ГНОСТИЦИЗМ(юн. gnostikos – билувчи) – 1–3-асрларда Рим империясида тарқалган диний-фалсафий оқим. Унинг тарафдорлари ўз диний эътиқодларининг асл моҳиятини «билиб олишга» интилишган. Гностицизм иудаизм диний тафаккуридан ташқари Бобил, Миср ва бошқа Шарқ мамлакатларидаги диний-мифологик тасаввурлар билан ҳам чатишиб кетган. Бунга стоиклар (қаранг: Стоицизм), неоплатонизм ва неопифагореизм вакилларининг фалсафий ғоялари ҳам қўшилган. Гностиклар христианлик ақидаларини Шарқ мамлакатларидаги динийфалсафий билимлар б-н боғлашга интилган. Асосий вакиллари – мисрлик Валентин (2-а.), суриялик Василид (2-а.). Гностицизм оламни дуалистик (қ. Дуализм) нуқтаи назардан тушунтиради. Унинг манбаи зардуштийлик фал-сафасидаги ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашни ифодаловчи дунёқарашга бориб тақалади. Гностиклар фикрича, яхшилик ва ёруғлик худонинг неъмати, ёмонлик ва зулмат эса материядан келиб чиқади. Гностицизм тарафдорлари христианлик ақидаларидан четланадилар. Уларнинг фикрича, агар худо яхши ва адолатли бўлса, нега оламда ёвузликнинг, адолатсизликнинг пайдо бўлишига йўл қўяди? Христианликда бу муаммо оламнинг яратувчиси ва яратувчининг бу оламга гуноҳни жойлаштирганлиги ҳақидаги тасаввур орқали ҳал этилади. Бу оламдаги гуноҳдан фақатгина Исога эътиқод йўли билангина сақланиш мумкин дейилади. Гностиклар Исони тан олсаларда, у ҳақидаги Библия ривоятларини рад этадилар. Гностиклар таъкидлашича, гуноҳкорлиги учун инсон айбдор эмас, чунки ҳар бир индивиднинг жони яхшилик ва ёмонлик, адолат ва зулм ўртасидаги кураш майдонидир. Инсон бу курашни кузатиб туради ва шу асосда оламнинг моҳиятини англайди, унга тушуниб етади. Худонинг Исо тимсолида инсонга айланиши ва инсонга қўшилиши христианликнинг буюк сирларидан биридир. Бу таълимот бўйича худо ва бошқа ғайритабиий илоҳий кучлар билан қўшилиб кетиш (яъни худо билан экстатик қўшилиш) ва уларни англаш соғлом ақл ва мантиқдан ташқари, тушунтириб бўлмас тарзда ва онгсиз содир бўлади, уни рационал йўл билан эмас, балки иррационал, ғайритабиий йўл билан англаш мумкин.
Худони билишнинг бундай мураккаб ва чигал услуби христиан ақидаларининг асосларига хавф сола бошлади, Библия матнларини аллегорик тарзда куфрона талқин этишга йўл очди. Бундай ҳолат 2-а. охирига келиб расмий черковнинг Гностицизмга қарши кураш олиб боришига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 3-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2002. Б.44.