Фармакология ва клиник фармация



бет1/11
Дата25.06.2016
өлшемі2.06 Mb.
#157915
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11



ЎЗБЕКИСОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

ТОШКЕНТ ФАРМАЦЕВТИКА ИНСТИТУТИ

ФАРМАКОЛОГИЯ ВА КЛИНИК ФАРМАЦИЯ” КАФЕДРАСИ



ФАРМАЦЕВТИК ЁРДАМ
фанидан
МА’РУЗАЛАР МАТНИ
т.ф.д., профессор Алиев Х.У
ассистент Сайдалиева Ф.А

Тошкент 2013
1-маъруза
ФАРМАЦЕВТИК ЁРДАМ ФАНИ ҲАҚИДА ТУШУНЧА. ТУРЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИ СИМПТОМ ВА СИНДРОМЛАРИ.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўзининг дорилар сиёсати доирасида стратегик қарашини қайта кўриб чиқишни ЖСС Ассамблеяси олдига қўйди. ЖСС Ассамблеяси ушбу таклифни қўллаб-қувватлади ва дорилар муомаласида фармацевтларнинг ролини янада ошириш мақсадида 1988 йил Дехлида ва 1993 й Токиода махсус 2 та кенгаш ўтказди. Бу кенгашларда Жаҳон фармацевтлар федерацияси (МФФ) дорилар сиёсатига ва стратегик йўналишга оид стандартларни қабул қилди. Бу стандартлар бўйича 1994 йилнинг май ойида ЖСС Ассамблеяси алохида резолюция қабул қилди. Шу резолюцияга мувофиқ ЖССТ дорихоналарда «Яхши дорихона амалиёти» (GAP) номли дорихона хизматчиларининг муносиб ишлашлари бўйича стандарт ишлаб чиқади. Ишлаб чиқилган стандартда дорихона хизматчиларининг аҳолига кўрсатадиган хизматларини сифат жихатидан янги пағонага кўтариш масалалари қайд этилган.

Қабул қилинган стандартнинг асосини жаҳон фармацевтларининг профессионал хизматини қаерда ва ким билан ишлашидан қатъи назар олий даражага кўтариш ташкил этади. Шу стандарт асосида МФФ дунё бўйича барча миллий фармацевтик ташкилотларга ЖССТ қабул қилган қўлланмага биноан, ўзларининг тактика ва стратегиясини қайта кўриб чиқишни ва шунга яраша янги йўналишларни қабул қилишни ўртага ташлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб фармацевтлар асосий фанлар бўйича етарли маълумотга эга бўлишлари, билимларини ошириб боришлари ва ундан фойдаланган ҳолда дориларни самарали ишлатишлари лозим бўлади.

Ривожланиб келаётган давлатларда дори моддаларининг самарасига оид барча жавобгарлик фармацевтларга юкланади. Дорихона амалиётининг асосий вазифаси аҳолини самарали ДМлари билан, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва уларни қўллашда ёрдам беришдир. Беморларга оптимал терапевтик ёрдам бериш ва уларни турли хил ножўя таъсирлардан ҳимоя қилишда берилаётган ДМларнинг сифати катта рол ўйнайди.

Кейинги йилларда беморларни фармацевтларга бирламчи мурожаат қилишини кўпайиши муносабати билан «фармацевтик ёрдам бериш» идеологияси ишлаб чиқилди. Бунда ижтимоий томондан кам таъминланган, ДМни қабул қилиш учун етарли маблағи йўқ аҳолининг бир қисмини ёши катта беморлар, оналар ва болалар, сунункали касалликларга чалинганлар ташкил этишини инобатга олган холда фармацевтик ёрдам бериш НАП нинг асосини ташкил этади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, НАП нинг олдига қўйилган асосий талаблар қуйидагиларни ташкил этади:

- фармацевтлар олдидаги биринчи масала беморларга ким ва қаерда яшашидан қатъи назар яхши шароитни ташкил қилиш,

- Дорихона амалиётининг асосини беморларни ДМлари, тиббиёт амалиётида ишлатиладиган асбоб-анжомлар билан таъминлаш ҳамда уларга керакли маълумотлар, маслахатлар бериш билан беморлар қабул қилаётган препаратларнинг самарасини ошириш,

- ДМларининг тўғри ва тежамли қўллашни ташкил этиш,

- Дорихона хизматчиларининг ҳар бир хатти-харакати аниқ бемор учун қаратилган ва аниқланган бўлиб, уни самараси ўша бемор шахсига ва холатига боғлиқ бўлиши керак.

Шу талабларни оқилона амалга ошириш учун фармацевтлар қуйидаги масалаларни ҳал қилиши керак:

- фармацевтлар меҳнат идеологиясининг асосини иқтисодий омиллар билан бирга профессионал омиллар ташкил этади.

- беморларнинг ДМларини рационал қабул қилишида фармацевтлар маълум хисса қўшади.

- фармацевтларнинг бошқа ССВги мутахассислари билан ўзаро муносабати, фармакотерапевтик давони амалга оширишда ўзаро бир-бирига ишончли, очиқ, оқилона ва беғараз бўлади.

- фармацевтларни бошқа хамкасблари билан муносабати бир-бирини кўра олмаслик асосида эмас, балки хамжихатликка ва дорихона хизматини яхшилашга қаратилади.

- тиббиёт масканларидаги рахбар фармацевтлар амалиётда ишлатиладиган ДМнинг сифати ва баҳосини аниқлашда беморларга ҳамдард бўлган ҳолда иштирок этадилар.

- фармацевтлар ҳар бир бемор устидаги тиббий ва фармацевтик маълумотлардан бахобар бўлиши ва беморларни бир дорихонадан фойдаланишини юзага чиқаради.

- фармацевтлар даволаш учун қўлланилаётган дорилар устида тўла ва объектив маълумотга эга бўлади.

- фармацевт бутун умри давомида, ўзини профессионал хизматини амалга оширишда ўзини компетентлигини баҳолаш ва сақлаш учун шахсан жавобгарликни хис этади.

- қабул қилинган миллий давлат стандартларига НАП хизматларида амал қиладилар.

Мана шу нуфузли МФФ, ЖССТ ва ЖСС Ассамблеяси мухокама қилган, лозим топган ва уни қабул қилган резолюциялари асосида Тошфарми йилдан-йилга ўзини ўқув план ва программаларини қайта кўриб чиқмоқда ва ривожлантирмоқда. Хусусан, 1966-1967 ўқув йилларида Европадаги ривожланган давлатларга (Дания, Англия), ЖССТ ташкил этган ўқув курсларига Институтимиз ходимлари жалб этилмоқда (Москва, Барселона ва б). Натижада фармация факультетининг ўқув режаларига бир неча янги фанлар ва йўналишлар киритилди. Масалан, фармакокинетика, клиник фармация, биокимёвий фармакология, йиғма препаратлар технологияси ва б.

2005 йил ЖССТ 7- регионал кенгашида институтимиз ўқув режасига фармацевтик ёрдам киритиш таклиф этилди.

Ахолини соғлиги ва уни кундалик ҳаёти билан боғлиқ холатларда уларни хаётий зарур дори-дармонлар билан таъминлаш фармацевтларнинг асосий ва профессионал бурчидир. Шундай экан, фармацевтлар асосий касалликларнинг симптом ва синдромлари ҳақида тушунчага эга бўлишлари керак. Шунинг учун хам хозирги кунда фармацевтлар ўзларининг билим салохиятларини янада чуқурлаштириб бормоқдалар.Олиб борилган адабиётларнинг анализлари кейинги 15-20 йил ичида фармацевтларнинг иш сохаси ва уларнинг ахолига кўрсатадиган ёрдамларини қанчалик ўзгариб кетганлигини кўрсатмоқда. Хўш, симптом деб нимага айтилади-ю, синдром нима?

Симптом-касаллик ёки патологик холатнинг белгиси бўлиб, у субъектив ва объектив бўлиши мумкин. Субъективни бемордан сўраб олинади, объективда беморни турли йўллар билан текшириб олинади.

Синдром-ягона патогенез билан боғлиқ касаллик белгиларининг биргаликда юзага чиқиши. У бирор касаллик (Меньер синдроми) ёки касалликнинг босқичи (нефротик синдромидаги уремия холати) деб қаралади.

Менъер синдроми-ички қулоқ касалликларидан бири. Бунда эндолимфа суюқлиги кўпайиб, ички қулоқ босими ошади; натижада кўз соққалари бежо ҳаракат қилади ва кунгил айниши, бош айланиши, қайт қилиш, мувозанат йўқолиши, қулоқ шанғиллаши, эшитиш фаолияти бузилиб, аста-секин карликка олиб келиши кузатилади.

Нефротик синдром (уремия) сурункали гломерулонефритнинг босқичи бўлиб, азот шлакларининг танада йиғилиб қолиши ва унинг заҳарланиши билан намоён бўлади.

Хозирги кунда фармацевтлар оддийгина дориларни тайёрлаш ёки сотишдан ташқари беморларни даволашда иштирок этувчи оила аъзосига айланадилар ва ССВ-лигига қарашли барча нуфузли ташкилот ва корхоналар билан боғлиқ бир бутун командани ташкил этади.

Фармацевтик ёрдам концепцияси ўзини-ўзи даволаш ва ўз-ўзига ёрдам бериш, холатларини зўрайиб бориши ва дорихоналарга бирламчи мурожаат холатларининг кўпайиб бориши муносабати билан яққолроқ юзага чиқмоқда. Нима учун деган савол туғилади? Чунки бу жараён турли хил омиллар билан боғлиқдир. Масалан:

- инсоннинг ҳаёт тарзига (ичиш, чекиш, пархез ва б).

- ижтимоий-иқтисодий омилларга,

- дори воситалари билан таъминланганлик даражасига,

- эпидемиологик ва демографик омилларга ва б.факторларга боғлиқ

Тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнининг қимматлашиши, демографик ўзгаришлар ва касалликларнинг характери беморларга хизмат қилиш тизимида ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Бундай холатларда замон провизорлардан дори воситаларидан аниқ, объектив ва самарали фойдаланишни талаб қилмоқда. Бунинг учун улар асосий касалликларнинг рецептсиз даволанадиган симптом ва синдромларини яхши билишлари зарур. Чунки нотўғри бериладиган препаратлар ёки давога мос тушмайдиган даво муолажалари учун пул тўлаш беморлар учун, қолаверса жамият учун зарардир.

Бу борада тиббиёт амалиётига кириб келаётган янги сохалар, хусусан фармакоэпидемиология ёки фармакоэкономиканинг юзага келиши дориларнинг онгли ва рационал қўллашда ўз таъсирларини кўрсатади. Бу янги йўналишлар даво учун нотўғри ва фойдасиз маблағ сарфлашни ва шу туфайли ножўя таъсирларни юзага чиқишини олдиндан аниқлаб бериши мумкин…!

Бозор иқтисодиётига ўтиш муносабати билан беморларни дори-дармонларга эришиш масаласи кундан-кунга мураккаблашиб бормоқда. Бу масалада Республикада ишлаб чиқилган «¡збекистон Республикасида ишлатиладиган ҳаётий дори воситалари қўлланмаси маълум даражада янгилик киритиши мумкин. Чунки қўлланмага киритилган юқори активликка ва сифатга эга дорилардан фойдаланиш беморларнинг бюджетини - маблағни тежамли сарфлашга йўл очиб беради.

Савдодаги дорилар сифатини ошириш билан бирга фармацевтларнинг соха специалисти сифатида махоратларини янада ошириш зарур бўлади. Шундагина фармацевтларнинг амалиётидаги хизматларида дорилар устидан сифатли назоратни юзага чиқариши ва асосий касаллик ва патологик холатларда қайд этиладиган симптом ва синдромларини даволашни юқори даражага кутариш ва шу йўл билан беморларни ижтимоий ахволини яхшилаш мумкин.

Хозирги замон ССВ тизимининг бир бўлаги ўз-ўзини даволаш жараёнидан иборат бўлиб қолмоқда. Бунда беморлар ўз соғлиги учун тўла жавобгарликни хис этишлари керак.

Уз-ўзини даволаш билан боғлиқ турли хил ножўя таъсирлардан ўзини химоя қилиш борасида беморларни фармацевтларга шифокорларга қараганда кўпроқ мурожаат қилиши, дорилар ассортиментининг кудан-кунга ортиб бориши, рецептсиз бериладиган дорилар сони кўпайиши фармацевтларнинг ижтимоий ахволига таъсир этади ва уларни жамиятдаги ролини оширади. Чунки хозирги кунда дориларнинг 95 % дан ортиғи тайёр дори турларидан иборат бўлиб, беморлар фармацевтларга мурожаат қилганда ушбу дорилар бемалол бериб юборилади. Шу йўл билан беморлар ўз-ўзига ёрдам бериш тизими ташкил қилинади. Берилган дориларнинг рационал ишлатишни таклиф этиш учун фармацевтлар ўз онгини, билимини ва иш фаолиятини хозирги замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишлари лозим ва шу йўл билан беморларни ўзини-ўзи даволашида уларга муносиб ёрдам беришлари керак.

Уз-ўзини даволаш жараёнида қуйидаги камчиликлар қайд этилиши мумкин:

-ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаслик, ножўя таъсирларни юзага чиқиш шансини оширишга олиб келади ва ножўя холатлар кўпаяди ва б.

уз-ўзига ёрдам бериш жараёнлари кўпинча сурункали касалларга чалинган беморларда, касалликни қайта хуружи юзага чиққанда ўзини оғир холатдан олиб чиқиш учун фойдаланилади. Украиналик олимлар 40 дан ортиқ хорижий изланишларни анализ қилиб, рецептсиз ўзини-ўзи даволаётган холатларда энг кўп тарқалган симптомларга қуйидагиларни киритишган:

- бош оғриғи,

- йўтал,

- шамоллаш,

- томоқ оғриқлари,

- меъдадаги бузилишлар,

- қабзият ва диарея,

- хуснбузарлар,

-мушаклардаги оғриқлар,

-кесилиш ва қирқилиш холатлари,

- шилинган ва эзилган холатлар.

Мана шунга ўхшаш патологик холатларни қайд этилувчи асосий симптомларни даволашда фармацевтик ёрдам катта рол ўйнайди. Беморни даволашда провизорлар зиммасида беморларни нафақат сифатли дорилар ва тиббиёт аслахалари билан таъминлаш, балки шифокорлар билан биргаликда дориларни рационал қўллашда фаол иштирок этиш масъулияти ҳам бор. Бу масалаларни оқилона амалга ошириш учун ва уларга самарали фармацевтик ёрдам бериш учун улар ўз тажрибаларини, фармацевтик этика масалаларини,профессионал салохиятларини беморларга нисбатан муносабатини ва беморлар олдидаги бурчини юқори поғонага кутариш зарур. Шундагина провизорлар беморларга БТЁ кўрсатиш борасидаги ўз мавқеини, шунингдек, рецептсиз бериладиган препаратлар билан ўз-ўзини даволашни юзага чиқишида ва ўз-ўзига ёрдам беришда замон талаблари даражасига кўтарилиши мумкин.

Шу кўрсатиб ўтилган симптомларни аниқлаш учун фармацевтлар нималарга аҳамият беришлари керак:


1. Фармацевтлар беморлар билан мулоқотда бўлиб, бемор холатига боғлиқ маълумотларни олишлари керак,

2. Аниқланаётган симптомларга оид энг керакли саволларни бериш, ножўя таъсирларга оид маълумотларни бериш.

3. Юқоридаги симптомларни аниқлаш учун фармацевтлар етарли даражада билимга эга бўлишлари зарур ва шу билим даражасида врачлар кўргунича тўғри ёрдам беришлари зарур.

4. Объектив ёрдам кўрсатиш учун фармацевтлар дори моддаларига оид зарур маълумотларни билишлари керак.

5. Бемор талабини тўла қондириш учун фармацевтлар қўшимча адабиётлардан маълумотлар олишлари ва уларни тўғри қўллашлари зарур

6. Фармацевтлар беморларга адекват ёрдам бериб, ўз-ўзини даволашдаги жавобгарликни хис этишлари зарур.

7. Фармацевтлар беморлар устидаги бор маълумотларни конфеденциаллигини таъминлашлари зарур.
Юқорида қайд этилган вазифаларни оқилона ва рационал даражада юзага чиқариш учун фармацевтлар клиник фармация ва фармакокинетика фанлар асосларини яхши ўзлаштиришлари лозим. Хозирги кун фармацевтларни шундай тарбиялаш керакки, улар асосий касалликларнинг маълум симптомлари юзага чиққанда уларга рецептсиз дорилар билан даволаш учун керакли ва рационал маслахатларни бера оладиган,ва шунга ўхшаш бошқа симптомлари бор беморларни врачга мурожаат қилишлари кераклигини ўқтириб утадиган даражада бўлишлари керак. Шу нуқтаи-назардан «Фармацевтик ёрдам» фанини уқув режасига киритилиши ва уни асосий вазифаларини чуқур ўрганиш ўта мухим вазифадир.

2-маъруза
ДОРИ ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ МОДДАЛАРИНИНГ ЎЗАРО ТАЪСИРИ, УНИНГ ФАРМ ЁРДАМДА АҲАМИЯТИ.
Дори моддаларининг клиник самарадорлигига таъсир этувчи асосий омиллардан бири озиқ-овқатлар билан ўзаро муносабатидир. Инсон организмида дори моддалари билан озиқ-моддаларининг ўзаро таъсирлари ўта мураккаб жараён бўлиб, хозиргача бу муаммонинг барча аспектлари тўлалигича ўрганилмаган. Провизорлар дорихонада беморларга дори моддаларини тафсия этиш учун овқатдан олдин ёки кейин берилиши бўйича тафсияларни билишлари мухимдир. Чунки овқатлар даволашга ва даволаш жараёнига таъсир кўрсатади.

Дори моддаларининг ўзаро муносабатида клиник фармацевтик аспектлар.

Фармациянинг клиник йўналишида дори моддаларининг самарадорлигини ошириш ва уларнинг ножўя таъсирларини камайтириш асосий мақсад хисобланади. Организмга дори моддаларини юборишнинг кенг тарқалган тури оғиз орқали бериш усулидир. Биринчидан бемор учун қабул қилиниши қулай, 2 чидан табиий ва нисбатан зарарсиз (жигарнинг табиий баръери хисобига), 3 чидан ОИТ да оғиз орқали юборилган моддалар бир неча соатдан бир неча кунгача сақланиб, ферментлар ва озуқа моддалари билан ўзаро таъсирлашади. Аммо дори моддаларини узоқ вақт қабул қилиш ОИТ фаолияти бузилишини кучайтириши мумкин.

Дори моддаларининг овқат билан ўзаро муносабатида клиник фармацевтик аспектларининг асосийлари қуйидагилардир:

- овқат таркибий қисмларининг ДМ терапевтик эффектига таъсири: сўрилиши, тетрациклин ва бошқалар

- овқат таркибий қисмларининг ДМ захарлилигига таъсири: сўрилиши, метаболитлар ва бошқалар

- ДМ нинг ОИТ физиологик жараёнига таъсири: қон билан таъминланиши, моторикаси

- ДМ нинг хазм қилиш тизими паталогиясининг келиб чиқишига таъсири: меъда ширалари, гастритлар

- биологик фаол қўшимчаларни қўллашнинг клиник – фармацевтик аспектлари:

- овқат таркибида етишмайдиган зарур моддаларнинг ДМ хисобига компенсациялаш (витаминлар,оқсиллар, микроэлементлар ва б.)

- озиқ моддаларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан кассаликларни медикаментлар билан даволаш: меъда яралари мисолида.



ДМ нинг овқатлар билан ўзаро муносабатида ахамиятга молик асосий омиллар.

- Дори моддаларининг физик-кимёвий хусусиятлари

- ДМ ларининг фармакокинетик хусусиятлари (сўрилишига меъда ширасининг таъсири)

- Овқат таркиби ва миқдори

- Овқат хазм қилиш тизими органларининг физиологик холатлари

Юқорида келтирилган омиллар ДМ фармакокинетик ва фармакодинамик кўрсаткичларининг ўзгаришларига олиб келади.



ДМ фармакологик хусусиятларига овқатнинг таъсир қилиш йўллари

- хазм қилиш тизимидан ДМ ларнинг сўрилишига таъсири

- ДМ биомослигига таъсири (ичак деворларида пресистем метаболизм)

- ДМ ларининг антогонизми ва сенергизмига таъсири

- препаратнинг организмдан чиқиб кетиши тезлигига таъсири

Овқат таркибидаги моддалар ва ДМ ўртасида (сут махсулотлари, танин ва бошқалар)

- ДМ нинг овқат таркиби билан кимёвий ва физикавий ўзаро таъсирлашуви

(ДМнинг овқат қолдиқларида адсорбцияланиши, ДМ сининг овқат қолдиқлари ичига кириб қолиши, ДМ нинг шиллиқлар билан қопланиши ва б.)

-ошқозон рН мухитининг ўзгариши (пенициллин ва адреналин мисолида)

-ичак микрофлораси таъсирида ДМ метаболизмининг ўзгаришлари кабилар ва булардан ташқари ошқозоннинг тўйиниш даражаси, ДМ сининиг физик-кимёвий хусусиятлари, секретинлар таркиби ва қовушқоқлиги, ДМ ларнинг комплекс, хелат бирикмалар, ионлар хосил қилиш қобилиятлари, ДМ ва овқат махсулотларининг шиллиқ қаватларга шикастловчи таъсирлари ҳам мухим ахамиятга эга. ДМ ва овқатнинг ўзаро таъсирлашувида дори шакли хам ахамиятга эга. Дорилар билан даволашда препаратнинг даволовчи таъсиридан максимал фойдалана билиш, ножўя таъсирларини имкон қадар камайтириш, ДМ таъсирини узайтириш, таъсир қилувчи ингредиентнинг сўрилишини кучайтириш ёки камайтириш, аллергик холатларни камайтириш, ингредиентнинг ёқимсиз физик-кимёвий таъсирларини (хид, ранг, таъм) йўқотишга эътибор бериш керак.

Суюк дори шакллари овқатлар билан камрок ўзаро муносабатда бўлади, яъни улар бемалол ошқозондан ичакка ўтади. Қаттиқ дори шакллари овқат билан биргаликда қабул қилинганда ошқозон бўшлиғида анча вақт сақланиб қолиши ва натижада таъсирловчи модданинг сўрилиши бузилади. Микрогрануллалар асосида ажратиб олинган ва қобиқ билан ўралган дори шаклларига хам овқатнинг унчалик таъсири йўк. Ичакда эрувчан қобиқ билан ўралган таблеткаларни овқат билан бирга бериб бўлмайди. Чунки овкат уларнинг ошқозонда узоқ қолиб кетишига олиб келади, сўрилишига қаршилик кўрсатади. Бундан ташқари бу дори шаклларини ишқорли овқатлар (суюкликлар) билан қабул қилиш натижасида қобиқларнинг эриб кетиши ва ошқозонда таъсир этувчи модданинг парчаланиши кузатилади.



ДМ ва суюкликлар

Фармацевтлардан беморлар дори моддасини нима билан ичишни тавсия этиш мумкинлигини сўрашади. ДМ ни қабул қилишда суюқлик миқдори препаратнинг максимал эффектининг юзага чиқиши катта ахамиятга эга бўлиб, суюқлик миқдори препаратнинг сўрилишига сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, концентрланган эритмаларнинг сўрилиши асуюлтирилган эритмаларга нисбатан анча қийин. Нордон ёки ишқорий эритмалар оғиз орқали берилса уларнинг биомослиги концентрланган эритмаларникига нисбатан юқори (аспирин, фенобарбитал ва б.) Сувда ёмон эрувчи дориларда хам (эритромицин) шундай.

Антибиотикларнинг, масалан, тетрациклиннинг сўрилишида эритма концентрациясининг ахамияти йўк. Сувда яхши эрувчан препаратларнинг (аспирин, амоксициллин) сўрилиши суюқликнинг миқдорига боғлиқ бўлиб, кўп миқдордаги суюқлик бу дориларнинг биомослигини ошириши мумкин.

Бугунги кунда ДМ ва суюқликларни бирга қуллаш учун қуйидаги умумий таклифларни киритиш мумкин:

1) резорбтив таъсирга эга дори моддаларини 30-40 мин. овқатдан олдин, 50-100 мл. дист. сув ёки қайнатилган сув билан ичиш мумкин

2) кўп миқдорда суюқлик билан сувда ёмон эрийдиган дорилар кқбул қилинса, уларнинг биомослиги ошиб кетади.

3) Сувда яхши эрийдиган дориларнинг биомослиги суюқлик миқдорига боғлиқ эмас.
Юқоридагилардан ташқари ДМ суюқ озиқ моддалар билан қуйидагича ўзаро таъсирлашади:

ДМ ва сут махсулотлари Ушбу таъсирга антибиотиклар гурухига мансуб тетрациклиннинг сут билан ўзаро таъсири яққол мисол бўла олади. Сут таркибидаги казеиноген ошқозон шираси таъсирида казеинат-кальцийга айланади ва тетрациклин ва бошқа антибиотиклар билан (метациклин,доксициклин кабилар) сўрилмайдиган комплекс хосил қилади. Натижада сут ва сут махсулотлари 20-80 % га уларнинг сўрилишини хамда терапевтик эффектларини камайтиради.

Шунингдек. сут оғиз орқали бериладиган пеницилин ва цефалоспоринлар гурухи антибиотикларинининг сўрилиш тезлигини хам камайтириши аниқланган. Аммо сут ностероид яллиғланишга қарши (бутадион, индометацин, вольтарен), резерпин, буйрак усти бези гормонал препаратларининг (преднизолон, дексаметазон) сўрилиш тезлигини оширади. Шу сабабли бу препаратларни 30-40 мин. овқатдан олдин сут билан ичиш тавсия этилади. Болаларга дориларни сут билан аралаштириб сут идишида бериш тавсия этилмайди. Сабаби дориларнинг қанчадир микдори идиш деворларида, болалар сургичларида қолиб кетиши натижасида дорининг етарлича дозаси организмга тушмайди



Ишқорий минерал сувлар билан кислотага чидамли қобиқ билан ўралган дорилар тавсия қилинмайди, чунки қобиқнинг парчаланиши оқибатида дорининг таъсир қилувчи моддаси хам парчаланиб кетиши мумкин. Аммо сульфаниламид препаратларини ишқорий минерал сувлар билан ичиш мақсадга мувофикдир. Сабаби улар минерал сув таъсирида организмда ацетилланади ва буйракда кристаллар хосил бўлишини олди олинади.

Тонизируюший ичимликлар «Фанта», «Пепси-кола» ўз таркибида темир ва кальций ионларини сақлаганлиги сабабли тетрациклин гурухи ва макролидлар билан қийин эрувчи комплекс хосил қилади ва уларнинг антибактериал эффектларини камайишига олиб келади. Грейпфрут ичимлиги таркибида кўплаб биологик актив моддалар бўлиб, кальций антогонистларининг жигарда метаболизмини сусайтиради, натижада уларнинг захарлилиги ошади. Бунда бош оғриғини, юрак ритмининг ўзгаришини, депрессия холати кабиларни келтириб чиқаради.

Нордон мевали ва сабзавот соклари антибиотиклардан эритромицин ва ампициллинлар билан бирга тавсия этилмайди. Чунки ушбу ичимликлар таъсирида уларнинг ионланиш даражалари ва биомосликлари ўзгаради, натижада терапевтик таъсирлари камаяди. Аксинча, салицилатлар, барбитуратлар, нитрофуранлар, ацетазоламид кабиларнинг эффектлари ушбу соклар таъсирида кучаяди.

Чой ва кофе бир қатор биологик актив моддалардан иборат. Кофеин бир катор препаратларнинг (эрготамин) сўрилишини, бошланғич таъсирларини ўзгартиради, гематоэнцефалик тўсиқдан ўтишини кучайтиради ва парацетамол, аспиринларнинг анальгетик эффектларини тезлаштиради, организмдан фильтрация йўли орқали буйрак каналчаларидан чиқиб кетувчи препаратларнинг (ампициллин) организмдан чиқишини тезлатади. Танин чой таркибида етарли миқдорда бўлиб, атропин, кодеин, морфин, папаверин ва платифиллин алкалоидларининг, аминазин ва галлоперидол нейролептикларнинг, Н-2 антогонисти циметидиннинг хамда оғиз орқали берилувчи контрацептив дориларнинг сўрилиш тезлиги ва даражасини камайтиради.


Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет