Тўққизинчидан инсон ва табиатнинг (коинотнинг) бирлиги. Бу субъект (инсон) ва объект (ташқи олам) бирлиги тарзида намоён бўлиб, субъектнинг объектсиз ва объектнинг субъектсиз мавжуд бўла олмаслигини ифодалайди. Уларнинг бирлиги борлиқнинг яхлитлигида, узлуксизлигида ва хилмахиллигида намоён бўлади.
Оламнинг бирлигини бир ёқлама абсолютлаштирмаслик керак. У айни пайтда мураккаб ва чексиз хилма-хилликка эгадир. Ҳозирги замон фанлари бундай хилма-хилликларга доимо дуч келади. Ҳар қандай содда жисм мураккаб элементлардан ташкил топгандир. Ҳозирги замон космологиясида биз яшаётган Коинотни чекланган бир шарсимон шаклда тасвирлашади. У бундан 15–20 миллиард йил муқаддам сингуляр ҳолатдан кескин портлаш натижасида кенгайиб бир неча минут ичида пайдо бўлгандир. Сингуляр ҳолат деганда бутун коинот массасининг чексиз кичик фазовий нуқтада мужассамлашуви. Бундай объектнинг борлиги ташқаридаги кузатувчига сезилмайди. Фалсафий тил билан айтсак, сингулярлик – чексиз катта массанинг чексиз кичик нуқтада мужассамлашуви.
Коинотнинг вужудга келишида, унинг сингуляр ҳолатдан чиқишида фазо-вақт кўпиги шиддат билан шиша бошлаган ва бир неча лаҳза ичида ҳозирги Коинот пайдо бўлган.
Бу жараённи айрим космологлар фазо-вақт кўпиклари ичидаги биттасидан бизнинг Коинот пайдо бўлган бўлса, бошқа кўпиклардан ҳам бошқа коинотлар вужудга келган бўлиши керак, деб талқин этишади. Бу фаразга эргашсак, Коинотнинг вужудга келиш пайтида бир қанча коинотлар ансамбли пайдо бўлган, бизнинг Коинот улардан биридир, деган хулоса келиб чиқади. Бу фикр коинотларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги ҳақидаги ғояга йўл очади.
Мавжуд табиий ва ижтимоий фанларнинг асосий вазифаларидан бири ҳам оламнинг бирлиги, яхлитлиги ва хилмахиллигини исботлашга, асослашга қаратилгандир. Бу масала қанчалик муваффақиятли ҳал этилган бўлса, инсониятнинг воқеликни билиш ва унинг асл моҳиятини англаб етиш бўйича эркинлиги шунчалик кенгайган, тараққий этган бўлади.
ХУЛОСА
Борлиқ, унинг моҳияти, таркибий тузилиши, вужудга келиши ва ривожланиши ҳақида ушбу китобда биз аниқлашга эришган имконият доирасидаги билимларга эга бўлдингиз. Бу билимлар ҳозирги замон табиий-илмий фанлари ўртага ташлаган кечаги ва бугунги асосий натижаларга, хулосаларга асосланиб системалаштирилди. Маълумки, оламнинг табиий-илмий манзараси доимо ўзгариб, такомиллашиб боради, айрим хулосалар эскиради, янгилари пайдо бўлади. Биз бу маълумотларни фалсафий жиҳатдан умумлаштиришга, бу билимларни бир-бирига боғлашга ҳаракат қилдик. Аммо, бу билимларни якунланган билимлар сифатида қабул қилмаслик лозим. Оламнинг тузилиши ва ривожланиши узлуксиз жараёндир. Табиий-илмий ва фалсафий фанлар бу жараённи кузатиб, муайян хулосалар чиқариб боради. Эски тасаввурлар инкор этилади, уларнинг ўрнини янги тасаввур ва назариялар эгаллаб боради.
Борлиқ ҳақидаги бу билимлар оламнинг фалсафий ва табиийилмий манзарасини кенгроқ миқёсда англашга сизга ёрдам берса, биз ўз меҳнатимиз беҳуда кетмаганлиги учун ниҳоятда миннатдор бўламиз.
Достарыңызбен бөлісу: |