафлашга бағишланган эди. Жумладан, олима Мелихон Охунова ҳам ўзининг тарих фани бўйича олиб борган номзодлик (Ўзбекистонда совет ҳокимияти ғалабаси учун курашда ишчилар синфи) ва докторлик (Ривожланган социализм даврида Ўзбекистон ишчи синфи) диссертацияларини ишчилар синфини мадҳ этишга бағишлади.

Бундан ташқари, Мелихон Охунова Ўзбекистон хотин-қизлари масаласига доир бир қанча мақола ва маърузалар муаллифи ҳам эди: “Совет Ўзбекистони хотин-қизларининг Ватан урушида ва меҳнатдаги жасорати”, “Ўзбекистон хотин-қизлари-коммунизмнинг актив қурувчилари”, “Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласининг ҳал этилиш тажрибаси”, “Ўзбекистон хотин-қизлари коммунизмнинг моддий-техник базасини яратишдаги курашда” кабилар шулар жумласидандир. Бироқ, ушбу мақола ва маърузалар ўша давр руҳи асосида ёзилган бўлиб, унинг негизида хотин-қизлар масаласининг ҳал қилинганлиги ҳақидаги ноилмий хулосани исботлаш ётарди1. Чунки, у маъмурий-буйруқбозлик сиёсати ҳукмрон бўлган жамиятда яшаганлиги боис ҳам, советлар сиёсатига қарши бора олмас эди. Шу билан бирга Мелихон Охунова ўз фаолияти давомида социализм ғояларини умумхалқ манфаатлари билан уйғун ҳолда тасаввур қилган ўз замонасининг фидоий аёлларидан бири сифатида илм-фан соҳасининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Тарих фани бўйича қатор шогирдлар етиштиришга муваффақ бўлган.

Ўша даврда таниқли олима аёллардан М.Турсунхўжаева, Х.Сулаймонова, А.Абдурасулова, С.Азимжонова, Х.Шукурова, М.Охунова, Н.Деҳқонхўжаева, М.Ходжинова, З.Умидова, Г.Пугаченкова, Р.Аминова кабилар фаолият олиб боришган.

Фаннинг фидойи ва заҳматкаш олималаридан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасининг Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, республикада хизмат кўрсатган фан арбоби Раҳима Ҳодиевна Аминова республика илм-фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, 15 нафар фан доктори ҳамда 60 дан ортиқ фан номзодларини етиштирган. Унинг нашр қилинган асарлари 300 дан ортиқ номда бўлиб, 14 таси йирик монографик тадқиқот эканлиги олиманинг илмий қизиқишлари доираси кенглиги, ижодий истеъдоди кўп қирралилигидан далолат беради. Ўзбекистон тарихи фани ютуқларининг толмас курашчиси Р.Аминова нафақат Ўзбекистонда, бир қанча хорижий мамлакатларда ўтказилган Халқаро анжуманларда қилган долзарб мавзулардаги кенг қамровли, илмий теран ва юксак даражадаги маърузаларининг инглиз тилида равон, нотиқлик маданияти билан баён этилиши, шарқона одоб ва маданият доирасида ўзини тутиши жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланди.

Раҳима Аминова учун хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигига эришиш муаммоси нафақат илмий, балки амалий ҳаётда ҳам муҳим ўрин тутган. У 20 йилга яқин республика «Билим” жамиятида хотин-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи комиссия раиси, республика хотин-қизлар ўртасида ишлаш комиссиясининг аъзоси сифатида фаолият олиб бориб хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда ўзининг ҳам илмий, ҳам амалий ҳиссасини қўшган заҳматкаш олима аёллардан бири эди. Раҳима Ҳодиевнадек фидойи олималар республикамизда илм-фаннинг илдизлари бақувват ва соғлом бўлишига улкан ҳисса қўшдилар.

Республика хотин-қизлари нафақат ижтимоий-гуманитар соҳаларда, шунингдек техника йўналишларида ҳам фаолият юритганлар. Бу ҳол ўз-ўзидан аёлларнинг республика тараққиётига қўшган ҳиссасини оширган. Лекин, айни пайтда аёлларнинг олий умумтаълим даражаси уларнинг касбий машғуллигига мос келмаган. Аёлларнинг кам малакали ёки малакасиз меҳнат билан машғуллиги эркакларга нисбатан ортиқ бўлган. Республика саноати, қурилиши, қишлоқ хўжалигида қўл меҳнати билан машғул аёллар улуши собиқ Иттифоқ тасарруфидаги республикаларга нисбатан юқори бўлган. Республика саноатидаги қўл меҳнати салмоғи 35,3 фоизни ташкил этган бўлса, аёллар орасида эса, 42,5 фоиздан иборат бўлган. Ҳали аёлларнинг оғир жисмоний меҳнати тугатилмаган эди1. Бу муаммолар икки гуруҳ сабабга боғлиқ бўлиб, биринчиси, аёллар меҳнати одатда кўп бўлган ишлаб чиқаришда техник жиҳозлаш даражасининг етарли эмаслигидир. Маълумки, фан-техника тараққиёти таъсирида илғор технологияни қўллаш туфайли ишчи кучи сифати, малакаси даражасининг ўсиши рўй беради. Айни пайтда саноатнинг етакчи соҳаларига нисбатан тўқимачилик-тикувчилик, озиқ-овқат саноатида техник жиҳозланиш, меҳнат шароити ва режими анча паст бўлган.

Иккинчидан эса, аёлларни касбга тайёрлаш қониқарли даражада бўлмаган. Ҳунар-техника билим юртлари ўқувчилари орасида ижтимоий ишлаб чиқаришга келаётган қизлар сони кам бўлган. Бундай ишлаб чиқаришдаги аёлларга эса, ўқиб-ўрганиш учун вақт етишмаслигини ҳам айтиб ўтиш керак. Оила ташвишлари билан банд бўлган аёллар ўз касбини такомиллаштириш учун эркаклар каби имкониятга эга эмаслигидаги фарқ жуда катта бўлган. Натижада, улар маошида чекланиш бўлмаса ҳам, малакадаги бу фарқ туфайли аёллар эркаклардан кам ҳақ олган. Ҳам касбга тайёрлаш, ҳам малака ошириш тизимидаги мавжуд номувофиқлик туфайли ҳам бундай вазият юзага келган. Ҳамма хўжалик раҳбарлари ҳам ўз ходимлари учун зарур шароитни яратиб бермаганлиги ҳам бундай вазиятга сабаб бўлган. Айниқса, декрет таътилидан сўнг ишга қайтган аёллар орасида бу иш умуман йўлга қўйилмаган. Шунинг учун ҳам мамлакатда 85 фоиз ишловчи аёллар декрет таътилидан қайтгач, таълим олиш ва малака ошириш жараёнини давом эттирмаган.

Аёлларнинг меҳнатга тенг ҳуқуқи реал гаровини таъминлаш таълим олаётган ва малакасини ошираётганлар орасида аёллар улуши у ёки бу бошқа ишлаб чиқаришда банд аёлларникидек бўлишини талаб этади. Айтиш керакки, аёллар малакасининг паст даражаси улар ишчи кучининг оммавий касблар ва ёрдамчи ишлаб чиқаришда кенг фойдаланишга олиб келади. Бу ерда асосан, мураккаб бўлмаган меҳнат ва тариф разрядларининг чекланган имкониятлари бу гуруҳдаги ходималарнинг ўз малакаларини оширишга қизиқмасликларини белгилайди.

Бундан ташқари, ёш болали аёллар учун малакаларини ошириш эмас, балки оилавий қизиқишлар нуқтаи назаридан ишлаш биринчи ўринга қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, совет ҳокимиятининг хотин-қизларга муносабат масаласида олиб борган мустамлакачилик сиёсати натижасида аёлларни олий ва ўрта махсус таълимга жалб этиш, улардан раҳбар ва мутахассислар тайёрлашда миқдорий ўсиш кўрсаткичларига эришилди. Яъни, фан ва маориф соҳасида хотин-қизлар салмоғи ортиши ҳамда ижтимоий ишлаб чиқаришда уларнинг кенг иштироки таъминланди. Лекин, бу жараён, ўз моҳиятига кўра салбий аҳамият касб этди. Чунки, оғир жисмоний меҳнатга асосланган ишлаб чиқаришда хотин-қизларнинг иштироки келгуси авлод ижтимоий ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатди. Шунингдек, ўзбек аёлларини оиладан кўра жамият ҳаётида эркаклар билан тенг асосда иштирок этишни истайдиган шахслар қилиб тарбиялаш асосий вазифа қилиб белгиланди.

Совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг маҳаллий миллат хотин-қизларини фан ва маориф тизимига жалб этиш муаммосининг тадқиқ қилиниши натижасида қуйидаги хулосаларга келинди:

1.Маҳаллий миллат хотин-қизларини таълим ва илм-фан соҳасига кенг жалб қилинишидан мақсад коммунистик мафкура раҳнамолигидаги совет ҳокимиятининг сиёсатини қўллаб-қувватлашдан иборат хайрихоҳларни тарбиялашга қаратилган эди;

2. Совет ҳокимияти ва коммунистик партия хотин-қизлар ёрдамида ўз диктатурасини мустаҳкамлашга интилиб, маъмурий-буйруқбозлик бошқарув усули асосида сиёсат олиб борди;

3. Таълим тизимидаги ғоявий-назарий услубий асосларнинг мафкуравий қолиплар тизимида чекланиши мустақил фикрни эмас, балки хотин-қизлар онгига совет мафкурасини сингдириш орқали партиянинг итоаткор ижрочисини, коммунистик ғоя тарғиботчисини тарбиялашга қаратилган эди;

4.Совет ҳокимияти ва коммунистик партия томонидан хотин-қизларга асосан ишлаб чиқариш воситаси сифатида эътибор берилди, маданий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар ҳам шу мақсадга хизмат қилди.
II.2. Хотин-қизларнинг адабиёт ва санъат соҳасидаги фаолияти
Ҳар қандай тузум ва жамиятда аёлларга бўлган муносабат шу жамият ва тузумнинг қай даражада ривожланганлигини кўрсатади. Жамиятнинг маданий тараққиёти ва аёллар масаласи узвий ва ўзаро боғлиқ муаммолардир. Бу ҳақда юртбошимиз шундай деган эди: «Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади»1.

Ўрганилаётган 20-40 йиллардаги мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар республиканинг маънавий-маданий ҳаётида ҳам ўз аксини топди, миллий маданиятга салбий таъсир ўтказди, хотин-қизларнинг маданий ҳаётдаги иштироки сиёсий мақсадларга бўйсундирилди.

Ўрганилаётган даврда маданият даргоҳлари, ижодий уюшмалар, театр, кино, радио, телевидение–барчасининг фаолияти биринчи навбатда социализм ва коммунизм тўғрисидаги ҳаёлий, реал воқеликдан йироқ, жамият учун зарарли таълимот ва ғояларни тараннум этиш, одамлар онгига сингдиришга хизмат қилган. Маданий-оқартув муассасалари, маданий тадбирлар маҳаллий миллат хотин-қизларининг маданий савиясини ўстириш учун эмас, балки уларни коммунистик ғоя асосида сиёсий-мафкуравий тарбиялаш учун хизмат қилди. Барча маданий-оқартув муассасалари миллий маданиятга, миллий урф-одат ва диний қадриятларга қарши маданий меросни инкор этиш ғояси асосида фаолият юритди.

Шунга қарамасдан, бу қийин даврда Ўзбекистон хотин-қизлари ўз замонининг фидойилари сифатида маданият ва санъат соҳасида тинмай фаол тарзда меҳнат қилди.

1924 йилнинг майида ТАССР ишлаб турган кутубхоналар сони 132 тага, клублар 21 тага, қизил чойхоналар эса қарийб 200 тага етар эди. Мана шу даврда алоҳида хотин-қизлар клубини ташкил қилишга кенг эътибор қаратилди. Биринчи хотин-қизлар клуби 1924 йилда Тошкентнинг эски шаҳрида очилди. Дастлаб бу клубга 250 маҳаллий хотин-қизлар жалб қилинди. 1924 йилнинг иккинчи ярмида хотин-қизлар клублари Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Марғилонда ва бошқа бир қатор шаҳарларда ташкил қилинди.

Қишлоқларда “деҳқонлар уйи”, улар ҳузурида қизил бурчаклар очилди, қизил бурчаклар хотин-қизлар клуби вазифасини бажарди. Хотин-қизлар клублари ҳузурида болалар ва оналарга тиббий маслаҳат ва тикувчилик шўъбалари ташкил этилди. Уларда болаларни қандай тарбиялаш, хотин-қизлар гигиенаси тўғрисида маслаҳатлар бериб борилди.

Хотин-қизлар орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини асосан европалик русийзабон аёллар олиб борарди. Бу билан улар маҳаллий хотин қизлар орасида европача кийинишни, европача юриш-туришни ва муомалани жонли равишда намойиш қилишар ва шу йўл билан улар янгича маданиятни ёйишга ҳаракат қилишарди2.

1937 йилда Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти ва санъати декадаси ўзбек миллий санъатининг ҳар бир соҳаси етук талантларга эга эканлигини намоён қилди. Сиёсий мафкура миллийликни ўз таъсирига олишга қанчалик уринмасин халқ миллий маданияти, халқ миллий санъати ўзини намоён қила олди. Декада кунлари концерт берган Ҳалима Носирова овозига ҳаттоки “халқлар доҳийси” тан бериб, уни “Шарқ булбули” деб атагани маълум1.

30-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда тасвирий санъат ҳам “социалистик реализм” асосида ривожланди. Биринчи ўзбек аёл рассом Ш.Ҳасанованинг таланти ҳам ўша йилларда намоён бўлди. Ўзбек тасвирий санъатида эришилган ютуқлар ва истеъдодли рассомлар етишиб чиққанлиги сабабли 1932 йилда Ўзбекистон ССР Рассомлар уюшмаси ташкил этилди.

Коммунистик партия бошлиқ совет ҳокимияти ҳукмронлиги йилларида қабул қилинган қарорларда совет ҳукуматининг рус маданиятини улуғлаш билан боғлиқ коммунистик-улуғ миллатчилик қарашлари ўз ифодасини топган эди. Шунинг учун ҳам совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» тамойили асосидаги улуғмиллатчиликдан иборат шовинистик сиёсати натижасида сохта байналмилаллик ғояларига қарши бўлган аҳоли қатламлари, шу жумладан аёллар мустабид тузум қатағон қилиш сиёсатининг қурбонига айландилар.

Социализм сиёсати, хусусан унинг қатағон сиёсати одамларни, шу жумладан аёлларни хўрлаш, камситиш, ҳақоратлаш, партия аъзолигидан чиқариш, барча имтиёзларни чеклаб қўйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш, уларни руҳан эзиш каби ўзининг мудҳиш томонларини намоён қилган. Совет тузуми ҳукмронлиги йилларида хотин-қизларни қатағон қилишнинг 40 дан ортиқ “тури” “ўйлаб топилган” ва ҳисоботларда алоҳида “бандлар” билан ажратилган, “қатағон касб танламаган”2.

Советларнинг 1930 - йиллардан бошлаб жамиятни «аксилинқилобий унсурлардан» «тозалаш» борасида алоҳида қабул қилинган махсус қарорлар3 асосида бошланган қатағонлик сиёсати миллий истиқлолга эришгунимизга қадар турли шакл ва усуллар орқали давом эттириб келинди.

Йиллар ва даврлар ўтади. Аммо, мустабид совет тузумининг ўзбек халқига келтирган жабру жафолари асло унутилмайди. Францияда ўрта асрларда рўй берган қатағонни Варфоломей кечаси, деб аташади. Шу бир кечанинг ўзида юзлаб одамлар қириб ташланган. Мустабид совет даврида эса бундай кечалар оз бўлмаган. Биргина 1937-1938 йилларнинг даҳшатли кечаларида минглаб ватандошларимиз қамоққа олиниб, йўқ қилиб юборилган. Ана шу бечора, жабрдийда, жафокаш кишилар орасида “инсониятнинг гўзал бўлаги” аёллар ҳам бўлишган4.

Қатағонлар ўрганилаётган давр мобайнида шаклан ўзгарган бўлса-да, амалда ўзининг мазмун-моҳиятини йўқотмади, яъни халқни итоаткор ҳайрихоҳ сифатида бўйсундиришга ҳаракат қилди.

1937 йилда миллатчилик ғояларини ёйишда айбдор деб қатағонлик тўлқинига гирифтор қилинган журналист ва таржимон хоразмлик Марям Султонмуродова 1949 йил 3 августдаги СССР Махсус Бюроси қошидаги махсус мажлис қарори билан яна қайтадан сургун қилинган. Узоқ давом этган маънавий қийинчиликлардан сўнг у юрак хасталигига, пневмосклерозга гирифтор бўлиб, жисмоний меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган. Кўп йиллар давомида уйдирмадан иборат сохта жиноятнома асосида жуда кўп адолатсизликка учраган, ҳуқуқлари поймол этилган Марям Султонмуродова 1957 йил 23 сентябрда жинояти йўқлиги аниқланиб, оқланган1.

Қатағон йилларида жабр кўрган Тожихон Шодиеванинг тақдири 1939 йил 28 мартда имзоланган СССР Олий суди ҳарбий коллегияси учун тузилган Сталин рўйхати орқали ҳал қилинган. ВКП(б) ва совет ҳукумати раҳбарларидан И.Сталин, В.Молотов, Л.Каганович , В.Жданов, К.Ворошилов имзолаган мазкур рўйхатда II категория бўйича суд қилиниши керак бўлганлар қаторида Усмон Носир билан бир қаторда Тожихон Шодиеванинг ҳам номи киритилган. Рўйхатга асосан Тожихон Шодиева ҳарбий коллегия суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган2.

Ижодкорлар (Ёқубов Одил, Ҳошимов Ўткир, Иброҳим Раҳим, Р.Файзий, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Йўлдош Сулаймон. Н.Қобул ва ҳоказолар)нинг асарларида халқнинг бошига тушган оғир кунларда жамият ва аёл муаммоси, аёлнинг жамиятда тутган ўрни масаласи ўз ифодасини топган бўлиб, унда аёллар образлари орқали жамият ва халқ олдидаги Ватан, диёнат, инсоф, бурч тушунчаларининг моҳияти, ҳаётнинг синов майдонларида ўз йўлларини белгилаб олган ҳолда, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганликлари мадҳ этилган.

Уруш йилларида хотин-қизлар орасида олиб борилган маданий-маърифий ишлар анча самарали бўлди. Бундай ишлар, чунончи Тошкент шаҳрининг Октябрь туманидаги Калинин, Орджоникидзе номли клубларда анча салмоқли бўлди. Тошкент вилоятининг ўзида биргина 1943 йилда 2 минг маъруза, 1150 киносеанслар уюштирилди, 500 та спектакл қўйиб берилди. Мавжуд тўгаракларда эса минг киши иштирок этди3.

Фашизмга қарши Ўзбекистоннинг барча аҳли қатори санъат соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳам курашга отландилар. Кўпгина санъаткор хотин-қизлар жангоҳларда мардлик намуналарини кўрсатиб, жангчиларга маънавий куч-қудрат бахшида этдилар.

Уруш йилларда уста ҳикоянавис, очеркнавис ва публицист сифатида танилган Ойдиннинг “Қизларжон”, “Асл ёр”, “Умр совғаси” каби асарлари халқнинг ўз-ўзини англашига таъсир ўтказувчи катта кучга эга бўлиб, халқнинг жанговар руҳини қўллаб-қувватлар, душман устидан ғалаба қозонишга бўлган ишончини мустаҳкамлар эди4.

Шоирлар томонидан ўзбек жангчиларининг жасорати, халқлар дўстлиги, ишчи ва деҳқонларнинг матонатли меҳнати куйланди. Уларнинг шеърий мисралари жанговар қуролдан қолишмайдиган даҳшатли қуролга, кўнгилларни ватанпарварлик туйғуларига тўлдирувчи зўр кучга айланди. Жумладан, шоира Зулфиянинг “Садоқат” тўплами, “Ҳижрон кунларида” китоби, 1942 йилда ёзилган “Менинг Ватаним”, 1943 йилда ёзилган “Эримоқда қор”, “Палак”, “Гуллар очилганда”, “Қўлимда қуролу, устимда шинель”, “Тун”, “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеърлари ватанпарвар, меҳнаткаш, вафодор, жангчи ва қалби оташ ўзбек аёлларининг ажойиб туйғуларини куйлашга бағишланган эди5.

Уруш йилларида 51 театр иш олиб борди. Улар 1941-1944 йиллар давомида 203 янги асарни саҳнага қўйиб, 65 миллион томошабинга 18 568 спектакль ва концерт кўрсатдилар6.

Тасвирий санъат асарларида ҳам ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари бош мавзу бўлди. Уруш йилларида фаолият олиб борган рассом Шамсирўй Ҳасанова ғалаба муносабати билан Москвада ўтказилган Бутуниттифоқ кўргазмасида ўзининг асарлари билан иштирок этди1.

Суронли кунларнинг бошиданоқ ўзбек театр арбоблари фашизмга қарши курашчилар сафида туриб, матонатли фаолият кўрсатдилар.



Фашизмга қарши уруш йилларида Бухоро вилоятида маданият, театр, санъат ходимлари ҳам ўзларининг катта меҳнати ва санъати билан немис-фашист босқинчиларига қарши курашга отландилар.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз санъати билан жангоҳларга маънавий озуқа улашган ҳолда қаҳрамонлик кўрсатган аёллардан бири Қашқадарё вилоятидан бешкентлик Жамила Ҳусаинова бўлиб, у бир неча ой Бухорода ҳарбий тайёргарликдан ўтганидан сўнг, ўзбек миллий бригадасининг тиббий ёрдам ротасида меҳнат қила бошлади. Жамила Ҳусаинова биринчи бор шимолий Дон дарёси бўйида жангга кирди. Шундан кейин Жануби-ғарбий фронт чизиқларида, Украинани озод қилиш учун бўлган жангларда иштирок этди. Унинг қўшиқ куйлашга бўлган ҳаваскорлиги фронтда қўл келди. У агитбригада (тарғибот-ташвиқот бригадаси) сафида юриб, Ватан, она, муҳаббат, дўстлик ҳақида куйлаб жангчиларнинг руҳини кўтарди. Жамила Ҳусаинова урушдаги хизматлари учун жанговар медаллар билан мукофотланди2.

Бухоро вилояти мусиқа театри артисти Раҳима Олимова ҳам санъаткор бўлгани ҳолда жангчилар орасида ўзининг жанговар топшириқларини бажара олиши билан катта ҳурматга сазовар бўлди. Раҳима Олимова хизмат қилган Сталинград фронти 230-дивизия командири полковник В.П.Савин Бухорога мактуб йўллаб, у кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида хабар берган эди. Бухоро мусиқа театри артисти Раҳима Олимова, драма театри артисти Эътиборхон Орипова кабилар уруш йилларида Москва, Сталинград, Курск, Минск остоналарида жанг ҳаракатларини олиб бораётган бухоролик жангчилар орасида бўлиб, ўзларининг ижод намуналарини намойиш этиб, жангчиларни ғалабага руҳлантирган3.

Фронт ичида фашизмга қарши қаҳрамонона жанг қилаётган жангчиларни зафар сари руҳлантирган санъаткорлардан яна бири Меҳри Абдуллаева бўлган. У бир гуруҳ санъаткорлар билан бирга аввал Москвадаги госпиталда, сўнгра эса, ғарбий фронтга Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги республикамиз санъаткорлари таркибида фронтнинг энг қизиган ўчоқларида маданий хизмат қилиб, ўзининг ёқимли қўшиқлари билан душманни енгишда жангчиларга мадад бўлди4.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида яратилган асарларда инсонпарварлик туйғуси устувор бўлиб, доҳийларни мадҳ этишга камроқ эътибор берилди. Мафкура назоратчилари бунга эътибор бериб, ўзбек халқининг инқилобгача бўлган ўтмишини улуғлаб юборишди, деган фикрга бордилар. Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси махсус комиссия тузиб, айрим ижодкор зиёлилар ўтмишни улуғлаб "қадимий маданият қаршисида тиз чўкишга йўл қўйганлар" деган хулосага келди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг ижодий зиёлилари уруш йилларида ўзбек халқининг маънавий уйғониши йўлида самарали меҳнат қилдилар. Халқимизнинг мардонавор меҳнати фашизмга қарши урушда қозонилган ғалабага қўшилган улкан ҳисса бўлди.

Бироқ, Иккинчи жаҳон уруши йилларида маданий-маърифий муассасалар фаолиятида миллийлик ва байналмилаллик нисбати иккинчиси ҳисобига ўзгарди. Маданиятдаги миллийликнинг иккинчи даражага ўтиб қолиши эса, Ўзбекистон маданий ҳаётида кейинги йилларда айниқса, ўзининг салбий жиҳатлари билан намоён бўлди.

Бундан ташқари, маданий-маърифий муассасалар иш шакл услубларида коммунистик партияни улуғлаш, “меҳнаткашларнинг коммунистик онглилигини ошириш»1 эвазига миллий урф-одат, қадриятларни камситиш ҳоллари юз берди.

Шундай бўлса-да, уруш йилларида халқимизнинг фидойи аёллари маданият соҳасида ҳам ўзларининг мардонавор жасоратларини намоён қилиб, буюк ишларни амалга оширдилар.

Урушдан кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон хотин-қизларининг маданий соҳаларда олиб борган фаолияти янада кенг тарзда давом этди.



Юқорида номлари зикр этилган аёллар маданият соҳасида фаолият олиб бориб, халқ ҳурматини қозонган бўлсаларда, советлар назорати остида мафкуравий мутеликка маҳкум этилган бўлиб, ўша давр қобиғидан чиқиш имконияти бўлмаган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, советлар ҳукмронлиги йилларида қарор топиб борган маъмурий-буйруқбозлик тизими ва шахсга сиғиниш мафкурасининг ғайримиллий, зўравонлик сиёсати оқибатида маданият ҳамда санъатга янада сиёсий тус берилди. Ғарбда адолатли равишда «эътиқод маданияти» деб аталган совет сиёсий маданиятининг негизида юз бераётган инқилобий ўзгаришларнинг ҳақлигига эътиқод, ҳокимиятга ишонч, «доҳий»ларни эъзозлаш ётарди.

Ҳукмрон мафкура республиканинг бутун маънавий ҳаётини қаттиқ сиқувга олганлиги боис, ҳар қандай миллийликка бўлган интилиш советларнинг қатағон қилиш сиёсатига учради ва «зараркунандалик» деб баҳолангани ҳолда, миллатчиликда айбланди.

Коммунистик партиянинг маданият соҳасида сиёсати натижасида байналмилал маданият бирламчи аҳамият касб этиб, миллий маданиятни ривожлантириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва улардан маънавий ривожланишда фойдаланиш иккинчи ўринга суриб қўйилди.

Совет ҳокимияти ва коммунистик партия томонидан маданиятни мафкуралаштириш, маънавий ҳаётга буйруқбозлик асосида раҳбарлик қилиш, маданий сиёсатдаги зиддиятлар, маънавий соҳа эҳтиёжларини инкор этиш жамиятнинг маънавий ҳаётида инқирозли ҳолатларни юзага келтирди. Советлар томонидан миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи эълон қилинган бўлса-да, амалда бунга риоя қилинмади.

Ислом Каримов таъбири билан айтганда “...совет социалистик давлати халқимиз ҳаётига четдан зўравонлик билан жорий этилган эди. Бу давлатнинг шакли ва моҳияти халқимизнинг ахлоқий, маънавий ва руҳий қадриятларига тўғри келмайдиган, мос келмайдиган тизимига асосланган эди..... Бу тузум ўз халқининг тарихини, унинг руҳи ва урф-одатларини, ўз авлод-аждодларини билмайдиган манқуртларга таянар эди. Шунинг учун ҳам эски совет тузумининг байроқларида ва шиорларида баён қилинган ғоялар амалдаги ишларидан ниҳоятда узоқ эди. Худди шу боис бу давлатнинг ижтимоий тизими билан халқ эҳтиёжлари ўртасида жарлик пайдо бўлди”2.

1941 йил июлда Ўрта Осиё Давлат университети ишчи факультети ўқитувчиси В.П. Васильева халқ душманининг хотини (оташин ўзбек шоири Маҳмуд Ҳодиев (Боту)нинг рафиқаси) сифатида қамоққа олинди. 1941 йил 4 декабрда 8 йилга, 1941 йил 27 декабрда 10 йилга қамоқ жазосига гирифтор қилинди. Унинг 1944 йил 30 июнда ишини қайта кўришларини сўраб, Маринскдаги аёллар лагеридан юборган аризаси жавобсиз қолди. 1951 йилда Валентина Петровна озодликка чиқди1.

1940 йил 5 декабрда Киров тумани партия қўмитаси котиби, республикамизда хотин-қизлар журналининг вужудга келишида ўз ҳиссасини қўшган биринчи журналист аёл Собира Холдорова синфий ҳушёрлигини йўқотган, аксилинқилобий унсур билан алоқа боғлагани учун (бу ерда унинг эри Мўмин Усмонов назарда тутилган. У 1937 йил 20 сентябрда аксилшўровий иш олиб боргани учун қамалган) 5 йил муддатга Ёқутистонга сургун қилинган. 1943 йилдан то 1949 йилгача СССР Олий Совети ва СССР Ички Ишлар Халқ Комиссарлигига бир неча бор ёзган аризалари эътиборсиз, жавобсиз қолиб келди. Ниҳоят, узоқ йиллар давом этган азоб-уқубатлардан сўнг 1956 йил 30 июнда С.Холдорованинг оқлангани ҳақидаги маълумотнома эълон қилинганда у руҳий хаста эди2. Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

40-йилларнинг охирида мустабид совет тузуми бошқача фикрловчи ижодкор ва илмий зиёлиларга, советлар таъбири билан айтганда “буржуа қарашлари ва нуқтаи назарлари қолдиқларига, реакцион буржуа маданиятига танқидий баҳо бермасликка қарши адабиёт ва санъатда марксизм-ленинизмдан чекинишларга қарши” мафкуравий майдонда кураш олиб борди. Мамлакат ижодкор зиёлиларининг кўпгина вакиллари ўз асарларида “ғоясизлик”ни тарғиб қилганликлари, “адабиёт ва санъатни сиёсатдан ажратиб қўйишга уринганликлари” учун, бадиий ижоддаги партиявийлик принципларидан узоқлашганликлари учун қатағонлик сиёсатининг янги тўлқинига дучор этилиб, бадном қилиндилар.

ВКП(б) МҚ директиваларини амалда рўёбга чиқариш жараёнида “миллатчилик”ка қарши кураш ниқоби остида 40-йиллар охири 50-йилларнинг бошларида мустабид тузум ва унинг мафкуравий муассасалари ўзбек халқининг маданий меросига ҳужум қилишни кенг авж олдириб юбордилар, бадиий ва илмий зиёлиларнинг бир қатор вакилларига қарши ваҳшийларча бедодлик қилдилар3.

СССР Олий Совети Президиумининг 1940 йил 26 июндаги қароридан кейин ғоявий-сиёсий жиҳатдан ўз устида ишламаганларни жазолаш янада авжига чиққан.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасининг очилишига бағишланган маросимда сўзлаган нутқида “Зулм ва зўравонликка қурилган мустабид, бешафқат тузум даврида ўзлигини, миллат қадр-қимматини теран англаган, ижтимоий-сиёсий онги юксак, халқни уйғотишга, халқни бошқаришга қодир бўлган, маърифат ва маънавият йўлида фидоийлик кўрсатган барча ақл-заковат соҳибларининг...”4 қанча-қанчалари жисмонан йўқ қилинди. “Мана шулар қаторида сиёсатдан мутлақо узоқ бўлган, минг-минглаб оддий деҳқонлар, ҳунарманд-косиблар, ишчи-хизматчиларнинг бегуноҳ қурбон бўлиб кетгани тасаввурга ҳам сиғмайдиган аянчли бир ҳолдир”5, деб коммунистик партия раҳнамолигидаги мустабид совет тузуми қатағонлик сиёсатининг асл моҳиятини очиб берган эди. Улар орасида оила бекаси, фарзандлар онаси бўлган аёлларнинг ҳам мавжудлиги ниҳоятда ачинарли ҳолат эди.

Миллий истиқлолга эришувимиз натижасида қатағон қурбонларининг номи қайта тикланди. Уларнинг Ватан мустақиллиги, миллий истиқлол йўлида олиб борган курашлари ҳақидаги тарихий ҳақиқат қарор топди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 1999 йил 12 майдаги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 июлдаги “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармони фикримиз далилидир.



Хулоса қилиб айтганда, ўрганилаётган даврда республикада хотин-қизларни маданий-маърифий соҳага, ижтимоий-маънавий ҳаётга жалб қилишда катта ютуқларга эришилди. Хотин-қизларга кўрсатилаётган маданий хизмат даражаси ўсиб борди, маданият муассасаларининг моддий-техника таъминоти маълум даражада яхшиланди.

Бироқ, советлар томонидан коммунистик партиянинг мустамлакачилик сиёсати туфайли барча соҳада бўлгани сингари маданият соҳасида ҳам маъмурий-буйруқбозлик тизими ўрнатилди. Натижада, ижод эркинлиги чеклаб қўйилгани ҳолда, бутун маънавий ҳаёт қаттиқ сиқув остига олинди. Ўзбекистон хотин-қизлари маданияти соф «маданий тараққиёт» йўлидан эмас, балки ҳукмрон совет мафкурасининг маданият соҳасидаги сиёсати йўлидан борди. Миллий манфаатларни тан олмаслик, зўр бериб байналмилаллаштириш, сиёсатлашган совет маданияти ўзбек хотин-қизлари таъсирида «миллий тараққиёт» учун имкон бермади.

Маданиятга доимо партиявийлик ва синфийлик нуқтаи назаридан туриб ёндошилди. Чунки, советлар маданиятга жамият учун сиёсий таъсир ўтказиш воситаси сифатида қараб келди ва шу асосда маданий ривожланишнинг ўзига хос синфий қолиплари шакллантирилди. Ушбу қолиплар асосида яратилган бадиий ва саҳна асарларида жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий муаммолар четлаб ўтилди. Миллий маънавият ва маданий меросга нисбатан ҳукмрон мафкура томонидан камситувчи сиёсат олиб борилди.

Маданиятдаги миллийликни ривожлантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат ижтимоий тараққиётга зарба эканлиги таъкидланса-да, миллий маданият соҳиблари, маҳаллий зиёли аёллар жуда катта йўқотишлар эвазига маънавий қадриятларни ҳимоя қилган ҳолда, миллий-маънавий меросга содиқ қолдилар. Коммунистик мафкуранинг турли пўписа ва таҳдидлари, мустабид совет тузумининг асоссиз тазйиқлари уларнинг иродасини бука олмади.


Х У Л О С А
Совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг хотин-қизларга муносабат масаласидаги мустамлакачилик моҳиятига эга бўлган қарама-қарши характерга эга бўлган зиддиятли сиёсати жамиятнинг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларида 70 йил мобайнида амалга ошириб келинди. Бу жараёнда советлар ҳокимиятининг ғаразли мақсад ва интилишлари ниқобланган тарзда йўналтирилган бўлиб, у қуйидаги ҳолатларда ўз аксини топди:

1. Совет ҳокимияти ва коммунистик партия хотин-қизлар ёрдамида ўз диктатурасини мустаҳкамлашга интилиб, маъмурий-буйруқбозлик бошқарув усули асосида сиёсат олиб борди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон хотин-қизлари коммунистик партия раҳнамолигидаги советлар мустабид тузумининг яккаҳокимлик, маъмурий-буйруқбозлик сиёсати қурбонига айланди. Чунки, мустабид совет тузуми ҳар томонлама мукаммал, етук савияга эга хотин-қизлар совет ҳокимиятининг ниқобланган шаклдаги давлат сиёсатининг мустамлакачилик моҳиятини англаб етишидан чўчигани ҳолда уларнинг тўлақонли ривожланишидан манфаатдор эмас эди. Шунинг учун ҳам “инсон омили”, “ҳар томонлама ривожланган баркамол инсонни тарбиялаш” каби чақириқлар шиорларда қолиб кетди. Марказ томонидан “яхши қарорлар” қабул қилинган бўлса-да, аммо улар тўлиқ бажарилмаслиги учун атайин ноаниқ моддалар киритилганлиги фикримиз далилидир.

2. Совет ҳокимияти коммунистик партиянинг маънавий раҳнамолигида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва касб-кор мартабасини, уларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлашини қўлллаб-қувватлади ҳамда мунтазам рағбатлантириб борди. Давлатнинг ҳомийлик сиёсати натижасида аёлларнинг ҳокимият органларида вакиллик қилишлари кўпайиб борди. Совет тизими аёллар номенклатурасини вужудга келтирди, бироқ у аёлларга нисбатан бўйсунувчи мавжудот сифатидаги анъанавий муносабатни бартараф эта олмади. Совет даврида ўзбек аёли учун тенг ҳуқуқлилик ва ижтимоий меҳнат фаолияти оиладаги анъанавий итоатгўйлик билан уйғунлаштирилди. Аёлнинг дин таъсиридан холи ва мустақилликка бўлган ички интилиши давлат томонидан қўллаб-қувватлангани ҳолда, миллий ва маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш манфаатлари йўлидаги ҳар қандай ҳаракат эса бостириб келинди.

3. Аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллашуви турли тўсиқларга ва муаммоларга дуч келди. Бу қуйидаги ҳолатларда кўзга ташланади:

  • ишлаб чиқаришда иштирок этган аёлларнинг тажрибаси, касбий малакаси йўқлиги учун улар кўпроқ кам ҳақ тўланадиган, қўл меҳнати билан шуғулланишга мажбур эдилар;

  • аёлларнинг оила хўжалигида бажарадиган меҳнати ҳам қисқартирилмади;

  • оила доирасида ўсаётган қиз ва йигит олами, уларнинг бажарадиган вазифасининг турлилиги сақлаб қолинди. Бунда қиз бола аёл зотига мансублиги учун кўпроқ итоаткор, оила хўжалигидаги барча ишни бажаришга мажбур деб тарбияланди;

  • фарзанд тарбияси ҳам аёл зиммасида қолди, албатта;

  • эркаклар тасаввурида аёлларнинг асрлар оша камситилиши анъанасининг яшовчанлиги мавжудлиги сақланиб қолди.

4. Совет ҳокимияти раҳнамолари коммунистик партия манфаатларидан келиб чиқиб, хотин-қизлар меҳнатидан имкони борича турли усуллар, яъни рағбатлантириш ва мажбурлаш орқали фойдаланишга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқди. Хотин-қизларга асосан ишлаб чиқариш воситаси сифатида эътибор берилди. Совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг иқтисодий манфаатларининг амалга ошишига тўсиқ бўлган минтақадаги ишчи кучи етишмаслиги муаммоси хотин-қизлар меҳнатидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш эвазига ҳал килинди. Ҳамда шу йўл билан Ўзбекистоннинг табиий бойликларидан унумли фойдаланишга эришилди. Совет маъмурлари аёлларнинг оиладан ҳам кўра кўпроқ ишлаб чиқаришда бандлигидан манфаатдор бўлгани учун аёлларнинг бутунлай янги авлодини, яъни жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар билан тенг асосда меҳнат қилишга қодир эркаксифат шахслар қилиб тарбиялашни мақсад қилиб қўйган эди. Ўзбек хотин-қизлари табиатан ташаббускор ва интилувчан, меҳнатсевар ва ватанпарвар бўлгани учун ҳам сидқидилдан фидойи меҳнат қилди. Аммо бу фидоийлик сохта Ватан деб аталган собиқ Иттифоқ ҳудуди билан ўлчанди.

5. Мустабид тузумнинг аграр сиёсати туфайли аёллар эркаклар бажарадиган ишнинг 50 фоизини эгаллади. Қишлоқ жойларда яшовчи аёллар жамоа ва давлат хўжаликларидаги ишчи кучининг 80 фоизини ташкил қилди. Улар қишлоқ хўжалик ишларининг барча соҳасида: уруғ тозалашдан тортиб, ер ҳайдаш, экин экиш, унга ишлов бериш ва териб олишгача бўлган барча ишларда қатнашса-да, аёлларни колхозларга жалб қилиш жараёнида уларга маиший хизмат кўрсатишга эътибор қаратилмади. Хотин-қизларнинг жисмоний имкониятларига мос келмаган вазифаларни бажаришга сафарбар қилиниши «катта ютуқ» деб эътироф этилди.

6. Собиқ совет тузуми аёлларга ҳуқуқий тенглик бериш билан бирга уларни эркаклар билан меҳнатда ҳам тенглаштириб қўйди. Аёлларга илм-фан, санъатга кенг йўл очилиши билан бирга эркаклар билан тенг равишда иқтисодиётда иштирок эта бошлади. Пахта далаларида қишни қиш демай, шудгор ишларини, жазирама иссиқда эса, ғўзага ишлов бериш ишларини оғир жисмоний меҳнат асосида бажариш ҳам аёллар зиммасига юклатилди. Улар онгига мафкуравий таъсир кўрсатишнинг турли-туман воситаларини ишлатиб, «Пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори”, “Пахта Ўзбекистоннинг байналмилал бурчи” сингари шиорлар тинимсиз сингдириб борилди.

7. Маҳаллий миллат хотин-қизларини таълим ва илм-фан соҳасига кенг жалб қилинишидан мақсад коммунистик мафкура раҳнамолигидаги совет ҳокимиятининг сиёсатини қўллаб-қувватлашдан иборат хайрихоҳларни тарбиялашга қаратилган эди.

8. Совет ҳокимияти ва коммунистик партия томонидан хотин-қизларга асосан ишлаб чиқариш воситаси сифатида эътибор берилганлиги туфайли маданий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар ҳам шу мақсадга хизмат қилди.

9.Таълим тизимидаги ғоявий-назарий услубий асосларнинг мафкуравий қолиплар тизимида чекланиши мустақил фикрни эмас, балки хотин-қизлар онгига совет мафкурасини сингдириш орқали партиянинг итоаткор ижрочисини, коммунистик ғоя тарғиботчисини тарбиялашга қаратилган эди.

10. Маданиятга доимо партиявийлик ва синфийлик нуқтаи назаридан туриб ёндошилди. Чунки, советлар маданиятга жамият учун сиёсий таъсир ўтказиш воситаси сифатида қараб келди ва шу асосда маданий ривожланишнинг ўзига хос синфий қолиплари шакллантирилди. Ушбу қолиплар асосида яратилган бадиий ва саҳна асарларида жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий муаммолар четлаб ўтилди.

Аёллар фаолиятини оширишда ўзбек халқи тарихан ўзига хос менталитетга эгадир. Ўзбек аёлларига хос бўлган ватанпарварлик, ўз оиласига нисбатан содиқлик руҳияти маънавият мезони даражасига кўтарилган. Шунга кўра, миллий менталитет тизимида аёлларга бўлган эътибор муайян ўрин эгаллайди. Узоқ тарихий даврга назар ташлаганда аёллар фаоллиги жамият маънавиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги фалсафий, тарихий-адабий ва педагогик манбаларда ўз исботини топди. Мустабид совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг ҳукмронлиги йилларида аёллар бир қатор йўқотишлар билан бўлса ҳам, ўзлигини сақлаб қола олганлар. Хотин-қизларнинг ўзига хос шижоат ва меҳнатсеварликлари натижасида маълум даражада муваффақиятларга эришганлар. Халқ хўжалигининг барча соҳаларида ҳалол меҳнат қилганлар. Жамиятда ўз ўринлари борлигини англаган ҳолда фаолият олиб борганлар.

Ушбу хулосалардан келиб чиқиб, республикамизда хотин-қизлар ҳаракатини ривожлантириш, аёлларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш юзасидан қуйидаги таклифлар тавсия этилади:



Биринчидан, сиёсий соҳада –аёлларнинг сиёсий партиялар ва ҳаракатлардаги иштироки орқали кўпроқ давлатни бошқариш соҳасига жалб этиш, сиёсатдаги иштирокини таъминлаш учун амалий учрашувлар, сайловларда овоз беришда қатнашишига, айнан кўпроқ аёлларни сайлашларини тайёрлашга қаратиш зарур.

Иккинчидан, иқтисодий соҳада –тадбиркорликка ва касаначиликни ривожлантиришга хотин-қизларни жалб этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш лозим, имтиёзли кредитлар олишнинг янги тизимларини яратиш зарур.

Учинчидан, маънавий-маърифий соҳада –ҳар бир аёлнинг фаоллигини ошириш, салоҳияти ва талантига яраша ижодий, маърифий ташкилотларга жалб этишни таъминлаш лозим.

Аёлларнинг касб эгаллаши, малака ошириши, билим олиши учун фарзанд тарбиясига кўмаклашувчи мактабгача тарбия муассасаларини кўпайтириш, уларни моддий жиҳатдан ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган даражада таъминлаш, мураббийлар моддий таъминотини юксалтириш мақсадида маошларини ошириш, турли имтиёзлар яратиш;

Аёлларнинг ижтимоий фаоллиги аввало оиладаги муҳит билан боғлиқ эканлигини инобатга олиб, оиладаги соғлом муҳитни таъминлаш учун оилавий муносабатлар маданиятини юксалтириш, оилани мустаҳкамлаш, оилада аёлларга муносабатни мунтазам равишда инсонпарварлаштириб бориш;

Қонунларда аёлларнинг ижтимоий ҳимояси масалаларига кўпроқ эътибор бериш;

Бу борада ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайдиган, ўз-ўзини бошқаришнинг асосий бўғини ҳисобланган маҳаллаларда аёллар фаолиятини янада кенгайтириш;

Аёлларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет