Абулғози баҳодурхоннинг илмий мероси ва унинг тарихий аҳамияти


I.1. Хива хонлигининг ташкил топиши ва унинг XVII асрнинг биринчи ярмигача бўлган даврдаги сиёсий ҳаёти



бет7/13
Дата18.06.2022
өлшемі234.43 Kb.
#459301
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   13
1-3 Боб

I.1. Хива хонлигининг ташкил топиши ва унинг XVII асрнинг биринчи ярмигача бўлган даврдаги сиёсий ҳаёти

Абулғози Баходирхон Хива хонлиги (хусусан, Ўзбекистон тарихини) тарихининг бир қанча долзарб масалаларини ёритиш ва аниқлик киритиш имконини берадиган “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” асарларининг муаллифидир. Бу асарлар туркий халқларнинг ўтмиши ва келиб чиқишларига бағишланган манба бўлиб, уларда туркий халқларнинг тили, давлатчилик анъаналари, урф-одатлари, қўшни давлат ва халқлар билан алоқалари, хўжалик ҳаёти, этногенези ва турли даврларда Ўрта Осиё ва унга туташ минтақаларда содир бўлган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий, жараёнларда муҳим ўрин тутган сулолаларнинг генеалогияси ва бошқа масалаларга оид қимматли маълумотларга бойлиги билан ажралиб туради. Асарларни ёзиш орқали, Абулғози Баҳодирхон Хоразм тарихнавислиги мактабига асос солган. Бироқ, унинг илмий мероси тарих фани мутахасссилари томонидан алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган.
Юқорида баён қилинган натижаларнинг тарихий илдизларини ёритиш билан Хива хонлигининг ижтимоий - сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини қиёсий ўрганиш, тадқиқ этиш ва илмий муомалага киритиш мақсадга мувофиқдир. Умуман, мазкур тадқиқот яна қуйидаги омилларга кўра долзарбдир:
биринчидан, Ўзбекистон тарихи фанида XVI асрнинг бошларидан бошлаб, XVII асрда Хива хонлигининг ижтимоий - сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини комплекс тадқиқ қилиш махсус диссертация мавзуси сифатида ҳозирга қадар ўрганилмаган;
иккинчидан, хонликнинг ижтимоий - сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини ёритиш нафақат илмий, балки амалий аҳамият ҳам касб этиб, яқин ўтмишда кечган тарихий воқеаларнинг ҳаққоний талқини бугунги куннинг жуда кўп муаммоларига жавоб бериши ва тегишли хулосалар чиқаришда муҳим аҳамиятга эгадир;
учинчидан, хонликнинг ижтимоий - сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида кечган тарихий жараёнларни, унинг сабабларини ўрганиш ўрта асрлар ўзбек давлатчилиги тарихи ва тажрибасини чуқурроқ ёритиш имконини беради. Мўғуллар даврида Жўжи улусининг таркибига кирган, Темур томонидан Темурийлар давлати таркибига киритилган ва кейинги Темурий ҳукмдорлар даврида гоҳ Самарқанд, гоҳо Хуросонга бўйсунган Хоразм XVI аср бошларида аввало, Шайбонийхон(1505 й.) ва кейинчалик Эрон шоҳи Исмоил Сафавий(1510 й.) томонидан босиб олинган эди.
Хоразм ҳудудлари мўғуллар даврида Жўжи улусининг таркибида бўлиб, Амир Темур томонидан Темурийлар давлати таркибига киритилган ва кейинги Темурий ҳукмдорлари даврида гоҳ Самарқанд, гоҳо Хуросонга бўйсундирилиб XVI аср бошларида аввало, Шайбонийхон(1505 й.) ва кейинчалик Эрон шоҳи Исмоил Сафавий(1510 й.) томонидан босиб олинган эди.
Шайбонихон вафотидан сўнг яъни, 1511 йилда Хоразмда озодлик учун кураш бошланди. Бу вақтда Хоразм музофотининг бошқаруви шоҳ Исмоил Сафавий томонидан юборилган уч ноиб: Хива, Вазир ва Урганч ноиблари томонидан амалга оширилар эди37. Бу ҳақида “Шажарайи турк”да Абулғозий “Шоҳ Исмоил барча Хуросоннинг вилоятларина доруға юборди, Хоразмға уч доруға юборди. Бири Хевақ ва Ҳазорасбга, бири Урганчга ва бири Вазирга. Урганч ва Вазирга юборгани иккиси бир туқған эрди ва асли араб эрди. Урганчда турғанининг оти Субҳонқули ва Вазирда турғанининг оти Раҳмонқули эрди”38, деб қайд қилиб ўтади.
Мавжуд маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Хоразмда бошланган озодлик курашига дастлаб дин арбоблари бошчилик қилганлар ва диний-мафкуравий тарғибот ўз самарасини берган. Маълумки, ўша даврда ҳам Хоразм аҳолиси ислом динининг сунний оқимига мансуб бўлса, Эрон Сафавийлари эса шиа 39тарафдори эдилар. Диннинг мафкуравий ҳукмронлиги шароитида мазҳабларнинг турлича бўлганлиги Сафавийларнинг Хоразмдаги ҳукмронлик мавқеларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатган40. Натижада, Хоразм аҳолисини дин байроғи атрофида бирлаштириш имконияти юзага келган. Қози Умар бошлиқ Вазир уламолари шаҳар аҳолисини Сафавийларга қарши курашга чорлайди ва мадад сўраб Берка султоннинг ўғли Элбарсхонга мурожаат қиладилар41. Саййид Ҳисомиддин Қитол42 эса Дашти Қипчоқ ўзбеклари билан Вазир шаҳри аҳолиси ўртасидаги муносабатларда воситачи вазифасини бажаради43. Ўзбекларнинг шаҳарга яқинлашиб келаётганидан хабар топган аҳоли кечаси қизилбошлар (Сафавийлар қўшини аскарлари бошларига қизил салла ўраб юрганлари учун қизилбошлар номини олган эди)ни ўлдира бошлайдилар ва жангни ғалаба билан якунлайдилар. Ғалаба ҳақида Абулғози шундай ёзади: “Улуғ тўй қилиб, ўзбек ва сарт барчаси йиғилиб иттифоқ билан тарих тўққиз юз ўн бирда ва қўй йилинда Элбарсхонни хон кўтардилар”44.
Хоразмда бошланган озодлик ҳаракати ва унинг натижасида ташкил топган Хива хонлигининг тарихига оид дастлабки маълумотларни Бухоро тарихнавислари Мирзо Муҳаммад Ҳайдар (1500-1551)нинг “Тарихи Рашидий”45, Ҳофиз Таниш Бухорий (1549-1589)нинг ва “Шарафномаи шоҳий” ёки “Абдулланома”46 асарларида учратиш мумкин. Хива тарихнавислик мактаби асосчиси Абулғози Баҳодирхон ҳам хонлик тарихининг дастлабки даврини баён қилишда мазкур асарлардан унумли фойдаланган. Эрон тарихчилари Ҳаранбек Румлу (1430/31-?)нинг “Аҳсан ат-Ђаворих”47 (Солномалар сараси), Искандарбек Мунший 1541/1562-1634)нинг “Тарихи оламоройи Аббосий”48, Муҳаммадёр ибн АЀаб Қатағоннинг “Мусаххир ал-билод” асари49 ва рус экчиси И.Д.Хохловнинг “Статейный список”50 номли подшо Михаил Фёдорович (1609-1648)га ёзган ахборотида Хива хонлиги тарихига оид баъзи диққатга сазовор маълумотларга дуч келамиз.
Хива хонлиги тарихнавислиги масалалари Ўзбекистон тарихи тарихнавислигининг алоҳида мавзуси сифатида ўзига хос хусусиятларга эга. Улар қуйдагиларда ўз аксини топган; биринхидан, XVII асрнинг 60-йилларигача, чъни “Шажарайи турк” асари яратулгунча бўлган даврда Хива хонлиги тарихнавислигига оид материаллар орасидР сонлик тарихини баён қилувчи алоҳида махсЁс тадқиқктлар кўзга ташланмайди; иккинчидан, Абулғози асос солган Хива тарихнавислик мактаби анъаналари кейинги даврларда ривожлантирилди ва шу боис хонликда кейинги даврларда содир бўлган воқеалар нисбатан батафсил баён қилинган; учинчидан, Хива хонлигининг тарихнавислиги масаласи нафақат чет эл тарихчилари томонидан, балки маҳаллий олимлар томонидан ҳам алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида чуқур ўрганилмаган.51
Янги давлатнинг ерлари Элбарсхоннинг яқинларига тақсимлаб берилади. Вазирга қарам Янги шаҳарга Билбарс, Тирсакка эса яна бир ўзбек ҳоким этиб тайинланди. Элбарс ва Билбарс Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон/Сибоннинг52 вориси Арабшоҳ авлодларидан бўлганлиги боис уларнинг хонлик сулоласи Арабшоҳлар деб ҳам ном олган. Хива хонлигига асос солинган тарихий сана ҳақида айрим олимлар ўз фикрларини билдирганлар. Жумладан, академик В.В.Бартольд “Хоразм хонлигига асос солиниши, афтидан 1511 йилга тўғри келади”53, -деб ёзган. Академик Я.Ғуломов “Элбарсхоннинг Хоразмшоҳ қилиб тайинланишига Шайбонийхоннинг ўлимидан кейин муваффақ бўлинди ва бу воқеа 1511 ёки 1512 йилда содир бўлган деб қаралиши лозим”54, - деб таъкидлайди. Шу тариқа, Хоразмда 1511 йилда Мовароуннаҳрдаги Шайбонийлар давлати ва Эрон Сафавийлари таъсиридан мустақил давлат ташкил топди ва кейинчалик, бу давлат Хива хонлиги деб атала бошланди.
Хоразмда ўзбек хонлиги ташкил этилгандан сўнг, орадан уч ой ўтгач Элбарс Урганч шаҳрига юриш қилади. Шаҳардан ярим фарсаҳ55 масофада бўлган жангда Элбарсхоннинг қўли устун келиб, ҳоким Субҳонқули бошлиқ қизилбошлар ва уларнинг иттифоқчилари енгилган. Урганчни эгаллаган Элбарсхон Дашт Қипчоқда қолган Ёдгорхон ўғлонларига чопар жўнатиб, уларни Хоразмга чақиртиради. Орадан сал вақт ўтиб, Абулақхоннинг бир ўғли ва Амнакхоннинг олти ўғли яқинлари билан бирга Хоразмга етиб келади56. Уларнинг кучига таянган Элбарсхон қисқа муддат ичида Хива, Ҳазорасп, Кат шаҳарларини қўлга киритади. Шу тариқа, Элбарсхон даврида жанубда Сарахс, Шимолда Орол денгизи, ғарбда Каспий денгизи ва шарқда Бухоро хонликлари билан чегарадош бўлган Хива хонлигининг сиёсий харитаси шаклланади.
Элбарсхон (1516 йилда) вафотидан сўнг фарзандлари ўртасида тожу-тахт учун ўзаро кураш бошланди. Бу даврда Ёдгорхоннинг набиралари орасида Беркенинг ўғли Султонҳожидан ёши улуғи йўқ эди. Шу боис уни Вазирга келтириб, хон қилиб кўтардилар. Султонҳожининг тарафдорлари кам бўлганлиги сабабли, душманлари қаршилигини енга олмаган57. Унинг вафотидан кейин тахтга Абулакхоннинг ўғли Ҳасанқули ўтқазилади. Янги хон Вазирда эмас, балки Урганчда тахтга ўтиради. Орадан бироз вақт ўтгач, барча ўзбек султонлари Урганчга хужум уюштириб, шаҳарни қамал қилдилар. “Урганч улуғ шаҳр, – деб ёзганди Абулғози, – Тез-ўқ қаҳатлик бўла қолди. Бир эшакнинг калласи қирқ-эллик танга бўлди, топилмади”58. Бу маълумот, тўрт ой давом этган қамал, урганчликларнинг тинка-мадорини қуритганини кўрсатади. Охир-оқибат Урганч аҳолиси таслим бўлади. Шаҳар олингач, Ҳасанқули ва унинг катта ўғли Билол Султон ўлдирилди.
Урганчда Сўфиён хон деб эълон қилинди59. Вазир, Янгишаҳар, Тирсак, Хуросон, Дурун, Манғишлоқ туркманларининг кўпгина овулларини бошқариш Султонғози бошлиқ Берке султон набираларига топширилди. Амударёга яқин Хива, Ҳазорасп, Кат, Бўлдумсоз ва Ингичка, Копеттоғ ён бағридаги Боғобод, Нисо, Обивард, Чаҳордеҳ, Маҳна, Чача аҳолиси ҳамда дарё ирмоқлари бўйида ўрнашган Абулхон ва Деҳистондаги туркманларнинг бошқаруви Амнакхоннинг тўрт ўғлига берилган.
Хоразмда ватан тутган ўзбек ҳукмдорлари билан туркманлар орасидаги муносабатлар аста-секин кескинлашиб борди. Айниқса эрсари, адақли, хизир эли, али эли, тевачи каби туркман уруғлари оқсоқоллари элати гарданига юкланган солиқлардан норози эдилар. Бунинг сабаби, катта–кичик элатларга солиқ тўплаш учун юборилаётган амалдорларнинг сони 40 дан ортиқ бўлиб, уларнинг зулми ҳаддан ошиб кетган эди. Натижада, солиқ йиғувчилар туркманлар томонидан ўлдирилади. Солиқ йиғувчиларнинг ўлдириши ҳақидаги хабар Сўфиённинг тўрт иниси билан туркманлар устига қўшин тортишига сабаб бўлади. Эрсари элатига етиб келган Суфиён қўшинлари аҳолининг катта-ю кичигини аямасдан қиличдан ўтказади. Ўлдирилган 40 ўзбек амалдорининг хуни учун туркманларга 40 минг қўй ўлпон тўлаш мажбурияти юкланди60.
1522 йилда Сўфиёнхон вафот қилгач, Урганчдаги хон тахтига Бучғахон ўтиради. Бу даврда Бухоро хонлиги қўшинларининг Эрон ҳудудларига уюштирган юришлари, сабабли, Эрон шоҳи Таҳмасп (1524-1576) ўзаро урушларга барҳам бериш мақсадида Хива хони Бучғахонга мурожат қилиб, ўртадаги алоқаларни никоҳ муносабатлари билан мутаҳкамлашга интилади61. Хива хонлиги ва Сафавийлар ўртасида илиқ муносабат юзага келади. Эрон шоҳи Таҳмосп Бучғахон билан яқин қариндош тутиниш учун унинг акасининг Ойшабеги исмли бўйи етган қизига уйланади62. Шундан сўнг Эрон ва Хива хонлиги ўртасидаги ўзаро дўстона муносабат бир қанча вақт давомида сақланиб турди. Шу ўринда, Эрон шоҳининг ўртадаги муносабатларни никоҳ алоқалари билан мустаҳкамлашга интилиши, асосан, сиёсий мақсадларда амалга оширилган тадбир бўлиб, бу ўша давр дипломатиясининг ўзига хос кўринишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим 63.
Бучғахон 1526 йилда вафот этгач, Урганч тахти Аванишхон қўлига ўтди. Урганчга келган Дурун ҳокими Муҳаммадғозининг Аванишхоннинг катта ўғли Динмуҳаммад томонидан ўлдирилиши, Амнакхоннинг ўғиллари билан Элбарсхон авлодлари ўртасидаги қонли тўқнашувга сабаб бўлди. Аванишхон Вазир яқинидаги Қумкенд деган жойда Султонғозининг тарафдорларини енгади ва Элбарсхон авлодидан бўлган 16 та хонзодани ўлдиртиради 64.
Элбарсхон авлодлари Султонғозининг катта ўғли Умарғози укаси Шерғози билан бирга Бухорога қочади ва Убайдуллахон саройидан паноҳ топади. Улар бироз улғайгач, Хива тахтига даъво қиладилар. Вазиятдан фойдаланган Убайдуллахон 1538 йилда Хивага юриш қилади. Бухоро қўшинлари келаётганидан ҳабар топган Хива ва Ҳазораспда ўтирган Амнакхоннинг ўғиллари Аванишхоннинг олдига қочиб бордилар. Ўз навбатида хон Урганчни тарк этиб Устюрт томонга қочади. Орқасидан қувиб етган қўшин Аванишхонни Баёт қири этагида асирга олди. Убайдуллахон уни Умарғозига берди ва у ўч олиш ниятида Аванишхонни ўлдирди65.
Убайдуллахон Урганчни бошқаришни ўғли Абдулазизхонга топширади ва ўзи Бухорога қайтиб кетади. Янги ҳукмдор билан бирга тўрт қисмга ажратилган ўзбек уруғларини бошқариш учун Ҳисор, Самарқанд, Тошкент тўралари ва Бухоро амалдорлари қолдирилди.
Убайдуллахон ўзи билан Ақатойхоннинг бир гала хотин-бола чақаларини ҳам олиб кетган эди. Аммо, улардан бири – 18 яшар Ҳожимхон Хоразмда яшириниб қолган. Кейинчалик, у, Дурун ҳокими Динмуҳаммад билан ўзаро келишиб, биргаликда Урганчга юриш режасини тузади. Лашкар Қурдуш деган жойга келганида уларга хизир эли ва адоқли туркманларидан жами 1000 киши қўшилган. Шаҳар қўлга киритилгач, доруға ва унинг ўнга яқин амалдори қатл этилади. Ушбу воқеалардан хабар топган Абдулазизхон ҳам Урганчни тарк этиб, отасининг олдига қочади.
Бухоро хони Убайдуллоҳ 40 минг кишилик жазо қўшинни Хоразмга жўнатади. Бухороликлар Ҳазораспни эгаллади деган хабарни эшитган Динмуҳаммад ўзининг 3 минг кишилик қўшини билан жангга киришни ният қилди. “Бухоро қўшинлари кундузи дам олади ва кечалари юради”66 деган маълумот асосида Шикаст кўли яқинидаги йўлнинг икки ёқасида пистирма қўйган Динмуҳаммад ва Юсуф султоннинг лашкарлари билан бухороликлар устига қўққисдан ҳужум қилиб, босқинчиларнинг устидан ғалаба қозонди. Асир олинган Бухоро амалдорлари Хоразмдан олиб кетилган барча ўзбек хонзодалари ва уларнинг оила аъзоларини қайтаришга ваъда берадилар. Уларни олиб келиш вазифаси Ҳожимхонга топширилади67.
Бухорога борган Ҳожимхонни Убайдуллахон яхши қабул қилган ва отаси билан бошқа қариндошларини ҳам олиб кетишга рухсат берган68. Ундан кейин Ҳожимхон Самарқанддан Жуванмардхон ва Ҳисордан Колхон ҳамда унинг отаси Ақатойхонни олиб, Урганчга қайтиб келади. 1547 йилда Урганчда хон тахтига кўтарилган Колхон замони тинч ва ободончилик даври бўлди. “Колхон хон бўлди, бир пулга бир нон бўлди тедилар”69,— деб ёзганди Абулғози.
Колхон отаси Хива ва Ҳазораспнинг ҳокимлигини Бучғахоннинг ўғиллари Эшхон ва Дўстхонга беради. Кейинчалик, улар Хива тарихида муҳим роль ўйнай бошлаган. Аммо, орадан бир қанча вақт ўтгач, улғайган Амнакхоннинг набиралари орасида бирлик бўлмайди. Улар бир – бирларига хавф туғдириб, айримлари Бухорога қочиб кетадилар.
Бу вақтда Бухорода Сўфёнхоннинг Юнус исмли ўғли ҳам бор эди. У ҳақда Абулғози – “Юнусхон ақлли ва жувонмард ва ғаюр, ёрлиқи қатти киши эрди”70, – деб ёзганди. Юнусхон Манғит ҳокими Исмоилбийга куёв бўлиб, 1556 йилда қайнотамни кўриб келаман деб 40 йигити билан Хоразмга йўл олди. Туқ қалъасига71 яқин келган Юнусхон Урганч шаҳри деворларини кўрди. Кун ботгач, унинг йигитлари шаҳар қалъаси деворларини машъала кўтариб қўриқлаётган соқчилардан бир нечтасини ўлдириб, шаҳар ичига кирадилар.
Ночор аҳволга тушиб қолган шаҳар ҳокими Маҳмуд султон Вазирга қочиб, Ақатойхон ҳузурига боради. Ақатойхон қўшини Урганчга келгач, Нажмиддин Кубро мақбараси яқинида қонли жанг бўлиб ўтади. Жангда енгилган Ақатойхон ўлдирилди ва жасади Вазирга жўнатилади. Ақатойнинг катта ўғли Ҳожимхон укалари билан Хуросондан аскар йиғиб, Урганч яқинида Амударёдан кечиб ўтгани ҳақида, хабар топган Юнусхон шаҳарни ташлаб Бухорога қочади, унинг ўғли Қосим султон эса ўлдирилади72.
Вақт ўтиб Сўфёнхон ва Колхоннинг барча фарзандлари оламдан ўтади, улардан насл қолгани маълум эмас. Аванишхоннинг ўғиллари Хуросонда ва Ақатойхоннинг ўғлонлари Хоразмда ҳукмдорлик қилардилар. Бучғахоннинг Эш73 исмли ўғли Хивани, Дўст – Ҳазораспни, Бурам эса Катни бошқарарди. 1557 йилда Дўстни хон кўтардилар, аммо уни Ҳожимхон тан олмайди. Бундан азият чеккан Эшсултон қўшин тўплаб Урганч устига юриш қилади. Аммо Қумқалъа яқинидаги Чурнук деган жойда бўлган 8 кунлик жангда Ҳожимхонни енга олмайди.
Хивага қайтган Эшсултон уйғур ва найманларни ерларидан қувиб, уларнинг ерларини дўрмон уруғига беради. Янги қўшин билан келиб Урганч ва Туқ қалъаси орасидаги майдонда Ҳожимхон билан яна бир ҳафта уришди. Аммо ҳеч бир тараф ғолиб келолмади. Шунда Эшсултон кечаси қўшини билан яширин ҳолда Урганчга борди. Қалъадаги уйғур ва найманлардан бошқа аҳолига тегмади. Бир қисм аҳоли Вазирга қочди. Ҳожимхон Ақатойхон ўғлонларини ёрдамга чорлаб, Урганчни 4 ой қамал қилади ва охири оқибат шаҳар унга таслим бўлади.
“Урганчда Эшсултонни ўлтуруб ва Хевақда Дўст султонни ўлтуруб оқ кигизнинг бир кунжини Али султон ва уч кунжини иниси тутиб Ҳожимхонни ўртада ерда ўлтуртуб, ўттиз тўққиз ёшина етганда йилқи йилинда тарих тўққиз юз олтмиш тўққузда(1561-62) Урганч вилоятинда хон кўтардилар”74. Муаррих Муниснинг хабар беришича, Ҳожимхон ўзининг 42 йиллик ҳукмронлиги даврида гоҳ Урганч, гоҳ Хивада яшаган75.
1558 йилда Хоразмга Антоний Женкинсон ( инглиз ) исмли элчи келади. Рус подшоси Иван Грознийдан рухсат олган ва “Лондон-Москва” савдо компанияси агенти бўлган бу инглиз сайёҳи ўз вақтида Европа, Осиё ва Африканинг кўпгина мамалакатларига саёҳат қилган ва 1557–1572 йилларда Россияда 4 марта бўлган эди. Хоразмдан кейин Бухорога76 бориб қайтган Женкинсон, қиш фасли бошланганлиги сабабли Урганч ва Вазир шаҳарларида 4 ой давомида қолиб кетади. Кейинчалик ўз хотираларида Хоразм воҳаси ҳақида қизиқарли эсдаликлар қолдиради77. Жумладан, у Кўҳна Урганч ҳақида шундай ёзганди: “Урганч қалъаси текисликда жойлашган ва лой девор билан ўралган. Уй-жойлар ҳам лойдан тикланган, аммо тартибсиз қурилгандай кўринади. Кейинги етти йил ичида, ўзаро низолар натижасида, қалъа тўрт марта қўлдан-қўлга ўтган, Шу сабабли бу ерда савдогарлар кам. Шаҳарда усти бостирилган битта узун кўча бор ва у бозор вазифасини ҳам ўтайди”78. Женкинсон Амударёнинг ўзани ўзгариб бораётгани сабабли Вазир ва Урганч шаҳарлари яқин келажакда мушкул аҳволда қолишини тўғри башорат қилганди79.
1573 йилда Бухоро ҳукмдори Абдуллахон катта қўшин билан Хоразмга юриш бошлади. Бундан хабар топган Темур султон Кубатоғ (Манғит яқинида)дан тортиб, Тошсоқа қирларигача бўлган жойларда ўзбек ва сартларни Хивага тўплади. Вазир ҳалқи ҳам келиб Хива қалъасига қамалди. Бухоро қўшинларининг боши Янгиариқга етган вақтда Абдуллахон Қуланчи деган жойга келиб тўхтади. Ўн кундан кейин “Ҳожи Муҳаммадхон Хуросондан қўшин билан келаётир” деган хабар тасдиқланди. Ушбу вазиятда Абдуллахон Хивага чопар жўнатиб, Пўлат ва Темур султонларга сулҳ таклиф қилди. Икки ўртада бир–бировга даҳл қилмаслик ҳақида келишилганидан сўнг, Бухоро қўшинлари орқага қайтди80.
Кейинги йилларда ҳам Хива шаҳри Бухоро билан муносабатларда муҳим роль ўйнади. 1595 йилда Бухоро ҳукмдори Абдуллахон иккинчи бор Хоразмга юриш қилган вақтда Ҳазорасп ҳокими Муҳаммад султон аъёнларини олиб Хивага қочди. Бу ерга тўпланган ўзбекларнинг етакчилари бир – бирига ишонмасдан Паҳлавон Маҳмуд мақбарасига бориб, Қуръони Каримни ўртага қўйиб онт ичсаларда, бирлаша олмайдилар. Натижада Темур султон ва Пўлат султоннинг ўғиллари 2 минг уйлик қавми билан Вазирга йўл олдилар.
Эртасига Бухоронинг 3 минг кишилик қўшинлари йўлга тушган хиваликлар изидан Олмаотишган қалъаси яқинида қувиб етди. Хиваликлар араваларни бир жойга тўплаб, мудофаа жанглари бошлайдилар. Жуда кўп моли ва одамларидан ажралган хиваликларнинг бир қисми Вазирга қочиб боришга муваффақ бўлдилар. Уларнинг изидан келган Абдуллахоннинг қўшинлари Вазир қалъасини бир ой давомида қамал қилиб турдилар. Қалъани олишга кўзи етмаган Абдуллахон сулҳ таклиф қилди. Қайтиш вақтида Урганч ўзбекларининг давлатманд амалдорларининг мол–мулки тортиб олинди ва киши бошига 10 тангадан ўлпон солинди. Бу ҳақда-“Пул топа билмай ўғил–қизини сотиб берганлар кўп бўлди...”,- деб ёзганди Абулғози81.
Бухороликлар босқини вақтида уч минг кишилик аскар билан Хуросоннинг Дурун деган жойида турган Ҳожимхон ўз ўғиллари ва қариндошлари билан Қазвинга бориб шоҳ Аббос ҳузурига қочади. Шоҳ Ҳожимхонни яхши қабул қилади ва унга илтифот кўрсатади. Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг ўғли Абдулмўмин бошлиқ лашкарлар Хуросоннинг барча ҳудудларини эгаллади ва Асфаройин деган жойда қизилбошларни қамал қилди, деган хабарни олган шоҳ Аббос катта қўшин билан Бастомга кетди82.
Шу вақтда Ҳожимхон Урганчда бухороликлардан 40 аскар ва Хивада 60 кишигина қолганлигини эшитиб, тезда Астрободга йўл олди. Қуран тоғига етганида Ҳожимхонга така ва ёвмут туркманларидан 50-60 киши қўшилди. Ўрта қудук деган жойда уларга яна 500-600 эсари туркманлари қўшилди83. Қўшини сони ортган Ҳожимуҳаммадхон ўғиллари Араб Муҳаммадхон ва Муҳаммадқули билан Урганчга, Пўлат султон ўғли Бобо султон эса Хивага қараб кетдилар.
Урганчга келган Ҳожимхон ҳоким Сари султон ва унинг навкарларини ўлдиртиради. Хива деворларини бузиб қалъага кирган Бобо султон лашкарлари эса Берди Манглишбий исмли арбоб ва унга қарашли 100 дан ортиқ навкарларни ўлдирдилар. Шундан кейин ёрдам берган туркманларга совға-саломлар бериб орқасига қайтардилар. Бобо султон Ҳазораспга ва иниси Ҳамза султон Хонқага бордилар84.
Хоразмдаги аҳволдан хабар топган Бухоро хони Абдуллахон Хўжамқули қўшбегига Ҳазораспга боришини буюради. Кутилмаганда ёвнинг қалъа олдида пайдо бўлганидан хайратга тушган Бобо султон 15 навкари, 3 та эсари туркмани ва қалъадаги сартлар билан мудофаага киришди. Ҳазораспга етиб келган Абдуллахон қалъани 4 ой қамал қилди ва Бобо султонни таслим бўлишга мажбур этди. Бу воқеалар, 1598 йилда рўй берган эди85.
Орадан бироз вақт ўтгач, Абдуллахон дунёдан ўтди. Бу ҳақида Бистомда турган Ҳожимхон хабар топгач, шоҳ Аббосдан рухсат олиб Хоразмга қайтишга шошилади ва саккиз кун деганда Урганчга етиб келади. Янги шароитда у Урганч билан Вазирни бошқарувини ўз қўлига олиб, Хива билан Катни Араб Муҳаммадхонга, Ҳазораспни Исфандиёр султонга беради. Икки йилдан кейин Ҳожимуҳаммадхон Урганч ва Вазир қалъалаларини бошқаришни Туркиядан келган ўғлига топширди. Ўзи эса Хивада кичик ўғли Араб Муҳаммадхон олдида турди.86.
Кўп воқеаларнинг шахсан гувоҳи бўлган Ҳожи Муҳаммадхон 1601 йилда 83 ёшида дунёдан ўтди. Тарихий манбаларда Ҳожимхон номи билан Хива шаҳрининг Хоразм хонлиги пойтахти қилиб белгиланганлиги қайд қилинади87. Шу даврдан бошлаб рус манбаларида Хоразмдаги давлатнинг номи Хива хонлиги деб ёзила бошланди88.
Ҳақиқатан ҳам 1573 йилда Амударё ўзанини кескин ўзгариши натижасида воҳа атрофидаги кўпгина шаҳар ва қишлоқ аҳолиси дарёга яқинроқ жойларга кўча бошлайдилар. Натижада Гурлан яқинида Вазир ва Хива билан Амударё оралиғида Янги Урганч шаҳарларига асос солинади. Пойтахт Гурганч шаҳри тақдири ҳақида Абулғози қуйидагиларни ёзиб қолдирганди: “Биз дунёга келмасдан ўттиз йил илгари Аму суви, Хост кинорасининг юқорисини Қора айғир тўқайи дерлар, ул ердин йўл ясабоқиб, Тук қалъасини бориб, Сир тенгизина қуйган экандур. Ул сабабдин Урганч чўл бўлубти. Раъият Урганч чўл ҳам бўлса ўлтуруб, хон бошлиқ сипоҳ халқи ёз Аму сувининг ёқасинда муносиб ерларда экин экиб ўлтуруб, экканини олғандин Урганч борурлар эркандур”89.
Ушбу сўзлардан кўриниб турибдики, Амударё ўзанининг ўзгариши билан хонлик маркази бирданига бошқа жойга кўчирилмаган. Аммо, бу ҳолат узоққа чўзилмаган. Хон ва унинг амалдорлари оиласи учун ичимлик суви билан таъминланган ва осойишта қароргоҳ керак эди. Воҳадаги бошқа шаҳарларга қараганда қулайроқ деб Хива шаҳри танланган. XVII аср муаррихи Маҳмуд ибн Вали ўзининг “Баҳр ул-асрор” асарида ёзади: “Хоразм бешинчи иқлимдаги катта мамлакатдир. Обу-хавоси салқин. Қадимги форс подшолари давридан то бундан йигирма йил муқаддам бўлган вақтгача унинг пойтахти Урганч бўлган. Ҳозир эса ундан Жайҳун даёрсининг йироқлишиши сабабли мамлакат пойтахти унга тобе бўлмиш Хивага кўчирилган. Хива – катта шаҳар, иқлими тоза”90.
XVII асрда яшаган яна бир тарихчи – Муҳаммад Тоҳир ўзининг “Ажойиб ат-табоқат” асарида “Хоразм шаҳарларидан бири Хивақ бўлиб, у ерда шайх Нажмуддин Кубро туғилган. Ҳозирги замонда Хива пойтахт шаҳардир”, – деб ёзганди.
Манбалар ва мавжуд адабиётлар маълумотларини ўрганилиши ва таҳлили асосида мазкур бўлим юзасидан қуйидаги хулосалар ва натижаларни бериш мумкин:
Манбаларнинг маълумотига кўра Жўжи ибн Чингизхоннинг бешинчи ўғли Шибон/Сибон, Шайбон хоннинг наслидан Хоразмда аввал Ёдгорхон ибн Шайбон, кейин Абулак ибн Шайбон, кейин Аминакхон ибн Ёдгорхон, сўнгра Элбарсхон ибн Берка султон → Султон Ҳожихон ибн Беликач султон → Ҳасанқулихон ибн Абулакхон → Сўфиёнхон ибн Аминакхон → Бўчғахон ибн Аминакхон → Аванешхон ибн Аминакхон → Қолхон ибн Аминакхон → Оқатойхон ибн Аминакхон → Юнусхон ибн Сўфиёнхон → Дўстхон ибн Бўчғахон ҳукмронлик қилганлар.
Мазкур хонларнинг насабларига аҳамият берадиган бўлсак, уларнинг ҳокимият теппасига келишлари ва ҳукмронликларида тартиб ва изчиллик йўқ. Боз устига тахтни ҳар бир даъвогар қонли урушлар ва муҳорабаларда қўлга киритишларини, хон унвонига эга бўлганлар эса кўпинча турли қабила ва гуруҳлар зодагонлари қўлида “қўғирчоқ хон”га айланиб кетишлари жуда ачинарли ҳол. Бундай ҳолат Хоразм хонлигининг ўрганилаётган даврида марказий ҳокимиятнинг заифлиги, бу ҳокимиятни мустаҳкамлайдиган шахс йўқлигидан далолат беради. Бундан ташқари Хоразм воҳаси, унинг ички ишларига бир томондан Эрон, бир томондан Бухоро хонлиги, учинчи тарафдан Олтин Ўрда ҳукмдорлари доим дахл қилиб турганлар. Бухоро ҳукмдори Шайбонийлардан Убайдуллахон (940-1533-34/9461539-40) бу ички низолардан фойдаланиб, 1539 йили Хоразмни босиб олган эди
1510 йили Эрон шоҳи Исмоил I Сафавий Муҳаммад Шайбонийхонни урушда мағлуб этиб, уни ўлдиради. Хоразм сафавийлар таркибига кирди ва унинг шаҳар, қалъаларидан Урганч, Вазир, Хива ва Ҳазораспда ноибларини тайинлади. Бир йил ўтгач Хоразмда Эрон қизилбошийлари зулмидан озод бўлиш учун ҳаракатлар бошланди. Бунда, айниқса Вазир аҳолиси шижоат кўрсатиб, шиа қизилбошларини ҳайдаб юбориш учун жасорат кўрсатдилар. Вазир шаҳри қозиси Умар қори аҳолини “кофир шиа”ларга қарши жиҳодга аҳолини даъват этиб, эронийларга бўйсинганлар диндан чиқишларини эълон қилди. Вазирликлар Дашти қипчоқдан Шайбонийлар авлодидан бўлмиш Элбасрхонни (1512-1525) келтириб хон кўтардилар. Шаҳарда қизилбошлар қириб ташланди. Бу вақтда Урганчда Субҳонқули Араб ҳоким бўлган. Унинг таянчи Урганч ва унинг атрофидаги ўзбек аҳолиси эди. У Вазирдаги нотинч вазият вақтинчалик, кўчманчилар шаҳарни талаб қайтиб кетадилар, деган умидда эди.
Элбарсхон уч ойдан кейин Урганчга юриш қилиб, урушда Субҳонқулихон ҳалок бўлади. Урганчга Элбарсхон Ёдгорхоннинг ўғиллари Абулак ва Аминакни чақириб олиб, шаҳарни уларга топширади ўзи Вазирга қайтади. Абулак ва Аминак Хивага келиб, бу ердаги қизилбошларни ҳам йўқ қиладилар, Ҳазорасп ва Кат ҳам улар ихтиёрига ўтади. Исмоил Сафавий вафотидан сўнг эса қолган қизилбошлар ва эроний ноиблар ҳам қочиб кетишади.
Элбарсхон “кофир”қизилбошларни ҳайдаб чиқаргани учун ўзига ва ўғилларига “ғозий”, иниси Беликач ўғилларининг барчасига эса “ҳожий” номини беради. Элбарсхон анъанага қарши равишда давлатини Чингизийлар эмас, балки Хоразмшоҳлар давлати деб аташни буюради.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет