Ошиқлар майдони بسم الله الرحمن الرحيم муқаддима


Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ғазотлари, жўнатган сарийялари ва мусулмонларнинг у кишидан сўнг қилган машҳур маъракалари ҳақида



бет18/20
Дата08.07.2016
өлшемі1.5 Mb.
#184977
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   20

XXXII БОБ.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ғазотлари, жўнатган сарийялари ва мусулмонларнинг у кишидан сўнг қилган машҳур маъракалари ҳақида

Имом Абу Абдуллоҳ Ал-Ҳалимий раҳимаҳуллоҳ “Шуабул-иймон” китобида шундай дейилган:

Пайғамбар алайҳис-салом жиҳод фарз бўлишидан илгари мушриклар билан муомалада бир неча босқични босиб ўтганлар. Бунинг биринчиси у кишига Аллоҳнинг мана бу ояти нозил бўлди:

(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг!”.(Алақ сураси, 1– оят).

Сўнгра Аллоҳ у кишини таблиғга (етказишга) буюрди:

Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!” (Муддассир сураси, 1-2 – оятлар).

Мушрикларга таблиғ қилиб динни етказганларида у кишини ёлғончига чиқардилар. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у кишини сабрга буюриб, ўзининг қуйидаги оятини нозил қилди:

“Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!”. (Муззаммил, 10 –оят).

Ва улардан юз ўгиришга мана бу оятда ҳам буюрди:

Қачон Бизнинг оятларимизни масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларича улардан юз ўгиринг!...” (Анъом сураси, 68 – оятдан).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Мадина шаҳрини Ислом учун фатҳ қилиб, ансорлар Исломни қабул қилишгач, мўминларни Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга буюрди:

Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликларни топгай...” (Нисо сураси, 100 – оятдан).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг мусулмонлар учун жанг қилишга изн берилди:

Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир.” (Ҳаж сураси, 39 – оят).

Аллоҳ мусулмонларни ўзларига қарши уруш қилаётганлар билан уруш қилишга буюриб, бундай дейди:

Сизларга қарши урушувчилар билан жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди.”(Бақара,190).

Сўнг Аллоҳ мусулмонларни ўзларига яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилишга буюриб деди:

Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.”(Тавба сураси, 123 – оят).

Аллоҳ таоло мўминларга жангни вожиб қилиб деди:

Сизларга ёқмасада, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан) сизлар ўзларингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.” (Бақара сураси, 216 оят).

Аллоҳ кофирлар билан бўлган жангни Ўзи билан бўлган тижорат эканининг хабарини бериб, бундай дейди:

Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига ваъфодорроқ ким бор?! Бас, (эй мўминлар), қилган савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир”. (Тавба сураси, 111 – оят).

Аллоҳ жиҳодни фарз қилгач уни қабул қилиб лозим тутиш ва жорий қилиш иймоннинг белгиси бўлиб қолди. Ундаги шарт: Кимки Аллоҳ йўлида кофирни ўлдирса, унга жаннат, кимники Аллоҳ йўлида кофирлар ўлдирса унга ҳам жаннат бўлади. Кимки шартга вафо қилса Аллоҳ учун жонини берган бўлади. Юқоридаги тижоратнинг шарти мана шудир. Бунда мужоҳидлар сотувчи, Аллоҳ эса харидордир. Ҳар ким бирор нарсани бировга бир миқдорга сотса, албатта харидор ундан ўша нарсани беришни талаб қилади. Шунингдек, сотувчи бўлган мужоҳид ҳам келишилган нархни талаб қилади. У нарса Аллоҳ учун жонини бериб, эвазига келишилган нархни, яъни жаннатни олишдир.

Сотиладиган нарсанинг қадр-қиймати уч нарса билан белгиланади:

1.Харидорнинг буюклиги. Чунки буюк харидор қадрсиз нарсани сотиб олмайди.

2.Даллол (таклиф этувчи воситачи)нинг буюклиги. Чунки буюк даллол хақир (майда-чуйда) савдони таклиф қилмайди.

3.Нархнинг баландлиги. Чунки арзимас нарсалар учун баланд нарх берилмайди.

Буни қаранг – мужоҳидлару шаҳидларнинг жонларини Аллоҳ субҳонаҳу ўзи сотиб оляпти ва ўртага халқларнинг энг буюк саййиди бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни воситачи қиляпти. Нархни эса Ўзининг ҳузуридаги жаннат билан белгилаяпти. Бу нархга фақат мўмин мужоҳидларгина эриша олади холос. Улардан ўзга инсонлар эриша олмайди.

Орифларнинг бири шундай деган экан: Жонлар уч хил бўлади:

1. Байъ (тижорат)га қўшилмаган жонлар. Бу пайғамбарларнинг жонларидир.

2. Арзимас бўлганлиги учун харидор олмаган жонлар. Бу кофирларнинг жонларидир.

3. Қадрли бўлгани учун сотувга қўйилиб, харидори бўлган жонлар. Бу мўмин мужоҳидларнинг жонларидир.

Нукта.

Мўминларнинг барчаси Аллоҳнинг қулларидир. Қул ўз ҳожасига сотиш учун ҳеч нарсага эгалик қилолмайди. Қачонки ҳожа уни озод қилсагина унинг олди-сотди қилиши дуруст бўлади. Аллоҳни Ўзининг мўмин бандаларидан сотиб олиши – Аллооҳ уларни аллақачон озод қилиб қўйганига ишорадир. Кимки ўз жонини Аллоҳга шаҳодат ёки жиҳод, ё хироат қилиш билан топшириш неъматига мушарраф бўлса, бу нарсада холислик албатта шарт, демак Аллоҳ уни Ўз фазли билан дўзахдан озод этибди.



Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлари ҳақидаги фасл.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари иштирок этиб, мусулмонларга кофирлар билан бўлган жангда ўзлари қўмондонлик қилган жанг ғазот дейилади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ғазотлари адади ҳақида уламолар турлича маълумот берганлар.

257. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма битта ғазотда иштирок этганлар324 - дейди.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма тўққизта ғазотда иштирок этганлар – дейди.

Ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳу эса:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма еттита ғазотда иштирок этганлар – дейди.

Биринчи: Ғаззавати ал-Абво – бу ғазвати Ваддон бўлиб, ҳижратнинг биринчи йили сафар ойида бўлган. Унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга йўлиқмай қайтиб келганлар.325

Иккинчи: Ғазвати Бувот – бу ғазот ҳижратнинг иккинчи йили роббиул-аввал ойида бўлган.326

Учинчи: Ғазвати ал-Ашира – бу ғазот ҳам ҳижратнинг иккинчи йили жумадил-увло ойида бўлган.327

Тўртинчи: Биринчи Бадр ғазоти – бу ғазот ал-Аширо ғазотидан озгина кундан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили жумодил-увло ойида бўлган. Бунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина ўтлоқларига ҳужум қилган Караз ибн Жобирни қидириб чиққан эдилар.

Бешинчи: Катта Бадр ғазоти – Бу энг катта жанглардан бўлиб, унинг сабабидан Аллоҳ Исломни азиз қилиб, куфрнинг бошлиқларини ҳалок қилган. Бу воқеа ҳижратнинг иккинчи йили 17 – рамазон тонгида содир бўлган. Бу ғазотда иштирок этган саҳобалар сони 310 кишидан ортиқ бўлган.

258. Имом Бухорий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у:

-Менга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр жангида қатнашган асҳоблари ўзларининг ададларини Толутнинг асҳоблари ададича бўлганлигини айтдилар.

-Толут билан биргаликда улар дарёдан кечиб ўтгандилар. Уларнинг сони уч юз ўн неча кишидан иборат бўлган.328

259. Муслим Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у шундай дейди:

-Бадр кунида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар томонга қарадилар, уларнинг адади мингта эди. Сўнг асҳобларига қарадилар, уларнинг адади уч юз ўн тўққизта эди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан йўлга чиққанларида у кишига мушриклар ўз карвонларини ҳимоя қилиш учун чиққанлигининг хабари етиб келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга бу хабарни эшиттириб, улардан маслаҳат сўрадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб, яхши гапларни айтдилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб, у ҳам яхши гапларни гапирдилар. Ундан сўнг Миқдод ибн Амр розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб:

-Ё Росулуллоҳ, Аллоҳ сизга нимани буюрган бўлса шуни қилинг. Биз сиз билан биргамиз. Аллоҳга қасамки, биз сизга Бани Исроил каби: “Бор ўзинг ва Роббинг иккингиз бориб урушаверингиз, биз шу ерда ўтириб турамиз” – демаймиз, балки: “Боринг Роббингиз иккингиз жанг қилингиз, биз ҳам сизлар билан бирга қиламиз” – деймиз. Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, сиз бизни Бурак ал-Ғимод329га бошлаб борсангиз ҳам, сиз токи у ерга етиб боргунингизгача жанг қиламиз. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

-Яхши – дедилар-да, унинг ҳаққига дуо қилдилар. Сўнгра:

-Менга маслаҳат беринглар, эй одамлар! – дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз:

-Бизни назарда тутяпсизми ё Росулуллоҳ? – деди.

-Ҳа – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Саъд сўз бошлади:

-Биз сизга иймон келтириб, сизни тасдиқ этганмиз. Сиз олиб келган барча нарсани ҳақ эканига гувоҳлик берганмиз. Шунга кўра, сизга аҳд берганмиз. Бизнинг аҳдимиз қулоқ солиш ва итоат этишдир. Нимани ирода қилган бўлсангиз, шунга бошланг! Биз сиз билан биргамиз. Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, агар бизни денгизга рўбарў қилиб, ўзингиз шунғисангиз, биз ҳам сиз билан бирга шунғиймиз. Биздан бирор киши ҳам орқада қолмайди. Эртагаёқ душманга йўлиқсак ҳам норози бўлмаймиз. Бизлар урушда сабрлимиз, майдонда содиқмиз. Шоядки, Аллоҳ сизга бизлардан кўз қувончини кўрсатса. Йўлга бошланг бизни, ё Росулуллоҳ!!!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг сўзларидан хурсанд бўлдилар-да:

-“Юринглар ва хурсанд бўлинглар! Аллоҳ менга икки нарсадан бирини - ё шаҳодатни ёки ғалабани ваъда қилди. Аллоҳга қасамки, гўёки мен душман қавм билан бўладиган жангоҳга қараб тургандайман”330 – дедилар.

Сўнгра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрниларидан қўзғалдилар, Бадрдаги сувнинг қуйи томонига келдилар-да, шу ерга тушдилар. Шунда Ҳаббоб ибн Мунзир:

-Ё Росулуллоҳ, бу ерга тушишни сизга Аллоҳ буюрдимики, биз бунга сўзсиз итоат этсак ёки ўзингизнинг фикрингиз бўлиб, уруш ҳийлаларидан бирими? – деди.

-“Ҳа, бу менинг ўз фикрим! Уруш макру ҳийлалардан иборатдир! – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шунда Ҳаббоб:

-Ё Росулуллоҳ, бу тушадиган жой эмас, одамларни турғизинг, сувнинг қавмдан кўра қўйироқ томонига бориб жойлашамиз. Сўнгра ундан бошқа жойдаги барча қудуқ ва чуқурларни кўмиб ташлаймиз. Кейин ўзимиз турган жойда бир ҳовуз ковлаймиз-да, уни сувга тўлдирамиз. Шунда биз сув ичамиз, улар эса сувсиз қоладилар! – деди.

-Жуда тўғри фикр айтдинг! – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шундан кейин, Росулуллоҳ ва у киши билан бирга бўлган барча одамлар ўринлардан қўзғалишиб, айтилган жойга келиб жойлашдилар. Сўнг Росулуллоҳ барча қудуқ ва чоҳларни кўмиб ташлашга буюрдилар. Ўша ердаги чоҳнинг ёнига ҳовуз ковлатдилар-да, уни сувга тўлдирдилар.331

Ибн Исҳоқнинг ёзишича:

Мушриклар сафидан Асвад ибн Абдуласвад исмли ҳулқи бузуқ, очкўз одам чиқиб:

-Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, мен уларнинг ҳовузидан албатта сув ичаман ёки уни бузиб юбораман ёки унинг олдида ўламан! – деди.

Ҳамза ибн Абдул Муттолиб унга қарши чиқди. Икковлари тўқнашганларида Ҳамза унга қилич солиб, оёғининг болдирини ярмидан узиб юборди. Асвад чалқанча йиқилди. Оёғидан қон оқар эди. Ҳовуз сувидан ичиш учун унга томон судралиб бора бошлади. Ҳамза келиб ҳовуз ёнида уни ўлдирди. Бу Бадр жангида ўлдирилган биринчи одам эди.

Мушриклар сафидан Шийба ибн Рабиъа, унинг укаси Утба ибн Рабиъа ва унинг ўғли Валид ибн Утба чиқиб, мусулмонларни муборазага чақирди. Уларга қарши ансорлардан уч йигит чиқдилар.

-Сизлар кимсизлар? – сўрашди мушриклар.

-Бизлар ансорларданмиз – деб жавоб қилишди улар.

-Сизлар бизга керак эмассизлар! Эй Муҳаммад, бизга ўз қавмимиздан рақибларимизни чиқар! – дейишди мушриклар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

-Эй Убайда ибн Хорис тур, эй Ҳамза тур, эй Али тур – деб буюрдилар.

Убайда Утба билан, Ҳамза Шийба билан ва Али Валид билан олишдилар. Ҳамза Шийбани узоққа чўзмай тинчитди. Али ҳам Валидни узатмай ўлдирди. Аммо Убайда билан Утба ўртасидаги олишув бироз чўзилди. Уларнинг ҳар бири иккинчисига қилич солиб жароҳатладилар. Шунда Ҳамза билан Али ҳар иккиси қиличлари билан Утбага ташланиб, уни саранжом қилдилар-да, шериклари Утбани ярадор ҳолида майдондан олиб чиқишди.332

Икки томон урушга тайёрлана бошлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида бир таёқча, сафларни текислаб юриб, Савод ибн Ғазийянинг олдига келиб тўхтадилар-да:

-Тўғри тур эй Савод! – деб унинг қорнига қўлларидаги таёқчанинг бир томони билан урдилар. Шунда Савод:

-Оғритиб юбордингиз ё Росулуллоҳ, энди менга ўч олишга рухсат беринг! – деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринларини очиб:

-Ўчингни ол эй Савод! – дедилар. Савод дарҳол Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қоринларидан ўпди.

-Бунга сени нима мажбур қилди, эй Савод? – сўрадилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

-Ҳозир жангга кирамиз ё Росулуллоҳ. Шу охирги лаҳзада мен ўз баданимни сизнинг баданингизга тегишини хоҳладим! – деб жавоб берди Савод ибн Ғазийя розияллоҳу анҳу.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни текислаб бўлгач, ўзлари учун қурилган чодирга кирдилар. У киши билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам кирдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисининг берган ваъдаларини тилга олиб, илтижо қила бошладилар. Жумладан шундай дедилар:

-Эй Аллоҳим, агар мана шу жамоа ҳалок бўлгудек бўлса, сен ер юзида асло ибодат қилинмайсан.

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

-Бунча куюнмасангиз-чи, ё Росулуллоҳ. Роббингиз сизга берган ваъдасини нақд қилиб берур – дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озгина пинакка кетдилар-да, хурсанд бўлиб уйғониб:

-Хушхабар эй Абу Бакр. Сизга Аллоҳнинг нусрати келди. Мана Жаброил алайҳис-салом отининг жиловидан етаклаб келяпти, унинг икки чаккасига ғубор қўнибди333 - дедилар.

Аллоҳ таоло Бадр кунида мусулмонларга мадад қилиб, малоикаларни тушурди ва уларга мушриклар билан қандай жанг қилиш таълимини берувчи оятни нозил қилди:

(Эй Муҳаммад), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: “Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар”, деб ваҳий қилган эди. (Анфол сураси, 12 – оят).

Бадр жангида иштирок этган малоикалар сони беш минг бўлиб, уларга Жаброил алайҳис-салом бошчилик қилганлар.

Мушрикларни енгиш учун битта фаришта ҳам кифоя қилиши маълум. Нима учун Аллоҳ беш мингта фаришта юборди?

Бундаги ҳикмат - Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Роббилари ҳузурида улуғ эканликлари ва мўминларга таскин бериб, уларнинг қалбларини хотиржам қилишдир.

Аллоҳнинг бу мадади фақат Бадрдаги саҳобаларгагина хос эмас, балки душманларга қарши Аллоҳ йўлида жиҳод қилишда содиқ бўлган мўминларни Аллоҳ ҳар вақт, ҳар жойда қўллаб-қувватлайверади.

Ҳасан ал-Басрий шундай дейдилар:

-Бадр кунида Аллоҳ мўминларга мадад қилиб туширган беш минг фаришта то қиёматгача мўминларга мадад бўлади!

260. Имом Бухорий Руфоза бинни Рофиъ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у шундай дейди: Жаброил алайҳис-салом Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

-Орангизда Бадр аҳлини қандай ҳисоб қиласизлар? – деб сўрадилар.

-Мусулмонларнинг энг афзали! – дея жавоб қилдилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

-Фаришталар орасида ҳам Бадрда қатнашганлари афзалларидир – дедилар Жаброил алайҳис-салом334.

261. Муслим ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у шундай дейди:

Бадр кунида мусулмонлардан бири мушриклардан бирининг изидан қаттиқ тушиб қолди. Тўсатдан тепасида отликқнинг ва урилган қамчи товушини эшитди. Олдидаги мушрикка қараса, у чалқанча ётарди, унинг бурни пачоқланган ва юзи ёрилган эди. Ансорий воқеани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

-Тўғри айтдинг! У тўртинчи осмондан тушган мадад!335 – дедилар.

Бадр жанги кунида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майда тошчалардан бир ҳовуч олдилар-да, уни Қурайшнинг юзига отиб:

-Юзлар қабиҳ бўлсин! – дедилар. Сўнгра асҳобларини Қурайшга ҳужум қилишга буюрдилар. Саҳобалар Қурайшга шиддат билан ҳужум қилдилар. Аллоҳ уларга нусрат-ғалабани берди. Мушриклардан етмиштасини ўлдириб, етмиштасини асир олдилар.336

Шундай қилиб, Бадрда Аллоҳ мусулмонларга ғалабани берди ва Ўзининг қуйидаги оятида буни миннат қилди:

Ахир Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилғайсиз.” (Ол-и – Имрон сураси, 123 – оят).



Олтинчи: Ғазвати Баний Сулайм. Ибн Исҳоқ айтади:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрдан қайтиб келгач, етти кун турдилар. Сўнг асҳоблари билан бирга Бану Сулайм қабиласига ғазот қилиш учун чиқдилар. Уларнинг сувига етиб бордилар-да, у ерда уч кеча турдилар. У ерда жанг бўлмади.



Еттинчи: Бану Қайнуқо ғазоти – Ҳижратнинг йигирманчи ойи, яъни шаввол ойининг ўртасида шанба кунида бўлган эди. Бану Қайнуқо яҳудлардан энг биринчи хиёнат қилган қабиладир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қамал қилдилар. Улар қўрғонларига кириб беркиниб олдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқув солди. Натижада улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни сургун қилдилар. Уларга шафеълик қилган мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убайнинг еру мол-мулкларини мусулмонларга бўлиб берилди.337

Саккизинчи: Савиқ ғазоти – Ҳижратнинг иккинчи йили бешинчи кунида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфиён бошчилигидаги мушриклар карвонини қасд қилиб, уларнинг йўлини тўсиш учун асҳоблари билан чиқдилар. Буни сезиб қолган Абу Суфиён юкларини енгиллатиш учун савиқ338ларни ташлаб, йўлни ўзгартириб қочиб қолди. Шунинг учун ҳам бу ғазот - “Савиқ ғазоти” деб номланган.339

Тўққизинчи: Ғатфон ғазоти – Бу ғазотни “Анмор ғазоти” ва “Ғазват зий Амр” ҳам дейилади. Бу ғазот Нажд ерида ҳижратнинг учинчи йили Роббиул-аввал ойида содир бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тўрт юз эллик киши бўлиб, душманни учратмаганликлари сабабли жангсиз қайтиб келганлар.340

Ўнинчи: Иккинчи Бану Сулайм ғазоти – Бу ғазотда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижоздаги Фаръи минтақасига бордилар ва у ерда икки ой – роббиул охир ва жумодил аввал ойларида турдилар. Жанг содир бўлмади. Чунки душманга йўлиқмадилар.341

Ўн биринчи: Уҳуд ғазоти – Бу ғазот ҳижратнинг учинчи йили шаввол ойида бўлиб, унда иштирок этган мушриклар сони уч минг, мусулмонлар сони эса етти юз киши бўлган.

Икки тараф бир-бирига йўлиққан пайтда мушриклар байроқдори Талҳа ибн Аби Талҳа мубораза талаб қилди. Унга қарши Али ибн Абу Толиб чиқиб, уни ўлдирди. Ундан сўнг байроқни Усмон ибн Аби Талҳа олди. Уни Ҳамза ибн Абу Толиб муборазада ўлдирди. Сўнг байроқни Саъд ибн Аби Талҳа олди. Саъд ибн Аби Ваққос уни отиб ўлдирди. Сўнг байроқни Масофиъ ибн Талҳа олди, уни Осим ибн Собит отиб ўлдирди. Сўнг байроқни Хорис ибн Талҳа олди, уни ҳам Осим ибн Талҳа отиб ўлдирди. Сўнг байроқни Килоб ибн Талҳа олди, уни Зубайр ибн Аввом ўлдирди. Сўнг байроқни Жалос ибн Талҳа олди, уни Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўлдирди. Сўнг байроқни Артоъж ибн Абди Шурахбил олди, уни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўлдирди.342

Шундай қилиб Уҳуд кунида Абу Талҳа оиласидан бирин-кетин етти киши ўлдирилди. Мушрикларнинг байроғи токи уни Умра бинти Алқама ал-Хорисия номли аёл кўтариб олгунича ерда ташланган ҳолда ётди.

Мушриклар байроқдорлари бирин-кетин ўлдирилавергач, улар орқа-олдиларига қарамасдан қочдилар. Уларнинг орқаларидан мусулмонлар ўқ отиб қува бошладилар. Мушриклар юкларини ташлаб қочдилар. Мусулмонлар ғаниматларни йиға бошладилар. Тоғ тепасидаги камончилар ҳам бу ҳолни кўришиб, ғаниматлардан қуруқ қолмаслик учун пастга тушдилар. Тоғ тепасида жуда озчилик камончилар қолган эди. Ҳолид ибн Валид ва Икрима ибн Абу Жаҳл у ерда қолган камончиларга ҳужум қилиб, уларни ўлдирдилар-да, мусулмонларга қарши қуролларини ишга солдилар. Шу пайт Иблис нидо қилиб:



-Муҳаммад (с.а.в) ўлдирилди – дея қичқирди. Мусулмонлар гаранг бўлиб қолиб, тартибсиз, шиорини йўқотган ҳолда жанг қила бошладилар. Мушриклар мусулмонлардан кўпларини ўлдирдилар. Уруш доираси мусулмонлар зарарига айланиб кетди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майдонда собит қолдилар. У кишининг атрофларида озчилик мусулмонлар собит қолдилар. Мусулмонлардан бир нечтасини Аллоҳ шаҳодати билан мукаррам қилди, бир нечтаси жароҳат олдилар. Бу кун мусулмонлар учун саралов ва синов куни бўлди.

Ўн иккинчи: Хамро ул-Асад ғазоти – бу ғазот ҳижрий учинчи йил шаввол ойининг ўн еттинчи куни – айни Уҳуд кунида бўлган. Хамро ул-Асад – Мадинадаги бир қишлоқнинг номи. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуддаги одамлар билан бирга Қурайш раҳбари бўлган Абу Суфиённинг кетидан, мусулмонларнинг қувватлари ҳали борлигини ва Уҳуддаги мусибат уларни заифлаштириб қўймаганлигини кўрсатиб қўйиш учун Хамро ул-Асад томон юриш қилдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юриш қилганларини билган Абу Суфиён қўшини йўлини Макка томонга бурди.

Ўн учинчи: Бану Назир ғазоти – бу ғазот Уҳуд воқеасидан беш ой ўтгач, яъни ҳижрий тўртинчи йилнинг роббиул аввал ойида содир бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳдларини бузган Бану Назир қабиласига қарши ғазот қилиш учун чиқиб, уларни бир муддат қамал қилиб турдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқув солиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига яна таслим бўлдилар. Уларга мунофиқлар бошлиғи бўлган ибн Убай шафеълик қилди. Улар уловлари кўтарганича матоларни олиб, қурол-аслаҳа ва мол-дунёларини қолдириб, Ҳайбар ва бошқа ерларга чиқиб кетдилар. Аллоҳ уларнинг ерларини, ҳовли жойларини мусулмонларга ўлжа қилиб берди. Бану Назир яҳудлари ҳақида Ҳашр сураси нозил бўлган.

Ўн тўртинчи: Зот-ур – Руқо ғазоти – бу ғазот ҳижрий тўртинчи йилнинг жумодил увло ойида содир бўлган. Зот-ур – Руқо дейилишига сабаб – бунда мусулмонларнинг оёқ кийимлари йиртилиб, уларнинг оёқлари қонаб кетган. Йиртилган оёқ кийимларига тери парчаларидан ямоқ солиб олишарди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ғазотга Нажд еридаги Бану Мухориб, Бану Саълаба ва Бану Ғатфон қабилалари билан урушмоқ учун борган эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда Ғатфондан бўлган катта жамоатга йўлиқдилар. Одамлар бир-биридан чўчишгани сабаб уруш олови ёқилмади. Мана шу ерда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк бора солат-ул ҳавф (ҳавф намози)ни ўқидилар.

Ўн бешинчи: Кичии Бадр ғазоти – бу ғааазот ҳижрий тўртинчи йилнинг шаъбон ойида содир бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга Абу Суфиён билан қилинган ваъдага вафо қилиш учун чиқдилар. У киши билан бир минг беш юз саҳоба чиқди. Абу Суфиён Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушиш учун Қурайшни олиб, Бадр томон йўл олди. Йўлда унда мусулмонлар билан жанг қилмаслик ва Маккага қайтиш фикри туғулиб, орқасига қайтди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалари билан Мадинага қайтдилар.

Ўн олтинчи: Давмат-ул Жандал ғазоти – бу ғазот ҳижрий бешинчи йилнинг роббиул аввал ойида содир бўлган.

Давмат-ул Жандал Шом мамлакати атрофида Шом, Ироқ ва Нажд ўртасида жойлашган қуруқликдаги бир шаҳар бўлиб, унинг мустаҳкам қўрғонлари бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Давмат-ул Жандалда кофирлар Мадинадаги мусулмонларга ҳужум қилиш учун қўшин йиғаётганлиги хабари етиб келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мингта мусулмон аскар билан улар томонга йўлга чиқдилар. Улар кундузи беркиниб ётишар, кечаси йўл юрар эдилар. Мушриклар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлга чиққанлиги хабарини эшитгач, қўрқиб тарқалиб кетдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Давмат-ул Жандалга келиб тушганларда у ерда ҳеч ким қолмаган эди. Уларни чўпонлари чорваларига ҳужум қилдилар. Баъзиси мусибатланиб, баъзилари қочиб қолдилар. Мусулмонлар у ерда бир неча кун турдилар. Атроф минтақаларга аскар юбордилар. Атрофда ҳеч кимни топа олмадилар.



Ўн еттинчи: Ҳандақ ғазоти – Бу ғазот Ахзоб ғазоти ҳамдир. Ҳижрий бешинчи йилнинг шаввол ойида бўлган. Абу Суфиён Қурайш қўшинида, Уяйна ибн Хисн Бану Фурозада, Хорис ибн Авф Бану Муррада ҳамда Ғатфон ва Ашжаъ қабилалари йўлга чиқишиб, жамландилар. Бу жамоа сони беш мингдан иборат эди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг йўлга чиққанларининг хабарини эшитиб, мусулмонларга мурожаат қилдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу у кишига Мадина атрофига ҳандақ ковлашни маслаҳат бердилар. Ҳандақ қазишга чиққан мусулмонларнинг сони уч мингта эди. Ҳандақни ўн кундан кўпроқ вақт ичида ковлаб бўлдилар. Мушриклар Мадинага етган вақтларида ҳандаққа дуч келдилар. Қурайш сел оқимлари йиғиладиган жойга тушдилар, Ғатфон Уҳуд ёнига тушди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ҳандақ ёнига олиб чиқдилар. Уларнинг орқа томонларида Салъу тоғи бўлиб, олдаларида мушриклар жамоалари бор эди. У ерда йигирма кундан ортиқ турдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Амр ибн Абду Вудда билан мубораза қилиб уни ўлдирди. Жамоалар ўрталарида отишмалар бўлиб турар эди. Мухосара давомида Нуайм ибн Масъуд ал-Ашжаъий Исломни қабул қилди. У ўз Исломини ҳеч кимга билдирмай, Росулуллоҳга ўз хизматларини таклиф этди. Унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

-“Сен энди бизни ичимиздаги бир одамсан, қўлингдан келганича биздан йироқ бўлиб тур. Чунки уруш бу макр-ҳийладир” – дедилар. Нуайм ибн Масъуд йўлга чиқиб, Бану Қурайза яҳудларининг олдига келди. Жоҳилиятда улар билан улфат эди. Бану Қурайза Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, мушриклар жамоаси билан тил бириктириб, иттифоқдош бўлиб олган эди. Нуайм Бану Қурайза оқсоқоллари билан гаплашиб, уларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган аҳдларини бузиб хато қилганликларини баён қилди. Бу жамоалар тез фурсатда ўз юртларига қайтиб кетмоқчи эканлигининг хабарини берди. Натижада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ёлғизлатиб ўлдириб юборади. Уларга маслаҳат бериб, мушрикларни катталаридан гаровга олмагунча уруш қилмай туришини айтди. Бу гаров уларга ортга чекинмасликларига кафолат бўлади. Улар Нуаймнинг фикри-маслаҳатини маъқул кўрадилар. Нуайм уларнинг олдилардан чиқиб, Абу Суфиён ва жамоалар раҳбарлари ҳузурига келди ва уларга ўз маслаҳатларини тавсия қилиб, Бану Қурайза яҳудлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган аҳдларини бузганларидан пушаймон бўлиб, надомат чекаётганликларини хабарини берди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамоалар катталаридан бир нечтасини ушлаб унга топширишга келишиб қўйганликларини айтди. Кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бошини узишини айтиб:

-Агар Бану Қурайза сизлардан гаровга бир неча кишини талаб қилса, ҳаргиз бермангиз. Чунки улар бу одамларни ўлдириш учун мусулмонларга топшириб юборади – дея маслаҳат берди. Абу Суфиён шанба оқшомида Бану Қурайза яҳудларига элчи юбориб:

-Улар шанба тонгида ўз томонларидан мусулмонларга ҳужум қилсинлар! Жамоатлар эса бу томондан ҳужум қиладилар – деди. Яҳудлар улардан ҳудди Нуайм айтганидек гаров учун бир неча катталарни беришини сўради. Жамоалар бошлиқлари билдики, гаровни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга топшириш учун сўраяпти. Кейин уларни қатл этади. Гаров беришдан бош тортдилар. Уларнинг ҳар бирлари:

-Нуайм тўғри айтган экан! – деган қарорга келди. Мушриклар билан яҳудлар келиша олмай қолдилар. Ўрталарида ихтилоф чиқиб, бир-бирларини хақорат қила бошладилар. Аллоҳ уларнинг ўртасига адоват солиб қўйди.

Аллоҳ жамоалар муаскарларига кечалари қаттиқ совуқ юборди. Шамол уларни идиш-товоқларини, қозонлари-ю чодирларини ағдар-тўнтар қилиб юборди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоалар ўртасида ихтилоф чиққанлигини билгач, Ҳузайфа ибн ал-Ёмон розияллоҳу анҳуни уларнинг хабарини билиб келиш учун юбордилар-да, у ерда ҳеч ким билан гаплашмасликка буюрдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу қоронғу, совуқ, қаттиқ шамол эсиб турган кечада душман томон бордилар ва мушриклар ўртасида ўтириб олди. Абу Суфиён улар билан тўпланиб турган эди. У ўзини ортга қайтиш ҳақидаги қарорини баён қилиб:

-Эй Қурайш жамоаси, сизлар ноқулай жойга тушиб қолдиларингиз. Мана бу шамолни ҳам кўряпсизлар, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Бизни қозон-товоқларимиз ҳам бир жойда ўрнашиб турмаяпти. Ўт ҳам ёқиб бўлмаяпти. Қўзғолинглар, мен кўч-кўронларим билан ортга қайтмоқчиман – деди-да, сакраб туясига минди. Қавм ҳам унинг кетидан эргашди. Туяларни бошини орқага буриб, йўлга тушдилар. Буни эшитган Ғатфон қабиласи ҳам орқага қайтиб йўлга тушди.343

Аллоҳ мусулмонларни бу тўдаларнинг ёмонлигидан омонлик берди. Аллоҳ Ўзининг мана бу оятини нозил қилди:

Аллоҳ кофирларни (яъни жамоаларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирор яхшилик фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли, қудратли бўлган зотдир”. (Ахзоб сураси, 25 – оят).

Ўн саккизинчи: Бану Қурайза ғазоти – бу ғазот мушриклар тўдалари Мадинадан ноумид бўлиб қайтиб кетгач бўлган. Тўдалар тунда қайтиб кетдилар. Мусулмонлар эса, тонгда ўз уйларига қайтишди. Пешин вақтида Жаброил алайҳис-салом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

-Сизлар қуролларингизни қўйдингизми? Фаришталар қуролларини қўйганлари йўқ. Аллоҳ сизни Бану Қурайзага қарши юриш қилишга буюряати. Мен улар томон кетмоқчиман, токи уларни титратиб, қалбига қўрқув солиб тураман!! – дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жарчига нидо қилиб:

-“Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, аср намозини Бану Қурайзага бориб ўқисин! – дедилар.

Ҳижратнинг бешинчи йилини зул-қаъда ойидан етти кун қолганда яъни 23 – куни мусулмонлардан уч минг киши Бану Қурайза томон йўл олди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Қурайза қабиласини йигирма беш кун қамал қилиб турдилар. Қамал уларни ҳолдан тойдириб қўйди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқув солиб, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳукмига таслим бўлдилар. Саъд ибн Муоз уларга:

-Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳдларини бузганлари учун болалари ва аёллари асир олинсин, эркаклари барчаси қатл қилинсин! – дея ҳукм чиқарди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

-“Етти қават осмон устидан бўлган Аллоҳнинг ҳукми ила ҳукм қилдинг” – дедилар.

Мусулмонлар Бану Қурайза яҳудларининг эркакларини ушладилар. Улар саккиз юз билан тўққиз юз орасида бўлган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина четига ҳандақ (чуқур) ковлаттирдилар-да, уларни ўша жойга ҳайдаб бориб, бирин-кетин бошларини узишни буюрдилар. Улар орасида Бану Қурайза раиси Каъб ибн Асад ва ҳамма яҳудларнинг бошлиғи Хуяй ибн Ахтаб ҳам бор эди. Уни бошини кесиш учун олиб келинганда икки қўлини бўйнига қўйиб боғланган эди. Унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

-“Мен сен дашман бўлганим учун ўзимни маломат қилмайман. Лекин кимники Аллоҳ ёрдамсиз қолдирса, унга ҳеч ким ёрдам қила олмайди...”

Сўнгра уни ҳам боши узилди. Шундай қилиб Бану Қурайза яҳудларига чиқарилган ҳукм ижро этилди. Мўминлар уларнинг еру ҳовлиларини, молу дунёларини мерос қилиб олдилар.

Ўн тўққизинчи: Бану Лихён ғазоти – бу ғазот ҳижрий олтинчи йилнинг роббиул аввал ойида содир бўлган.

Бану Лихён - Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хубайб ибн Адий ва у билан бирга бўлган асҳобларини Рожийъу суви бўйида хиёнат қилиб ўлдирган қабиладир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳобларининг ўчини олиш учун уларга юриш қилдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиққанларини эшитган Бану Лихён одамлари қочиб кетдилар. Натижада улар билан жанг бўлмади.



Йигирманчи: Зу-Қирад ғазоти – Зу-Қирад - Хайбар билан Мадина орасидаги Мадинадан икки кечалик йўлдаги сувли жойдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Лихён ғазотидан Мадинага қайтиб келиб, бир неча кун турдилар. Шу кунларда Уяйна ибн Хисн ал-Фузорий Ғатфондан бўлган отлиқлар билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соғин туяларига ҳужум қилиб қолди. Ибн Исҳоқ бу воқеани ҳижрий олтинчи йилнинг ўрталарида бўлганини айтади. Бухорий ва Муслим ва бошқалар еттинчи йилнинг бошларида, Худайбия сулҳидан кейин, Хайбар ғазотидан олдин бўлган дейишади. Ўша ғазотни энг жасур қаҳрамони Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу қилинган ривоятда Худайбиядан кейин содир бўлган.

Ушбу воқеанинг тафсилий баёни юқоридаги 24-бобда бир кишининг кўпчиликка қарши жанг қилиши ҳақида имом Муслим Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда баён этилган.



Йигирма биринчи: Бану Мусталақ ғазоти – Бу ғазот ал-Марисиъ ғазоти ҳам деб номланган бўлиб, унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Мусталақ номли қабила билан жанг қилганлар. Марисиъ Қудайд минтақасидаги сувли ерни номи. Бану Мусталақ қабиласи шу атрофда яшар эди. Уларнинг қоиди (қўмондони) ал-Хорис бин Абий Зирор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча жамоалар Мадинага уруш қилиш учун йиғилаётгани хабари етиб келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан мажмуа тузиб, улар томон йўл олдилар. Бир соат бир-бирларига ўқ отишиб турдилар. Сўнг уларга қаттиқ ҳамла қилдилар-да, мағлуб этдилар. Ўлдирганларини ўлдириб, қолганларини асир олиб, бир қанча моркўт, йилқи-туяларни ғанимат олдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳлари бўлган ал-Хорис ибн Аби Зирорнинг қизи Жувайрия бинти ал-Хорисни хотин қилиб олдилар.344

Йигирма иккинчи: Худайбия ғазоти – ҳижратнинг олтинчи йили зул-қаъда ойида содир бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бир минг тўрт юз киши билан Байтуллоҳни зиёрат қилиб, умра ибодатини адо этиш учун ўзлари билан етмишта жонлиқ-тана олишиб, йўлга тушдилар. Буларни йўлга чиққанини эшитган Қурайш уларни Маккага киргизмаслик учун йўлга чиқдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Худайбия деган жойга муаскар ясатиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Макка аҳлига ўз ниятларини баён қилиш учун элчи қилиб юбордилар. Сўнгра Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилди деган хабар тарқалди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини дарахт остида байъат қилишга чақирдилар. Улар дарахт остида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўлимга ва ортга қочмасликка байъат бердилар. Бу байъат машҳур “Байъати Рузвон” эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қурайш ўртасида музокаралардан сўнг, ўзаро сулҳга келишиш билан музокара ниҳоя топди.

Йигирма учинчи: Хайбар ғазоти - Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Худайбиядан қайтгач Мадинада тўлиқ зул-ҳижжа ойи ва муҳаррам ойидан бир неча кун турдилар. Еттинчи йилнинг муҳаррам ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарга томон юриш қилдилар. Хайбар бир неча қўрғонларга эга бўлган шаҳар бўлиб, унда яҳудийлар яшарди. Омир ибн Акваъ розияллоҳу анҳу шоир одам эди. Мусулмонлар Хайбарга қараб юриб бораётган пайтда Омир розияллоҳу анҳу шеър ўқий бошлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шеърни эшитиб унга:

-“Аллоҳ сени ёрлақасин!” – дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким учун истиғфор этсалар, Аллоҳ ўша одамга шаҳодатни насиб этарди. Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳни Омир учун истихфор айтганини эшитиб:

-Ё Росулуллоҳ, Омир ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу)дан бизларни фойдалантирсангиз! – дедилар.

Мусулмонлар Хайбарга етиб борганларида яҳудийлар подшоҳи Мархаб муборазага талаб қилди. Унгa Омир ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чиқди. Улар ҳар иккиси бир-бирларига қилич солди. Мархабни қиличи Омирни қалқонига тегди. Омир ундан сақланиб чап бермоқчи бўлди, қилич яна қайтиб келиб, унинг билагига тегиб, билакдаги қон томирини кесиб юборди. Омир шу зарба сабабли шаҳид бўлди. Унинг акасини ўғли Салама ибн Амр ибн Акваъ розияллоҳу анҳу саҳобалардан бир неча нафари:

-Омирнинг амаллари ботиб бўлди, чунки у ўзини ўлдирди – деяётганларини эшитиб қолди ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб:

-Омирнинг амаллари ботил бўлдими, ё Росулуллоҳ? – деб сўради.

-“Бу гапни ким айтди?” – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

-Асҳобларингиздан бўлган одамлар! – деди Салама.

-“Ким бу гапни айтса ёлғон айтибди, балки унга икки ҳисса ажр берилди! – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Яҳудлар подшоҳи Мархаб майдонга чиқиб:

-Муборазага чиқувчи ким бор? – дея талаб қилди.

-“Бунга ким чиқади?” – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Муҳамммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу:

-Унга мен чиқаман, ё Росулуллоҳ. Яҳудлар кечаги кунда акам Маҳмудни ўлдирдилар. Мен унинг ўчини оламан! – деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“-Унга чиқ! Эй Аллоҳим, унга Ўзинг ёрдам бер!” – дедилар.

Муҳаммад ибн Маслама билан Малик Мархаб жанг бошлаганда икки ўртасида бир дарахт бўлиб, улар дарахтни икки томонида туриб бир-бирига ҳамла қила бошладилар. Ҳар бир зарба урилганда дарахтдан бир шох-шаббани кесиб юборар эдилар. Мархаб бор кучи билан Муҳаммад ибн Масламага қилич солди. У чап бериб ўзини дарахт панасига олиб қолди. Қилич дарахтга санчилиқ қолди. Мархаб уни суғуриб ололмай қолди. Ибн Салама дарҳол унга солиб уни ярадор қилди. У иккинчи зарба билан Мархабни икки оёғини чопиб ташлади ва шу ҳолича уни майдонда қолдирди.

-Мени ўлдириб қўя қол! – дея талаб қилди Мархаб.

-Йўқ, сени ўлдирмайман. Сен ҳам ўлим азобини татигин, худди акам Маҳмуд сенларни қўлингда азобланганидек! – деди у.

Ундан кейин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу келиб уни саранжом қилиб қўя қолди ва жонини азобдан қутқарди. Мархаб ўлдирилгач, уни укаси Ёсир майдонга чиқиб мубораза талаб қилди. Унга қарши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди. Абдул Мутоллибни қизи Сафия – Зубайрнинг онаси ҳаяжонланиб:

-Ҳозир ўғлимни ўлдиради! – деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тинчлантириб:

“-Йўқ. Балки уни ўғлингиз ўлдиради, худо хоҳласа!” – дедилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ёсир билан олишиб, уни ўлдирди. Кейин оммавий ҳужум бўлиб, жанг мусулмонлар ғалабаси билан якунланди.

Йигирма тўртинчи: Умратул Қазо – баъзилар уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлари қаторига қўшганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан қайтгач, олти ой турдилар. Бу орада ҳар ерларга сарийялар юбориб турдилар. Еттинчи йилнинг зул-қаъда ойида Худайбия сулҳида Қурайш билан келишилганидек, ўтган йилги умрани қазосини адо этиш учун йўлга чиқдилар. Шунинг учун ҳам сафар Умаратул Қазо деб номланган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан умрани адо этиб, Маккада уч кун тургач, жарчиларни қайтишга тараддуд кўришга чақирдилар. Умрани адо этиб Мадинага қайтиш учун йўлга тушдилар.

Йигирма бешинчи: Фатхи Макка ғазоти – ҳижрий саккизинчи йилни рамазон ойида содир бўлган. Қурайш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган Худайбия сулҳини хиёнаткорона бузгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан ўн икки минг киши билан Макка сари юриш қилдилар. Аллоҳ уларга нусрат берди. Шундай қилиб, Макка дорул Исломга айланди.

Йигирма олтинчи: Хунайн ғазоти – ушбу ғазот Хувозин ғазоти ҳамдир. Саккизинчи йилни шаввол ойида Фатхи Маккадан сўнг содир бўлган.

Фатхи Маккадан хабар топган Хувозин Молик ибн Авф ан-Назрий Сақиф, Хувозин, Назр, Жусам ва Саъд ибн Бакр уруғларидан одам жамлай бошлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан жанг қилиш учун отландилар.

Мусулмонлар Хунайн водийсига етганда тўсатдан Хувозин пистирмалардан ҳужум қилиб қолди. Мусулмонлар тасодифий ҳужумдан саросимага тушиб қоча бошладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан озчилик мусулмонларгина собит турдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга одамларга нидо қилиб

-Эй ансорлар жамоаси, эй дарахт соҳиблари345 - дейишга буюрдилар.

Шундан сўнг содиқ дарахт соҳиблари қайтиб, Хувозин билан жанг қилдилар. Озгина фурсат жанг қилгач, Хувозинни мағлуб қилдилар. Асирлар олдилар-да, қўлларини боғлаб, елкама елка қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига қатор қилиб териб қўйдилар.

Жанг мусулмонлар ғалабаси ва Хувозинни мағлубияти билан якун топди. Кўплаб мусулмонлар ғаниматлар олишди. Умумий олинган ғанимат йигирма тўрт минг туя, қирқ минг қўй ва тўрт минг увқия кумушни ташкил этган.



Йигирма еттинчи: Тоиф ғазоти – ҳижрий саккизинчи йилнинг шаввол ойида содир бўлган. Сақифликлар Хунайнда мағлуб бўлишгач, дарҳол Тоифга йўл олдилар. Ичкари кириб, дарвозаларни маҳкам беркитиб олдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблар билан Тоифга йўл олдилар. Тоиф яқинида муаскар тузиб, уни қаттиқ мухосара қилдилар. Сақифликлар мусулмонларни найзалардан қаттиқ ўққа тутдилар. Гўёки чигирткадай ўқ ёғилди. Мусулмонлардан кўпчилик жароҳат олдилар ва ўн икки киши ўлдирилди, шаҳид бўлди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бир неча кун қамал қилдилар. Қамал муҳлати ҳақида ҳар хил маълумотлар бор. Баъзилар ўн беш кун, баъзилар ўн саккиз кун ва баъзилар йигира кун деганлар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сақиф узумларини кесиб ташлашга буюрдилар. Одамлар узумларни кеса бошладилар. Сақиф Аллоҳ учун дарахтларни кесмасликларини илтимос қилди. Аллоҳ учун тўхтатдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жарчилари Сақифга шундай нидо қилдилар:

-Қўрғондан биз томон ким тушса, у озоддир!

Мусулмонлар томон ўндан ортиқ киши ўтдилар. Улардан Абу Букра, Нуфайъ ибн ал-Хорис – уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилиб юбордилар. Тоиф фатхи оғирлашиб кетгач Навфал ибн Муовия ад-Дойлий розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраб:

“Сиз нима маслаҳат берасиз?” – дедилар.

-Сақиф бир уясидаги тулки, пойласангиз тутасиз, тарк қилсангиз сизга зарар етказмайди! – деб маслаҳаб берди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга одамларни кўчиришни буюрдилар.



Йигирма саккизиничи: Табук ғазоти – ҳижратнинг тўққизиничи йили ражаб ойида бўлган. У Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги ғазотлари бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Румга ғазот қилиш учун йўлга тушдилар. Чунки у кишига Румни Мадинага уруш қилиш учун тайёргарлик кўраётганлиги хабари етиб келган эди.

Табукка йўл олган вақт одамларда қийинчилик ва шаҳарларда қурғоқчилик бўлган бир пайтга тўғри келган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бой ва кенгчилик эгаларини мусулмонларни қуроллантириш ва уларга нифоқ қилишга даъват этиб тезладилар. Энг кўп нафақа қилганлари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эдилар.

Мунофиқлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан орқада қолдилар. Аллоҳ “Тавба” сурасида буларни расво қилган.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз минг мужоҳидлар билан йўлга тушдилар. Баъзилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йиғлаб келдилар. Чунки камбағал бўлиб, жиҳодга бориш учун уларда на от-улов, на қурол-яроғ бор эди. Улар жиҳод қилишга жуда харис эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга берадиган ҳеч нарсалари йўқлигини айтганларида улар кўзларидан ёш оқиб қайтдилар.

Рум Қайсари Хирақл Суриядаги Химс шаҳрида румликлар ва уларнинг иттифоқдошлари бўлган араб қабилалари Ғассон, Лахм ва Жузомлардан катта қўшин тўплаган эди. Рум Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Табук томон йўлга чиққанларини эшитиб, жанг қилишдан тўхталдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда ўн неча кун турдилар ва бир неча сарийялар юбордилар. Ўша минтақалардан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи элчилар келдилар. Сўнг Мадинага қайтдилар.

Мана шу юқорида зикри баён қилинган ғазовотларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бевосита иштирок этганлар.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   20




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет