“У даво эмас, касалликнинг айни ўзи” дейилган. Хомр мусулмон кишининг қўлига тушиб сиркага ўз-ўзидан айланиб қолишидан шундай ҳолат назарда тутиладики, валлоҳу аълам, мусулмон кишининг қўлига хомр тушиб қолган ва у бу хомрни тўкиб юборишга бирон бир узр сабабли улгурмай, у сиркага айланиб қолган. Ёки бўлмаса, бирон меванинг шарбати хомрга айланган ва бу мусулмон киши ушбу хомрни тўкиб юборишга қандайдир узр билан улгурмай у сиркага айланган. Ёки бўлмаса, Ибн Таймия айтганларидек, хомр ҳаром бўлишидан олдин сақланган бўлса, унинг эгаси бу учун гуноҳкор бўлмайди. “Энг яхши сиркангиз, хомрингиздан бўлган сиркангиз” деган ҳадис эса (Байҳақий “Маърифа”да Жобирдан) заифдир. Чунки унинг санадида ал-Муғира ибн Зиёд деган киши бор, уни Байҳақийнинг ўзи: “Кучли эмас” деди. Бунинг устига Абу аз-Зубайр мудаллис бўлиб, бу ҳадисни “ъан” – “Жобирдан” деб ривоят қилган, уни Жобирдан эшитганини очиқ-ойдин айтмаган. Бу ҳадиснинг заифлигини шайхул-ислом Ибн Таймия “Фатово”да (1/71) айтганлар. Ҳанафий мазҳабининг муҳаддиси Зайлаий “Насбур-роя”да бу ҳадисни заиф деб, агар у саҳиҳ бўлганида ҳам ўз-ўзидан сиркага айланган хомр деб тушуниларди, деганлар. Зайлаийнинг бу сўзларини ҳанафий мазҳабининг йирик олими, шориҳ Абдурраҳмон Муборакфурий “Туҳфатул-Аҳвазий”да келтириб рад қилмадилар. Таркибида алкогол (спирт) бўлган дорилар ва баъзи ширинлик (конфет)ларга келсак, улар ҳақида ҳам ушбу қоидага биноан ҳамда: “Кўпи маст қилса, ози ҳам ҳаром” деган ҳадисга биноан ҳукм чиқарилади. Бу ҳадиснинг мафҳуми (тушуниладиган нарсаси) – агар кўпи маст қилмаса, унда у ҳаром эмас. Яъни, агар кофирлардан келган шундай спиртли дориларнинг кўпини ичса маст қилмайдиган бўлса, уларни истеъмол қилиш жоиз. Лекин мусулмон кишининг бундай дориларни тайёрлаши жоиз эмас, чунки бу иш спирт, яъни хомрни сақлашга олиб келади. Бу ҳақда Албоний (“Силсилатул-ҳуда ван-нур” овоздаги фатволари) ва Ибнул-Усаймин (“Усул ало илмил-усул” китоблари, “Фатово”ларининг 11-жилди) раҳимаҳумуллоҳ айтишган. Ибнул-Усаймин фатволарида қадим уламолардан (“Муғний” 8/306-с., “Иқноъ” 4/71) бу ҳақда нақл келтирганлар (ҳамирга алкоголь қўшилиб қолса, ундан нон ёпиб, пишириб ейиш ва сувга алкоголь қўшилиб қолса уни ичиш ҳақида). Бунга қўшимча Ибнул-Усаймин уламоларнинг ижмоъсини келтирганлар: “Агар нажосат сувга тушиб мазасини, рангини ёки ҳидини ўзгартирмаса, у пок бўлаверади”. Ваҳоланки, алкоголь нажосат ҳам эмаслиги юқорида исботланди. Яна Ибнул-Усаймин Бухорий таълиқ шаклида Абу Дардодан келтирган (9/64 “Фатҳ”) асарни далил қилиб келтирадилар. Бу асардан шайх раҳимаҳуллоҳ алкогольга ботирилган балиқ офтобга ташланиб қўйилса, алкоголь асари чиқиб кетиб у ҳалол бўлишига далил олганлар. Ақлий далиллардан Ибнул-Усайин: “Спирт (алкоголь, хомр) маст қилиш сабабли ҳаром қилинганини келтирадилар. Агар бу маст қилиш сифати кетса, ҳаромлиги кетади. Бу хулосага юқорида келтирилган: “Кўпи маст қилса, ози ҳам ҳаром” деган ҳадиснинг мафҳуми ҳам олиб келади. Аллоҳ билгувчироқ.
|