Эрматова шодия



бет1/6
Дата07.07.2016
өлшемі0.55 Mb.
#182135
  1   2   3   4   5   6
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
НИЗОМИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ педагогика УНИВЕРСИТЕти

ЭРМАТОВА ШОДИЯ
Мавзу: Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантириш

(Педагогика ва психология йўналиши талабалари мисолида)


13.00.01Умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихи


Тошкент – 2011



МУНДАРИЖА:
Кириш.

I. БОБ. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг илмий-назарий асослари
1.1. Бошқарув маданияти тушунчаси ва унинг назарий таҳлили.......... 7


    1. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг тамойиллари, вазифа ва усуллари............... 14


1.3. Шарқ мутафаккирлари асарларида бошқарув маданияти тўғрисидаги концепциялар.............................................................. 22
Биринчи боб юзасидан хулоса.......................................................... 40
II. БОБ. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга таъсир этувчи омиллар.



    1. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга таъсир этувчи омиллар, восита ва усуллар 41




    1. Тажриба – синов ишлари ва унинг натижалари...................... 47

Иккинчи боб юзасидан хулоса.................................................. 55


Умумий хулоса ва тавсиялар.................................................................... 56
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати....................................................... 57
Иловалар.................................................................................................... 63

Кириш
Муаммонинг долзарблиги. Инсониятга маълум бўлган ҳар бир фаннинг юзага келиш даври ва ўзига хосликлари мавжуд, яъни ҳар бир фан ўз замон ва маконига эга. Айрим фанлар борки, жамият ҳаёти таназзул даври бўладими ёки турғунлик давридами, ёхуд тараққиёт давридами, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар улардан фойдаланмасдан иложи йўқ.

Раҳбаршунослик кенг маънода раҳбар, раҳбарлик, раҳбарият ва раҳбаршуносликни тадқиқ этувчи фан бўлиб, уларнинг моҳияти, хусусиятларининг пайдо бўлиши, ривожланиш тарихи, тараққиёт жараёни, ижтимоий аҳамияти, принциплари, индивидуал ва умумий кўринишлари, белгилари ҳамда қонуниятлари, раҳбар танлаш технологиялари ва механизмлари, методологияси, тайёрлаш ва малакасини аниқлаш тизимлари, раҳбар, раҳбарлик ва раҳбарият менталитети, имижи, шунингдек, амалий ва назарий муаммолари билан шуғулланувчи билимлар мажмуасидир. Раҳбаршунослик айни вақт-да бу билимларни ўрганиш ва ўргатиш фани ҳисобланади.

Янги дунёнинг янги муаммоларини ҳал қилишга интилиш, техникага боғлиқ замонавий фанлар билан бир қаторда, асрлар давомида алоҳида аҳамият берилмаган, лекин қадимий илдизларга эга бўлган бир қатор соҳаларга ва айрим шаклланиб улгурган фанларга кучли диққат эътибор қаратиш лозим эканлигини ошкор қилиб қўйди, ва айни пайтда узоқ вақтлардан буён чорасиз қолаётган кўпгина ижтимоий қусурлар ёки қолоқликларга барҳам бериш ана шу соҳалар ва фанлар орқали амалга оширилишини исботлади. Тадқиқотимизга асос қилиб олинган бошқарув маданияти соҳаси ҳам барча даврларда муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалардан биридир. Бошқарув маданияти инсон маданиятининг таркибий қисми бўлиш билан бирга қатор ўзига хос хусусиятларга ҳам эга. Бошқарувчи маданиятли бўлиш шартдир, чунки ҳар бир ташкилотнинг ҳар бир бўлинмаси самарали ишлаши учун унинг ходимлари юксак маданиятга эга бўлиши керак.

Бошқарув маданияти даражаси ходимлар, айниқса, бошқарувчилар маданиятини, бошқарув техникаси, таълим жараёнини акс эттирувчи кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Бошқарув маданияти унсурларининг турли-туманлиги бошқарув жараёнида турли-туман меъёрларга, жумладан, ахлоқий, ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техникавий, эстетик меъёрларга риоя қилиш заруриятини келтириб чиқаради.

Биз илмий жамоатчиликка уни алоҳида фан сифатида ўрганишни таклиф этиб, бу тўғрисидаги айрим фикр мулоҳазаларни илмий таҳлил этмоқчимиз. Зеро, Президентимиз И.А.Каримов айтганидек: “Биз ўтказаётган сиёсатнинг рўёбга чиқиши раҳбар кадрлар фаолияти билан узвий боғлиқ... Бугунги ҳаётимизнинг қайси масалалари ва вазифалари ҳақида, қайси истиқболлари ҳақида гапирмайлик, бошқариш ва ишлаб чиқаришнинг барча бўғинларида - ҳамма нарса бугун кадрларга ва яна кадрларга бориб тақалади ”1

Муаммонинг ишланганлик даражаси: Тадқиқот жараёнида муаммони назарий жиҳатдан ўрганиш менежмент соҳасининг ўзига хос жиҳатлари бир гуруҳ файласуф, психолог ҳамда педагог олимларимиз томонидан маълум даражада тадқиқ этилганлигини кўрсатди.

Миллий меросимизда бошқарув масалаларига доир бир қатор асарлар яратилган бўлиб, биз уларни бугунги кунда раҳбаршуносликка бевосита даҳлдор асарлар, айни вақтда илмий-назарий манбалар сифатида қайд этишимиз мумкин. Бу асарларда раҳбар кадр танлаш масалалари турли тарзда ёритилади. Баъзилари ушбу жараённи жамиятнинг ижтимоий-сиёсий-иқтисодий тараққиёти жараёни билан боғлиқ равишда таҳлил этса, баъзилари раҳбар кадр танлаш ва раҳбарликка танланишга доир принциплар мажмуасини қамраб олиб, ўзига хос дастур сифатида намоён бўлади

Шарқ мутафаккирларининг асарларида бошқарувни ташкил этиш, бошқарув ва раҳбар, бошқарув маданиятида жамият ва раҳбар гармонияси, раҳбар танловининг ахлоқий масалалари Абу Наср Фаробий, Юсуф Хос Хожиб, Низомулмулк, Амир Темур, Алишер Навоий асарларида атрофлича таҳлил этилган.

Хусусан, бошқарув асослари унинг тарихи, педагогик – психологик асослари, умумий кўринишлари, моҳияти, қонуниятлари, методологияси, раҳбарларни тайёрлаш ва малакасини аниқлаш тизимлари, шунингдек амалий ва назарий муаммолари билан хориж олимлари: И.У.Муракаев, Л.Р.Перегудов, Э.Е.Старобинский, Т.Бойделл, Обара Сусуму, Дейл Корнеги, мамлакатимиз олимларидан: М.Шарифхўжаев, Ё.Абдуллаев, А.Х.Саидов, М.Қуронов, А.Сагдуллаев, Ў. Мавлонов ва Ф.Равшанов каби олимларимиз томонидан олиб борилган тадқиқотларда ўз ифодасини топган.



Тадқиқотнинг мақсади: Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг педагогик имкониятларини ўрганиш ва методик тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадқиқот объекти: Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантириш жараёни.

Тадқиқот предмети: Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг тизими ва йўллари.

Тадқиқотнинг вазифалари:

1. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш;

2. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг тамойиллари, вазифа ва усулларини асослаш;

3. Шарқ мутафаккирлари асарларида бошқарув маданиятини тўғрисидаги ғояларини илмий таҳлил этиш;

4. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга таъсир этувчи омилларни ўрганиш;

5. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга қаратилган методик тавсиялар ишлаб чиқиш.

Тадқиқотнинг илмий фарази. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришда қуйидаги вазифаларга етарли даражада эътибор қаратилса самардорликка эришиш мумкин:

  • бошқарув маданиятини шакллантиришнинг мазмун моҳияти ҳамда ижтимоий-педагогик хусусиятларини тадқиқ этилса;

  • бошқарув маданиятини шакллантиришда бошқарув жараёни педагогик муаммо сифатида тадқиқ этилса;

- шарқ мутафаккирлари асарларида бошқарув маданияти тўғрисидаги ғоялари илмий –назарий таҳлил этилса;

  • бошқарув маданиятини шакллантириш жараёнига таъсир этувчи омиллари аниқланса;

  • бошқарув маданиятини шакллантиришнинг йўлларини тадқиқ этилса, бошқарув маданиятини шакллантиришнинг имкониятлари янада кенгаяди.

Тадқиқотнинг методлари: тарихий, фалсафий, педагогик ва психологик адабиётларни ўрганиш, анкета, социологик сўровлар, кузатув, суҳбат, педагогик тажриба, математик-статистик метод.

Тадқиқот илмий янгилиги.

- бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга педагогик ёндашиш илмий асосланди:



  • бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга илмий ёндашиш моҳияти ва самарадорлиги аниқланди;

  • бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга қаратилган педагогик тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадқиқотнинг назарий аҳамияти.

  1. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантириш жараёни илмий-назарий асосланганлиги;

  2. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантириш жараёнининг педагогик имкониятларини очиб берилганлиги;

  3. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг самарали ташкил этиш усулларининг кўрсатганлиги каби ҳолатлар билан белгиланади.

Тадқиқотнинг амалий аҳмияти. Тадқиқот натижасида бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга оид тасиялар ишлаб чиқилди. Улардан бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг бошқарувчи сифатида фаолият юритишларида имкониятлари яратилди.

Тадқиқотнинг методологик асоси: Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”, Республикамиз Президенти И.А.Каримов асарларида илгари сурилган ғоялари, шарқ мутафаккирларининг бошқарув маданиятига оид қарашларидан иборат.

Тадқиқот босқичлари: I босқич ( 2010 йил) муаммонинг фалсафий, тарихий педагогик, психологик, социологик моҳияти ўрганилади.

II босқич (2011 йил) Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришга қаратилган тажриба – синов ишларини амалга ошириш ва натижаларини қайд қилиш, диссертациянинг илмий-адабий матнини тайёрлаш.

Диссертация 2 боб, 5 та фасл илова ва тавсиялар, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.


I. БОБ Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг илмий-назарий асослари


    1. Бошқарув маданияти тушунчаси ва унинг назарий таҳлили.

Маданият – бу инсонларнинг ижодий фаолияти туфайли яратилган моддий ва маънавий бойликлар мажмуини ифодалашдан ташқари, ўзида жамиятнинг тараққиёт даражасини ҳам акс эттиради, яъни жамиятдаги билим, мезон ва қадриятларнинг йиғиндиси маданиятда гавдаланади2. Маданиятни ўрганиш объектив қонуниятдир.

“Маданият” тушунчаси ривожланиш даражасининг умумлаштирувчи кўрсаткичи бўлиб, бир қанча маънони билдиради. Масалан. Жамият маданияти, айрим шахс маданияти, ва ниҳоят, инсон фаолиятининг айрим тури маданияти ҳақида сўз юритиш мумкин. Инсон фаоляти моддий ва маънавий бойликлар яратувчи турларга бўлинади. Шу сабабли, моддий ва маънавий маданият ўзаро фарқланади.

Моддий маданият инсон томонидан табиатни бўйсундириш даражаси кўрсаткичидир. Унга ишлаб чиқариш воситалари ва меҳнат предметлари киради. Маънавий маданиятга фаннинг ривожланиши, аҳолининг маълумот даражаси, медицина хизмати даражаси, одамлар ахлоқий меъёрлари, маънавий эҳтиёжлар ва манфаатлар ривожланиши даражасини киритиш мумкин. Шундай қилиб, маданият инсоннинг ҳам маданий ишлаб чиқариш, ҳам маънавий ҳаёт соҳасида ривожланиши жараёнидаги ютуқларини қамраб олади. У инсоният билимлари, унинг меҳнати моҳиятидан иборат бўлиб, кишиларнинг аввалги авлодлари томонидан яратилади.

Инсоният маданияти ўсувчан, ўзгарувчан, чунки ҳозирги авлод аввалги авлодлар маданий қадриятларидан ижодий фойдаланиш асосидагина янада ривожланиши мумкин. Ўзбекистоннинг ноёб маданияти йиллар, асрлар давомида шаклланиб, уни сақлаш, ривожлантириш кўп миллатли республикамизнинг юқори маълумотли инсонлар – фан, адабиёт, санъат арбобларининг вазифасидир.

Бошқарув маданияти инсон маданиятининг таркибий қисми бўлиш билан бирга қатор ўзига хос хусусиятларга ҳам эга. Бошқарувчи маданиятли бўлиши шарт, чунки ҳар бир муассасанинг ҳар бир бўлинмаси самарали ишлаши учун унинг ходимлари юксак маданиятга эга бўлишлари керак.

Бошқарув маданияти даражаси ходимлар, айниқса, бошқарувчи маданиятини, бошқарув жараёни маданияти, бошқарув техникаси, меҳнат шароитини акс эттирувчи кўрсаткичлар билан баҳоланади. Бошқарув маданияти унсурларининг турли-туманлиги бошқарув жараёнида турли-туман меъёрларга. Жумладан, ахлоқий, ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий. техникавий, эстетик меъёрларга риоя қилиш заруриятини келтириб чиқаради.

Давлат ва жамият бошқаруви соҳаси ўз моҳиятига кўра мураккаб жараён саналади. Сабаби мазкур жараённинг бевосита инсонни бошқариш билан боғлиқлигида кўринади. Шу боис ҳамма даврларда ҳам раҳбарлик фаолиятига махсус тайёргарликка эга малакали шахслар тайинланишган. Айниқса, жамиятнинг трансформациялашуви даврида замонавий бошқарув муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Муайян сиёсий тизимдан янги сиёсий тизимга ўтиш давлат ва жамият бошқаруви соҳасида раҳбар кадрлар зиммасига қатор стратегик вазифаларни юклайди.

Бу бевосита ҳокимиятнинг бўлиниш принципи, шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, конституция ва қонуннинг устунлиги, ташқи сиёсат, инсон – жамият – давлат концепциясининг ўзаро уйғунлиги, маъмурий-ҳудудий давлат тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши каби асосий конституциявий принципларни англаш, идрок этиш ва амалда қўллай олиш билан боғлиқ. Давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларда мазкур вазифаларни уддалаш жараёни бирданига шаклланмайди. Яъни бошқарув соҳасидаги назарий билим ва кўникмалар ҳамда шахсий қобилият ёшликдан шаклланган бўлади. Ва у кейинчалик ҳаётий тажриба асосида бойитилиб, замон талаби асосида уйғунлашади. Шу нуқтаи назардан ёшларнинг замонавий бошқарув жараёнидаги иштироки муҳим аҳамият касб этади.

Жамиятни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнини ёшларнинг иштирокисиз тасаввур этиш мумкин эмас, айнан ёшлар туфайли авлодлар ворисийлиги таъминланиши шубҳасиз. Жамият сиёсий ҳаётида ёшларнинг фаоллиги кўп томондан уларнинг сиёсий фаоллиги даражаси, сиёсий билимни амалий мустаҳкамлаш ва ошириш хоҳиши билан боғлиқ. Бугунги ёшлар эртанги кунда давлат ва жамият бошқарувининг фаол иштирокчиларига айланишини унутмаслик керак.

Президент И.Каримов тўғри таъкидлаганидек: “Биз мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, юртимизда эркин ва обод демократик жамият қуриш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашдек эзгу вазифани ўз олдимизга қўяр эканмиз, мана шу мақсадларга эришиш йўлида юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, аввало, ҳаётга кириб келаётган ёш ва навқирон авлодга нисбатан замоннинг талаби тобора ортиб бориши табиийдир”3.

Мазкур ҳолатни мамлакатимиздаги давлат бошқаруви жараёнидаги ислоҳотлар ҳамда бугунги давр талаби билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бинобарин, Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқаруви ташкилий асосдан сифат босқичига ўтди. Бу мамлакат Президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишидаги маърузасида асослаб берилди. Унда жамият аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, халқ ишончини оқлаш, мамлакат манфаатини ҳимоялаш демократик бошқарувнинг муҳим талаби эканлиги таъкидланди. Энг асосийси давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг халқ томонидан қонуний равишда қўллаб-қувватланаётганида кўринади4. Бу эса “шахс – жамият – давлат” концепциясининг моҳиятини ҳар бир раҳбар ва электорат аъзолари томонидан англаб унга амал қилишини талаб этади. Табиийки, бундан мамлакат келажаги бўлмиш ёшлар ҳам мустасно эмас.

Жамият аъзолари сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сайлов тизимини демократик талаблар даражасига кўтариш, сиёсий партияларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги таъсири ва фаоллигини ошириш, парламент ислоҳотларининг самардорлигини таъминлаш, мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча томонларини изчил ислоҳ этиш ва либераллаштириш, жамиятни демократик янгилаш ва модернизациялаш каби масъулиятли вазифалар ҳам асосан ёшларнинг зиммасига тушиши табиий. Чунки ёшлар мамлакатнинг эртанги келажагини таъминловчи муҳим ижтимоий қатламдир.

Ёшлар жамият сиёсий тизимида қабул қилинаётган қонунлар, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, илғор ахборот-коммуникация технологияларининг истеъмолчиси ҳамда яратувчиларидир. Бундай имконият ёшларда бир томондан уларнинг сиёсий фаоллигини шаклланишига хизмат қилса, бошқа томондан уларнинг давлат ва жамият олдидаги масъулиятини оширади. Ёшларнинг сиёсий фаоллиги биринчи навбатда ҳуқуқ воситасида мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий муносабатлар, ёшлар учун яратилган ижтимоий-сиёсий турмуш тарзи таъсирида шаклланади. Ёшлар ҳаётининг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий шароитлари сиёсий билимлар доирасини белгилаб беради ҳамда улар шаклланиши ва амал қилишининг сиёсатга нисбатан онгли муносабатни шакллантиришнинг зарур шарти бўлади.

Ёшлар ҳам катта ёшилилар сингари сиёсатнинг объекти ёки субъекти саналади. Ҳар бир давлатнинг ёшлари ўзи буни англаб етадими йўқми сиёсатга дахлдор бўлади. Чунки, фуқароликнинг ўзи сиёсийлашишдир. Сиёсат инсон учун яратилган бўлиб у инсон манфаати учун хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 18 ёшгача бўлган ёшлар 10 миллион 360 минг нафарни ёки умумий аҳолининг тахминан 40 фоизини, 30 ёшгача бўлганлар эса – 17 миллион 80 минг нафарни ёки 64 фоизини ташкил этади5. Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришда асосий куч ёшларда сиёсат ва сиёсий тизимга нисбатан муносабатини шакллантириш устувор аҳамиятга эга. Унда айниқса, сиёсий маданиятнинг ўзига хос хусусиятлари, таркибий қисмлари, моҳияти ва даражаси, маданиятнинг бошқа турлари билан муносабати; ёшлар сиёсий маданияти ўзига хос хусусиятининг субъмаданияти; улар томонидан демократик характердаги сиёсий маданиятнинг ўзлаштирилиши ҳамда одамлар ўртасидаги муносабатларда шахснинг сиёсий ижтимоийлашуви жараёнида ижтимоий институт саналмиш оила ва таълим муассасасининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Ёшлар ва демократик бошқарув ўзаро моҳиятан боғлиқ ҳамда бир-бирини талаб қилувчи муштарак тушунчалардир. Сабаби демократик бошқарув сиёсий соҳада янгиланишларни талаб этади, ижтимоий-сиёсий фаоликка таянади, масъулият ва муносиб ворисийликка асосланади. Мазкур талаблар эса кўпроқ бевосита ёшларда мужассамлиги ёхуд ижобий самара бериши ҳамда самарадорлиги боис келажак ворислари зиммасига юқоридаги умумий талабларни қўяди. Келгувсида ёшларнинг ўзи ҳам замонавий бошқарувнинг мазкур усулига таянади. Давлат бошқарувини ушбу демократик талаблар асосида амалга оширганда, ёшлар истиқболини кўзлаб тўкис бажарганда, демократия жамиятда қарор топиб реал воқеликка айланади. Ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига эътибор қаратилиши демократиянинг асосий талабидир. Демократик жамият умумбашарий ва миллий асосдаги маърифийликка таянади. Бу эса жамият аъзоларининг, хусусан ёшларнинг биринчи босқичда демократияни назарий жиҳатдан ўзлаштириб, уни идрок эта олишида кўринади, иккинчи босқичда ўз манфаатларини муайян ижтимоий гуруҳ, синф ва табақа манфаати билан боғлаб муносиб амалий фаолият орқали жамият сиёсий ҳаётидаги онгли иштироки билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан демократия қонунийликка, ошкораликка, кўпчиликнинг хоҳиш иродасига ҳамда озчиликнинг фикрларининг ҳурмат қилинишига асосланиши билан эътиборли бўлса, ёшлар ўзларида ҳар қандай янгиликка мойиллиги, интилувчанлиги, ижод ва тафаккурга иштиёқмандлиги, истиқболли ворислиги билан аҳамиятли ижтимоий қатламдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги хулосаларни келтириш лозим. Мамлакатимизда сиёсий ислоҳотлар жараёнида ёшларга оид давлат сиёсатининг тўғрилигини амалга оширилган ишларнинг мазмун моҳиятидан келиб чиқиб, тўрт босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич 1991-1995 йилларни ўз ичига олиб, бунда сиёсий қарорларнинг асосий мақсади ёшларнинг ташкилий ва моддий жиҳатларини назарда тутган. Иккинчи босқич 1995-2000 йилларни ўзида қамраб, ёшларга оид сиёсий қарорлар олдинги босқичга нисбатан аниқ, мантиқан ва сифат жиҳатидан устунлиги билан характерланади. Учинчи босқич 2000-2005 йилларни ўзида ифодалаб, бу даврдаги сиёсий қарорлар ёшларнинг соғломлиги, маънавий юксалиши ва маърифий йўналишни моддий таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тўртинчи босқич 2005 ва ундан кейинги даврни ўзида мужассам этиб, мазкур босқич ёшларнинг халқаро ва миллий стандарт талаблари асосида етук, салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиши учун қулай имконият яратишга эътибор қаратилган сиёсий қарорларнинг қабул қилинганлиги билан эътиборлидир.

Ўзбекистонда дунёни янгича идрок этадиган, ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган ўз тақдирини халқи, ватани тақдири билан бир деб билиб, фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланмоқда.

Улар ҳам аждодлар маънавий меросини ва ҳам умумбашарий қадриятлар, ақлий кашфиётларни баробар ўзлаштирмоқда.

Юрагида миллий ифтихор туйғуси, ватан муҳаббати жўш урган билимдон, доно, тадбиркор инсонлар ҳар бир мамлакатнинг салоҳияти, келажагини белгилайдиган буюк кучдир.

Жамиятда элни сафарбар этувчи етук инсонлар қанча кўп бўлса. Тараққиёт имконияти ҳам шунчалик кўп бўлади ва айни вақтда юрт осойишталиги, сиёсий, иқтисодий барқарорлик кафолати юзага келади.

Умуман олганда бошқарув тушунчаси ҳам назарий ҳам амалий жиҳатдан олганда илмий асосда ўрганиладиган феномен саналади. Сабаби бошқарув тушунчаси жамиятнинг тараққиёти, барқарорлиги ва унинг аъзоларининг жипслигини таъминлашга хизмат қилиши боис ҳам аҳамиятлидир. Айниқса, бошқарувнинг ижтимоий педагогика фани нуқтаи назаридан ўрганилиши муҳим саналади. Педагогика бевосита инсонни тарбиялашни назарда тутганлиги учун ҳам унда бошқарувуни илмий жиҳатдан ўрганиш янада долзарб аҳамият касб этади. Энди бўлажаак педагогларда бошқарув маданиятининг шаклллантирилишига келсак у қуйидаги мақсадлар билан боғлиқ:


  • биринчидан, бошқарув маданиятини яхши ўзлаштирган талаба ёшлар жамият ва давлат бошқарувида ҳам фаол иштирок этади;

  • иккинчидан, бўлажак педагоглар ҳар қандай жамиятнинг зиёли қатлами саналади ва у ўз ўрнида жамият ва давлат бошқаруви учун эртанги жамият аъзосини тарбиялаб етиштирувчи мутахассис саналади;

  • учинчидан, педагогик соҳада бошқарув маданияти қанчалик юқори даражада ўзлаштирилиб, оммалашса ўқувчилар шунчалик уни ўзлаштириб ўз ҳаёти давомида ундан реал ҳаётда фойдаланиш кўникмасига эга бўлади ва соҳада ҳам самарадорликка эришилади.




    1. Бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантиришнинг тамойиллари, вазифа ва усуллари.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган мамлакатларда аҳолининг меҳнатга муносабати, ташаббуси, таланти ва касб маҳорати тараққиёт суръатини белгиловчи омиллардан ҳисобланади. Бу сифатларни шакллантириш ва ҳаракатга келтиришда, ахлоқий меъёрлар, хусусан раҳбар шахсларнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси муҳим ўрин тутади.

Раҳбар фаолиятининг муваффақияти кўп жиҳатдан унинг аҳлоқий хусусиятларига боғлиқ. Бир томондан ҳалоллик, ишчанлик, меҳнатсеварлик, маъсулият каби ахлоқий сифатлар шундай муваффақиятни таъминласа, иккинчи томондан виждонлилик, мардлик, адолатлилик каби ижобий сифатлар унинг атрофида жамоа аъзоларининг жипслашишини ва шу орқали белгиланган мақсадга эришишни таъминлайди.

ХХ асрнинг 60-80 - йилларида Ғарбда замонавий менежмент ривожлана бошланади. Ғарб назариётчилари ижтимоий тизимлар мактаби бошқарувини ташкил қилиш мақсадида:



  1. тизимли ёндошув асосларини ишлаб чиқишади;

  2. яхлит тизим билан унинг қисмлари муносабатлари масалаларини кўриб чиқишади;

  3. бир қанча ўзгарувчи омилларнинг бошқарувга бўлган таъсирини ўрганишади.

Бу мактаб намояндалари (америкалик Ч.Барнард, Г.Саймон) замонавий менежментда қўйидаги тўрт ёндошувни асослаб берадилар.

Инсон муносабатлари” мактаби ва “Тизимли” ёки замонавий менежмент



Тизимли ёндошув

  • Тизим - бу бир-бири билан ўзаро боғланган қисмлар. Ҳар бир қисм яхлит тизимнинг ўзгаришига ўз ҳиссасини қўшади. Ташкилот - бу яхлит очиқ тизимдир. Унинг тақдири ташқи ва ички муҳитга боғлиқ.

Тизимли ёндошувда ташкилотни бошқаришда асосан уни ичидаги, таркибидаги муҳитга (иқтисодий, илмий-техник, ижтимоий-сиёсий) эътибор берилади.

Вазиятли ёндошув

  • Гарчи тизимли ёндошувда яхлит ташкилот қандай қисмлардан ташкил топган деган саволга жавоб топаолсак-да, бироқ бу қисмларнинг қайси бири муҳим, қайси бири иккинчи ёки учинчи даражали эканлигига эътибор қаратилмайди.

Яхлитнинг қайси бир қисми ўта муҳим деган саволга вазиятли таҳлил жавоб беради. Бунда ташкилотнинг ички таркибидаги ўзгаришлар ташқи муҳитнинг таъсири билан боғлаб ўрганилади. Аммо турли даражадаги вазият турли даражадаги билимни талаб қилади.

Функционал ёндошув

  • Бошқарувга ташкилий механизмларнинг энг оқилона йўлларини ишлаб чиқиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан бошқариш қуйидаги функцияларни бажаради:

  • режалаштириш;

  • ташкиллаштириш;

  • раҳбарлик қилиш;

  • мувофиқлаштириш;

  • назорат қилиш ва ҳ.к.

Миқдорли ёндошув

  • Бундай ёндошувга асосан:

Менежментнинг операцион тамойилига;

Қарор қабул қилиш назарияси тамойилларига

Математик ёки илмий менежмент кабиларга эътибор қаратилади.

Энди бошқариш жараёнида нафақат математика; статистика, кибернетика, муҳандислик фанлари, шунингдек социология, руҳшунослик, тизимлар назарияси каби фанлар ҳам кенг қўлланила бошланади.




Рахбар ахлоқи унинг маънавиятидаги таркибий қисм бўлиш билан бир пайтда шу маънавиятнииг ҳосиласидир. Ахлоқ инсон тафаккури, ақл-заковатини, бутун фаолиятини тизгинлаб турувчи ҳодисадир. Инсон ақли қанчалик ўткир ва қудратли бўлса ҳам, унинг ахлоқи тубан бўлса, бу кучли ақл ва заковат вайронкор кучга айланади. Вайронкор куч эса шахснинг атрофидагиларга, жамиятгагана эмас ўз фаолиятига ҳам катта зарар етказади.

Соғлом ахлоқ ва унинг таркибидаги умуминсоний қадриятлар ақл-заковат қудратини вайронгарчилик йўлидан қайтариб бунёдкорлик томон йўналтириб туради.

Инсоний ахлоқининг шу жиҳатлари раҳбар маънавияти ва хулқида мужассамлашганда фақат раҳбар шахснинг эмас, у бошчилик қилаётган жамоанинг фаолияти ҳам бунёдкорлик томон йўналтирилади.

Раҳбарнинг маънавий; аҳлоқий қиёфасини шартли тарзда бир неча қатламга ажратиш мумкин. Булар қуйидагилар:

1.Маънавий қиёфа. Бу қатлам шахс аҳлоқи учун пойдевор вазифасини бажаради. Маънавий жиҳатдан ночор шахслар ҳеч қачон ахлоқий жиҳатдан юксак бўла олмайди. Маънавияти бой ва мустаҳкам инсонлар раҳбар маънавиятида ва руҳиятида алоҳида ўрин тутади. Бу сифат айниқса ислоҳотлар даврида муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу даврда турли хил қийинчиликларнинг мавжуд бўлиши табиий ҳолда уларни енгиш учун эса сабр-тоқат билан бирга иродалилик талаб қилинади. Ирода шундай ҳодиса қийинчилик ва тўсиқлар пайдо бўлганда у тафаккур, тажриба, билимлар ва эҳтиросни яна қийинчиликларни бартараф қилишга йўналтиради. Тўсиқларни бартараф этиш учун ўзидаги куч имкониятларни сафарбар қила оладиган иродага эга бўлмаган раҳбар эса ўз қўл остидаги жамоанинг ҳам куч ва имкониятларини, қийинчиликларини енгишга сафарбар эта олмайди.

Ватанпарварлик, бу сифат инсоннинг ўз юртига, халқига садоқатини билдиради. Шу сифатга эга бўлган раҳбарлар ва умуман инсонлар халқ ватан, жамият манфаатларини ўз манфаатларида устун қўя оладилар. Шахсий ва ижтимоий манфаатлар мутаносиблиги тўғрисида гап кетганда шуни назарда тутиш керакки, улар ўзаро узвий боғлиқ ҳодисалар. Улар ўртасида бирлик билан бир қаторда тафовутлар ҳам бор. Бу тафовутлар муайян шароитда зиддиятга айланиб кетиши ҳам мумкин. Мана шундай ҳолларда Ватан туйғусига эга бўлмаган шахслар ўзлари шахсий манфаатлари, унча кўп бўлмаган фойдаси учун жамиятнинг, халқнинг манфаатларига жуда катта зиён етказишдан ҳам тоймайди. Юрагида Ватан туйғуси бўлган раҳбар ўзининнг шахсий манфаатларини Ватан манфаатларидан ҳеч қачон юқори қўймайди. Чунки Ватан унинг учун олий қадриятдир.

Санаб ўтилган сифатлар шахс аҳлоқи характерини, йўналишини белгилайдиган сифатлар ҳисобланади. Раҳбарнингг ахлоқий дунёсида яна шундай қатлам борки, у раҳбарнинг инсонийлик даражасини белгилайди. Бу қатламда виждон, мардлик, ирода каби сифатлар муҳим ўрин тутади.

Виждон шахснинг маънавий-ахлоқий дунёсидаги муҳим ҳодисалардан бўлиб у шахснинг ўз фаолиятини ўзи назорат қилишига ёрдам беради. Раҳбар кадрларнинг муҳим функцияларидан бири ходимлар фаолиятини назорат қилишдир.

Бошқалар фаолиятини назорат қилиши лозим бўлган раҳбар ўз фаолиятини назорат қила олмаса, бошқалар фаолиятига баҳо бериши керак бўлган раҳбар ўз хатти-ҳаракатларин тўғри баҳолай олмаса, бундай жамоада маънавий-аҳлоқий иқлим соғлом бўлмайди. Шундан маълум бўладики, виждон фақат маънавий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлиб қолмасдан, катта ишлаб чиқариш аҳамиятига ҳам эга. Шунинг учун ҳам уни раҳбарнинг иш сифатларига қўшимча сифат тарзидагина эмас, муҳим касбий сифат тарзида ҳам баҳолаш лозим.

Ташаббус, жонбозлик, фидойилик кўрсатишга тайёр бўлмаган жамоага унинг фойдаси тегмайди.

Мардлик фақат маънавият ва аҳлоқ билан эмас шахснинг руҳияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Лекин инсоният тарихида мардлик ижтимоий ходиса сифатида баҳоланиб келган. Аммо раҳбар руҳиятида мардлик билан ёндош туйғулар жасурлик, фидойилик, шижоатлилик каби хусусиятлар бўлмаса, унда мардлик ҳам бўлмайди.

Мардлик одамлар томонидан юқори баҳолангани учун раҳбарнинг шундай хислатга эга бўлиши унинг обрўсига обрў қўшади. Бу эса жамоа аъзоларини бир мақсад атрофида жипслаштириш ва уларни жамоа олдидаги вазифаларни ҳал қилишга сафарбар қилиш имкониятини беради.

Тавсифлаб ўтилган ахлоқий сифатлар билан бир қаторда яна шундайлари ҳам борки, улар раҳбарнинг ўз вазифаларини бажариши учун зарурдир. Улар жумласига меҳнатсеварлик, масъулият, оптимизм кабиларни киритиш мумкин.

Меҳнатсеварлик шахс меҳнатининг ҳам сифат ҳам миқдор жиҳатдан унумдор бўлишиш таъминлайдиган сифат. Бу сифат шахснинг меҳнатга ижобий муносабати, меҳнат жараёнидаги ғайрат шижоати кабиларда намоён бўлади. Психологик жиҳатдан эса мехнатсеварлик меҳнатга эҳтиёжнинг шаклланиши, меҳнатдан қониқиш ва лаззатланиш ҳисси мавжудлигини тақозо килади. Раҳбар учун меҳнатсеварлик хос бўлмаса у бошқалардан меҳнатсеварликни талаб қила олмайди. Ёки бўлмаса унинг ўзида ғайрат, шижоат бўлмаса, қандай қилиб бошқалардан ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишни талаб қилиши мумкин.

Раҳбар меҳнатсеварлик хусусиятига эга бўлиш билан бирга, бу сифатни ходимларда мажбурий йўл билан шакллантирилиши мумкин эмаслигини, инсонни мажбуран севиб бўлмагани каби, мажбурий меҳнатни ҳам севиб бўлмаслигини билиши лозим. Ходимларга меҳнат жараёнида, жамоада эркинликлар яратилган тақдирдагина уларда меҳнатсеварлик хусусияти шаклланиши мумкин.

Масъулият ҳисси раҳбар учун мутлақо зарур бўлган ахлоқий сифатдир. Бу туйғу фақат раҳбарлар учун эмас, барча одамлар учун зарур бўлган хусусият. Лекин раҳбар қиёфаси ва фаолиятида у айниқса муҳим аҳамият касб этади. Чунки бошқа ходимлар ва умуман инсонлар ўз фаолиятлари ва бурчлари учун масъул бўлсалар, раҳбар бутун жамоа фаолияти ва бурчи учун ҳам масъулдир.

Масъулият ва бурч бир-бирига жуда яқин тушунчалардир. Бурч муайян шароитда аҳлоқий меъёрлар талаб қиладиган меъёрларни англаши, бажарилишини билдиради. Масъулият эса мана шу бурч қай даражада бажарилгани ёки бажарилмагани учун жавобгарликни сезишидир. Жавобгарликни сезиш эса бир қатор ҳолатларга боғлиқ бўлиб, улар раҳбар масъулияти учун ҳам тўла тааллуклидир. Булар қуйидагилар:

1. Шахс ўзига қўйилаётган ижтимоий ва ахлоқий талабларни бажаришга қодир ёки қодир эмаслиги.

2. Шахс бу талабларни қай даражада англагани ва тушунгани.


  1. Бу талабларни бажариш учун шахс қақдай имкониятларга эга ва қандай имкониятларга эга эмаслиги.

4. Бу талабларни бажариш оқибатларига у даражада жавобгар ёки жавобгар эмаслиги. Санаб ўтилган ҳолатлар раҳбар фаолиятида кучлироқ сезилади. Раҳбарнинг масъулияти фақат ўз олдига қўйилган талабларни эмас, балки бутун жамоа олдига қўйилаётгани талабларни англаши, фақат ўзининг эмас бутун жамоа имкониятларини ҳисобга олиши ва жамоа фаолияти оқибатлари учун масъулиятни ўз зиммасига ола билиши керак. Шундай ҳолатларда раҳбарни қандай йўл тутиши кўп жиҳатдан раҳбарнинг маънавий қиёфасига боғлиқ.

Раҳбар учун зарур бўлган сифатлардан яна бири оптимизмдир. Бу тушунча воқеалар ривожига ижобий кўз билан қарашни, яхшилик ғалаба қилишига ишончни, инсоннинг яратувчилик қобилиятига, унинг табиатан яхшиликка мойиллигага бўлган эътиқодни англатади. Оптимизм тушкунлик ва пессимизмнинг зиддидир. Оптимизмнинг ижтимоий жиҳатлари билан бирга руҳий илдизлари ҳам мавжуд. Баъзи одамлар табиатан оптимист ёки пессимист бўладилар. Лекин бу ўзгармайдиган мутлақ сифат эмас. Шахснинг интеллектуал ривожланиши, ҳаётий тажрибасининг ортиб бориши воқеалар ривожини тўғри таҳлил қилиш ва прогнозлаш имконини беради. Бу эса ноўрин пессимизмга ҳам, ноўрин оптимизмга ҳам чек қўйиш имконини беради.

Оптимизм ижобий сифат бўлиш билан бирга унинг ортиқча даражада бўлиши келажакка йўналтирилган реал режалар тузиш имконини бермайди. Раҳбарнинг оптимизмга мойил бўлиши, айни пайтда реалист ҳам бўлиши мақсадга мувофиқдир, Бозор муносабатларига ўтиш шароитида иқтисодни ва ижтимоий қийинчиликларнинг мавжудлиги раҳбарлардаги оптимизм кайфиятига талабни кучайтиради. Чунки мавжуд қийинчиликлар одамларда тушкунлик, келажакка ишончсизлик кайфиятларини туғдириши мумкин. Бу ҳолатнинг олдини олишда раҳбарнинг оптимизмга мойиллиги жуда асқотади.

Юқорида келтирилган сифатлар раҳбар маънавий-ахлоқий қиёфасидаги мураккаб тизимнинг баъзи жиҳатлари холос. Айни пайтда улар замонавий раҳбарнинг маънавий ахлоқий дунёси қанчалик бойлиги, қай томонга йўналтирилгани, бошқа сифатларнинг ҳам муҳим жиҳатларини белгиловчи хислатлар ҳисобланади. Демак, айтиш мумкинки, бўлажак педагогларда бошқарув маданиятини шакллантириш нафақат индивидуал характерга эга, балки у жамоавий характерга ҳам эга экан. Яъни, агар бўлажак педагогнинг ўзи аввало бошқарув маданияти тўғрисида етарли назарий билимларга эга бўлса у ўз фаолияти давомида унга амал қилади ҳамда бу билимларни ўқувчи ёшларга сингдира олади. Айтиш мумкинки, бошқарув маданияти соҳаси ҳали бизда тўлиқ илмий-назарий жиҳатдан асосланмаган. Шу жиҳатдан олганда бошқарув маданияти тушунчасининг бўлажак педагоглар томонидан ижобий ўзлаштирилиши муҳим ўрин тутади. Бошқарув маданиятининг педагогик соҳадаги аҳамияти бир томондан бу борадаги мавжуд назарий билимларни ўзлаштиришни талаб этса, иккинчи томондан, ушбу ўзлаштирилган билимларни ёшларга тўғри етказа олишида кўринади. Негаки, кенг қамровли ислоҳотлар жараёни жадал амалга оширилаётган пайтда, айниқса “ўтиш даври” жамиятда кечаётган вақтда бошқарув маданияти тушунчасини нафақат педагог мутахассисларга балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси онгига етказиш зарур ҳисобланади. Бошқарув маданиятини назарий жиҳатлари билан ўзлаштириш давлат ва жамият бошқарувининг демократлашуви ёки мамлакатнинг модернизациялашуви билан ҳам боғлиқ эканлигини унутмаслик керак.




Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5   6




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет