ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ
МАКТАБГАЧА МУАССАСАЛАР ХОДИМЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ РЕСПУБЛИКА ЎҚУВ-МЕТОДИКА МАРКАЗИ
МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАЛАР РИВОЖЛАНИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ
ТОШКЕНТ-2012
Кириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Ўзбекистон Фанлар академияси умумий йиғилишида сўзлаган “Илму фан мамлакат тараққиётига хизмат қилсин” мавзусидаги нутқларида (“Маърифат” газетаси. 1994 йил, 13 июль) шундай таъкидлаганлар: “Соғлом авлодни тарбиялаш-буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Биз тарихан қисқа фурсат ичида бошқа соҳаларда бўлгани каби бу борадаги мақсад ва бурчимизни ҳам яхши англаб етдик”.
Агар иқтисодий ўсиш, тараққиёт- жамиятимизнинг танаси бўлса, маънавият-маърифат ва сиёсий онг етуклиги унинг руҳи, ақли ва жонидир. Буюк давлат, буюк келажагимизга эришиш учун оқил, маърифатли, айни пайтда ўзининг ўтмиши, улуғ қадриятлари, миллати билан фахрланадиган ва келажакка ишонадиган инсонларни тарбиялашимиз керак”.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқ таълими тизими фаолиятини меъёрлаштирувчи “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом” каби муҳим давлат ҳужжатлари қабул қилинди.
“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддаси орқали фарзандлар тарбияси ва таълим олишлари, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси борасида ота-оналарнинг ўрни ва жавобгарлиги оширилди.
Бугунги мактаб боласидан аниқ билимларгина эмас, фикрлаш кўникмаси, катталар ва тенгдош ўртоқларини тушуниш, улар билан ҳамкорлик қилиш ҳам талаб этилади. Шунинг учун бола мактабга қадам қўяётганида қанчалик билимга эга эканлиги эмас, балки унинг янги билимларни эгаллашга тайёрлиги, атроф-оламга мослашиши кўникмаси, воқеа-ҳодисани мустақил равишда таҳлил этиши ва мустақил ҳаракат қилиши муҳимроқ ҳисобланади.
Болани бирор нарсага ўргатишгина эмас, унда ўз кучига ишончни орттириш, ўз ғоясини ҳимоя қилиш, мустақил равишда бир қарорга келиш ҳамда унда “Мен” концепциясини шакллантириш ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон Республикасида давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом” га мувофиқ бола мактабгача таълимни уйда, ота-оналарнинг мустақил равишда таълим ва тарбия бериши орқали ёки доимий фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим муассасаларида, шунингдек, муассасага жалб қилинмаган болалар учун мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, маҳаллаларда ташкил этилган махсус гуруҳлар ёки марказларда олади.
Мактабгача ёшдаги боланинг мактаб таълимига ўтиши ҳамиша унинг ҳаёти, аҳлоқи, қизиқиш ва муносабатларида жиддий туб ўзгаришларни юзага чиқаради. Шунинг учун мактабгача ёшдаги болани мактабгача таълим муассасасида ёки уйдаёқ мактаб таълимига тайёрлаш, боланинг ёш хусусиятига доир билим, кўникма ва малакалар билан таништириш керак бўлади. Бундай таништирув мослашув даврининг жиддий қийинчиликларидан халос бўлишга ёрдам беради.
Боланинг мактабга тайёргарлиги ундаги идрок, кузатиш, хотира, тафаккурнинг ривожланиши, вақт ва фазовий тушунчалар олами, ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланиши билан белгиланади.
Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари (кейинги ўринларда “Давлат талаблари”) Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Республикада идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъий назар мактабгача таълим тизими ҳамда оилаларда болани тўлақонли тарбиялаш, таълим бериш ва ривожлантириш, уни мактабга самарали тайёрлашда қўлланиши мажбурий бўлган давлат ҳужжатидир.
Давлат талаблари 0-7 ёшли боланинг қай даражада ривожланганлиги ва эгаллаган ютуқларини баҳолаб борувчи талаблар бўлиб, улар билим, малака ва кўникмалар ривожланишининг кўрсаткичларини белгилайди:
-
Жисмоний ривожланиш, ўз - ўзига хизмат ва гигиена
-
Ижтимоий - ҳиссий ривожланиш
-
Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик
-
Билиш жараёни, атроф олам тўғрисидаги билимларга эга бўлиш.
Мазкур 4 та йўналиш 0 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг ўз-ўзига хизмат кўникмаларининг шаклланиши, нутқ, ўқиш ва саводга тайёрлаш даражасини, атроф-олам ҳақидаги тушунчаларни ва қўйилган талабларни эгаллаши учун асосий омил ҳисобланади.
У мактабгача таълим тизимининг моҳиятини белгилайди ва мактабгача таълим муассасаларини мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча болаларнинг тенглиги ва болалик қадриятини сақлаган ҳолда ҳар бир боланинг индивидуал (алоҳида) ривожланишини таъминлашга йўналтиради.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган маъмурий дахлдорлиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, қуйидаги таълим муассасаларида қўлланиши мажбурийдир:
- оммавий типдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларида;
- мактабгача гуруҳлари мавжуд бўлган “Меҳрибонлик” ва гўдаклар уйларида;
- халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимларининг мактабгача ва бошланғич таълимни назорат қилувчи шўъбаларида;
- ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича кадрларни тайёрловчи факультетларда;
- мактабгача ва бошланғич таълим тизими кадрлари малакасини ошириш муассаса ва ташкилотларида.
Давлат талабларини ишлаб чиқишда шахс ривожланишининг 4 та йўналиши асос қилиб олинди (жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена; ижтимоий-ҳиссий ривожланиш; нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик; билиш жараёни ва атроф-олам тўғрисидаги билимларга эга бўлиш).
Йўналишлар асосий бўлимларга бўлинган ва шу билан биргаликда, улар боланинг меъёрда ривожланиш кўрсаткичларини акс эттиради.
Ушбу давлат талаблари кадрлар тайёрлаш сифати, таълим мазмунига нисбатан қўйиладиган талаблар, мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланиш даражаси ҳамда ота-оналарнинг бола ривожланишига оид кўникма ва малакалари механизмини белгилайди.
Давлат талаблари 0 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг билим, кўникма ва малакалари мезонларини акс эттирувчи, уларнинг ўсиш динамикаси, ривожланишлари ҳолатини аниқлаш, таълим-тарбия жараёни ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятини баҳолашни тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатларни яратиш учун асос ҳисобланади.
Давлат талабларининг мақсади
Мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиқиб мактабгача таълим тизими фаолиятини йўлга қўйиш;
сифатли таълим кўрсатиш хизматлари, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш;
кадрлар тайёрлаш сифати ва таълим фаолиятининг тартибини белгилаш;
бола шахси асосларини шакллантириш ҳамда унинг билим олишга бўлган қизиқишларини ривожлантириш;
боланинг интеллектуал шахс сифатида ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;
болаларни миллий маданият ва умуминсоний қадриятлар билан таништириш;
болаларни мактаб таълимига тайёрлаш.
Давлат талабларининг вазифалари:
-
0 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга таълим-тарбия беришга ҳар томонлама ёндашувни таъминлаш;
-
мактабгача таълим методикасини яхшилаш;
-
кичик ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш ўқув дастурларини яратиш;
-
мактабгача таълим муассасалари педагоглари малакасини ошириш (педагог кадрларни ўқитиш ўқув режалари);
-
мактабгача таълим мониторинги ва таҳлилини олиб бориш;
-
кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш учун таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш;
-
ота-оналарга болаларнинг ривожланиши ва уларни мактаб таълимига тайёрлашга оид билим, малака ва кўникмаларга эришишларида ёрдам кўрсатиш;
-
жамиятда мактабгача таълимнинг нуфузини кўтариш.
Давлат талабларининг бошқарувчилик тамойиллари
Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ижтимоий, жисмоний, маданий ва маънавий муваффақияти таълимни ривожлантириш миллий дастурининг пойдевори бўлмиш умуммиллий қадриятларни ўзида мужассам этади.
Мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантиришда рағбатлантириш ва таълим олиш учун хавфсиз муҳитнинг яратилиши, таълимнинг самарадорлиги ҳар бир бола таълим олишининг кейинги бочқичларида ютуқларга эришиши учун зарурий шартдир.
0 дан 7 ёшгача булган болаларга таълим-тарбия бериш ва ривожлантириш талабларининг ишлаб чиқилиш жараёни қуйидаги тамойилларга асосланади:
* барча болалар, жинси, этник келиб чиқиши, дини, ижтимоий эҳтиёжлари ва маданий мансублиги, саломатлиги ва алоҳида эҳтиёжларидан қатъий назар, таълим тизимида тенг имкониятли бўлиши;
* болалар ўйин орқали яхшироқ ўзлаштирадилар. Таълим олиш жараёнида таълим бериш воситаси сифатида ўйиндан фойдаланилади;
* боланинг атроф-оламни яхлит қабул қилишини ҳисобга олган ҳолда, ривожланиш талабларига яхлит ёндошув уларнинг ишлаб чиқилишида асос бўлади.
* болаларнинг ривожланиш ва таълим олишлари тарбиячиларнинг тайёргарлиги ва касбий салоҳиятлари, болалар ва уларнинг ота-оналари билан ҳамкорликни ривожлантиришларига боғлиқдир.
* барча болалар зурурий кўмак, рағбат, таълим ва ривожлантириш тўғри йўналтирилса, талабларни бажариш учун потенциалга эгадирлар.
* Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим ва ривожлантириш дастури талабларини бажариш воситалари: мустақиллик, ижодкорлик, ташаббускорлик, ўзи ва атрофдагиларга нисбатдан маъсулиятни ҳис қилиш, ранг-барангликни ҳурмат қилиш, толерант хатти-ҳаракат, ватанпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳамда жамият ва давлатга ҳурматдир.
Ривожланиш соҳалари ва ёш гуруҳлари тақсимоти
Мактабгача ёшдаги болаларга таълим бериш ва ривожлантириш талабларига яхлит ёндошувга бола шахсининг барча соҳаларнинг ўзаро таъсири ва бир-бирини тўлдириши орқали эришилди.
Ўзбекистон Республикасида «Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари» кўп сонли илмий тадқиқотларга таяниб, болаларнинг ривожланиш ва таълим олишларини тўрт асосий йўналишга ажратади:
1. Жисмоний ривожланиш, ўз - ўзига хизмат ва гигиена
2. Ижтимоий - ҳиссий ривожланиш
3. Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик
-
Билиш жараёни, атроф-олам тўғрисидаги билимларга эга бўлиш.
Ўзбекистон Республикасида 0 дан 7 ёшгача (0-84 ой) бўлган “Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари” қуйидаги ёш гуруҳларга бўлинган:
0-6 ой
6-12 ой
12-24 ой
2 -3 ёш (24-36 ой)
3-5 ёш (36-60 ой)
5-7 ёш (60-84 ой)
Ёш оралиқлари ва болаларнинг уларга мос гуруҳланиши мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил қилишга оид ҳуқуқий йўриқномаларга асосан белгиланган.
Атамалар
Ривожланиш соҳаси (Домен) – бола шахси ривожланишининг жабҳалари сифатида белгиланади ва одатда аниқ бир йўналишда ўз аксини топади. Бундан ташқари ҳар бир алоҳида соҳа ичида айрим аниқ йўналишлар ривожланишига тегишли бўлган бўлимга ажратилади (масалан, «жисмоний ривожланиш, ўз - ўзига хизмат ва гигиена йўналишдаги «майда моторикани ривожлантириш бўлими» )
Талаб – аниқ ёш даврида болалар билиши ва бажара олиши шарт бўлган талаблар мажмуи.
Индикатор – боланинг кўз билан кўрса ва ўлчанса бўладиган кўникма ва малакалари кўрсаткичи. Ҳар бир талаб таркибига кирувчи бу компонент, мазкур талабни эгаллаши учун бола нималар қилишни билиши кераклигини кўрсатади. Ҳар бир талаб бир нечта кўрсаткичларни ўз ичига олиши мумкин.
Таълимга ёндашув – катталарнинг болалар билан таълим жараёнини тезлаштириш ва талабни эгаллашга йўналтириш мақсадида, уй ёки мактабгача таълим муассасасида амалга оширадиган фаолият турлари. Ушбу чора-тадбирлар мазкур талабни ўзлаштириш ва бажаришга йўналтирилиб, аксарият ҳолларда таълим олиш жараёнига қизиқтириш учун катталар ва болаларнинг биргаликдаги ҳаракатлари бўлиши лозим.
Ҳаёт ҳавфсизлиги – берилган талаблар доирасида турли кўринишдаги ривожлантирувчи фаолиятлар учун хавфсиз муҳитни ташкил этишга оид тавсиялар
«Жисмоний ривожланиш, ўз - ўзига хизмат ва гигиена»
Болалар саломатлиги ва муваффақияти уларнинг ўсиш ва таълим олиш жараёнининг илк босқичларида асосий омил ҳисобланади.
Яхши жисмоний тайёргарлик – бу юқори даражадаги мактабга тайёргарлик ва таълим олиш жараёнида фаол иштирок этишни таъминлаш, ўзларини ўраб турган оламда фаол иштирок этишлари, кундалик ҳаётлари давомида соғлом ва хавфсиз амалиёт олиб бориш имкониятини қўллаш учун муҳим омилдир. Соғлом жисмоний ривожланиш ва сенсомотор координацияни мустаҳкамлаш ўзаро боғлиқдир ва нутқ ўстириш, ақлий, ижтимоий-ҳиссий ривожланишнинг бошқа соҳаларига ҳам ўз таъсирини ўтказади.
«Жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена» йўналишида ривожланиш жараёни қуйидаги бўлимлар орқали кечади:
Йирик моторикани ривожлантириш. Унда болалар юриш, югуриш, сакраш, зина бўйлаб юқорига юриш вақтида ўзларининг тана аъзоларини бошқаришни ўрганадилар. Мазкур бўлим қуйидаги талабларни ўз ичига олади:
1-талаб: Бола ўз танасини бошқара олади.
2-талаб: Бола ўзининг тана аъзоларини бошқара олади.
3-талаб: Бола бир йўналишда мақсадли ҳаракатлана олади.
Майда моторикани ривожлантириш. Унга кўра, болалар бирин-кетин бирор бир фаолиятни янада аниқроқ бажариш (ушлаш, очиш, ёпиш, қирқиш, бўлиш) учун ўз қўллари ва бармоқларини ишлатиш ва улардан фойдаланиш малакасини эгаллаб боради. Бу йўналишлар қуйидаги талаблардан иборат:
1-талаб: Бола қўл ва бармоқ ҳаракатларини назорат қила олади.
2-талаб: Бола ўйинчоқ ва кундалик эҳтиёж предметларидан фойдалана олади.
Сенсомоторикани ривожлантириш – бу бўлимнинг асоси ўз ҳаракатларини бошқариш учун сезги органлари (кўриш, эшитиш, қўл билан ҳис қилиш, ҳид билиш ва б.) дан фойдаланишдир.
1 талаб: Бола ўз ҳатти - ҳаракатларини сезиш органлари ёрдамида бошқара олади.
Маданий-гигиеник малакалар – унга асосан болалар ўз соғликларининг муҳофазасига таъсир этувчи шахсий гигиеник малакаларни эгаллайдилар.
1-талаб: Бола маданий-гигиеник малакаларга эга.
Ижтимоий - ҳиссий ривожланиш
Ижтимоий ва ҳиссий ривожланиш малакалари бола шахсининг бугунги кунда ва келажакда ижтимоийлашувида муҳим аҳамиятга эга. Ривожланишнинг илк босқичларида ижтимоий ва ҳиссий ривожланиш босқичларини аниқлаш жисмоний ва моторик ривожланиш босқичларини аниқлашдан кўра бироз мушкул кечади. Бу соҳа ўз-ўзини англаш ва назорат қилиш малакаларини оширувчи янги малакаларни эгаллаб боришига боғлиқ. Изланишлар шуни кўрсатадики, ижтимоий ва ҳиссий ривожланиш малакалари боланинг мактабга тайёргарлиги, ўз ҳатти-ҳаракатларини идора этиш қобилиятини таъминловчи, шу билан биргаликда фаолият юритиш ва атрофдагилар билан позитив мулоқотга киришишга ўргатишда муҳим таркибий қисмдир. Шунингдек, болада ўзи ва ўзгаларга бўлган ишончни шакллантиради, келажакда шахснинг умумий ривожланишига асос солади. Соғлом ижтимоий-ҳиссий ривожланишни амалга оширишда бола ҳаётининг илк кунлариданоқ хавфсиз муҳит ва катталар билан позитив мулоқотнинг ўрнатилиши муҳим роль ўйнайди.
Бола шахсининг адекват ижтимоий-ҳиссий ривожланиши, авваламбор, боланинг турли ҳатти-ҳаракатлар мазмунини англаши, ўз ҳиссиётларини назорат қила олиши, ўзгаларга ҳамдардлик, уларни тушуниши ва уларга ҳурматни ифода этиши, шунингдек, гуруҳдаги болалар билан биргаликдаги фаолиятда фаол иштирок этиши билан шаклланади.
Ижтимоий- ҳиссий ривожланиш бўлими қуйидаги талабларни ўз ичига олувчи бўлимларга бўлинади:
I. Ижтимоий ривожланиш. Унга асосан бола ижтимоий муҳит, шунингдек, атрофидагилар билан ҳамкорлик ўрнатади.
1-талаб: Бола таниш ва нотаниш кишиларни фарқлайди.
2-талаб: Бола бошқа болалар ва катталар билан мулоқот малакаларини қўллай олади.
II. Ҳиссий ривожланиш. Унга асосан болада ўзини ва ўз ҳиссиётларини англаш ривожланади.
1-талаб: Бола «Мен» концепциясини англайди.
2-талаб: Бола ўзгалар ва ўз ҳисларини англайди.
Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик
Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарликнинг тўғри қўлланилиши ҳар бир инсоннинг жамиятда муваффақиятли фаолият юритишида муҳим ўрин тутади. Маълумки, аҳолининг саводхонлиги бугунги кунда жамият ривожланишида катта аҳамиятга эга. Инсон саводхонлиги унинг келажак ҳаётининг сифати даражасини белгилайди ва бугунги дунёнинг жадал техник юксалиш даврида муваффақиятли фаолият олиб бориш имконини яратади. Шундай қилиб, саводли бўлиш билимлар калитига эга бўлиш деганидир.
Тўғри ва равон нутққа эга бўлиш мураккаб жараён бўлиб, бола туғилганидан бошланади ва бир нечта омиллардан келиб чиқади. Нутқнинг ривожланиш жараёнида бола кейинги ҳаёти давомида ривожланиб ва такомиллашиб борувчи мураккаб билимлар тизимини эгаллайди. Гўдаклигида қўллаган юз ифодаси ва тана ҳаракатлари ўрнини тезда товушлар, сўзлар ва гаплар эгаллайди.
Шундай қилиб, энди улар ўз фикр ва ҳисларини ифода эта оладилар, шу билан бирга уларга ўзлари сўзлашаётган ўзга кишиларни тушуниш ҳам зарур бўлади.
Нутқ оилада, кейинчалик, мактаб ва жамиятда ривожланиб боради. Тил ва саводнинг ривожланиши она тилида ифодалаш қобилиятига асосланади. “Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик” йўналишининг асоси-сўзлашув нутқини тинглаш ва тушуниш,китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш, ёзиш малакаларини ривожлантиришдир. Нутқ, ўқиш ва саводга тайёрлаш йўналиши қуйидаги талаблардан иборат бўлган иккита кичик соҳани ўз ичига олади:
1. Нутқ. Унда бола сўзлашув тилига зарур даражада таъсирланади, тушуна бошлайди ва атрофдагилар билан мулоқотга киришади.
1-талаб: Бола нутқни тинглайди ва тушуна олади;
2-талаб: Бола гапиради ва сўзлаша олади.
2.Ўқиш ва саводга тайёргарлик. Унда босма материаллар ва ёзув белгилари ҳамда ҳарфларга бўлган қизиқиш ривожланади.
1-талаб: Бола босма материаллар, ҳарфлар ва белгиларга қизиқиш билдиради.
2-талаб: Бола ёзишга оид кўникмаларини ҳосил қилади.
Билиш жараёни. Атроф олам тўғрисидаги
билимларга эга бўлиш
Билиш жараёни болаларнинг ақлий ва психик қобилиятларини оширишга қаратилган. Когнитив ривожланиш бир нечта босқичлардан ташкил топади: иқрор бўлиш, қайта ишлаш, ташкил қилиш ва олинган ахборотдан тўғри фойдаланиш. Когнитив ривожланиш жараёни бир қатор мужассам тадбирлар: ўрганиш, аниқлаш, тасаввур қилиш, саралаш, тоифалаш ва ахборотни ёдлашдан иборат. Бола ривожланишининг ушбу соҳаси болалар қандай фикрлаши ва улар нималарни билишини ўз ичига олади. Мактабгача бўлган даврда когнитив ривожланиш муаммони баҳолай олиш малакаси, тартиб-қоида ва концепцияларни тушуниш малакалари, шунингдек, имкониятлар ва оқибатларни олдиндан кўра олиш каби муҳим малакаларни эгаллаш билан характерланади. Болалар фақатгина умумий билимлар эгаллаётганлари билан эмас, балки қандай ўрганаётганлиги, эслаб қолаётганлиги ва тушунаётганликлари билан ҳам фарқ қиладилар. Шундай қилиб, таълим-тарбия жараёнида болаларнинг билимларни қай тарзда эгаллаётганликларига ҳам катта аҳамият бериш лозим.
Сўнгги вақтларда когнитив ривожланишда болаларнинг жисмоний саломатлиги, ижтимоий ва ҳиссий ривожланишларига катта урғу берилмоқда. Чунки, айнан ушбу соҳалар кейинги муваффақиятли ривожланишнинг таъминловчилари саналади. Болалар томонидан эгалланган билимлар уларнинг таълимга ёндашувлари билан биргаликда кундалик фаолиятлари учун асос бўлади.
Билиш жараёни. Атроф-олам тўғрисидаги билимларга эга бўлиш қуйидагиларга бўлинади:
1. Элементар математик билим ва кўникмалар. Математик ва сон-саноқ малакаларини ривожлантириш орқали математик билимларни орттириши, мантиқий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш қобилиятларини ривожлантириш, сон-саноқ, миқдор, шакл, катталиклар ва ўлчов бирликларидан фойдаланиш малакаларини ривожлантиришга эришилади.
1-талаб: Бола сон – саноқ ва ҳисоблашга оид билимларни намоён қилади.
2-талаб: Бола предметларни тоифалаш, гуруҳлаш ва тартиб бўйича жойлаштириш қобилиятини намоён қилади.
2. Атроф- олам тўғрисидаги билимлар. Бола кузатиш ва амалиёт орқали атроф- олам тўғрисида ахборот олади.
1-талаб: Бола жонли ва жонсиз табиатни кузатади ва таърифлай олади.
2-талаб: Бола инсон тана аъзоларини билади.
3. Ижод
Бадиий ифодалаш бола шахсининг ривожланиши ва болалик тажрибасида муҳим омил саналади. Турли шакллардаги ўз тасаввур ва ижодларини ривожлантириш имкониятларига эга бўлган болалар миллий маънавий мерос ва маданиятни ҳурмат қилишга ўрганадилар. Бола ўз ҳиссиётларини мусиқа, театр ва тасвирий фаолият ва бошқалар орқали ифодалашга ўрганадилар.
1-талаб: Бола турли товуш ва овозларни фарқлай олади.
2-талаб: Бола товушлар баландлиги, тембрига кўра фарқлайди.
3-талаб:Бола жамоа бўлиб мусиқий фаолиятларда иштирок этишга қизиқиш билдиради.
4-талаб: Бола айрим болалар чолғуларида чалиш малакаларини намоён этади.
5-талаб: Бола амалий фаолиятда иштирок этишга қизиқиш билдиради.
1. Жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена:
1. Жисмоний ривожланиш
-
йирик моторикани ривожлантириш
-
сенсомоторикани ривожлантириш
-
майда моторикани ривожлантириш
-
маданий-гигиеник малакалар
2. Ижтимоий-ҳиссий ривожланиш:
Ижтимоий ривожланиш:
-
Катталар билан мулоқот
-
Тенгдошлари билан мулоқот
Ҳиссий ривожланиш:
-
"Мен" концепциясининг ривожланиши
-
Ҳиссий ифодалаш
3. Нутқ, ўқиш ва саводга тайёргарлик
Нутқ:
-
Эшитиш ва тушуниш малакасини шакллантириш.
-
Импрессив мулоқот;
-
Нутқ малакаси; Экспрессив мулоқот;
Ўқиш ва саводга тайёргарлик:
-
Китобнинг қадр-қимматини тушуниш
-
Ўқиш ва савод малакаларини эгаллаш
4. Билиш жараёни, атроф- олам тўғрисидаги билимга эга бўлиш ва уни англаш
Элементар математик тасаввурлар:
-
Элементар математик билим ва малакалар
(сон, саноқ, катталик, шакл, масофа ва вақт тўғрисида тасаввурга эга бўлиш, қуриш-ясаш)
Атроф олам тўғрисидаги малакага эга бўлиш ва уни англаш
-
Атроф -олам тўғрисидаги малакага эга бўлиш
(жонли табиат, ер курраси тўғрисида тасаввурга эга бўлиш)
МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАЛАРНИНГ ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
0-2 ёш
Фикрлаш: Кўргазмали-ҳаракатли тафаккур
Нутқ: Нутқни тушуниш, узуқ овозлар, ғу-ғулаш, чуғурлаш
Ихтиёрий билиш жараёни: Ихтиёрсиз диққат ва хотира
Физиологик сезгирлик: Катталарнинг таъсирига нисбатан юқори сезгирлик
Билим орттириш объекти: Атрофидаги предметлар. Катталар
Билим орттириш усули: Сезиш (кўриш, эшитиш, таъм билиш)
Муваффақиятли ўзлаштириш шартлари: Болага нисбатан меҳрибон бўлиш ва мулоқот қилиш
Мулоқот юритиш шакли: Бевосита ҳиссий мулоқот
Тенгдошлари билан муносабатлар: -
Катталар билан муносабатлар: Физиологик эҳтиёжларни қондириш манбаи. Ҳимояланиш, эҳтиёжларни қондириш манбаи
Низолар мавжудлиги: Мавжуд эмас
Ҳис-ҳаяжонлар: Эксперссив имо-ишора
Ўйин фаолияти: Предметни ўйнайди
2-3 ёш
Фикрлаш: Кўргазмали-ҳаракатли тафаккур
Нутқ: Сўз бирикмалари, феълни тушунади
Ихтиёрий билиш жараёни: Ихтиёрсиз диққат ва хотира
Достарыңызбен бөлісу: |