«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ни амалга оширишнинг иккинчи сифат босқичида таълим–тарбия жараёнида юқори самарадорликка эришиб, юксак сифат кўрсаткичини қўлга киритиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб муаммодир. Бу муаммо ечимларидан бири, ҳар қандай фан бўйича таълим беришда маънавий тарбия воситаларидан фойдаланиш, айниқса маънавий қадриятлардан фойдаланиш ўзининг ижобий педагогик самараларини беради. Бу борада улуғ аллома–донишмндларимиз томонидан қолдирилган бой интеллектуал мерос ва умумбашарий (умум илмий) қадриятларимизни ёшларимиз онгига мунтазам сингдириб боришнинг аҳамияти беқиёс.
Маълумки, интеллект инсоннинг ақлий қобилияти бўлиб, инсон миясининг дунёни акс эттириш ва шахснинг воқеликка бўлган муносабатларини бошқариб турадиган фаолияти, ҳаётни, атроф-муҳитни онгда айнан акс эттириш ва ўзгартириш, фикрлаш, ўқиш–ўрганиш, дунёни билиш ва ижтимоий тажрибасини қабул қилиш қобилияти; турли муаммоларни ҳал қилиш, бир қарорга келиш, оқилона иш тутиш, воқеа– ҳодисаларни олдиндан кўра билиш лаёқати.
Интеллект таркибига идрок қилиш хотирлаш, фикр юритиш, сўзлаш ва ҳ. к. психик жараёнлар киради.
Демак, донишмандларимиз томонидан бизга қолдирилган интеллектуал мерос кўпроқ илмий қадриятларга тегишли бўлади.
Илмий қадриятлар инсонлар ва инсоният учун аҳамиятли бўлган интеллектуал мулкдан иборат бўлади.
Умуман олганда қадриятлар ижтимоий–тарихий тараққиёт маҳсули, объект–субъект мунособати натижасида юзага чиқадиган ҳодисалар мажмуасидан иборат бўлиб, қадрият тушунчаси кишиларнинг турли соҳадаги турмуш зарурати асосида аввало ишлаб чиқариш, турли меҳнат йўналишлари соҳаларидаги фаолият учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар мажмуаси билан боғлиқ равишда юзага келади. Сўнгра аста – секин субъект фаоллигининг орта бориши билан нисбатан мустақил соҳа сифатида амал қила бошлайди.
Кишилик жамияти тараққиёти босқичларидан маълумки, илмий қадриятлар кишилик жамияти турли даврларида яшовчи кишилар турмуш тарзидан келиб чиқиб, аввало улар орзу– истак, истиқболли ният ифодасида кишилик жамияти олдида муаммо сифатида пайдо бўлади. Жумладан, пахта, «Учар гилам», «Ойнаи жаҳон», бешик, ёзув қоғоз, китоб, китоб босими, босмахона, соат, радио, телевизор, кино, телефон, калькулятор, ЭҲМ, автомат, Архимед винти, автомобиль, атом электра станцияси, самолёт, авиация, атом, атом артеллерияси, атом бомбаси, атом двигатели ва космос шулар жумласидандур.
Шу тариқа етук қадрият ижтимоий ва аънавий идеаллар шаклида тарихан муайян идеологик таркибидан ўрин олиб, маълум синфлар, гуруҳлар, айрим кишилар фаолияти хатти–ҳаракатларини маълум йўналишга бурадиган, тегишли нормага соладиган маънавий ҳодисага айланади.
Илмий қадриятлар (ИҚ) идеаллар шаклида ифодаланиши орзу – умидлар рўёбга чиқиши билан боғлиқ бўлиб, у кишилар ва жаият интилувчи олий мақсаддан иборат бўлади.
Кишилар тарихда ўз истиқболли келажагига мос ютуқларни орзу қилиб, бу орзу–истакларни нодир қўлёзмаларда (муқаддас китоблар, эртаклар, достонлар) ифодалаганлар. Жумладан, эртаклардаги «Ойнаи жаҳон» орқали телевидение, «Учар гилам» орқали самолётлар, «Авесто» орқали бунёдкорлик ғоялари, ёзма манбалар орқали озодлик қаҳромонлари Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Ширин, Лайли, Мажмун каби образларда ифодаланган. Абу Наср Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асари орқали комил инсон таълимоти, Алишер Навоий асарлари орқали адолатли жамият ҳақидаги таълимоти, тўлқинлар тарқалиши қонуниятлари орқали радиодан ҳаётда фойдаланиш, одамлар қадимдан от қўшмасдан ўзи юрадиган арава ясашни орзу қилиб, автомобилни ясаш, нутқ ва бошқа товушларни исталган масофага узатишни орзу қилиб, телефонни ясашни, тез ҳисоблашларни орзу қилиб, ЭҲМ ларни яратишни, маълумотларни сақлаш воситаларини изланишда қоғозни ҳосил қилиш ва шулар асосида ёзув ва китобларни яратишни, вақтни ҳисоб - китоб қилиш мақсадида соатнинг яратилиши ва шу кабиларнинг ҳамма–ҳаммаси инсоният ақлий фаолияти маҳсулидир. Ақлий фаолият эса бевосита ижод билан боғлиқдир.
Ижод дастлаб инсон тасаввурида пайдо бўлади, кейин ижодга тааллуқли масалалар юзасидан изланишлар олиб борилади, муайян соҳадаги бошқалар бажарган ишлар илмий жиҳатдан таҳлил қилинади, асосланган хулосалар (ютуқ камчиликлар асосида) қилинади, фаразлар шакллантирилади ва шу асосда ижодий фаолият йўналиши лойиҳаланади ва шу асосдаги ишлар синаб кўрилади ҳамда мазкур йўл тўғри ёки нотўғри эканлиги баҳоланиб (хато бўлса ростланиб) кўзланган мақсадга эришилади. Ижод қилиш натижалари эса, одатда илмий қадриятларга мисоллар бўлади. Баъзан ижод намуналаридан тўғридан–тўғри фойдаланиб кетиб бўлмайди. Бунга ўша даврнинг шарт–шароитлари сабаб бўлади. Бунга мисоллар жуда кўп. Қуйида биз айримларини келтирамиз: телефон алоқасининг ихтиро қилингани билан унинг амалга оширилиши орасида 56 йил ўтган, радио учун 35 йил, телевизор учун 14 йил, атом энергияси учун 6 йил, транзистор учун 5 йил ўтган.
Демак, тараққиёт ҳеч қачон тўхтаб қолмайди ва ҳар бир тараққиёт босқичида ижодкор одамлар топилаверади шу сабабдан илмий қадриятлар ҳаётий заруратдир.
Бу қайд этилган ютуқларнинг барчаси ўрганилаётган манба ва муаммога онгли ижодий мунособатда бўлиш орқали эришилади ва қўлга киритилган натижалардан кишилар, кишилар жамоаси ва жамият оммавий фойдаланишга ўтиши билан улардаги йўналишлар алоҳида–алоҳида бўлиб шакллана бошлайдилар. Булар эса ўз навбатида илмий қадриятларнинг моддий қадриятлар (меҳнат предмети, ишлаб чиқариш воситалари, шахси истеъмол буюмлари, ижтимоий истеъмол буюмлари ва ҳ. к.), ижтимоий–сиёсий қадриятлар (тенглик, ижтимоий тенглик, халқора дўстлик, биродарлик ва б.), маданий қадриятлар (илмий қарашлар, фалсафий қарашлар, ахлоқий қарашлар, эстетик қарашлар, ғоялар, идеаллар, меъёрлар, таълимотлар ва б.) га айланишига олиб келади.
Демак, кундалик турмушимизда ишлатилаётган гугурт, игна, радио, телевизор, телефон, китоб, соат, турли иш қуроллари, кишилар тарнспорт воситалари ва ҳ. к. лар кишилик жамияти тараққиёти босқичлари билан мос равишда ақлий ижодий фаолият маҳсули сифатида юзага келган бўлиб, тараққиёт босқичларига инқилобий тус берган бўлса, улардан истеъмолда кенг фойдаланиш орқали кундалик турмушимиздаги одатий ҳолга айланиб қолади. Бу эса илмий қадриятлар бўйича натижаларнинг истеъмол давомида аста – секин субъект фаоллигининг орта бориши билан у натижалар мустақил соҳа тарзида амал қила бошлайди.
Демак, бир пайтлар (ўз даврига мос тараққиёт савиясига мос) пайдо бўлган илмий қадриятлар ўша давр тараққиётида муҳим роль ўйнаган, яъни кишилик тараққиёти босқичларига мос муаммолар ечимлари топилиб келинган. Кишилик тараққиёти босқичлари савияси ҳам ўша давр фан–техника ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Демак, ақлли, ижодкор одамлар томонидан шакллантирилган илғор фикрлар, ғоялар, таълимотлар, қолаверса ўша даврлардаги ахборот инқилаблари илмий қадриятларнинг юзага келишида асосий омиллар бўлган.
Илмий қадриятлар ва уларнинг моддий, ижтимоий– сиёсий ва маданий қадриятларга айланиши мониторингини тадқиқ этиш борасидаги олиб борган илмий изланишларимиз натижалари, илмий қадриятлар ва уларнинг жамият тараққиёти ҳамда ёшлар таълим – тарбиясига таъсирини қуйидаги кетма– кетликда ўрганишни мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда (2.6.1-шакл).
2.6.1-шакл. Илмий қадриятлар пайдо бўлиши ва амалий жиҳатдан босқичлари
Шаклдаги, 1.1. – тафаккур орқали;
1.2. – фикр орқали;
1.3. - ғоя орқали;
1.4. – таълимот орқали;
1.5. – «Ахборот инқилоблари» орқали;
2.1. – ақл;
2.2. – ёзув;
2.3. – китоб;
2.4. – фан;
2.5. – илм;
2.6. – билим;
2.7. – таълим;
2.8. – тарбия;
2.9. – педагогик технология;
2.10. – иновацион таълим;
2.11. – янги педагогик технология;
2.12. – таълимнинг фаол усуллари;
2.13. – янги ахборот технологиялар;
2.14. – компьютерли дастур;
2.15. – дастур;
2.16. – компьютерда дастурлаш;
2.17. – таълимни технологиялаштириш;
2.18. – дастурлаштирилган таълим;
2.19. – таълимнинг автоматлаштирилган тизими;
2.20. – таълим мониторинги;
3.1 – тезис;
3.2. – мақола;
3.3. – илмий маъруза;
3.4. – аннотация;
3.5. – услубий тавсиянома;
3.6. – ўқув қўлланма;
3.7. – дарслик;
3.8. – монография;
3.9. – диссертация;
3.10. – кашфиёт:
3.11. – патент;
3.12. – муаллифлик гувоҳномаси;
3.13. – ихтиро;
3.14. – автореферат;
4.1. – ИҚ ни инсонга таъсири;
4.2. – ИҚ ни жамоага таъсири;
4.3. – ИҚ нинг давлат тараққиётига таъсири;
4.4. – ИҚ нинг жамият тараққиётига таъсири;
4.5. – ИҚ нинг баркамол шахс тарбиясига таъсири;
4.6. – ёшлар онгида ИҚ нинг шаклланганлигини баҳолаш.
Энди шаклдаги ҳар бир блокка қисқача тўхталамиз. Биринчи блок илмий қадриятларнинг юзага чиқиш омилларини таъминлаш керак. Бунда ўз даврининг илғор фикрлари ва улар асосида шаклланган ғоя ҳамда таълимотлари мустаҳкам асос бўлади, шунингдек ҳар бир даврнинг ахборот инқилоблари мавжуд бўлиб, улар юқоридаги фикр, ғоя ва таълимотларнинг инсоният орзу–истагига мос маълумотлар омбори билан таъминлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўяди. Энди улар тўғрисида қисқача тўхталамиз.
Тафаккур – фикр–объектив воқеликнинг онгда акс этиш жараёни; инсон ақлий фаолиятининг олий шакли. Сезги, идрок ва тасаввур орқали бевосита билиб бўлмайдиган манбалар тафаккурда онгли равишда акс этади. Тафаккур махсус ақлий операциялар–таққослаш, таҳлил ва синтез, абстракциялаш, умумлаштириш, алоҳидалаштириш ва шу кабилар ёрдамида пайдо бўлади. Тафаккур жараёнида фикр вужудга келади. Бу фикрлар инсон онгида ҳукм ва тушунчалар шаклини олади, сўнг муҳокама хулоса, гипотеза, назария ва ҳ. к. шаклларда юзага чиқади. Тафаккурни билиш назарияси ва логика, психология ва нейрофизиология, шунингдек кибернетикани ўрганади.
Ғоя – инсон тафаккури маҳсули, ташқи олам, объектив воқелик ҳодисаларини фикрда акс эттириш шакли. Билимнинг кейинги мақсади ва инъикосини англашни ва дунёни амалий қайта ўзгартиришни ўз ичига олади.
Таълимот – воқеликнинг бирон – бир соҳаси ҳақидаги назарий қоидалар мажмуи; бирон – бир буюк донишманднинг (алломанинг, файласуфнинг, мутафаккирнинг) қарашлари тизими. Масалан: И. П. Павлов таълимоти, Ч. Дарвин таълимоти, Сеченов таълимоти, Зардушта таълимоти, Ислом таълимоти,...
Ахборот инқилоблари – агарда жамият тараққиёти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, инсоният ўзининг ривожланиш тарихи малбайнида модда, қувват ва ахборотларни ўзлаштириб келди. Инсониятнинг ривожланишида бутун бир босқичлар ушбу даврларнинг энг илғор қуйидаги номлардаги технологиялари билан юритилиб келинмоқда:
-«Тош асри» - меҳнат қуроли ясаш учун тошларга ишлов бериш технологияаси;
-«Бронза асри»-металларга ишлов бериш ҳақидаги турли технологияларни барпо қилиш асри;
-«Электр асри»-қувватнинг янги турдаги ва энергиянинг бир турдан иккинчи турга айлантириш муаммоси ҳал бўлган аср;
«Жамиятни ахборотлаштириш асри» - интеллетуал, яъни ақл – заковат асри ва ҳ. к.
«Ахборот» тушунчаси лотинча «informatio» сўзидан келиб чиққан бўлиб, бирор – бир далил, воқеа, ҳодисани баён қилиш, тушунтиришни билдиради.
Демак, юқоридаги санаб ўтилган кишилик жамияти тарққиётидаги асрлардан маълумки, жамият ривожланиш тарихида бир неча марта ахборот инқилоблари бўлган. Ахборот инқилоблари бўлганлиги туфайли ўша даврларда ишлаб чиқариш ва унга бўлган мунособатда сифатий ўзгаришлар бўлган. Булар эса жамият тараққиёт босқичларини ҳам юзага келтирган. Бу борада энг сўнгги инқилоб «XXI аср – интеллектуал аср», яъни янги соҳа бу янги билимлар ишлаб чиқиш учун (маълумот, маълумотлар базаси, ахборот, ахборотлар банки ва б. қ.) технологиялар, услублар, техник воиталарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ахборот саноатини юзага келтирмоқда. Бу эса ахборот технологияларини ҳам сифат кўрсаткичларини замон билан ҳамнафас қилишни тақозо этади.
Демак, бугунги кунимиз «манбалар белгилар маълумотлар маълумотлар базаси ахборотлар ахборотлар банки ахборотли технологиялар янги ахборот технологиялари» тизимида фикр юритишни тақозо қилар экан. Шунинг билан бирга бу аср инсониятнинг ахборот ишлаб чиқариш бўйича имкониятларини кучайтирувчи замонавий технологиялар, ахборотлашган жамиятнинг интеллектуал салоҳияти сифатини ҳам белгилар экан ва бундай жараёнлар ахборотлаштириш саноатини мунтазам ривожлантиришни таъминловчи илмий – техник асос ҳамдир.
Энди шаклдаги иккинчи блокка тўхталамиз. Бу блокнинг вазифаси илмий қадриятларни пайдо қилувчи асосларни таъминлашдан, яъни қадрий онгнинг асосий кўрсаткичлари мажмуасини ташкил этишдан иборат.
Кишиларнинг ақлий–ижодий фаолияти натижалари мажмуасидан қадрий онгни мужассамлаштириш имконияти туғилади. Бугунги кундаги қадрий онгни қуйидаги кўрсаткичлардан ташкил топган, десак хато бўлмайди: ақл, фикр, ёзув, фан, китоб, билим, илм, таълим, тарбия, инновацион таълим, янги педагогик тахнологиялар (таълимнинг фаол усуллари), янги ахборот технологиялари (компьютер учун дастур, компьютерли тизим, автоматлаштирилган тизим).
Қадрий онг илмий ва назарий билим билан қанчалик узвий боғланса, унинг кишилар хулқ-атворини тартибга солиш, бошқаришдаги роли шунчалик таъсирчан ва кучли бўлади. Улар, асосан фикр, ғоя, таълимот ва ахборотлаштириш орқали рўй беради. Энди қуйида қадрий онг кўрсаткичлари ҳақида қисқача тўхталамиз. Бу блокдаги, ақл, ёзув, фан, китоб, билим, илм, таълим, инновацион таълим, дастурлаштирилган таълим ва компьютерда дастурлаш тўғрисидаги маълумотлар ушбу монографиянинг 2.6-парагрифида берилди. Шу сабабли бу ерда қуйидагилар ҳақида маълумотлар бериш билан чегараланамиз.
Педагогик технология – (ЮНЕСКО таърифи)–таълим бериш ва ўзлаштириш усулларини яратиш, қўллаш, уларни ягона тизимга келтириш йўли билан инсон салоҳияти ва техник воситаларининг барча имкониятларидан мувофиқ равишда фойдаланиб, билимлар ўзлаштрилишининг энг мақбул жараёнидир.
Янги педагогик технология – таълим мақсадларини аниқлаб, ўқув жараёни режасини тузиб, уларни жорий этиш ёрдамида таълим самарадорлигини оширувини таъминловчи ўқув жараёнининг оптимал бошқарувини ўз ичига олган ягона тизимдир.
Фаол таълим – таълим жараёнида тарбия берувчи ва таълим олувчиларнинг онгли ва фаол иштироки, мустақиллиги ҳамда ижодий қобилиятларини таъминловчи тизим – педагогик жараён.
Фаол таълим шароитида ўзлаштирилган билим ва иш ҳаракат усуллари мазмунан мукаммал тизимли, мантиқал тугал ва турли ишлаб чиқариш вазиятларида қўллашга яроқли бўлади.
Бунда, асосан қуйидаги таълим методларидан фойдалинилади:
-
баҳс – мунозора;
-
фикрлашга жалб қилиш;
-
доскада билимларни мустаҳкамлаш;
-
ишбилармонлик ўйини;
-
ролли ўйин;
-
ақлий ҳужум ўйини;
-
китоб (манба) лар билан ишлаш ўйини;
- касбий компьютерли ўйинлар ва бошқалар.
Дастур–юнонча «programma»-эълон, кўрсатма; бажариладиган иш ёки бирор фаолият режаси.
Дастур – олдиндан тайёрланган алгоритм ва ҳисоблаш техникаси воситаларига асосланган ҳолда бажариладиган ишнинг шарт – шароити, мақсади ва вазифасини эътиборга олиб, унинг бирор–бир формал (шартли) алгоритмик тилаги аниқ ва тўлиқ ифодаланиши.
Янги ахборот технологияси – ҳисоблаш техникаси ва воситалари асосида ахборотларни тўплаш, сақлаш ва керакли манбаларга узатишнинг замонавий усуллари.
Таълимнинг автоматлаштирилган тизими – таълим жараёнида ўргатиш ва ўрганганликни текшириш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий ҳисоблаш воситалари тизими.
Дастурлаштирилган таълим кибернетика, информатика, математик логика ва ҳисоблаш техникасининг самарали тамойиллари ва мураккаб тизимларидаги бошқариш воситалари педагогикада жорий этилиши натижасида бўлиб, у ХХ асрнинг 50 - йилларида пайдо бўлди. Дастурлаштирилган таълим ўқув материалини кичик - кичик қисмларга бўлиш, уни муайян тартибда баён этиш, ушбу қисмларнинг биридан иккинчисига ўтиш тартиби (қоидалари) ни белгилаш, хусусан, ҳар бир қисмни ўзлаштириш юзасидан аниқ кўрсатмалар, топшириқлар бериш, ўз - ўзини назорат қилишни таъминлаш каби йўллар билан амалга оширилади. У ҳар бир таълим олувчиларни билимларини ўзлаштиришини, кўникмалар, малакалар ҳосил қилишини бошқариб боришни назарда тутади. Бериладиган топшириқларнинг мантиқий равишда ўнлик саноқ системасида ифодаланган материаллар, ўқитувчининг ўқувчи-ларни мантиқий фикрлашга ва уларни ақлий меҳнатнинг самарали кўникмаларини эгаллаб олишга ўргатишга ёрдам беради.
Дастурлаштирилган таълимнинг дастури, яъни ўргатувчи дастур (ўргатувчи алгоритм) махсус ўргатувчи қурилмалар (машинали дастурлаштирилган таълим) ёки дастурлаштирилган дарсликларга (электрон дарслик, электрон ўқув қўлланма ва ҳ.к) киртилади.
Бугунги кунда баъзи ҳолларда дастурлаштирилган таълимни гоҳ ўргатувчи ва ўрганувчи меҳнатини илмий асосда ташкил этиш тизими сифатида қаралса, гоҳида анъанавий таълимнинг ўрнини эгаллайдиган педагогик тизим, баъзан қандайдир кибернетик дидактика, таълимнинг янги методи ёки мустақил ишлашнинг алоҳида тури деб қаралмоқда. Лекин, бундан қатъи назар, дастурлаштирилган таълимнинг мақсади равшан, яъни у таълим олувчининг билимларини ўзлаштириш жараёнини бошқаришни оптималлаштиришдир.
Мониторинг–таълим жараёнининг кучли ёки заиф томонларини кўрсатиб берувчи, олинган рақамларни, маълумот ва кўрсаткичларни унумли таҳлил этувчи, кўзланган мақсад сари босқичма–босқич режали қадам босишни ва самарали натижага эришиш заминини яратиш фаолиятидир.
Демак, қадрий онгнинг асосий кўрсаткичлари ҳам интеллектуал мулк элементларидан иборат бўлиб, улар ҳам ўз навбатида илмий қадриятларни ифодалар экан. Булар эса тадқиқотчининг шахсий ижодий фаолиятини янада юксалтиришга асосий омил бўлади. Бу қайд этилган омилнинг мақсадга мувофиқ шаклланиши ва бу фаолиятнинг мунтазам давом этиши илмий тадқиқот ишлари жараёни ҳисобланади.
Энди илмий тадқиқот ишларини олиб боришдаги кутилаётган натижалар ҳақида тўхталамиз. Улар, асосан қуйидаги кўринишларда учраши мумкин:
- тезис;
- услубий тавсиянома;
- ўқув қўлланма;
- дарслик;
- илмий маъруза;
- мақола;
- монография;
- ихтиро;
- патент;
- муаллифлик гувоҳномаси;
- кашфиёт;
- диссертация;
- педагогик тадқиқотлардаги тажриба-синов ишлари;
- автореферат;
- аннотация ва шу кабилар.
Улар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз, чунки сир эмаски айрим тадқиқотчиларимиз илмий тадқиқот ишларини расмийлашти-раётганларида айрим хатоликларга йўл қўядилар, яъни мақола билан маъруза тезисларини, ихтиро билан кашфиётни, услубий қўлланма билан ўқув қўлланмаларини алмаштирган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Тезис - (тезис юнончада thesis - қоида, исбот - демакдир) - илмий асарлар, мақола, маъруза ва бошқалардаги баён этиладиган асосий (қисқача) фикр, хулоса.
Тезис тайёрлашда ҳам ўзининг мантиқий кетма - кетлиги бор, яъни унда ҳам қаралаётган муаммо ( мавзу), маъруза баён қилинадиган ахборот долзарблиги, мақсад ва уни ҳал қилиш технологияси, қўлга киритилган натижа ҳамда унинг аҳамияти ҳақида қисқача маълумот киритилса, яхши бўлади.
Илмий маъруза - муайян мақсадни кўзлаб тайёрланган фан ва техника масалаларини ёритишга бағишланган нашр. Бу нашрлар илмий масаланинг моҳиятини тўла сақлаган ҳолда уни кенг омма учун тушунарли услубда баён этади. У таълим олувчининг ғоявий - илмий савиясини ўстиришга, дунёқарашини кенгайтиришга ёрдам беради
Илмий маърузалар тарихи, китоб босиш йўлга қўйилишидан анча илгари (масалан, Хитойда миллоддан аввалги 12 - 10 асрлардан, қадимги Мисрда миллоддан аввалги 2 - минг йилликнинг ўрталарида) бошланган.
Ўрта Осиёда Абу Наср Фаробий ("Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи"), Абу Райҳон Беруний ("Минералогия"), Абу Али ибн Сино ("Донишнома", "Тиб қонунлари") ва бошқаларда илмий маърузаларнинг айрим намуналари бўлган.
Ҳозирги кунда маърузалар матни, маърузалар курси ва шу каби кўринишдаги илмий маърузалар кенг қўлланилмоқда. Ҳаттоки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги олий аттестаиця комиссияси талабларига жавоб берувчи илмий маърузалар илмий даража олиш учун ҳимояга тақдим этилиши мумкин.
Мақола - бунда ижтимоий ҳаёт ҳодисалари чуқур таҳлил қилиниб, назарий ва амалий жиҳатдан умумлаштирилади, давлат сиёсати, иқтисод, техника, фан ва маданиятда эришган ютуқлари, илғор иш тажрибалари оммалаштирилади, халқ хўжалигидаги нуқсонлар танқид қилинади.
Бизни бу соҳа бўйича кўпроқ муаммоли мақолалар қизиқтиради ва мунозара, баҳслашув мазмунида бўлиб, унда бирор масала юзасидан муаллиф ўз қарашларини ўртага ташлайди. Мақолада кириш, мавзу долзарблиги, мақсад ва уни ҳал қилиш технологияси (услубияти) ҳамда қўлга киритилган натижалар ва уларни таҳлили асосида хулосаси бўлмоғи лозим. Булар асосида мавзу йўналишига қўшилган ҳисса ва унинг назарий ва амалий аҳамияти ёритилади.
Монография - муайян мавзу ёки муаммони, бирор олим ёки ёзувчи ҳаёти ва фаолиятини атрофлича, чуқур тадқиқ этувчи илмий асар.
Монографияда ёритилаётган масала бўйича мавжуд адабиёт умумлаштирилади ва таҳлил этилади, фанни ривожлантиришга ёрдам берадиган фараз ва хулосалар олға сурилади.
Ихтиро – халқ хўжалигининг турли соҳаларида, ижтимоий - маданий қурилиш ва мудофаа соҳаларида ижобий самара берадиган, ўзига хос техникавий ечимга эга бўлган янгилик тор маънода - давлат томонидан тан олинадиган ва тегишли қонун билан муҳофаза қилинадиган янги техникавий ечим.
Ҳар қандай янгилик ҳам ихтиро бўлавермайди. Масалан, қуруқ илмий қоидалар, хусусан, кашфиётлар, амалга ошириб бўлмайдиган ва ҳатто таклифлар (масалан, абадий двигатель яратиш ҳақидаги таклифлар) ихтиро ҳисобланмайди. Ҳал қилинадиган масала фақат назарий эмас, балки амалий эҳтиёжларни қондирадиган бўлиши лозим.
Ихтиро қонун билан муҳофазаланган давлатларда ҳар бир таклифнинг ихтиро бўлиш шартлари белгиланади. Бу шартлардан асосийси масаланинг энг янги ҳисобланган техник ечимидир. Муайян таклифни ихтиро деб ҳисоблаш учун ундан бир неча марта фойдаланиш имкони ҳам бўлиши керак. Ихтиронинг янгилиги, яъни биринчи эканлиги (кўпинча, ихтирочиликка оид ташкилотларга берилган ҳужжат– ариза санаси) олдин берилган муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар, ихтиролар эълон қилинадиган тегишли адабиётлар, кўргазмаларда намойиш қилинган экспонатлар ва бошқаларга мувофиқ аниқланади.
Ўзбекистон Республикасида ихтирочи бўла олиш шартлари ва уни таснифлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1994 йилда тасдиқланган «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари ҳақида»ги қонунда белгиланган.
Ихтиро бўйича талабномаларни экспертиза қилиш, муаллифлик гувоҳномаси ва патент бериш ишлари ЎзР Давлат патент идораси томонидан амалга оширилади.
Ихтирочилик ҳуқуқи – Ўзбекистонда фан ва техника соҳасида ихтиро яратиш, унинг расман тан олиниши ва қўлланилиши билан боғлиқ ҳолда вужудга келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солиб турадиган фуқоролик – ҳуқуқий меъёрлар мажмуи.
Патент - лотинча patenuis – ўрта асрда /арбий Европа мамлакатларида маълум мансаб ва унвонни олиш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома, ёрлиқ.
Патент, ихтирочининг ўз ихтисосига олган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
Патент қайси давлат томонидан берилган бўлса, ўша давлат ҳудудида юридик кучга эга бўлади. Патент 15-20 йил муддатга ҳам берилади, айрим мамлакатларда бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин.
Достарыңызбен бөлісу: |