XIV-XVI АСРЛАР АДАБИЙ ТИЛИДА
АРАБЧА, ФОРСЧА СЎЗЛАР
Академик В.Радлов эски ўзбек тили, чиғатой тили, усмонли турк тили каби туркий, араб ва форс элементларининг аралашувидан ҳосил бўлган суъний бир тил деган фикрни илгари суради.
Маълумки бундай элементларнинг шу давр адабий тилида мавжуд бўлиши турли тарихий шароитлар билан боғлиқдир. Албатта, бунга сабаб форс-тожик адабиёти билан ўзбек адабиётининг яқинлиги булди. Шу туфайли XIV асрнинг 2-ярми ва XV асрдан бошлаб šадимги туркий сўзлар замона талабларига мувофиқ арабча ва форсча сўзлар билан алмаштирилади. Бундан табиий кўпчиликни диний-илоҳий тушунчалар ифодаси бўлган сўзлар ташкил қилади: иди-эга, худо, алла, таоло; учмақ-жаннат, беҳишт, тамуг-дўзах кабилар.
Қадимги туркий сўзларнимг арабча-форсча сўзлар билан алмаштирилиши диний тушунчалар доирасида эмас, балки ҳаётий сўзлар доирасида ҳам юз берган: балық-шаҳар, асиг-фāйда, ачун-дунё, ирин-лаб ва ҳ.о.
Ўзбек тили ўзининг шаклланиши ва ривожланиши процессида қадим замонлардан буён Ўзбекистон тарихи билан тақдир боғлаб келган кўпгина тиллар билан муносабатда бўлиб келди. Шу процессда алоқадор тиллардан зарурий сўз ва иборалар ўзбек тилининг луғат составига келиб қўшилди.
Ўрта Осиёнинг ва Ўзбекистоннинг шўролар тузуми давригача қабул қилинган сўзларнинг асосий қисмини араб, форс-тожик тилидан олинган сўзлар ташкил қилади. Бу сўз ва иборалар ҳамда улар билан боғлиқ ҳолда кириб келган айрим грамматик формалар замонлар ўтиши билан ўзбек тилининг туб элементлари қаторига ўтиб кеггандир. Араб ва форс тилларининг таъсир доираси айниқса XV асрда кучайди. Маълумки, ўзбеклар ўратасида феодал муносабатларнинг ривожланиб бориши ва у билан боғлиқ бўлган моддий ва маънавий ҳаётнинг ривожланиб бориши арабча ва форсча сўз, ибораларнинг тилга кириб келиши учун кенг йўл очиб берди. Тожик ва ўзбек адабиётининг ўзаро яқинлик муносабати ўзбек тилидаги бадиий адабиётнинг мисли кўринмаган даражада ривож топиши, ўзбек классик адабиётининг туғилиши ва тараққий этиши билан арабча ва форсча сўзлар ўзбек тилида кенг ва чукур илдиз ёйиб келди. Ўзбек адабий тилида бу ҳол XIV асрдан бошлаб ХУ-ХУ1 асрларда очиқроқ кўринди. Худди шу даврга келиб форсий тили деб аталган эски тожик адабий тили ва адабиёти ўзбек саводхонлари орасида кенг тарқалди, шуҳрат қозонди. Бу ҳол ўзбек адабиётига таъсир қилмасдан қолмади. Араб тилининг поэтик элементлари ҳам ўзбек тилига тожик тили орқали кириб келди. Ўзбек тилида ёзилган ёдгорликларнинг сюжет ва жанрига қараб уларнинг луғат состави ҳар хил бўлган. Баъзи ёдгорликлар тилида арабча ва тожикча сўзлар 95 фоиз ва ундан ортиқ эди. Лекин улар грамматик структура жиҳатидан шубҳасиз ўзбек тилининг қонуниятларига бўйсинар эди. Шунинг учун ҳам уларни ўзбек тили ёдгорлиги деб юритилади. Бундай ҳодисани поэтик асарлар тилида учратиш мумкин. Масалан Навоийнинг;
Ҳарāрат жонима ул āташин лаъл āҳгарындындур
Аңа таскин ҳам из равзасының кавсариндиндур
Сачыңның тийра шāмыдан йүзүң субҳыда йол тапмақ
Бинāгўшуң дағы дурри табафрўз ахтарындындур.
Тахурā бāдасы дерләр эрур жāнбахшу руқафзā
Магарким чачыны ул майға лаълың сағарындындур.
Юқоридаги уч байтда 33 та сўз формаси қатнашган бўлиб, шундан 9 тасигина туркий (ўзбекча) колганлари эса арабча-форсча сўзлардир.
Атойидан олинган қуйидаги 2 байтда эса сўзларнинг деярли барчаси арабча-форсчадир.
Дилрабā лаълиң шарāби āб кавсардин латиф
Қāматинг нақли дағы сарву санубардин латиф
Сарҳаи хуснунг қашыда мунфаил аврāқи гул
Нуқтаи хāлың абири мушки анбардин латиф.
Бунда фақат дағи, қош, хол сўзларигина ўзбекчадир.
Шу даврда ижод этган ўзбек шоирларининг баъзи асарлари тили ҳам юқоридагидан қолишмайди. Ҳатто ўзбек тилининг ҳимоячиси сифатида ном чиқарган Навоий ҳам араб, форс-тожик сўз - ибораларни маълум сабаб ва шароитларга кўра кўп ишлатгандир.
Шу давр адабий тилида араб, форс-тожик сўз ва ибораларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатиб юборилганлиги ўзбек тилининг камбағал вав маълум тушунчаларни ифодалай олиш имкониятига эга бўлмаган тил эканлигани билдирмайди.
Ўзбек тили араб ва форс-тожик тилларидек мураккаб тушунчаларни ифода қилиш имкониятига эга бўлган тиллардан бўлган. Лекин бу тил замонасига кўра адабий-бадиий жиҳатдан, илмий терминология жиҳатдан ишланмаган эди. Маълум тушунчаларни ифода қилувчи сўз ва ифодалар ўзбек тилида мавжуд бўлишига қарамасдан хорижий тиллардан сўз ва иборалар, илмий тушунчаларни билдирувчи терминлар қабул қилинган. Бунинг ўзига яраша тарихий сабаблари мавжуд. Маълумки, араб тили асрлар мобайнида фақат ислом динининг тили бўлиб қолмасдан, балки мусулмон шарқида фан хамда маданият билан ҳам бўлган. Араб тилида асрлар мобайнида ишланган ва илмий жиҳатдан силлиқланган тайёр терминлардан ўзбек шоирлари ва маданият арбоблари фойдаланганлар. Арабча илмий термин, сўз-ибораларни ўзбек тилида ёзилган илмий, фалсафий, тарихий, адабий-бадиий асарлар тилида кенг қўлланилган. Шу сўз ва терминлардан Навоий ҳам кенг фойдаланган. Навоийнинг кўпчилик асарлар номи ҳам арабча берилган. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Биринчидан, Навоий томонидан мавжуд традициянинг сақланиши бўлса, 2-си ўзбек тилида яратилган асарларига кўпчилик диққатини жалб этиш билан боғлиқ.
Ўзбек тилининг мураккаб тушунчаларни ифода қила олиш қудратига эга эканлиги Навоийнинг «Муҳокамат-ул-луғатайн асарида кенг исботлаб берилган.
Ёзув ёдгорликларида форс-тожик ва араб тиллари маданияти меросига ёндашиш ва улардан фойдаланиш принциплари турлича бўлган. Бу принциплар шоир ва ёзувчиларнинг ижтимоий ҳаёт тараққиётидаги тутган ўрни ва йўлларига қараб ҳамда асарларининг жанр ва услубларига қараб ҳар хил шаклга эга бўлган. Шоир ва ёзувчилар асарларида араб ва форс сўзларини ўринсиз ишлатган ўринлари ва ғоят даражада ажнабий тил элементларига меҳр қўйиб юборган ўринлар ҳам учрайди. Бундай ҳол айниқса диний асарлар учун характерлидир. Прогрессив адиблар араб ва форс тиллари меросидан ҳар доим ижодий фойдаланиш учун интилганлар. Шу хилдаги интилишлар ўзбек адабий тилининг бойиб, мукаммаллашиб келиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ўзбек адабий тили ўзининг шаклланиш ва ривожланиш процессида араб ва форс-тожик тилларидан қанчалик кўплаб сўз ва иборалар олиб келган бўлмасин, лекин у шу билан бирга ўзининг туб хусусиятини йўқотиб юбормади, балки ўзининг грамматик структурасини ва асосий луғат фондини сақлаш билан бирга асрлар давомида тарихий боғлиқ ҳолда ва изчилликда тараққий этиб келди. Прогрессив шоирлар ва ёзувчилар ҳамда умуман маданият арбобларининг улкан тарихий хизматлари туфайли бошқа тиллар адабий меросидан ижодий фойдаланиб, улардан олинган намуналар туфайли узлуксиз бойиб, ривожланиб келди.
Савол ва топшириқлар:
1. XVI аср адабий ёдгорликларида Алишер Навоий анъанаси қайси адибларнинг ижодида акс эттирилган?
2. Бобур асарлари тилининг характерли хусусиятлари нималардан иборат?
3. Мухаммад Солиҳ достонининг тил хусусиятлари нималардан иборат?
Таянч тушунчалар:
Анъана – аждодлардан мерос бўлиб қолган ҳатти-ҳаракатларни авлодлар томонидан давом эттирилиши. Масалан, қорахонийлар даврида яратилган адабий тил анъанаси XIV асрнинг биринчи ярмигача давом эттирилди. Яъни чигиллар диалектига хос д’-лашиш хусусиятини бу XIV асрдан I чи ярми ёзма ёдгорликларида учратишимиз мумкин.
Ибора – икки ёки ундан ортиқ сўздан ташкил топган ва яхлит бир маъно ифодалайдиган тил бирлиги ибора дейилади.
Муншаот – арабча сўз бўлиб, ёзишма, мактуб деган маънони билдиради.
8 - мавзу
XVII-XIX АСРЛАРДА АДАБИЙ ТИЛ
Режа:
1. XVII-XIX асрлардаги ижтимоий сиёсий аҳвол.
2 XVII-XIX асрларда яратилган адабий манбаларда Алишер Навоий аъанасининг давом этирилиши.
3. Бу даврнинг диалектал мураккаблиги.
4. Бу давр адабий тилининг демократлашуви.
5. Ижодкорлар асарларининг тил хусусиятлари.
Ўзаро феодал урушлар, Бухоро ва Хева хонликларининг Эрон давлати билан урушга мамлакатда иқтисодий ва маданий тушкунликни янада кескинлаштирар эди. Шунинг учун ҳам бу даврда ижод этган шоир ва ёзувчиларнинг асарларида меҳнаткаш омманинг жабр кўришлари ўзининг аксини топган эди. Бу давр шуниси билан характерлики, унда бадиий стилда ҳажвия стили кенг қўлланишда бўлди.
Бу даврнинг адабий тили маҳаллий шеваларга таянган ҳолда ривожланди. XVII-XIX асрлардаги ўзбек адабий тилини ўрганишда ўша даврда яратилган тарих асарлари, тазкиралар, шоирларнинг ижодлари асосий манбаа бўлади.
Иқтисодий ва маданий ҳаётдаги тушкунликка қарамасдан ХII-Х1Х асрларда қатор тарих, география, фалсафа, тил, адабиёт ва бошқа соҳаларга доир асарлар яратилди. Булар орасида Саид Муҳаммад Тохир бин Абулšосимнинг «Ажойиб-ут-тақобат» номли географик асари, Абулқосим бин Саъдулла ал-Хусайннинг «Натойиж-ул-фикр» тарихий китоби, Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк», «Шажараи Тарокима», Мухаммад Яроқчининг «Муҳит-ут-таворих», Шермуҳаммад Убайдийнинг «Убайдулланома», Муниснинг «Фирдавс-ул-иқбол», Муҳаммад Хокисорнинг «Мунтахаб-ал-луғат», М.Меќдихоннинг «Санглоқ « асарлари юзага келдики, буларнинг ҳаммаси ўзбек тилидаги адабий ҳаракатчиликнинг давом этиб келганлигини кўрсатади.
ХVII-ХIХ асрлар абдий тилини ўрганишда мазкур даврларда яшаб ижод этган шоирлар ижоди ќам етарли манбаа бўлади. Бу давр адабий тилиии ривожлантиришда Турди Фароғий, Нишотий, Бобораҳим Машраб, Махмур, Гулханий, Баҳодирхон Мунис, Абулғози Баходирхон, Огаҳий, Ферузлар муносиб ҳисса қўшдилар.
Бу ижодкорлар асарлари тилида Навоий анъанаси билан бирга, ғарбий адабий тил шакллари ҳам учрайди. Бу Фузулий шеърияти тилининг таъсири натижасида пайдо бўлган.
Бу давр демократик шоир ва ёзувчилар ижодида умум ўзбек адабий тили традицияси мустаҳкамланиб, мукаммаллашиб келди. Бунинг ёрқин далилини Турди асарларида кўрамиз.
ТУРДИ АСАРЛАРИНИНГ ТИЛ ВА УСЛУБИ
Шоир Турди XVII асрнинг охирида Бухорода ижод этган демократик тенденциядаги адабиётнинг йирик намояндасидир. Турди ижодида сатира асосий ўринни эгаллайди.
Маълумки, сатира жанрида ижод этиш маълум даражада шоирдан кўтаринки услубдан воз кечиб, халқ жонли тилига хос услубда асар яратишни талаб қилади. Шу туфайли ҳам Турди шеърларида халқ тилида қўлланадиган лексика кўплаб акс этган. Масалан, «Субхонқулихон тўғрисида ҳажвия» шеърида оғзаки нутққа хос бўлган кўр, кўппак, қумалоқ, қирчону ва бошқа сўзлар қўлланган. Шу шеърдан олинган қуйидаги парчада бунинг исботи кўринади:
Едингиз барчангиз итдек фуқаронинг этини,
Касб илә мāлын алыб, қоймадингиз битини,
Қамчылар дағ салыб буганға, тилиб битини
Йардыңыз заҳрāсыны (ичидан) алыб өтини
Болмады кам бу раият башыдан ҳеч тайақ.
Бу банддаги шеърда ҳам едингиз, итдек, этини, молин, битини, буйунга, тилиб, таёқ каби сўзлар оғзаки нутққа хос сўзлардир.
Халқ жонли тилига хос хусусиятлар фақат лексикада эмас, балки морфологияда ҳам кўринади. Масалан, ўтган замон феълининг II шахс кўплигида (қўймадингизлар) кўпликнинг икки марта қўшилиши, шаҳар шеваларидагидек мен олмошига —га аффикси қўшилгач, менга тарзида талаффуз қилиниши, изладим феълнинг шеваларда айтилганидек, истадим варианти ҳам қўлланган.
Не айақ, не башыға етдим, сарāпā истәдим,
Қайадым икки йолның ортасыда ҳамрāҳ истәдим.
Турди шеърларида халқ жонли тили хусусиятлари билан бирга, ғарбий тилларнинг таъсирини ҳам кўрамиз. Албатта, бунда улуғ озарбайжон шоири Фузулийнинг асарларидан илҳомланган бўлса керак. Шу таъсир натижасида айрим сўзларда, кўпинча сўзнинг бошнда келувчи т товуши д га ўтади.
Фитна шўр ҳама илә маскун дутди
Хублар маснадини сифла билан дун дутди.
Ўғуз тилларида қўлланадиган чўх (кўп) сўзидан фойдаланган:
Туфрāғда жāн битсә, равāдүр, не ажаб гүл
Мух сарви сихл этди ниҳāн көзләри шаҳлā.
Ўғуз тилларига хос жўналиш келишиги (-а/ә аффикси) формасида (Етмадим ҳеч ера бу қофия паймолиғдин), ўтган замон аниқ феълининг биринчи шахс бирлигининг-диман (Ёт мандин ким булур яхши замонлар кўрдиман) аффикси билан ҳосил қилинишида, ҳозирги-келаси замон феълининг -ман, (Била олмон бу дудаул рахши Рустам ё паризод) аффикси билан, сифатдошнинг -ан (Барча бўйнига салан бу риштани қат этмади) аффикси билан ҳосил қилинишида, ҳаракат номига жўналиш келишиги аффикси қўшилганда, унда фонетик ўзгариш юз беришида (Зарни жам айламага ҳирсу ҳаво беш тутуб; юзини кўрмага ҳасратда бўлдум эшитиб номи) кўринади.
Шундай қилиб, Турди бир томондан улуғ Навоий традицияларини давом эттирган бўлса, иккинчи томондан Озарбайжон шоири Фузулий ижодидан таъсирланди.
Шу туфайли адабий тилда Алишер Навоий анъаналарини сақлаган бўлса, иккинчи томондан ўғуз тили элементларидан фойдаланди.
АБУЛҒОЗИ БАҲОДИРХОН АСАРЛАРИНИНГ ТИЛ ВА УСЛУБИ
XVII-XIX асрларда яратилган асарларда икки хил тенденция мавжуд эди. Биринчи тенденция шундан иборатки, унда Алишер Навоий ижодига эргашиш туфайли бадиий асарларда кўтаринки услуб сақланган эди. Тўғри, бундай услубда оғзаки нутқ ёки жонли сўзлашув тили элементлари ҳам кенг қўлланган. Иккинчи тенденцияда эса тарихий, таълимий асарлар тилида диалектларнинг адабий тилга бўлган таъсири янада кучайган. Шу жиҳатдан Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» ва «Шажараи тарокима» асарларининг тили характерлидир.
«Шажараи тарокима» асари туркман халқи тарихига бағишланган. Унда афсоналар ҳам кўп ўринни эгаллаган.
«Шажараи турк» асарида ёритилган маълумот учта тематикага бўлинади:
1. Диний характердаги Одам ато ҳақидаги афсоналар.
2. Ўғуз-туркманларнинг Ўғуз ҳақидаги маълумотлари.
3. Реал асосга эга бўлган, лекин афсонавий тарзда етиб келган воқеалар.
Абулғози Баходирхон асарлари тилида адабий тилнинг соддалаштирилгани кўринади. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Тарих асарларини ёзган, айниқса, ҳукмдор оиладан чикқан, муаллифлар феодализмни мангу тузум деб, халқли ҳукмдорларга итоат эттириш учун асарни халқ тушунадиган тилда ёзишга ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам Абулғози ўзининг тарих асарлари бошқа тарихлардан фарқли эканини таъкидлаб, қуйидагиларни ёзади: «Барча билингки, биздин бурун туркий тарих айтқанлар арабий луғатларны қошиб турурлар ва туркийни ҳам сажъ қылыб турурлар. Узларининг ҳунарлари ва устазларыны халққа маълум қылмақ учун. Биз мунларнинг ҳеч кайсысыны қылмадуқ, анинг учунким, бу китобны ўқуғучы ва тынглағучи, албатта, турк болғусы турур: бас, туркларга туркона айтмак керак, то уларнинг барчасы фаҳм қылғайлар». «Шажараи тарокима»дан олинган бу фикрни «Шажараи турк» дан олинган қуйидаги парча яна ҳам ойдинлаштиради: «Ҳамма улуғлар, ҳам оддий кишилар тушунсун теб, мен бу тарихни туркий тили била айтдим. Туркийни ҳам андоқ айтубменким, беш яшар ўғлон ҳам тушунур. Тушунуш осон бўлсун теб, мен чиғатой туркисиндин, форсича ва арабчадин бир дона ҳам сўз қўшмадим «.
Ҳақиқатан ҳам, Абулғози асарларининг тилини кузатар эканмиз, унда санъаткорларча бадиий қайта ишланган халқ сўзлашув тилининг намунасини кўрамиз. Асарда арабча сўзларга нисбатан туркий сўзлар кўп ўринни эгаллаган. Унда улкән, битмәк, улус, йалавач (пайђамбар), тилмәч, ушақ (майда) чарламақ, көрклүк, кент, болук (бўлим) каби туркий сўзлар қўлланган.
Асарлар фонетикасида қуйидагилар кўзга ташланади:
Сўз бошидаги д -т га ўтади: дегән-тегән, деб-теб, дедик-тедук.
Баъзи ўринларда сўз бошида й-ж га ўтади : йов-жав, йўл-жўл
(Хоразмда жамловчи ўғуз шевалари мавжуд бўлганлиги).
-қ, -к ундоши билан тугаган 2 бўғинли сўзларга эгалик аффикси қўшилганда г улардаги қ товуши г га ўтмайди:
Айақы агрыб йатур. Эшики йапық.
Асарлар морфологиясида эса тубандаги хусусиятлар кўзга ташланади: -чи сўз ясовчига нисбатан -жи варианти кўп қўлланган: элчи, теважи.
Соннинг тартиб сон тури - ланчы аффикси билан ҳосил қилинган: бешләнчи, етиләнчи, туқузланчы.
Келишик формаларининг барчаси қўлланишда бўлган.
Характерли хусусият шундаки, тушум келишигининг -н/ин//ын аффикси билан ҳосил қилинган формаси ҳам қайд қилинади: кочларын (хотинларини) ва келинләрин чақириб.., Маълумки, бундай қўлланиш асосан поэзия жанрига хосдир.
III шахс кишилик олмош ан, улар алар тарзида қўлланган.
Буйруқ-истак майлининг 1 шахс кўплиги -алың//али
Аффикси билан ҳосил қилинган. Эмди шаҳ; Маликни айталинг. Ууртни бузали тесалар.
Шундай қилиб, Абулғози асарларида адабий тил сўзлашув тилини яқинлаштиришга ҳаракат қилди ва унинг асари адабий тилда халқ тили элементларининг мустаҳкамланиши учун муносиб ќисса бўлиб қўшилди.
МУНИС АСАРЛАРИНИНГ ТИЛ ВА УСЛУБИ
XVII-XIX асрлар адабий тилининг тараққиётида, унинг жонли сўзлашув тили хлсобига бойиб боришида Бобораҳим Машраб (1657-1711), Вафоий (ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўла маълумот йўқ), Муҳаммадризо Огаҳий, Паҳлавонқули Равнақ, Муҳаммадниёз Нишотий, Мужрим-Обид, Шермуҳаммад каби шоир ва ёзувчиларнинг роли каттадир. Шундан биз Мунис, Гулханий ва Махмур асарларининг тил хусусиятлари билан танишамиз.
Муниснинг лирик шеърлари девон сифатида тўпланган бўлиб у «Мунис-ул-ушшоқ» деб аталади. Шунингдек, у «Фирдавс-ул-иқбол» тарихий асарининг ҳамда педагогика ва тилшуносликка оид «Саводи таълим» рисоласининг муаллифидир. Мунис Мирхонднинг «Равзат-ус-сафо» асарини ўзбек тилига таржима ҳам қилган.
Мунис адабиётида ва адабий тил нормаларини сақлашда Навоий традицияларига амал қилади. Шунинг учун ҳам у Навоийни ўзига пир, устод деб билади:
Сөз ичрә Навāийки, жаҳāнгирдурур
Мунисға маāний йолыда пир дурур.
Ҳар бир прогрессив ёзувчи ва шоирларда бўлганидек, Мунис ўз ижодиётида Навоий традицияларини давом эттирар экан, адабий тилни халқ сўзлашув нутқи ҳисобига бойитиб борди.
Мунис Хоразмий асарларида халқ сўзлашув тилида мавжуд бўлган лексик бойликлардан усталик билан фойдаланди. Унинг тилида умоч, атала, танг, ланг, павгон, тақир-тукур, шақур-шуқур, қабағ, тапуқ, қопу, эвур, эврулай эвурди, йугоруса, юрумоқ, батар каби сўзлар қўлланган. Шоир шеъриятида кўтаринки руҳни сақлаш мақсадида маъни кишварин (*маьно вилояти), (аҳли дониш, гули-гулшан, оташи ишқинг, ганжи ҳусн, гули латиф, меҳроби тарҳ, (қайрияма г,ош учун қурилган бино), мотоми ошуфта (ошиқ мотами) каби изофали бирикмалардан ҳам фойдаланди.
Мунис асарларидаги грамматик формалар асосан ўша давр нормаларига мувофиқ келади. Айрим аффикс вариантларидагана фарқлар сезилади. Масалан, қаратқич келишиги —нунг тарзида учрайди:
Муниңдек өзүңи хазин қылма көп
Күңүл мāтамидин ғамын қылма көп.
Умуман, келишик аффиксларининг барча сингармонистик вариантлари учрайди.
Мунис шеърларида боғловчилардан лек, ва лекин, вар каби боғловчилари қўлланган.
Лек сендин көрүб басе ихлāс
Сени бу хизмат ичрә қылдуқ хāс.
Валекин чархи дунпарвар қылыб лаҳза йүз бедад
Вужудимны этибдүр хāк йанглығ мужиби накбат.
Вар йахшы туғулмаса қаламлар
Шак йоқки йаман тушулар рақамлар.
Мунис асарларида ўғуз тили элементлари ҳам кўплаб қўлланган.
1.Буюк Навоий традициясига эргашиш туфайли;
2.Шермуҳаммад Муниснинг ўзи ўғуз шеваси вакили бўлиши туфайли.
3.Улуғ Озарбайжон шоири Фузулийнинг ижодидан илҳомланиш туфайли унинг асарларига кириб келгандир.
Унинг шеърларида сифатдошнинг -миш аффикси билан ифодаланган тури қайд қилинади:
Ҳамеша башым урармен йолынг сары санамā
Магарки ишқ аро болмиш мен элга қибланамā.
Шуни айтиш керакки, -миш аффиксининг олган сўз унинг асарларида ўтган замон феъли маъносида ҳам қўлланган:
Роза бисёр мени таң этмиш (этди)
Баданим суст, айағым лаң этмиш.
Бўл сўзининг ўғуз тилларига хос ўл варианти ҳам қўлланган:
Ҳар сөзки көңүлдин олды мавжуд
Хат болмаса, болғай эрди нāбуд.
Ёки:
Шайхлар кандидин олдым тангдил
Лутф илә бол дилкушо, эй муғбача.
Навоий ва Бобур асарларида учраганидек, ҳозирги-келаси замон феълининг бўлишсизи -мон аффикси билан ифодаланган:
Бā вужуди маҳрумият тапмышам маҳрумлик
Ҳар нечә қылсам жаамул билман аның илләтин.
Мунис асарларидаги арабча-форсча сўзларнинг қўлланишида Навоий ва Бобур традициясига амал қилганини кўрамиз. Мунис томонидан қўлланган арабча, форсча-тожикча сўзлар Навоий ва Бобур асарларида қайд қилинган сўзлардир. Лекин улардан Мунис ўз ўрнида ва мақсадга мувофиқ фойдаланган Туркий сўзлардан фойдаланиш яъни ундан қофия, радиф сифатида фойдаланишда Лутфий ижодининг таъсири кўринади. Масалан,
Тез этар жāнāн ғамы ишқым отыны қозғалаб
Қайдурур ул отға бир-бир устухāнимни қалаб.
Ёки:
Жāнымға урдунг āташи ишқынг туташтуруб,
Йақтынг сонгакларимни ул отға қалаштуруб.
Ёки:
Ултурурлар мени ҳар дам көзу қашы талашыб
Тиргузурлар икки жāн бахш дудāғы йарашыб.
Келтирилган байтлардаги қофияларда туркий сўзлар иштирок этган. Мунис ҳатто ундов ва тақлидий сўзлардан ҳам қофия сифатида фойдаланган.
Фирāкың шиддатидин көзләримдин қан ақар тим-тим,
Көриб аны рақиби кинавар ҳар дам күләр қаҳ-қаҳ.
Чекар завқи сиҳи қаддинг билә қумры фиғāн ку-ку
Тузар шавқи гүли рўйың билә булбул навā чақ-чақ.
Кўринадики, ўзбек адабий тили имкониятлари Мунис ижодида кенг кулоч ёйди.
ГУЛХАНИЙ АСАРЛАРИНИНГ ТИЛ ВА УСЛУБИ
Ўзбек адабий тили тараққиётининг XVIII аср охири ва XIX аср бошларидаги ҳолатини Гулханий асарлари орқали ўрганамиз. Гулханий шоир сифатида бир неча ғазаллар ва XVIII аср охирининг прозаси намунаси бўлган «Зарбулмасал» асарининг муаллифидир. Унинг ғазалларида тематикаси ва тилида аввалги шоир ва ёзувчилар традицияси сақланган ҳолда, унда ўғуз элементлари нисбатан кенгроқ ўрин эгаллаган. Масалан,
I шахс ҳозирги-келаси замон феълида ўтузча хусусият сезилади.
Белу ағзыдын нишāн гар биз сари мў десәләр,
Әйләрәм инкāр иқрāр этмәдим дāрын көрүң.
Сифатдош бўлишсиздан сўнг -з аффикси билан ҳосил қилинган:
Көнгүл өзүдәдүр дунйаға арзи эҳтиёж этмәз
Тариқат салики, бу йолда майли издивāж этмаз.
Шарт майли -за аффикси билан ҳосил қилинган.
Айрим сўзлардан фонетик жиҳатдан озарбайжон тилига хос хусусият кўринади:
Қаю бемāра лаълидин шифā вермиш масиҳ āсā
Надин ул шўх англаб, Гулханий, дардинг илāж этмәз.
«Зарбулмасал» асари ўша давр прозасининг намунаси бўлиши билан бирга, фольклор материалларидан фойдаланиб ёзилганлиги учун ҳам, халқ тилининг адабий тилга яқинлаштиришга хизмат қилган асарлардандир.
Гулханий «Зарбулмасал» асарида халқ оғзаки ижоди асарларини қайта ишлаш билан бирга унинг услуби ва бадиий воситаларини ҳам сақлаб қолди. Булар қуйидаги ҳолатларда кўринади:
1.3арбулмасал»нинг айрим ҳикоялари халқ оғзаки ижодига бўлган сўзлар билан бошланади: «Бор эрди Фарғонада бир сарбāн» (Туя билан бўталоқ), «Илгарги айёмда икки кабутар бор эрди» (Бозонда ва Навозанда).
2.Оммавий жанр бўлган мақоллардан ўринли фойдаланган.
Асарда икки тилдан (ўзбек, тожик) мақоллар келтирилиб боради ва бу мақоллар асар мазмунига усталик билан сингдириб борилади.
Асар тилида жонли тилга хос бўлган қуйидаги хусусиятларни кўрамиз: 1. Қараткич ва тушум бир хил кўрсаткич билан ифодаланган ўринлар мавжуд:
Ҳосили умри эди ул байны
Аты гунашбону ошал байни.
2. -қ билан тугаган сўзларга III шахс эгалик аффикси қўшилганда, негизидаги шу ундошлар жарангламайди: Фарāсат айақы ақсақ қызны āшықыға берди.
3. Адабий тилда қўлланиб келинган ечмақ, чечмақ, тарзида қўлланган: «Яна бир масал борки: Эр башига ши тушса, өтүк чечмәй сув кечәр».
4. Жонли тилга хос бўлган —тургон аффикси қўлланган: ҳамият ҳимматини даржўш келтуруб, ярим хазина динāр, йүз тева, уч йүз қарамал, уч йүз йылқы, беш йүз қой ва қызның баш-көзи йасала турган қалынны жамлаб...
5. Жонли тилда бўлган итәрчи (ит боқувчи: «Ит қиғонни иторчи қилмас»), йавуқ (узоқ), сунмақ (таклиф қилмоқ:) «Соқийи туштароқлар пиёла суна бошладилар»), «Бурноғи (аввалги)лар масалидурки».
Шунингдек «Зарбулмасал»да халқ ўртасида кенг қўлланадиган тева, така, айран, сапал, қатқақ, бурундуқ, тайлақ, қўнақ, ақсақ, йантақ, боқақ, кулба, курк тавуқ, тутав, сачбағ, тушав, бўйдақ, каби сўзлар ишлатилган.
6. Оғзаки нуткда кўп қўлланиладиган фразеологик бирикмалардан фойдаланган: ағзыны бир бурчидин чекар,.. Жан сатыб өзин уйин этарди тан. Ағыз ашга етгәндә бурни қанаган, хāс тарбузны қолтуғуңга алма ва бошқалар.
«Зарбулмасал»да қўлланган бошқа тил элементлари аввалги сўз усталари асарларида ишлатилиб келган грамматик ва лексик элементларга мувофиқ келади.
Асарда форс-тожик ва араб сўзлари ҳам ана шу давр традициясига кўра қўллангандир. Гулханий асарларида стил талабларига мувофиқ синоним сўзлардан унумли фойдаланган: ғам-ғусса-андуҳ, āсмāн-көк-фалак, халқ-улус-эл, исм-ат, йолдаш-ҳамрāҳ, нāма-хат, ай-қамар, āфтāб-қуйаш-шамс-хуршид, чайан-ақраб, тараф-жониб, йүз-āраз-жамāл, дарё-наҳр ва бошқалар.
Демак, Гулханий жонли тилнинг лексик ва грамматик имкониятларидан кенг фойдаланди. Сарой аристократ ёзувчилари эса жонли тилдаги қатор оддий сўз ва ибораларни қўллашдан бош тортиб сарой адабиётининг мураккаб, оғир тил ва давом эттирган бир вақтда Гулханийнинг жонли тил элементларини кенг қўллаши дунёвий адабиётнинг ҳамда шу билан ўзбек адабий тилининг бойишида улкан аҳамиятга эга бўлди.
Достарыңызбен бөлісу: |