е) Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар, ҳисоботлар ва декларацияларни тузиш, уларни солиқ инспекциясига ҳамда бошқа тегишли органларга топшириш кўп ҳолларда бухгалтер учун ноҳуш жараён сифатида кечади.
Бунга сабаб бир томондан, мазкур ишнинг мураккаблиги бўлса, иккинчидан, ҳисобот ва декларация топширувчи бухгалтернинг вақтини оладиган-навбат кутиш ҳамда айрим солиқ ходимларининг хушмуомиласизлиги ва шунга ўхшашлар.
Бундан ташқари, маълумки, агар давлат статистика органлари ва бюджетдан ташқари фондларга (бандлик хизмати ва ҳ. к) тегишли ҳисобот шакллари топширилганлиги тўғри-сида бухгалтерлик (молиявий) ҳисобот муқовасига белги қўйилмаган бўлса, уни солиқ инспекцияси қабул қилмайди.
Бундай барча ишларни яъни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар, ҳисоботлар ва декларацияларни тузиш, ҳамда тегишли органларга топширишни аудиторлик ташкилоти тўлиқ ўз зиммасига олади.
Шунингдек, аудиторлик ташкилоти солиқ инспекциясининг текширув далолатномаларини ҳам ўрганиб, агар ноҳақ камчиликлар кўрсатилган бўлса, улар бўйича эътироз хати тайёрлаши мумкин.
Ҳисоботларни муваффақиятли топшириш ва ҳимоя қилиш, аудиторлик ташкилоти ҳисоботларни тузишга доир ишларни малакали ва сифатли бажарганлигидан далолат беради, ҳамда профессионал хизмат бозорида унинг обрўсини оширади.
ж) Аудиторлик ташкилоти аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бўлган тадқиқотлар, маърузалар, семинарлар, амалий машғулотлар ва бошқа шаклдаги тадбирлар ҳам ўтказиши мумкин. Бу мақсадда аудиторлик ташкилоти Молия Вазирлиги давлат солиқ инспекцияси, ва бошқа мутасадди идоралардан тажрибали услубиётчи ва амалиётчи ходимларни, ҳамда олий ўқув юртларидан етакчи профессор-ўқитувчиларни таклиф этиши мумкин.
Бу тоифа хизматларнинг бухгалтерларни ўқитиш билан боғлиқ бошқа хизматлардан фарқи, у семинар иштирокчиларидан маълум малака талаб қилади.
Аудиторлик ташкилоти ходимлари маъруза ва семинар иштирокчиларига фуқаролик, солиқ ва бошқа қонунчиликларда рўй берган ўзгаришларни, бухгалтерлик ҳисобини юритишга доир меъёрий ҳужжатлар(бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг халқаро ҳамда миллий стандартлари, низомлар, қарорлар, йўриқномалар ва бошқалар)ни шарҳлаб берадилар. Шунингдек, бундай тадбирларда ҳисоб юритиш ва ҳисобот тузишда кўп содир бўладиган хатолар муҳокама қилинади ва семинар иштирокчиларининг саволларига жавоб берадилар.
Юқорида келтирилган профессионал хизматлардан ташқари аудиторлик ташкилоти белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби, аудит, молия-хўжалик фаолияти таҳлили, солиққа тортиш бўйича ўқув қўлланмалар ва ўқув-услубий материаллар тайёрлаши ҳамда чоп эттириши мумкин. Бу тарздаги хизматлар, одатда, мазкур масалалар бўйича босмахона, услубий тавсиялар ва бошқа оммабоп адабиётларни ишлаб чиқа оладиган муаллифлар ҳамда таҳририят жамоасига эга йирик аудиторлик ташкилотлари томонидан бажарилади.
Шунингдек, аудиторлик ташкилоти мижоз-корхоналарига даврий нашр адабиётлари: «Солиқ тўловчининг журнали», «Солиқ ва божхона хабарлари», «Хўжалик ҳуқуқи», «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» ва бошқаларга обуна бўлишдан тортиб, то компьютер учун «ҳуқуқ тизими» ва ҳ. к маълумотларгача бўлган қўлланмаларнинг мақбул тўпламини танлаш бўйича маслаҳатлар ҳам бериши мумкин.