4.10. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ИШИГА ТЕГИШЛИ МАЪЛУМОТЛАРНИ
ЎРГАНИШ ВА ИШЧИ ФАРАЗИНИ АСОСЛАШ
-
Таянч иборалар ва атамалар: фан, таълим, техника, технология, ишланма, илмий салоҳият, пойдевор, монография, мақола, тезис, рефарат, интернет, кутубхона, илмий анжуманлар, ишчи фараз, мавзу, ўрганилаётган муаммо, асосий мазмуни, мақсади, моҳияти, муаммо ечими, тақлил, тахминлар, илмий фараз, илмий асосланган, тасдиқланган, ИТИ, омиллар, параметрлар, воситалар, замонавий адабиётлар, тафаккур, дунёҳараш, фикр, таълимот, ҳараш, қонуният, фан – техника, педагогик тадқиқотлар, эҳтимолий, бошоратли, фаразий.
Мавзунинг матни: Илмий тадқиқот ишига тегишли маълумотларни ўрганиш ва ишчи фаразни асослаш
Илмий тадқиқот ишиларининг дастлабки босқичи ўзидан олдинги эришилган (фан, таълим, техника ва технология соҳаларидаги ҳамда амалиётда) ютуқ ва камчиликларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш ҳамда ёндош соҳалар маълумотларини ҳам ўрганишдан бошланади. Айниқса, педагогик тадқиқотларда буларга қўшимча равишда муаммо ечимини излашга замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини баҳолашни ҳам талаб қилади. Бу борада тадқиқотчи юқоридаги босқични ўтамаса, ишланган муаммоларни ишлашга тўғри келиб қолиши мумкин ва айрим ҳолларда мавжуд ишланмаларга нисбатан соддароқ (пастроқ даражадаги) ишланмаларга уриниш ҳоллари ҳам учраб қолиши мумкин. Шу сабабли ҳам бу дастлабки босқич илмий тадқиқот ишиларнинг асосий босқичларидан бири бўлиб, унинг самарали бўлиши тадқиқотчининг илмий салоҳиятининг юксаклигига ва устозининг (илмий рақбарининг) кенг қамровли билимга эга бўлишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Демак, бу жараён ҳам ўзига хос мураккабликларга эга, чунки бу босқич орқали илмий тадқиқот ишига «пойдевор» қўйилиши бошланади. Яъни муайян соҳа бўйича эълон қилинган жуда катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш, уларни синфлаб бирор тизимга келтириш ва уларни ахборотга айлантириш лозим бўлади.
илмий тадқиқот ишини олиб боришда мазкур муаммо, асосан икки босқичда олиб борилади. Қуйида биз улар тўғрисида қисқача тўхталамиз.
Биринчи босқич–тадқиқот манбаи ва унга тегишли маълумотларни излаш. Ушбу босқичдаги илмий тадқиқот ишида манбани ўрганиш адабиётларни (монография, мақола, тезис, реферат ва ҳ.к.) излашдан бошланади. Бунда, айниқса, моногорафиялар ва илмий анжуманлар материаллари ўрни беқиёс.
Маълумки, монография тўлиқ библиографик кўрсаткичга эга бўлади ва айни бир муаммо ечимига бағишланган бўлади, шунингдек илмий анжуманлардаги маълумотлар ҳам муайян муаммога (йўналишга) тегишли энг замонавий натижалар бўлади. Шу сабабли ҳам булар орқали тадқиқот қилинадиган муаммога замонавий истиқболли ёндашувларни (замонавий тадқиқот усули билан танишиш) билиш ва асосий адабиётлар билан танишиш имконияти туғилади. Умуман олганда, ушбу босқични қуйидаги кетма-кетликда олиб борилса ижобий самараларни қўлга киритиш мумкин:
-
библиографик кўрсаткичлар бўйича иш юритиш. Уларда муайян муаммога тегишли илмий, илмий-услубий жиҳатдан тайёрланиб, кенг тарқалишига эришилган китоблар, ўқув қўлланмалари, усулабий тавсияномалар ва кўрсатмалар, брашюралар, даврий илмий ва илмий-услубий журналлардаги мақолалар, илмий анжуманлар материаллар (мақолалар, тезислар), диссертациялар, авторефератлар ва шу кабиларга эътибор берилади;
-
фан ва техниканинг муайян муаммога тегишли рефератив журналларини ва информацион варақаларни ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларни ўрганиш;
-
муайян муаммога тегишли журналлардаги маълумотларни мунтазам равишда ўрганиб ва кузатиб бориш;
-
институтлар илмий ишлари бўйича мақолалар тўпламларини ва анъанавий илмий-амалий анжуманлари материалларини мунтазам равишда ўрганиб бориш;
-
«ИНТЕРНЕТ» халқаро тармоғидан муайян муаммо ечимига бағишланган ахборотларни тўплаш ва ўрганиш.
Маълумот манбаларини излаш (кутубхона, илмий анжуманларга қатнашиш, «ИНТЕРНЕТ» тармоғида шуғалланиш, республика ва минтақавий илмий марказлар фаолиятидан ўрганиш, илмий тадқиқот институтларидан фойдаланиш, тадқиқот манбаидаги суҳбат уюштириш, анкета саволларига жавоблар олиш ва ҳ.к.) тадқиқотчининг илмий тадқиқот ишига қандай жалб қилинганлик ҳаракатига боғлиқ ва у илмий фаолиятнинг узвий босқичи бўлиб, салмоқли ўринга эга бўлади.
Иккинчи босқич–йиғиладиган маълумотларни ахборотларга айлантириб, уларни ўрганиш босқичи. Бунда олинадиган ахборот (китобнинг муаллифи, номи, сарлавҳаси, чиққан вақти, нашри, ўқув адабиёти тури ва ҳ.к.) муайян муаммо ечимига мос аниқ тизимга келтирилган бўлмоғи лозим. Замонавий адабиётларда (китобларда) аннотация шартий ҳолда бўлади. Агарда танишилаётган материалларнинг кераклиги аниқ бўлиб қолса, уни яна яхшилаб ўқиб, таҳлил қилиб чиқиш керак. Таҳлил пайтида қуйидаги кетма-кетликка риоя қилинса, яхши бўлади: (Мавзу: ўрганилаётган муаммо)(Асосий мазмуни мақсади- моҳиятимуаммо ечими ва унга боғлиқ кўрсаткичлар ечимлар топишда ишлатиладиган мезонлар, фармонлар қонунлар) (қўйилган муаммонинг изланаётган ечимига мос ишланмалар мавжудлиги) (таҳлил натижаси орқали қаралаётган муаммо ечимига етишга бўлган таъсир баҳоси).
Таҳлил танқидий нуқтаи назардан қаралади ва ўрганилаётган манбага нисбатан ютуқ ҳамда камчиликлар баҳоланади. Шулар асосида ишчи фаразни ифодалаб олиш имконияти туғилади.
Ишчи фараз–кузатилган омилнинг жараённинг ёки ҳодисанинг эҳтимолий, башоратли, фаразий ривожи келтириб чиҳарадиган тадқиқотчи томонидан асослаб айтилган фикр, қараш.
Илмий фаразни шакллантиришда мавжуд билимлар (таҳлил қилинган) чегарасидан чиқадиган янги мазмунли ҳолатлар ифодаланади ва эҳтимолий фаразий ҳолатларда янги ғоялар, қарашлар, таълимотлар олға сурилади. ҳамда улар ассосида янги илмий натижалар пайдо бўлиши режалаштирилади.
Илмий фараз илм-фанни ривожлантиришда ва илм-фан мазмунини бойитишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Илмий фараз дастлаб илмий фикрга асосланган бўлиб, ички ҳис ва сезги билан олға суриладиган шаклда пайдо бўлади, чунки илмий дунёҳараш (тафаккур)сиз фан –техникада ҳеч бир илмий ғоя (фикр, таълимот, қараш, қонуният)ни шакллантириб бўлмайди. Аммо аниқ бир ҳодиса ёки жараён ёки предмет, хуллас манба тўғрисидаги тахмин ёки фикр илмий фараз бўла олмайди. Фақатгина қуйидаги шартларни қониқтира оладиган тахминлар илмий фараз бўла олиши мумкин:
-
таҳлил натижасида шаклланган хулоса тахминларнинг барчасига тескари бўлмаслиги керак;
-
шаклланган хулосанинг рўй бериш эҳтимоллиги асосланган бўлиши керак;
-
шаклланган хулосанинг нечоғлик муаммо ечимига эришишига таъсир кўрсата олишгига эътибор қаратилиб, унга муаммо ечимига етгунга қадар суяна олишга имконият яратилган бўлиши лозим;
-
ишчи фараз тадқиқот манбаига мос муаммо ечимига эришишни таъминламоғи лозим;
-
ишчи фараз илмий тадқиқот ишининг асосий шароитларини, ҳаракатлантирувчи кучини аниқлайди.
Ишчи фараз, илмий тадқиқот ишининг ривожи ва ҳеч бўлмаганда шунга яқин натижани қўлга киритишни ўз зиммасига олади. Аммо буни олға сурилган фараз назарий ва амалий асослангандан кейингина олиш мумкин, яъни илмий тадқиқот иши жараёнида асосланган, тасдиқланган ва ривожланган ишчи фараз илмий назарияга ўсиб ўтади.
Тўлиқ илмий асосланган, тақлилий ишчи фараз кейинги ишларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлади, чунки ҳар қандай илмий тадқиқот ишида назарий ва амалий қисм бўлиб, улар тадқиқот манбаини тасдиқлайдиган аниқ кўрсаткичларга (омилларга, воситаларга, параметрларга) ажратиш имконини беради. Булардан ташқари ишчи фараз илмий тадқиқот ишининг асосий пойдеворларидан бири бўлиб, унинг ёрдамида илмий тадқиқот ишини тўғри бошҳқарладиган дастлабки аналитик ишчи фараз шакллантирилади ва шу асосда муаммо ечими бўйича илмий изланишлар бошлаб юборилади.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
илмий тадқиқот ишида пойдевор деганда нимани тушунасиз?
-
илмий тадқиқот ишига тегишли маълумотларни излаш неча босқичда амалга оширилади?
-
ишчи фараз билан илмий фараз тўғрисидаги умумийлик ва хусусийлик нимадан иборат?
-
ишчи фараз қачон илмий назарияга айланади?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оиб маълумотлар:
-
илмий тадқиқот ишига тегишли маълумотларни ўрганиш қуйидагича икки босқичда олиб борилади:
Биринчи босқич – бунда тадқиқот манбаи ва унга тегишли маълумотларни излаш амалга оширилади;
Иккинчи босқич – бунда йиғиладиган маълумотларни ахборотларга айлантириб, уларни ўрганиш амалга оширилади;
Ишчи фараз – кузатилган омилнинг, жараённинг ёки ҳодисанинг эҳтимолий, башоратли, фаразий ривожи келтириб чиқарадиган тадқиқотчи томонидан асослаб айтилган фикр, қараш;
Илмий фараз – бу аввало илмий фикрга асосланган бўлиб, у ички ҳис ва сезгибилан олға суриладиган шаклда пайдо бўлади, чунки илмий дунёқараш (тафаккур)сиз фан – техникада ҳеч бир илмий ғоя (фикр, таълимот, қараш, қонуният)ни шакллантириб бўлмайди.
-
ишчи фараз, илмий тадқиқот ишининг ривожи ва ҳеч бўлмаганда шунга яқин натижани қўлга киритишни ўз зиммасига олади.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
маълумотларни излаш деганда нимани тушунасиз ва бу жараёнга аниқ бир талаблар қўйилган, деб ўйлайсизми?
-
илмий тадқиқот ишига тегишли маълумотларни излаш ва ўрганишни яна бошқачароқ кетма – кетликда амалга ошириш мумкин-ми?
-
ишчи фаразнинг илмий фаразга ва уларнинг илмий назарияга айланганлиги бўйича илмий қадриятлардан мисол келтиринг.
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
илмий тадқиқот иши олиб боришда тадқиқот объекти туғулишда дастлабки маълумотлар йиғилади ва улар тадқиқотнинг ташкилий – тузилмавий модели асосида тизимларга ажратилади;
-
тизимлаштирилган маълумотлар тадқиқот мақсадига мос қилиб ахборот кўринишига келтирилади;
-
ахборотлар, тадқиқот объекти ва мақсад – вазифалари асосида ишчи фараз ва илмий фараз шакллантирилиб илмий тадқиқот ишининг кейинги босқичи бошланади.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
1. Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Тошкент: «Фан», 2007. – 252 б.
2. Тўрақулов Х.А., Файзиматов Б.Н., Убайдуллаев С., Тўрақулов О.Х., Ҳамидов Ж.А., Техника фанларини ўқитишга янги педагогик технологияларни қўллашнинг илмий – педагогик асослари. – Фарғона: Техника, 2002. – 184 б.
4.11. УМУМИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ОЛИБ БОРИШ
-
Таянч иборалар ва атамалар: умумилмий тадқиқотлар, хусусий илмий тадқиқотлар, илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари, илмий – техник марказлар, илмий тадқиқот институтлари, ҳисоблаш марказлари, махсус лойиҳа – конструкторлик бюролари, объект фундаментал тадқиқотлар, илмий – амалий тадқиқотлар, вақтнинг чегараланганлиги, мақсад – вазифа, таҳлил(анализ), синтез, коррекция (тузатишлар киритиш), барқарорлик, модел, илмий тадқиқот иши, адекватми, идентификацияландими, вазифани ифодалаш, таърифлаш, ечиш, сунъий тафаккур, эксперимент орқали текшириш, ташхис босқичи, шакллантирувчи босқич, якунловчи босқич, ростлашлар, математик аппарат, башорат, билиш системасининг турғунлиги, кибернетика, косманавтика, бионика, эргономика, информатика, глобалистика, сунъий интеллект.
Мавзунинг матни: Умумилмий тадқиқотларни олиб бориш.
Умумилмий тадқиқотлар хусусий илмий тадқиқотлар учун методологик асос бўлиб хизмат қилади.
Умумилмий тадқиқотлар инсон ақлий фаолиятининг маълум (аниқ) мақсадга йўналтирилган ижодий ҳаракатлари мажмуасидан иборат бўлиб, ҳодиса ва нарсалар ўртасидаги алоқадорлик ҳамда тараққиёт қонуниятларини яратишга мўлжалланган ижодкорликдир.
Бундан кўзланган мақсад ҳодиса ёки жараён тўғрисида янги билимга эга бўлиш, уни такомиллаштириш ва улар асосида қўйилган муаммо бўйича янги методология (метод, усул, технология) ва техника яратишдан иборатдир.
Демак, илмий тадқиқот, билимларнинг маълум алгоритмик тизимидан иборат эмас. Шу сабабли ҳам умумилмий тадқиқотлар атроф дунёни билишда кишилар ўз билимларини, илмий дунёқарашини ошириш мақсадидаги ақлий-ижодий фаолияти, деб айтиш мумкин. Чунки улар янги билимларни пайдо қилади. Умумилмий тадқиқотларнинг ривожланиши натижасида илм-фаннинг янги йўналиш ва соҳаларининг (кибернетика, космонавтика, бионика, эргономика, информатика, глобалистика, сунъий интеллект…) ташкил топишини, ҳосил бўлган билимларни маълум қонуният асосида тизимлашда ҳамда улардан билиш фаолиятини такомиллаштиришда намоён бўлишидан сезиш мумкин. Умумилмий тадқиқотлар ҳам махсус илмий ва илмий-педагогик муассасаларда, илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаларида ва илмий-техник марказларда ривожлантирилади. Улар: илмий тадқиқот институтлари; илмий-техникавий марказлар; илмий ишлаб-чиқариш бирлашмалари; махсус йўналишга эга бўлган ҳисоблаш марказлари; олий ўқув юртлари; махсус лойиҳа-конструкторлик бюролари (институтлари), шунингдек илмий лабораторияларда фанимиз фидойилари томонидан олиб борилади.
«Йиғилган илмий билимлар тизими илмий тушунча, гипотеза, қонун, назария, ғояларда йиғилган бўлиб, китоб, журнал ва бошқа оммавий матбуотларда келтирилади ва унда қуйидагилар характерланади:
-натижаларнинг илмий фаолиятлилиги, умуминсониятга таалуқли билимлар йиғиндиси бу ҳаммага бир ва ҳар ким ўзига зарурини ола-олади (ҳамма халқ);
-илмий фикрларнинг текширилган бўлиши ва ҳар бири қайта текширилишга яроқли бўлиши шарт;
-ҳодисалар эҳтимоли билан ўта боғлиқ бўлишлиги, бошқа тадқиқотчи ҳам уни такрорлай оладиган бўлиши шарт;
-билим системасининг турғунлиги» [1].
Энди бевосита умумилмий тадқиқотларни олиб бориш кетма-кетлигига тўхталамиз:
I. ОБЪЕКТ: Бу ҳар қандай илмий тадқиқотда асосий босқич бўлиб, бунда объектни танлаш ва асослаш кўзда тутилади. Объектни танлашда қуйидаги икки ҳолатни ҳисобга олиш керак:
-
тадқиқот объектларининг тадқиқот олиб бориш учун ўрганилиши зарурлиги ва муҳимлиги; объектни ўрганиш зарурлиги кўпроқ фундаментал (илмий-назарий) тадқиқотларга хос ва объектнинг ўрганилиши муҳимлиги эса илмий-амалий (илмий- услубий, илмий-методик ва шу каби) тадқиқотларга хос бўлади.
Фундаментал тадқиқотлар жамият учун (умуминсоният учун) истиқболли йўналишдаги (соҳадаги) кенг қамровли тадқиқот олиб боришга мўлжалланган бўлиб, у илм-фаннинг асосий вазифасини ва халқнинг турмуш даражасини юқори савияга етказишни таъминловчи амалий тадқиқотлар асосидир.
Илмий-амалий тадқиқотлар кўпроқ халқ хўжалигининг муҳим соҳасидаги вазифаларнинг янги поғоналарга кўтаради. Жумладан, таълим-тарбия жараёнининг мазмун-моҳиятини, ўқитиш услубини ва технологиясини янги истиқболли поғонага кўтаради ёки ишлаб чиҳариладиган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш қийматини пасайтиради, мустаҳкамлиги (яроқлилиги)ни кучайтиради, шунингдек фойдаланишга қулайлигини таъминлайди ёки бирор технологик жараён кечишининг оптимал варианти танланади ёки бирор техника ишлаб чиқарилади, ёки ишлаб чиқилган техника такомиллаштирилади ва ҳ.к.
-
вақтнинг чегараланганлиги: ҳар қандай тадқиқотни олиб боришда, унда муаммо қўйилиши ва вазифаларни эътиборга олган ҳолда маълум бир чегараланган муддат бўлиши шарт, акс ҳолда иш режасиз бўлиб, вақтлар ўтиши билан тадқиқиот долзарблиги ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Айниқса, илмий-амалий тадқиқот ишларида, объектни танлашда муҳим аҳамият касб этади ва ҳаттоки тажриба-синов ишларини олиб боришда вақтнинг оптимал чегарасини танлаш тадқиқот самарадорлигини таъминлаш мезони ҳам бўлиб олиши мумкин. Айтайлик педагогик тажриба синов ишлари (ТСИ)ни июль ва август ойларига режалаштирилди. Бу мақсадга мувофиқми? Ёки ғалла экишда олиб бориладиган ТСИни саратонга белгиладик. Бу тўғри йўлми? Демак, объект ва у билан олиб бориладиган илмий тадқиқот иши мазмун-моҳияти ўзаро алоқадорликда олиб борилиши лозим, бири иккинчисисиз фаолият юритилса, самарасиз, вақт меъёрисиз илмий фаолият юзага келиб, уларда илмий янгилик бўлишининг ўзи ҳам алоҳида муаммога айланади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, тадқиқот объектини фақат «предмет»: асбоб-ускуна, мослама, механизм, машина ва шу кабилар кўринишида тушуниш керак эмас, балки у алгоритм, усул, методология, технология, тамойиллар, қонунлар, қоидалар ишлаб чиқариш жараёни ҳам бўлиши мумкин. Фақатгина айрим тадқиқотларда тадқиқот объекти билан предмети устма-уст тушиши мумкин. Улар айрим янги модда, қурилма, асбоб ва ҳ.к.ни ҳосил қилишда учраши мумкин.
II. МАҚСАД-ВАЗИФА: Бунда тадқиқот йўналиши (соҳаси), мавзу танланиб, унинг долзарблиги асосланади ва мақсад ифодаланади. Маълумки, ҳар қандай илмий тадқиқот ишида мақсад аниқ бўлмас экан, ишнинг охирги натижага етиб бориши кафолатланмайди ёки тизимий илмий тадқиқот иши ҳам бўла олмайди. Илмий тадқиқот иши тизимий бўлмадими, ундай ишда самара ҳам бўлмайди.
Демак, мақсад – тадқиқотчи илмий фаолиятда етиб бориши керак бўлган «уфқ»ни белгилайди. Бу «уфқ»қа етиб бориш учун эса мақсадлар кетма-кетлигини белгилаб олиш керак ва улар вазифалар деб аталади.
Тадқиқот вазифаларининг, ҳаттоки, танлаб олинган тадқиқот объектида ажратиб олинадиган сони, амалий жиқатдан чексиздир. Бу чексизлик мақсадлари кетма-кетлигини ифодаланишига қараб ўзгариб бораверади. Демак, ҳар қандай илмий тадқиқотда мавзу долзарблиги, объект, мақсад, вазифа, методология аниқ бўлса, илмий тадқиқот ишини олиб бориш мумкин. Уни умумий кўринишда қуйидагича ифодаласа бўлади (4.11.1-шакл).
-
МАҚСАД ВА Унга мос ВАЗИФАЛАР
|
Х1 ТАДҚИҚОТ Y1
Х2 ОБЪЕКТИ Y2
Хn Yn
4.11.1-шакл. ИТИни юритишнинг умумий кўриниши.
Ушбуни қуйидагича ифодалаш мумкин:
- тадқиқот объекти учун кириш маълумотлар (ахборотлар);
- тадқиқот объекти учун чиқиш маълумотлар (ахборотлар);
- тадқиқот объектига ташқи таъсирлар.
Бундан, тадқиқот объектининг илмий фаолият давомидаги ишини қуйидагича ифодалаш мумкинлиги келиб чиқади:
Бу умумметодологик метод ҳам бўлиб, ҳар қандай илмий тадқиқот иши ушбу қонуният асосида амалга оширилида. Шунинг билан бирга ушбу типдаги тадқиқот ишларини олиб боришда қуйидаги босқичлар муҳим аҳамият касб этади:
1. Таҳлил(анализ): Бу босқичда илмий тадқиқот жараёни учун кириш маълумотлар (ахборотлар, айрим ҳолларда кўрсаткичлар) ва уларни қайта ишловчи илмий тадқиқот ишини олиб бориш фаолияти (қонун, қоида, усул, технология ва ҳ.к.) қоидалари F (объект қурилмаси) берилган бўлади. Бундан мақсад чиқиш натижаларини аниқлашдир. Кўпчилик тадқиқот объектларида таҳлил босқичини бажариш дастлабки ишлардан бири ҳисобланади.
2. Синтез: Ушбу босқичда қонуният (F) ва объектнинг тузилишини аниқлаш ишларини ҳал этади.
3. коррекция (тузатишлар киритиш): Бу босқичда асосан кириш маълумотлари ва уларни қайта ишлаш F қонунияти орқали чиқиш натижаларини ни олиш жараёни фаолият кўрсатади.
4. барҚарорлик: Юқоридаги босқичларни амалга ошириш давомида назорат қилинмайдиган ташқи омиллар (кўрсаткичлар, параметрлар, масалан, ҳарорат, намлик ва ҳ.к.) ўзгармас ҳисобланади ва улар бошқарилмайдиган омиллар деб ҳисобланади. Аммо уларнинг амалиётдаги ўзгариши илмий тадқиқот ишига таъсир кўрсатади, чунки тадқиқот жараёнидаги шарт-шароитлар мазкур ишнинг самарали кечишида муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли ҳам барқарорлик, аниқ (реал) шарт-шароитларда илмий тадқиқотларни бажариш тизимининг ишга яроқлилигини таъминлайди.
III. модел: У табиат ва жамиятдаги объектларда бевосита назарий ва амалий тадқиқотларни олиб боришда илмий тадқиқот ишининг асосини ташкил этиб, жуда мураккаб тадқиқот босқичи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам илм-фан фақатгина объектлар билангина эмас, балки уларнинг моделлари билан тадқиқот ўтказади. Бунда олинган натижалар объектларда текшириб кўрилади, яъни адекватми ёки идентификацияландими деган талабларга жавоб бериш ёки бермаслиги аниқланади.
Бунда модел тушунчасини кенг маънода тушунмоқ керак. Одатда, модел тушунчаси табиий фанларда кўпроқ ишлатилади. Шунинг билан бирга модел тушунчаси бугунги кунда ижтимоий-гуманитар фанларда ҳам, шунингдек, санъатда ҳам кенг тарқалмоқда. Демак, модел тушунчасининг маъноси тадқиқот объектига қараб турлича бўлади.
Умуман олганда, модел-тадқиқот объектини олдиндан танланган мезон, қонун, қоида асосидаги алмаштириш (ўхшаш қилиб ифодалаш, сифатий кўрсаткичларни мавҳум қонуният ўзаро алоқалар асосидаги белгилар мажмуасига алмаштириш) усулидан иборатдир.
Умуман олганда, модел яратиш объектнинг аналитик соддалаштирилган ифодасига ўтиш, яъни объктни маълум бир ахборотли жараён билан алмаштириш ёрдамида ҳосил қилинади. Баъзи ҳолларда объект табиатан ўзи билан бир хил бўлган ёки фақат ўлчамларида фарқ қиладиган модел билан алмаштирилади. Масалан, кичик ўлчамли лаборатория қурилмалари, дарё ёки тўғоннинг ўзининг кичрайтирилган модели, илмий тадқиқот учун белгиланган (режалаштирилган) иншоотлар моделлари ва ҳ.к.
Илмий тадқиқот ишида моделни танлаш ўта муҳим ва мураккаб жараён ҳисобланади, айниқса назарий тадқиқотлар ўтказишда бу яққол сезилади. Буларнинг асосий сабабларидан бири модел объектда қўйилаётган вазифага адекват (объектда акс эттириши керак) бўлиши керак. Бу талаб қўйилган вазифа учун аҳамиятли бўлган объектнинг сифатларини моделда ҳосил қилиш маъносини беради.
Моделар ишлатилиш йўналишига қараб турлича бўлади. Улар: математик модел; физикавий модел; графикавий модел; оғзаки (вербал) модел; ва ҳ.к.
IV. вазифани ифодалаш (таърифлаш): Тадқиқот вазифасини танлаш тадқиқот мақсадини амалга оширишга қаратилган бўлиб, муаммо ечимини охиригача етгунга қадар бўлган илмий-назарий ва илмий-амалий фаолият мажмуаларини ўз ичига олади. Демак, вазифани ифодалаш бу- берилган ва қидирилаётган ўзгарувчилар орасидаги ўзаро боғланишларнинг миқдорий ва сифатий тизимини аниқлашдир.
Бундаги боғланишлар функция, функционал, алгоритм шу кабилар орқали амалга оширилади. Шу сабабли ҳам бу босқичда ўрганилаётган соҳани, объектни чуқур билиш илмий тадқиқот ишининг самарали кечишида муҳим роль ўйнайди.
Достарыңызбен бөлісу: |