Кафедранинг 2012 йил 25 майдаги 19-сон йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган
Каф. муд.______доц. ШеннаевХ.М.
|
Тайёрлади: Шеннаев Х.М.
Халикулова Г.Т.
Тақризчи: Нуруллаев А.С
|
Тошкент - 2012
Абандон - тўлиқ миқдордаги суғурта суммасини олиш учун суғурталанувчининг суғурталанган мол-мулкдан суғурталовчининг фойдасига воз кечиши (суғурталанган кема нобуд бўлганда, у хабарсиз йўқолганда, кема ёки юк қароқчилар томонидан босиб олинганда). Абандон тўғрисидаги ариза воқеа-ходиса рўй бергандан кейин олти ой мобайнида берилиши керак. Айрим чет мамлакатлар қонунчилигида абандон суғурталанувчининг бир томонлама акти ҳисобланади. Фақат, Англия қонунчилигида абандон учун суғурталовчининг розилиги талаб этилади.
Авария комиссари - суғурта компаниясининг ваколатига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс. Суғурталанган кема ёки юк бўйича кўрилган зарарнинг характери ва миқдорини аниқлайди, ҳодиса рўй берганлик сабабларини ўрганади. Суғурта компанияси авария комиссарининг чет элда ҳам, мамлакат ичкарисида ҳам тайинлаши мумкин. Авария комиссарининг юридик манзили, телефон ва телекс рақамлари суғурта компанияси томонидан бериладиган суғурта полисида кўрсатилади. Суғурталанувчи суғурта ходисаси рўй бериши заҳоти авария комиссарига мурожаат қилиши зарур. Авария комиссари мол-мулкнинг зарарланганлик даражасини аниқлайди ва суғурта компаниясининг топшириғига асосан, кўрилган зарарни қисман қоплаши мумкин. Авария комиссари бажарилган ишлар тўғрисида суғурта компанияси учун авария сертификати тузади ёки унга ёзма ахборот тайёрлайди.
Авария сертификати - мол-мулк суғурта ходисаси туфайли зарарланганда, кўрилган зарарнинг миқдори ва характерини тасдиқловчи ҳужжат. Авария сертификати авария комиссари (аджастер) томонидан тузилади ва тегишли комиссия хақи ҳисобига суғурталанувчига тақдим этилади. Авария сертификати суғурталанувчининг суғурта қопламасини олиш тўғрисидаги аризасига илова этилади ва қопламани тўлашда суғурта компаниясига асос бўлиб хизмат қилади.
Аддендум - илгари тузилган суғурта ва кайта суғурталаш шартномасига томонларнинг ўзаро келишуви билан қўшимчалар киритиш.
Аджастер - суғурта ходисаси рўй бериши муносабати билан суғурталанувчи томонидан билдирилган эътирозни тартибга солишда суғурта компаниясининг манфаатларини ҳимоя этувчи жисмоний ёки хуқуқий шахс. У суғурталанувчи билан унга тўланадиган суғурта қопламаси миқдорини келишишга ҳаракат қилади. Аджастер суғурта ходисасини рўй бериш сабабларини ўрганади ва таҳлил этади. Ушбу таҳлил натижалари бўйича суғурта компаниясига эксперт хулосасини тузади ҳамда авария комиссари функциясини бажаради. Аджастер вазифасини суғурта компаниясининг таркибий бўлими ёки ихтиссослашган ташкилот амалга ошириши мумкин.
Актуарий - лотин тилидан таржима қилганда ҳисобчи деган маънони билдиради. Актуар ҳисоб-китоблар назариясини ўзлаштириб олган суғурта математикаси соҳасидаги мутахассис. У суғурта тарифларини ҳисоблаш ва методологиясини ишлаб чиқиш, узоқ муддатли суғурта турлари бўйича суғурта заҳираларини шакллантириш билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш билан шуғулланади. Ҳозирги пайтда Англияда актуарийлар институти фаолият кўрсатмоқда. Актуарийларнинг халқаро уюшмаси мавжуд.
Актуар ҳисоб-китоблар - суғурта тарифи ставкаларини ҳисоблашнинг иқтисодий-математик усуллари йиғиндиси. Ушбу ҳисоб-китоблар катта сонлар қонунига асосланади. Актуар ҳисоб-китобларнинг методологияси, эҳтимоллар назарияси, демография қонуниятларига асосланади, тариф ставкасини миқдори суғурта ҳодисалари рўй беришининг эҳтимолийлигига боғлиқ. Демография маълумотларидан фуқароларнинг ҳаётини суғурталашда суғурталанувчиларнинг ёшига мос равишда суғурта тарифи ставкасини табақалаштиришда фойдаланилади. Узоқ муддатли ҳаётни суғуртаси бўйича суғурта суммалари суғурталанган шахс вафот этганда ёки у маълум бир ёшга етганда тўланади. Етарли миқдордаги суғурта фондини шакллантириш учун, суғурталовчи шартнома амалда бўлган даврда қанча шахс вафот этиши ёки маълум бир ёшга етиши эҳтимолийлигини билиши зарур. Аҳоли ўлими даражаси хақидаги статистик маълумот асосида турли ёшга етиши эҳтимоллигини ҳисоблаш ҳамда фуқароларнинг ўлими тўғрисидаги жадвални тузиш мумкин. Бу жадвал асосида нафақани ва ҳаётни суғурталаш бўйича тариф ставкаларни ҳисоблаш мумкин.
Андеррайтер - 1) турли рискларни суғурталаш ваколатига эга, суғурта компанияси томонидан тайинланадиган шахс. Суғурта компаниясининг суғурта портфелини шаклланиши учун жавоб беради. У суғурта шартномаларини тузиш, рискларни баҳолаш ва суғурта тарифи ставкасини белгилаш юзасидан тегишли малакага эга бўлиши зарур; 2) Ллойд суғурта полисларини берадиган Ллойд суғурта корпорациясини аъзоси; 3) потенциал мижозларга суғурта полисини сотиш билан шуғулланадиган ёки манфаатдор томонларга суғурта соҳаси бўйича юқори даражада маслаҳат хизматларни кўрсатадиган жисмоний ёки юридик шахс.
Андеррайтер сиёсати- суғурталаш билан боғлиқ янги таклифларни кўриб чиқиш ва мазкур таклифни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида хулосалар чиқаришга қаратилган сиёсат.
Андерайтинг - 1) суғурталаш мақсадида рискни баҳолаш; 2) суғурта шартномаларини тузиш ва унинг шартларини бажариш; 3) суғурта.
Аннуитет - 1) рента ва нафақаларни суғурталашнинг ҳамма турларини умумлаштирувчи тушунча. Бунда суғурталанувчи суғурта компаниясига бир вақтнинг ўзида ёки бир неча йиллар давомида тегишли суғурта мукофотларини тўлайди. Кейин суғурталанувчи бутун ҳаёти давомида суғурта компаниясидан даромад олади. Аннуитетнинг бир тури ҳисобланадиган фуқароларнинг йиллик даромадини суғуртаси бугунги кунда Буюк британияда, Францияда ва АҚШда кенг ривожланган.
Аудит - суғурта компаниясининг молиявий ҳисоботи тўғрилигини ёзма равишда тасдиқлаш ва текшириш. Аудит ишини махсус малакага эга бўлган аудиторлар амалга оширади. Аудиторлик фирмаси билан суғурта компанияси ўртасида шартнома тузилади. Ўзбекистон Республикасида аудит ишини Молия вазирлигининг лицензиясига эга бўлган шахслар амалга ошириши мумкин. Суғурта компаниясининг баланси аудиторлар томонидан текширилгандан сўнг матбуотда эълон қилинади.
Бонус - суғурта компанияси ўзи учун қулай шартларда суғурта шартномасини тузганлиги учун суғурталанувчига, у тўлайдиган суғурта мукофоти миқдоридан чегирмалар белгилайди.
Брутто-мукофот - суғурта шартномаларини тузиш, иш юритиш харажатларини ҳисобга олган холдаги суғурта мукофотлари суммаси.
Бош полис- суғурта компанияси ва суғурталанувчи ўртасидаги ёзма битим. Бу битимга мувофиқ, тегишли давр мобайнида суғурталанувчи барча объектларни суғурта компаниясига суғурталаш учун беради. Чет эл тажрибасида бу битим «очиқ полис» ёки «полис-абонамент» дейилади. Мазкур бош полис асосида суғурталаш ташқи савдо юклари суғуртасида кенг тарқалган. Суғурталанувчи суғурта компаниясига ҳар бир жўнатилган юк ҳақидаги маълумотлар (юкнинг вазни, суғурта суммаси, юкни жунатиш ва қабул қилиб олиш пунктлари) баён этилган аризани тақдим этса етарли, юк автоматик равишда суғурталанган ҳисобланади.
Биргаликда суғурта қилиш - битта суғурта шартномаси доирасида рискни икки ёки ундан ортиқ суғурта компаниялари ўртасида тақсимланиши. Ушбу шартномада ҳар бир суғурталовчининг хуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилади. Биргаликда суғурта қилишда суғурталанувчига қўшма полис ёки ҳар бир суғурта компанияси ўз зиммасига олган риск ҳиссасига мувофиқ алоҳида полис берилади.
Брутто - ставка - суғурта қопламасини (суғурта суммасини) тўлашга мўлжалланган нетто-ставка ва иш юритиш харажатларини қоплашга мўлжалланган нетто-ставкага юклама суммаларини ўз ичига олган суғурта мукофотларининг тариф ставкасини билдиради. Кўпгина адабиётларда ушбу ибора суғурта тарифи маъносида ҳам ишлатилади.
Денонсация - шартномадан воз кечиш. Агар суғурта муносабатларида томонлардан бири ёзма равишда шартномадан воз кечиши тўғрисида иккинчи томонга маълум қилмаса, шартнома унда кўрсатилган муддатгача кучда бўлади.
Депозит - 1) суғурта компаниясининг банк муассасасида сақланадиган пул маблағи ёки қимматли қоғозлари. Банк, одатда, суғурта компаниясига ўз пулини банкда сақлагани учун фоиз тўлайди; 2) айрим мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ, чет мамлакат суғурта компанияси, агар, бирор бошқа мамлакатда суғурта фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса, дастлаб у ўша мамлакат банк муассасасига тегишли пул маблағини депозитга қўяди. Мазкур депозит, чет давлат суғурта компаниясининг бошқа мамлакат худудида суғурта фаолиятини амалга ошириши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Диверсификация - йирик суғурта компанияларининг асосий фаолиятдан ташқари бошқа фаолият билан ҳам шуғулланиши. Масалан, суғурта воситачилиги, қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси, кўчмас мулк билан шуғулланиш ва хакозо.
Депозитларни суғурта қилиш - банклар банкрот деб эълон қилинганда ёки тўлов қобилияти йўқолганда, омонатчиларнинг банкдаги пул маблағларини уларга қайтарилишини суғурталаш. Бунда банклар суғурталанувчилар ҳисобланади. Суғуртани махсус суғурта ташкилотлари амалга оширади. Депозитларни суғурталаш чет мамлакатларда кенг тарқалган. Масалан, АҚШда депозит суғуртасини депозитларни суғурталаш федерал корпорацияси амалга оширади. АҚШда ҳар бир омонатчига тўғри келадиган 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги депозитни банклар мажбурий суғурталайди.
Диспашер - денгиз транспортида умумий авария содир бўлганда кўрилган зарарни кема, юк ва фрахт ўртасида тақсимлаш бўйича ҳисоб-китобларни тузадиган мутахассис. Ривожланган мамлакатларда диспашер функциясини махсус компаниялар бажаради. Зарарларни тақсимлаш бўйича ҳисоб-китоблар диспаша дейилади ва диспашани тузганлик учун хақни манфаатдор томонлар (кема эгаси, юк эгаси, юкни сотиб олувчи шахс) тўлайди.
Европолис - европа иқтисодий ҳамжамияти мамлакатларида суғурта шартномаси тузганлик фактини тасдиқловчи суғурта полиси.
Заҳира фонди - жорий йилда келиб тушган суғурта мукофотлари ҳисобидан суғурта қопламасини тўлаш имконияти бўлмаганда, ушбу суғурта қопламасини тўлаш учун фойдаланиладиган пул маблағлари фонди. Маълумки, суғурта ходисалари туфайли кўрилган йўқотишлар ва зарарлар миқдори ҳар йили ҳар-хил бўлади. Айрим йиллари суғурта ходисалари кам, бошқа йили эса кўпроқ бўлиши мумкин. Агар суғурта ходисалари сони кўп бўлиб, кўрилган зарар миқдори жорий йилда келиб тушган суғурта мукофотларидан бир неча марта кўп бўлса, уларнинг фарқи заҳира фонди ҳисобидан қопланади.
Карго - транспорт воситасида ташиладиган ва суғурталаниши мумкин бўлган юкнинг номланиши.
Каско - транспорт воситасининг борти. Каско суғуртаси транспорт воситасини нобуд бўлиши ёки шикастланиши ўз ичига олади.
Каф - ташқи савдо шартномаси бўйича юкларни белгиланган портгача (жойгача) етказиб бериш шарти. Бунда ташилаётган товарнинг қийматига денгиз транспортида ташиш билан боғлиқ харажатлар киритилади. Ушбу шарт бўйича товарларни суғурта қилиш товар етказиб берувчининг (сотувчи) мажбуриятига кирмайди.
Касбий жавобгарлик- чет эл тажрибасида врачларнинг, адвокатларнинг, аудиторларнинг, нотариусларнинг, бухгалтер, архитектор ва бошқа касб эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш касбий жавобгарлигини суғурталаш шартномасини тасдиқлайдиган суғурта полисининг аталиши. Ушбу касб эгалари хусусий амалиёт билан шуғулланганларида, уларда суғурта полисининг бўлиши мажбурийдир.
Квота - 1) бир неча суғурта компанияси томонидан биргаликда тегишли объект суғурталанаётганда, битта суғурта компаниясига тўғри келадиган ҳисса. Бундай холатда ҳар бир суғурта компаниясига тегишли квота ягона суғурта полисида ўз аксини топади; 2) қайта суғурталаш компаниясини қайта суғурталашда қатнашиш ҳиссаси.
Квотали қайта суғурталаш - суғурта компанияси қайта суғурталовчи компания билан келишган ҳолда унга рискларни бир қисмини беради. Бу операция квота шартномаси орқали расмийлаштирилади. Қайта суғурталовчи компанияга суғурта мукофотини тегишли қисми берилади ва қайта суғурталовчи компания пропорционал равишда кўрилган зарарни қоплашда иштирок этади.
Ковернота - суғурта воситачиси томонидан суғурталанувчига бериладиган ва суғурталанувчининг суғурта шартномаси тузишини тасдиқловчи хужжат. Ушбу хужжатда кўрсатилган муддат мобайнида суғурта брокери суғурталанувчига суғурта полисини бериши шарт. Чунки, ковернота суғурта компанияси учун юридик кучга эга бўлган хужжат ҳисобланмайди.
Комбинацияли суғурта - бир неча суғурта турлари бўйича суғурта қопламаси шарти.
Комиссия ҳақи - мижозларни суғуртага тортганлиги учун суғурта компанияси томонидан воситачиларга (суғурта брокери, агент) тўланадиган ҳақ. Комиссия ҳақининг миқдори суғуртанинг турига ва келиб тушган бадалнинг хажмига боғлиқ ҳолда суғурта бадалига нисбатан фоизларда тўланади.
Коносамент - денгиз транспортида юкларни ташиш шартларини ифодаловчи хужжат. Коносамент шартнома мавжудлиги фактини ва юк ташувчини юкни қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи хўжжат. Коносаментга имзо чекиши билан юкни сақлаш, уни тегишли манзилга етказиш масъулияти тўлалигига юк ташувчи кема зиммасига ўтади. Имзоланган коносаментнинг асл нусхаси сотиб олувчига юборилади ва ушбу хўжжат унга тегиши билан сотиб олувчи юкнинг ҳуқуқий эгаси ҳисобланади.
Кумуляция- бир қанча йирик суғурта суммали объектларнинг битта суғурта ҳодисаси туфайли зарар кўриши эхтимоллигини назарда тутувчи суғурта рискларини йиғиндиси.
Кэптив суғурта компанияси- таъсисчиларнинг манфаатларини суғурта ҳимоясига оладиган ёки йирик концерн, корпорациялар, йирик саноат-молия гуруҳлари таркибига кирувчи суғурта компанияси. Рақобатдаги бошқа суғурта компанияларини кэптив суғурта компанияси мавжуд бўлган тармоққа кириши мураккаброқ ҳисобланади. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган кэптив суғурта компанияларига - «АЛСКОМ», «Универсал суғурта» суғурта компанияларини мисол келтириш мумкин.
Ллойд- 1) Англиядаги халқаро суғурта бозори; Англиядаги суғурталовчиларнинг корпорацияси, тахминан 1734 йилда ташкил этилган. Ҳозирги пайтда Ллойдга 22000 дан ортиқ аъзо бор. Унинг фаолияти Англия парламенти қабул қилган махсус қонун билан тартибга солинади. Ллойд суғуртани барча турларини амалга оширади. Ллойд аъзолари 279 синдикатга бирлашган бўлиб, синдикат фаолияти учун андеррайтерлар жавоб беради. Андеррайтерлар билан Суғурталанувчиларни Суғурта воситачилари бирлаштиради. Суғурта воситачилари Ллойд бозорида рискларни жойлаштиради. Андеррайтерлар Суғурта шартномаси буйича жавоб бериш учун йирик миқдордаги пул маблағларини корпорацияга депозит сифатида қўяди.
Тиббий суғурта- аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш воситаларидан бири. Суғурта ҳодисаси рўй бериши муносабати билан, суғурта полиси орқали бепул тиббий хизмат кўрсатилиши. Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни суғурта компанияси тўлайди. Тиббий суғурта мажбурий ёки ихтиёрий бўлади.
Мулкий суғурта - турли кўринишдаги мол-мулкларни сақлаш билан боғлиқ манфаатлар суғурта муносабатларининг объекти ҳисобланган, суғуртанинг мустақил тармоғи. Суғурталанувчининг шахсий мулки, унинг қарамоғида жойлашган мол-мулклар суғурталаниши мумкин. Суғурталанувчи сифатида, нафақат мол-мулкнинг соҳиблари, балки мол-мулкнинг сақланиши учун масъулиятли бўлган жисмоний ва юридик шахслар ҳам бўлиши мумкин.
Нетто-ставка- брутто-ставканинг асосий таркибий қисми. Нетто-ставка суғурта қопламасини тўлашга мўлжалланган пул маблағлари ресурслари бўлиб, у брутто-ставканинг 90 фоизигача миқдорини ташкил этади.
Облигаторли қайта суғурталаш- 1) қайта суғурталашнинг мажбурий шакли. Айрим мамлакатлар қонунчилигига кўра, ушбу мамлакат худудида фаолият кўрсатаётган барча суғурта компаниялари қабул қилган рискларини бир қисмини мажбурий равишда қайта суғурталаш компаниясига беради. Бу чора кайта суғурталаш орқали чет элга валютани чиқиб кетишини олдини олади; 2) суғурта компанияси (цедент) маълум бир суғурта тури бўйича рискни қайта суғурталовчига беришини ва ўз навбатида, қайта суғурталовчи, рискни қабул қилишни назарда тутувчи қайта суғурталаш шартномаси.
Мажбурий суғурта- суғурта муносабатлариннинг қонун кучига эга бўлган шакли. Мажбурий суғурта қонунчилик хужжатлари асосида амалга оширилади. Ушбу хужжатда суғуртага тортиладиган объектлар сони, суғурта жавобгарлигининг ҳажми, суғурта муносабатларида қатнашадиган томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа реквизитлар кўрсатилади. Амалдаги қонунчиликка асосан, Ўзбекистонда мажбурий суғуртани тегишли лицензияга эга бўлган ҳар қандай суғурта компанияси ўтказиши мумкин.
Оферта- асосий шартлар кўрсатилган ҳолда суғурта шартномасини тузиш таклифи. Суғурта компанияси офертани конкрет юридик ёки жисмоний шахсга йўллаши мумкин.
Оффшор суғурта компанияси- махсус мақомга эга бўлган суғурта компанияси. Оффшор суғурта компаниялари солиқ тўлаш ставкалари энг кам булган оффшор зоналарда (Бермуд ороли, Гернси, Мэн ва Кэйманов ороллари) ташкил этилади. Оффшор зоналарда амалга ошириладиган суғурта операциялари суғурта компаниясини ташкил этишда қатнашган таъсисчилар жойлашган давлати органлари томонидан назорат этилмайди.
Пролонгация- ўзаро келишган ҳолда суғурта шартномасини амал қилиш муддатини узайтириш. Пролонгация ёзма кўринишда тасдиқланиши мумкин.
Пропорционал қайта суғурталаш- қайта суғурталаш шартномасини тузиш шакли. Бу ерда қайта суғурталаш компанияси суғурта мукофотларини умумий тушумидаги ва суғурта копламаларини тўлашда ўз улушига эга. Пропорционал қайта суғурталаш шартномалари квотали, экцедентли ва квота-экцедентли шартномаларини ўз ичига олади.
Рискларни жойлаштириш-1) суғурта манфаати туфайли юзага келадиган суғуртавий ҳуқуқий муносабатларнинг бошланиш жараёни. Рискларни бирламчи, иккиламчи ва учламчи жойлаштириш, тенг равишда суғурталаш, қайта суғурталаш ва ретроцессияга тўғри келади. Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётда рискларни жойлаштириш суғурта воситачилари орқали суғурта бозорида амалга оширилади; 2) суғурта брокери ёрдамида бир вақтнинг ўзида йирик ва хавфли рискларни қисмларга бўлиб, бир нечта суғурта компаниясида суғурталаш услуби. Бир қанча суғурта компаниялари таркибидан биттаси етакчи сифатида ажралиб чиқади ва у суғурта шартномасидаги шартларни маъқуллаб, рискнинг тегишли қисмини ўз жавобгарлигига олади. Кейин, брокер бошқа суғурта компанияларига мурожаат қилиб, рискнинг қолган қисмини ҳам жойлаштиради.
Рақобат - суғурта компанияларининг суғурта бозоридаги ўз улушини эгаллаши учун ўзаро иқтисодий мусобақаси. Рақобат суғурталанувчи учун суғурта компанияларини танлаб олишларида кўмак беради. Рақобат суғурта хизматини кенгайишида ва уларнинг сифатини ошишида муҳим аҳамиятга эга. Бир суғурта хизматини кўрсатаётган бир неча суғурта компаниялари рақобат шароитида мижозларни жалб этиш учун уларга суғурта шартномаларини тузишда, суғурта мукофотларини тўлашда ва суғурта қопламаларини қисқа муддатларда тўлашда имконият яратади.
Ретроцедент- қабул қилиб олинган қайта суғурталаш рискини ретроцессияга (иккинчи қайта суғурталаш) берувчи суғурта ёки қайта суғурталовчи компания.
Ретроцессионарий-ретроцедентдан рискни қабул қилиб олувчи қайта суғурталовчи компания.
Ретроцессия- 1) қайта суғурталашга илгари қабул қилиб олинган рискларни яна қайта суғурталашга бериш; 2) рискларни учламчи жойлаштириш.
Риск- 1) битта кутилаётган ҳодиса бўйича хавфнинг юзага келиши. Риск тушунчаси кўринишларининг хилма-хиллиги, уни содир бўлиши натижасида юзага келган оқибатларнинг оғирлиги, рискни рўй бериши сабабли пайдо бўлган зарарларни мутлоқ тугатишни имконияти бўлмаганлиги суғурта ишини ташкил этиш учун асос яратади. Шундай қилиб, риск суғуртавий ҳуқуқий муносабатларни шакллантириш учун шарт-шароит яратади. Риск-рискли ҳолатларнинг ягоналик ва ўзаро алоқадорлик йиғиндисидир. Суғурта фанида риск тушунчасига турлича тарифлар берилган. Жумладан, риск-бу конкрет ҳодиса ёки ҳодисалар йиғиндиси бўлиб, улар содир бўлган тақдирда суғурта компанияси қопламалар тўлайди. Риск суғурта объекти билан тўғридан тўғри боғланган. Объектга риск салбий таъсир кўрсатиб, уни шикастлаши ёхуд нобуд қилиши мумкин. Шу туфайли риск - бу ягона тасодифий ҳодиса бўлиб, унинг рўй бериши инсон онгига ёки иродасига боғлиқ эмас. Суғурта рискларининг рўйхати суғурталовчининг суғурта жавобгарлиги ҳажмини ташкил этади. Риск баҳосининг пулдаги ифодаси суғурта тариф ставкасини ташкил этади; 2) суғурта объекти: 3) суғурта жавобгарлигининг тури.
Риск менежменти - рискни камайтириш ёки чегаралаш бўйича суғурта компаниясининг мақсадли йўналтирилган ҳаракати. Риск менежментининг таркибий элементига қуйидагилар киради: рискни аниқлаш, рискни баҳолаш, рискни назорат қилиш ва рискни молиялаштириш.
Рискли ҳолатлар - риск даражасига таъсир қилувчи омиллар. Суғурталанувчига маълум бўлган барча рискли ҳолатлар суғурта компаниясига хабар қилинади. Бу рискни баҳолашда муҳим аҳамиятга эга. Рискли ҳолатларни таҳлил этиш сюрвейер ёки аджастернинг функциясига киради. Бу суғурта компаниясини суғурта шартномасини тузиш ёки тузмаслик масаласи бўйича қарор қабул қилишида ҳамда суғурта қопламалари ва суммаларини тўлашда муҳим ўрин тутади. Рискли ҳолатлар: шахсий ва ашёвий; тўғри ва эгри; тасдиқланадиган ва инкор қилинадиган: объектив ва субъектив турларга бўлинади.
Рискларни танлаш - суғурта шартномасини тузиш бўйича мижозлардан келиб тушган таклифларни таҳлил этишга қаратилган суғурта компаниясининг фаолияти. Суғурта компаниясининг мувозанатлашган суғурта портфелини шаклланишида рискларни танлаш иборасини амалий жиҳатдан ишлатиш муҳимдир. Суғурта амалиётида рискларни танлаш ишини сюрвейерлар амалга оширади. Рискларни танлаш - бу риск менежмент соҳасида олиб бориладиган чора - тадбирларнинг бир қисмидир.
Рискни баҳолаш - риск параметрларини характерловчи барча рискли ҳолатларни натура ва қиймат кўринишида таҳлил этиш. Энг аҳамиятли белгисига қараб тегишли рисклар гуруҳи ажратилган ҳамда у рискни баҳолаш мезони ҳисобланади. Масалан, шахсий суғурта шартномасини тузишда инсоннинг ёшига эътибор берилади. Суғурта шартномаси тузилган моментдан, суғурталанувчининг ўлимига ёки ногирон бўлиб қолишига олиб келувчи хавфли касалликларни аниқлаш мақсадида мижоз қўшимча равишда дастлабки тиббий текширувдан ўтказилиши мумкин. Суғурта компанияларида рискни баҳолаш ишини сюрвейерлар амалга оширади. У суғурта объекти билан жиддий танишади, ҳар томонлама таҳлил этади. Таҳлил натижаларига мувофиқ суғурталанувчи билан суғуртавий ҳуқуқий муносабатларга киришишини мақсадга мувофиқлиги тўғрисида суғурта компаниясига ёзма хулоса беради.
Суғурта мукофотлари заҳираси- ҳаётни ва нафақани узоқ муддатли суғурталаш бўйича тўловларни олдиндан тўлаш учун суғурта компаниясида ташкил этиладиган фонд. Бу фонд суғурта операцияларини молиявий барқарорлигини таъминлашда ҳамда суғурталовчи зиммасидаги мажбуриятларни бажаришда муҳим ўрин тутади. Ҳаёт суғуртаси шартномалари, одатда, бир неча йилга тузилади. Суғурта мукофтларини келиб тушиш ва суғурта суммасини тўлаш вақтлари ўзаро тўғри келмаганлиги учун, суғурта компаниясига келиб тушган суғурта мукофоти маълум вақт мобайнида унинг ихтиёрида бўш холда бўлади. Келиб тушган суғурта мукофотларининг бир қисми жорий тўловлар учун сарфланади, қолган қисми эса заҳира фондини шакллантириш учун йуналтирилади. Узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси бўйича заҳира фондининг маблағлари кредит ресурси сифатида фойдаланилиши мумкин.
Суғурта заҳиралари – суғурта суммаларини тўлашни кафолатлаш мақсадида суғурта компаниялари ташкил этган фондлар. Агар, маълум бир вақтда суғурта қопламаларини тўлаш учун жорий суғурта мукофотлари етмаса, суғурта компанияси заҳира фондларидан фойдаланиши мумкин. Суғурта заҳираларига қуйидагилар киради: ҳаётни суғуртаси бўйича заҳира фондлари, рўй берган, аммо арз қилмаган зарарларни қоплаш заҳиралари ва бошқалар. Ушбу заҳира фондларининг маблағлари вақтинча бўш бўлгани учун инвестиция мақсадларида фойдаланилиши мумкин. Бунинг натижасида суғурта компанияси қўшимча даромад олади.
Суғурта полиси- суғурта шартномаси тузилганлик фактини тасдиқловчи хужжат. Суғурта полисида қуйидаги реквизитлар бўлиши шарт: суғурта компаниясининг юридик манзили, суғурталанувчининг номи, суғурта объекти, суғурта мукофотининг миқдори, шартноманинг амал қилиш муддати. Суғурта қопламасини тўлашда суғурталанувчи суғурта полисини суғурта компаниясига тақдим этиши зарур.
Суғуртада тариф сиёсати- суғурта операцияларини зарарсиз ўтказилишини ва суғурталанувчиларнинг манфаати йўлида суғурта тарифларини белгилаш, аниқлаш, тартибга солиш ва табақалаштириш бўйича суғурта компаниясининг мақсадли йўналтирилган фаолияти. Суғуртада тариф сиёсати қуйидаги асосий принципларга асосланади:
-
Нетто-мукофотлар ва суғурта қопламаси ўртасидаги эквивалентлик. Ҳар бир суғурта тури бўйича нетто-ставка зарарларнинг эҳтимол тутилган миқдорига максимал даражада тўғри келиши зарур.
-
Суғурталанувчиларнинг асосий қисми учун суғурта тарифи миқдорининг қулайлиги. Тариф ставкаларини юқори даражада белгиланиши суғурта ишини ривожланиши учун тўсиқ бўлади.
-
Суғурта тарифи ставкаларининг барқарорлиги. Агар узоқ йиллар мобайнида тариф ставкалари ўзгармаса, бу ҳолат суғурталовчининг нуфузини оширади. Суғурта суммаларининг зарарлилик кўрсаткичи камайса, суғурталанувчиларнинг манфаати учун суғурта тарифи ставкасини ўзгартирмасдан жавобгарлик хажмини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
-
Суғурта операцияларининг рентабеллигини таъминлаш.
Сиёсий риск- давлат органларининг ҳатти-харакати ёхуд уюшган шахслар гуруҳининг сиёсий талаб бўйича чиқиши натижасида вужудга келадиган хавф. Сиёсий рискга уруш харакатлари, сиёсий ҳокимиятнинг ёки тузумнинг ўзгариши, қонун хужжатларидаги ўзгаришлар, фуқароларнинг оммавий чиқишлари ва иш ташлашлари, миллийлаштириш, конфискация киради. Сиёсий риск рўй берган вақтда суғурта компанияси жавобгарликдан озод бўлади. Чунки сиёсий рисклар, фақат, давлатга қарашли махсус суғурта компаниялари томонидан суғурталаниши мумкин.
Суғурта портфели -суғурта компаниясига келиб тушган суғурта мукофотларининг йиғиндиси. Суғурталанган объектлар сони, суғурта шартномаларининг миқдори ҳам суғурта портфели тушунчасини англатади. Чет мамлакатлар суғурта амалиётида ушбу ибора ишлаб топилган суғурта мукофотининг ҳажми тушунчасига тўғри келади.
Суғурта далолатномаси - суғурта ходисаси рўй берганда суғурта компанияси томонидан тузиладиган хужжат. Далолатномада мол-мулкнинг зарарланиш ёхуд нобуд бўлиш сабаблари, кўрилган зарар миқдори ва бошқа кўрсаткичлар бўлади. Далолатномага, зарур ҳолларда суғурта ҳодисаси ва мол-мулкнинг зарарланганлигини тасдиқловчи тегишли ташкилотларнинг (ёнғинга қарши кураш, давлат автомобиль назорати, қишлоқ хўжалиги, ветеринария хизмати ва бошқалар) ёзма ҳулосаси илова этилади. Халқаро суғурта муносабатларида суғурта далолатномасини аджастер тузади ва моҳиятан авария сертификатига яқинлашади.
Суғурта мукофоти- суғурта мукофотининг миқдори суғурта суммасига нисбатан фоизларда аниқланади. Суғурта мукофотининг миқдори аниқ суммаларда ҳам ифодаланиши мумкин. Масалан, автомобиль эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш фуқаролик жавобгарлигини суғуртасида суғурта мукофоти аниқ пул бирлигида кўрсатилади.
Суғуртавий фойда- суғурта хизматининг баҳоси ва таннархи ўртасидаги фарқ. Суғуртавий фойда суғурта операцияларини амалга ошириш натижасида шаклланади. Суғуртавий фойда баланс услуби асосида суғурта мукофотлари тушуми ва суғурта операциялари таннархини ўзаро таққослаш натижасида аниқланади. Суғурта операцияларининг таннархи бу, суғурта компаниясининг суғурта ҳимоясини таъминлашга қаратилган тўғри ва эгри, (шу жумладан заҳира фондларига ажратмалар) харажатларнинг йиғиндисидир. Одатда, суғурта тарифини ҳисоблашда нетто-ставкага юкламада фойда улуши ҳам кўрсатилади. Шаклланиш манбаига кўра, ҳақиқатдаги суғуртавий фойда ўз ичига қуйидаги фойда турларини олади: суғурта суммаси зарарлик кўрсаткичини камайтиришдан олинган фойда, бошқарув харажатларини иқтисод қилиш натижасида олинган фойда, инвестициядан олинган фойда ва суғурта тарифида белгиланган фойда.
Суғурта пули- суғурта мажбуриятини бажариш ҳамда суғурта операцияларини молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмасдан ўзаро келишган ҳолда бир қанча суғурта компанияларининг ихтиёрий уюшмаси. Суғурта пули, асосан, хавфли, йирик объектларни суғурталаш мақсадида ташкил этилади. Ҳар қайси компания ўз суғурталанган рискни пулга беради ва бунинг учун, пул орқали йиғилган суғурта мукофотларининг бир қисмини олади. Олинган суғурта мукофотлари ҳажмида суғурта копламасини тўлаш бўйича жавобгарликни ўз зиммаларига олади. Хорижий мамлакатларда авиация, атом, харбий рискларни суғурталаш учун суғурта пули ташкил этилган.
Суғурта объекти - шахсий суғуртада фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, меҳнат қобилияти: мулкий суғуртада бинолар, қурилмалар, транспорт воситалари, уй-жой мулки, ташиладиган юклар ва бошқа моддий бойликларни сақлаш билан боғлиқ манфаатлар; жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳатти-ҳаракати билан унинг шахсга зарар келтириш фуқаролик масъулияти - масъулиятни суғурталашда суғурта объектлари бўлиб ҳисобланади. Рискни баҳолаш мақсадида суғурта объекти суғурта компаниясининг мутахассислари томонидан экспертиза қилиниши мумкин.
Суғурта шартномаси - икки томонлама ёзма равишдаги битим бўлиб, бунда суғурта компанияси суғурта ҳодисаси туфайли зарар кўрилганда суғурталанувчига суғурта қопламаси ёки суғурта суммасини тўлаш мажбуриятини, суғурталанувчи эса белгиланган муддатларда суғурта мукофотини тўлаш мажбуриятини олади. Суғурта шартномаси тузилганлик фактини тасдиқлаш учун суғурталовчи суғурталанувчига суғурта полиси беради. Суғурта шартномасини тузишдаги асосий, оддий ва қўшимча шартлар суғурта шартномасининг мазмунини ташкил этади.
Суғурта - ҳар хил нохуш ходисалар рўй бериши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ҳамда фуқороларнинг ҳаётида тегишли суғурта ходисалари рўй берганда уларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этиладиган ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ (мақсадли пул фондлари) иқтисодий муносабатлар йиғиндиси. Ўтказиш шартига қараб, суғурта мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Объектига кўра, мулкий, шахсий ва жавобгарлик суғуртасига бўлинади. Суғуртанинг асосини риск ташкил этади. Суғурта - бу рискни тақсимлаш усулидир.
Суғурталанувчи - қонун асосида ёки икки томонлама шартнома асосида суғурта компанияси билан фуқоралик-ҳуқуқий муносабатларга кирувчи юридик ёки жисмоний шахс. Суғурталанувчи учинчи шахс фойдасига суғурта шартномасини тузишга хақли. Суғурталанувчи суғурта мукофотини ўз вақтида тўлаши шарт. Суғурта шартномасини тузиш жараёнида суғурталанувчи суғурта объектига тааллуқли бўлган барча маълумотларни суғурта компаниясига маълум қилиши шарт.
Суғурта қопламаси - мулкий суғуртада ва суғурталанувчининг учинчи шахс олдида фуқаролик жавобгарлигини суғуртасида зарарни қоплаш учун суғурта фондидан тўланадиган пул маблағи. Суғурта қопламаси суғурта суммасига тенг ёки ундан кам бўлиши мумкин. Суғурта ҳодисаси рўй берганлик холати ва шакли бўйича аджастер ёки авария комиссарининг хулосаси суғурта компанияси томонидан суғурта қопламаси тўланишида асос бўлиб хизмат қилади.
Суғурта манфаати - суғуртада моддий манфаатдорлик чораси. Суғурта ҳодисаси рўй бериши натижасида суғурталанувчига моддий зарар келтирувчи предметлар - мол-мулк ёки суғурталанувчининг учинчи шахсга зарар келтириш холатлари. Масалан, суғурталанувчининг автомобиль транспорти йўл-транспорт ҳодисалари туфайли шикастланганда, суғурталанувчида ушбу мулкка нисбатан манфаатдорлик юзага келади ва суғурта моддий манфаатдорлик чораси сифатида майдонга чиқади.
Суғурта йиғими - Жисмоний шахснинг йўловчиларнинг мажбурий суғурта бўйича бир марта тўланадиган суғурта мукофоти. Одатда, суғурта йиғими йўл ҳақи таркибида бўлади ва чиптада суғурта йиғими «киритилган» деган сўз бўлади.
Слип - рискни характерловчи хужжат. Слип суғурта брокери томонидан тузилади ва андеррайтерга берилади. Слипда суғурта компаниясининг рискни суғурталашдаги ҳиссаси кўрсатилади. Англияда слип суғурта полисига тенглаштирилади. Айрим ҳолатларда слип суғурта қопламасини тўлашда асосий хужжат ҳисобланади.
Суғурта компанияси- суғурта шартномасини тузиш ва унга хизмат қилишни амалга оширувчи, суғурталанувчи билан ҳуқуқий муносабатда бўлувчи юридик шахс. У ўз Низоми асосида фаолият юритувчи мустақил хўжалик субъектидир. Тегишли иқтисодий муҳитда фаолият юритувчи суғурта компанияларининг йиғиндиси суғурта тузимини ташкил этади. Суғурта компаниялари бажарадиган суғурта операцияларига кўра, улар универсал ва ихтисослашган бўлади. Устав капитали миқдори ҳамда келиб тушган суғурта мукофотлари ҳажмига мувофиқ, суғурта компанияларини йирик, ўрта ва кичик гурухларга бўлиш мумкин.
Суғуртавий тиббиёт- турли касалликлардан мажбурий суғуртани назарда тутувчи соғлиқни сақлаш ишини ташкил этиш шакли. Суғуртавий тиббиёт бўйича суғурта фонди ишчи-ходимларнинг иш ҳақидан, тадбиркорларнинг фойдасидан, давлат дотацияси ҳисобидан ҳамда хайр-эҳсон фондларининг мажбурий ажратмаси ҳисобидан шаклланади. Суғуртавий тиббиёт бўйича суғурталанган контингентга тиббий суғурта полиси берилади. Суғурталанувчига тиббий суғурта полиси бўлган тақдирда тиббий хизмат кўрсатилади. Бунда тиббий суғурта компанияси, бир томондан суғурталанувчилар билан, иккинчи томондан тиббиёт муассасалари билан шартнома тузади.
Суғурта баҳоси - суғурталаш мақсадида аниқланадиган мол-мулкнинг қиймати. Амалиётда мол-мулклар ҳақиқий қиймати, бозор қиймати ва бошқа қийматлар воситасида баҳоланади. Зарур ҳолларда суғурта баҳосини тўғри ҳисоблаш учун малакали экспертлар жалб этилади. Суғурта баҳоси тўғрисидаги ҳақиқий маълумот таъриф ставкаси ва суғурта мукофоти миқдорини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Амалдаги қонунчиликка биноан, суғурта суммаси мол-мулкнинг суғурта баҳосидан ошиб кетмаслиги зарур.
Суғурта тизими - 1) турли хил суғурта компаниялари ва уларни суғурта назорати билан алоқадорлигини йиғиндиси: 2) суғурта ҳуқуқий муносабатларни ташкил этишнинг давлат - ҳуқуқий шакли.
Суғурта суммаси - суғурта манфаати ва суғурта рискига мос келувчи пул маблағи. Халқаро амалиётда суғурта суммаси суғурта қопламаси дейилади. Суғурта суммасига нисбатан суғурта мукофоти аниқланади ва суғурта қопламаси тўланади. Суғурта суммаси ибораси, кўпроқ, шахсий суғуртада - фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғини суғурталашда ишлатилади.
Суғурта майдони - суғуртага тортилиши зарур бўлган объектларнинг энг катта сони. Айрим экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистонда суғурта майдони ҳали тўла ўзлаштирилмаган. Фақат мол-мулкларнинг 20-30 фоизигина суғуртага тортилган.
Суғурта суммасининг зарарлилиги - суғурта суммаси ва суғурта копламаси тўлови ўртасидаги нисбатни характерловчи иқтисодий кўрсаткич. Бу кўрсаткич зарар миқдори эҳтимоллигини кўрсатади ва ундан рискни ўзгариши устидан назорат ўрнатишда фойдаланилади. Суғурта суммасининг зарарлилик кўрсаткичи қуйидаги омиллар таъсири остида шаклланади: суғурталанган объектлар сони ва уларнинг суғурта суммаси, суғурта ходисаларининг сони, зарар кўрган объектлар сони ва суғурта қопламаси. Суғурта суммасининг зарарлилик кўрсаткичи нетто-ставка тузилишига қараб ҳар бир суғурта тури ёки жавобгарлик тури бўйича аниқланади. Агар зарарлилик кўрсаткичи нетто-ставкага яқинлашса ёки ундан ошиб кетса, бу ҳолда суғурта суммасининг зарарлилик кўрсаткичи юқори даражада эканлилигидан далолат беради.
Суғурта ҳуқуқи- суғурталовчилар, суғурталанувчилар ва улар ўртасидаги воситачиларнинг ҳатти-ҳаракати қоидалари йиғиндиси. Суғурта хуқуқи қонун ва қонун хужжатларида ўз аксини топади. Суғурта ҳуқуқи молиявий ҳуқуқнинг бир қисми ҳисобланади.
Суғурта ҳодисаси - стихияли, табиий ёки олдиндан кўриб бўлмайдиган воқеа-ҳодисаларнинг амалда юз бериши. Суғурта ҳодисаси юзага келган зарар суғурта компанияси томонидан шартномага мувофиқ қопланади. Мулкий суғуртада суғурта ҳодисаси дейилганда, стихияли ҳодисалар, ёнғин, авария, портлаш, зилзила, довул ва бошқалар тушунилади. Шахсий суғуртада эса суғурта ҳодисасига фуқароларнинг маълум бир муддатгача яшаши, уларнинг хаётида бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши ёки ўлими киради. Халқаро амалиётда суғурта ҳодисаси баъзан «форс-мажор» деб юритилади.
Суғурта ҳодисалари частотаси - иншоотларни ёниш даражасини, транспорт воситаларини авария бўлиш даражасини, аҳоли ногиронлиги даражаси ва шунга ўхшаш даражаларни ифодаловчи кўрсаткич. Суғурта ҳодисалари сонини суғурта қопламалари миқдорига ёки суғурталанган объектлар миқдорига нисбати суғурта ҳодисалари частотасини аниқлайди.
Суғурталовчилар уюшмаси - суғурта фаолиятини мувофиқлаштириш, уюшма аъзоларининг манфаатини давлатнинг қонун чиқарувчи ва ижроия органлари олдида ҳимоя этиш ҳамда маҳаллий суғурта компаниялари ва хорижий суғурта компаниялари ўртасида ўзаро фойдали алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этиладиган суғурта компанияларининг уюшмаси. Бунга ўзаро суғурталаш жамиятларини халқаро уюшмасини, техник рискларни суғурталовчи компаниялар иттифоқини, Буюк Британия суғурталовчилар уюшмасини мисол келтириш мумкин. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда суғурталовчилар уюшмаси ташкил этилмаган. Фақат, автосуғурталовчилар иттифоқи фаолият кўрсатмоқда.
Суғурта қопламаси лимити - суғурта компаниясининг филиали, бўлими, шуъба корхонаси томонидан битта суғурта ҳодисаси бўйича мустақил тўланадиган суғурта қопламасининг энг юқори миқдори. Бу миқдорни суғурта компанияси бошқаруви жойлардаги суғурта суммасининг зарарлилик даражасидан, кадрларнинг малакасидан ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда белгилайди.
Суғурталовчининг жавобгарлик лимити - тузилган суғурта шартномасидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган суғурта компаниясининг мумкин бўлган энг юқори даражадаги жавобгарлиги. Суғурталовчининг жавобгарлик лимити суғурта полисида ўз аксини топади.
Суғуртани туркумлаш (классификациялаш) - 1) суғурта турларини иерархия кўринишида тармоқларга, тармоқчаларга ва турларга бўлиниши. Бунда ҳар бир кейинги бўғин олдинги бўғиннинг бир қисми шаклида ифодаланади. Суғурта объекти суғуртанинг тоифаси, суғурта жавобгарлигининг ҳажми ва суғурта қисмининг шакли суғуртани туркумлашнинг асосий мезони бўлиб ҳисобланади. 2) хориж амалиётида суғурта турларини тартиблаштирилган тизими. Ҳозирги вақтда Европа Иттифоқи давлатларида суғуртанинг ягона классификацияси ишлаб чиқилган ва ҳаётга жорий этилган.
Европа иттифоқида суғурта турларини туркумлаш
Узоқ муддатли суғурта
|
Умумий суғурта
|
I
|
Ҳаёт ва аннуитетлар суғуртаси
|
I
|
Бахтсиз ҳодисалардан суғурта
|
II
|
Болаларни туғилиш ва никоҳини суғуртаси
|
II
|
Касаллик ҳодисасини суғуртаси
|
III
|
Боғланган узоқ муддатли суғурта
|
III
|
Автомобилларни суғурталаш
|
IV
|
Соғликни узлуксиз суғурталаш
|
IV
|
Темир йўл составини суғуртаси
|
V
|
Тонтинлар
|
V
|
Ҳаво кемаларини суғуртаси
|
VI
|
Капиталларни қоплашни суғурталаш
|
VI
|
Денгиз кемаларини суғуртаси
|
VII
|
Нафақаларни суғуртаси
|
VII
|
Йўлдаги юкларни суғуртаси
|
|
VIII
|
ёнғиндан ва стихияли ҳодисалардан суғурта
|
|
IX
|
Мулкни зарар етказишдан суғуртаси
|
|
X
|
Автотранспорт воситалари эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш масъулиятини суғуртаси
|
|
XI
|
Ҳаво кемалари эгаларининг 3-чи шахсга зарар етказиш масъулиятини суғуртаси
|
|
XII
|
Кема эгаларини фуқаролик жавобгарлигини суғуртаси
|
|
XIII
|
Умумий жавобгарликни суғуртаси
|
Сюрвейер - суғуртага тортиладиган мол-мулкни кўрикдан ўтказувчи суғурта компаниясининг ходими. Суғурта компанияси сюрвейернинг хулосаси асосида суғурта шартномасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилади. Чет эл амалиётида ёнғин ҳавфсизлигини таъминловчи ихтисослашган фирмалар, меҳнат муҳофазаси бўйича ташкилотлар сюрвейер функциясини бажаради.
Тариф ставкаси - суғурта рискини бахоси; суғурта суммасига нисбатан фоизларда ҳисобланадиган брутто-ставка. Тариф ставкаси (брутто-ставка) икки қисмдан иборат: нетто-ставка ва нетто-ставкага юклама. Нетто-ставка суғурта компаниясининг суғурта фондидан қиладиган харажатларини ифодалайди. Нетто-ставкага юклама суғурта компаниясининг иш юритиш харажатларини, комиссия ҳақини ва бошқа харажатларини ўз ичига олади. Шахсий суғурта буйича тариф ставкаси мол-мулк суғуртасининг тариф ставкасидан кескин фарқ қилади. Ҳаёт суғуртасидаги тариф ставкаси ҳаётийлик жадвали ва даромад нормасига мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.
Эҳтимоллар назарияси - тасодифий ҳодисаларнинг эҳтимоллиги бўйича ўзаро алоқада бўлган бошқа ҳодисаларнинг эҳтимоллигини аниқлаш билан боғлиқ математика фани. Эҳтимоллар назарияси асосида тасодифий ҳодисаларнинг руй бериш эҳтимоллиги катта ёки кичик эканлиги аниқланади. Эҳтимоллар назарияси актуар ҳисоб-китобларни амалга оширишда муҳим восита ҳисобланади.
Қайта суғурталаш - суғурталашга рискни қабул қилиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тизими (рискларни бирламчи жойлаштириш); суғурталовчи мувозанатлашган суғурта портфелини яратиш ва суғурта операцияларини молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилиб олинган рискни бир қисмини ўзаро келишилган ҳолда бошқа суғурталовчига бериши (рискни иккиламчи жойлаштириш). Қайта суғурталаш операцияларини суғурта компаниялар билан бир қаторда асосан, ихтисослашган қайта суғурталаш компаниялари амалга оширади. Қайта суғурталаш актив (рискни бериш) ва пассив (рискни қабул қилиб олиш) кўринишда бўлади. Бундан ташқари, қайта суғурталаш пропорционал ва нопропорционал бўлади. Пропорционал қайта суғурталашда, қайта суғурталовчининг берилган риск бўйича улуши цедентнинг ўз жавобгарлигига қоладиган қисми аниқ бўлгандан сўнг аниқланади. Нопропорционал қайта суғурталашда рискни бериш тегишли лимит доирасида амалга оширилади. Бу ҳолда қайта суғурталовчи цедентдан суғурта мукофотининг бир қисмини олади (пропорционал қайта суғурталашдагидек суғурта суммасига мувофиқ келадиган суғурта мукофотини эмас).
Қайта суғурталовчи брокер - иккита суғурта компанияси ўртасидаги профессионал воситачи.
Қайта суғурталовчи - суғурта брокери ёрдамида қайта суғурталаш учун рискни қабул қилиб оладиган жисмоний ёки юридик шахс. Қайта суғурталовчи ёрдамида рискни иккиламчи тақсимлаш амалга оширилади. Қайта суғурталовчи сифатида суғурта компанияси ҳам бўлиши мумкин. Жаҳондаги энг йирик қайта суғурталовчилар гуруҳига Мюнхен қайта суғурталаш жамияти, Швейцария қайта суғурталаш жамияти, Кёльн қайта суғурталаш жамиятлари киради.
Факультатив қайта суғурталаш - пропорционал қайта суғурталаш шартномасининг тури. Факультатив қайта суғурталашда ҳар бир берилаётган риск бўйича алоҳида шартнома тузилади. Цедент ҳар бир риск бўйича қайта суғурталаш зарур ёки зарур эмаслик масаласини мустақил кўриб чиқади. Ўз навбатида, қайта суғурталовчи ҳам цедентнинг таклифини қабул қилиши ёки қабул қилмаслиги ҳам мумкин.
Факультатив облигатор шартномаси - цедент қайта суғурталовчи билан келишган тоифадаги ҳар қандай суғурта рискини бериши, қайта суғурталовчи эса уларни қабул қилиши шарт эканлиги ҳақидаги қайта суғурталаш шартномаси.
Франшиза - суғурта шартномаси шартларида кўзда тутиладиган суғурталовчининг зарарни қоплашдан озод этиладиган қисми. Франшиза суғурта суммасига нисбатан фоизларда белгиланадиган шартли ва шартсиз франшизаларга бўлинади. Шартли франшизада суғурталовчи белгиланган франшиза суммасидан ошмайдиган зарарни қоплаш жавобгарлигидан озод этилади. Бу ҳолда, агар кўрилган зарар миқдори франшиза суммаси миқдоридан ошиб кетса, суғурта компанияси зарарни тўлиқ қоплайди. Шартсиз франшизада кўрилган зарар франшиза суммасидан чегирилиб қопланади.
Фрахт - денгиз ёки ҳаво йўллари орқали юкни ташишда тўланадиган ҳақ. Ушбу ҳақ тариф ёки юкни ташиш тўғрисидаги шартнома бўйича ўзаро келишилган нарх асосида тўланади. Денгиз суғуртасида юкларни ташишда фрахт полиси ёзилади ва фрахт қилувчига берилади.
Фронтлаштирувчи компания - бошқа суғурта компаниясининг илтимосига кўра, ўз номидан суғурта полиси берувчи суғурта компанияси. Фронтлаштирувчи суғурта компанияси қабул қилиб олинган рискни юз фоиз миқдорида илтимос қилган суғурта компанияси ҳисобига ўтказади ва бунинг учун ундан комиссион ҳақ олади. Ҳозирги пайтда, Ўзбекистонда бир нечта фронтлаштирувчи компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Масалан, “Англо-Ташкент”, “УзАИГ” суғурта компаниялари.
Фронтинг - қабул қилиб олинган рискни тегишли комиссия ҳақи эвазига тўлалигича бошқа суғурта ёки қайта қайта суғурталовчи компанияларига бериш.
Цедент - рискни иккиламчи жойлаштиришни амалга оширувчи, яъни рискни қайта суғурталаш учун берувчи суғурта компанияси. Иккиламчи цедент ретроцедент деб аталади.
Цессия - 1) суғурта рискини қайта суғурталашга бериш жараёни. Цедент ва қайта суғурталовчи ўртасидан ҳуқуқий муносабатларда ишлатилади. 2) Хориж амалиётида цедентнинг олинган суғурта мукофоти маъносини билдиради.
Шомаж - суғурта ҳодисаси рўй бериши натижасида ишлаб чиқаришни тўхтаб қолиши билан боғлиқ фойда олмаслик рискини суғуртаси.
Эксцедент риски - мазкур тоифадаги риск бўйича зарарни қайта суғурталаш тўғрисидаги келишув.
Эксцедент зарари - нопропорционл қайта суғурталаш шакли. Бунда цедентга ўз зиммасида ушлаб қолинган зарардан ошган қисми қайта суғурталовчи компания томонидан қопланади.
Ўзаро суғурталаш жамияти - фойда олишни кўзламайдиган нотижорат шаклидаги суғурта компанияси. Суғурта қилишнинг ташкилий шакли. Ўзларининг мулкий манфаатларини суғуртавий ҳимоялаш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий битим асосида бирлашуви. Ўзаро суғурталаш жамияти юридик шахс ҳисобланиб, ҳар бир суғурталанувчи ушбу жамиятнинг аъзоси бўлади. АҚШ ва Японияда асосан, ҳаёт суғуртаси билан шуғулланувчи компаниялар ўзаро суғурталаш жамияти шаклидадир. Ҳозирги пайтда Японияда ўзаро суғурталаш жамиятлари ҳаётни суғурталаш бозорининг 89,4%ни ташкил этади.
Шахсий суғурта - суғурта объекти сифатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ва меҳнат қобилиятини сақлаш билан боғлиқ манфаатлар мажмуаси шаклидаги суғурта тармоғи. Шахсий суғурта ҳаёт суғуртасига ва бахтсиз ҳодисалардан суғуртага ва тиббий суғуртага бўлинади. У рискли ва жамғарма функцияларига эга. Чет эл тажрибасида шахсий суғурта тўртта суғурта классидан иборат бўлиб, инсон ҳаётидаги рўй бериш мумкин бўлган ҳодисалар (туғилиш, ўлим, вояга етиш, никоҳдан ўтиш, маълум бир ёшгача яшаш) эҳтимоллиги билан боғлиқ барча суғурта турларини ўз ичига олади. Кенг маънода шахсий суғурта-бу узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси, аралаш суғурта ва аннуитетлардир.
Яшил карта - автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисидаги халқаро шартномалар тизими. Мазкур суғурта тури бўйича шартнома тузилганлик фактини тасдиқловчи полис. 1949 йилда Европанинг 13та давлати ўртасида яшил карта тўғрисида шартнома тузилган. Ҳозирги пайтда яшил картага аъзо мамлакатлар 30 дан зиёдни ташкил этади. Яшил картага аъзо бўлган мамлакатларда тегишли миллий бюролар ташкил этилган ва у мазкур давлат ҳудудида яшил карта билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириб туради. Ўз навбатида миллий бюролар яшил карта халқаро бюросига бирлашган. Қароргоҳи Лондонда жойлашган.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ
“СУҒУРТА ИШИ” КАФЕДРАСИ
“ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ СУҒУРТАСИ” ФАНИДАН
Достарыңызбен бөлісу: |