Онг – имконият бўлса, тафаккур шу имкониятнинг воқеликка айланиши, онгнинг фаолиятидир. Тафаккур фикрлаш жараёнидир, яъни у онгнинг намоён бўлиши. Онг – моҳият, тафаккур – ҳодисадир. Онг инсондан ташқарида мустақил равишда мавжуд бўла олмайди.
Онг шакл жиҳатдан индивидуаль, яъни бир кишига хос ва кишилик жамоасига хос – ижтимоий бўлиши мумкин. Жамиятга хос илмий, ҳуқуқий, ахлоқий, эстетик, диний ғоялар, қарашлар ижтимоий онгнинг кўринишларидир. Лекин ижтимоий онг индивидуал онгсиз мавжуд бўла олмайди.
Онгнинг таркибий элементлари
Онгнинг таркибий элементларига сезги, идрок, тасаввур, фикр, ҳиссиёт, ирода, ўзликни англаш, рефлекциялар киради. Киши воқеликни англашда ушбу психологик жараёнларга таянади. Сезги – оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг айрим хоссаларининг миядаги инъикоси. Кишининг сезги органларига: кўз – ёруғликни сезиш; қулоқ – товуш тебранишларини сезиш; бурун – молекулаларинг ҳидини сезиш; тил – химиявий моддаларнинг таъмини сезиш; тери – иссиқ-совуқни, қаттиқлик-юмшоқликни сезиш. Сезгиларни организмнинг қаерида жойлашганлигига қараб 3 турга ажратишади:
экстрорецепторлар – булар организм сиртида бўлади (кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, туйиш);
интерорецепторлар – танамиз ичидаги сезгилар (жигар, буйрак, ичак ва ўпкадаги бошқа сезгилар);
проприорецепторлар – мускул, пай, бойламларда бўлиб, уларнинг ҳолати ҳақида ахборот беради. Сезгилар асосида ҳиссий билишнинг идрок, тасаввур каби шакллари юзага келади.
Идрок – тирик организмларнинг сезгилар орқали ташқи олам тўғрисидаги олинган маълумотларни комплекс инъикос эттириши. Бундай маълумотларни қабул қилиб қайта ишлаш жараёни. Идрок онгнинг, миянинг ижодий жараёни бўлиб, унинг физиологик асосини сезгилар орқали олинган информацияларнинг бош мия ярим шарлари пўстлоғида анализ ва синтез қилиниши ташкил қилади. Масалан, инсон бир парча оқ тош билан бир бўлак қанд донасини фақат кўриш ёки тери сезгиси билан ажрата олмайди, уларга бошқа сезгини – таъм билиш сезгисини ҳам қўшгандан сўнггина бу нарсаларнинг бир-биридан фарқини яхши ажратади. Идрок жараёнида сезги аъзолари комплекс равишда қатнашади.
Тасаввур – илгари идрок этилган маълумотларнинг онгда қайта эсга олиниши. Муайян нарса ёки ҳодисани улардан четда туриб хотирада тиклаш ҳам тасаввур этишдир. Биз илгари билган мевани, масалан, узумни у олдимизда бўлмаса ҳам тасаввур эта оламиз, чунки бу ҳақда илгари олган тажрибамиз бор. Умуман, узумни кўрмаган, емаган инсон уни тасаввур ҳам эта олмайди. Фараз қилайлик, сиз китобда ёзилган бирор ўзга мамлакатда етиштириладиган ва ўзингиз татиб кўрмаган мевани, олайлик манго мевасини, китобдаги маълумотларга қараб тасаввур этишингиз мумкин, лекин бу тасаввур узуқ-юлуқ, чала тасаввур бўлади, чунки сиз уни том маънода идрок қилмагансиз.
Онгнинг яна бир таркибий элементи фикр юритиш. Фикр – инсон миясида тўпланган билимларни системалаштириш, қайта ишлаш, мулоҳаза қилиш, хулоса чиқариш жараёни, тафаккур жараёнидир.
Достарыңызбен бөлісу: |