Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта
тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти
Касбий диагностика асосида малака ошириш концепцияси
Тошкент 2011
Ушбу концепция халқ таълими раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш бўйича касбий диагностикани мактабда ташкил этишнинг шакл ва усуллари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(шаҳар) бўлими қошидаги таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи томонидан педагог кадрларнинг касбий диагностикасини амалга ошириш ва улар асосида малака ошириш буюртмаларини шакллантириш, касбий диагностика бўйича тажриба-синовлар натижалари таҳлили ва хулосалар, касбий диагностика асосида малака оширишнинг мазмун ва шаклларини аниқлаш, халқ таълими ходимлари малакасини оширишда ўқув-методик жараённинг сифати ва профессор-ўқитувчиларнинг касб малакаси диагностикаси, касбий диагностика асосида малака ошириш концепциясини ўз ичига олган.
Ундан касбий педагогик диагностика масалаларини ўрганиш, улардан амалда фойдаланиш, мақсадли ва буюртмали малака оширишни ташкил қилиш, мазкур йўналишда илмий, методик материаллар: ўқув режа, дастурлар, ишланмалар, қўлланмалар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланувчи мутахассислар, раҳбар ва педагог ходимлар, методистлар, илмий тадқиқотчилар фойдаланишлари мумкин.
Мазкур концепция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш Қўмитасининг 2007-2011 йилларга мўлжалланган фундаментал ва амалий тадқиқотлар дастури ХТ/Ф2/002 шифрли “Касбий диагностика асосида малака оширишнинг мазмуни ва шаклларини аниқлаш юзасидан комплекс тадқиқотлар ва тажриба-синовлар ўтказиш ҳамда концепциясини яратиш” фундаментал лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилди.
Муаллифлар:С.Усманов, М.Яхьяев, Х.Қудратуллаев, Ж.Фозилов,
Т.Қодиров
Ушбу концепция А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ Илмий кенгашининг 2011 йил декабрь ойидаги йиғилишида муҳокама қилинди ва нашрга тавсия этилди ( 8/5.1 -қарори) .
Касбий диагностика асосида малака ошириш концепцияси
1. Касбий педагогик диагностиканинг долзарблиги
Малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими унинг мазмун ва методларини замонавий талабларга мувофиқ мунтазам такомиллаштириб боришга мослаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги 25-сонли қарори билан тасдиқланган “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари”да “Педагог кадрлар малакасини ошириш-таълим турлари бўйича Давлат таълим стандартлари талаблари (Давлат талаблари) асосида касбий ва педагогик маҳорат доимий равишда ўсиб боришини, ўқув-тарбия жараёни юқори илмий-методик даражада олиб борилишини таъминлайдиган, ўқитиладиган ўқув фани ёки курс, педагогик ёки ахборот технологиялари ва ўқитишнинг интерфаол методлари бўйича касбий билимлар, малака ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб бориш” деб таърифланган.
Ҳозирда раҳбар ва педагог кадрлар малакасини оширишнинг аниқ мақсадга қаратилган ва мавжуд эҳтиёжларга асосланган бўлишини таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Шунга мувофиқ малака оширишнинг мазмуни, шакл ва усуллари ҳам такомиллашиб боради.
Малака оширишнинг мақсади раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий билим, кўникма, малакаларини чуқурлаштириш ва янгилашдан иборат. Бунда ушбу чуқурлаштириш ва янгилашларнинг энг зарур ва долзарб йўналишларини белгилаб олиш аниқ мақсадга қаратилган малака оширишни таъминлайди. Бундай мақсадларни аниқлашни эса, ҳар бир таълим муассасасининг ривожланиш истиқболлари ҳамда раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий тайёргарлигидаги мавжуд бўшликларни аниқлаш орқали амалга ошириш мумкин. Буни ҳар бир вазиятга хос бўлган реал ҳолат асосида касбий педагогик диагностика усулларини қўллаш орқали амалга оширилади. Лекин, касбий педагогик диагностикани ташкил этиш, фойдаланиш масалаларини атрофлича ишлаб чиқилмаган. Шу муносабат билан касбий диагностика асосида малака ошириш концепциясини яратиш зарурати мавжуд.
Малака ошириш бўйича касбий педагогик диагностика раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий тайёргарлик даражаси, ундаги мавжуд бўшликлар ва уларни тўлдириш юзасидан эҳтиёжларни аниқлаш ҳамда улар асосида малака оширишнинг мазмун ва шаклларини белгилаш орқали зарур касбий тайёргарлик даражасини таъминлаш ва пировардида эса, таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштиришга хизмат қилади.
2. Концепциянинг мақсади
Юқорида айтилганларни ҳисобга олган холда ушбу касбий диагностика асосида малака ошириш концепцияси ишлаб чиқилди. Мазкур концепциянинг мақсади – касбий педагогик диагностиканинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда унинг асосий тамойиллари, йўналишлари, шакл, усул, воситалари ва бошқа ташкилий-педагогик , илмий-методик жиҳатларига мувофиқ равишда таълим муассасалари ва методик хизмат тизимида касбий педагогик диагностика усулларидан фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамда раҳбар ва педагог кадрлар малакасини оширишни мақсадли ва мавжуд эҳтиёжларга мувофиқ ташкил қилиш орқали таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштиришга ҳисса қўшишдан иборат.
3. Малака ошириш бўйича касбий диагностиканинг мақсади ва таърифи
Педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича касбий педагогик диагностиканинг ҳозирги кундаги асосий мақсади- раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий тайёргарлигидаги мавжуд бўшликларни аниқлашдан иборат.
Шундан келиб чиққан ҳолда, касбий педагогик диагностикани қуйидагича таърифлаш мумкин: Касбий педагогик диагностика - раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий тайёргарлиги даражаси ҳамда ундаги мавжуд бўшлиқларни аниқлаш жараёнидан иборат.
Бунда раҳбар ходимлар ҳамда фанлар ўқитувчиларининг ўз лавозим мажбуриятлари, ўз фанлари бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув режа, дастурлар, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ва ўқув-методик ҳужжатларни, улардаги талабларни билиши, шу билан бирга, ўқитиш (дарс бериш) маҳорати, тарбиялаш маҳорати, ўқув-тарбия жараёнида гуманитар омилни таъминлайдиган шахсий сифатлари, таълим олаётганларнинг билимларини холисона назорат қилиш ва баҳолаш маҳорати бўйича касбий тайёргарлик даражаси аниқланади.
Ушбу педагогик диагностика натижаларининг таҳлили ва улардан келиб чиқадиган хулосалар асосида педагог кадрларнинг касбий тайёргарлиги улар ишлаётган таълим муассасаларининг истиқболдаги режалари, вазифаларини амалга ошириш учун талаб қилинадиган даражада бўлишини таъминлаш бўйича зарур эҳтиёжларни ва уларга мувофиқ ҳолда малака ошириш машғулотларининг мазмуни ва шаклларини белгиланади.
Бунинг натижасида эса, аниқ мақсадга йўналтирилган малака оширишни ташкил қилиш имконияти ҳосил бўлади.
Истиқболда малака оширишнинг сифати ва самарадорлигини ошириб бориш учун касбий диагностиканинг турли шакл ва усулларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
4. Малака ошириш жараёнида касбий
диагностикадан фойдаланиш
Ҳозирги кунда малака ошириш курслари ҳудудий ХТБларнинг буюртмалари асосида режалаштирилмоқда. Ҳудудий ХТБлар ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг ўрнатилган даврийликда (3-5 йилда бир марта) малака оширишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда буюртмаларни расмийлаштирадилар. Бунда малака оширишга бўлган ҳақиқий эҳтиёжларни, яъни, раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий тайёргарлиги даражаси ва ундаги бўшликларни ҳамда уларнинг мавжуд билимларидаги янгилаш ва чуқурлаштириш зарур бўлган йўналишларни ҳисобга олиш ва улар асосида аниқ мақсадларни белгилашга зарур даражада эътибор қаратилмайди.
Педагог кадрлар малакасини оширишни уларнинг касбий диагностикаси асосида ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, ўқитувчининг профессионализми даражасини ошириш бўйича ҳозирда олиб борилаётган ишлар йўналишлари асосан таълим муассасаларида ўқитувчилар олиб бораётган методик ишлар ва уларнинг ўрнатилган даврийликда малака ошириш курсида ўқишларидан иборат.Бунда методик ишлар йўналишлари устоз-шогирд методи бўйича таълим муассасасида ўқитиш (инновация методи), фан методика бирлашмасидаги фаолият, мустақил ўқиб билим орттириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, уларни амалиётга жорий қилиш, семинарлар ва турли анжуманларда иштирок этиш кабилардан иборат. Шу билан бирга, малака оширишнинг энг фаол шакли бўлган стационар малака ошириш курсларида ишдан ажралган холда ўқиш ҳисобланади.
Шу малака ошириш курсларида ўқитувчининг проффесионализми даражасини ошириш бўйича ҳозирда олиб борилаётган ишлар йўналишлари ўқитувчининг мавжуд проффесионализми даражасини касбий диагностика асосида белгилаш ва унинг замонавий даражада бўлишини таъминлашга йўналтирилган аниқ мақсадли малака ошириш шаклларини ҳамда уларнинг мазмуни ва методларини янада такомиллаштириш, шу билан бирга, уларнинг сифати ва самарадорлигини ошириб боришга қаратилган.
5. Касбий педагогик диагностиканинг қўлланиш соҳаси
Касбий диагностика қуйидаги соҳаларда қўлланиши мумкин:
Раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш соҳасида уларнинг касбий тайёргарлик даражасини белгилаш, ундаги талабларга жавоб берадиган жиҳатларни ҳамда мавжуд камчиликларни ва бўшликларни аниқлаш асосида малака оширишга бўлган ҳақиқий эҳтиёжларни белгилаш амалга оширилади. Бу эҳтиёжларни малака оширишга буюртмаларни шакллантиришда ҳисобга олиш аниқ мақсадли ва шунга асосан самарали малака оширишни таъминлайди.
Малака оширишнинг бошланишида тезкор касбий диагностика ўтказиш орқали тингловчиларнинг тегишли йўналишлар бўйича тайёргарлик даражаси аниқланади. Унинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда малака ошириш машғулотларини ташкил қилиш бу машғулотларнинг аниқ мақсадли бўлишини ва улардан кўзда тутилган самарага эришишни таъминлайди.
Малака ошириш курси охиридаги якуний аттестация касбий диагностиканинг ўзига хос расмий шакли бўлиб, тингловчининг ўзлаштириши натижаларини белгилайди.
Малака ошириш курсидан кейинги касбий диагностика тингловчининг курсда ўрганганларини ўз амалий фаолиятида қўллаши даражасини ва эришган натижаларини аниқлашга қаратилади. Бу эса малака ошириш курсининг самарадорлиги натижаларини аниқлаш имкониятини беради.
Таълим муассасалари томонидан ҳамда педагог кадрларнинг ўзлари томонидан вақти – вақти билан уларнинг назарий ва методик тайёргарлик даражаси диагностикаси ўтказилиб, уларнинг бу соҳалардаги инновациялар, эришилган ютуқлар билан танишиш, улардан амалда фойдаланиш бўйича олиб бораётган ишлари натижалари ҳамда мазкур йўналишлардаги эҳтиёжлари аниқлаб борилади.
Касбий диагностика натижаларидан раҳбар ва педагог кадрларининг касбий педагогик маҳорати даражасини, рейтинггини аниқлаш орқали уларнинг малака тоифасини белгилаш, турли мақсадлардаги танловларни ўтказиш каби масалаларни ҳал қилишда фойдаланилади.
6. Касбий диагностиканинг мазмун – моҳияти
Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда касбий педагогик диагностиканинг мазмун-моҳиятини умумий тарзда қуйидагича ифодалаш мумкин.
Касбий педагогик диагностиканинг мазмуни раҳбар ва педагог кадрларнинг замонавий талаблар даражасида касбий тайёргарликка эга бўлишлари учун амалга ошириладиган илмий-методик йўналишдаги ташкилий-педагогик ва амалий ишлардан иборат.
Касбий педагогик диагностиканинг мазмунини белгиловчи асосий мезонлар раҳбар ва педегог кадрларнинг ўз лавозимлари бўйича ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лавозим мажбуриятлари ҳамда ҳар бир лавозим бўйича кадрларга қўйиладиган малака талаблари ҳисобланади. Бу лавозим мажбуриятлари ва малака талабларига киритилган барча бандларнинг мазмуни тўлиқ қамраб олинганда касбий диагностика тўлиқ, шу ҳужжатларнинг айрим йўналишлари ёки алоҳида бандлари қамраб олинганда эса, қисман ёки алоҳида масалалар бўйича касбий диагностика ўтказилган бўлади.
Бунда илмий-методик йўналишдаги масалалар ҳар бир раҳбар ва педагог кадрларнинг ўз мутахассисликлари бўйича илмий - назарий билимлари, фанни ўқитиш методикаси, замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологияларидан амалда фойдаланиш кўникмалари ҳамда таълим-тарбия соҳасига тегишли амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган талаблар, вазифалар ва уларни амалга ошириб бориш юзасидан тайёргарлик даражасининг диагностикасини ўз ичига олади.
Касбий педагогик диагностиканинг ташкилий-педагогик масалалари унинг даврийлигини белгилаш, амалга оширувчиларни ва уларнинг бажарадиган вазифаларини аниқлаш, зарур шарт-шароитлар ва воситаларни тайёрлаш, амалга ошириш жараёнини ташкил қилиш тартибини, натижаларни белгилаш, расмийлаштириш, таҳлил қилиш, хулосалар ва тавсияларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади.
Мазкур масала билан боғлиқ амалий ишлар касбий диагностикани ўтказиш вақтини, жойини белгилаш, зарур тайёргарликларни амалга ошириш, касбий диагностикадан ўтувчилар ва ўтказувчилар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда касбий диагностикани ўтказиш жараёнини талаблар даражасида ташкил қилишдан иборат.
Бунда касбий диагностиканинг турли шакл ва усуллари орасида ҳар бир педагог ходимнинг ўзини ўзи касбий диагностика қила билиш кўникмаларини эгаллаши ва амалда қўллаши алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга таъкидлаш керакки, педагог кадрларнинг ўзини-ўзи касбий диагностика қилиши, алоҳида шароит, вақт, жой талаб қилинмайдиган, энг тезкор самарали, ҳаққоний ва холисона усуллардан бири ҳисобланади
7. Касбий педагогик диагностиканинг асосий тамойиллари
Касбий педагогик диагностикани ташкил этиш ва амалга оширишда ҳамда унинг натижаларидан амалда фойдаланишда муайян тамойилларга асосланилади.
Касбий педагогик диагностиканинг асосий тамойилларига қуйдагилар киради:
Мақсадлилик. Бу тамойил касбий педагогик диагностика раҳбар ва педгог кадрлар касбий фаолиятининг ҳар бир йўналишлари бўйича мавжуд бўшликларни алоҳида аниқлаш ҳамда тайёргарлик даражасини белгилаш юзасидан тегишли аниқ мақсадларга қаратилган бўлишини назарда тутади.
Илмийлик. Бу тамойил касбий педагогик диагностиканинг мазмуни, шакл, усуллари, хулоса ва тавсиялари илмий қоида, қонунлар, тегишли илмий нуқтаи назарларга асосланишни талаб қилади.
Методик асосга эгалик. Бу тамойил касбий диагностикани режалаштириш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни мавжуд методик хулоса ва тавсияларга асосланган ҳолда ҳал этишни назарда тутади.
Замонавий педагогик технологияларга мувофиқлик. Бу тамойил педагогик диагностикани амалга оширишда ҳозирги илғор педагогик технологияларга мувофиқ шакл ва усуллардан фойдаланишни назарда тутади.
Психологик омилларни ҳисобга олиш. Бу тамойил педагогик диагностикани ташкил қилиш ва амалга оширишда психологик омилларни ҳисобга олиш, жумладан, шахсий психологик хусусиятлар, мулоқот психологияси, психологик вазиятлар ва уларга таъсир қилувчи омилларни ҳисобга олишни назарда тутади.
Холислик. Бу тамойил касбий диагностикани ўтказиш жараёнида ва унинг натижаларини белгилаш, таҳлил қилиш, хулоса ва тавсиялар беришда холисона ёндашувни амалга ошириш бўйича зарур мезонларга тўлиқ риоя қилинишини таъминлашдан иборат.
Даврийлик. Бу тамойил касбий диагностикани маълум даврийликда ташкил қилиб бориш ва натижалари асосида тегишли ишларни ўз вақтида амалга ошириб боришни назарда тутади.
Ҳар хил турдаги шакл ва усуллардан фойдаланиш. Бу тамойил касбий диагностиканинг муайян мақсадларига мувофиқ бўлган турли замонавий шакл ва усулларидан фойдаланиш орқали олинадиган натижаларнинг холисона бўлишини таъминлашни назарда тутади. Шу билан бирга, турли шакл ва усуллардан фойдаланиш касбий диагностикани такомиллаштириб бориш имкониятини беради. Бундан ташқари айрим масалалар бўйича турли шакл ва усулларни қўллаш орқали олинган натижаларни қиёслаш шу масалалар бўйича атрофлича маълумотларга эга бўлиш ҳамда холисликни янада оширишни таъминлайди.
Натижавийлик. Бу тамойил касбий диагностика натижаларини аниқлаш, уларни тегишлича таҳлил қилиш асосида хулосалар чиқариш ва тавсиялар бериш, зарур ҳолларда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шу тавсиялар ва чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил қилиш, бажарилишини назорат қилиб боришни назарда тутади.
Амалиёт билан боғлиқлик. Бу тамойил касбий диагностиканинг педагог кадрлар амалий фаолиятини такомилаштиришга қаратилган бўлишини, малака оширишга бўлган эҳтиёжларни белгилаш асосида буюртмаларни аниқ мақсадли шакллантиришни ҳамда курсдан кейинги самарадорликни аниқлаб, келгуси вазифаларни белгилаб боришдан иборат ишларни ўз ичига олади.
8. Касбий педагогик диагностика йўналишлари
Касбий педагогик диагностика йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Раҳбар ва педагог кадрларнинг лавозим мажбуриятлари бўйича касбий тайёргарлиги.
Мутахассислик фанлари назарияси ва уни ўқитиш методикаси бўйича тайёргарлиги.
Ўқитиш (дарс бериш) маҳорати.
Тарбиялаш маҳорати.
Ўқув-тарбия жараёнида гуманитар омилни таъминлайдиган шахсий сифатлари.
Таълим олаётганларнинг билимларини холисона назорат қилиш ва баҳолаш маҳорати.
Ушбу йўналишларнинг ҳар бири тегишли мазмун ва уни ташкил қилувчи таркибий қимсларга эга бўлиб, улар ўз навбатида касбий педагогик диагностиканинг мазмуни ва таркибий қисмлари ҳисобланади.
9. Касбий диагностиканинг асосий шаклари ва усуллари
Касбий педагогик диагностиканинг асосий шакл ва усуллари қуйидагилардан иборат:
Ҳужжатларни ўрганиш асосидаги диагностика.
Ўқув машғулотларини кузатиш ва таҳлил қилиш.
Суҳбат асосидаги диагностика.
Сўровнома саволларига берилган жавоблар асосидаги диагностика.
Тест синови асосидаги диагностика.
Ўқувчиларнинг фикрларини ўрганиш
Ота-оналарнинг фикрларини ўрганиш бўйича социологик тадқиқот.
Ўзини-ўзи диагностика қилиб бориш.
Диагностика натижаларини аниқлаш, уларни таҳлил қилиш, умумлаштириш, хулоса чиқариш, тавсилар бериш.
Ушбу шакл ва усуллардан ҳар бирининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолдаги аниқ мақсадларга мувофиқ равишда фойдаланилади.
10. Касбий диагностикани амалга ошириш воситалари
Касбий педагогик диагностиканинг асосий воситаларига қуйидагилар киради:
Лавозим мажбуриятлари, малака талаблари.
Таълим-тарбия соҳасига тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, Фармонлар, Фармойишлар, қарорлар, буйруқлар.
Давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурлари.
Дарсликлар ва бошқа ўқув ҳамда методик адабиётлар.
Сўровномалар.
Тест материаллари.
Ушбу воситалар асосида касбий педагогик диагностиканинг мазмуни ва мезонларини белгиланади. Бунда сўровномалар ва тест материалларини тегишли мақсадларга мувофиқ мазмунлар бўйича тайёрланади.
11. Касбий педагогик диагностикани бажарувчилар ва
уларнинг вазифалари
Касбий диагностикани амалга ошириш ва унинг асосида малака ошириш буюртмаларини шакллантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги 25-сонли “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида қуйидаги вазифалар белгилаб қўйилган:
“Таълимни бошқариш ҳудудий органлари қайта тайёрлаш ва малака оширишга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар ҳамда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориладиган ўқитувчилар контингентини шакллантирадилар. Таълимнинг тегишли тури таълим муассасалари буюртманомалари ва таклифлари асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш турлари ва шакллари, шунингдек, ўқув режалари ва таълим дастурларининг мазмуни бўйича тавсиялар тайёрлайдилар.
Узлуксиз таълимнинг тегишли турдаги таълим муассасалари буюртмачи сифатида иш кўрадилар, ўқув-тарбия жараёни сифатининг ички назоратини ва таҳлилини амалга оширадилар, рейтинг тизими бўйича ҳар бир педагог касб фаолиятининг мониторингини олиб борадилар ва баҳолайдилар. Қайта тайёрлаш ёки малака оширишга эҳтиёж сезадиган ўқитувчилар контингентини белгилайдилар. Педагог кадрларнинг касб малакаси даражасини ўрганиш асосида уларни табақалаштирадилар, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли турлари ва шаклларини белгилайдилар, педагогларни мақсадли қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишни ташкил этишнинг якка тартибидаги топшириқларини ёки аниқ йўналтирилган дастурларини тузадилар.”
Шу вазифаларга мувофиқ равишда касбий педагогик диагностикани таълим муассасаларида ва халқ таълими соҳасида фаолият олиб бораётган методик хизмат муассасалари тизимида олиб борилади. Бу ишларни улар ўз тасарруфларидаги раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича буюртмачи сифатида амалга ошириб борадилар. Уни ташкил қилувчи ва амалга оширувчилар қуйидагилар ҳисобланади.
Туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими:
- ўз ҳудудидаги раҳбар ва педагог кадрлар касбий диагностикасиини ташкил қилиш, раҳбарлик қилиш ва назорат олиб бориш;
- касбий диагностика натижаларини малака ошириш учун буюртмаларни шакллантиришда ҳисобга олинишини таъминлаш;
- касбий диагностика натижалари бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги методик таъминлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва давлат таълим стандартлари мониторинги гуруҳи:
- ўз ҳудудидаги таълим муассасаларида касбий диагностика ишларини методик таъминлаш;
- касбий диагностика натижаларини аниқлаш, тегишлича таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш, зарур тавсиялар тайёрлаш;
- касбий диагностика натижалари асосида мақсадли малака ошириш йўналишларини белгилаш.
Умумий ўрта таълим мактаби раҳбари:
- педагог кадрларнинг касбий диагностикасини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил қилиш ва бажарилиши устидан назорат олиб бориш;
- касбий диагностика натижалари асосида малака ошириш буюртмаларини шакллантириш;
- педагог кадрларнинг мактабда узлуксиз мустақил ўқишлари самарадорлигини ошириш учун зарур ёрдамлар кўрсатиб бориш.
Мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари:
-
касбий диагностика ишларига бевосита раҳбарлик қилиш;
-
касбий диагностиканинг сифатли амалга оширилиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
-
касбий диагностика натижаларини мактаб бўйича умумлаштириш;
-
касбий диагностика натижалари бўйича тавсияларни жамлаш, малака ошириш бўйича истиқбол режаларни шакллантириш ва бажарилишини назорат қилиб бориш.
Умумий ўрта таълим мактаби фан методика бирлашмаси раҳбари:
-
фан методика бирлашмаси бўйича педагогларнинг касбий диагностикасини ташкил қилиш;
-
касбий диагностика натижаларини аниқлаш, таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш, зарур тавсиялар бериш;
- педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш йўналишидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириб бориш;
- малака ошириш учун буюртмалар бериш ва малака оширишга оид таклифлар тайёрлаш.
Раҳбар ва педагог кадрлар:
- ўзини ўзи касбий педагогик диагностика қилиш усулларини ўзлаштириш ва амалда фойдаланиб бориш;
- ўз касбий педагогик маҳоратини ошириш бўйича узлуксиз мустақил ўқиш билан шуғулланиш;
- малака оширишга шахсий эҳтиёжларини, касбий билим, кўникма, малакаларидаги бўшликларни аниқлаш ва малака ошириш жараёнида уларни тўлдириб бориш;
- педагогик фаолияти жараёнида ўзини ўзи таҳлил қилиб бориш.
Бу диагностика натижалари раҳбар ва педагог кадрлар учун ўз иш жойларида узлуксиз малака ошириш фаолияти билан аниқ мақсад йўлида шуғулланиш йўналишлари ва мазмунини белгилаш, шахсий узлуксиз малака ошириш режасини ҳақиқий эҳтиёжларга мувофиқ шакллантириш ҳамда мақсадли малака оширишни ташкил қилишга асос бўлади.
12. Касбий педагогик диагностика вазифалари
Юқорида айтилганларни ҳисобга олган ҳолда касбий педагогик диагностикани амалга жорий қилиш ҳозирги долзарб масалалардан бўлиб, бунинг учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб қилинади:
1. Раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлаш йўналишларидан бири сифатида касбий педагогик диагностика усулларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш.
2. Касбий педагогик диагностиканинг замонавий шакл ва усулларидан амалда фойдаланиш масалаларини ўрганиш ҳамда илмий-методик тавсиялар ишлаб чиқиш.
3. Малака ошириш бўйича эҳтиёжларни аниқлаш механизмини такомиллаштириб бориш. Аниқланган эҳтиёжлар асосида аниқ мақсадли малака ошириш курси машғулотларини ташкил қилиш шакл ва усулларини ривожлантириб бориш.
4. Касбий диагностикани амалга оширувчиларнинг ушбу йўналишдаги билим, кўникма, малакаларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириб бориш.
5. Ўзини ўзи касбий диагностика қилиш усулларини раҳбар ва педагог кадрлар пухта ўзлаштиришини ва амалда қўллаши самарадорлигини ошириб бориш юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш.
6. Касбий диагностика натижалари асосида малака ошириш курси ўқув режаси ва дастурига тегишли ўзгаришлар киритиб бориш механизмини ишлаб чиқиш ва амалга жорий қилиш.
7. Касбий диагностика йўналишида илғор тажрибаларни ўрганиш, умумлаштириш ва оммалаштириб бориш.
8. Касбий диагностикадан амалда унумли фойдалинишга қаратилган қўлланма, тавсиянома ва зарур меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш.
9. Малака оширишга буюртмаларни касбий диагностика натижасида аниқланган эҳтиёжлар асосида шакллантириш юзасидан буюртмачиларга методик ёрдамлар кўрсатиб бориш.
10. Касбий диагностика воситасида раҳбар ва педагог кадрлар касбий тайёргарлигидаги аниқланган бўшликларнинг турлари, хусусиятлари ва бошқа сифатларини мунтазам ўрганиб, тегишли хулосалар чиқариб ва тавсиялар бериб боришни йўлга қўйиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш.
11. Касбий педагогик диагностиканинг ташкилий-педагогик ва илмий-методик асосларини такомиллаштириб бориш.
13. Касбий педагогик диагностика истиқболлари
Касбий педагогик диагностикани мақсадга мувофиқ даражада олиб бориш натижасида халқ таълими раҳбар ва педагог кадрларининг касбий тайёргарлик даражасини аниқ белгилаш, баҳолаш ҳамда зарур хулосалар чиқариш, тавсияларни асосланган ҳолда ишлаб чиқиш имконияти яратилади.
Диагностика жараёнида мавжуд илғор тажрибаларнинг тўлиқ аниқланиб бориши натижасида инновацион фаолиятнинг самарадорлигини оширишга эришилади.
Касбий педагогик диагностика касбий тайёргарлик даражасидаги бўшликлар билан бирга юқори натижаларни, ютуқларни, илғор педагоглар томонидан қўлланилаётган ибратли, илғор иш усулларини, уларнинг педагогик маҳорати даражасини кўрсатиб беришга ҳам хизмат қилади.
Бунда педагог кадрлар фаолиятидаги ютуқлар ҳамда камчиликлар ҳақидаги аниқ маълумотлар устоз-шогирд усулидаги фаолиятни реал ҳолат ва шароитларга мувофиқ аниқ мақсадларни белгилаган ҳолда ташкил этиш ва амалга оширишга асос бўлади.
Малака ошириш бўйича касбий педагогик диагностиканинг қўлланиш соҳаси кенгайиб, тамойиллари, шакллари, усуллари ва воситалари ривожланиб боришини назарда тутиш лозим.
Пировардида касбий педагогик диагностика таълим-тарбия соҳасининг узлуксиз ривожланиб боришини таъминловчи жиддий восита бўлиб қолади. Шу жараёнда унинг ўзини ҳам мунтазам такомиллаштириб борилади.
Хулосалар
Давлат фундаментал тадқиқотлар дастури доирасида «Касбий диагностика асосида малака оширишнинг мазмуни ва шаклларини аниқлаш юзасидан комплекс тадқиқот ва тажриба-синовлар ўтказиш ҳамда концепциясини яратиш» мавзуси бўйича олиб борилган тадқиқот ишлари жараёнида мазкур масала бўйича ҳозирги аҳволни ўрганиш, мавзу бўйича мавжуд адабиётларни ўрганиш ва амалга оширилган тажриба-синовлар натижаларини илмий-методик таҳил қилиш, умумлаштириш асосида касбий педагогик диагностикани амалиётга татбиқ қилиш орқали мавжуд эҳтиёжларга асосланган, аниқ мақсадли, буюртмали малака оширишни ташкил қилиш, унинг натижасида эса малака ошириш жараёни сифати ва самарадорлигини янги босқичга кўтариш юзасидан қуйидаги хулосаларга келинди:
-
Ўқитувчиларнинг мактабда узлуксиз малака оширишлари сифати ва самарадорлигини мунтазам такомиллаштириб бориш республикамизда таълим соҳасининг ҳозирги ривожланиш босқичида алоҳида аҳамиятга эга долзарб масала ҳисобланади. Бунинг натижасида аниқланадиган педагогларнинг касбий эҳтиёжларини ҳисобга олиш малака ошириш курслари мазмуни ва методларини замонавий даражада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга мактабда узлуксиз малака ошириш жараёнини илмий-методик жиҳатдан тўғри ташкил қилиш, унинг кўп турли шаклларидан унумли фойдаланиш орқали ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда мактабдаги ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириб боришга эришилади.
2. Малака оширишда педагог кадрларнинг олдиндан аниқланган эҳтиёжларини ҳисобга олиш малака оширишга буюртмаларни асосли шакллантириш ҳамда мақсадли малака оширишни ташкил қилиш имкониятини беради.
3. Педагогларнинг касбий диагностикасини мактабларда ташкил қилиш ва унинг натижаларидан амалда фойдаланиш асосида малака ошириш курслари мазмуни ва методларини замонавий даражада такомиллаштириб бориш имконияти яратилади. Бунинг учун мактабларда раҳбар ва педагог кадрларни касбий диагностикани амалга оширишнинг замонавий шакл ва усуллари билан таништириш ҳамда бу йўналишдаги ишларнинг мунтазам олиб борилишини таъминлаш лозим.
4. Халқ таълими раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш мазмуни замонавий талаблар даражасида бўлишини таъминлашда касбий диагностика усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ натижаларни беради. Бу усуллар орасида педагог кадрлардан сўровномалар орқали аниқ мақсадларга йўналтирилган маълумотларни олиш ўзига хос қулайликка, холисона ва реал натижаларни олишга имконият беради.
5. Тингловчиларнинг малака ошириш курсларига шахсий малака ошириш дастури билан келишларини таъминлаш ва педагогнинг малака оширишдан кейинги фаолияти самарадорлигини ошириш ҳозирги халқ таълими тизимини замонавий даражада такомиллаштиришнинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
6. Таълим муассасаларида касбий диагностика мониторинги натижаларини тегишлича таҳлил қилиш, белгиланган мақсадга эришилганлик даражасини аниқлаш, зарур даражада умумлаштириб, хулосалар чиқариш, лозим ҳолларда ўрнатилган мезонлар бўйича баҳолаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ижобий жиҳатларни янада ривожлантириш бўйича тавсиялар беришни йўлга қуйиш лозим. Бу усуллар орасида ходимнинг ўз-ўзини баҳолаши натижалари асосида белгилаган эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳам жиддий аҳамиятга эга.
Шундай тартибда олиб борилган мониторинг натижалари орқали педагог кадрлар касбий тайёргарлигининг ҳақиқий даражасини мунтазам билиб бориш асосида уларнинг касбий педагогик ўсишларини таъминлаш ва бу жараённи назорат қилиб бориш имконияти яратилади. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнини мунтазам равишда такомиллаштириб боришга хизмат қилади.
7. Педагог ходимларнинг узлуксиз малака ошириш фаолияти самарадорлиги малака ошириш курслари бўйича ҳамда мустақил ўқиб билим орттириш бўйича мавжуд асосий омилларнинг сифати қандай бўлса, малака ошириш курси ҳамда мустақил ўқиб билим орттиришдан кўзланган самарадорликка ҳам шунчалик даражада эришилади. Ушбу омиллардан ҳар бири самарадорликни таъминлашда ўз ўрнига ҳамда жиддий аҳамиятга эга. Шу муносабат билан уларнинг замонавий талаблар даражасида бўлишини таъминлаб бориш зарур шарт ҳисобланади.
8. Тингловчиларнинг зарур тайёргарлик кўрган ҳолда ҳамда аниқ мақсад билан малака ошириш курсига келишлари малака ошириш сифати ва самарадорлигини ҳал қилувчи омиллардан эканлигини ҳисобга олган ҳолда мазкур масалани уларни малака ошириш курсига юбораётган буюртмачилар, яъни таълим муассасалари ва халқ таълими бошқарув органлари замонавий талаблар даражасида ҳал этишлари, бунинг учун касбий диагностика методларидан амалда фойдаланишни йўлга қўйишлари ва зарур назорат олиб боришлари лозим.
9. Амалга оширилган касбий диагностика натижалари асосида ҳар бир педагог ходимнинг иш сифатини янада ошириш учун унинг малака ошириш курсида ўқиши давомида ижтимоий фанлар, умумкасбий фанлар ҳамда мутахассислик фани бўйича ўзлаштириши зарур масалаларни белгилаш. Уларга мувофиқ малака оширишдан кўзда тутиладиган мақсадларни ҳамда малака оширишга тегишли буюртмаларни шакллантиришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
10. Таълим муассасаларида педагог кадрларнинг малака ошириш курсида ўқишлари бўйича истиқбол режаларни шакллантириш ёки мавжуд шундай режаларга тўлиқ риоя қилиш, таълим муассасаларида педагог кадрларнинг узлуксиз малака оширишини ташкил қилиш ҳамда уларнинг малака ошириш курсиларида ўқишлари бўйича ташкилий ва назорат ишларини ҳозирги талаблар даражасида қўлга қўйиш лозим.
11. Тингловчилар малака ошириш курсига ўз касбий фаолиятларини зарур даражада диагностика қила олиш ва шу асосда ҳозирги кун учун зарур мақсадларни аниқ белгилаган ҳолда малака ошириш курсига тайёргарлик кўрган ҳолда келиш ва унда самарали ўқиш бўйича тегишли илмий-методик ва амалий йўл-йўриқларга, методик тавсияларга мухтож эканликлари маълум бўлди.
12. Педагог ходимларга касбий диагностика ҳақида зарур маълумотларни етказиш ва бу йўналишдаги амалий ишларни тўғри йўлга қўйиш малака ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлаш учун зарур ҳисобланади. Бунинг учун педагог ходимлар ўз педагогик фаолиятини мустақил диагностика қила олиш бўйича тегишли билим, кўникма, малакаларни эгаллашлари ва амалда фойдалана билишларини таъминлаш зарур.
13. Малака ошириш таълим муассасасида тингловчиларнинг мутахассисликлари ҳамда малака ошириш бўйича белгилаб келган мақсадларининг ўзаро мувофиқлиги асосида ўқув гуруҳлари ташкил қилиш. Шу тартибда ҳар бир тингловчининг ҳамда таълим муассасасининг ҳақиқий эҳтиёжларига мос бўлган аниқ мақсадли ва самарали малака оширишни ташкил қилиш.
14. Касбий диагностика натижаларидан амалда мақсадли фойдаланишни ташкил қилиш бўйича малака ошириш курслари мазмунига тезкор ўзгаришлар киритишнинг расмий меъёрларини ишлаб чиқиш ва амалга жорий қилиш.
15. Малака ошириш курси тингловчиларининг янги педагогик технологиялардан фойдаланиш; ахборот-коммуникация технологияларидан кенгроқ фойдаланиш; тегишли ўқув фанлари бўйича дарсликлардан самарали фойдаланиш; меъёрий ҳужжатлар билан ишлашни кенгроқ ўрганиш; малака ошириш курслари машғулотлари олиб бориладиган ўқув хонасидаги кўргазмалар замон талабига мос бўлиши; тингловчилар билан машғулотлардан ташқари вақтларда спорт мусобақалари, тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳларга экскурсиялар уюштириш самарадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.
16. Малака ошириш курси тингловчиларига ўқитишнинг интерфаол, замонавий таълим усулларидан самарали фойдаланиш; гуруҳ бўлиб ишлаш; ноанъанавий дарсларни кўпроқ ўтиш лозим. Шу билан бирга маърузаларнинг мазмун ва методлари жиҳатидан хилма хил бўлиши ҳамда тегишли фан бўйича ўқитиш методикаси соҳасидаги сўнгги янгиликларни ўргатишга эътибор қаратиш керак.
17. Малака ошириш курсида ўқиш давомида тингловчиларга тегишли фан бўйича ўқитиш методикаси соҳасидаги сўнгги янгиликларни ўргатиш, амалиётни кўпайтириш, тренинг дарслари, миллий ғоя ва маънавият асослари бўйича машғулотларни самарали ўтказиш ҳамда уларни фан соҳасидаги сўнгги янгиликлар билан таништиришга эътибор қаратиш лозим.
18. Малака ошириш институтларида тингловчиларнинг яшаш шароитлари ва ошхона хизматини янада такомиллаштириш лозим.
19. Ҳақиқий эҳтиёжларга асосланган, аниқ мақсадли ва буюртмали малака оширишни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шу масалага алоқадор бўлган ҳар бир раҳбар ва педагог ходимлар, улар ишлаётган мактаб фан методика бирлашмалари, таълим муассасалари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(ш) бўлими ва улар ҳузуридаги методика кабинетлари, ҳудудий халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(ш) бўлимлари, малака ошириш институтлари раҳбарларининг ҳар бири мазкур масала бўйича ўзларига тегишли вазифаларни аниқ белгилаб олишлари, уларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариб борилишини таъминлаш бўйича чораларни амалга оширишлари ҳамда зарур назорат олиб боришлари лозим.
20. Таълим муассасаларида узлуксиз малака ошириш жараёнида касбий диагностикадан фойдаланиш учун ижодий муҳит самарадорлигини аниқлаш ҳамда диагностикасини амалга ошириш учун унинг асосий параметрларига уларнинг таркибий мазмуни ҳамда ўзаро боғлиқликлари ва ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда асосланиш мақсадга мувофиқ. Мактабда ижодий муҳитни такомиллаштиришни ўзига хос йўналишлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириб бориш мактаб фаолиятининг барча соҳаларида юқори сифат ва самарадорликка эришиш имкониятларини беради.
21. Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(ш) бўлими методика кабинети мудирлари, методистлари ўз ҳудудларидаги барча мактабларнинг физика, химия, биология, информатика ҳамда бошқа фанлар ўқитувчилари учун долзарб мавзулар бўйича таянч мактабларда ўқув семинарлари ташкил этиш бўйича методик ёрдам кўрсатишлари ва тегишли назорат олиб боришлари зарур.
22. Касбий диагностика усулларини ўргатиш бўйича малака ошриш курслари ўқув дастурларига алоҳида машғулотлар киритиш лозим
23. Мазкур концепция билан раҳбар ва педагог ходимларни таништириб бориш мақсадида улар учун ўқув семинарлари ташкил қилиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.
Адабиётлар
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 июлдаги “2004-2009 йиллара Мактаб иаълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 321- сонли қарори.
-
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 25-сонли қарори.
-
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2011 йил 4 июлдаги “Узлуксиз методик хизмат кўрсатиш тизимини такомидллаштириш тўғрисида”ги 144-сонли буйруғи.
4. Зарипов К.З. Некоторые вопросы обучения учителей самодиагностике и использование её результатов в их деятельности. Использование педагогического опыта в работе учителей: Метод. реком.–Л.: НИИ ООВ АПН СССР.-1988г. 39-42 с.
5. Зарипов К.З. Ўқитувчи фаолияти ва шахсни педагогик ташхис асосида ўрганиш // “Халқ таълими” журнали. -2002 й. 3- сон. 83-87-бетлар.
6. Ингем Камп. Педагогическая диагностика.–М.: Педагогика.-1991г.
7. Йўлдошев Ж.Ғ., Усманов С.А. Таълим менежменти.- А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, 2006 йил.
8. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш давлат талабларининг қайта такомиллаштирилган варианти: 1- 5- қисмлар. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, 2009 йил.
9. Современные технологии в учебно-воспитательном процессе.- под общей редакцией Р.Х.Джураева.-Т.: «Фан», 2009 г.
10. Умаров М. Малака оширишда касбий диагностика. Ҳажми 4 бет. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИнинг 2010 йил, май ойидаги Республика илмий-амалий конференцияси материаллари.
11.Усманов С. Халқ таълими ходимлари малакасини оширишда ўқув-методик жараённинг сифати ва профессор-ўқитувчиларнинг касб малакаси диагностикасини олиб бориш бўйича йўриқнома.- А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, 2007 йил.
12.Усманов С., Умаров М., Кудякова Р. Буюртмали малака оширишни ташкил этиш, Ҳажми 4 бет, А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ ахборотномаси махсус сони.
13. Усмонов С.ва бошқалар. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш. Меъёрий хужжатлар тўплами. Ҳажми 132 бет. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ.
14. Усмонов С. ва бошқалар. Ўқитувчининг профессионализмини ошириш йўналишлари. Ҳажми 4 бет. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, ахборотномаси махсус сони.
15. Усманов С. Умумкасбий фанларни ўқитишнинг замонавий усуллари (қўлланма), ҳажми 96 бет, А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ Масофадан ўқитишни ривожлантириш маркази, 2009 й.
16. Қодиров Т. Таълим самарадорлигин оширишда ўқитувчиларнинг касбий тайёрланганлигнинг ўрни ва аҳамияти, 3 бет, А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ ахборотномаси махсус сони.
17. Қудратуллаев Ҳ.С. Малака ошириш ва методбирлашма фаолияти-эгизак. Ҳажми 4 бет. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИнинг 2010 йил, май ойидаги Республика илмий-амалий конференцияси материаллари.
18. Қудратуллаев Ҳ.С. Таълим муассасаси раҳбарлари учун таълимга оид юқори даражадаги меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича методик қўлланма. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, 2010 йил.
19. Яхьяев М.С., Тожиева Ф.М. Педагогларни малака оширишга бўлган эҳтиёжи предметини аниқлаш ва эҳтиёжга асосланган малака оширишни ташкил этиш (курс аннотацияси, мавуий режа ва дастури) . // Ж. “Таълим технологиялари” 2007 йил, №4.
20. Яхьяев М.С., Тожиева Ф.М. Педагоглар малакасини ошириш самарали тизимини яратишнинг асосий шартлари. // “2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида малака ошириш тизими сифати ва самарадорлигини оширишнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси материаллари, 133-136 бетлар. Тошкент А. Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, 23 май, 2008 йил.
21. Яхьяев М.С. ва бошқ. Ўқитувчилар малакасини оширишда эҳтиёж ва мотивллар. // Ж. “Халқ таълими”, 2008 йил № 1, 4-8 бетлар.
22. Яхьяев М.С. ва бошқ. Касбий диагностика асосида ўқитувчилар малакасини оширишни ташкил этиш. “Умумий ўрта таълимнинг назарий ва амалий муаммолари” мавзусидаги республика миқёсидаги илмий-амалий конференция материаллари, Т. Н. Қори-Ниёзий номидаги ЎзПФИТИ, 2009 йил, 5-6 октябр, Тошкент, 212-216 бетлар.
23. Яҳъяев М. “Ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизими тўғрисида”. Ҳажми 9 бет, А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, ахборотномаси махсус сони.
24. Яхьяев М.С. Иқтисодиёт масалалари. Давлат ва ҳуқуқ асослари. Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари. Халқ таълими мауассасалари педагогларининг малакасини ошириш курслари учун услубий қўлланма. Ҳажми 13 б.т. “Югай” ХТ босмахонсида босилди. 2009 йил, Тошкент ш. У-Носир кўчаси, 53 уй.
25. Яхъяев М. ва бошқалар. Ўқитувчилар малакасини оширишнинг ташкилий-педагогик тузилмаси. Ҳажми 6 бет. А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИнинг 2010 йил, май ойидаги Республика илмий-амалий конференцияси материаллари.
26. Яхьяев М.С. Педагогнинг малака оширишга бўлган эҳтиёжини қаерда, ким ва қандай қилиб аниқлайди? // А. Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, Республика илмий-амалий конференция материаллари. 31-34 бетлар. 2011 йил, 9-10 июн.
Достарыңызбен бөлісу: |