4.3. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ТУРЛАРИ
-
Таянч иборалар ва атамалар: илмий тадқиқот, фундаментал тадқиқот, амалий (тадбиқий) тадқиқот, илмий ишланма, назарий, назарий-тажрибавий, тажрибавий, технология, методология, оптимал вариант, лойиқалаш, ўзлаштириш, техника – технология, стандарт, тажрибавий мақорат, ижодий фаолият, малака.
Мавзунинг матни: Илмий тадқиқот турлари
Демак, илмий тадиқиқот, инсоннинг мақсадга мувофиқ ҳолда олиб борилган (бориладиган) ижодий фаолияти (илмий фаолият), илмий тадқиқот предмети ва илмий тадқиқот олиб бориш воситаларини ўз ичига олар экан.
Илмий ходимнинг илмий фаолияти мақсадга мувофиқлиги текширилаётган объекти (илмий тадқиқот предмети) ҳақида янги ва аниқланган билимга эришишда билишнинг конкрет усуллари йиғиндисига таянади ва бунда мос келадиган илмий тадқиқот воситалари (стендлар, ўқув асбоблари, ҳисоблаш техникаси воситаси, ҳаракатдаги моделлар, компьютерли тренажёрлар, касбий компьютерли ўйинлар ва ҳ.к.)дан фойдаланилади.
Илмий тадқиқот предмети энг аввало тадқиқотни билиш учун инсон фаолияти йўналтирилган объектдир (манбадир). Тадқиқот объекти материал дунёнинг ҳар қандай ҳодиса ва жараёни бўлиши мумкин. Тадқиқот предметига объект ҳақидаги мавжуд билимлар ва объектдан ташҳари билимлар ҳам киради.
Илмий тадқиқот бир неча турларга бўлинади. Улар:
1. Фундаментал тадқиқот–бу муайян соқа бўйича билимларни ривожлантириш ва улар асосида аниқ янги билимларни ҳосил қилишдир.
Унинг мақсади табиат ва жамиятнинг янги қонунларини кашф қилиш ҳодиса ва жараёнлар орасидаги алоқадорлик қонуниятларини очиш ҳамда янги назариялар яратиш.
Фундаментал тадқиқотлар илмни ривожланишини ҳамда илм-фаннинг бевосита жамият тараққиётини тезлаштирувчи қудратли кучга эгалигини таъминлайди.
2. Амалий (тадбиқий) тадқиқот–мавжуд ишлаб чиҳариш воситаларини ёки истеъмол предметларини такомиллаштириш ёки янгисини яратиш билан тавсифланади.
Унинг мақсади фундаментал тадқиқотда олинган билимни моддийлаштиришдан иборат. Бунда кўпроқ дедукция тадқиқот усулидан фойдаланилади ва бевосита муайян тадқиқот объекти билан иш кўради. Бу жараён ижтимоий соҳаларда инсон, жамоа, қатлам ва жамият билан иш кўрилса, техника соқасида (ишлаб чиҳариш соҳасида) эса тадқиқот объекти механизм, машина, технология ёки ташкилий стуктура, яъни «Сунъий» табиат билан иш олиб борилади. Тадқиқот ишини амалий йўналтирилганлик ва аниқ мақсадлигига амалий тадқиқотдан хоҳлаган мақсадни олишни катта эҳтимолини беради.
3. Илмий ишланма–бу амалий тадқиқот натижаларини, тажриба моделларини яратишда ва ишлатиб кўришда, ишлаб чиқариш технологиясида, шунингдек, таълим технологияларини яратишда ҳамда мавжуд методологияни ёки техника-тахнологияни мукаммаллаштиришда ва уларни амалий фаолиятда жорий этишдан иборатдир.
Илмий ишланма босқичларига илмий тадқиқот натижасида илмий тадқиқот натижасидан жамият ва давлатнинг бошқа шунга ўхшаш (яқин) соҳаларида ҳам фойдаланиш мумкин бўлишлиги талаб қилиб қўйилади.
Бу қайд этилган илмий тадқиқот турлари шартли бўлиб, бу учаласининг чегаралари ҳаракатчандир, яъни чегара қатъий эмас. Айрим адабиётларда илмий тадқиқот ишларини шунга ўхшаш қуйдагича турларга ҳам бўлинади.
1. Назарий.
2. Назарий – тажрибавий.
3. Тажрибавий.
Фундаментал тадқиқот билан ишлаб чиҳариш ўртасида (амалиёт ўртасида) узвий боғлиқ ҳолатлар мавжуд бўлади. Улар: амалий тадқиқот–илмий ишланмалар–ишланма лойиҳалаш-тиришлар.
Лойиҳалаш ва ўзлаштириш бир пайтнинг ўзида фанга ҳамда техника–технология соҳаларига ҳам киради, чунки бу амалий иш, яъни ижодий фаолиятда мавжуд бўлган билим, кўникма ва малака - қабул қилинган стандарт ва тажрибавий маҳоратларгагина асосланиб қолмасдан, техника, технология ёки ишлаб чиҳаришни такомиллаштириш, соҳалар оптимал ечимларни топиш учун ҳамдир.
Ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо бўйича илмий тадқиқот ишлари қуйидагиларга бўлинади:
-
мақсадга эришиш йўлини ёки яратилиши лозим бўлган технологияни очиб берувчи назарий тажрибавий ишлар;
-
янги яратиладиган технологиянинг тури, кўриниши, шакли, усули, методологиясини яратишга бағишланган ишлар;
-
дастлабки (априор) тажрибалар;
-
технологиянинг оптимал вариантини яратишга бағишланган илмий тадқиқот ишлари;
-
илмий тадқиқотни олиб бориш усулини яратишга бағишланган илмий ишлар.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
илмий тадқиқот иши неча турга бўлинади;
-
фундаментал тадқиқот қандай аниқланади?
-
амалий тадқиқотни нима учун тадбиқий тадқиқот ҳам деб атаймиз?
-
илмий ишланмани қандай аниқлашимиз, айниқса унинг илмийлигини қандай баҳолайсиз?
Мавзу бўйича мустақкам эсда сақлаб ҳолишга оид маълумотлар:
-
фундаментал тадқиқот – бу муайян соҳа бўйича билимларни ривожлантириш ва улар асосида аниқ янги билимларни ҳосил қилишдир;
-
амалий тадқиқот – бу мавжуд ишлаб чиқариш воситаларини ёки истеъмол предметларини такомиллаштириш ёки янгисини яратиш билан тавсифланади;
-
илмий ишланма – бу амалий тадқиқот натижаларини, тажриба моделларини яратишда ва ишлатиб кўришда, ишлаб чиқариш технологиясида, шунингдек, таълим технологияларини яратишда ҳамда мавжуд методологияни ёки техника – технологияни мукаммаллаштиришда ва уларни амалий фаолиятда жорий этишдан иборатдир;
-
айрим адабиётларда илмий тадқиқот ишларини қуйидагича турларга ҳам бўлади: назарий, назарий – тажрибавий, тажрибавий.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
фундаментал тадқиқотнинг мақсади нималардан иборат бўлиши мумкин?
-
амалий тадқиқотнинг мақсади фундаментал тадқиқотнинг мақсадидан нимаси билан фарқ қилади?
-
илмий ишланма кўпроқ фундаментал тадқиқотга тегишлими ёки амалий тадқиқотгами ёки боб – бараварми?
-
илмий тадқиқот ишларини турларга ажратиш шартми, агар шарт бўлса нима учун?
-
ўзингиз шуғулланаётган ижодий ишингиз илмий тадқиқот иши қайси турга киради?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
умуман олганда ижодий фаолиятда албатта мақсадни аниқ қўйиб олиш керак. Бунда илмий раҳбарингиз ёки шу соҳанинг етук мутахассис – олимлари ҳамда шу соҳа бўйича кўп йиллик амалий фаолиятга эга бўлган мутахассислар ҳам муҳим ҳисобланади;
-
илмий тадқиқот ишида кўпинча улар турларининг учаласи ҳам қатнашади ва ҳар доим ҳам уларнинг ушбу жараёндаги улуши бўлади. Шунинг учун ҳам илмий тадқиқот иши баҳолашда уларнинг назорат ва амалий аҳамияти алоҳида қаралади;
-
ҳар доим ҳар қандай ижодкор ўз илмий тадқиқот ишини бажаришнинг оптимал вариантига эга бўлишини ўйлайди. Бунинг учун ИТИ (мавзу)нинг ишланганлик даражаси яхши яхши билишга тўғри келади ва бу орқали ишнинг илмийлиги кафолатланади.
-
илмий тадқиқот ишининг ҳар бир жабҳасига эътибор бериш орқали мукаммал ижодий фаолиятни амалга оширишга эришилади. Бунинг учун илмий тадқиқот иши турларини доимо эътиборга олиш лозим бўлади.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
-
Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Тошкент: Фан, 2007. – 252 б.
-
Тўрақулов Х.А. Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари. – Тошкент Фан, 2006. – 248 б.
4.4. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ УСУЛЛАРИ
-
Таянч иборалар ва атамалар: таҳлил(анализ), синтез, индукция, дедукция, абстракция, формаллаш, ўхшашлик, моделлаштириш, тажриба, тажриба – синов, обьектив ҳодисани, теварак – атроф, Архимед винти, ернинг тортишиш қонуни, биология, иқтисод, физика, информатика, математик формулалар, хусусий фикрлар, йўриқномалар, назария, қонун, қоида, алоқадорлик, хусусий тасдиқ, умумийтасдиқ, омиллар, унверсалликка, борлиқни ўрганиш, муҳит дунё.
Мавзунинг матни: Илмий тадқиқот усуллари
Маълумки, илмий тадқиқот иши кишининг ижодий фаолияти жараёнидан иборат. Шу сабабли ҳам мазкур жараён алгоритмик (маълум кетма-кетликда) тарзда бажарилади ва унга режа ёки лойиқа тузилади, акс ҳолда кутилган натижага эришишга бўлган ҳаракат самарасиз ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларини бартараф қилишда тадқиқот мавзусини тўғри танлаш ва муаммонинг аниқ қўйилиши муҳим роль ўйнайди. Булар тадқиқот усулларини танлашга мустаҳкам асос бўлади. Шу сабабли ҳам тадқиқотчи билишнинг энг умумий усуллари билан таниш бўлиши керак ва бу тадқиқотчига қаратилаётган тадқиқот манбаини (ҳодиса, жараён ёки предмет) ўрганишга ёрдам беради ҳамда шунинг билан бирга тадқиқот манбаини ўраб турган муҳит (дунё) билан алоқадорлик қонуниятларини ҳам ўрганишга имкон яратади. Демак, бу орқали тадқиқотчи борлиқни ўрганишнинг умумий тамойиллари, қонунлари ва қоидалари билан танишган бўлади.
Маълумки, ҳар қайси фан ёки таълим фақат ўзигагина таълуқли бўлган тадқиқот усулларидан фойдаланади ва улар ҳам ўзига хос кенг қамровлиликка (универсалликка) эга бўлади. Бу борада аниқ (конкрет) илмий усулларнинг баъзи бирлари турли фанларда қўлланилиши мумкин. Масалан, математик услуллардан педагогик, ижтимоий, техник, технологик ва шу каби тадқиқотларни олиб боришда кенг фойдаланилади. Қуйида биз кўпроқ ишлатиладиган тадқиқот усуллари ҳақида қисқача тўхталамиз.
Таҳлил– манбани, муаммони, натижани илмий ўрганиш услуби.
Бунда тадқиқот объекти фикран ёки эҳтимолий равишда таркибий қисмларга ажратилади ёки объектга мос белгилар ва кўрсаткичлар ҳамда уларнинг алоқадорлиги ўрганилади. Кўрсаткичлар (омиллар) орасидаги боғланишларни ўрганишдан мақсад тадқиқот объектини ифодаловчи кўрсаткичлар сонини камайтириш ва уларни асосий ва иккинчи даражали кўрсаткичларга бўлиш масаласи бўйича ҳам ўрганилади.
Синтез – объектни (объектларни) бир бутун ҳолда қараб, уни (уларни) акс эттурувчи кўрсаткичларни (параметрларни, омилларни) ўзаро алоқадорлик ҳолатдаги тадқиқот усули.
Одатда, синтез усули таҳлил усулидан кейин, яъни объектни кўрсаткичлар иерархияли таҳлилидан кейин, уларни ўзаро алоқадорлик даражаларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.
Индукция – хусусий тасдиқлардан умумий тасдиқларга ўтиш ҳақидаги тадқиқот усулидир.
Демак, илмий тадқиқот иши давомида хусусий фикрлар, йўриқномалар, кўрсатмалар асосида тадқиқотнинг маълум босқичида ёки охирида умумий кўринишдаги хулосани ҳосил қилади ва у қонуният, қонун, қоида, назария кўринишида ифодаланиши мумкин. Индукция тадқиқот усули табиий ва амалий фанларда кенг тарқалган усул.
Дедукция – умумий тасдиқлардан хусусий тасдиқларга ўтиш усули.
Илмий тадқиқот ишида дедукция тадқиқот усули кўпинча аниқ фанларда ишлатилади. Математика фанларида индукция ва дедукция усулларидан ҳам кўпроқ фойдаланилади ва улар ҳам таҳлил ва синтезга ўхшаб бир-бирини тўлдиради ва текширади. Улардаги жараён кечиши ўзаро тескари ҳолатда бўлади. Ҳаттоки математик индукция методи алоҳида тадқиқот усули сифатида амалиётда кенг қўлланилади.
Абстракция - илмий абстракциялаш усули – бу усул қаралаётган ҳодисанинг (жараён, предметнинг) баъзан жиддий бўлмаган томонини хусусийдан узоқлашишда, яъни эътиборни умумийга жалб қилишда қўлланилади
Назарий илмий тадқиқот жараёнида тадқиқотчи фикран айрим хоссалари, хусусиятлари, алоқалари ва ўзаро боғланишларга таяниб охирида илмий абстракция бўлган илмий тушунча, қонуният ва бошқа умумий қонуний ҳолатларни олади. Улар ҳар қайси фанни ўрганишда ва уни ривожлантиришда фундаментал асос бўлади.
Формаллаш – бу усулда ҳодиса ёки жараён математик белги ва қонунлар асосида формулаларда ифодаланади. Формаллаштириш математик абстракциялашнинг асоси ҳисобланади. У математик формулаларни ундан узоқлашган фанда ҳам қўллаш имконини беради. Бундай ҳолларда математик формулалардаги умумий қонуният сақланиб, қўшимча шарт-шароитлар (умумий ҳоллар) ҳисобга олинади. Масалан, математик аппарат (формулалар)лардан бугунги кунда деярли барча фанлар (тиббиёт, биология, иқтисод, физика, информатика ва ҳ.к.) фойдаланилмоқда.
Умуман олганда техник амалий фанларда назарий ва амалий тадқиқотлар олиб боришда математик усуллар кенг қўлланилади.
Ўхшашлик – бу яхлитликда алоҳида объектнинг баъзи бир белгиси бўйича ўхшашлиги.
Ўхшашлик усулининг асосий тамойили шундан иборатки, ўрганилаётган объектни хоссаларининг ёки уни ифодаловчи кўрсаткичлар табиатининг ўхшашлигидан тадқиқот қилинмаган бошқа белги ҳақида ҳам хулоса чиҳариб олиш имконияти туғилади. Геометриядаги бориб бўлмайдиган нуқтагача бўлган масофани ўлчаш ёки чиқиб бўлмайдиган чўққини ўлчаш муаммолари ечимлари ҳам ўхшашлик тадқиқот усулининг амалдаги натижасидир. Ўхшашлик усулидан моделлаш жараёни кенг фойдаланилади.
Моделлаштириш – объектни тадқиқ қилиш мақсадида, ундаги жараёнлар кечишини ифодоловчи моделларни яратиш.
Тажриба асосий тадқиқотда назарий тадқиқот натижаларининг амалиётдаги исботини қал этишдаги асосий тадқиқот жараёни.
Инсоният пайдо бўлибдики, теварак-атрофни кузатиш бор, таҳлилқилиш бор ва улар асосида якуний фикрга эга бўлиш бор. Шунинг ўзи ҳам тажриба.
Ҳодиса ва жараёнларни ўрганишга мўлжалланган (режалаштирилган, лойиқалаштирилган) кузатиш жараёнидаги тажриба ва билимни аниқ минимуми объектив ҳодисани махсус яратилган шароитда такрорлаш.
Объектив ҳодисани назарий асосланган махсус яратилган шароитда такрорлаш учун (синаш учун) маълум кузатиш ишлари ва билимнинг аниқ бир минимуми (тажриба методикаси ва режаси) йиғилган бўлиши керак ва у кузатиш орқали олиб борилади.
Тажриба-синов ишлари ҳодиса ёки жараённи нафақат пассив кузатишдан иборат, балки унинг қандай кечишига, яъни уни бажаришига онгли-ижодий муносабатда (тадқиқот мақсади ва режасини эътиборга олгин ҳолда) бўлишни талаб этади. Бунда тадқиқотчи саводхонлиги ва ишчанлиги асосий омиллардан ҳисобланади. Бунда унинг хоҳиши билан тадқиқотни сунъий такрорлаши ҳам мумкин.
Тажриба-синов ишлари ёрдамида борлиқ ёки табиатнинг янги қонунларини ёки қонуниятларини ва қаттоки кашфиётларини ҳам очиш мумкин. Бу жараённинг диққатга сазовор томонини яна бир жиқати, у синчковликка ҳам боғлиқ бўлади ва натижада катта-катта илмий, илмий-техникавий ечимларни қўлга киритишга улар асос бўлади. Масалан, Архимед қонунининг пайдо бўлиши, Ернинг тортиш қонуни, гўшт майдалагичнинг пайдо бўлиши (Архимед винти) ва ҳ.к. лар шулар жумласидандир.
Юқоридагиларга эътибор берадиган бўлсак, келтирилган тадқиқот усуллари ҳам амаллар бажаришдаги ўзаро алоқадорлик ва бирликка эга эканлигига ўхшаш хусусиятга эга, яъни таҳлилва синтез, индукция ва дедукция, абсратция ва ўхшашлик, моделлаш ва формаллаш ўзаро диалектик боғланган, аниқ ИТИда улар бир-бирини тўлдирадилар.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
тадқиқот усуллари, деганда нимани тушунасиз ва улар нима учун керак бўлади?
-
билишнинг умумий усуллари қайсилар?
-
таҳлил(анализ) ва синтез усулларининг мазмун – моҳияти ҳамда улар фарқи қандай?
-
индукция ва дедукция тадқиқот усуллари бир – бирига тескарими?
-
абстракциялашнинг илмий тадқиқот ишидаги аҳамияти қандай?
-
формаллаштириш усули ҳар доим ҳам керакми?
-
ўхшашлик ва моделлаштириш тадқиқот усулларидаги умумийликни тавсифлаб беринг;
-
тажриба илмий тадқиқот ишида нима учун керак?
Мавзу бўйича мустақкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
-
таҳлил– манбани, муаммони, натижани илмий ўрганиш услуби:
-
синтез – объектни (объектларни) бир бутун ҳолда қараб, уни (уларни) акс эттирувчи кўрсаткичларни (параметрларни, омилларни) ўзаро алоқадорлик ҳолатдаги тадқиқот усули;
-
индукция – бу хусусий тадқиқлардан умумий тадқиқларга ўтиш ҳақидаги тадқиқот усулидир;
-
дедукция – бу умумий тадқиқдан хусусий тадқиқларга ўтиш услубидир;
-
абстракция – илмий абстракциялаш усули – бу усул қаралаётган ҳодисанинг баъзан жиддий бўлмаган томонини хусусийдан узоқлашишда, яъни эътиборни умумийга жалб қилишда қўлланилади;
-
формаллаш – бу ҳодиса ёки жараёнларни математик белгилар ва қонунлар асосида формулаларда ифодалашдан иборатдир;
-
ўхшашлик – бу яхлитликда алоҳида объектнинг баъзи бир белгиси бўйича ўхшашлигидир;
-
моделлаштириш – бу объектни тадқиқ қилиш мақсадида, ундаги жараёнлар кечишини ифодаловчи моделларни яратиш;
-
тажриба – бу асосий тадқиқотда назарий тадқиқот натижаларининг амалиётдаги исботини ҳал этишдаги асосий тадқиқот жараёнидир.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
илмий тадқиқот ишининг қайси турларида уларнинг қайси усулларидан кўпроқ фойдаланилади?
-
анализ ва синтез, индукция ва дедукция тадқиқот усулларининг умумийлиги ва хусусийлиги ҳақида маълумотнома тайёрланг;
-
модллаш ва ўхшашлик усулларидан қайси илмий тадқиқот ишида фойдаланиш самаралироқ?
-
формаллаш тадқиқот усулининг тажриба тадқиқот усулига таъсири бор, деб ўйлайсизми?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
илмий тадқиқот усулларисиз амалга ошириш фойдасиз, чунки методологик асослари ва олинган натижаларнинг амалий ва назарий аҳамияти бевосита уларга боғлиқ;
-
илмий тадқиқот ишидаги умумий методологик усуллар тадқиқот ишини олиб боришдаги ишончли йўлни таъминлайди.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
1. Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Тошкент Фан, 2007. – 252 б.
2. Тўрақулов Х.А., Ҳамзаев Ҳ.Х., Тўрақулов О.Х. Математика дарсларида инновацион услубларидан фойдаланиш.–Жиззах. 2005.–196 б.
4.5. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ
Таянч иборалар ва атамалар: режалаштириш, назарий, назарий – тажрибавий, тажрибавий, соҳа, тадқиқот методлари, тадқиқот вазифалари, методологик, илмий – назарий, илмий – амалий тадқиқотлар, тадқиқот объекти, доимий маълумотлар, шахсий кузатишлар, тамойиллар, дастлабки хулосалар.
Мавзуни матни: Илмий тадқиқот ишларини режалаштириш
Маълумки, илмий тадқиқот иши асосан назарий, назарий-тажрибавий ва тажрибавий кўрнишларда бўлади ва буларнинг ҳар қайсисининг ўзига хос ва мос мақсад ҳамда вазифалари бўлади.
Илмий тадқиқот ишини самарали йўллар орқали олиб бориш ва кутилган (режалаштирилган) натижага эришишни кафолатлаш учун энг аввало уни тўғри режалаштириб олиш лозим ва унинг қатьий алгоритмик босқичларини белгилаб олиш керак, акс ҳолда илмий тадқиқот ишида кутилган натижага эриша олмай қолиш мумкин (тадқиқот йўналиши ўзгариб кетишига олиб келиши мумкин) ёки кутилган натижага кутилганидан кеч етиб бориш мумкин.
Бу борада олиб борилган изланишларимиз илмий тадқиқот ишларни қуйидаги кетма-кетликда режалаштирсалар мақсадга мувофиқ бўлади:
-
соҳани (йўналишни) аниқлаш ва ундаги ютуқ - камчиликларни ўрганиб чиқиш ҳамда улар асосида танламоқчи бўлган мавзу (муаммо, тадқиқот)нинг долзарблигини асослаш. Тўпланган мавзу бўйича ҳозирги кунгача олиб борилган илмий тадқиқот ишининг қисқача шарҳи берилади;
-
мавзуни танлаш ва ўтказилиши керак бўлган тадқиқот бўйича уни асослаш. Бунда муаммо ечимига етгунча бўлган мақсад ва вазифалар кетма-кетлиги ҳам асосланади ва у илмий тадқиқот ишининг дастлабки босқичидан тажриба – синов ишларини олиб бориб, натижаларни қўлга киритиш ва улардан амалий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар тизимини яратишгача бўлган босқичларни тўлиқ қамраб олмоғи лозим;
-
тадқиқот объектини танлаш. Бу жараён бевосита юқоридаги босқичлар асосида ҳал этилади, чунки тадқиқот мавзуси ва вазифалари, унинг долзарблиги асосида, яъни улар талабларини қондира олишини таҳлил қилингандан кейин тадқиқот объекти танланади. Бу ерда у нафақат танланади, балки, тадқиқот объектининг умумий тавсифи, уни ифодоловчи омиллар, ўзгариш ва аниқланиш соҳлари ҳам таҳлил қилиниб, тадқиқот мақсадига мос чегаравий шароитлар ҳам ҳал қилинади;
-
тадқиқот методларида илмий тадқиқот ишига қўйилган мақсадни эътиборга олган ҳолда муаммо ечимига эришишда лозим бўлган Давлат қужжатлари (меъёрий ҳужжатлар, қонун-қоидалар ва шу кабилар), мазкур соҳанинг ривожланишида фойдаланилган ёки фойдаланиши мўлжалланадиган илмий-методологик асослари ҳамда фан–техника ютуқлари асосида ҳосил бўлган илғор техника ва технологиялар ўз аксини топади. Мазкур мавзу ечимининг методологиясининг чет элдаги ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам қисқача маълумот берилади;
-
ишчи фараз илмий тадқиқот иши режаларини тўғри тузиш ва уни амалга оширишнинг оптимал йўлини топишда унинг роли катта. Ишчи фараз илмий тадқиқот ишининг методологик асослари асосида шакллантирилади ва у ҳам муаммо ечимигача бўлган жараённи ўз ичига олади;
-
муаммонинг илмий янгилигини режалаштириш мавзусининг долзарблигини асослаш давридаёқ бошланади ва ишчи фараз ҳамда тадқиқотнинг методологик асосларини асосида олиб борилади. Бу жараён илмий тадқиқот иши асосий ишланмалари (назарий, назарий-тажрибавий босқичларда) ва улар асосидаги амалий тадқиқот ишлари натижалари бўйича шакллантирилади. Бу босқич тажриба – синов ишларидаги натижаларининг адекватлигини текшириш билан охирига етказилади.
-
тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамияти танланган мавзу бўйича тадқиқотчининг шахсий кузатишлари натижасида тўпланган барча илмий ва амалий далилий маълумотларни мустаҳкамлаш ва тадқиқот мақсади, вазифалари (ечимлари)га мос тизимларга ажратиш илмий тадқиқот иши назарий ва амалий аҳамияти асосланади;
-
мавзуга оид маълумотларни ахборот кўринишига келтириш, бошқа далилий материаллар йиғиш, уларни тизимларга ажратиш (илмий-метологик тадқиқотлар ва илмий-амалий тадқиқотлар учун алоҳида-алоҳида) ва улардан муаммо ечимини топишда фойдаланиш учун қайта тайёрлаш;
-
илмий-назарий (методологик) тадқиқотларни ўтказиш ва уларнинг натижаларининг тадқиқот объекти кечишига адеватлигини текшириш;
-
натижаларни илмий билишнинг таҳлили, синтези, хулосалаш (умумлаштириш) тамойиллари асосида кузатилаётган мақсадга етишни эътиборга олган ҳолда дастлабки хулосаларни чиқариш ва булар асосида илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришга услубий тавсияларни тайёрлаш;
-
тадқиқот ишининг натижаларини тажриба синов иши орқали асослаш. Бунда тажриба синов иши, одатда уч босқичда олиб борилади. Бу ҳақда мазкур қўлланманинг охирида батафсил тўхталамиз.
-
тажриба синов иши натижалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш.
Демак, илмий тадқиқот иши кириш қисмидан, яъни муаммо долзарблигини асослашдан бошланиб, хулоса қисмида охирига етар экан.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
режалаштириш деганда нимани тушунасиз?
-
тадқиқот обектини аниқлаш қандай амалга оширилади?
-
ишчи фаразнинг илмий тадқиқот ишини олиб боришдаги аҳамияти нимада?
-
муаммонинг илмий янгилиги билан унинг режасида қандай боғлиқлик бор?
Мавзу бўйича мустақкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
-
мавзуни танлаш ва ўтказилиши керак бўлган тадқиқот бўйича уни асослаш. Бунда муаммо ечимига етгунга қадар мақсад ва вазифалар кетма – кетлиги ҳам асосланади ва у илмий тадқиқот ишининг дастлабки босқичидан тажриба – синов ишларини олиб бориб, натижаларни қўлга киритиш ва улардан амалий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар тизимини яратишгача бўлган босқичларни тўлиқ қамраб олмоғи лозим;
-
ишчи фараз илмий тадқиқот иши режаларини тўғри тузиш ва уни амалга оширишнинг оптимал йўлини топишда унинг роли катта. Ишчи фараз илмий тадқиқот ишининг методологик асослари асосида шакллантирилади ва у ҳам муаммо ечимигача бўлган жараённи ўз ичига олади;
-
муаммонинг илмий янгилигини асослаш ва режалаштириш мавзунинг долзарблигини асослаш давридаёқ бошланади ва ишчи фараз ҳамда тадқиқотнинг методологик асосларига оид олиб борилади;
-
илмий тадқиқот иши «кириш» қисмидан, яъни муаммо долзарблигини асослашдан бошланиб, «хулоса» қисмида охирига етади.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
илмий тадқиқот ишини режалаштиришда унинг долзарблиги нималарга асосан аниқланади?
-
илмий тадқиқот ишининг методологик асослари ва унга мос давлат меъёрий хужжатларнинг уни режалаштиришда қандай аҳамият касб этади?
-
илмий тадқиқот ишини олиб боришда тадқиқотчининг шахсий кузатувлари деганда нимани тушунасиз? Сиз ўз ижодий фаолиятингиз бўйича «Ғоялар» номли дафтар юритасизми?
-
ижодий фаолиятини режалаштиришдан олинган натижаларнинг адекватлигини қандай текширасиз?
-
режа билан лойиҳа ҳамда хулосаларда қандай уйғунлик бўлиши мумкин?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
илмий тадқиқот ишини олиб боришда давлат ҳужжатларини, мазкур соқанинг ривожланишида фойдаланиладиган ёки фойдаланиши мўлжалланадиган илмий – методологик асослар ҳамда фан – техника ютуқлари эътиборга олиниши лозим;
-
мавзуга оид маълумотларни ахборот кўринишига келтириш ҳам илмий тадқиқот иши ни режалаштиришда ўз аксини топмоғи лозим;
-
илмий – назарий (метологик) тадқиқотларни олмиб боришда уларнинг натижаларини тадқиқот объектига адекватлигини текшириш лозим.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
1. Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. –Тошкент: Фан, 2007. – 252 б.
2. Ғуломов С.С. ва бошқ. Ахборот тизимлари ва технологиялари. – Тошкент Шарқ, 2000. – 592 б.
Достарыңызбен бөлісу: |