Ўзбекистон республикаси
олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги халқ таълими вазирлиги
Тўрақулов Х.А., Ҳасанбоев Ж.,
Алқаров И.Ш, Усмонов Н.Ў., Тўрақулов О.Х.
Илмий тадқиқот
асослари
Тошкент - 2011
Тўрақулов Х.А., Ҳасанбоев Ж., Алқаров И.Ш, Усмонов Н.Ў., Тўрақулов О.Х. Илмий тадқиқот асослари: Ўқув қўлланма. – Тошкент: “Фан ва технология” 2011. – 452 б.
Ушбу ўқув қўлланма олий ўқув юртларидаги магистратура таълим босқичидаги ўқув режасининг “Илмий фаолияти” блокига тегишли бўлиб, “Илмий тадқиқот асослари” курсининг мақсад ва вазифалари асосида тайёрланган. Ундан илмий тадқиқот ишлари ҳақида маълумотлар, яъни илмий тадқиқот ишлари турлари, мақсади, вазифалари ва улар билан боғлиқ бўлган замонавий илмий тадқиқотларнинг илмий-назарий асослари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек магистрлик ва номзодлик диссертацияларини тайёрлаш ҳақидаги маълумотлар жой олган.
Мазкур ўқув қўлланма олий ўқув юртлари магистрлари, иқтидорли талабалар ва аспирантлар, шунингдек, илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланувчиларга мўлжаллаб тайёрланди.
Тақризчилар: Маҳкамов У.И.-педагогика фанлари доктори, профессор
Бекмирзаев Р.- физ.мат.фанлари доктори, профессор
Кириш
Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ривожланишнинг равон йўлга тушиб олиши кўп жиҳатдан жаҳон интеллектуал салоҳиятида тўлақонли шерикчилик қила оладиган мутахассисларни тайёрлашга боғлиқ бўлади. Буни таъминлаш эса бўлажак мутахассисларни ва илмий-педагогик ходимларни замонавий талаблар асосида тайёрлашни тақозо этади. Бундай муҳим вазифани ҳал қилишнинг самарали йўлларидан бири бўлажак мутахассисларни ижодий фаолият билан шуғуллана оладиган қилиб, яъни илмий тадқиқот асослари билан қуроллантирилган ҳолда тайёрлашдан иборатдир.
Маълумки, ижодий фаолият инсон ақлий фаолиятининг маълум мақсадига йўналтирилган ижодий ҳаракатлари мажмуасидан иборат. Бундан кўзланган мақсад ҳодиса ёки жараён тўғрисида янги билимга эга бўлиш, уни такомиллаштириш ва улар асосида қўйилган муаммо ечими бўйича янги усул, услубият, техника, технология кабиларни яратишдан иборатдир.
Демак, ижодий фаолият билимларнинг алгоритмик тузилмасидан иборат бўлади. Шу сабабли ҳам ижодий фаолиятни – дунёни билишда кишилар ўз билимларини ошириш мақсадидаги ақлий фаолиятдир, деб ҳам аташ мумкин. Буни илм-фаннинг ривожланишида, унинг янги билимларни юзага чиқариши (кибернетика, информатика, космонавтика, бионика, эргономика, суньий тафаккур, синергетика, глобалистика, валилогия, ижтимоий психология ва ҳ.к.) да ва ўзлаштиришида топилган билимларни маълум қонуният асосида тизимлашда ҳамда улардан билиш фаолиятини такомиллаштиришда намоён бўлишидан сезиш мумкин.
Илм-фан махсус илмий ва илмий-педагогик муассасаларда ривожлантирилганлиги сабабли ҳам мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан таълим-тарбия соҳасидаги инновацион ўзгаришларга ва унга мос илмий тадқиқот ишларига, шунингдек, улар асосидаги замонамизнинг янги истиқболли талабларига жавоб берадиган ижодий ишларнинг қай тарзда олиб борилишига боғлиқдир. Бу талабни таъминлаш педагогик илмий тадқиқотларни замон талаблари асосида олиб боришни тақозо этади.
Мазкур ўқув қўлланма магистратура таълими босқичидаги “Илмий фаолият” блокига кирувчи “Илмий тадқиқот иши” курсини фанини проф.Х.А.Тўрақуловнинг “Илмий ижодиёт методологияси” ва “Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари” монографиялари асосида қатор йиллар давомида ўқитиш натижалари асосида юзага келган бўлиб, у ўқитилаётган курснинг мақсад ва вазифаларини эътиборга олган ҳолда тайёрланди. Бунга сабаб магистратура таълим босқичи ўқув режасидаги фанлар ичида замонавий илмий тадқиқот ишларининг мазмун-моҳияти ва олинган натижаларнинг таҳлили ҳамда улар асосида тайёрланган диссертацияни ҳимоя қилишгача бўлган комплекс ёндашувни тўлиқ қамраб олувчи ўқув фани ва адабиёти йўқ эканлиги бўлди.
Шунинг билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ўрта махсус таълим Вазирлиги томонидан 2004 йил 26-ноябрдаги № 277 сонли буйруғи билан тасдиқланган магистратура таълими ўқув режаларида (“5А 141602 – Бошланғич таълим” ва “5А 140801 - Педагогика”) “Илмий тадқиқот иши” ўқув фанига 1239 соат ўқув юкламаси (826 соат – аудитория ўқув юкламаси ва 413 соат мустақил таълим) ажратилган, аммо бунга ҳозиргача мукаммал дарслик ёки ўқув қўлланма тайёрланмаган.
Шу сабабли ҳам мазкур ўқув қўлланмада илмий тадқиқот ишлари ҳақида маълумотлар, яъни илмий тадқиқот ишлари турлари, мақсади, вазифалари ва улар билан боғлиқ замонавий илмий тадқиқотларнинг илмий-назарий асослари тўғрисидаги ахборотларни беришни лозим топдик.
Мазкур ўқув қўлланмадаги материаллар баёни қуйидаги кетма-кетлик асосида келтирилади:
-
мавзунинг номи;
-
таянч иборалар ва атамалар;
-
мавзунинг матни;
-
мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар;
-
мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар;
-
мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар;
-
тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишига тавсиялар;
-
мавзуни ўрганишда фойдаланиши мумкин бўлган адабиётлар рўйхати.
Бу ўқув қўлланма ҳақидаги фикр ва мулоҳозаларни муаллифлар мамнуният билан қабул қилади.
Манзил: 708000, Ўзбекистон Республикаси,
Жиззах вилояти Жиззах шаҳри
Ш.Рашидов шоҳ кўчаси. А.Қодирий
номидаги Жиззах Давлат педагогика
институти.
I боб. Илмий тадқиқот ишлари ва унинг
мазмун-моҳияти
1.1. “Илмий тадқиқот асослари” фанининг
мақсад ва вазифалари
Таянч иборалар ва атамалар: “Учар гилам”, “Ойнаи жаҳон”, фан, техника, технология, илм-фан, ахборотлаштирилган аср, таълим, тарбия, ақлий фаолият, илмий тадқиқот, муаммо, мақсад, вазифа, бўлажак мутахассислар, замонавий ахборот тизимлари, рационал усуллар, интерактив, автоматлаштириш, компьютерда моделлаштириш, диссертация, оптимал ечимлар.
Мавзунинг матни: Илмий тадқиқот асослари фанининг мақсад ва вазифалари.
Кишилик жамияти тараққиёти босқичларига бир назар ташлайлик. Дастлаб оловнинг пайдо бўлиши, тошлардан иш қуролларининг ясалиши, металларнинг пайдо қилиниши орқали металларга ишлов бериш технологиясининг яратилиши, ёзувнинг пайдо бўлиши орқали китобнинг вужудга келишини, бу орқали эса маълумотларни ахборотларга айлантириш муаммосининг ҳал бўлиши, шунингдек, электрнинг бир турдан иккинчи турга айланиш муаммосининг илмий асосланиши, “Учар гилам” (авиация) ва “Ойнаи жаҳон” (телевидение) ларнинг кишиларнинг турмуш зарурияти учун фойдаланишга кенг йўл очилиши, нисбийлик назариясининг яратилиши ва ҳ.к. Умуман олганда “XXI аср – интеллектуал аср” яъни “Ақл – заковат асри” ёки “Ахборотлашган жамият сари асри” нинг юзага келишларининг барчаси, кишилик жамияти тараққиётига мос, унда яшовчи илғор ижодкор инсонлар ақлий – ижодий фаолияти натижаси туфайли юзага чиққанлиги гувоҳи бўламиз.
Бугунги кунда жамиятимизда ҳар бир одам, алоҳида олинганда фан ва техника ютуқларининг тобора ривожланиб бораётгани таъсири остида яшамоқда. Бу яна шуниси билан ҳам характерлики, унда техника ва технологиялар кун сайин, соат сайин такомиллашиб, ривожланиб бормоқда ва натижада шунга мос етук мутахассислар тайёрлаш зарурати ҳам туғилмоқда.
Бунда илм-фан, умуман олганда ижодиёт, илмий тадқиқот ишларининг тадқиқий ва техникавий ечимларидан бошлаб, олинган натижаларни амалиётда (ишлаб чиқаришда, таълимда, тарбияда, санъатда ва ҳ.к.) қўллашгача бўлган барча босқичларни самарали амалга оширишга эришса, ўз вазифасини мувафаққиятли бажарган бўлади.
Ахборотлаштирилган асрда ахборотлар оқими мунтазам равишда ортиб боради ва табиий уларга мос муаммо ҳамда уларнинг ечимлари ҳам тез ўзгариб боради. Демак, ушбу жамиятга мос ва унда фаол қатнашувчи бўламан деган, ходим (аъзо, шахс) яъни мутахассис ҳам илмий ахборотларни излаш, тўплаш ва ундан фойдаланиш учун олинган ахборотларни тизимларга ажратиш, муаммога хос фикр ва техникавий (технологик) ечимларнинг оптимал вариантларини танлаш усулларини билишлари зарур.
Маълумки, бундай ақлий фаолият бевосита ижод билан боғлиқ бўлиб, у инсоннинг янги моддий ва маънавий неъматлар яратиш фаолиятидир. Ўз навбатида тадқиқот ва ижодий мулоҳазалар ҳам замонавий мутахассисдан илм-фан ютуқларидан ижодий фойдаланиш орқали истиқболли янги вазифаларни мустақил қўйиш, уни оптимал ечимини танлай билиш ва ўзининг амалий фаолиятида турли кўринишлардаги тадқиқотлар ва тажриба – синов ишларини ўтказишини талаб қилади. Ана шундай замонавий мутахассислар тайёрлаш давр талаби эканлигини эътиборга олиб “Илмий тадқиқот асослари” фанини ўрганишга қуйидаги мақсадни қўйдик:
Мақсад: Олий ўқув юртларида магистратурани битириб чиқаётган мутахассисни замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, ўқув-тарбия ишларининг интерактив усулларидан фойдалана оладиган қилиб ҳамда ўзидаги педагогик фаолият маҳоратини ва кўникмаларини янада такомиллаштириш, ривожлантириш устидаги фаолиятни илмий ташкил қилаоладиган қилиб шунингдек, уларни мустақил илмий – тадқиқот, илмий – педагогик ва касбга доир бошқарув фаолиятига тайёрлаш.
Бундай муҳим муаммони (мақсадни) – амалга ошириш учун мазкур фанни ўқитиш давомида қуйидаги вазифалар ечимлари изланади:
-
бўлажак мутахассисларни илм-фаннинг моҳияти, уни ташкил қилиш ва уларнинг жамиятдаги ўрни билан таништириш;
-
бўлажак мутахассисларга илмий ходим ва илмий тадқиқот ҳамда уларнинг мазмун – моҳияти ҳақида тушунча бериш;
-
илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш, ўтказиш ва уларнинг тажриба – синов ишлари ҳамда уларнинг таҳлили ҳақида тушунча бериш;
-
бўлажак мутахассисларни танланган мутахассислиги бўйича илмий тадқиқот ишларнини бажаришга, шунингдек, фан – техника ва технологиянинг замонавий ютуқларини амалиётда жорий этишга йўналтирилган касб тайёргарлигига эга қилиш;
-
бўлажак мутахассисларнинг касб вазифаларини автоматлаштириш ва компьютерда моделлаштириш методларини, оптимал ечимлар топишнинг рационал усулларини топишни ўргатиш;
-
илмий тадқиқот ишлари олиб боришда замонавий ахборот тизимларидан фойдаланадиган инновацион таълим технологиялар ва интерактив таълим усулларидан фойдаланишни ўргатиш;
-
диссертация тайёрлаш ва уни расмийлаштириш ҳамда ҳимоя қилиш ҳақидаги маълумотларни етказиш.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
кишилик жамияти тараққиёти босқичлари ҳақида нимани биласиз?
-
тараққиёт босқичларида илм-фан ва техника-технологияларнинг аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?
-
ақлий фаолият деганда қандай жараённи тушунасиз?
-
“Илмий тадқиқот асослари” фанининг асосий мақсадини айтиб беринг.
-
“Илмий тадқиқот асослари” фанининг вазифаларини санаб ўтинг.
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
-
“Илмий тадқиқот асослари” фанининг мақсади: Олий ўқув юртларида магистратурани битириб чиқаётган мутахассисни замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, ўқув – тарбия ишларининг интерактив усулларидан фойдалана оладиган қилиб ҳамда ўзидаги педагогик фаолият маҳоратини ва кўникмаларини янада такомиллаштириш, ривожлантириш устидаги фаолиятини илмий ташкил қила оладиган, шунингдек, уларни мустақил илмий – тадқиқот, илмий – педагогик ва касбга доир бошқарув фаолиятига тайёрлаш;
-
“Илмий тадқиқот асослари” фанининг вазифалари: бўлажак мутахассисларни илм-фаннинг моҳияти, уни ташкил этиш асослари ва уларнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти билан қуроллантириш асосида уларга илмий ходим, илмий тадқиқот ва улар фаолияти мазмун – моҳияти ҳақида тушунча бериш; Илмий тадқиқот ишлари (ИТИ)ни ривожлантириш, ташкил этиш, уюштириш ва уларнинг тажриба-синов ишлари ҳамда уларнинг таҳлили ҳақида тушунча бериш; бўлажак мутахассисларни танланган мутахассислиги бўйича ИТИ ни бажаришга, шунингдек, илм-фан ва техника-технологияларнинг замонавий ютуқларини амалиётда жорий этишга йўналтирилган касб тайёргарлигига эга қилиш; бўлажак мутахассисларнинг касб вазифаларини автоматлаштириш ва компьютерда моделлаштириш методларини, оптимал ечимлар топишнинг рационал усулларини топишни ўргатиш; ИТИ олиб боришда замонавий ахборот тизимларидан фойдаланиладиган инновацион таълим технологиялари ва интерактив таълим усулларидан фойдаланишга ўргатиш; диссертация тайёрлаш ва уни расмийлаштириш ҳамда ҳимоя қилиш ҳақидаги маълумотларни етказиш.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
“Ахборот инқилоблари”, деганда нимани тушунасиз?
-
“Цивилизация” нинг мазмун – моҳиятини ўз интеллектуал салоҳиятингиз доирасида таърифлаб беринг?
-
“Ахборотлаштирилган аср”, деган терминга таъриф беринг?
-
Сизнингча ИТИ керакми? Керак бўлса нима учун?
-
ИТИ натижасининг айрим кишига, жамоага, жамиятга ва давлатга ижобий таъсирини қандай тушунасиз? Уларнинг салбий таъсирини – чи?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
тадқиқотчи ИТИ ни бошлаш ва уни олиб бориш давомида юқоридаги ифода қилинган курс мақсадидан фойдаланиш мумкин. Бу ерда умумий мақсад қўйилган. Бунда тадқиқотчи ўз олдига қўйилган муаммога қараб унинг маълум (керакли) қисмидан фойдаланиш мумкин;
-
тадқиқотчи қўйилган муаммо бўйича бажариладиган ишлар кетма-кетлиги, алгортмик тизими, яъни ИТИ вазифаларини белгилаб олишда юқорида келтирилган фаннинг вазифаларини асос қилиб олиши мумкин ва ҳаттоки ушбу қисмга тегишли инновацион ёндашув қилишга ҳам ҳаракат қилинса яхши бўлар эди.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
-
Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Т.: Фан, 2007. – 252 б.
-
Тўрақулов Х.А. Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари. – Т.: Фан, 2006. – 248 б.
1.2. Илмий ижодиёт – муаммо сифатида
Таянч иборалар ва атамалар: Ижод, илмий ишланмалар, изланишлар, қурилма, механизм, машина, метод, методология, технология, алгоритм, модел, илмий ижод, бадиий ижод, концепция, диссертация, автореферат, рефарат, тезис, мақола, китоб, ақл, фикр, онг, илм, билим, хотира, репродуктив ва продуктив, вербал ва новербал, мантиқий, механик, тасаввур, диққат, ирода, идрок, истеъдод, тажриба, эксперимент, табиий усул, дунёқараш, фундаментал, рақобатбардош, компьютерли саводхонлик, интеллектуал.
Мавзунинг матни : Илмий ижодиёт – муаммо сифатида.
«Ижод – инсоннинг янги моддий ва маънавий неъматлар яратиш фаолияти» [3].
«Ижод (арабча) – кишининг яратувчилик маҳорати: бадиий, илмий асар ёки моддий бойлик яратиш, вужудга келтириш; яратувчилик, ижодиёт» [1].
Демак, ижод – ақлий фаолият бўлиб, у инсонни фикри, билими, ғояси, қарашлари, яъни тафаккурини ишга солиб яратувчилик фаолиятини шакллантиради. Бунда инсоннинг тафаккури, хотираси, тасаввури, диққат–эътибори, иродаси муҳим рол ўйнайди ва бу жараёнда инсонни билимлилиги, тажрибалилиги, истеъдодлилиги ва хуллас ижодкорлиги намоён бўлади.
Ижод даставвал инсон тасаввурида фикр шаклида юзага келади, кейин улар ривожланиб, такомиллашиб ғоя, қараш кўринишига ўтади ва уларга тааллуқли масалалар юзасидан изланишлар бошланади.
Изланишлар олиб боришда ўрганилаётган тадқиқот ишигача бўлган ишланмалар (предмет, буюм, қурилма, механизм, машина, метод, методология, технология, алгоритм, модель ва ҳ.к.) таҳлилий кўриб чиқилади, яъни таҳлил ва синтез, умумлаштириш ва хулосалаш, тажрибада синаб кўриш, кузатишлар ўтказиш, мантиқий хулосалар чиқариш, ички фаразларни ифодалаб олиш каби ишларни амалга оширади. Натижада изланиш давомида нотўғри бўлиб қолган ишланмалар муаммо мақсадига мос қилиб тўғриланади ёки янгиси ишлаб чиқилади.
Маълумки, изланиш, ижодий фаолият юритиш натижасида бирор янгиликка эришиш демакдир. Натижалар ижод хусусиятига қараб турли шаклларда бўлиши мумкин, яъни реферат, тезис, мақола, китоб, автореферат, диссертация, монография ёки шаклланган фикр, ғоя, қарашлар (концепция), таълимот ёки қурилма, механизм, машина, ихтиро, патент, кашфиёт ёки модель, алгоритм, тамойил, мезон ва ҳ.к.
Демак, ижод, илм -фан, техника – технология, маданият ва шу кабиларни ривожлантириб, уларнинг ҳозирги ҳолатини янги сифат босқичига кўтаради.
«Ижодни шартли равишда 2га: илмий ижод ва бадиий ижодга бўлиш мумкин. Олимлар фаолияти илмий ижодга, санъаткорлар, ёзувчилар фаолияти бадиий ижодга қаратилган. Баъзи кишиларда ҳар икки ижод ривожланган бўлиши мумкин. Илмий ижодда табиат ва жамият ҳаётининг объектив қонуниятлари акс этса, бадиий ижодда маънавий ҳаёт муаммоларига санъаткорнинг субъектив, ўзига хос қарашлари, ҳис-туйғулари акс этади» [4].
Юқоридаги ижод тушунчасига берилган иккала таърифда ҳам яратувчилик фаолияти, яъни янги моддий ва маънавий неъматлар яратилишининг қайд этилиши, ушбу фаолиятнинг (жараённинг) муаммо ечимларини излашлик хусусияти билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. Демак, ижоднинг ўзи ҳам қатор муаммолар ечимини изловчи бош муаммолардан ҳисобланар экан.
Киши ижод қилиши учун, унда қуйидаги кўрсаткичлар (омиллар) шаклланган бўлиши керак: ақл, онг, фикр, илм, билим, хотира, тасаввур, диққат, эксперимент, тажриба, дунёқараш, тасаввур, ирода, идрок, истеъдод ва ҳ.к.
Энди уларнинг қисқача мазмунини қайд этиб ўтамиз.
АҚл – инсон миясининг дунёни акс эттириш ва шахснинг воқейликка бўлган муносабатларини бошқариб турадиган фаолияти.
Онг – кишининг фикрлаш қобилияти ёки инсоннинг ижтимоий ҳаётни тушуниши, сезиши ва унга бўлган шахсий муносабати. Онг– тафаккур маркази, унда фикр ва маълумотлар жамланади. Онгда қалбдаги эътиқод асосида дунёқараш шаклланади.
Фикр – бу нарса, ҳодиса ёки жараён тўғрисидаги инсоннинг ўйи ёки хаёли.
Илм – инсоннинг ўқиш, ўрганиш ва шахсий ҳаётидаги тажрибалар, кузатишлар натижасида шаклланган билим ва малакалар мажмуаси. Инсон камолатидаги илм эгаллаш қобилияти, унинг улкан фазилатлардан бири ҳисобланади. Чунки, инсон илм билан шон- шарафга эришади –шуҳрат қозонади.
Билим – кишининг табиат ва жамият ҳодисалари асосида шаклланган ахборотлари мажмуи.
Хотира – атроф-муҳитдаги воқеликни бевосита ва билвосита, ихтиёрсиз ва ихтиёрий равишда, пассив ва актив ҳолда, репродуктив ва продуктив тарзда, вербал ва новербал шаклда, мантиқий ва механик йўл билан акс эттирувчи эсда олиб қолиш, эсга тушириш, унитиш ҳамда таниш, эслашдан иборат руҳий жараён, алоҳида ва умумийлик намоён қилувчи ижтимоий ҳодиса, барча таъсирларни ижодий қайта ишлашга йўналтирилган мнемик хотира, фаолият. Хотирани 5 та муҳим мезонга мувофиқ равишда турларга (кўринишларга) ажратиш мумкин:
-
Руҳий фаолиятнинг фаоллигига кўра хотира қуйидаги тарларга бўлинади: а)ҳаракат ва мотор ҳаракатли хотира; б) образли хотира; в) ҳис-туйғу ёки ҳиссиёт хотираси; г) сўз-мантиқ хотираси.
-
Руҳий фаолиятнинг мақсадига биноан: а) ихтиёрсиз, ихтиёрий, механик.
-
Руҳий фаолиятнинг давомий-лигига кўра: а) қисқа муддатли; б) узоқ муддатли; в) оператив.
-
Руҳий фаолият қўзғатувчисининг сифатига қараб: мусиқий эшитиш.
-
Руҳий фаолиятнинг инсон йўналишига эътиборан: феноменал касбий [3].
Тасаввур – идрок қилинган, ҳис этилган нарса, ҳодиса ва жараённинг киши онгида пайдо бўлиши ҳамда улар тўғрисидаги таъсуротларнинг гавдаланиши.
ДиҚҚат–фалсафа, руҳшунослик тушунчаси; инсон фаолиятининг барча турларини муваффақиятли амалга ошириш ва самарадорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири. Шахс фаолияти қанчалик мураккаб, машаққатли, масъулиятли бўлса, у диққатга шунчалик юксак талаблар қўяди. Инсоннинг зийраклиги, сезгирлиги, фаросатлилиги, синчковлиги, дилкаш-лиги, ҳозиржавоблиги учун турмуш шароити ва шахслараро муносабатида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Диққат ақлий фаолиятнинг барча турларида иштирок этади, инсоннинг ҳатти - ҳаракатлари ҳам унинг иштирокида содир бўлади. Онгни муайян бир нуқтага тўплаб, муайян бир объектга фаол қаратилишидан иборат бўлган психик фаолиятга диққат дейилади [3].
Ирода – инсоннинг бир мақсад сари онгли интилиши, бошланган ишни охирига етказиш қобилияти – билимлар, тажрибалар, кузатишлар, тарбия ва ўз-ўзини бошқаришнинг натижасидир.
ИДРОК – инсоннинг билиш, тушиниш қобилияти ва зеҳни ҳамда фаҳм-фаросати.
ИСТЕЪДОД - инсоннинг маънавий-марифий, маданий ва шу каби жиҳатлар асосидаги камол топишидаги даражаси.
ТАЖРИБА – воқеликни амалий жиҳатдан ҳиссий-эмпирик билиш жараёни. Тажриба кенг маънода – ўқув, малака ва билимнинг бирлигидан иборат. Шунингдек, фалсафада билишнинг эмпирик усулларидан бири – экперимент усули ҳам тажриба деб аталади. Тажриба қадимдан фалсафа тарихида муҳим тадқиқот объекти бўлиб келган. Шарқ фалсафасида бирор нарсадаги муайян хосса ёки хусусиятни текшириб кўриш мақсадида ўтказиладиган синов ҳам тажриба деб аталади. Абу Райҳон Беруний тажрибани эксперимент ва кузатиш билан боғлаб тушунтириш тарафдори бўлган. У Ибн Сино билан мунозарада фикран фараз қилиб кўришга нисбатан амалий эксперимент ишончлироқ маълумот беришини таъкидлаб, фикрий мулоҳазалар оғиздан-оғизга ўтиш билан ўзгариб бориши ва асл маъносини юқотиши мумкин деб амалий тажрибанинг аҳамиятини юқори қўйган [5].
Эксперемент – фан ва билиш соҳасида фавқулодда ҳолатдан чиқиш, муаммоли вазиятни ҳал қилиш жараёнлари, шахснинг ҳис-туйғулари, характери, қобилияти, ақл заковатини ўрганишда қўлланиладиган усул. Эксперимент табиий ва лаборатория усулларига ажратилади. Табиий усул психологик-педагогик масалаларни ҳал қилишда қўлланилади. Бу усулнинг илмий асосларини А.Ф.Лазурский таърифлаб берган. Табиий шароитда инсон психикасини ўрганишда синалувчиларнинг ўзлари бехабар бўлиши, таълим жараёнида берилаётган билимлар тадқиқот мақсадига мувофиқлаштирилиши, катта ёшдаги одамларга тарбиявий таъсир ўтказиш кундалик меҳнат тарзи доирасида амалга оширилиши, завод ва фабрикада эса моддий маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилиши лозим. Лаборатория усули ёрдами билан диққатнинг сифатлари, сезги, идрок, хотира ва тафаккурнинг хусусиятлари, эмоционал, иродавий ҳамда ақлий зўриқиш сингари психик ҳолатлар текширилади. Кўпинча лаборатория шароитида кишилар (ўқувчи, ҳайдовчи, оператор, электрончилар) ва кутилмаган тасодифий вазиятлар (ҳалокат, портлаш, издан чиқиши, шовқин кўтарилиши)нинг моделлари яратилади. Эксперимент аниқловчи, таркиб топтирувчи (тарбияловчи) ва назорат (текшириш) қисмларига бўлинади [3].
ДунёҚараш – фалсафа фанининг энг муҳим категорияларидан бири. Фалсафанинг асосини ташкил қилади, олам ва одам ҳақида бир бутун қарашлар, ғоялар тизимини яратади. Энг муҳими инсоннинг оламга муносабати, дунёдаги ўрни, моҳияти, ҳаётий йўналиши, ўзлигини англаш каби саволларга жавоб беради. Зероки, фалсафанинг асоси ҳам соғлом ақл тафаккури ва унинг ривожига мос келадиган дунёқарашни яратишдир. Бунинг учун инсон, энг аввало, мукаммал билимга эга бўлиши лозим [3].
Мазкур дарсликда биз кўпроқ илмий ижод тўғрисида фикр юритамиз. Илмий ижод ўз навбатида қатор муаммоларни ечимини излаш имкониятини беради. Улар:
- инсонларни илмли ва билимли бўлишидаги фаолиятни самарали бўлишини таъминлайди;
- кишиларни илмий иш билан шуғулланишда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади;
- илмий даража ва унвонларни қўлга киритишга шароит яратиш, шунингдек, илмий ходим бўлиб фаолият кўрсатиш имконини беради;
- илмий муассаса ва ташкилотлар ҳамда марказлар очишга асос бўлади;
-табиат ва жамиятдаги ҳодиса ва жараёнларни ўрганиш, ривожлантиришга шарт-шароитлар яратади ва ҳ.к.
Демак, илмий ижодиётнинг МАҚСАДИ давлат, жамият, ташкилот, муассаса, жамоа, оила ва инсонларнинг замонавий ҳаётий эҳтиёжларини қондириб бориш борасидаги янги моддий ва маънавий неъматларни мунтазам равишда яратиб боришдан иборат.
Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларга доимо эътибор бериб бориш керак.
1. Инсоният ҳаётий эҳтиёжи учун зарур нарса ёки предметларни (амалий фаолиятда фойдаланишга қулайлигини ўйлаган ҳолда) такомиллаштириб, улар қаторига янгиларини қўшиб бориш.
2. Инсонлар турмуш тарзини юксалтириб бориш борасидаги замонавий ижодий ишлар кўламини кенгайтириб бориб, жисмоний ишларни кўпроқ ақлий меҳнат фаолияти жараёни билан алмаштиришга эришиш.
3. Жамият интеллектуал салоҳиятини юксалтирувчи ижодий ишлар кўламини кенгайтириб бориб «XXI аср – интелектуал аср»нинг фаол иштирокчиларини тайёрлашга эриша бориш, яъни ҳар қандай замонавий техника ва технология билан «тиллаша» оладиган мутахассислар тайёрлашга эришиш.
4. Соҳалар бўйича (қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, санъат, тиббиёт, маориф ва ҳ.к.) ижодий ишларни самарали йўлларини излаш ва уларга мос илмий ходимлар ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашнинг янги технологияларини яратиш.
5. Фундаментал тадқиқотларга кенг ўрин бериш ва уларнинг амалий аҳамиятига эътибор беришда Ватанимиз равнақи ва тараққиётини ўйлаш.
6. Рақобатбардош замонавий илмий-педагогик ходимлар тайёрлашнинг истиқболли технологияларини яратиш.
7. Ёшларимизни миллий истиқлол мафкураси руҳида тарбиялашнинг истиқболли ва ахборот технологияли методологиясини яратишга кенг эътибор бериш.
8. Жамиятни ахборотлаштириш сари бораётган бир пайтда мутахассисларимизнинг компьютерли саводхонлигини оширишни таъминлашнинг оптимал йўлларини яратиш ва улардан амалий фаолиятда мунтазам фойдаланишга эришиш.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
ижод қандай фаолият ва унинг таърифини айтинг?
-
изланиш қандай жараён?
-
ақлий фаолият категориялари деганда нималарни тушунасиз?
-
илм билан билимнинг фарқи нимада?
-
тажриба билан экспериментнинг фарқи нимада?
-
илмий ижодиёт муаммолари ҳақидаги фикрингиз.
-
илмий ижодиётнинг вазифалари нималардан иборат?
-
дунёқараш ва унинг тадқиқотчининг ИТИ даги аҳамият нимада деб ўйлайсиз?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
|