Тафаккур – онгнинг фаолият кўрсатиш жараёни. Тафаккур уч хил шаклда намоён бўлиб, у тушунча, ҳукм ва хулосадан иборатдир.
Тушунча – предмет ва ҳодисаларнинг умумий, муҳим белгиларини акс эттирувчи тафаккур шакли бўлиб, у рационал билишнинг асосини ташкил қилади. Шу сабабли тушунчага тафаккурнинг заминида ётувчи муҳим элемент сифатида қаралади.
Ҳукм – предметга маълум бир белгининг (хоссанинг, муносабатнинг) хослиги ёки хос эмаслигини ифодаловчи тафаккур шаклидир. Ҳукм тугал фикр, мулоҳаза сифатида намоён бўлади.
Хулоса деб бир ва ундан ортиқ чин ҳукмлардан маълум қоидалар ёрдамида янги билимларни келтириб чиқариш жараёнини ифодаловчи тафаккур шаклига айтилади.
Онгнинг муҳим таркибий элементларидан бири – ҳиссиётдир. Ҳиссиёт кишининг воқеликка, атрофдаги бошқа одамларга муносабати жараёнида юзага келади. Ҳиссиёт – фақат инсонгагина хос бўлган олий инсоний эхтиёжларнинг қондирилиши ёки қониқмаслиги билан боғлиқ руҳий туйғулардир. Қувонч, қайғу, ғазаб, нафрат, меҳр-муҳаббат, ҳаё, орият, виждон, шодлик, хайрат, ташвиш, рашк ва шу кабилар кишининг ҳис-туйғуси ёки ҳиссиёти ҳисобланади. Ҳиссиёт актив ёки пассив тарзда намоён бўлиши мумкин.
Психоанализ концепциясининг асосчиси немис олими Зигмунд Фрейд (1856–1939) инсон фаолиятидаги онглилик ва онгсизликнинг нисбатини таҳлил этар экан, «инсон ўлчови ва мавжудлигининг энг муҳим омили – онгсизликдир”.1 Агар биз инсон фаолиятидаги онглилик ва онгсизликнинг нисбатини қиёслар эканмиз, кишининг онгли фаолияти океан юзасида сузиб юрган айсбергнинг сув юзасидаги қисмини, онгсизлик эса айсбергнинг сув остидаги катта қисмини ташкил этади.
Ҳақиқатан ҳам инсоннинг асосий ҳаётий фаолиятини, одатлар, кўникмалар, интуитив ва инстинктив хатти-ҳаракатлар ташкил қилади. Фрейд концепциясига кўра инсон психикаси учта қатламдан ташкил топган. Энг қуйида жойлашган қудратли қатлам «У» (id) онгдан ташқарида жойлашган. Бу қатламда асосан, сексуал мазмундаги турли хил биологик майллар, онгдан сиқиб чиқарилган ғоялар жойлашган.
Ундан кейинги унча катта бўлмаган онглилик қатлами – инсоннинг «Мен»и (Ego) жойлашган. Инсон психикасининг юқори қатлами – «Олий – Мен» (Super Ego) бўлиб, бу қатлам жамиятдаги идеаллар ва нормалар, мажбуриятлар ва ахлоқий цензурани ўзида мужассамлаштиради2. З.Фрейд фикрича, инсоннинг «Мен”и ўз уйида ўзига хўжайинлик қила олмайди. Уни бир томондан, онг ости қатламидаги майллар, инстинктлар, иккинчи томондан эса жамиятдаги ахлоқий-маданий меъёрларни сақловчи цензуралар ҳар доим таъқиб қилиб туради. Натижада ҳар тарафлама ҳузур қилиш ва лаззатланиш лозим деган принципга биноан фаолият олиб борувчи «У» (id) инсоннинг («Мен»нинг) фикрига, сезгиларига ва хатти-ҳаракатларига ҳал қилувчи таъсир қилади.
Инсоннинг онгсизлик фаолиятида бузғунчиликка ва тажовузкорликка туғма равишда интилиш бор. «Ўлим инстинкти»га З. Фрейд «Яшаш инстинкти»ни қарама-қарши қўяди. Фрейд фикрича Эрос (юнонларнинг муҳаббат худоси) ва Танатос (ўлим тимсоли) инсоннинг хулқ-атворини белгиловчи иккита қудратли кучдир. Бу ғояни ривожлантириш асосида З.Фрейд инсонни маданиятнинг виртуал душманига айлантириб қўйган ва унинг фикрича инсон, энг аввало, онгсизлик инстинктлари билан бошқарилувчи эротик моҳиятли мавжудотдир.
Бундай концепция шарқ фалсафасида Ибн Сино асарларида «ҳайвоний майллар» ва «инсоний майллар» ўртасидаги зиддият тарзида таҳлил этилган. Инсонда «инсоний майллар» устуворлик қилсагина, у маданийлашади ва «илоҳийликка» яқинлашади. Бунда тарбия, ўзини-ўзи тарбиялаш, имон-эътиқоднинг роли катта деб тушунтиради.
Швейцариялик психолог ва культуролог К. Г. Юнг (1875–1961) З. Фрейднинг концепциясини чуқурроқ таҳлил этиб, «шахсий онгсизлик» ва «коллектив онгсизлик» тушунчаларини фанга киритади. Унинг фикрича «шахсий онгсизлик» қатламида индивидуал тажриба акс этса, янада чуқурроқ қатламда жойлашган «коллектив онгсизликда» ўтган аждодларнинг ҳаётий тажрибаси мужассамлашади. Беморларни гипнотик сеанс воситасида даволашда олимлар инсон онгининг чуқур қатламларида бутун инсоният тарихида кишилар бошидан кечирган тажрибалар ҳақидаги маълумотларга дуч келишди. Айрим беморлар мияга урилган жисмоний таъсир оқибатида ҳушидан кетиб, сўнгра ҳушига келганида бошқа тилларда гапириб юборганлиги ҳақидаги маълумотлар бор. Бу инсон фаолиятига нафақат унинг кундалик тажрибаси, балки ота-боболаридан қолган филогенетик тажрибалар ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тасдиқламоқда.