Амалий машғулот учун топшириқлар:
1. “Акавита” оқими қандай оқим ва у бошқалардан қандай фарқ қилади?
2. Бу оқимнинг асосий хусусиятлари?
3. “Акавита” вакиллари ўз шеърларида қандай масалаларни акс эттиришади?
4. “Акавита” сизга нима учун ёқди (ёқмади)?
Адабиётлар:
1. Литературы зарубежной Азии в современную эпоху. М., 1975.
2. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.
3. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.
4. ХХ век в литературах Востока. М., 1987.
5. Идеологическая борьба и современные литературы Зарубежного Востока. М., 1977.
6. Алочна. 1968, — январь-март.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. “Акавита” оқимининг белгилари.
2. “Акавита” шеърларининг асосий мавзулари.
3. “Акавита” вакиллари.
2.2. Телугу шеъриятида “дигамбара” оқими
Таянч иборалар:
Ёшлар ҳаракати, афсусланиш, умидсизлик, инсон мусибатлари, беҳаё, қўпол сўзлар.
Мустақиллик йилларида мамлакатнинг иқтисодий ва маънавий ҳаётида, шу жумладан Жанубий Ҳиндистоннинг штатларидан бири — Андхра Прадешнинг ҳаётида ҳам кўпгина ўзгаришлар содир бўлди.
Ҳиндистондаги ушбу штат 1953 йилда ташкил этилган. 50–60-йилларда штатнинг иқтисодиёти ва маданиятида тезкор суръатлардаги тараққиёт кузатилади: йирик ирригация иншоотлари, саноат корхоналарининг қурилиши, Андхра Адабиёт академияси фаолиятининг ташкил этилиши, китоб ва журналларнинг нашр этилиши.
Шу билан бирга капитализм ривожланишининг мураккаб шарт-шароитларида ишсизлик ўсиб, кўплаб меҳнаткашлар ва айрим зиёлиларнинг аҳволи ёмонлашиб бормоқда эди. Натижада тўрт йил мобайнида (1969-1972) Андхра штатида кўп сонли чиқишлар содир бўлди ва унда ёшлар кенг иштирок этди.
50–60-йилларда Андхра штати учун маънавий иқлимнинг кескин ўзгаришлари харктерлидир. 50-йилларнинг иккинчи ярми Андхра зиёлилари учун кутган умидларнинг муваффақиятсизлиги тушкунлик даврига айланди.
60-йилларда Андхра адабиётида “жаҳли чиққанлар”, “дарғазаблар”, “исёнкорлар” каби гуруҳлар пайдо бўлади. Уларнинг орасида ўрта табақа вакиллари ҳам бор эди. Масалан, ёзувчи Рачаконда Састри. Лекин булар асосан — ёшлар, 1947 йилдан кейин туғилган ёш адиблар эди. 1970 йилда ёш телугу ёзувчилари “Андхранинг инқилобий ёзувчилари иттифоқи” ташкилотига асос солдилар.
Ушбу норозилик 60-йилларда телугу шеъриятида ёш “дигамбара” шоирларининг чиқишларида намоён бўлди. Таркибида олти киши бўлган “дигамбара” шоирлари гуруҳининг дастлабки манифести 1965 йилнинг май ойида чоп этилган. Улар ўз шеърларини кўчада кечаси фоҳишалар, майхона, рикшачилардан ташкил топган “тингловчилар” олдида ўқиганлар. Шоир қўпол, ахлоқсиз сифатлашларни кўпайтириб, дунёни жуда хунук тасвирлаган ҳолда, дунёнинг адолатсизлигига қарши исён кўтаради ва космик образлардан фойдаланган ҳолда, ўзининг келганлигини эълон қилади. Улар “дигамбара эраси”ни эълон қилган ҳолда, уларнинг шеърияти сиёсий шиорлар шеърияти эмаслигини маълум қилдилар. Бу ушбу мамлакатда изтироб чекаётган ҳар бир инсон ҳақидаги шеъриятдир. Дигамбара шоирлари қуйидаги шиорларни эълон қилдилар:
“Биз олти кишимиз. Биз ўзлигимизни англаймиз. Биз атрофдаги барча инсонларни яхши кўрамиз ва уларни ҳақиқатни англаб олишга чақирамиз. Биз — дигамбара шоирлари — эзгулик тарафдоримиз. Биз — чин инсон тарафдоримиз, ва инсондаги эзгулик яширин оловга ўхшайди. Биз — иккиюзламачилик, ёлғон мавжуд бўлмаган жамият тарафдоримиз”.
1965 йилда дигамбаранинг дастлабки шеърий тўплами босмадан чиқди. Шоирлар бу ерда илк маротаба ўз фикрларини баён қилдилар ва уларнинг ҳар бири ўз шеъриятини ҳам тасдиқлашга ҳаракат қилганлар. Дастлабки тўплам учун Махасвапнанинг “Ҳиндистон хавф-хатар остида”, Бхайравайянинг “Норозилик” (“Дигамбари”), шоир Нагна Мунининг “Норозилик рақси” (“Дигамбара нрутьям”) шеърлари каби манифест шеърлар характерлидир. Фрейдизм образларига тўла бўлган Бхайравайянинг “Мен — доғ туширган қўшиқман” (“Черабадда гитанни”) шеърини буржуа жамиятида ҳақиқий эркинликка эга бўлмаган шоирнинг чақириғи сифатида тушуниш мумкин. Ўнлаб шеърлардаги “яланғоч бўлиш” образи — бу жамиятдаги ёлғон ва иккиюзламачиликларни ошкор қилишга чақиришдир.
Инсоннинг “ўзлиги”ни қидириш — дигамбара шеъриятининг мақсадидир. Дастлабки тўпламдаги бир қатор шеърларда шоирлар жамият билан бўлган алоқалардан озод бўлишга чақирадилар. Уларнинг ўзлари ўз шеърларини “юрагимиздан чиқадиган чақириқлар” деб атайдилар, китобхонни юқори ҳис-туйғули қизғинлик билан ҳаяжонга соладилар.
Улар ўз норозиликлари, ғазабларини баланд овоз билан маълум қиладилар, атрофга тарқатадилар. Алам ва оғриқ уларнинг чақириқларида намоён бўлади; уларнинг шеърияти алам ва жаҳл билан тўйинган. Улар ушбу дунёга бўлган ўз нафратини қўпол, ахлоқсиз образларни тўлдириб юбориш орқали ифода этадилар. Дигамбара шоирларини 60-йиллардаги авангард шеъриятининг мактабларидан бирига киритиб, танқидчи Прабхакар Мачве авангард адабиётининг “ошкоралиги ва аламли эканлиги”ни таъкидлайди. Кўпгина авангардистлар каби дигамбара шоирлари ҳам “жамиятнинг танқиди шок ҳолатида бўлиши лозим” деб ҳисоблайдилар. Уларнинг алами ва изтироблари 1966 йилнинг декабрида нашр қилинган иккинчи шеърий тўпламда кучайиб борган. Иккинчи тўпламда ижтимоий ҳаётда иштирок этишга чақириш биринчи ўринга кўтарилган. Дигамбаранинг иккинчи манифести дастлабки манифестдан сезиларли даражада фарқ қилади. Халқнинг ҳақиқий мусибатлари, зиёлиларнинг саросимага тушиб қолиши уларнинг дарди, аламига сабаб бўлган. Нагна Мунининг иккинчи тўпламни очиб берадиган “Космик авлод учун” (“Касмик джати косам”) шеърида Андхра штатининг Элур, Ҳайдаробод каби шаҳарларининг янада аниқ манзаралари учрайди.
Ўзини Гамлет билан таққослаб, “Мен ўз мамлакатимда ёлғизман”, — деб нолийди Никхилешвар шу номдаги шеърида. Шоирлар иккинчи тўпламда кутилмаган ўхшатишлар, образларга мурожаат қиладилар. Баъзан бу шеърлар шеър шаклидаги насрга ўхшайди. Дигамбара шеъриятининг энг яхши намуналарида шеърнинг ички вазни сезилади, битта ибора, битта сўзнинг такрорланиши кўриниб туради.
В.Р. Нарла дигамбара шоирларининг баъзиларидаги “ҳақиқий истеъдоднинг жиҳатлари”ни эътироф этади, уларнинг шеърларидаги “журъатли образлар, ажойиб сатрлар, тасвирнинг ҳақиқий кучи”ни қайд этади. Андхранинг буюк шоири Шри Шри дигамбара шоирларини “ҳақиқий шоирлар” деб атади. Дигамбара шоирлари китобхонлар доираси, энг аввало, саводли ёшларнинг кўнглига йўл топа олди.
Дигамбара шеърияти — бу публицистик, ижтимоий йўналтирилган шеъриятдир. Махасвапнанинг “Майли оркестр тўхтасин, майли машъалалар ўчсин” шеърининг ўзи шунга мисол бўлади. Дигамбара шеъриятининг кучли ва кучсиз томонлари 1968 йилда нашрдан чиққан учинчи тўпламда тўлиқ намоён бўлди.
1970 йилда “яланғоч шоирлар”нинг шеърий гуруҳи ўз фаолиятини тугатди. Нагна Муни ва Бхайравайя ажралиб чиқишди — уларнинг ҳар бири ўз йўлларидан кетишди. Никхилешвар, Жваламукхи ва Махасвапна сўл инқилобий ташкилоти — “Андхра инқилобий ёзувчилар иттифоқи”ни ташкил қилишди. Андхрадан юзлаб ёшлар уларнинг чақириғига биноан ташкилотга аъзо бўлдилар. Бугунги кунги дигамбара шоирлари террорчилик ҳаракатларига қўшилишга чақирган ҳолда, эндиликда ўзларини “инқилобчи шоирлар” деб атамоқдалар.
Дигамбара шеъриятида, шак-шубҳасиз, буржуа жамиятини танқид қилишнинг мардонаворлиги, шавқатсиз кескинлиги, муросасизлик, атроф-муҳитдан ғазабланиш руҳи учрайди. Бу замонавий маънода авангардизм жиҳатлари ва сюрреализм унсурларига эга бўлган ижтимоий норозилик руҳидаги шеъриятдир.
Амалий машғулот учун топшириқлар:
1. Бу шеърий оқим қачон ва қайси миллий адабиётда ва нима учун пайдо бўлди?
2. “Дигамбара”нинг биринчи тўпламининг хусусиятлари?
3. Иккинчи тўплам қандай шиорлар билан ажралиб туради?
Адабиётлар:
1. Литературная газета. 21.05.1975.
2. Прабхакар Мачве. Современная поэзия хинди. “Иностранная литература”. 1971, №11.
3. Индия: история и современность. М., 1974.
4. Сенкевич А. Левые литературные манифесты и авангардистская эстетика в современной Индии. Теории, школы, концепции. М., 1975.
5. Сенкевич А. Молодая поэзия хинди. М., 1975.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. “Дигамбара” тарихи.
2. “Дигамбара” шоирлари ва вакиллари.
3. “Дигамбара” тўпламлари.
2.3. Ҳикоя жанрининг тараққиёти
Таянч иборалар:
қадимги ҳикоя, ҳикоя унсурлари, ривоятлар, характер талқини, услуб, ўз кучига ишонч, фалсафийлик.
Ҳикоя қадим замонларда ҳам Ҳиндистон адабиётида мавжуд бўлган. Бироқ у алоҳида жанр ҳисобланилмаган ва ривоят, яъни “катха” деб номланган. Шунингдек, шеърий ривоятлар ҳам тарқалган. Бу ҳикоялар диний ва ахлоқий мазмунда бўлиб чегараланган қолипда бўлган. Пураналар, Маҳобҳорат, “Панчатантра” ҳикоялари, Веталанинг ҳикоялари, “Брихаткатха”, Баннунинг “Кадамбари”си, Жатаки ва бошқа ривоятлар ҳикоянинг қадимги кўринишларига мисол бўла олади. Қадимдаги ҳикоялар кўпроқ ҳикоя қилиб сўзлаб бериш учун яратиладиган бўлиб, унинг тарқалиши учун ҳикоя қилувчилар ва тингловчилар бўлиши муҳим эди. Ривоятнинг кичикроқ кўринишига “кахани” атамаси берилди. Одатда, пурана китоблари, жатаки ва бошқа ривоятлар “эски ривоятлар” деб ном олган. Бу эски ривоятларнинг кичик-кичик қисмини қиссалар деб атаганлар.
Бу ривоят ёки қиссаларнинг мақсади кўнгилни очиш бўлмай, диний ва ахлоқий таълим бериш эди. Улар ғайритабиий ва илоҳий воқеа-ҳодисаларга бой бўлган. “Кадамбари”, “Дашакумарчарит” ва бошқалар айни ўша ривоятларнинг кўриниши бўлиб, ёзувчилар уларда сўз ҳамда турли бошқа воситалар ёрдамида бадиий гўзалликни пайдо қилишга ҳаракат қилишган. Демак, эски ривоятлар адабиётнинг ҳикоя жанрига асос бўлган. Секин-аста йирик, романларга ўхшаш асарлар ёзила бошланди. Дастлаб, роман ва ҳикоя жанри орасидаги фарқ сезилмаган. Ҳикоя мустақил жанр сифатида ривожланиб борган сари иккала жанр бир-биридан фарқланди ва алоҳида жанр сифатида ривожлана борди, ва орасидаги фарқ, энг аввало, уларнинг ҳажми, тузилиши ва услуби жиҳатидан ажралиб турар эди.
Ҳикоя ҳажми кичик бўлганлиги сабабли, унда муҳит ҳам қисқа ифодаланган. Бироқ, вақт ўтиб борган сари ҳикояларга бўлган қизиқиш ортди. Бу жанрда ижод қиладиган ёзувчилар кўпая борди. Ғарб адабиёти таъсирида бу алоҳида жанр сифатида мустаҳкамлана борди. Дастлаб пураналар таъсирида фақат илоҳий ҳикоялар ёзилган бўлса, эндиликда уларда ижтимоий борлиқ, реал ҳаёт акс эта бошлади. Замонавий ҳикоя жанрининг бошланиши 1900–1925-йилларга тўғи келди. 1900-йиллардан бошлаб ёзилган замонавий ҳикоялар дастлаб “Сарасвати” номли ойномада чоп этилар эди.
Ҳикоя жанри кундан-кунга ривожланиб, ўзгариб ва янгилаб бораётгани учун унга таъриф бериш жуда мушкул. Бу борада Ғарб ва Шарқ адабиётларида турли давр адабиётшуносларининг фикрлари мавжуд бўлиб, ҳикояга турлича таърифлар беришган. Замонавий ҳикоя асосчиларидан бири Эдгар Аллан По ҳикояга қуйидагича таъриф беради: “Ҳикоя — бу бир ўтиришда ўқиб тугатиладиган ва китобхонда бирор таассурот уйғотиш учун ёзилган кичик адабий асар бўлиб, маъно жиҳатидан тугалланган ва ҳикоядан кўзланган мақсад учун зарурияти бўлмаган турли икир-чикирлардан холи бўлиши лозим”61.
Ҳиндистонлик олим Шямсундар Дас эса ҳикоянинг драматик бўлишига катта аҳамият беради ҳамда ҳикоя аниқ бир мақсадни ва таъсирни кўзлаган бўлиши лозимлигини ҳам инобатга олади. Яна бир ҳинд олими Гулобрайнинг таърифига кўра: “Ҳикоя маъно жиҳатидан тугалланган қисса бўлиб, унда бирор ҳақиқат ёки таъсирни ифодаловчи бош қаҳрамон асосий воқеа ва ҳодисалар ривожини ёритиб туради”. Ҳинд уламоси Ситарам Чатурведи ҳикояга қуйидагича таъриф берди: “Ҳикоядаги воқелик лавҳалар узвий боғлиқ, қисқа ва лўнда бўлади ҳамда у содда услубда ўта моҳирона тарзда ёзилган бўлиб, китобхон қалбида бирор туғён ёки хулоса уйғотиши керак”62.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳикоя ҳажман кичик, мазмунан тугалланган, содда ва мукаммал услубда ёзилиб, бирор мақсадни кўзлаши ҳамда кишида таассурот уйғота олиши шарт. Умуман олганда, олимлар ҳикояда олтита унсурлар бўлишини ва улар ҳикоя ёзилиши жараёнида бир-бири билан узвий боғлиқлигини таъкидлаб ўтишади:
1) Мавзу. Ҳикоянинг мавзуси ўта қисқа бўлиши керак, яъни мавзу кераксиз таърифу-тавсифлардан ва узоқ гаплардан ҳоли бўлиши лозим.
2) Характер талқини. Ёзувчи ҳикоядаги қаҳрамоннинг шундай жиҳатларини ёритсинки, бу орқали унинг характери, инсоний фазилатлари китобхон кўз ўнгида намоён бўлсин. Ҳикоя қаҳрамони хоҳ ҳақиқий бўлсин, хоҳ ҳаётий, бироқ унда инсонга хос хислатлар бўлиши шарт. Характерлар ҳам икки хил усулда талқин этилиши мумкин.
а) Тўғридан-тўғри, аниқ ҳамда аналитик тарзда. Бунга Премчанднинг “Белги” номли ҳикояси мисол бўлади.
б) Ўзлаштирма ёки драматик тарзда. Бунда қаҳрамонлар характери турли диалог ва эпизодлар орқали аниқланади. Баъзан эса қаҳрамон монологлар орқали ўз характерини ўзи очиб беради. Ҳозирги замон ҳикояларида мана шу услубни қўллаш кенг тус олган.
3) Диалог. Диалоглар орқали ҳикоядаги қаҳрамонларнинг кечинмалари, дилидаги ҳис-туйғулари ёритиб берилади. Ҳикояда бу унсур катта аҳамиятга эга бўлиб, ёзувчи диалоглар орқали ҳикоянинг жонли чиқишига эришади.
4) Ҳолат, вазият. Ҳикоядаги вазиятга унча кўп жой ажратилмайди. Ҳикояда фақат аниқлик киритиш учун воқеа кечаётган жой, атроф-муҳит ифодаланади. Баъзан ҳикояда сиёсий масалалар кўтарилса, мамлакатдаги сиёсий аҳвол ҳам ушбу унсур орқали очиб берилади.
5) Мақсад. Ҳикоянинг мақсади фақат унинг кўнгилочар бўлиши эмас. Ҳар бир ҳикояда бирор мақсад тўғридан-тўғри ёки кўчма тарзда албатта мавжуд бўлади. Ҳикоянависнинг мақсади инсон ҳаётининг бирор хусусиятларини очиб беришдир ва баъзида ҳикоя мақсади яширинган бўлади. Ҳикоя тугагач, унинг мақсадини англаб етиш муҳимдир. Баъзи ҳикояларнинг мақсади аниқ бўлади, баъзиларида эса фалсафий фикрлашнинг ичида бўлади.
6) Услуб. Ҳикоядаги услуб — бу ҳикоянависнинг бадиий тасвир воситаларини қўллашида намоён бўлади. Услуб дунёқараш, ижодий метод, эстетик тамойиллар, ғоявий ният, фантазия, истеъдод салоҳияти, адабий жанр имкониятларидан фойдалана олиш, сўз танлаш санъати ва бошқа нарсаларда намоён бўладиган ёзувчининг ўзлигидир.
ХIХ асрнинг охирлари — ХХ асрнинг бошларида ҳинд адабиётида ҳикоя жанрининг янги даври бошланди. Янги давр ҳикоялари Ҳиндистоннинг айнан қадимий ҳикояларининг давомчисидир. Янги давр ҳикояларига “катха” — ҳикоя шаклида; “гаяп” — қисқа ҳикоя; “акхьяика” — қисса, ҳикоя; “лагху катха” — кичик ҳикоя каби ҳикоя шакллари намоён бўлган.
Янгича ҳикоя ёзиш услубида хориж адабиётининг таъсири яққол намоён бўлади. Адабиётдаги бу янги йўналиш ривожланган даврда, маълумки Ҳиндистон инглизлар мустамлакаси эди. Бу даврда ҳинд адабиётида Ғарбга интилиш кучли бўлиб, Ғарбдаги буюк адабиётшунослар, романнавислар, ёзувчилар асарлари ҳинд тилига кўплаб таржима қилинган эди. Шунинг учун ҳикояларга асос бўладиган мавзу ва воқеалар миллий бўлса-да, бироқ унинг тузилиши, услуби хориж адабиётлари таъсирида бўлган. Нашрдан чиқаётган газета ва журналларда ҳикоялар учун махсус саҳифалар ажратилиши халқнинг унга бўлган қизиқишининг янада ортишига сабаб бўлди. Ҳозирги даврга келиб романларга нисбатан ҳикояларга бўлган талаб катта. Шунинг учун қисқа давр ичида ҳикоя жанри ўзига хос шуҳрат топди. Янги давр адабиётидаги ҳикоя жанри кишилар кўнглидан жой олганлиги сабабли уни тарғиб қилиш кенг тус олди. Жумладан, радиоларда ҳам ҳикоялар эшиттирилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, халқда кўп вақтни олмайдиган, кишига ҳузур бағишлайдиган нарсаларни ўқишга бўлган интилиш замонавий ҳикоянинг ривожланишига туртки бўлди.
Замонавий ҳикояларнинг хусусиятлари борасида сўз юритганда қуйидагиларни айтиш мумкин: Замонавий ҳикоя жанри қадимги ҳикоялардан бирмунча фарқ қилади. Қадимги ҳикоялар бир қолипда ёзилган бўлар эди. У ҳикояларнинг баъзилари турли ҳайвонлар, ўсимликларга бағишланган ривоятлар бўлар эди. Бошқа хилдаги ҳикояларда ҳайвонлар ва инсонларга аталган бўлиб, улар аниқ, реал бўлар эди. Оддий инсонларга, уларнинг ҳаётига бағишланган ҳикоялар деярли бўлмас эди, балки шоҳ, малика, шаҳзода, руҳоний-брахманларга аталган бўлар эди. Замонавий ҳикояларда эса оддий халқ, унинг кундалик ҳаёти, турли қийинчиликлари, ички туйғулари ўз ифодасини топган бўлади. Замонавий ҳикояларда ўтмишдагидан фарқли завқ-шавқ, кўнгилочарлик хусусиятлари деярли йўқ, деб айтса бўлади. Замонавий ҳикоялар вақт ўтган сайин фалсафийлашиб, чуқур маъно касб этиб борди ва тақдирга ишониш, ҳаётни тангри измига топширишдан кўра кишиларнинг ўз кучи, иродасига бўлган ишончи марказий ўринни эгаллаб борди. Замонавий ҳикояларда характерлар ифодалари ҳис-туйғулар талқини, ўй-фикрлар таҳлили асосий масалаларнинг очиб берилишига кўпроқ эътибор қаратилган. Бундай ҳикояларда тасвирлашга нисбатан диалогларга катта ўрин ажратилган. Вақт ўтиши билан ҳикоя жанрининг ўзида ҳам ўзгаришлар пайдо бўлди. Яъни баъзи ҳикояларда асосий ўринда характер, баъзиларида муҳит, баъзисида эса сюжет, баъзиларида ҳазил-мутойиба ва ҳажвия асосий ўринга чиқа бошлади. Бу жанрнинг ривожида Премчанд, Радхикарман Прасад Сингх, Коушик, Жайшанкар Прасад, Жайнендра Кумар, Чандрагхар Шарма Гулери, Вишвамбхарнатх, Бхагавати Чаран Варма, Яшпал ва бошқаларнинг ўрни беқиёс. Улар ўзларининг ҳаётий, маърифий, ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, тарихий ва диний мавзуларга оид ҳикоялари билан бу жанр хазинасини бойитганлар.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. Замонавий ҳикоянинг шакли қадимги катхадан нима билан ажралиб туради?
2. Қандай ўзгаришлар кўзга ташланади?
3. Ҳикоя жанридаги асосий олти белгилар тўғрисида нима деб ўйлайсиз?
Адабиётлар:
1. Серебряков И.Д. Литературный процесс в Индии (VII-VIII века). М., 1979.
2. Современная индийская литература. М., 1962.
3. Современный индийский рассказ. Т., 1957.
4. Современная литература Зарубежного Востока. Т., 1979.
5. Оташ нафаслар (тўплам). Т., 1977.
6. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.
7. Ходжаева Т.А. Ҳиндистон халқлари адабиёти. Т., 2010.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Ҳикоя жанри — ривожланиш тарихи.
2. Ҳинд танқидчилари ҳикоя тўғрисида.
3. Ҳикоя жанрининг белгилари.
4. Замонавий ҳикоя.
2.4. Замонавий жанрлар ва оқимлар
Таянч иборалар:
Бадиийлик, қисқалик, бетарафлик, асосий фикр, рекхачитра.
“Рекхачитраа” (кўриниш) жанр сифатида ҳиндий адабиётида ҳикоя жанридан бироз вақт ўтгач пайдо бўлди. Ўз тараққиётининг дастлабки онларида у алоҳида, мустақил жанр сифатида қабул қилинмаган, у ҳикоя, очерк ва насрчиликнинг унга ўхшаш бўлган бошқа жанрлари қаторига киритилган. Табиийки, ўша вақтда унинг фарқли жиҳатлари ҳали ишлаб чиқилмаганлиги учун у ўзини ҳиндий адабиётининг бадиий-публицистик (аралаш) турининг янги жанри сифатида намойиш эта олмаганлиги билан изоҳланади. Ўн-ўн беш йиллардан сўнг новелланавислар рекхачитрани бошқа жанрлардан ажрата бошладилар. Кейинчалик бадиий-публицистик тур, хусусан рекхачитра тўғрисида дастлабки батафсил тадқиқотлар вужудга келди.
Янги жанрнинг дастлабки намуналари “Ханс” ва “Мадхукар” журналларида босилиб чиқиб, уларнинг саҳифаларида аралаш турнинг деярли барча асарлари: мемуарлар /“сансмаран”/, биография /“атмакатха”/, кундалик /“дайри”/ ва бошқалар пайдо бўлди. Банарисидас Чатурведи, Омпракаш Синхал, Джайнендра Кумар, Нагендра, Пракашчандра Гупта, Вишванатх Прасад Мишра ва бошқа шу каби етакчи адиблар янги жанрнинг пайдо бўлишига асос солганлар.
Рекхачитра шундай асарки, унда бирор-бир инсон, бирор-бир предмет, воқеа, ҳодиса ва бошқаларга атрофдан солинган назар акс эттирилади. У тавсифланаётган нарса-буюмнинг тасвирини осон ва яққол ифода этиш имконини беради ва унинг тўртта асосий унсурини ажратиб кўрсатиш жоиз.
Рекхачитраанинг шак-шубҳасиз энг биринчи унсури сифатида образлиликни айтиш мумкин, чунки айнан шу билан бошқа жанрлардан асосий фарқи ролида иштирок этади. Муаллифнинг асосий фикрини китобхонга тўлиқ етказиб бериш — унинг асосий мақсади ҳисобланади. Иккинчидан, ижодий зеҳнлилик ва мантиқий фикр юритиш ҳам зарурдир. Улар муаллифга бирор-бир предмет ёки тирик мавжудотнинг тугалланган образини хаёлан ифода этишга имкон беради. Учинчидан, муаллиф баён этилаётган предметнинг моҳиятини чуқур таҳлил қилиш қобилиятини намойиш эта олади.
Мантиқий равишда асосий мавзуга асосланган вақтда асарнинг яхлитлиги рекхачитранинг муҳим унсурларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун унда муаллифнинг эътибори асосий фикрга қаратилади. Нагендранинг сўзларига кўра, “яхлитлик рекхачитрада ўз моҳияти билан олдиндан белгиланади”63.
Бетарафлик — унинг муҳим унсурларидан яна биридир, муаллиф таърифланаётган мавзу бўйича ўз фикрини очиқ баён этиш ва ўз номидан сўз юритиш ҳуқуқига эга эмас.
Ихчамлик, қисқаликни рекхачитра шаклини белгиловчи унсур сифатида қараш мумкин. У муаллифни ўз фикрини қисқа ва аниқ шаклда баён этиш йўлларини қидиришга мажбур қилади. Ҳақиқий рекхачитрада тавсиф ва изоҳлар жуда кам бўлади.
Шундай қилиб, рекхачитра (“кўриниш”) ўз шакли ва мазмуни билан бошқа жанрлардан фарқ қилади. Қўшимча сифатида таъкидлаш жоизки, бу жанрда ҳам мавзу ва ғоя, мазмун ва шакл тузилиши асосида бир неча хилларини ажратиш мумкин. Масалан, сиёсий зарисовкалар /машҳур жамоат арбобларининг портретлари/, маиший /абстракт тоифалар ҳақида, жонли табиат, инсон, жонсиз предметлар ҳақида/; ва шакли бўйича ҳикоя, хотираномалар ёки йўл хотираларига яқин бўлган ва ўхшаб кетган.
Унинг тараққиёти давом этмоқда ва яхши истиқболларга эга. Даврий нашр саҳифаларида бу жанр асарларининг доимий чиқиши, бошланғич даврдаги муаллифларнинг асарларига қизиқишнинг ортиб бориши — буларнинг барчаси — рекхачитранинг оммабоплигидан далолат беради.
Машҳур ҳинд адибларининг бир нечта “кўринишлари” рус тилида ҳам чиққан. Хусусан, “Кун ёруғлигида, қоронғи тунда”* тўпламида Мохан Ракешнинг “Деҳли тақвими”, Ражендр Ядавнинг “Тунги Калькутта”, Амритрайнинг “Бенарес бўйлаб саёҳат”, Камлешварнинг “Оллоҳобод тўғрисидаги хотиралар”, Кришан Чандарнинг “Сринагардаги тун” ва бошқа асарлар учрайди.
Ҳиндий “кўринишлари” орасида Пракашчандра Гупта, Рамврикш Бенипурининг “Митти ки муртен” (“Сопол ҳайкаллар”), “Гехун аор гулаб” (“Буғдой ва атиргул”) номли ажойиб асарларини, Удайшанкар Бхатт, Вишну Прабхакар, Упендранатх Ашк ва бошқаларнинг асарларини ёдга олиш лозим.
Бу жанр ўз тараққиётида узоқ йўл босиб ўтди ва мустақил жанрга айлана олди. У бугунги кунда ҳикоя ва очеркдан фарқли, ўзига хос хусусиятларга эга, бошқа жанрларга яқин бўлган жанр сифатида ўз қонунлари бўйича ривожланади.
Шундай қилиб, А. Притамнинг “Атиит ки парчхайиан” (“Хотиралар”)64 тўпламида ҳам очерклар, ҳам мактублар, ҳам эссе ва рекхачитралар мавжуд. А. Притам Непал шоирлари билан бўлган учрашув ҳақида ҳикоя қилади (“Непалнинг куйлаётган туни” рекхачитра), унда С. Шрештха, П. Саньял, Суманнинг шеърлари янграган ва барча миллий адабиётларнинг: непал, бенгал, панжоб ва ҳиндий тилидаги шеърлар ўқилган. Машҳур шоир С. Шрештх қамоқхонада ёзилган шеърларини ўқиб берди.
Горький ва Толстой билан бўлган учрашувлар ҳақида сўз юритганда, у “мен инсон муҳаббатининг шундай чўққисини кўрдимки, бу ёрқин лаҳзалар ҳатто қоронғи йиллар олдида буюк бўлиб туюлади”, деб таъкидлайди. Шоира бундай адабий учрашувлар, шунингдек анжуманлар ҳақида яққол ва аниқ сўз юритади. Унинг фикрича, кам сонли адабий учрашувлар бир-бирини тушуниш, бир-бирини бойитиш имконини беради. “Франция билан Германия уруш пайтида бўлган Ромен Роллан ва Стефан Цвейг ўртасидаги адабий учрашув, уларнинг қалин дўстона қўл сиқишиши тинчлик ўрнатиш учун фойдалилигига ва кераклигига гувоҳи бўлдим”.
А. Притам “Андаретда ўн кун” номли “рекхачитра”сида Шарқда ҳар доим барҳаёт бўлган Фарҳод ва Ширин афсонасига мурожаат қилади. “Бизнинг Фарҳодларимиз — бизнинг ишчиларимиз. Ҳаёт Ширинга қандай шарт қўйган? Қачонгача ҳаёт чашмаси улардан атиги бир неча қадам узоқдан оқиб ўтади?”. Шоира ўз олдига ва жамият олдига шундай саволларни қўяди.
“Бизнинг ёзувчиларимиз — бизнинг Фарҳодларимиз. Ширин сизнинг олдингизга қандай шартларни қўйган?”. У ўз ижодида ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилади, ёзувчининг меҳнати — улкан, кучли, кундалик меҳнат, лекин муайян мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган меҳнат эканлигини таъкидлайди.
У бу саволларни ўз ватандошлари, қалам бўйича ҳамкасблари ва кўплаб мамлакатларнинг шоирларига —ҳиндий шоири Динкарга, болгариялик шоира А. Камянова ва ўзбек шоираси Зулфияга беради. На географик чегаралар, на юксак тоғлар ёзувчиларнинг дўстона ва ижодий алоқаларига тўсқинлик қила олмайди.
Достарыңызбен бөлісу: |