3. Информатика фани.
«Информатика; (французча informatique, нем. Informatik- ахборот), ахборотшунослик–илмий информация (ахборот, хабар, маълумот)нинг моҳияти, умумий хоссалари ва қонуниятларини, шунингдек, илмий коммуникация тизими (ўша илмий информацияни тарқатиш усуллари ва воситалари мажмуи)ни ўрганиш билан шуғулланадиган илмий фан; инсон фаолиятнинг ЭҲМ, компьютерлар билан боғлиқ бўлган соҳаси» 1.
Информатиканинг марказий тушунчаси – ижтимоий ҳаётининг исталган соҳаси ва тармоқларидан олинадиган маълумотлар, яъни илмий ахборотлар.
Информатика, кибернетика, кутубхонашунослик, лингвистика, математик мантиқ ва шу каби фанлар билан узвий боғлиқ.
Информатика фани илмий маълумотларни йиғиш, ишлаб чиқиш (яратиш, ўрганиш), сақлаш, излаш ва узатиш (тарқатиш) жараёнлари мажмуини ўз ичига олади.
Информатиканинг асосий йўналишлари: ҳисоблаш техникасининг назарий асослари; информация назарияси; ҳисоблаш эксперименти; дастурлаш; сунъий интеллект; информация технологияси ва бошқалар.
4. Космонавтика фани.
«Космонавтика (космос ва юнонча nautike – кемани бошқариш санъати)-космик фазога парвоз қилиш; турли хилдаги космик аппаратлардан фойдаланган ҳолда космосни ва Ердан ташқаридаги космик объектларни ўрганишни таъминлайдиган фан ва техника соҳалари мажмуи» 21; 58 -б..
Космонавтика қуйидаги муаммолар билан шуғулланади:
- космик учишлар назарияси – ҳаракат траекторияларини ҳисоблаш;
-илмий техникавий космик ракеталар, бошқариш борт тизими, учириш жойи қурилмалари, бошқарувчи кемалар ва станциялар, илмий лаборатория жиҳозлари ердаги учиришни бошқариш тизимини яратиш, траекторияларнинг ўлчаш хизмати, телеметрия, орбитал станцияларни жиҳозлаш ва бошқариш;
- тиббий-биологик ҳаётни таъминлашнинг борт тизимини яратиш;
-ортиқча зўриқиш, вазнсизлик, радиация ва шу каби масалалар билан боғлиқ равишда инсон организмида кечадиган нохуш хабарларни бартараф қилиш;
- космик фазо ва сайёралардан фойдаланишнинг ҳуқуқий, халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича бошқарув масалалари ва шу кабилар.
5. Математик лингвистика.
Математик лингвистика тилшунослик фанининг бир бўлимидан иборат бўлиб, у табиий тиллар ҳодисаларини ва уларни тадқиқ этиш жараёнларини мавҳумий семантик моделлаштириш усулидан фойдаланади.
Математик лингвистика фанига ХХ асрнинг 50-йилларида асос солинди.
Математик лингвистиканинг асосий тушунчалари: белги-ишора (алифбо, луғат)лар тўплами; муайян алифбо белги-ишоралари (сўз шакллари, иборалар тўплами) ва уларнинг изчилликлари.
Математик лингвистика фанининг мақсад-вазифалари: назарий тилшунослик воситаси бўлиш; матнга автоматик ишлов бериш; автоматик таржима; «инсон – ЭҲМ» тизимидаги мулоқотни йўлга қўйиш.
6.Бионика фани.
«Бионика (юнонча bion–ҳаёт элементи, асл маъноси – яшовчи) – биология ва кибернетиканинг янада мукаммал техник воситалар ёки қурилмаларни яратиш мақсадида организмларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолиятини ўрганадиган бир йўналиш» 1.
Бионика ХХ асрнинг 2-ярмида шаклланган.
Биониканинг асосий муаммолари қуйидагилардан иборат: нерв системасида ахборотнинг қайта ишлаш усулларини яратиш; сезги органлари тузилиши ва ишлаш хусусиятлари қонуниятларини ўрганиш; ариентация ва локация тамойиллари ёки одам ёки ҳайвонларда содир бўладиган бошқа жараёнларни ўрганиш; фойдали иш коэффициенти жуда юқори бўлган биоэнергетик жараёнларни ўрганиш ва бошқалар.
Биониканинг пайдо бўлишига асосий сабаблардан бири нерв системаси сигналларни аниқ ва бехато қабул қилиши, ишончли, ихчам ва энергияни тежаб сарфлашининг ЭҲМлари билан таққосланганда унинг буларга нисбатан катта афзалликларга эгалиги.
Биониканинг ҳаётийлиги қуйидагича асосланади:
1. Нерв системаси ва сезги аъзоларини ўрганиш «ўйловчи» машиналар, ёруғлик ҳарорат ва электр майдонини сезувчи ихчам ва ўта сезгир датчиклар ҳамда ҳаракатдаги жисмни кузатиб борадиган асбоблар яратиш билан шуғулланиши.
2. Ҳид билиш аъзосини ўрганиш орқали ҳаводаги ёки сувдаги ҳидли моддаларнинг энг кам миқдорини билишга имкон берадиган қурилмаларни яратиш билан шуғулланиши.
3. Ҳайвонларда учрайдиган инфрақизил нурлар, ультра товуш ва ҳароратни сезувчи рецепторлар асосида матн ва схемаларни ўқийдиган ва танийдиган, осцелограммалар ва рентгенограммаларни таҳлил қила оладиган қурилмалар ишлаб чиқиш билан шуғулланиши.
4. Қушлар, балиқлар ва бошқа ҳайвонларнинг навигация қобилиятини ўрганиш орқали навигацияда фойдаланиладиган ускуналарни такомиллаштириш имконини кенгайтириш билан шуғулланиши.
5. Сувда тез сузадиган ҳайвонларнинг терисини ўрганиш орқали тезсузар кемалар, суякларни тузилишини ўрганиш орқали эса енгил ва мустаҳкам конструкциялар яратиш билан шуғулланиши.
Шулар асосида ҳайвонларнинг морфологик тузилишини ўрганиш техник конструкциялашни яратишда фикр ва ғояларнинг асосий манбаидир.
7. Ижтимоий психология фани.
Ижтимоий психологияни фан сифатида ўрганишга XIX асрнинг 2-ярмидан бошлаб киришилган. Асосан уни 1908 йилдан бошлаб фан сифатида тан олинди. Ижтимоий психология қуйидагиларни ўрганади:
- мулоқот, муомала қонуниятларини;
-шахслараро муносабатларни ва индивидуал ҳамда жамоавий ўзаро таъсирларни;
-жамоаларнинг ички ва ташқи тузилишини, уларнинг турлари ҳамда таснифини;
- оммавий ҳолатлар ва ҳаракатларни;
-ижтимоий ва миллий онг, менталитет, милий қиёфа, характер, таъб, анъана, одат, маросим ва бошқаларни ўрганади.
Бундай тадқиқотларни ўтказишда кичик гуруҳлар (жамоалар) асосий объект қилиб олинган, тажрибалар эса лаборатория шароитида ўтказилган. Ижтимоий психология йўналишлари қуйидагилар:
- этнопсихология;
- дин психологияси;
- оила психологияси (бу бўйича дарслик ҳам бор);
- бошқарув (менежмент) ва маркетинг психологияси;
- кичик ва катта гуруҳ психологияси;
- реклама психологияси;
- инсонни инсон томонидан идрок қилиш психологияси;
- амалий ижтимоий психология кабилар.
Ижтимоий психология фанининг асосларини умумий психология, социология, антрапология, криминология, фалсафа фанлари ташкил этади.
8. Электроника фани.
Электроника – электрон ва ионларнинг электромагнит майдон, газлар, суюқликлар, қаттиқ жисмлар ҳамда плазма билан ўзаро таъсирида рўй берадиган ҳодисаларни ўрганувчи, электрон ва ионли ҳодисалар асосида ишлайдиган электрон асбоб ва қурилмалар яратиш ҳақидаги фан.
Электрониканинг назарий асосларини, асосан математика, физика, назарий электротехника фанлари ташкил этади.
Электротехниканинг асосий илмий муаммоси вакуум, электромагнит майдон ва бир жинсли бўлмаган муҳитда зарядланган атом заррачаларининг ҳаракати ва бу билан боғлиқ бўлган физик ҳодисаларни ўрганиш ва амалий йўналишни белгилаш.
Электротехниканинг амалий муаммоси информацияни ҳосил қилувчи, ўзгартирувчи ва узатувчи системаларда, ҳисоблаш техникасида, энергетик қурилмаларда, ишлаб чиқариш технологиясида ҳар хил вазифаларни бажарувчи электрон асбоб ва қурилмалар яратишдан иборат.
Тошкент шаҳрида ЎзР ФАга қарашли электроника институти фаолият юритмоқда.
9. Сунъий интеллект фани. Сунъий интеллект нима?
Бунинг учун, аввало, интеллект нима деган саволга жавоб берайлик.
Интеллект дейилганда, биз одамга ташқи дунё ўзгаришларини нозик тушунишга ва ўзини ана шу ўзлаштиришга мослаштиришга имкон берувчи қандайдир яхлит нарсани тушунишга одатланганмиз. Бироқ, интеллект дейилганда ҳар бири алоҳида қаралганда ажаблантирмайдиган, аммо бир йўла бир нечтаси намоён бўладиган ўзини тутиши маъноли характерга эга бўладиган, чатишиб кетган хоссалар спектрини тушунса бўлмайдими? Бундай ёндашишдан мақсад сунъий интеллект тизимини яратиш, яъни ЭҲМнинг одам томонидан бажариладиган, биз ижодий ва интеллектуал деб ҳисоблашга мойил бўлган фаолиятига тақлид қилиш имкониятларини аниқлашдир.
Сунъий интеллект деганда компьютернинг инсон томонидан бажариладиган фаолиятига тақлид қилиш тушунилади.
Сунъий интеллектлар яратиш муаммоси эса компьютернинг инсон аҳамиятига тақлид қилиш имкониятларини аниқлаш билан бевосита боғлиқдир.
Сунъий интеллектни яратишнинг комплекс илмий-техник муаммоси тўртта йўналиши бирлаштиради:
Биринчи йўналиш–компьютерларда ижодий жараёнлардаги тадқиқ қилиш билан боғлиқ. Масалан, шахмот ўйини, мусиқа асарларини ижро этиш, теоремаларни исботлаш, тузилган дастурлар мажмуасини автоматик равишда таҳлил этиш ва синтезлашнинг алгоритмлари ва дастурларини ишлаб чиқишга мўлжалланган.
Бундай алгоритмлар инсон мияси вазифаларини такрорлашга эмас, балки ижодий жараённинг якунловчи натижаларига мўлжалланган.
Иккинчи йўналиш–ЭҲМ билан мулоқотнинг мутахассис бўлмаган кишиларга қулай бўлган тизимларини ишлаб чиқиш, яъни мулоқотли интерфейсни ташкил қилишдир. Масалан, ЭҲМ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, биология, тиббиёт, ижтимоий фанлар, мураккаб қишлоқ хўжалиги манбаларини бошқариш каби жараёнларни яхшилашга имкон туғдиради.
Матнни шахсий компьютерда тайёрлашга ўрганиб қолган журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, фан ва техника ходимлари оддий ёзув қурилмаларига қайтишни хоҳламасликлари табиий. Чунки шахсий компьютерлардан фойдаланиб, матннинг турли қисмларини осонгина ўзгартириш, ўрнини алмаштириш ва бирлаштириш мумкин. Бундан ташқари бир йўла матннинг бир неча вариантлари билан ҳам ишлаш мумкин. Компьютер берилган формат бўйича сатрларнинг энига, бўйига тўғрилашни назорат қилади, сўзларни ёзишдаги хатоликни кўрсатади ва ҳ.к.
Хуллас, компьютерлардан матбуотда фойдаланиш, босма маҳсулот чиқаришнинг қисмини тубдан ўзгартириб юборади. ЭҲМ китобни чиқаришгача бўлган барча босқичларда матнларни фақат компьютерлар ёрдамида тайёрлашга ундаяпти.
Учинчи йўналиш–ЭҲМни ички интеллектуаллаштириш, яъни компьютерларнинг архитектурасини такомиллаштириш.
Бунда ахборотни қайта ишлашнинг янги ителлектуаллашган усулларини ишлаб чиқиш ҳисобига иш унумини ошириш кўзда тутилади.
Демак, иккинчи ва учинчи йўналиш биргаликда амалга оширилса, ЭҲМнинг бешинчи авлодини яратиш амри маҳол бўлмай қолади, дейиш мумкин.
Тўртинчи йўналиш–маълум мақсадга йўналтирилган роботларни моделлаштириш ҳамда интеллектуал робот яратишдир. Бу муаммо жуда мушкул ва мураккаб. Чунки, робот одатдаги компьютердан фарқли ўлароқ, ўз ҳаракатлари билан атрофдаги аҳволга таъсир қилади. Шартлари ўзгариб турадиган масалаларни ечади ва унга мос ҳаракатда бўлади.
Сунъий интеллект– фандаги янги соҳа. У кўпгина фанлар негизида шаклланмоқда ва шунинг учун ҳозирга қадар унинг таърифи йўқ. Бу фан кибернетика, математик психология, лингвистика ва бошқа фанлар билан бевосита боғлиқдир.
Сунъий ителлектнинг асосий вазифаси–инсон ташқи қиёфасининг табиий интеллектини формаллашган муносабатлар ва техник воситалар ёрдамида имитациялашдан иборатдир. Сунъий интеллектга оид дастлабки манбалар Аристотель ишларида учрайди.
Сунъий интеллектнинг фан сифатида жонланишида Дон Бул, Ф.Вист, Декарт, К.Линний, Морков, А.А.Тюрин, собиқ иттифоқ олимларидан А.А.Дородницн, В.М.Глушков, Т.С.Поспелов, Ю.И.Журовлевлар ва ўзбекистонлик олимлардан М.М.Комилов, Р.Лутфуллаев, Н.А.Мўминов ва бошқаларнинг ҳиссалари катта бўлган.
10. Глобалистика фани. Глобалистика–бу французча global – умумий, лотинча globus–Ер курраси маъноларини англатиб, инсоният тараққиётининг энг умумий қонуниятларини илмий ва маънавий уйғунликда ўрганиш ҳақидаги фан.
Глобалистика фани инсоният тараққиёти ривожланишининг энг умумий қонунлари, унинг ноосфера (янги сфера) даврига ўтиш ҳаракати, жамият ва табиатнинг ўзаро таъсирлари уйғунлашуви ҳамда улар орасидаги ички уйғунликнинг ижтимоий-иқтисодий тизимлари, дунё иқтисодиёти ва энергетикаси ҳамда аҳоли сонининг барқарорликка ўтиши каби билимлар интеграцияси асосида шаклланади ва ривожланади.
Глобалистика фанини ўрганишнинг мақсадлари:
-
Бизни ўраб турган олам, бошқарилувчининг модели, илмий ва руҳий уйғунлашган дунё ҳақида талабаларга энг самарали ва тизимлаштирилган билимлар бериш, уларга ўзларининг келгуси касбий фаолиятини янгича сифатдаги дунёни қуриш модели билан уйғунлаштиришни ўргатиш.
-
Талабалар онгига Ер юзидаги замонавий муаммолар (қонуниятларни ўрганиш, табиат ва жамиятдаги бошқарилувчининг моделларини яратиш ва ҳ.к.) ечимини бутунлай янгича моделлар яратиш ва уларнинг амалга оширишда қатнашиш шартлигини сингдириш.
-
Талабалар ҳозирги пайтдаги ҳаётда табиат ва жамият сир-синоатларини очиш ва уларни оптимал бошқаришни фақатгина интеллектуаллашган фанлар ёрдамида амалга ошириш мумкинлиги ҳақида ҳақиқатни англатиш.
-
Ёшларнинг онгида фақатгина ўз касбий фаолияти доирасидагина эмас, балки инсон ақлий қобилияти тўлиқ қамраб ола олмайдиган даражадаги тезлик билан ривожланаётган муаммолар, инсоният келажаги, Ер юзидаги цивилизацияни таъминлаш каби буюк мақсадлар ҳақида фикрлаш эҳтиёжини уйғотиш.
-
Ёшлар онги ва қалбига давримизнинг энг замонавий фани ва ўқув предмети – глобалистика фани ҳақида чуқур билим ва тушунча ҳосил қилиш ҳамда уларда мазкур фан тезлик билан ривожланаётганлиги ва шу асосда янги-янги ғоялар шаклланиши ҳақидаги фикрларни сингдириш. Бунда Ер юзи цивилизациясини ва глобалистиканинг келажаги XXI аср бошларидаги ёшларга боғлиқ эканлигини асослашга алоҳида эътибор бериш керак.
Глобалистика фанининг методологик асослари.
-
Глобалистика бир қатор фанлар (экология, жамиятшунослик, иқтисодиёт, демогорафия, философия ва шу кабилар) синтези натижасида пайдо бўлиб, Ер ва унинг беосфераси чегаралари ҳамда имкониятларини ўрганади, шунингдек, у методологик хусусиятга ҳам эга бўлади ва энг асосийси фанлар ривожланишига йўналиш беради.
-
Глобалистика фани Ер ва унинг беосферадаги муаммолари ечимини излашга, умуминсоний муносабатларда ҳал этишга киришади.
Кўриб чиқилган замонавий фанлар хусусиятларидан маълум бўлдики, фанлар мазмунининг интеграцияси илм-фан ривожига ва улардан мустақил фан йўналишларини пайдо бўлишини вужудга келтиришига асос бўлар экан.
Илм-фан ривожи эса, шубҳасиз, жамият тараққиёти ва инсон ҳаёт эҳтиёжлари омилини ҳар томонлама қондиришга хизмат қилади, қолаверса ўша жамият интеллектуал салоҳиятини ҳам юксалтиради.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
Автоматика табиат ва жамиятдаги қанақа бошқаришни ўрганади ҳамда тадқиқ этади?
-
Кибернетика фанининг мазмун-моҳиятига ва мақсад-вазифаларига қисқача характеристика бера оласизми?
-
Информатика фанининг баҳси нимадан иборат ва у кибернетика фанининг баҳсидан нимасидан фарқ қилади;
-
Космонавтика фанининг тарихий асослари диёримиздаги олимлар ижоди билан боғлиқлик жойи борми?
-
Математик лингвистика фанининг функционал вазифалари нималардан иборат?
-
Бионика фани қандай фанлар билан уйғунликда ривожланади?
-
Ижтимоий психология фанининг бўлажак мутахассисларни тайёрлашдаги аҳамиятини қанждай баҳолайсиз?
-
Электроника бевосита ишлаб чиқаришга қандай таъсирлар ўтказиш мумкин?
-
Сунъий интеллект фани замонавий-ми, унинг бевосита кишилик фаолиятига таъсирини қандай баҳолайсиз?
-
Глаболистика фанининг юзага келишига асосий сабаблар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
-
Автоматика фани табиат ва жамиятдаги воқеа-ҳодисаларнинг ривожини автоматик бошқаришга хизмат қилишига мўлжалланган бўлиб, у кишиларни оғир жисмоний меҳнатдан озод қилиб, тараққиётни тезлаштириб, у одамларда назорат-бошқарув функциясини қолдиради. Ана шу сабабли ҳам у бевосита ишлаб чиқарувчи кучлар тизимига айланади ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади;
-
Кибернетика фани ахборотни қабул қилиш, сақлаш, уни қайта ишлаш ҳамда ундан турли жараёнларни бошқаришда фойдаланиш билан шуғулланадиган фан;
-
Информатика фани ахборотшунослик-илмий информациянинг моҳияти, умумий хоссалари ва қонуниятларини, шунингдек, илмий коммуникация тизимини ўрганиш билан шуғулланадиган илмий фан;
-
Космонавтика фани космик фазога парвоз қилиш; турли хилдаги космик аппаратлардан фойдаланган ҳолда космосни ва Ердан ташқаридаги космик объектларни ўрганишни таъминлайдиган фан;
-
Математик лингвистика фани тилшунослик фанининг бир бўлимидан иборат бўлиб, у табий тиллар ҳодисаларини ва уларни тадқиқ этиш жараёнларини мавҳумий семантик моделлаштириш усулидан фойдаланишни тадқиқ этиш ҳақидаги фан;
-
Бионика фани биология ва кибернетиканинг яна мукаммалтехник воситалар ёки қурилмаларни яратиш мақсадида организмларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолиятини ўрганадиган фан;
-
Ижтимоий психология фани мулоқат ва муомала қонуниятларин7и шахслараро муносабатлар ваиндивудиал ҳамда жамоавий ўзаро таъсирларни, жамоаларнинг ички ва ташқи тузилишини, уларнинг турлари ҳамда таснифини, оммавий ҳолатлар ва ҳаракатларни, ижтимоий ва миллий онг, менталитет, миллий қиёфа, характер, таъб, анъана, одат, маъросим ва шунга ўхшаш ҳолатлар билан шуғулланадиган фан;
-
Электроника фани электрон ва ионларнинг электромагнит майдон, газлар, суюқликлар, қаттиқ жисмлар ҳамда плазма билан ўзаро таъсирида рўй берадиган ҳдисаларни ўрганувчи, электрон ва ионли ҳодисалар асосида ишлайдиган электрон асбоб ва қурилмалар яратьиш ҳақидаги фан;
-
Сунъий интеллект фани сунъий интеллект тизимини яратиш ҳақидаги фан. Бунда ЭҲМнинг одам томонидан бажариладиган, биз ижодий ва интеллектуал, деб ҳисоблашга мойил бўлган фаолиятга тақлид қилиш имкониятларини аниқлаш асосий мақсадлардан биридир;
-
Глобалистика фани инсоният тараққиётининг энг умумий қонуниятларини илмий ва маънавий уйғунликда ўрганиш ҳақидаги фан.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
ҳозирги кунда юксалаётган илм-фан олдида қандай вазифаларни ҳал қилиш муаммоси турибди;
-
бошқариш илми тўғрисида кибернетика ва информатика ҳамда космонавтика фанларининг қайсилари кўпроқ масъул? Буни қандай асослайсиз? Ёзма ахборот тайёрланг;
-
бошқариш илмининг Республикамизда асосчиси ким ва унинг ҳаёти, фаолияти тўғрисида маълумот тайёрланг;
-
турдош фанлар деганда нимани тушунасиз ва уларнинг ривожланишида уларнинг бир-бирига таъсири қандай бўлад?
-
ижтимоий психология фанининг ёшлар маънавий тарбияси ва интеллектуал салоҳиятига қандай таъсирлар бор, деб ўйлайсиз?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
тадқиқот ишларини олиб боришда қайси фан ютуқларидан фойдаланишни режалаштирсангиз ўша фан мақсад-вазифалари эътиборингизда бўлсин ва улар ишингизнинг натижасини баҳолашда ҳамда айниқса методологик асосларини ёритишда жуда керак бўлади;
-
илмий ижод ҳам доимо бошқаришга муҳтож. Шунинг учун ижодий ишни бажаришнинг алгоритмик тизимини ишлаб чиқсангиз, шу иш боришини жорий, оралиқ ва якуний назоратни амалга оширишга имконият яратилади. Бу эса ижодий жараёнда вақтни тежашга ва нотўғри йўлга кетиб қолмасликка асос бўлади;
-
ижодий фаолиятингизда кибернетика ва бионика фанларидан кенгроқ фойдаланишга эътибор беринг. Уларнинг бири бошқариш санъатини таъминласа, иккинчиси инсон омилига эътибор доимо эътибор бериш кераклигини таъкидлаб туради.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
-
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. – 2 ж. ва 4ж. – Тошкент: ЎМЭ Давлат илмий нашриёти, 2002. – 704 б.
-
Муҳаммедов Ғ.И., Тўрақулов Х.А. Замонавий педагогик тадқиқотларнинг илмий-назарий асослари. – Тошкент: Фан, 2004. – 230 б.
-
Тўрақулов Х.А. Математика. – Жиззах, 2004. – 125 б.
-
Ижодий жамоаларнинг шаклланиши
Таянч иборалар ва атамалар: академия, маънавий юксалиш, “Илк Уйғониш даври”, “Сўнгги Уйғониш даври”, Ўзбекистон Республикаси бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг ҳарбий академияси, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар академияси, Ўзбекистон Республикаси давлат ва жамият қурилиш академияси, Хоразм Маъмун академияси, фундаментал тадқиқотлар.
Мавзунинг матни: Илмий жамоаларнинг шаклланиши.
Кишилик жамиятининг пайдо бўлишидан бошлаб, тараққиёт босқичларига мос ва хос ижодий фаолият жараёни ҳам ўз тараққиёт босқичларига эга. Табиийки, бошқа соҳалар сингари ижодда ҳам дастлаб инсонда фикр пайдо бўлади ва у асосида ғоя, қараш ёки таълимот шаклланади. Бу жараёнлар аввал якка шахсда пайдо бўлиб, кейин жамоага (бир неча кишига) тарқалади. Муаммолар ечимлари ҳам шу тариқа амалга оширилади. Муаммолар ёки муаммолар ечимини топиш жараёнида ҳамкорлик илмий жамоаларнинг ташкил топишини билдиради. Илм-фан тарихий тараққиётида бунга далиллар кўп. Биз бу ерда фақат дунёга танилган илмий жамоалар, яъни академиялар тўғрисида маълумот беришни лозим топдик.
Академия – юнонча Akademos–афсонавий қаҳрамон Академ номидан олинган.
Милоддан аввалги IV аср бошларида юнон файласуфи Платон (Афлотун) ташкил қилган илмий мактабни Академия деб атаган. Бунга сабаб Афлотун кўпинча ўз шогирдлари билан суҳбатларни афсонавий қаҳрамон Академиянинг ҳайкали олдида ўтказар экан.
Табиийки, ўша пайтлардаги илмий салоҳият табиат ва жамият ҳақидаги жуда оз нарса билан чегаралана олар эди. Ўша давр илмий жамоаси мақсади олимларга маълум бўлган илмларнинг ҳаммасини, яъни табиат ва олам ҳақидаги билимларни ягона фан шаклида ифодалашдан иборат эди. Бунинг учун эса олимларимиз қомусий билимларга (фалсафа, математика, тарих, география, биология, физика, педагогика, тиббиёт ва ҳ.к.) эга бўлмоғи керак эди. Бу жамоа Афлотун, Суқрот, Пифагор, Парленид ва Гераклитларнинг илмий қарашларидан кенг фойдаланганлар.
Академиянинг янги ташкил бўла бошлаган пайтида кўпинча Афлотун билан шогирдларидан бири Аристотель (Арасту) ҳамма нарсани ҳам тўғри деб қабул қилавермас экан, у доимо устозидан ўрганганларини қайта текшириб кўришга ҳаракат қилар экан. У кейинчалик Ўрта Шарқда Арасту номи билан машҳур бўлиб кетди. Академия илмий салоҳиятини юксалтиришда Арастунинг хизмати ниҳоятда катта бўлган ва у 20 йил давомида Афинадаги академияда таълим олган.
“343 йилдан подшоҳнинг ўғли Александрнинг (Искандар Зулқарнайн) тарбиячиси ва муаллими бўлиб хизмат қилган ва уни яккахудолик руҳида тарбиялаган” 1.
Арасту томонидан метероралогия (об-ҳаво ҳақидаги фан) ва логика (тўғри фикрлаш ҳақидаги фан) асослари ишлаб чиқилди. У билиш жараёнида тажрибага алоҳида эътибор берди.
У биричилардан бўлиб ҳайвонлар устида тажриба ўтказди ва табиат ҳодисалари устида муттасил илмий кузатишлар олиб боришни ташкил қилди, шунингдек биринчи бўлиб илмий коллекциялар йиғишни бошлади.
Арасту Ер ва Ой шарга ўхшаш думалоқ шаклга эга эканлиги ҳақидаги гипотезани биринчи бўлиб айтди. У шамол ва денгиз оқимларининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб берди, ҳамда касалларни даволаш билан ҳам шуғулланди.
Уни буюк хизматлари учун ҳақли равишда Ўрта аср Шарқида “Биринчи муаллим” деб атадилар.
Академия тарзидаги илмий жамоалар VIII-IX асрларда Шарқда ҳам ташкил этила бошлади. Булардан Ҳорун ар-Рашид (786-809) ҳукмронлиги даврида “Байт ул-ҳикмат” (“Ҳикматлар уйи”)га асос солиниб, унинг фаолияти 813-833 йилларда Маъмун ар-Рашид даврида янада ривож топди. Унда расадхона ва бой кутубхоналар ташкил этилди. Ундаги кутубхона “Дор ул-илм” (“Илм уйи”) деб аталди.
Бундай академиялар Боғдодда ва Мисрда ҳам очилган эди. Урганчдаги Маъмун академиясига эса 1004 -1005 йилларда асос солинган.
Қомусий олим Абу Райҳон Беруний академиянинг раҳбари бўлган. Ўша пайтда мазкур академияда Абу Али ибн Сино, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, табиб Абдулҳасан Ҳаммор, Ҳунайн ибн Исҳоқ, Собит ибн Курра, Ҳубайш, Бахтяшу, Кусто ибн Луқа ал-Баахбаккий, Яҳё ибн Адий, Исҳоқ ал-Дамашқий, Масаржувайхлар оиласи, Навбахш, Ибн Муқаффа, Ибн Можжа, Ибн Вахшиялар томонидан юнон, яҳудий, санскрит, сурёний, форс тилида жуда кўплаб илмий-адабий, фалсафий-ахлоқий асарлар араб тилига таржима қилинди ва уларга шарҳлар ёзилиб, мусулмон дунёсига ёйилди 21; 537 -б..
Булардан ташқари мазкур академияда Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Хомид ибн ал-Малик ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Фазл ал-Ҳамид ибн Васеъ ибн турк ал-Хутталий, Абу Юсуф Ёқуб ибн Саххоб ал-Киндий ва бошқа ўрта осиёлик олимлар ҳам илм-фан сирларини ўрганганлар.
Машҳур олим Абу Наср Фаробий Арастунинг “Метофизика”, “Жон ҳақида”, “Этика”, “Категориялар”, “Аналитика”, “Топика” ва бошқа асарларига шарҳлар ёзган. Арасту каби қомусий билимли бўлганлиги учун ҳам уни фанда “Арасту–биринчи муаллим” дан кейин “Иккинчи муаллим - Шарқ Арастуси” деб атадилар.
Бу борада Маъмун академиясининг фаол аъзоларидан Абу Али ибн Сино Арасту ва Фаробийларнинг илмий меросини янада ривожлантириб, “Учинчи муаллим”, деган буюк унвонга сазовор бўлди. Арастунинг “Осмон ҳақида” ва “Физика” асарлари юзасидан Беруний билан Ибн Сино ўртасида бўлиб ўтган илмий мунозаралар Маъмун академияси фаолиятида ҳам муҳим ўрин эгаллаганликларидан дарак беради. Бу мунозара илм тарихида катта аҳамиятга эга. Ҳаттоки, бу мунозара турли тилларга таржима ҳилиниб, нашр ҳам қилинган. Жумладан, бу мунозара биринчи марта рус тилига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (ФА) да таржима қилиниб, нашр этилган.
Диёримизда маънавий юксалиш босқичлари “Илк уйғониш даври” (IX-XII асрлар), “Сўнгги уйғониш даври” (XIV-XV асрлар), деб номланган. Булардан “Илк уйғониш даври” да Маъмун академияси ва унинг турли жойлардаги тармоқлари илм-фан равнақига катта ҳисса қўшди.
“Сўнгги уйғониш даври” эса “Амир Темур ва Темурийлар даври” га тўғри келди. Амир Темур томонидан Самарқандда тўпланган олимлар, ёзувчилар, тарихчилар, меъморлар ўша давр илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. Бу даврда қурилган Улуғбек расалхонаси ва мадрасаси (1420й) ҳам ўзига хос академия эди. Бу академияда Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший ва унинг ўғли Мансур Коший, Али Қушчи, Мансурнинг шогирди Муҳаммад Биржоний, Саадиддин бирн Умар Тафтазоний, Мир Саййид Журжоний, Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсиддин Мунший, Хожа Афзал, Жалол Ҳоқий, Мавлоно Нуғмониддин Хоразмий ва бошқалар фаолият кўрсатдилар.
XV асрнинг иккинчи ярмида Ҳиротда Алишер Навоий атрофида тўпланган олим, ёзувчи, шоир, рассом, тарихчилардан иборат илмий ва бадиий жамият ҳам ўзига хос академия эди.Ҳиротдаги академия ўрта аср Шарқида давлат томонидан таъсис этилган биринчи бадиий академия ҳисобланади. Камолиддин Беҳзод шу академиянинг аъзоси.
XV-XVI асрларга келиб Европада бир қанча илмий жамиятлар академия деб атала бошлади. Улар: Лондондаги Қироллик жамияти (1660й), Париж ФА (1666й), Берлиндаги Пруссия ФА (1700й), Петербург ФА (1724й) ва ҳ.к.
Ўзбекистон Республикаси (ЎзР) ФА – мамлакатимизнинг олий илмий ташкилоти ҳисобланади. Булардан ташқари республикамизда қуйидаги академиялар фаолият кўрсатмоқда.
-
ЎзР бадиий академияси;
-
ЎзР қуролли кучларининг ҳарбий академиси;
-
ЎзР ички ишлар вазирлиги академияси;
-
ЎзР давлат ва жамият қурилиши академияси;
-
Хоразм Маъмун академияси.
Булардан ташқари бошқа мамлакатлар ФАлари ҳам мавжуд. Улар: Россия ФА, Украина ФА, Қозоғистон ФА, Қирғизистон ФА ва ҳ.к. Шунингдек, халқаро ФАлари ҳам мавжуд. Улар: Халқаро муҳандислар академияси, педагогик таълим халқаро ФА, Олий таълим халқаро ФА ва ҳ.к.
Илм-фан равнақида, айниқса фундаментал тадқиқотлар олиб боришда бу илмий жамоаларнинг – академияларнинг роли беқиёсдир, чунки илм-фан ютуқлари тараққиёт савиясини (даражасини) таъминлаб туради ва шу асосда инсонлар (жамият) ўз ҳаётий эҳтиёжларини қондирадилар.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
Академия деганда қандай жамоа тушинилади?
-
диёримизда дастлабки (қадимий) ва ҳозирги академияларнинг фаолиятини таққосланг?
-
“Илк Уйғониш даври” ва “Сўнги Уйғониш даври” ларидаги умумийлик ва хусусийлик, деганда нимани тушунасиз?
-
ўз илмий мактабига эга бўлган етук олимларга қандай юксак унвон берилади?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
|