2.3. Дунё сиёсий картаси ва хозирги халқаро муносабатлар.
Кейинги 50 йил дунё сиёсий картасида ғоят мураккаб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бойлиги билан ажралиб туради. Иккинчи жахон урушидан сўнг дунё икки йирик системага бўлинди. (капиталистик ва социалистик), кўплаб харбий-сиёсий иттифоқ ва блоклар юзага келди. Бундай энг йирик харбий-сиёсий блоклар Шимолий Атлантика харбий блоки (НАТО) ва СССР бошчилигидаги Варшава шартномасидир. (ОВД). Шунингдек, 50-йилларнинг ўрталаридан бошлаб миллий-озодлик харакати Африка, Осиё ва Лотин Америкасида кучайди ва мустамлакачилик тизими емирилди хамда дунё сиёсий картасида 100 дан ортиқ суверен ёш, ривожланиш йўлига кирган давлатлар юзага келди.
Шунингдек, дунё сиёсий картасида иккинчи жахон урушидан сўнг ўзига хос бош “қайноқ нуқталар” вужудга келди - Яқин Шарқда (Исроил давлатининг 1949 йил ташкил топиши ва Фаластин муаммоси, Хинди-Хитой ярим оролида (Веьтнам, Кампучия), Корея ярим оролида (КХДР ва Корея Республикаси ўртасида), Африка ва Лотин Америкаси худудларидадир. Бу нуқталарда шу худуддаги мамлакатларгина эмас балки кўплаб бошқа мамлакатлар манфаатларининг хам тўқнашуви юз берди.
Дунё сиёсий картасида 80-йилларнинг ўрталаридан бошлаб халқаро муносабатларда йирик давлатлар (собиқ СССР, АҚШ, ГФР, Буюк Британия, Франция, Япония, Италия) ўртасида куч ишлатишдан ўзаро бир-бирини тушуниш ва ўзаро хамкорлик томон юз тўтиш, яъни “совуқ уруш” сиёсати ўз ўрнини халқаро хавфсизлик ва тинчликни сақлаш сиёсатига бўшатиб берганлиги хос.
Дунё сиёсий картасида Германиянинг ягона давлат бўлиб бирлашуви, социалистик тизимнинг ва СССР нинг тарқалиб кетиши, янги мустақил давлатларнинг юзага келиши, Варшава шартномасининг тарқаб кетиши билан НАТО нинг сиёсий иттифоққа айланиши каби ижтимоий-сиёсий жараёнлар катта воқеликка айланди.
Кейинги йилларда халқаро муносабатлар тизимида юзага келган 100 дан ортиқ минтақавий можаролар, келишмовчиликларни сиёсий йўллар билан хал қилишда халқаро хамжамият- БМТ жуда катта рол ўйнамокда. Чунончи, БМТ нинг бевосита ташаббуси билан Марказий Америкада (Никарагуа, Сальвадор), Африканинг жанубида (Намибия ва Ангола), Жануби-Шарқий Осиёдаги (Кампучия) қарама-қаршиликлар сиёсий йўллар билан хал қилинди. Чунки, минтақалардаги миллий-этник, уруғ-аймоқчилик, диний экстремистик гурухлар ўртасидаги ўзаро курашларга халқаро хамжамиятнинг (БМТ доирасида) аралашуви заруриятига айланди. Биргина 1988-1999 йилларда БМТ тинчликни сақлаш мақсадида 30 га яқин операциялар ўтказди.
Айни вақтда, XXI-аср бошларида хам хали ер шарининг турли нуқталарида “қайноқ худуд”лар-Афғонистон, Тожикистон, Чеченистон, Болқон ярим ороли, Яқин Шарк, Хинди-Хитой ярим ороли, Африкада мавжудлиги дунёда халқларнинг хушёрликка ундайди ва ўз куч ва ғайратларини тинчлик максадаларида бирлаштиришни тақозо қилади.
Шундай қилиб, дунё сиёсий картаси даврнинг ўзига хос ойнаси бўлиб халқаро хаётнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва бошқа томонларини ифода этади.
2.4.Ўзбекистон дунё сиёсий картасида.
XX аср охирги ўн йиллигада дунё сиёсий картасида мисли кўрилмаган сиёсий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юз берди. 130 йилдан ортиқ мустамлака азобини тортган ўзбек халқи давлат мустақиллигини қўлга киритди.
1990 йил 24 март куни Республика Олий Кенгашининг биринчи сессияси Ўзбекистонда Президентлик лавозимини таъсис этиш хамда Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни) га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонунни қабул қилди. Ушбу сессияда И.А.Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди. Ўзбекистондаги мустақиллик тарихи мамлакат Президенти И.А.Каримов номи билан боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининнг иккинчи сессияси 1990 йил 20 июнь куни “Мустақиллик Декларацияси”ни қабул қилди. 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон тарихининг янги даври бошланди. Сессияда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш туғрисида” қарор қабул қилинди. Сессия Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини ва озод суверен давлат - Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганлиги тантанали равишда эълон килди.
И.А.Каримов ўзининг асарлари, маъруза ва нутқларида мамлакатимиз ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий алоқаларининг асосий тамойилларини назарий ва амалий жихатдан пухта асослаб берди. Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлни белгилашда жахон тажрибасидан фойдаланилди, мамлакатимиз, халқимиз хусусиятлари ва манфаатлари хисобга олинди. Ташқи сиёсатга тинчлик, барқарорлик, хамкорлик йўли асос қилиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
-
Мафкуравий қарашлардан қатъий назар хамкорлик учун очиқлик, умуминсоний қадриятларга, тинчлик ва хавфсизликни сақлашга содиқлик;
-
давлатларнинг суверен тенглиги ва чегаралари дахлсизлигини хурмат қилиш;
-
бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;
-
низоларни тинч йўл билан хал этиш;
-
куч ишлатмаслик ва куч билан тахдид қилмаслик;
-
инсон хуқуқлари ва эркинликларини хурматлаш;
-
ички миллий қонунлар ва хуқуқий нормаларда халқаро хуқуқнинг умумий эътироф этилган қоидалари ва нормаларнинг устиворлиги;
-
давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоклар тузиш;
-
хамдўстликларга кириш ва улардан ажралиб чиқиш;
-
тажовузкор харбий блоклар ва уюшмаларга кирмаслик;
-
давлатлараро алоқаларда тенг хуқуқлик ва ўзаро манфаатдорлик, давлат миллий манфаатларининг устунлиги;
-
ташқи алоқаларни хам икки томонлама, хам кўп томонлама келишувлар асосида ривожлантириш, бир давлат билан яқинлашиш хисобига бошқаси билан узоқлашмаслик.
Мамлакатимизнинг жахон халқлари тинчлиги ва хавфсизлигига мос бўлиб тушган тинчликсевар ташқи сиёсати, уни жахонда мустақил давлат сифатида тезда тан олинишини таъминлади. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини дунёдаги 165 давлат тан олди, уларнинг 120 таси билан дипломатик, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий алоқалар ўрнатилди. Тошкентда 35 дан ортиқ мамлакатнинг элчихонаси очилди. Булар жумласига АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Хиндистон, Покистон ва бошқаларни киритиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда 88 хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг, 24 хукуматлараро ва 13 та нохукумат ташкилотларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатмокда. Дунёдаги 20 дан ортиқ давлатда - АҚШ, Туркия, Германия, Франция, Хитой, Покистон ва бошқаларда Ўзбекистоннинг элчихоналари ишлаб турибди.
Ўзбекистон жахон хамжамиятига қўшилиш, халқаро ташкилотлар билан хамкорлик қилиш йўлидан бормоқда.
1992 йил 29 январда БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўзининг 737-қарорини овозга қўймасдан қабул килди ва Бош Ассамблеяга Ўзбекистон Республикасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилишни тавсия этди.
1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 46-сессияда Ўзбекистон овозга қўйилмасдан, якдиллик билан маъқўллаш асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилинди.
1992 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов мустақил давлат номидан Европада хавфсизлик ва хамкорлик Ташкилоти (ЕХХТ) нинг хужжатини имзолади.
1992 йил сентябрда Ўзбекистон Парламенти энг кўхна халқаро ташкилотлардан бири - Парламентлараро иттифоқнинг 119-аъзоси бўлди.
1993 йил январда Ўзбекистон Парламенти Европада хавфсизлик ва хамкорлик Ташкилоти (ЕХХТ) Парламент Ассамблеясининг аъзоси бўлди. Бу халқаро ташкилот нафақат Европада балки бутун дунёда давлатлараро муаммоларни жамоа бўлиб хал этишда мухим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон БМТ Низомини, халқаро хуқуқий меъёрларни, давлатлараро муомала қоидаларини, шунингдек, БМТ таркибига кирувчи халқаро ташкилотларнинг талабларига риоя қилишини билдирди. Мамлакатимиз жахон хамжамиятининг тўла тенг хуқуқли аъзоси бўлди.
И.А.Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил сентябрида бўлган 48-сессиясида иштирок этди ва 28 сентябрда нутқ сўзлади. Жахон хамжамияти эътиборини Ўзбекистон Республикаси номидан бир қатор таклифларга қаратди:
-
Ўрта Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва хамкорлик масалалари бўйича Тошкентда БМТ нинг доимий ишловчи семинарини чақириш;
-
БМТ Хавфсизлик Кенгаши хузурида юзага келаётган халқаро можароларни тахлил қилиш ва истиқболини белгилаш бўйича махсус гурух ташкил қилиш;
-
Ўрта Осиё минтақасини ядросиз зона деб эълон қилиш;
-
Ўрта Осиё минтақасида кимёвий ва бактериологик қуролни тарқатмаслик устидан халқаро назорат ўрнатиш;
-
Наркобизнесга карши курашни кучайтириш;
-
Оролни ва Орол бўйини қутқариш;
1993 йил февралда Тошкентда БМТ нинг ваколатхонаси очилди.
Ўзбекистон Республикаси ва БМТ рахбарларининг саъйи-харакатлари натижасида БМТ нинг Тошкентдаги ваколатхонаси мамлакатимизда БМТ нинг Тараққиёт дастури, Қочоқлар бўйича олий қўмита комиссари, жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Ахолини жойлаштириш жамғармаси, Наркотик моддаларни назорат қилиш дастури, Саноат тараққиёти дастури, Болалар жамғармаси сингари ихтисослашган муассасларни ўз таркибига олган холда ишлай бошлади.
Ўзбекистоннинг жахон хамжамияти билан интеграциялашувида БМТ дориасидаги ихтисослашган ташкилотлар билан хамкорлик мухим ахамиятга эга.
1993 йил 29 октябрда ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргохида Ўзбекистонни ЮНЕСКОга аъзоликка қабул қилиш маросими бўлди. Хива ва Бухоро ЮНЕСКОнинг жахон маданий қадриятлар рўйхатига киритилди. Бу рўйхатда 411 та объект бор.
1994 йил декабрда республикамизда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси ташкил этилди, у идоралараро орган бўлиб, таркибига таълим, фан, маданият ва ахборот сохасидаги вазирликлар ва идоралардан 49 киши аъзо бўлди.
ЮНЕСКО Ўрта Осиё тарихини ўрганиш, тиклаш ва оммалаштиришга катта ахамият бермоқда. ЮНЕСКО қарорига биноан Самаркандда Ўрта Осиёни тадқиқ қилиш халқаро институти ташкил этилди.
Хақиқатан хам, Ўзбекистон суверен давлат сифатида халқаро майдонда биринчи қадамларни қўймокда. Дунёдаги мамлакатлар билан муносабатлар тўла ишонч асосида икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришдан иборатдир.
Ўзбекистон БМТ доирасидаги ихтисослашган муассасалар - Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг болалар фонди, Халқаро почта иттифоқи, Электр алоқаси бўйича халқаро иттифоқ, Жахон метереология ташкилоти, Халқаро Олимпиада қўмитаси, Халқаро автомобилчилар иттифоқи ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси бўлди, улар билан хамкорлик қилмокда.
Ўзбекистонда иқтисодий ислохотларни амалга оширишга, жахон хамжамияти билан интеграциялашувига халқаро молиявий, иқтисодий ташкилотлар - Халқаро валюта фонди, Жахон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки хам кўмаклашмоқда. Халқаро савдо маркази (ЮНЕКТАД), тарифлар ва савдо Бош битими (ГАТТ) билан хамкорлик қилинмоқда.
Ўзбекистон 1992 йил 26 февралда Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти - ЕХХТ га аъзо бўлди. И.Каримовнинг 1992 йил 9-10 июлда бўлган Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг мажлисида иштирок этиши, нутқ сўзлаши ва Кенгашнинг 10 июлда бўлган мажлисида раислик қилиши Ўзбекистоннинг жахон хамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганлигининг ёркин далилидир. И.Каримов ўз нуткида у ёки бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликни бузиши мумкин бўлган можаролар яқинлашувининг олдини олиш, можароларга йўл қўймаслик муаммолари билан шуғулланувчи механизмни вужудга келтириш, ташкилот қабул қилаётган хужжатларнинг таъсирчанлигини ошириш, , хужжатлар можароларнинг олдини олиш, йўл қўймаслик рухида бўлишини таъминлаш таклифларини илгари сурди.
ЕХХТ Тошкентда ва Урганчда атроф-мухитни қайта соғломлаштириш бўйича семинарлар ўтказди. Орол муаммосини хал қилишга кўмаклашмоқда. 1995 йил июлда Тошкентда ЕХХТнинг алоқалар бўйича минтақавий бюроси очилди ва фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон кўпгина минтақавий ташкилотлар, чунончи Европа Иттифоқи, НАТО, ЭКО, Ислом конференцияси ташкилоти, Қўшилмаслик харакати ва бошқалар билан самарали хамкорлик қилмоқда.
1996 йил июль ойида Флоренция шахрида Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида шерикчилик ва хамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.
Бу хужжат Ўзбекистон, Европа Иттифоки ва унга аъзо бўлган мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг хуқуқий негизи бўлиб, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқалар учун кенг имкониятлар очди.
Ўзбекистон билан Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотлари - НАТО ўртасида ўзаро тушуниш ва хамкорлик мавжуд. 1995 йил июль ойида Ўзбекистон НАТОнинг “ТИНЧЛИК ЙЎЛИДА ХАМКОРЛИК” дастурига қўшилди. “Тинчлик йўлида хамкорлик” дастури томонидан 1995 йилда АҚШда, 1997 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтказилган харбий машқларда Ўзбекистон харбий қисмларининг иштироки зобит ва аскарларнинг харбий техник тайёргарлигини янада кўтаришга хизмат қилди.
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида сайёрамиз озон қатламини мухофаза қилиш бўйича Вена Конвенциясига, озон қатламини камайтирадиган моддалар хақидаги Монреал Протоколига, атроф-мухитга таъсир этувчи воситаларни харбий ёки бошқа душманлик мақсадида қўллашни таъқиқловчи конвенцияга, Ядро қуролини тарқатмаслик хақида шартномага қўшилди.
Ўзбекистон тарихан қисқа бир даврда жахон хамжамиятига қўшилди, халқаро ва минтақавий муаммоларни хал қилишда, умумий ва минтақавий хавфсизликни мустахкамлашда фаол қатнашаётган нуфузли давлат даражасига кўтарилди. (Янги Ўзбекистоннинг 7 зафарли йили. - Т.: “Шарқ”, 1999)
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устивор йўналишлари қуйидагилардир:
-
Мустақил давлатлар Хамдўстлиги ва Болтиқ бўйи мамлакатлари билан бевосита ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустахкамлаш;
-
Мустақил Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон билан дўстона, қардошлик муносабатларини мустахкамлаш, улар билан қалин ижтимоий-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш ва янада ривожлантириш, илмий ва маданий хамкорликни кенгайтириш;
-
Ислом давлатлари билан савдо-сотиқ, туризм ва бошқа алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, Хитой ва Хиндистон каби буюк давлатлар билан самарали алоқаларни кенгайтириш;
-
Жануби-Шарқий Осиёдаги янги индустриал мамлакатлар билан тенг хуқуқли муносабатларни йўлга қўйиш асосида уларнинг сармояларини саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт тизими, инфратузилмаларига, илм-фанга жалб қилиш;
-
АҚШ, Ғарбий Европадаги иқтисодий ривожланган мамлакатлар - ГФР, Буюк Британия, Франция, Италия, Дания, Швейцария, Финляндия, Норвегия, Испания, Португалия, Греция ва бошқа давлатлар билан тенг хуқуқли ўзаро хамкорликнинг янги имкониятларини ишга солиш, уларнинг замонавий технологиялари, инвестицияларини саноатнинг етакчи сохаларига жалб қилиш, банк-молия тизими, мутахассислар тайёрлаш, ахборот тармоқларини йўлга қўйиш, жахоннинг етакчи биржалари билан алоқа ўрнатиш, хорижий қонунчилик тажрибаларини ўрганиш;
-
Шарқий Европа давлатлари билан шаклланган алоқаларни мустахкамлаш, улар томонидан технологик асбоб-ускуналар ва эхтиёт қисмлар, дори-дармонлар, озиқ-овқатлар ва бошқа товарлар етказиб беришдан Ўзбекистон қанчалик манфаатдор бўлса, пахта толаси ва бошқа ресурсларимиз бу мамлакатлар иқтисодиёти учун мухим ахамиятга эгадир.
Кўриниб турибдики, хақиқатдан хам ХХ аср охирида мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Дунё харитасида жахон хамжамияти томонидан тан олинган янги давлат - Ўзбекистон Республикаси” пайдо бўлди.6
Такрорлаш учун саволлар.
Сиёсий карта нимани ифода этади?
Дунё сиёсий картасининг шаклланиш босқичларини таърифланг?
Қандай тамойиллар бўйича БМТ дунё мамлакатларини гурухлаштиради?
Дунё мамлакатларини сиёсий, иқтисодий ва географик холатлари бўйича гурухлаштиринг?
XX аср охири XXI аср бошларидаги халқаро муносабатларга таъриф беринг?
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон дунё сиёсий картасида қандай ўрин тутмоқда?
3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КУЧЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ ВА ОМИЛЛАРИ
3.1. Иқтисодий тамойиллар, қонун ва қонуниятлар хақида тушунча. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг дастлабки тамойиллари. Бозор иқтисодиётига ўтиш ва бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш кучларини оқилона ривожлантириш ва жойлаштириш мухим илмий хулосаларга таянган холда давлатнинг амалга ошираётган иқтисодий сиёсатининг асосини ташкил қилади. Чунки, мавжуд шароитдаги ижтимоий-иқтисодий жарёнларни чуқур илмий тахлил қилиш негизида, унинг объектив қонуниятларини ўрганиш ва аниқ хулосалар чиқариш мумкин. Ишлаб чиқариш кучларини худудий ташкил қилишни такомиллаштириш негизида самарали, барқарор ривожланиб борувчи ишлаб чиқариш тизимини юзага келтириш том маънода табиат ва жамият қонун ва қонуниятларининг англашни, уларни чуқур тахлил асосида илмий ишланмалар ишлаб чиқиш хамда амалиётга қўллашни тақозо қилади.
Ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ва жойлаштиршнинг асосий тамойиллари:
ишлаб чиқариш тизимларини хом-ашё манбаалари, ёкилғи ва энерго ресурслар, истеъмол минтақаларига яқин жойлаштириш;
ғоят юқори самарали бўлган табиий ресурсларни ўзлаштириш ва мажмуали фойдаланиш тизимини барпо қилиш;
мамлакат ва минтақаларда экологик холатни соғломлаштириш, атроф-мухитни мухофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, табиатдан фойдаланишнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш;
халқаро коммуникация тизимларини ривожлантириш ва қулай геостратегик мавқеидан самарали фойдаланиш асосида халқаро мехнат тақсимотидаги иштирокини чуқурлаштириб, кенгайтириб бориш яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш;
йирик шахарларнинг хаддан ташқари ривожланишини тартибга солиш, кичик ва ўрта шахарларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини тезлаштириш, минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидаги табақаланиш жараёнини бошқариш, иқтисодиёт тармоқлари дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбик этишдан иборат.
Қонун-табиат ва жамиятдаги вокеа ва ходисаларнинг (ўзаро алоқадорлигини) барқарор такрорланиб турувчи сабаб-оқибат боғланишларини ифодаласа, қонуният вокеа ва ходисаларнинг кетма-кетлигининг барқарорли-
гини ва қонунлар мажмуасининиг ўзаро уйғунлигини ифодалайди.
-
Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг дастлабки тамойиллари. Ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш асосида юқори фойда берувчи самарали ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш тўғрисидаги ғоялар ўзининг узок тарихига эга. Саноатлашган ишлаб чиқариш усулининг қарор топиши билан “штандорт” жойлаштириш тўғрисидаги таълимотлар хам юзага келди. “штандорт” сўзи немисча бўлиб, луғавий маъноси “жойлашиш” деган маънони билдиради. И.Тюнен., А.Вебер, Т.Паландер, А.Леш ва бошқаларнинг саноатлашган ишлаб чиқариш тизимига бағишланган асарлари юзага келиши билан “штандорт” сўзи янги мазмунни ифода этди хамда ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш тўғрисидаги таълимотга айланди.
Дастлабки “штандорт” назарияси қишлоқ хўжалиги “штандорти” бўлиб, бу таълимот 1826 йилда чиққан И.Тюненнинг “Алохида давлат унинг қишлоқ хўжалиги ва миллий иқтисодиётга муносабати” номли китобида ёритилади. И.Тюнен қишлоқ хўжалигини уч омил бўйича тадқиқ қилади бу омиллар:
1. Ишлаб чиқариш сарфлари (ишлаб чиқариш харажатлари);
Тупроқ унумдорлиги (тупроқнинг табиий унумдорлиги) ва ўсимликлар хусусияти;
3. Бозор нархларига нисбатан транспорт харажат
лари;
И.Тюнен бозор марказига нисбатан қишлоқ хўжалигининг жойлаштирилиши қонуниятини шу бозорга нисбатан ихтисослашган минтақалардан (доиралардан) иборат бўлиши лозим деб хисоблайди.
Хар бир қишлоқ хўжалиги экини бозорга нисбатан шундай жойлашиши керакки, бунда у мулк эгасига энг юқори фойда бериши лозим. Шунингдек, И.Тюнен биринчи бўлиб ишлаб чиқаришнинг жойлашишини асослашда математик хисоб-китобларни қўллайди.
1909 йил немис иқтисодчиси ва иқтисодий-географи А.Вебернинг “Саноат штандорти назарияси” номли китоби босмадан чикди.
Бу китоб 1926 йил “Саноатни жойлаштириш назарияси” номи билан рус тилига таржима килинади. А.Вебер фикрича саноатни жойлаштириш учта омил билан ёки йўналиш (ориентация) билан характерланади.
Бу омиллар:
1. Транспорт йўналиши - яъни мулкдорлар ўз корхоналарини транспорт харажатлари энг оз бўлган ахоли қўрғонларида кўришга интиладилар.
2. Ишчи йўналиши - яъни мулкдорлар ўз корхоналарини энг арзон ишчи кучи мавжуд ахоли қўрғонларида қуришга интиладилар.
3. Агломерация - яъни мулкдорлар ўз корхоналарини бошқа саноат корхоналари тўпланган худудларда кўришга харакат қиладилар ва бу билан транспорт йўллари, энергетика хўжалиги, коммунал хўжалиги (ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфраструктураси тизими) барпо қилишга бўлган харажатларини кискартиришга харакат қиладилар.
А.Вебер таълимоти О.Энглендер ва швед иқтисодий-географи Т.Паландер, В.Кристаллер томонидан ХХ-асрнинг 20-30 йилларида янада ривожлантирилди. В.Кристаллер томонидан “Марказий жой” назарияси ишлаб чиқилади у ахоли қўрғонларининг жойлашишини асослайди. Унинг фикрича марказий жойнинг (қўрғон) шаклланиши ахолининг ишлаб чиқариш фаолиятини бошқаришда катта роль ўйнайди. Хар бир ахоли қўрғони ўзининг марказида 6 бурчакдан иборат бозор зонасига эга бўлиши лозим.
Штандорт назарияси ривожланишига немис иқтисодий географи А.Леш катта хисса қўшди. Унинг асосий “Хўжаликнинг географик жойлашиши” номли китоби 1959 йилда рус тилида Москвада босиб чиқарилди. А.Леш монопол фойда, демпинг, солиқ тизими, давлат чегараси, халқаро савдо, техник прогресс ва бошқа тушунчаларни мохиятини очиб беради. Унинг концепциясига кўра янги корхоналарни жойлаштиришда юқори фойда олишни кўзлаган тадбиркорлар билан бутун иқтисодиёт (мамлакат миллий иқтисоди - О.А) манфаатлари ўртасида кураш кетади. Шунингдек, А.Леш иқтисодий районларга алохида эътибор беради ва район хосил қилувчи асосий омил ишлаб чиқариш тизими эмас, балки товарларни бозорда сотиш асосий ўрин тутади деб хисоблайди. А.Леш иқтисодий районларни учта типга ажратади. 1) Оддий районлар зонаси; 2) Районлар тури ёки товарни сотиш зоналари йиғиндиси; 3) Районлар тизими, бу шажарада энг юқори ва мураккаб тип бўлиб, А.Леш фикрича “Иқтисодий ландшафт” - бозор тизими ёки бош шахарнинг иқтисодий таъсир доирасидир. Умуман, юқоридаги таълимотлар бозор муносабатлари хукмрон шароитда юқори фойда олишни кўзлаган самарали ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантиришнинг назарий жихатдан асослашга қаратилгандир.
Россияда “штандорт” назариясининг ашаддий тарафдорлари проф. А.Рибников ва проф А.Чаяновлардир. Аммо, бундай ғоя ва қарашлар жуда катта қаршиликка дуч келди ва социалистик қурилиш йилларида тўла инкор этилди.
Кейинрок “штандорт” назариясининг бир қатор йўналишлари чунончи В.Бунгенинг “марказий жой” М.Скарлетнинг “жойлашишнинг уч типи”, Француз иқтисодчиси Ф.Перрунинг “ривожланиш қутби” ва ривожланиш марказлари”, шунингдек, “янги ғоялар” (диффузии нововведений-янгилик киритиш) юзага келди.
ХХ аср 50-йилларининг ўрталаридан бошланган илмий-техника инқилоби ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш, худудий ташкил қилишни такомиллаштиришнинг “классик” назарияларига бир қатор “тузатишлар” киритди. Бундай тузатишлар: а) саноатнинг ўта янги тармоқлари аввало илмий тадқиқот ва лойихалаш-тажриба ишлари билан чамбарчас боғлиқ “илмталаб” сохаларнинг гуркираб ривожланиши; б) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг саноат асосларига кўчиши - агросаноат мажмуасининг (агробизнес) шаклланиши; в) инфраструктура сохаларининг миллий даромаддаги хиссасининг барқарор ортиб бориши; г) ишлаб чиқариш тизимини тобора транспорт-географик ўринга ва хом-ашёга боғлиқлигининг қискариб бориш жараёни; д) илмий-тадқиқот ишлари ва лойихалаш-тажриба марказлари ролининг ортиб бориши; ж) юқори малакали мехнат хиссасининг тобора кенг роль ўйнаши; з) ижтимоий-экологик омиллар - ишлаб чиқариш кучларини ривожланиши ва жойлашишида сезиларли ўзгаришларни юзага келтирмокда. Чунончи, 70-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ишлаб чиқариш тизимидаги ўзгаришлар кенг суръатда “марказдан қочма” йўналиши (бир мамлакат ва жахон хўжалиги доирасида) ва сохил бўйига тўпланиш негизида порт-саноат ишлаб чиқариш мажмуаларининг юзага келиши ва халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида катта ўрин тутиши билан боғлиқ.
Натижада “жойлаштириш” назариясида Д.Ж.Гелбрейтнинг “индустриал жамият”, У.Изарднинг “жойлаштиришнинг бозор назарияси” каби янги йўналишлар ривожланмокда.
3.2. Худудий мехнат тақсимоти - ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг илмий асосий сифатида. Худудий мехнат тақсимоти жамият тараққиётида мехнат фаолиятининг сифат жихатидан табақаланиш жараёнини ифодалайди ва ишлаб чиқариш кучлари ривожланишига кучли туртки беради. Мехнат тақсимоти мохиятига кўра иккига бўлинади, яъни а) бутун жамият миқёсида ва б) ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг турли шаклларидаги ички мехнат тақсимотидир. Мехнат тақсимотининг бу икки тури ўзаро алоқадорликда бўлиб, бир-бири билан чамбарчас боғланган.
Худудий мехнат тақсимоти - ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштиришнинг асосидир. Айни вақтда худудий мехнат тақсимоти иқтисодий районларининг шаклланиши билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий жараёндир. Шунинг учун хам худудий мехнат тақсимоти районларнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий шароитлари билан чамбарчас боғлиқ, хўжалик иктисослашувининг самарали йўналишларини ифодалайди. Бундай хўжалик ихтисослашуви худдудаги энг қулай ва самарали бўлган алохида махсулотларни етиштиришга (дехқончиликда-боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик каби махсулотлар ёки чорвачиликда - сут, гўшт, жун, тухум, парранда гўшти етиштириш, саноатда - металлургия, машинасозлик, химия, енгил ва озиқ-овқат тармоқлари махсулотлари етказиб бериш ва курорт хўжалиги ва бошқалар) хатто ана шу махсулотларнинг бир тури ёки қишлоқ хўжалик экинларининг бир навини, маълум детални ёки унинг бир қисмини ишлаб чиқаришга ихтисослашув билан боғлиқдир.
Ана шундай хўжалик ихтисослашуви алохида шаклланадиган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар - географик мехнат тақсимоти ёки унинг синоними худудий мехнат тақсимоти деб юритилади. Худудий мехнат тақсимоти жуда мураккаб тушунча бўлиб, хўжалик жихатидан турлича ихтисослашув даражасидаги худудлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар тизимини ифодалайди. Бундай иқтисодий алоқалар район, мамлакат, жахон микёсида минерал хом-ашё, хилма-хил товарлар алмашувидан иборат ўзаро фойдали бўлган жараёндир.
Н.Н.Баранский худудий мехнат тақсимоти тушунчасини “...... жуда мухим тушунча, туғрироғи тармоқларни хам, иқтисодий районларни хам ўзаро боғлаб турувчи тушунчалар тизими”7 дан иборат деб хисоблайди.
Худудий мехнат тақсимотининг моддий элементлари районлар ва мамлакатлар, шахарлар ва шахар агломерациялари, саноатлашган минтақа, марказ, тугун ва район, қишлоқ хўжалик минтақалари ва районлари, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг хилма-хил шакллари, сихат-саломатлик ва дам олиш мажмуаларидан иборат.
Худудий мехнат тақсимоти мохиятига кўра-жамият микёсида тармоқ ва тармоқлараро хамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш шаклларидаги (ичидаги) мехнат тақсимотига бўлинади.
Ижтимоий мехнат тақсимоти ишлаб чиқариш кучларининг “вақт” мобайнидаги тараққиёт босқичларини ифодалайди. Жамият тараққиётининг муайяни босқичида (неолит даврида) чорвачиликдан дехқончиликнинг ажралиб чиқиши, кейинрок хунармандчиликнинг ажралиб чиқиши билан мехнат тақсимоти ижтимоийлашиб, сифат жихатидан ривожланиб борди. Хунармандчиликнинг ривожланиши, савдо-сотиғнинг ўсиши билан ишлаб чиқаришнинг табақаланиши жараёни кучайди ва бугунги мураккаб ижтимоий-худудий мехнат тақсимотининг шаклланишига олиб келди.
Ишлаб чиқаришнинг тармоқ мехнат тақсимоти иқтисодиётининг йирик тармоқларига, чунончи, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфраструктурадаги бўлинишни ифодалайди. Тармоқлараро мехнат тақсимоти ишлаб чиқаришнинг таркибан мураккаблашиб бориш жараёнидир, чунончи, саноатда ундирувчи ва ишлов берувчи саноат тармоқлари, булар хам ўз навбатида ёкилғи-энергетика, металлургия, машинасозлик, химия, енгил ва озиқ-овқат саноатига, қишлоқ хўжалиги - дехқончилик ва чорвачиликга, транспорт эса қуруқлик, сув ва хаво транспорт тармоқларига, инфраструктура эса ғоят табақалашган ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларига бўлинишидир.
Монополиялар, концернлар, ассоциациялар, корхоналар, жамоа хўжаликлари, фирмалар ва бошқалар ишлаб чиқаришнинг хилма-хил шаклларидаги мехнат тақсимоти - махаллий ёки локал мехнат тақсимотидир.
Бир мамлакат доирасида ривожланадиган, мамлакатнинг табиий, иқтисодий-ижтимоий имкониятларидан келиб чиққан иқтисодиёт сохаларининг ихтисослашув жараёни мамлакат мехнат тақсимоти дейилади. Бундай мехнат тақсимотида мамлакатнинг турли қисмлари ишлаб чиқаришнинг бир ёки бир неча сохаларига ихтисослашади. Чунончи, собиқ иттифок шароитида 15 та иттифокдаош Республикалар иқтисодиётининг ихтисослашувидан таркиб топган Бутун иттифоқ мехнат тақсимоти шаклланган эди. Бутун иттифоқ мехнат тақсимоти доирасида Марказий, Шимоли-Ғарбий, Урал, Донецк-Днепр бўйи иқтисодий районлари ишлаб чиқариш кучлари ривожланган, саноатлашган районлар хисобланса, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикаларидан иборат Ўрта Осиё иқтисодий райони минерал хом-ашё ва қишлоқ хўжалик махсулотлари (пахта, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик) етказиб беришга ихтисослашганлиги билан ажралиб турган.
Ўзбекистон мехнат тақсимотида Тошкент, Зарафшон ва Фарғона иқтисодий районларининг ишлаб чиқариш кучлари бир мунча ривожланган, саноати тараққий этган, айни вақтда қишлоқ хўжалиги районлари - Сурхондарё, Кашқадарё, Бухоро-Қизилкум, Мирзачўл иқтисодий районлари эса табиий ресурслар жадал ўзлаштирилаётганлиги, қишлоқ хўжалигини истиқболда ривожлантириш имкониятлари ғоят катта эканлиги билан ажралиб турган.
Минтақалараро ёки минтақавий мехнат тақсимоти табиий-географик жихатдан яхлит худудлардаги икки ва ундан ортиқ мамлакатлар гурухи ўртасида шаклланган ишлаб чиқариш ихтисослашувини ифодалайди. Жумладан, Ғарбий Европа мамлакатлари доирасида “Умумий бозор” шаклланган минтақавий мехнат тақсимотини ифодалайди. Кейинги йилларда бундай минтақавий мехнат тақсимоти Лотин Америкаси, Жануби-Шарқий, Жанубий ва Жануби-Ғарбий Осиё, Шимоли-Ғарбий, Марказий, Шарқий Африка, Шимолий Америкада шаклланмокда. Яқин истиқболда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан иборат Марказий Осиё минтақавий мехнат тақсимотига асосланган иқтисодий бирлашманинг шаклланиши бу минтақадаги мураккаб табиий, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар ечимларини ишлаб чиқиш ва хал қилиш негизида ишлаб чиқариш кучларини янада ривожлантириш имконини беради.
Халқаро мехнат тақсимоти (географик) - жахон мамлакатлари ўртасидаги ривожланган иқтисодий муносабатлар тизимини ифодалайди. XIX аср охири ХХ аср бошларида дунё сиёсий картасида йирик марказлашган давлатларнинг юзага келиши, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспортнинг тараққий этиши, халқаро савдо ва халқаро бозорнинг гуркираб ривожланиши айрим мамлакатларнинг табиий шароит ва табиий ресурслари, ижтимоий-иқтисодий, техник ва мехнат ресурслари салохиятидан келиб чиқиб хом-ашё, қишлоқ хўжалик махсулотлари ва тайёр махсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашуви хамда бу махсулотларнинг ўзаро алмашиш жараёнлари халқаро мехнат тақсимотини юзага келтирди. Халқаро мехнат тақсимоти дунё сиёсий картасидаги мамлакатларнинг миллий иқтисодиётларини бир-бири билан боғлади ва ўзаро интеграцион жараёнларнинг ривожланишига олиб келди.
Ўзбекистон Республикаси-мустақил давлат сифатида қарор топиши жахон хамжамиятида кенг иштирок этиш имкониятларини очди ва халқаро мехнат тақсимоти хамда интеграцион жараёнларда фаол қатнашиш имкониятларини яратди. Натижада, Ўзбекистон яқин истиқболда халқаро мехнат тақсимотида хом-ашё, қишлоқ хўжалик махсулотлари (пахта, боғдорчилик, сабзавотчилик) етказиб берувчи мамлакатдан тайёр махсулотлар (машинасозлик, кенг истеъмол махсулотлари) етказиб берувчи мамлакатга айланади ва халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлади.
Ишлаб чиқариш кучларини ривожланиши
Достарыңызбен бөлісу: |