ижодий фаолиятда фанлар ички тамойил (камайиб борувчи умумийлик-умумийликдан хусусийликка) ва ўсиб борувчи аниқлик-абстракликдан аниқликка, оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига ривожланиш) тартибида жойлашишини эсдан чиқармаслик керак.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
-
Каримов И.А. Илм-зиё салоҳияти – юрт бойлиги // Маърифат. – Тошкент: 1993 (21.06.1993). – Б. 1-2.
-
Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Тошкент: 1999. – Б. 132-154.
-
Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Т.: Фан, 2007. – 252 б.
-
Тўрақулов Х.А. Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари. – Т.: Фан, 2006. – 248 б.
3.3. замонавий илм-фан ва унинг жамият тараққиётидаги ўрни
Таянч иборалар ва атамалар: инқилобий жараёнлар, илм-фан, замонавий техника, ишлаб чиқариш усуллари, умумбашарий қадриятлар, жамоатни ахборотлаштириш, компьютер технологияси, техника-технология, методология, ҳисоблаш техникаси, хусусий соҳалар, математик методлар, ижтимоий тадқиқотлар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, лингвистик кибернетика, кондиционер, қонун-қоида, комплекс ёндашув, тизимий ёндашув, маърифат, маориф, соҳалар интеграцияси, илмий тадқиқот ишларининг автоматлаштирилган тизими.
Мавзунинг матни: Замонавий илм-фан ва унинг жамият
тараққиётидаги ўрни
Маълумки, жамият тараққиётининг барча босқичларида ўша даврнинг фан-техника ривожи ҳамда уларнинг натижаларини мунтазам истеъмолда бўлиши муҳим роль ўйнаган ва ҳаттоки баъзан улар фан-техника тараққиётида инқилобий тусда ҳам рўй берган. Бу ҳақда “Тош асри”, “Бронза асри”, “Энергиянинг бир турдан иккинчи турга айланиши”, “Атом асри”, “Ахборотлашган жамият сари асри”, “Интеллектуал аср” ва ҳ.к. кўринишдаги далилларнинг гувоҳимиз.
Илм-фандаги бундай инқилобий жараёнлар ишлаб чиқариш кучлари ва илм-фаннинг ривожи билан бевосита боғлиқ бўлган тарихий жараён бўлиб, у ўзида илм-фан ютуқларини, замонавий техникани ишлаб чиқариш усулларини интеграциялаган мураккаб динамик тизимдир.
Мазкур жараённи ташкил этувчи омилларнинг ўзига хос вазифалари бор. Улар:
Илм-фан – Муоммо ечимидаги, яъни ушбу жараёндаги асосий фаолиятни юритувчи илмий манба (назария, алгоритм, модель, услуб, услубият ва ҳ.к.) вазифасини бажаради;
Замонавий техника – илм-фан ютуқларини моддий қўлланилишини бажаради (воситалар: машина ва механизмлар, қурилмалар, асбоблар ҳамда телекоммуникация элементалари);
Ишлаб чиқариш усуллари - илм-фан ютуқлари ҳамда улар асосида пайдо бўлган техника ва технологияларни амалда жорий этиш соҳаси.
Замонавий илм-фаннинг асосий хусусиятларидан энг асосийси, унинг бевосита ишлаб чиқариш кучларига айланишидир.
Ҳеч кимга сир эмаски, Ер юзида яшаётган одамлар ташқи қиёфаси жиҳатидан (ранги ва шакли) ҳам, яшаш тарзи ва урф-одати бўйича ҳам, тафаккур ва мафкура доираси бўйича ҳам, тили ва дили бўйича ҳам, миллати ва ирқи бўйича ҳам, касб-кори ва мансаби бўйича ҳам, миллий қадриятлари ва бошқа хислатлари билан ҳам фарқ қилади. Аммо, дунёвий ишлар, умумбашарий қадриятлар инсонларни бир-бирига яқинлаштириб туради. Бу борада, айниқса илм-фан ва унинг ютуқлари аҳамияти беқиёсдир. Бунинг далили сифатида олов, гугурт, ғилдирак, ёзувнинг пайдо бўлиши, китобнинг яратилиши, металларга ишлов бериш технологиясининг яратилиши, буғ ва ички ёнув двигателларининг яратилиши, атомнинг тинчлик мақсадларида фойдаланилиши, электрнинг ҳосил қилиниши, электроника соҳаси ютуқларининг кенг тарқалиши, компьютерларнинг яратилиши ва кенг тарқалиши, телефон-ларнинг кенг кўламдаги вариантлари ва ҳ.к.ларни келтириш мумкин.
Бу борада Абу Райҳон Беруний бобомиз “Илм-фан кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш заруратидан пайдо бўлади”, деб бежиз айтмаган. Умуман олганда илм-фан кишиларнинг жамият олдига қўйган вазифалари асосида ривож топади. Бу ҳақда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, кишиларнинг “Ойнаи жаҳон” ни исташи натижасида телеведениени бугунги тараққиётига эришилди ёки “Учар гилам” ни орзу қилиш орқали самолётларни яратишга ва ҳаттоки космонавтика ривожига ҳам катта ҳисса қўшилди. Шунингдек, бугунги кунда автомобиллар ривожи кўрсаткичлари ҳар бир жамият аъзосини қизиқтириши шубҳасиз. Ҳисоблаш техникаси ривожига эътибор берайлик, оддий саноқ чўпларидан ёки абаклардан бошланган ҳисоблаш техникаси тараққиёти бугунги кунда секундига бир неча миллион амал бажарадиган компьютерлар пайдо бўлишига олиб келди ва ҳ.к. Буларнинг ҳаммаси илм-фаннинг жамият тараққиёти босқичларига мос талаблари асосида такомиллашиб, ривожланиб бораверади, чунки ўша давр шуни талаб қилади, акс ҳолда жамият тараққиётида салбий таъсирлар пайдо бўлади.
Шу сабабли ҳам илм-фаннинг асосий хусусиятларидан бири ҳам шундан иборатки, у бевосита ишлаб чиқариш кучига, истеъмолга тайёр техника – технологияга, методологияга айланади.
Бундан ташқари илм-фаннинг яна бир хусусияти умумий ижодиёт ишларининг анчагина қисмини хусусий илмий тадқиқот ишлари ҳам эгаллайди. Бу эса илм-фаннинг кенг қамровлилигига хос хусусиятдир. Шу орқали илмий тадқиқот ишининг кўлами, соҳаси, аҳамияти ва йўналиши аниқланади.
Маълумки, бугунги кун жамиятни ахборотлаштириш билан баҳоланмоқда. Бу замонавий илм-фан ривожи савиясига кескин таъсир қилмоқда. Айниқса, компьютер технологияси ривожи ва уларнинг амалиётда фойдаланилишга кенг йўл очилиши билан лойиҳа конструкторлик ишларини бажаришда, луғатлар тузишда, илмий тадқиқот ишларида тажриба-синов ишларини ўтказишда, жараён ва ҳодисаларни моделлаштиришда, бошқаришни алгоритмлашда яққол сезилмоқда. Илм-фанда бугунги кунда “Илмий тадқиқот ишларини автоматлаштирилган тизими” номли мустақил йўналиш ҳам пайдо бўлди. Бунда йиғиладиган билимлар ҳажмининг кескин ошишига тўғри келади, натижада илмий маълумот олишнинг янги кўлами ва тизими вужудга келди.
Замонавий илм-фанда хусусий соҳалар билан биргаликда, уларнинг интеграцияси ҳам пайдо бўлмоқда. Жумладан, бионика, математик логика, кибернетика, информатика, эргономика, иқтисодиёт, машина-трактор паркидан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва ҳ.к. Бундай йўналишларнинг вужудга келиб, жуда тез ривожланишига асосий сабаблардан бири математика фани ютуқларининг турли фан йўналишларида ва ҳаттоки ижтимоий фан соҳаларида ҳам самарали фойдаланаётганлигидадир. Хусусан, ижтимоий тадқиотларда математик методлар, лингвистик кибернетика ва ҳ.к. йўналишларнинг бугунги кундаги ривожи фикримизнинг далилидир. Шунинг учун ҳам “Ҳар қандай фан математика фани ютуқларидан самарали фойдалана олган тақдирдагина ўзининг юқори чуққиларига эриша олади”, деган фикрни олимларимиз доимо тан олиб келганлар.
Бундай хусусиятларни ўзида мужассам қила олган ҳар қандай фан ўзи ўрганиши лозим бўлган манба (ҳодиса, жараён, предмет, қонун-қоида ва ҳ.к.)га комплекс ва тизимий ёндашув тадқиқот усулларини самарали қўллай олади.
Демак, юқорида таъкидланганидек илм-фан ривожи кишилар, жамият, қолаверса давлат тараққиёти ва халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги учун ҳам хизмат қила олмоғи лозим. Улардаги кенг қамровлилик ва махсуслик (тор маънодаги муҳим муаммоларига мўлжалланганлиги), тараққиёти савияси, соҳалар интеграцияси ҳамда манбага нисбатан тизимий ёндашув тадқиқот усулларининг барча-барчаси жамият тараққиётида ўзининг мос ўринларига эга ва ўша соҳалар ривожига самарали таъсири билан ҳам улар кўпроқ аҳамиятлидир.
Шу сабабли ҳам “Илм-фаннинг олий мақсади кишилар фаровонлигига ва уларнинг мунтазам ривожига хизмат қилсин”, деган фикрни шиор қилиб ижод қилинса, илм-фаннинг жамият тараққиётидаги роли ва ўрни янада ошар эди.
Тасаввур қилинга, бир пайтлар оддий омоч билан ерни шудгор қилган пайтимиз ҳам бўлган. Бугунги кунда кабиналари юксак савияда жиҳозланган (конденционер, радио, магнитофон, товуш ютгич ва ҳ.к.), ишчи органлари универсал равишда ишлайдиган, замон талаби асосида жиҳозланган қудратли техникалар ёрдамида шудгор қилинмоқда ва ҳайдовчи эса бошқариш пультида ўтириб олиб, бемалол бу техникани бошқармоқда. Ёки одамнинг ойда юриши ва Марснинг ўзлаштира бошланиши буларнинг ҳаммаси илм-фаннинг қудратли кучи эмасми?
Шунинг учун ҳам илм-фан тараққиёти жамият тараққиётининг асосий пойдеворларидан бири бўлиб ҳисобланади ва у иқтисодимизни ривожлантиришда ҳам, маънавиятимизни юксалтиришда ҳам, маърифатимизнинг савиясини оширишда ҳам, маорифимизни гуллаб-яшнашида ҳам қудратли кучдир.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
-
илм-фандаги инқилобий жараёнларни қандай сезса бўлади?
-
замонавий илм-фан хусусиятларига қандай ҳолатлар тўғри келади?
-
жамиятни ахборотлаштириш қандай жараён?
-
замонавий илм-фанда интеграция асосида шаклланган фанларни санаб беринг;
-
илм-фаннинг қудрати ёки “Кароматлари”, деганда нималарни тушунасиз?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
-
илм-фандаги инқилобий жараёнлар ишлаб чиқариш кучлари ва илм-фаннинг ривожи билан бевосита боғлиқ бўлган тарихий жараён бўлиб, у ўзида илм-фан ютуқларини, замонавий техникани, ишлаб чиқариш усулларини интеграциялаган мураккаб динамик тизимдир;
-
илм-фан – муаммо ечимидаги, яъни ушбу жараёндаги асосий фаолиятни юритувчи илмий манба (назария, алгоритм, модель, услуб, услубият ва ҳ.к.) вазифасини бажаради;
-
замонавий техника – илм-фан ютуқларини моддий қўлланилишини бажаради. Унда машина ва механизмлар, қурилмалар, асбоблар ҳамда коммуникация элементлари воситаларидан иборат бўлади;
-
ишлаб чиқариш усуллари – бу илм-фан ютуқлари ва улар асосида пайдо бўлган техника-технологияларни амалда жорий этишни таъминловчи асослардир;
-
илм-фаннинг асосий хусусиятларидан бири умумий ижодиёт ишларининг анчагина қисмини хусусий илмий тадқиқот ишлари ҳам эгаллайди. Бу эса илм-фаннинг кенг қамровлигига хос хусусиятдир. Шу орқали илмий тадқиқот ишининг кўлами, соҳаси, аҳамияти ва йўналиши аниқланади.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
-
нима учун замонавий илм-фан ва техника деймиз?
-
ишлаб чиқариш усуллари воситами ёки асосми ёки йўлми? Бу ҳақда ахборотнома тайёрлаб кўринг;
-
илмий қадриятлар деганда нимани тушунасиз ва у нима учун умумбашарий ҳисобланади?
-
илм-фан тўғрисида Абу Райҳон Берунийнинг фикрини қандай тушунасиз?
Тадқиқотчига мавзу материалларидан ижодий фаолиятда фойдаланишга тавсиялар:
-
илмий ижодиётда олинган натижангиз умумбашарий бўлишига эътибор қилинг ва сизнинг номингиз у орқали тарихда қолади;
-
илмий ижодий ишингиз иложи борича методологик характерда бўлсин, яъни ундан бошқа ижодкорлар ҳам ўз ижодий фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлсин ёки бирор соҳанинг “оғирлигини енгил қилсин”;
-
ижодий ишингиз натижаси кишилар фаровонлигига ва уларнинг мунтазам ривожига хизмат қилишлигини ўйлаб иш юритинг.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
-
Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Тошкент: Фан, 2007. – 252 б.
-
Тўрақулов Х.А. Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари. – Тошкент: Фан, 2006. – 248 б.
3.4. замонавий илм-фан хусусиятлари
Таянч иборалар ва атамалар: Автоматика фани, кибернетика фани, автоматик бошқариш, ҳисоблаш техникаси, нейрофизиология, математик мантиқ, бошқарув, биологик кибернетика, муқобил ахборот тизимлар, иқтисодий кибернетика, замонавий таълим тизими, “юзма-юз” ўқитиш, информатика фани, космонавтика фани, математик лингвиситика, бионика, ижтимоий психология, электроника, сунъий интеллект фани, глобалистика фани.
Мавзунинг матни: Замонавий илм-фан хусусиятлари.
Мустақиллик туфайли қўлга киритилган ютуқларни давом эттириш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ўйлаш, жамиятни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидан муваффақиятли равишда олға силжиб боришдаги масъулият бугунги ижодкор (тадқиқотчи)лар оммаси зиммасига тушади. Шунинг билан бирга фан-техника ютуқлари асосида яратилаётган янги-янги машиналар, дастгоҳлар, методология, алгоритмлар, моделлар, компьютерлар ва шу кабилардан фойдаланиш, уларни тайёрлаш ҳамда амалиётга жорий этишни автоматик бошқариш, кишилардан катта илмий тайёргарликни талаб этади.
Кейинги чорак аср давомидаги фан-техника тараққиётига назар ташлайдиган бўлсак, бу давр ичида кўпгина, айниқса, физика, математика, механика, химия, биология, мантиқ, психология ва шу каби фанлар ва шу билан бирга техникада тамомила янгича сифат ва тамойилларга эга бўлган қонунлар, назариялар, методологиялар ва турли илмий гепотизаларнинг вужудга келганлигининг гувоҳи бўламиз. Фанларнинг ўзаро ҳамкорлиги тезлашиб, фаннинг янги соҳалари пайдо бўла бошлади. Булар эса ўз навбатида техника тараққиёти учун ҳам хизмат қилади. Бу борада фан ва техника ютуқларини ўз навбатида ёшларга етказиб бориш, ҳозирги замон дарсларига қўйилган талаб бўлиб, у орқали мамлакатимизда интеллектуал салоҳиятли кишилар (тадқиқотчилар) отряди шакллантирилади.
Бугунги юксалаётган илм-фан бизга жамият қонунлари ва табиатдаги ҳодисалар моҳиятини, бизни ўраб турган муҳитни ривожлантиришни тушуниб етишга ёрдам беради. Фан-техника тараққиётида тубдан ўзгариш юз бераётган ҳозирги замонда фан оламидаги ривожланиш янги босқичга кўтарилди ва замонавий фанлар шакллана бошлади.
Биз бу ерда улардан баъзилари ҳақида фикр юритамиз:
-
Автоматика фани.
Автоматика XIX асрнинг бошларида ўзининг ривожланиш босқичига кўтарилди. Автоматика фақатгина ўзини-ўзи бошқарадиган қурилма эмас, балки у техникани автоматик бошқариш ҳақидаги фан ҳамдир.
Автоматика фани табиат ва жамият воқеа-ҳодисалари ривожини автоматик бошқаришга хизмат қилишига мўлжалланган бўлиб, у кишиларни оғир жисмоний меҳнатдан озод қилиб, тараққиётни тезлаштириб, у одамларда назорат-бошқарув функциясини қолдиради. Ана шу сабабларга кўра у бевосита ишлаб чиқарувчи кучлар тизимига айланади ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади.
-
Кибернетика фани.
XIX асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг бошларида фан-техника мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Бу даврда саноат, транспорт ва бошқа соҳаларни автоматлаштиришга киришилди. Автоматик бошқариш назариясининг ривожланиши асосида «Кибернетика» номли фан вужудга келди.
«Кибернетика (юнонча kybemetile – бошқариш санъати) –ахборотни қабул қилиш, сақлаш, уни қайта ишлаш ҳамда ундан турли жараёнларни бошқаришда фойдаланиш билан шуғулладиган фан. Автоматик бошқариш, ҳисоблаш техникаси, нейрофизиология ва математик мантиқларнинг назария ҳамда амалиётларининг ривожланиш натижалари сифатида вужудга келган. Кибернетиканинг техник асосини ЭҲМлар ташкил этади. Улар инсон тафаккурига оид масалаларни ҳал қилишга кенг имкониятлар очиб беради. «Кибернетика» терминини биринчи марта юнон файласуфи Платон тилга олган. XVII асрдаёқ Б.Паскаль (Франция) оддий механик арифмометр ихтиро қилган эди. Фақат XIX асрга келиб, Ч.Беббж (Англия) ҳозирги замон ЭҲМига ўхшаш рақамли автоматик ҳисоблаш машинаси яратишга уриниб кўрди. ХХ аср бошида электромеханик аналитик ҳисоблаш машинаси яратилди. 1938 йилда К.Шеннон (АҚШ), 1941 йилда В.И.Шестакович (Россия) мантиқий математик аппаратнинг реал контакт схемасидан синтез ва анализ учун фойдаланиш мумкинлигини кўрсатишди. Шулар асосида автоматлар назарияси ривожлана бошлади. ХХ асрнинг 40-йилларидан Ж.Фон Нейман (Германия) ва бошқалар томонидан яратилган ЭҲМ кибернетиканинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Буларнинг ҳаммасини умумлаштириб Н.Винер (АҚШ) ўзининг «Кибернетика» китобини ёзди (1947 йил). У кибернетикани «тирик мавжудод ва машинадаги алоқалар ҳамда бошқариш ҳақидаги фан» деб аташни тавсия қилди. 1.
Бугунги кибернетика фани ўзининг бир қатор мустақил йўналишларига эга. Улар: техник кибернетика; иқтисодий кибернетика; биологик кибернетика; тиббиёт кибернетикаси; математик лингвистика ва шу кабилар.
Кибернетика, асосан кибернетик тизимлар билан шуғулланиб, унинг назарий ўзагини ахборот (информация), кодлаш, алгоритмлаш, автоматлар, умумий ва муқобил ахборот тизимлар, қиёфаларни аниқлаш (распозавание образов), формал тиллар назариялари ташкил этади.
Ўзбекистонда кибернетика фани ривожида ЎзР ФАнинг академиги В.Қ.Қобулов бошлиқ олимларнинг ҳиссалари катта.
Республикамизда бошқарув илми
Бошқарув-бошқарилаётган жараённи мавжуд имкониятлар
асосида қўйилган мақсадга эришгунга қадар бўлган ҳаракат-
лар кетма - кетлигидир.
Бошқарув – жараёнларга режа асосида йўналиш бериш ва режалаштирилган натижани олиш бўйича ҳаракатлар мажмуасини ташкил этади.
Бошқарув жараёни, асосан, бошқарувчи, манба, мақсад ва натижа тизимидаги фаолият бўлиб, унда бошқарувчи таъсири йўналтирилган манба (объект) турига қараб турли кўринишларда бўлади. Улар бошқарувчилар таъсир кўрсатишларига қараб жамият, давлат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, талим тизими, ишлаб чиқариш корхоналари, соғлиқни сақлаш тизими, уй – хўжаликлар, оиладаги бюджетни ва шу кабиларни бошқариш турларига ажратилади.
Бошқаришнинг энг асосий хусусияти шундан иборатки, бунинг натижасида қўйилган мақсадга эришилади. қўйилган мақсад ёки истак ва интилишлар асосида, олдинда турган вазифаларни бажариш учун бошқа кишиларнинг (ёки муҳитнинг) ҳаракатлари (таъсирлари) жараёнларни бошқаришнинг мазмунини ташкил этади ва ҳаракатлар кетма-кетлигини мақсадга эришиш сари йўналтиради.
Бошқарув табиат ва жамиятнинг турли жабҳаларида турлича кўринишларда учрайди. Фақатгина кузатилаётган жараёнлар ва ҳодисаларни ўз хусусиятига қараб бошқариладиган ва бошқарилмайдиганларга ажратиш мумкин.
Бошқариладиган объектларга шахс фаолияти, таълим-тарбия соҳалари, инсониятни бирор ғоя бўйича ҳаракатлари, ишлаб чиқариш тизими, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш тизими, таълим тизими ва шу каби хатти-ҳаракатларни режалаштирилган мақсад сари йўналтириш орқали таъсир этишга қодир жараёнлар ва ҳодисалар киради.
Умуман, инсон ёки бошқа воситалар ёрдамида таъсир этиб бўлмайдиган жараёнлар ва ҳодисалар бошқарилмайдиган объектлар дейилади. Буларга табиатдаги атроф-муҳит, табиатни мисол келтиришимиз мумкин.
Бошқарув жараёни ижтимоий-иқтисодий тараққиёт босқичларига ва даражасига мосланиб, такомиллашиб келди. У дастлаб айрим бир ҳодиса ёки жараёнга таъсир доирасида фаолият кўрсатган бўлса, кейинчалик жамоалар, давлатлар ва жамият миқёсида кенгайиб борди.
ХХ асрда бошқарув жараёни мустақил ва муҳим йўналиш сифатида шаклланди. Бошқарув оддий бир буюмни ясашдан тортиб, космик фазони ўзлаштиришгача мунтазам равишда ўз таъсир кучини кўрсатиб бориш даражасига етди. Айниқса, бошқарув ижтимоий ҳаётда, иқтисодда, биологик ва техник тизимларда, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимларида, фан ва техника тараққиётида ва шу кабиларда универсал жараён сифатида таърифловчи умумий тамойилларни ўрганиш, унинг предмети бўлиб қолди. Тирик ва жонсиз табиатда, фан ва техникада, кишилик фаолиятининг бошқа турли жабҳаларидаги ҳодиса ва жараёнлар бошқарувининг умумий қонуниятларини ўрганадиган фан КИБЕРНЕТИКА деган номни олди.
Бошқарувнинг умумий қонун-қоидалари бу номни олиши бежиз эмас, чунки биринчи марта буюк физик олим Ампер бу терминдан давлат бошқаруви даражасини белгилашда фойдаланган. Шуниси қизиқки, "Кибернетика" сўзининг юнонча таржимаси ҳам "Кема бошқариш санъати" маъносини билдиради.
Умуман олганда, Кибернетиканинг вужудга келиши ва ривожланишига машҳур америкалик олим Норберт Винер жуда катта ҳисса қўшган. Уни "Кибернетика"нинг отаси дейилади. 1948 йилда Н.Винернинг "Кибернетика" китоби нашр қилингандан кейин бу соҳа ўзининг мустақил ривожланиш йўналишларини бирин - кетин белгилаб ола бошлади.
Ўзбекистонда эса бу соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшган олим:физика-математика фанлари доктори, профессор, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Восил Қобулович Қобуловдир.
Республикамизда 1956 йилдан "Кибернетика" фани ривожлана бошлади, десак хато бўлмайди. Чунки ўша йили академик М.Т.Ўрозбоев раҳбарлигида Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли В.И.Романовский номидаги Математика илмий тадқиқот институти қошида "Ҳисоблаш техникаси" бўлими ташкил этилди ва унга В.Қ.Қобулов раҳбар этиб тайинланди. В.Қ.Қобулов ташаббуси билан республикамизда биринчи марта "Урал-1" русумли ЭҲМ Москвадан олиб келиб ўрнатилди.
Бу "Ҳисоблаш маркази" 1966 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли ҳисоблаш марказли Кибернетика илмий тадқиқот институтига айлантирилди ва у Марказий Осиё минтақасида ягона илмгоҳ эди. Бу илмгоҳ 1978 йилга келиб "Кибернетика" илмий ишлаб–чиқариш бирлашмасига айлантирилди. Бугунги кунда бу илмгоҳ "Замонавий-информацион технологиялар илмий-техникавий маркази" деб ном олиб, бу ердаги олимларимиз бошқарув илмини такомиллашган қонун-қоидаларини тадқиқ қилиш устида фаол ишламоқдалар.
Кишилик фаолияти турли жабҳалардаги вазифаларни ҳал этишга алгоритмлар назариясини ривожлантириш базасида академик В.Қ. Қобулов раҳбарлигида бирлашманинг етук олимлари Ўзбекистонда кибернетиканинг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшдилар.
Бундай олимлар жумласига "Образларни текшириб билиш ва сунъий интеллект" назарияси бўйича катта мактаб яратган М.М.Комилов, математик моделлаш ва ҳисоблаш эксперименти, математика ва физика мураккаб масалаларини ҳал этишнинг миқдорий-таҳлилий усуллари бўйича академиклар Ф.Б.Абуталиев, Б.А.Бондаренка, Т.Бўриев, ахборотлар назарияси ва техника кибернетикаси бўйича академиклар Ж.А.Абдуллаев ва Т.Ф. Бекмуратов кабилар киради. Булардан ташқари, кибернетика фанининг турли йўналишлари бўйича фанга салмоқли ҳисса қўшган олимлар сафларини яна ҳам давом эттириш мумкин. Буларга техник тизимларда бошқарув бўйича Т.А.Валиев, З.Т.Одилова, О.М.Набиев, О.О.Тошев, А.Ғофуров, Д.Н.Аҳмедов, К.Аҳмедов, Р.С.Саъдуллаев, И.И.Жуманов, З.М.Солихов, А.ХНишонов, Н.А.Мўминов, А.В.Қобулов, Ш.Назиров ва бошқалар, иқтисодий тизимларда бошқарув бўйича С. С.Ғуломов, Н. С. Зиядуллаев, М. И.Ирматов, А.А. Абдуғоффоров, Б.Беркинов, Р.Убайдуллаев ва бошқалар, био-тиббий жараёнларида бошқарув бўйича Қ.Қ.Қодиров, Х. З. Икромова, Ф.Т.Одилова, М. Зиёхўжаев, Р. Ҳамдамов, Х. М.Комилов, Х.А.Тўрақулов, А. Марасулов ва бошқалар киради.
Республикамизда таълим тизимини ахборотлаштириш борасида ҳам диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Бунда академик В. Қ. Қобулов ташаббуси билан дастлаб Олий ўқув юртлари қошида бошқарув муаммолари ва ахборотлаштиришга тегишли факультетлар, кейин эса бирин-кетин шу йўналишларда олий даргоҳлар ҳам ташкил этила бошлади. Буларда билим олиб чиққан мутахассислар республикамизнинг барча ҳудудларида турли соҳаларда фаолият кўрсатмоқдалар.
Бугунги кунда халқ таълими тизимини ахборотлаштириш ва уни бошқарувига республикамиздаги кибернетик олимлар ҳам бош қўшмоқдалар. Улар академик В.Қ.Қобулов ва у кишининг шогирдлари ва ҳамкасблари Т.Ф.Бекмуратов, А.Б. Нусратов, Х.З.Икромова, Н.А.Мўминов, К.Аҳмедов, А.Ғофуров, А.Абдуқодиров, Х.Қ.Қодиров, Х.М.Комилов, Х.А.Тўрақулов, С.Йўлдошев, Т.Сафаров, И.И.Жуманов, Д.Н.Аҳмедов, Р.Ҳамдамов, А.Марасулов, Х.С. Лутфуллаев ва бошқалардир.
Демак, бизнинг республикамиз олимлари бошқарув муаммолари ечимлари бўйича дунё миқёсидаги муаммолар ечимларини илмий тадқиқ қилиш бўйича фаоллик билан ижод қилмоқдалар, десак хато қилмаймиз.
Биз мазкур монографияда фақатгина таълим тизими бошқаруви ҳақида фикр юритишни лозим топдик. Замонавий таълим тизими ҳам замон билан ҳамнафас бўлиб, янги таълим технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни талаб қилмоқда.
Таълим тизими ҳам ўзига хос мураккаб боғланишларга эга бўлган қисм-тизимлардан ташкил топган бўлиб, улар доимо ҳаракатдаги боғланишга эга ва бу асосда бошқариш сифати ҳамда кўриниши ўзгариб туради, яъни мураккаб динамик тизим ҳисобланади. Уни бошқариш эса кибернетик муаммодир.
Бизга тизимий тадқиқотлар назариясидан маълумки, бундай мураккаб динамик тизимларни бошқаришда кибернетика фани ютуқларидан фойдаланиш қўл келади.
Замонавий таълим тизими мураккаб тузилмага эга бўлиб, унинг таркибига ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари билан ўзаро мураккаб боғланишларга эга бўлган технологик, педагогик, ташкилий, иқтисодий ҳамда назарий-методологик қисмлар киради. Анъанавий таълим тизими замонавий таълим тизимидан технологик қисмини алоҳида ажратиб қаралмаслиги билан фарқ қилади. Чунки, анъанавий таълим тизими "юзма-юз" ўқитиш услуби ва босма материалларга асосланиб ўқитишга мўлжалланганлиги учун технологик қисми етарли даражада ривожланмаган.
Демак, анъанавий таълим тизимидан фарқли ўлароқ замонавий таълим тизимида кибернетик нуқтаи назардан қараганда мунтазам тескари алоқа мавжудлиги ва бу алоқа натижаси асосида таълимни тегишли ростлашларни амалга ошириш орқали оптимал бошқаришга эришишдир. "Бошқарув нафақат бошқарувчи таъсирлар ва тескари алоқанинг ахбороти табиатини ўрганади, балки унда асосий эътибор бошқарувнинг объектлари ва субъектларига, бошқарувчи таъсирларнинг шаклланиш механизмларига, уларнинг бошқарув объектига таъсир қилиш усуллари ва натижаларига қаратилган"[2].
Шу сабабли ҳам таълимни бошқаришда бошқарувчи зарур бўлган ахборотларни йиғиш ва сақлашга, кишиларнинг бошқариш бўйича қабул қилган қарорларини ишлаб чиқарувчи ва ижро этувчи шахслар фаолиятига, бошқарув ёрдамида таълим мазмунини йўналтиришга ва таълим бериш йўналишига ўзгартириш киритиш имкониятларига ҳам эътибор берилади. Бундай мураккаб бошқарувни амалга ошириш учун унинг мақсади, вазифасини ва бошқарув шаклларини чуқур таҳлил қилиб, аниқлаб олиш керак. Биз бу ҳақда мазкур монографиянинг кейинги қисмларида батафсил тўхталамиз.
Достарыңызбен бөлісу: |