18.
Жумладан, мен рус роҳиби Ерем Валаамовни бутунлай ёдимдан чиқардим. Эртасига Фиона (Лукнинг маъшуқаси исми шундай эди) Уйғуритонга кетмай туриб Лук ўтказган сўнгги тадқиқиот хусуида сўзлар экан, мен бу ҳикоя Або Ефрем ҳақида эканилигини англай олмабман. Аслида ҳам шундай эди. Бу роҳиб диний юмуш билан Хитой ва Тибетга юборилгач, у бунда маҳаллий роҳиб билан танишади ва уни православ насронийликка даъват этади. Тензиг Дацаонинг (роҳибнинг исми шундай эди) деярли Муқаддас Учликка эътиқодини ўзгартиришга муваффақ бўлинган маҳалда унинг қиёфадоши қадим китобларда ўқигани бир ҳикояни айтиб берди. Бир неча сар бурун насроний миссионери бу юртларга келиб, содда бир одамни учратади ва уни Худо ҳамда Унинг Самовий салтанатига ишонтира бошлайди. Содда киши Абадий Ҳаётга мушарраф бўлганига бир баҳя қолганда, бирдан айниб қолади, чунки, ўзининг айтишича, насронийликда отнниг сутидан тайёрланган қимиз ичиш маън этилгани ёдига тушиб қолади. Мен ҳам ўшанга ўхшадим, деди роҳиб Тензиг. -- Сизнинг динингизда ўлганлар руҳини озод қилишга рухсат берилмаган. Або Ефрем бу билан нима демоқчилигини сўраганда, у ўзидаги Муқаддас Китобни кўрсатиб, ундан бир неча оят ўқиб беради.
Роҳиб Ефрем Валаамов ўзи эшитган оятларнинг маъносига шу қадар қизиқиб қоладики, ҳаттоки нега бу юртларга келганини-да унутиб, роҳиб Тензиг ёрдамида ўша Муқаддас Китобни русчага ўгиришга тушади.
Ушбу ҳикоянинг Лук билан боғлиқ томони аниқ эсимда йўқ бўлса-да, кутилмаганда уни ўзим билан боғлиқлигини сездим: гўёки менниг ўлик руҳим янги бир ҳаётга ўрлаётгандай эди...
19.
Ҳарқалай Фиоан итаган одам мен эмас деб ўйлагандим, лекин аксинча мен унга керак бўлиб чиқдим. Буюк шоирларимиздан бири ёзганидек: *Мени мен истаган ўз суҳбатида аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас*. Биз Нюренбергдан Бамбергга ўтишга келишдик, чунки мен унга ҳўв ғаройиб дарвишнинг Лукка бериб юборган Зевнинг кундалиги ҳақида гапирмоқчийдим. Тўғрисини айтсам, бу ўйлаб топганим бир тузоқ бўлиб, кундалик дафтар сумкамнинг ичида турган эди. Шунга қарамай, иложи борича самимий тарзда қизни таклиф этдим, гўёки кундалик мен биланми-йўқми эсимдан чиқаргандай эдим, бироқ, кўриб турганингиздай, ниятим бузуқ эди. Эсимда, ёшлигимизда оғайниларимдан бири кундалигини ўқишга рухсат беришини баҳона қилиб, университет қизларини йўлдан урарди. У биринчи ўлжасини қандай қилиб қўлга туширгани воқеаси бутун бир ҳикоятдир. Қисқаси мен ҳам ўшандай қилмоқчи бўлдим шекил. Лекин балки мен анча тажрибалироқ чиқдим чамаси. Нимага дейсизми? Майли, айтиб бера қолай. Ҳали Нюнбергдалигимда собиқ Иезуит Институти Католик бўлимида қадимий қўлёзмалар устида ишлашимда яқиндан рдам берган ижара уйимнниг хўжайини ва дўстим касалхонага тушиб қолди денг. Ўша куни у уйимизнинг калитини ташлаб кетиш эсидан чиқибди. Шу боис биз Олмониянинг чеккароқдаги энг қадимий ва гўзал шаҳарчасидаги замонавий меъморчиликнинг ойнаси саналмиш кўп қаватли касалхонага боришга мажбур бўлдик.
Биламан, тил имкониятим Бамбергни тасвирлаб беришга ожизлик қилади, бас, шундай экан, уфқдаги тепаликлар ва Алтенберг минорасини нақадар жозибадор, гумбазнинг тўрт минораси антиқа, Мишелберг ибодатхонаси бирам фусункор, десам ишонаверинг. Дўстим ошқозон касали билан ётган клиниканинг ўн учинчи қавати ойнасидан бу манзара янада гўзал кўринади. Биз унга янги газеталарни қолдириб, калитни олиб чиқарканмиз, бирдан негадир юқорига кўтарилиб, Бамбергнинг кунботардаги қиёфасини томоша қилишни таклиф қилиб қолдим.
Фиона рози бўлақолди ва орқамдан юрди. Ёнғин пайтида чиқишга мўлжалланган бўм-бўш зинадан юқорига кўтарилаканмиз, иш вақти тугаганиданми ёки беморлар овқатланишаётганиданми, ҳарқалай атрофда ҳеч кимса кўринмас эди. Энг юқориги қаватда мен қизга ўзим ёқтирадиган жойни кўрсатдим. Биз ойнабанд деворга яқин келдик, лекин бир-биримизга янада яқин эдик, нафасимиздан тиниқ ойнани ҳам туман қоплади, кўзларим чақнаб, бир муддат жимликдан сўнг қизни ўпишдан бошқа яхши нарса топмадим. У қаршилик қилгани йўқ.
Айни пайтда елкамга осиғлиқ сумкам билан Фионага ёпишиб турганим жуда кулгили эканлигини тушундим. Ишонгим келмайди, наҳотки шу ишни қилган бўлсам: мен уни ўпдим, кўкракларини ва унинг учларини силадим (қўполлигим учун маъзур тугайсиз, бу сўзларни шундай эшитганман), қўлларим янада нозик жойларга томон сирғалиб тушди, кўйлакларини юқорига кўтардим, бармоқларим иштони остида қолди ва ниҳоят елкамдаги сумкамдан қутулишга қарор қилдим, уни четга улоқтиргандим, бориб икки мармар зинанинг орасидаги тешикка бориб тушди, бироқ пастки қаватдаги ҳеч ким бизни сезмади. Қизнинг иштони жуда тор эди, айниқса, икки оёқлари ораси. Унинг баланд бўйи яна қўл келди, интим аъзоларимиз айни бир-бирининг қаршисига тўғри келди. Қиз иштонини пастроққа туширишимга рухсат берди ва мен энди ўзимни мутлақо тутиб туролмадим, унинг қайноқ лабларидан ақлимни йўқотдим. Яна қайтараман: шу ишни қилганимга ишонмаяпман, лекин клиниканинг зиналарида қуёшнинг сўнгги нурлари остида мен у билан қовушганим рост. Бироқ бундай ғайритабиий саргузаштдан хурсанд бўлишим керакми ёки хиёнаткорлигим ва телбалигим учун ўзимни айблашим лозимми, мутлақо билмасдим.
20.
Билга-хоқоннинг чодири атрофида тўққиз рангли чодир қад ростлади ва доно Тонгюқуқ қуролланган тилмочларига ишга керакли нарсаларни тайёрлашни буюрди. Хитой қоғози ва Сурия сиёҳи, Сўғдиёна шамлари-ю Форс патқаламлари барчаси дунёнинг тўрт бурчидан келган ажнабийлар учун тахт қилиб қўйилди. Ўз қарашларини тошларга ўйиб ёзишга одатланган турклар доно Тонгюқуқ билан ажнабийларнинг шошиб қолганларини кўриб, уларни мазах қилишди. Шунга қарамай, иш бошлаб юборилди.
Эрта азонлаб қуёш даштлик четидаги Отукан ўрмони устида кўрина бошлаганда, Форсдан келган зардушт руҳоний Авестодан қўшиқлар куйлай бошлади, тибетлик Булен сирли зикрини айтишга тушди, Табғач генерали Ичи Лянг кунни жанговар санъати билан бошлади, Сўғддан келган шаҳзода ўтов ичидаги безакларга, қайрилма шохлару ипак баргларга қараб, чуқур тафаккур қилишга ўтирди. Тардуш Инончи Чўр дўмбирасини қўлига олганди, бутун даштлик бўйлаб шамолларни ёдга солувчи маҳзун наволар янгради, генераллар орасидаги биринчи несториялик насроний ва несториялик насронийлар орасидаги биринчи генерал, қилич ва ўқ-ёйдан бошқасини билмайдиган Удар-Сенгун Исо Масиҳнинг қиёфаси бўлмаган кичик хочга қараб қўлларини бир-бирига қовуштирди, бу ерга Ибн-Қутайбанинг отларида келган Ислом динининг яширин билимдони, бухоролик шаҳзода Нянг-сянг эса Аллоҳга ибодат қилиш керакми-йўқми билмай, Конфуция анъанасига содиқ Хитой Императори бундан хабар топишидан қўрқиб турарди...
Фақат Ўн-ўқ тамғачилари, Макрач ва Ўғузгина Билга-хоқон ва унинг тилмочлари буйруғига қарамай, ухлаб ётишар, маҳаллий шомон Удегҳе уларнинг уйқуда учиб юрган руҳини сақлаб турар эди.
21.
Асирнинг тушлари. Ўтган кеча Лига суянганим ҳолда, бир мирим ҳам йўқлигини билсам-да, бир неча йилдан буён давом этиб келаётган кечки курсларим учун пул тўлашим кераклиги ҳақида туш кўрибман. Деярли яланғоч ҳолда эдим, ички кийимимдан нимадир қидираётган кўринаман. Отини эсимдан чиқариб қўйганим ўгай отамнинг ҳовлисига яқин эшик қаршисида эшак миясини еб турган телбани учратдим, у менга ҳовли эгаси дўкондор экани ва ақлдан озганидан бери касал ҳолда ётишини айтди. Мен бу телбадан ўгай отамнинг исмини сўрашга ор қилиб, уни тушунган мисоли бошимни қимирлатиб қўйдим. Эшикни очиб, каттакон ҳовлига кўзим тушди, у қишлоқ спорт майдони ёнида экан, пахса девор уни очиқ ва ёниб кетган майдондан ажратиб турарди. Мен ўгай отамни чақирдим. Ҳовли тўрида ит эмас, нақ бир занжирбанд шер уйғониб кетди. Мен орқамга тисарилгандим, бироқ шерхон жим бўлиб қолди. Шу пайт эшик очилиб, ўгай отамнинг қораси кўринди. Бирдан шер эмас, балки бир гижинглаган от занжирларини узиб, худди цирк саҳнасидаги каби ҳовли бўйлаб ёввойиларча чопа бошлади. Ўгай отам бир бақирган эди, орқасида ўғли пайдо бўлди. Лекин от ўз шижоатидан боши айланган дарвиш каби телбаларча югурарди. Мен унинг ўгай отам овозидан ёқимлироқ бўлган туёқ товушларини эшитдим. Уни тутмоқчи бўлиб қилинган барча ҳаракат зое кетди, ҳовлидаги тупроқ пахса деворлардаги чанг билан қоришиб, тўзон бу ақлсиз жониворнинг узун думи каби айланар эди.
Ниҳоят, мустанг бу ҳалқадан чиқиб кетиш учун етарли куч тўплаб, бирданига қўшимча эшик қаршисида менга аҳужум қилишга қарор қилди. Мен дарҳол ҳимоя ҳолатига кирдим ва ўнг оёғимни унниг башарасига томон кўтаргандим, у тўхтаб чунонам бир кишнадики, худди шу пайт ўгай отам уни тутиб олди. У бўралаб сўкар, *Кейинги сафар сениям мана бу ўлик эшакка ўхшаб таъзирингни бераман!* дея жигарранг териси тупроққа беланиб ётган эшакка ишора қилди. У мустангни жиловлади ва от олдинги оёқларига ётиб, бошини тупроққа қўйди. Умрим бино бўлиб бу жиловланган отнинг бошидан-да ғариб бир нарсани кўрган эмасман. Шундан сўнг ўгай отам олдимга келиб кутилмаганда менга пул узатди: *Ма ол, кечки курсларингга тўларсан*. Тавба, пулим йўқлигини қаердан билдийкин? Мен ҳеч нарса сўрамай, етарли пулим бор, дея уни қайтаришга тушдим, лекин отам мажбурлагач, пулни олдим ва *Синглимга бериб қўярман* дея пичирлаган бўлдим...
Тонгга яқин Ли ҳаммаёқни тепиб одатий каратэсини бошлади, қўриқчиларимиздан бириннг муздай сувнинг устимиздан сепиб юборганидан менинг уйқум ҳам бузилиб кетди. Томас Стернс Эллиот айтганидай: *Одам шарпаси келмай уйғотинг, сўнг чўкайлик*...
22.
Ўтган давр ичида кашф этганим шу бўлдики, асирга тушиш курортда дам олган билан баб-баробар экан. Мен тушлар нуқтаи назаридан айтяпман. Қанча кўп роҳатлансангиз, шунча узоқ ўтмишдаги хотиротлар тушингизда намоён бўлади. Яшаб турган кунингизни-да тамоман унутиб қўясиз -- гўёки руҳингиздаги энг яширин тугунларни ечиб юборадиган чуқур бир кечмишлар ичига шўнғигандай бўласиз. Ҳарқалай, менда шундай кечди.
Мен Бамбергда Фиона билан қилган гуноҳимни эсладим. У билан кўчалар ва йўллар бўйлаб аксимизни гоҳ дўкон ойналарида, гоҳ дарёларда кўрганча пиёда юрганимиз, ҳаётнинг ўзи каби ноаниқ мавзуларда суҳбат қурганимиз, тез орада Зевнинг акаси икки ойча археология музейи аъзоси сифатида яшаб турган Кот-д-Азур томондаги Антибсга келиб қолганимиз ёдимга бир-бир кела бошлади. Тушимга нима кирганини англай олмасдим: қумли пляжлар, ислиқ денгиз, арзон ва мазали ресторанлар, Авлиё-Маргарет ва Авлиё-Ҳоноре деб аталмиш ёввойи оролларга саёҳатимиз, ёхуд жазирама тунлардаги тонг ва муҳаббат оралиғидаги орзуларим, қуёш тиғида чанг ва иссиқ тупроқ кечган болалик йилларим, ёхуд балки Ноам ҳар иккимизга айтиб берган тарихий ривоятлар, Фиона ҳақидаги хотиралар...
Ака-укалар ўзларининг биродарликлари ҳақида болаликдан бўлак нимаям билишарди? Опа-сингиллар-чи? Деярли ҳеч нима. Биз Ноамга укасининиг кундалиги ҳақида оғиз очмадик. У Зев ошқозон касалидан чет элда вафот этган деб юраркан. Лекин мутахассис сифатида у бизга шундай бир нарсани сўзлаб бердики, бу Зевнинг бутун кундалигидан ҳам қимматлироқ эди.
23.
«Аловуддин» ресторанида у бизга талабалик йиллари ҳақида гапириб берди. Ўша пайтларда у Қуддусда эмас, балки Ленинградда яшар, исми ҳам яширинча Ноам эмас, оддийгина Никита эди. Шунингдек, у Зев билан қондош бўлган. Отаси рус эди, шу боис унинг асрлар оша сайқаллашган, қадимий яҳудий қони алал-оқибат рус қонига аралашиб кетган ва бу Ноам ҳаётидаги барча муаммоларнинг сабабчисига айланди. Археология институтининг бешинчи курсида улар ёзги амалий дала ишини Монголия даштларида ўн-ўқ уруғига қарашли қадимги кишиларнинг қўрғонини кавлаш билан ўтказишади. У одамларнинг жанговар табиатини ҳисобга оладиган бўлсак, қабиланинг бундай номланиши у қадар ажабланарли эмас. Ўн ўқ бўлса бўпти-да. Гарчи Никитка мақтанчоқлигин тан олса-да, биз унинг уятчанлигини билардик. У дарҳол мавзуни йигирма йил аввалги Қуддус воқеаларига аўзгартирди. У ўша жойда топиб олган қўлёзма билан тилла шохни ўғирлади. Шох-ку бир нави, лекин у қўлёзманинг на баҳоси ва на маъносини биларди, магар у бир кунмас бир кун ушбу қўлёзма қайсидир институт жавонларида сарғайиб ётмасдан, ўз ўрнини топажагини ич-ичидан ҳис қиларди.
Лекин Никита ҳозирча фақат тилла шохни қандай қилиб сотиш ҳақида бош қотирар ва ниҳоят баъзи ўртачи кишилар орқали уни Ленинграддаги бир араб консулига сотишга муваффақ бўлди. Фақат Исроига кўчишга рухсат берилгандан сўнггина, у қимматбаҳо қўлёзмани қайта эсга олди ва уни ўрганишга киришди. Бунинг натижасида қилган кашфиёти қоғознинг материали баҳосидан минг карра қимматлироқ бўлиб чиқди. Ушбу қоғозда Аллоҳ Синойда Мусо алайҳиссаломга юборган Ўн Буйруқнинг нусхаси эди. Бу Ўн-Ўқ қабиласи дея номланувчи инсонлар тарихида мутлақо янги бир саҳифа очди.
Профессор Ноам Шатский ўша қабиланинг номи Ўн Ўқ эмас, балки Ўн Аҳд эканини исбот этди.
24.
Бу кашфиёт Зевни усмонли турклар маданияти ҳақидаги изланишларини тўхтатиб, қадимги туркларни ўрганишга руҳлантирди. Шуларни айтар экан, Ноам Қуддусда кўрсатишга арзигулик бошқа нарсалар ҳам борлигига ишора қилди ва иш одами сифатида дарҳол иккимизни икки ойга «Турфа динлар Анжумани»га таклиф қилди. Мен дабдурустдан рози бўлишдан тийилиб турар, чунки сезишимча, у менинг ишимдан кўра Фионага кўпроқ қизиқиб қолганди. Фиона эса дарҳол рози бўлди. Бирдан кайфим учиб кетди, анча ўзимни йўқотиб қўяёздим: менинг рашким келар, лекин бу рашк бошқа бировнинг ёри учун эди. Одам қариганда шароитга нечоғли тез кўникиши мумкинлиги ажабланарли эмасми? Бир ой аввал ўлим билан олишиб юрувдим, ҳозир эса Фионани Қуддусга бормасликка қандай кўндириш мумкинлигини ўйлаяпман ва бунга фақат Ноам ҳам қизга ёқиб қолди шектл, дея ўйлаётганим сабаб.
Кейинроқ арзон «Тропико» меҳмонхонасидаги бир кишилик хонамизда мен қизга Зевнинг кундалигидаги қуйидаги парчани кўрсатдим:
«Биз узоқ муддат хитойча мусиқа жўрлигида вино ичиб ўтирардик. Шиа Чанг билан бирга ўткзаётган вақтим анча ҳузурбахш эди. Лекин бирдан қизил куйлакли официант олдимизга келиб, хонимнинг қулоғига нимадир дея пичирлади. Хоним хитойча жавоб бераран, узр сўраб, бир муддатга мени тарк этишини айтди. Мен уни қанча кутиш лозим бўлса, шунча кутишга тайёрлигимни билдирдим. Бироқ ярим соатдаёқ зерика бошладим. Мени ёлғиз қўйишгани йўқ: қизил куйлакли официант ҳар дақиқа бирор нима керакми дея мўралаб турди. Бир сафар мен унинг исмини сўрадим. У Шиа Чангнинг укаси эканини айтди. Ундан мулойимлик билан қизнинг қаерга кетганини сўраганимда, у айни пайтда қизнинг бошқа мижоз олдига кетганини айтди. Ҳушим учиб кетди. Йўқ, бу йигитнинг одатий йўсинда гапираётганидан эмас, балки айни пайтда тушунишни истамаётганим нарсани англаганимдан шу ҳолга тушдим. Шиа Чанг чиндан ҳам фоҳиша экан! Мен эса у билан ишқий ўйинларга берилиб кетибман... Нақадар бачкана воқеа!
25.
Бунга жавобан Фиона менга Лук ҳақида гапириб берди. Умуман олганда, унинг Кўк Туркларибилан қизиқиши қўлёзмалар боисидан эмас, балки фақатгина ўша туркларнинг деярли барча динларга эътиқод қилганлари сабабидан эди. Лук турли динларни солиштирар экан, улар аввало тилни, кейинча инсоннинг менталитетини ўзгартириши фактини аниқлашга ҳаракат қилди. Унинг фикрига ёки ўзи айтганидай, «назария»сига кўра, дунёда яҳудий ва араблар каби «Худо танлаб олган» халқлар бор. Аллоҳ улар билан бевосита гаплашаверади. Қолганлар эса бошқаларнинг йўл-йўриғига «Худо унут» тиллари-ю ўй-фикрларини мослаштиришлари лозим. У бу назарияни деярли барча динларга эътиқод қилган қадимги турклар мисолида исботлашга қарор қилди. Турфа динларнинг «зуғуми» остида халқларнинг тили қанчалик ўзгарганини солиштириш мақсадида ишни турли муқаддас матнларнинг қадимги туркийча таржималарини тўплашдан бошлади. Бу борада ислом, насроний, буддист, Манихей ва шаманизмга оид матнларнинг инглизчасини осонгина топди-ю, бироқ унинг мақсади бу матнларни асл туркийдаги мқобилларини солиштиришдан иборат эди. Шу тариқа бир неча йилни қадимги туркчани ўрганишга сарфлади. Улар бир-бири билан танишишди. Фионанинг ота-боболари олтойлик бўлиб, у Лукка бувисидан қолган жуда кўп нақлларни айтиб берар ва фурсати билан Лук йўлиққан асосий муаммоларни таъкидлаб ўтарди. Лук таққослаш асосларини яхши билмасди. Барча муқаддас матнлар қачонлардир таржима қилинганди. Магар муқаддас турк тилининг «табиий», «нейтрал» ҳолати қандай эканини Лук билолмади. Қизнинг эртак ва афсоналари таъсири ўлароқ, у шуни кашф қилдики, қадимги туркларнинг қадим Худоси -- Тангрига эътиқод қилувчи бир қатлам мавжуд бўлган. Шундан кейин у аста-секин Тангри деган сўз бор қўлёзмаларни излашга тушди. Шу йўсинда мен уни учратиб қолдим.
Фиона менга Анғиз Ер тўғрисида гапириб берди, у Мовий Само Инсоният Ўғлонларига нимадир берганини айтганди (мен бунинг нелигини унутиб қўйдим), қисқа қилиб айтганда бу бизнинг ўзаро муносабатимизда худди Ноамга ўхшаш бир нимадир эди ва шу боис мен чалғиб кетдим...
Ўша пайт мен на Ўлик Шаҳардаги дарвиш ва на Урумчида қолдирганим плёнка ҳақида унга сўзладим, лекин шуни ҳис қилдимки, биз айни пайтда Лук билан айни бир томонда эдик. Мовий само ёрқин қуёшга ҳам, қора булутга ҳам бирдай тааллуқли бўлганидай, Лук номидан менинг рашким келиб турарди.
26.
«Покиза жаннатий тартиб илмлари ичида мавжуд эканмиз, биз -- икки асосий ва уч ўзгарувчан қоидалар -- жаннатий борлиқнинг ёрқин асосини ва дўхахнинг зим-зиё тубини биламиз. Ҳали осмон ва ер мавжуд бўлмаган вақтда, нима бўлган дея, сўрарканмиз, раҳмоний ва шайтоний кучларнинг нима сабабдан тўқнаш келганини, ёруғлик ва зимистон кучларининг учрашганини, ёруғлик ва қоронғулик қандай қилиб бир0биридан ажратилганини ва ундан кейин нима бўлганини билардик...»
Сўғднинг Манихей Шаҳзодаси ушбу парчани Берке тилмочга тушунтираман деб қийналиб кетди. Умри бино бўлиб Берке икки бора Хуросонни ишғол қилишга борганди ва гарчи у мақсадига эришолмаган бўлса ҳам, бир қанча асирларни қул қилиб оладики, уларнинг бари Отуканга боришдаги узоқ йўлда ҳалок бўлишади. Шу боисдан Берке Сўғд Шаҳзодасининг энг яхши тилмочи саналарди. У бир неча юз сўғдча сўзларни билар, лекин Мани динининг ҳамма учун ҳам тушунарли бўлмаган безакли ёзувлари мазмунини унга тушунтириб бериш осон иш эмасди. Ёруғлик ва қоронғулик ўртасидаги муносабатни унга қандай қилиб тушунтирса бўлади? Шаҳзода Мани динига эътиқод қилувчиларнинг ибодатномаси «Ҳуастуанифт»нинг энг осон парчасини тўғри таржима қилганига унчалик ишонмаётганди, шунинг учун ундан қайта-қайта ўгиришни сўрайверди.
Беркенинг бунга сабри чидамади, жаҳли чиқди, лекин у Билга-хоқон ва унниг фаросатли маслаҳатчиси Тонгюқуқнинг дунёдаги энг ақлли сўзларни ҳузуримга келтиринг, деган буйруғини бажариши лозим эди. Мулойимлиги уни ушбу лаънати сўзни қайта таржима қилишга мажбур қилди, йўқса, бу йигит бир қиличи зарби билан бошини танасидан жудо қилиши ҳеч гапмас. У «Тангри» деди ва осмонга ишора қилди, «ариғ» дея одам қандай қилиб қўл ювишини намойиш этди, сўнгра ўша сўзларни қайтариб, уларнинг биргаликда қўлланиши, яъни Аллоҳнинг поклиги маъносини айтди. Шундан кейин у эски асирларидан биридан илиб олган яна бир сўзни айтди -- «номуғ» -- «буйруқ». Ушбу сўз Шаҳзодага тушуна оладиган ва роҳат қиладиган ягона сўз эди. «Мен биламан» -- деди Берке сўғдчада. «Биз биламиз» дея тўғирлади уни Шаҳзода. Берке уни тушунди, бошини қимирлатиб, ўз тилида нимадир деди, лекин Шаҳзода Беркенинг «Биз биламиз» дедими ёки Шаҳзодага ишора қилиб «Сиз биласиз» дедими, тушунмай қолди. Шаҳзода икки бора уларнинг ҳаммалари билишига ишора қилди ва Билга-хон ва Тонгюқуқнинг номларини эслатди. Берке эса яна бошини қимирлатди - Худо билади нега - ва сўғд тилида «Яшасин» деди. Шаҳзода ҳозиргина эшитгани барча сўзларнинг маъносини чақишга уринди. Берке уни хурсанд қилишга ва бу қургур машғулотни тезроқ тугатишга интилди, қанийди ҳозирнинг ўзида очиқ сақрога, боши оққан томонга қочиб қутула қолсайди...
Бу каби ҳар хил ўйлар қуршовида иккилари ҳам Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач ва Ўғуз-Билганинг хахолаб кулаётганини эшитишди...
27.
Фиона ҳақида ўйлаш учун вақтим етарли эди. У ақллилиги билан бошқа аёллардан фарқ қиларди. Мен ўзимни аёлга ўч одам деб ҳисоблшларини истамайман, лекин нимани назарда тутаётганимни тушунтириб берсам, мени тушунасиз, деб ўйлайман. Турк уруғларидан ташқари Фионанинг ўтмишда немисларга боғлиқ жиҳати ҳам бўлиб, ё бобоси, ё отаси немис бўлган. У фалсафий тафаккурни -- мен билган аёллар орасида кам учрайдиган очиқлилик, самимийликни мерос қилиб олганди. Ҳа, менимча, аёлларнинг асосий кучи ақллиликда эмас ва Фиона туркларга хос ёввойилиги боис бундай тоифа ҳайвонларнниг энг яхши ва мулойим бир намунаси эди. Фақат, аввал айтганимдай, мен уни севишдан эмас, балки суқротона суҳбатлар қуриб ўтиришдан кўпроқ завқ олардим. У менга кўп нарсани ўргатди. Масалан, овчи ва унинг ўлжаси назариясини олайлик. У Лукни овчи, ўзини эса ҳайвон бўлганини айтади. Лук ҳаётида бир нарсани: ўз ўлжасини керакли маҳал ва айни жойида ушлашни яхши кўрарди. Фиона ҳам ҳар доим у ерда бўларди. Лекин отишдан аввалги айни сўнгги лаҳзада доимо ўққа учмасликнинг уддасидан чиқар ва овчи уни бошқа жой ва вақтда яна мўлжалга олишга уриниб кўрарди...
Ҳозир эса Фиона уни пойлаб юрибди. У менга бутунлай бошқа бир ҳикояни сўзлаб берди. Биз Канн яқинидаги Авлиё Маргарет оролидаги арча бўйлари анқиб турган ўрмонда сайр қилиб юрардик, бирдан у қабртошига ўтириб, ўрхун ёзувларини қандай қилиб ўқишганини билиш-билмаслигимни сўради.
«Роҳиб Ефрем Валаамовнинг дўсти рус сайёҳи Ядринцев ўрхун тошларини топганда, нидерландиялик тилшунос Вильгеьлм Томсен («Мен уни биламан!») уларни суратга олиб, хитойча варианти билан солиштириб кўрди ва ундаги ўзига хосликарни ўргана бошлади. Энг аввал у Ўрхун тоши 38 та қайтариладиган турли хил ҳарфлардан иборатлигини аниқлади. Кейин у бу алифбода унли ҳарфлар борми-йўқлиги, агар бор бўлса, уларнинг қайси эканлиги устида иш олиб борди. Унинг фикрича, масалан, «х-у-х» ундош-унли-ундош кетма-кетлиги бўлиши мумкин ёки аксинча. Шу тарзда у бошқа тилшунослик қоидасига кўра унли товш эканини билдирувчи бир неча белгиларни топди. Шу билан бир қаторда у бу унлиларнинг турли ундошлар билан боғланиш йўлларини излай бошлади. У топган қоидалар излаётган тилининг унлилар уйғунлигига эга эканига ишонч ҳосил қилдирди. Матндаги энг кўп қайтариладиган сўзларни таҳлил қилар экан, улардан бири икки унлили сўз эканини аниқлади, бу «Тангри» деган сўз эди. Иккинчи энг кўп ишлатилган ва хитойчага аслига яқин қилиб таржима қилинган сўз «Кюэҳ-ти-кин» бўлиб, узоқ ва оғир меҳнатдан сўнг Вильгель Томсон бунинг ҳақиқий номини аниқлади: «Кул-Тегин» ёхуд Фаровонлик Шаҳзодаси. Ушбу сўзлар учини бир кўп фойдаланилган сўзни ўқиш имконини берди: «Турк». Шундай ўилиб, «Тангри», «Кул-Тегин» ва «Турк» сўзлари тошдаги ўқилган биринчи сўзлар бўлди. Қандайдир рамзий маъно борга ўхшамаяптими?»
Фиона ҳикоясини тўхтатиб, жилмайганча деди: «Баъзида шундай туюладики, гўёки мен ҳам бир унли товушман ва ҳаёт мени қоронғу ундошлар ичига пуфлаб туради»...
28.
Бу Томсон шарҳи тўғрисидаги ҳикоянинг сўнгги эмас эди. Фионанинг гапига қараганда, Або Ефрем -- Ядринцев шарҳнинг қиёсий усулини танқид қилган. У Кул-тегинга бағишланган бир хил тошдги туркий ва хитойча матнларнинг бошланишини бирлаштирди. Фиона ёндафтарчасини олиб, қуйидагиларни ўқиди:
«Юқорида мовий осмон ва қуйида қўнғир ер яратилгач, уларнинг ўртасида инсон боласи вужудга келди».
Энди хитойча муқобилини эшитинг:
«Оҳ, осмон бунча мовий! Сенинг ҳимоянгда бўлмаган ҳеч бир нарса йўқ! Осмон ва инсонлар уларнинг орасига қўйилган ва коинот бир жинслидир...»
Иккимиз ҳам бирданига хахолаб юбордик. Бошимиз устидаги қушлар бир чўчиб тушиб, ғалати овоз чиқарганча қоронғу дарахтзор томон учиб кетди.
29.
Тан олишим керак, Фиона қин кунлардаги ҳаётимдаги асосий ва энг илиқ хотира бўлиб қолди мен учун. Бир-биримиз билан қанчалик осон топишган бўлсак, шунчалик тез йўқотиб ҳам қўйдик. Аниқроғи, мен уни йўқотдим.
Ҳаммаси аниқ, мен бу ерда ҳар бир нарсани аниқлашга, тартибга туширишга ва ҳамма нарсадан мантиқ қидиришга уринмоқдаман, айниқса, ўйлаш учун фурсат бўлганда, яна шуни англадимки, ҳаёт у қадар ўткинчи нарса ҳам эмас экан. У лойга ўхшаб, истаган шаклга кира олади. Кунларнинг бирида эрталаб уйғониб қарасам, ёнимда Фиона йўқ. Миямга келган биринчи гап ш бўлди: у Хитойда Лукни ташлаб кетганидай, мени ҳам ҳеч бир огоҳлантиришсиз қолдириб кетаверган. Доминик -- биз турган меҳмонхона хўжайини қўли билан ишора қилиб «Хоним жуда эрта чиқиб кетди» деди. Ваҳима кўтарганим йўқ. Антибга бордим, шумшайиб қолган Пикассо музейида анча вақт ўтказдим, кимсасиз қирғоққа бордим, лекин кўнглим қайтариб бўлмас нимадир содир бўлганлигини сезарди. Одатга кўра, тушликка иккимизга ҳам ёқиб қолган мўъжазгина «Ла котэ а л-ос» ресторанига келдим, бизни таниб қолган официант чиройли хоним тез орада келадими дея сўраганди, унга жавобан қизил винодан кўпроқ келтиришни илтимос қилдим...
Достарыңызбен бөлісу: |