Борлиқ тушунчасига қарама-қарши бўлган тушунча бу йўқликдир. Агар борлиқ тушунчаси ниманингдир мавжудлигини ифодаласа, йўқлик тушунчаси эса ҳеч нимани акс эттиради. Борлиқ юқорида қайд этганимиздек абсолют мазмунга эга бўлиб муайян (конкрет) нарсалар шаклида ва нисбий сифатий муайян ҳолда мавжуд бўлган бутун объектив ва субъектив реалликни ўзига қамраб олади.
Йўқлик эса нисбий мазмундаги тушунча бўлиб, қаердадир ёки нимададир ниманингдир айни пайтда мавжуд эмаслигини ифодалайди. Масалан, йўқлик деб ўтмишдаги ва келажакдаги ҳодисаларнинг ҳозирги замонда (айни шу вақтда) йўқлигини айтишади. Бугунги ҳодиса кеча ҳали йўқ эди, аммо потенциал (имкониятдаги) борлиқ сифатида мавжуд эди. Эртанги ҳодиса ҳам ҳозирча йўқлик, аммо потенциал борлиқдир. Биз ўтмишни бугунги қолдирган изига қараб, келажакни эса, бугунги ҳодисалардаги ўзгариш суръати (темпи) ва тенденцияларига қараб баҳолаймиз. Бугунги воқелик эртага йўқликка айланади, кўпгина тирик жониворлар эртага ўлик бўлади, яъни ҳаёт ўлимга айланади. Ўлим – бу ҳаётнинг йўқлигидир. Олинган индивиднинг ҳаётий борлиғи, у ўлгач, йўқликка айланади. Аммо унинг қолдиқлари, танаси бирдан йўқолмаслиги мумкин. Улар ҳам йўқолгач, одамлар хотирасида унинг сиймоси қолиши мумкин. Хуллас, абсолют (мутлақ) йўқликнинг ўзи йўқдир. Йўқлик шу маънода нисбий мазмун касб этади.
Йўқлик (ҳеч нима)ни гносеологик маънода ҳам тушуниш мумкин. Биз йўқ деб ҳисоблаган объектлар ҳозирча бизнинг фикр доирамиздан (билиш чегарасидан) четда қолган бўлиши ҳам мумкин. Воқеликнинг муайян жойида маълум бир синфга мансуб объектларда, бирор муносабат ва алоқадорликларининг учрамаслигини ҳам йўқлик дейиш мумкин. Масалан, физик вакуумда бизга маълум бўлган бирор физик объект учрамайди. Аслида у жойда ҳам биз ҳали билмайдиган шаклдаги гипотетик оламлар ва уларнинг ўзига хос бўлган хусусиятлари, қонуниятлари мавжуддир. Таниқли фанни оммалаштирувчи инглиз олими Пол Дэвис (Paul Davies) физик вакуум ҳақида шундай ёзади: «Бу шундай фазо соҳаси-ки, у ердан ҳамма нарса – заррачалар, майдон, тўлқинлар буткул олиб ташланган… Физиклар квант майдон назариясини ишлаб чиқишгач вакуумнинг узоқ йиллар мобайнида ўйлаб келишганларидек, моддадан маҳрум бўлган ҳаётсиз, бўм-бўш фазо эмаслигини англаб етишди»1.Машҳур инглиз олими Поль Андриен Морис Дирак эса вакуумни манфий энергияга эга бўлган электронлар денгизи деб фараз қилган.2 Бу манфий энергияга эга бўлган электронлар – мусбат зарядли позитронлар эди. Электронлар эса мусбат энергияли ва манфий зарядли заррачалардир. Позитронлар ҳақидаги ҳақиқат 1932 йили ўз исботини топди. Ўтган асрларда электромагнит майдонининг мавжудлиги ҳақидаги, кўпгина элементар заррачаларнинг мавжудлиги ҳақидаги тасаввурлар йўқ эди. Аниқроғи, биз уларнинг мавжудлигини билмас эдик. Улар биз учун «йўқлик» ҳисобланар эди. Аслида эса улар ўзича мавжуд бўлган. Биз энди уларнинг борлигини билдик, ёки улар бизнинг билим доирамизга кирди.
Мана шунга борлиқ ва йўқликни гносеологик тушуниш дейилади.