Тасвирий матнда ҳодиса, нарса-буюм ёки кишиларнинг бадиий тасвири берилишини кўрсатиш керак.
Мулоҳаза турдаги матнда эса бирор бир нарса, воқеа-ҳодиса ҳақидаги турлича қарашлар изоҳланиб, турли мулоҳазалар далиллар асосида исботланади.
Ривоя матн. Бундай матнда бирор нарса ҳақида маълумот берилиши, ҳикоя қилиниши ёки бирор ҳодисанинг тафсилоти тушунтирилиши мумкин.
Тавсифий матн. Бундай матнда бирор нарса (ҳодиса, киши, буюм, манзара) тасвирлаб (тавсифлаб) ҳам берилиши мумкин. Матнда шунингдек, бирор бир нарса (шахс), унинг фаолияти (ҳолати) ҳақида мулоҳаза юритилиши, бирон фикр исботланиши мумкин.
Маълумотнома матн. Бунда эса бўлиб ўтган воқеа-ҳодиса ёки мавжуд ҳолат ҳақида оддий ахборот берилади.
Бундай матнда сўзларнинг кўчма маъноларидан, тилнинг бадиий-тасвирий воситаларидан деярли фойдаланилмайди, воқеа-ҳодиса оддий ва аниқ баён қилинади.
Ижодий-тафсифий матн. Бунда сўзловчи ёки ёзувчи томонидан ижодий равишда баён этилган воқеа-ҳодиса, нарса ёки шахснинг тасвири ёки хабар, маълумотнинг ижодий-тавсифий баёнидир.
Маълум воқеа-ҳодисаларга, нарса ва шахсларга оид фикр-мулоҳаза билдириш, уларни бадиий-тасвирий воситалар, далиллар билан таърифлаш, изоҳлаш ижодий-тавсифий матнга хос хусусиятлардандир.
Илмий, публицистик ва бадиий услубларга хос матнлар, шунингдек, иншо ҳам ижодий-тавсифий матннинг кўринишларидандир. Ана шу юқоридаги таснифий белгиларга қараб ўқувчилар томонидан яратилажак матнларнинг турлари аниқланади ҳамда улар илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилинади.
Гап шундаки, бу матн турларининг ҳар бирида ўзига хос лисоний ва лексик воситалар қўлланади. Ҳар бирининг кириш, асосий ва хулоса қисмлари ўзгача хусусиятга эга бўлади. Ўқувчилар ана шу хусусиятларни билиб олсаларгина, фикрни саводли қилиб тўғри ифодалашни ўрганишлари мумкин. Матнда, шунингдек, фикрларни мантиқан изчил қилиб баён этиш катта аҳамият касб этади. Баъзи матнлардаги ғализликлар кўпинча фикрлар изчиллиги ва мантиқига мос келмайдиган ёки зид бўлган фикрнинг мавжудлиги, шунингдек, мавзудан четлаб кетиш ҳолларидан келиб чиқади. Шундай экан, ўқувчиларга мантиқ қонун-қоидаларини ўргатиш ва уларда фикрни матн тарзида мантиқан изчил қилиб ифода этиш кўникмаларини ҳосил қилиш асосий вазифалардан биридир.
Қуйи синф ўқувчилари учун содда ва қизиқарли асарлар, эртаклардек матнлар керак. Бу ёшдаги болалар учун яратилган матнлар атроф–муҳитни, ҳаётни билишга ва уни севишга ёрдам беради, мурғак қалбларнинг зеҳнини, онгини юксалтиради, турмушни содда ва ҳаққоний равишда тасвирлашга хизмат қилади, болаларнинг луғат бойлигини оширади, уларнинг нутқини ўстиради. Аниқ, равон, қизиқарли тилда ёзилган ҳар қандай асар ёки матн болаларга тез таъсир этади ҳамда улар томонидан осон ўзлаштирилади.
Бундан ташқари, барча турдаги матнлар учун умумий бўлган, шунингдек, ҳар бир турдаги матннинг ўзига хос бўлган фикрни боғловчи воситалар мавжуд. Биринчи жумладаги от туркумига оид сўзнинг ўрнида иккинчи жумлада олмош ишлатилиши, аммо, лекин, зеро каби зидловчи боғловчилар; шунинг учун, шундай экан каби сабаб-натижани ифодаловчи; бундан ташқари, шунингдек, жумладан, масалан каби қўшимча фикрни боғловчи; биринчидан, иккинчидан, учинчидан каби фикр изчиллигини кўрсатувчи воситалар шулар жумласидандир.
Оғзаки матн тузишда, шунингдек, имо-ишора, оҳанг, эҳе-е-е, вой, ҳа-а-а, А-а-а каби ҳис-туйғуни ифодаловчи воситалар, ёзма матнда эса бу воситалар билан бир қаторда тиниш белгилари ҳам жуда катта роль ўйнайди. Фикрни матн тарзида тўғри ифода этиш учун ўқувчи ана шундай воситалар ҳақидаги билимларни эгаллашгина эмас, балки уларни нутқий мулоқот жараёнида ўринли қўллаш бўйича амалий кўникмаларга ҳам эга бўлиши талаб қилинади.
Матнда, юқорида айтиб ўтганимиздек, фикрнинг услубан саводли қилиб баён этилиши, яъни матнда нутқ мақсади ва вазиятига қараб у ёки бу услубга хосланган сўз ва ибораларнинг қўлланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбек тили сўз, сўз бирикмалари ва гап даражасидаги бири-биридан услубий жиҳатдан фарқланадиган синонимларга ниҳоятда бой тиллардан биридир55. Шу боис ўқувчиларда уларнинг ҳар бирини матннинг услубий туригагина эмас, балки нутқий жанрига нисбатан ҳам тўғри қўллаш бўйича амалий кўникмалар ҳосил қилиш керак.
Фикрни матн тарзида ифодалашда ўқувчиларни юқорида тилга олинган барча талабларга риоя қилишга одатлантириш ва бу борада зарурий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида уларни мунтазам равишда матн тузиш бўйича машқ қилдириш яхши натижа беради.
Ўқувчиларнинг сўз бойлигини ошириш мақсадида дарсларда матнлардаги тарихий ва эскириб қолган сўзларни топиб, уларни ҳозирги кунда қўлланадиган синонимлари билан алмаштириш топшириғини бериш ҳам мумкин. Масалан: айтишмоқ - жанжаллашмоқ – сен-менга бормоқ; кузатмоқ – огоҳ бўлмоқ – кўз-қулоқ бўлмоқ кабилар.
Ўқувчилар сўз бойлигини ошириш мақсадида матн тузиш жараёнида синонимлардан ўринли фойдаланиш малакаси ҳам ўргатилади. Дарс давомида сўзларни синонимлари билан алмаштиришдан ташқари, синоним сўзларни ўзлаштиришга қаратилган топшириқлар берилиши мумкин.
Матндаги синонимик қаторни топиш, бу қатордаги сўзларнинг ижобий ва салбий маъноларини ажратиш, услубий бетараф сўзларни топиб, ундан матнда ўринли фойдаланиш каби топшириқлар шулар жумласидандир.
Ўқитувчи бундай топшириқларни аста-секинлик билан мураккаблаштира бориб, ўқувчиларни матн устида ишлашга ўргатиб боради. Жумладан, матндаги такрорий сўзларни бартараф этиш учун сўзларнинг синонимларини топиш, уларнинг маъноларини изоҳлаш каби топшириқларни бажаришни ўқувчидан талаб қилиш мумкин.
Ўқувчиларнинг сўз бойлигини ошириш учун биринчи навбатда улар билан ҳамкорликда матн устида иш олиб бориш керак. Матн танлашда ўқувчиларнинг ёш хусусияти ва билим даражасини эътиборга олиш бундай дарсларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Матн билан ишлаш жараёнида тузилган матн асосида саволлар бериш, суҳбат тарзидаги матнларни ролларга бўлиб ўқиш, матндаги тушириб қолдирилган ўринларни тўлдириш, сўзларни алмаштириш каби иш турлари ўқувчиларда амалий нутқ кўникмаларини ҳосил қилиши, уларда фикрни боғлиқли матн тарзида баён этиш малакасини шакллантиришга хизмат қилади.
Она тили дарсларида ўқувчиларда мустақил фикрлаш, ижодий матн яратиш кўникмаларини шакллантириш таълимнинг асосий мақсадларидандир. Шунинг учун ҳам, айниқса, кейинги йилларда она тили дарсларида мустақил ва ижодий ишларга катта эътибор қаратилган. Ўқувчиларда ижодий фикрлаш кўникмасини шакллантириш учун турли воситалар, усул ва манбалардан фойдаланилади. Булардан матн туздириш энг самарадор омиллардан биридир. Шунинг учун матн тузиш жараёнида ўкувчининг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида бу жараённи қуйидагича уч босқичга ажратиб ўрганган маъқул:
1-босқич: тасвирланган ҳолатга қадар бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар ҳақида билдирилган мантиқий фикр ва мулоҳазаларни ифодалаш;
2-босқич: тавсия қилинган расмдаги ҳолат тавсифи ва унга муносабатни ифодалаш;
3-босқич: мазкур ҳолатнинг давоми ҳақида ўқувчининг мустақил баёни. Бундай иш ўқувчи дунёқарашини кенгайтиради. Ўқувчилар воқеа-ҳодисалар кетма-кетлигига эътибор беради, улар ўртасидаги узвийликни қидиради. Бундай ижодий ишларни ташкил қилишда ўқувчиларга ижодий эркинлик берилади, уларда мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Ижодий матн яратишда таълимий ва тарбиявий, маънавий ва маърифий жараён бир бутунликни ташкил этади.
Шунинг сабабли ижодий матн учун танланган мавзу ва расмлар ўқувчиларда она Ватанга, табиатга, миллий анъана ва қадриятларга муҳаббат туйғуларини уйғотувчи характерда бўлиши мақсадга мувофиқдир56.
Мактабда адабий таълимнинг вазифаси ўқувчининг фақат назарий билимларни тушуниш ва ўзлаштиришга эришиш билан чегараланмайди, балки шу орқали уларни мустақил фикрлаш қобилиятига эга, маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баркамол шахслар қилиб тарбиялашни ҳам назарда тутади. Чунки маънавиятли бўлишнинг энг муҳим бир шарти бор - у ҳам бўлса ўқиш, билим олиш. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Ўқиб ўрганмасдан туриб маънавий камолот ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Матн танлашда ўқувчининг ёши ва қобилиятини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу матнларда ўзбекона мулозамат, урф-одат ва удумлар акс этган бўлса яна ҳам маъқул.
Ўқувчиларга оғзаки ва ёзма нутқни ўстирадиган, ўқувчини фикрлашга ундайдиган қизиқарли машқлар керак. Масалан, ҳадислардан парчаларни матн сифатида бериш мумкин. Ўқувчилар бу матнлар орқали мавзуни яхши ўзлаштириб оладилар. Тил ўқитишда биринчи ўринга грамматик қоидалар эмас, нутқий вазифалар қўйилиши керак. Бунда ўқувчилар пассив тингловчи бўлиб қолмай, балки билим олиш жараёнининг фаол иштирокчисига айланадилар.
Она тили дарсларида ўқувчиларга тилнинг ифода воситаларини сингдириб, унинг тасвирий ва аташ воситаларидан нутқ жараёнида самарали ва унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, фикрлашга, тафаккур қилишга ўргатиб бориш орқали улар тузадиган гапларнинг мазмундорлигини ошириш лозим.
Она тили дарсларида ўқувчилар қуйидаги муносабат билан гап тузадилар: 1) грамматик қоидага мувофиқ келувчи мисол келтирадилар; 2) топшириқ ёки машқ шартини бажарадилар; 3) баён ёки иншо ёзадилар, оғзаки ҳикоя қиладилар. Ўтилган ёки янги ўрганилган мавзуга оид мисоллар топиш (гап айтиш ёки тузиш) энг кўп тарқалган, ҳар бир машғулотнинг маълум бир қисмида албатта адо этиладиган иш туридир. Бевосита гап тузишга доир топшириқлар эса ҳамма вақт ҳам учрайвермайди. Баён ва иншолар муайян вақт оралиғида ўтказилади. Демак, мавзуга оид мисоллар айтиш асносида гап тузиш ҳар бир дарсда бажариладиган муҳим иш тури ҳисобланади. Айни шу машқлар ўқувчилар нутқ маданиятини шакллантириш борасида узлуксизлик ва узвийликни таъминлай олади, деб фараз қилиш мумкин. Бу нарса тўғри ҳамдир. Чунки бола ҳар бир дарсда мазмундор ва таъсирчан гап тузишни машқ қилиш имкониятига эга бўлади.
Ўқувчилар нутқининг таъсирчанлигини ошириш масалалари илмий-методик адабиётларда бирмунча ёритилган57. Нутқ деб таъкидлаганимизнинг боиси бор, албатта. Зеро, тадқиқотчилар асосан мазмундор ва таъсирчан нутқ ҳақида сўз юритганлар. Муаллифларда ўқитувчилар болаларни гап тузишга ўргатишда шу йўналишдаги назарий билимлар ва амалий тавсияларга амал қилишади, деган ўй бўлган бўлса керак. Лекин ўқитувчилар билан ўтказилган суҳбатлардан шу нарса маълум бўлдики, улар нутқнинг таъсирчанлигини ўстириш деганда кўпроқ болалар ёзадиган баён ва иншони назарда тутадилар. Биз мавзуга оид мисол айтиш чоғида тузиладиган матнларнинг таъсирчанлигига эътиборни кўчириш лозим, деган фикрдамиз. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, бу тадбир ҳар дарснинг имконият доираси саналади, бинобарин, унинг самараси беқиёс катта бўлишига шубҳа йўқ. Қолаверса, бу жараён болани мустақил фикрлашга тайёрлайди.
Инсон уйда эканлигида уй кийимида юради, ишга борганда бошқача, меҳмонга йўл олганда, байрам тантаналарида иштирок этганда яна ҳам бошқачароқ кийинади. Худди шунингдек, у уйда оила аъзоларига бир хил гапиради, кўча-куйда, ишхонада бошқача, тантаналарда, меҳмондорчиликда яна бошқачароқ сўзлайди. Кейингиларида жозибали нутқ соҳиби эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Бунга меҳмонга боришда ўз кийимларини алмаштирган сингари айтиладиган гапларни ҳам бошқача тузиш, мазмундор қилиш орқали эришади.
Методист олим Й.Абдуллаев ўзининг «Сўз ишлатиш ҳақида» деган мақоласида таъкидлашича, «Нутқнинг (оғзаки ва ёзма) таъсирчанлигини оширишда сўзни ўз ўрнида танлаб ишлатишнинг алоҳида аҳамияти бор. Ўз ўрнида ишлатилган ҳар бир сўз, бир томондан, тушунчани аниқ ифодалашга хизмат қилади, иккинчи томондан, услубий равонликни таъминлайди». Биз муаллифнинг фикрига гап (нутқ)нинг мазмундорлигига, таъсирчанлигига эришиш учун сўзни саралаб, фарқлаб, нутқ шароитига мослаб қўллаш керак деб қўшиб қўйган бўлардик.
А.Ҳ.Арипова нутқнинг жозибали чиқиши масалаларини тадқиқ этар экан, эътиборни лексик, морфологик, синтактик, бадиий воситаларнинг уйғун келишига қаратади. Чунончи, у нейтрал сўзлар ўрнида бўёқдор сўзларни ишлатиш, маънони бўрттириш мақсадида жуфт сўзли синтактик конструкциялардан фойдаланиш, уюшиқ бўлакли синтактик конструкцияларни қўллаш кабилар нутқнинг таъсирчанлигини оширади, маънони кучайтиради, деган аниқ тавсияларни баён этади58.
Синтактик жиҳатдан ҳосил қилинадиган тасвирий воситалар синтактик ёки услубий фигуралар деб юритилади. Услубий фигураларга антитеза, такрор, жим қолиш, инверсия, градация, кўп боғловчилик, анафора, эпифора, риторик сўроқ, риторик мурожаат каби тасвирий воситалар киради59.
Маълум бўлишича, таъсирчан матн тузишга доир билимлар ёлғиз она тили дарсларида ўтиладиган мавзулар бўлибгина қолмай ўқиш, адабиёт дарсларида ўрганиладиган маълумотлар билан чамбарчас боғланиб кетади. Демак, она тили дарсларида ўқиш билан ўқув фанлараро алоқа йўлга қўйилиши шарт. Она тили дарсларида ўрганиладиган қатор мавзулар таъсирчан матн тузиш учун асос бўлиши табиий. Ўқувчилар матн тузишдан олдин мазмунли гаплар тузишга ўргатилиши лозим. Ўқувчилардан шундай гаплар билан мисол келтириш талаб этиладиган дастлабки дарсда нутқнинг ширадорлиги, мазмундорлиги, бунга эришишда фойдаланиладиган тасвирий воситалар юзасидан қисқача маълумотлар бериш зарур бўлади.
Ўқитувчининг бу соҳада қиладиган дастлабки иши шундан иборатки, у ўқувчиларга ўтилган мавзу юзасидан мисол келтиринг ёки гап тузинг деб топшириқ бермасдан, балки мазмунли, таъсирий бўёққа эга бўлган мисоллар топинг ёки гап тузинг деб топшириқ шартини конкретлаштиради, яъни ўқитувчи одатда фойдаланиладиган топшириқ ва машқ шартларига муайян ўзгариш (ислоҳ) киритади. Албатта, “гап тузинг” дегандан кўра, дарслик машқларидан топинг деган маъқул, чунки кейингиси осонроқ. Ўқувчи машқ материалларидан дидига мос равишда таъсирчан гапларни ажратиш малакасини ҳосил қилиб борса, унда шундай жумлалар тузиш истаги ривожланади. Шунга кўра хам, аввал болалар бундай гапларни дарсликдаги илгарироқ бажарилган машқлардан, адабиёт дарсларида ўқилган бадиий асарлардан олишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўқитувчи ҳар бир ўтган дарсида ўқувчилар тузган гапларга эътибор бериши, ўқувчида мисол танлай билиш қобилиятини шакллантира бориши, дарсликдаги гаплар билан чегараланмасдан, уларда ўзи мустақил ҳолда гап туза олиш малакасини шакллантириши зарур бўлади. Бунинг учун мактаб ва олий ўқув юртларида матн таҳлили ёки таҳлилий ўқиш дарсларини жорий этиш зарур. Бу ҳақда фикр юритар экан, проф. И.Мирзаев қуйидаги ҳаққоний таклифни ўртага ташлайди:
“Филологик таълимнинг энг синалган ва самарали усули – матн таҳлили (таҳлилий ўқиш)дир. Чунки тилшунослик ёки адабиётшунослик қанчалик ривожланган бўлмасин, давр талаб қилаётган филолог кадрлар тайёрлашга қодир эмаслигини ҳаёт батамом исботлади. Бинобарин, фанларни бирлаштириш, бошқача айтганда, мазкур фанлар томонидан қўлга киритилган ютуқлардан матн таҳлилида кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун ўқув режасини тубдан янгилаш ва бунда асосий эътибор матннинг филологик таҳлилига қаратилиши лозим...”60.
Демак, ўқувчиларнинг сўз бойлиги уларнинг оғзаки ва ёзма нутқ даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади. Ўқувчининг луғат заҳираси қанчалик бой бўлса, у таъсирчан ифодаларни излай бошласа, ўз фикрини шунча равон ва ширали баён қила олади. Сўз бойлиги кам бўлган ўқувчи эса ўз фикрини ифодаловчи сўзларни топа олмаслиги ёки баъзи сўзларнинг маъносини билмаслиги натижасида услубий нуқсонларга йўл қўйиши ўз-ўзидан маълум.
Она тили ўқитиш концепциясида кўрсатиб ўтилганидек, бола ўз нутқининг ривожланишидаги муайян босқичда ўзининг ёши, тараққиёт даражасига кўра ўзгалар фикрини эстетик англаш эҳтиёжи билан боғлиқ ҳолда она тилидаги ифода-тасвир воситаларини ўрганишга ва ўз фикрини ифодалаш жараёнида эса уларни қўллашга ҳаракат қилади. Шу асосда ўқувчи ўзи ўқиган бадиий асар ёки тузган ижодий матнда тилнинг тасвирий воситаларидан фойдаланиш тингловчига эстетик завқ бағишлашига, унинг маънавий дунёсини бойитишига қатъий ишонч ҳосил қилади.
Зеро, сўз мулкининг султони Алишер Навоий айтганларидек, «Гўзал ва ёқимли, яна дил билан бир бўлган тил яхшироқдир; тилинг билан кўнглингни бир тут; тил тезлигидан (ўйламай гапиришдан) қийинчилик, турли маломат ва пушаймонликлар туғилади; тил ширинлиги кўнгилга ёқимлидир, унинг мулойимлиги эса фойдалидир”61.
Она тили дарсларида ўқувчида ижодий тафаккурни ўстириш, мустақил фикрлаш малакаларини чуқурлаштириб, ижодий фикр маҳсулини нутқ шароитига мос равишда оғзаки ва ёзма шаклларда тўғри, равон ифодалаш кўникмасини шакллантириб, улар тузадиган матнлар ёки гаплар таъсирчанлигини ошириш, мазмундорлигига эришиш муҳим аҳамият касб этади.
Давр билан ҳамнафас бўлиш, янгиликлардан моҳирона фойдаланиш асосида тил фанларини ўқитишда мавжуд дарслик ва қўлланмалар билан бирга матбуот, хусусан, газета материаллари муҳим роль ўйнайди.
Дарс жараёнида у ёки бу тил воситасининг хусусиятини ёритишда сарлавҳалардан фойдаланишнинг афзал томонлари беқиёсдир. Биринчидан, газета сарлавҳаси тез кўзга ташланади ва у газетхон диққатини бир зумда ўзига тортади. Иккинчидан, сарлавҳа сифатида энг мазмунли, равон сўз, сўз бирикмаси ва гап танланади62.
Маълумки, сўз тилнинг энг асосий ва марказий бирлиги сифатида аташ, яъни номинативлик, экспрессивлик вазифаларини бажаради. Сўзнинг ана шу вазифадарини тушунтириш, экспрессив бўёғини кўрсатишда газета сарлавҳасини мисол қилиб келтириш ва унинг матн билан уйғунлигини таҳлил қилиш билимни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Масалан, газеталарда босилган материалларни Оқибат. Эҳтиром. Ишонч. Саҳоват. Диёнат. Мурувват. Инқироз. Тазарру. Ваҳшийлик. Тошбағир. Ишбилармон. Фермер. Кичик бизнес. Хусусий тадбиркорлик. Аъло ўқиш – шиоримиз. Баркамол авлод орзуси ушалмоқда каби кўплаб сўз-сарлавҳаларни, сўз бирикмалари-сарлавҳаларни ва гап-сарлавҳаларни матн билан боғлаб, луғавий таҳлил қилиш дарс сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Сўз бирикмаси маълум тушунчани конкретлашган тарзда ифодалаб, номинативлик, эмоционаллик, экспрессивлик, услубий нозикликни таъминлашга хизмат қилади. Шу каби хусусиятларни ўргатишда газета сарлавҳаси кўргазмали восита ролини бажариши мумкин. Юқоридаги сарлавҳалар асосида ўқувчига матн тузишни топшириш мумкин.
Умуман олганда, ўқувчилар нутқини ўстиришда матн тузиш имкониятларидан фойдаланиш мураккаб илмий-услубий жараён бўлиб, ундан фойдаланишда ҳар бир ўқитувчи ўз тажрибаси, ўқувчиларнинг билим савиясидан келиб чиқиб иш тутиши лозим бўлади.
Назорат саволлари:
1.Матн ва унинг турлари ҳақида тушунча.
2. Оғзаки матн тузишда оҳанг ва имо-ишораларнинг ўрни.
3. Матн тузиш жараёни ва унинг уч босқичи ҳақида тушунча.
4. Она тили дарсларида ўқувчиларда мустақил фикрлаш, ижодий матн яратиш кўникмаларининг шаклланиши.
5. Матн тузишда тилнинг ифода-тасвир воситаларидан, услубий фигуралардан фойдаланиш усуллари.
6. Матн тузишга ўргатишда газета сарлавҳалари устида ишлашнинг аҳамияти.
-
МАТН УСТИДА ИШЛАШ БЎЙИЧА
ТАВСИЯ ВА НАМУНАЛАР
Таянч сўз ва иборалар: матн, матн тузиш, ўқувчилар нутқини шакллантириш, матнни ифодали ўқиш, матнни овозсиз, ичида ўқиш, матнни бўлакларга бўлиб ўқиш, матнни образларга бўлиб ўқиш, расм асосида матн тузиш, яратилган матн мазмунини ҳикоя қилиб бериш, ўқувчилар яратган матнлар таҳлили.
Ҳар қандай таълим жараёни педагогдан ижодий ёндашувни талаб этади. Хусусан, она тили таълимида боланинг билиш фаолиятини тўғри ташкил этиш, унинг ўзлаштириш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, уни мустақил фикрлашга йўналтириш лозим.
Матн тузишга ўргатишда ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Бунда ўқувчининг шахсий сифатлари бойиб, очилиб боради, унинг характеридаги ижобий қирралар ривожланади, ижобий тасаввур машқлари, кузатувчанлик, хотира, диққатни кучайтириш имкони пайдо бўлади, ўқувчи дарс давомида яратилаётган матн юзасидан онгли равишда мустақил фикр юрита бошлайди.
Ҳар бир инсон бирон - бир матнни ўқишга киришар экан, у ўзи ўқиётган матнни тушунишга ҳаракат қилади. Мактабда она тили ва адабий таълимдан мақсад ҳам ана шу тушуниш ва қизиқишни уйғота билишдан иборат.
Бунда матннинг номланиши (сарлавҳаси) катта аҳамият касб этади. Таълим жараёнида матннинг номланиши қизиқиш уйғотиши билан биргаликда уни ўрганиш учун ўзига хос ҳаракат механизми бўлиб хизмат қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, матн ҳақидаги маълумотнинг етарли бўлмаслиги билим олиш ҳамда матнни тушуниш жараёни уни ўқувчи томонидан идрок этилишига туртки беради. Ўқувчиларда мавжуд маълумотлар банкидаги бўшлиқни тўлдиришга интилиш эса уларда ана шундай қизиқишни уйғотади. Бундан келиб чиқадики, ўқувчи ўзидаги етишмаётган маълумотни излаши ўша матн номланиши (сарлавҳаси) билан бевосита боғлиқ бўлиб, бу ҳолат матнни тушуниш соҳасидаги кейинги жараён учун туртки берувчи механизм саналади. Демак, матннинг номланиши (сарлавҳаси) инсоннинг ўзидаги билимлар банкига мурожаат қилишга мажбур этади. Таққослаш натижасида эса, ана шу матн учун керакли ёки йўқ деган саволга жавоб бериш билан тўхтатилади ёки давом эттирилади. Шу билан бирга айнан ана шу матн номланиши билан инсон ўзидаги билимларни таққослаши натижасида ўзининг изланаётган муаммо ҳақидаги тасаввур доирасини аниқлайди. Ўз навбатида матннинг номланиши билан танишиш матн билан ўқувчи ўртасида мулоқот бошланганлигини билдиради. Матн билан мулоқотга киришилганда қуйидагилар намоён бўлади: а) пайдо бўлган саволга матнда яширинган жавобни излаш ва топиш; б) матннинг кейинги мазмунини таҳлил қилиш ҳамда бу таҳлилни текшириш. Шу асосда матнга қўйиладиган талаблардан бири келиб чиқади, яъни матнда ўқувчи билан мулоқот қилиш учун барча талаблар эътиборга олинган бўлиши лозим. Бунинг маъноси шуки, матнда очиқ ёки яширин саволлар мавжуд бўлиши ҳамда ана шу саволлар тахминий жавобларни ўзида жамлаган бўлиши керак. Албатта, бу мулоҳазадан барча матнлар бир хилда бўлиши лозим, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.
Ҳар бир матн билан мулоқот якуний мулоҳаза билан тугайди. Якуний мулоҳаза қилиш эса матндаги асосий ғояни ўқувчилар томонидан тушунганликни англатади.
Бошланғич синфлардан бошлабоқ ўқувчилар матн ва унинг ўзига хос хусусиятлари билан танишиб борадилар. Улар маълум соат давомида гап ва матнни ўзаро қиёслаб, матннинг ўзига хос хусусиятлари устида ишлайдилар, матнни қисмларга ажратадилар, унга сарлавҳа қўядилар, берилган матнни овоз чиқариб ёки овоз чиқармай ўқиш малакаларини ҳосил қиладилар. Дастурга киритилган мазкур материаллар матн ҳақида умумий маълумот ҳосил қилиш имкониятини яратади. Ўқувчилар қуйи синфдан бошлаб, матн ҳосил қилиш учун гапларни мазмунан бир-бирига боғлаш лозимлигини, матнни қисмларга ажратиш мумкинлигини, бир матнга бир неча сарлавҳа топиш, ёзилган матнни қайта ишлаш мумкинлигини билиб оладилар.
Дастур талабига кўра ўқувчиларга берилган расмлар асосида оғзаки ҳикоя (матн) тузиш, берилган матнни ўқиб, унинг мазмунини сўзлаб бериш, саволларга жавоб бериш орқали матн ҳосил қилиш, бошланиш қисми мавжуд матнни давом эттириш, берилган шеърий матн мазмунини насрий йўл билан баён қилиш, кўрган, кузатган эшитган воқеа-ҳодисаларнинг мазмунини сўзлаб бериш, уй ҳайвонлари, қушларнинг таснифини матн сифатида яратиш каби малакаларни ҳосил қиладилар. Бу вазифаларнинг ҳар бири ўзига хос ёндашувни талаб этади. Масалан, мавжуд саволларга жавоб бериш орқали матн тузиш топшириғини олиб кўрайлик. Китобда берилган ёки ўқитувчи томонидан қўйиладиган саволлар ўқувчининг бу топшириқни бажариши учун ўзига хос ёрдам вазифасини ўтайди. Масалан, «Қовун» мавзусида матн тузиш учун ўқувчиларга қуйидаги саволларга жавоб излаш вазифаси топширилиши мумкин:
1. Сиз қовун ҳақида нималарни биласиз?
2.Бизда асосан қовуннинг қандай турлари етиштирилади?
3. Ўзбекистоннинг қайси вилоятларида кўпроқ қовун экилади?
Бу саволларга аниқ ва асосли жавоб топган ўқувчиларнинг “Қовун” мавзусида матн тузишлари жуда осон кечади.
Ўқувчилар нутқини шакллантириш тушунчаси ўзида, биринчидан, ҳар бир товуш, бўғин, сўз ва сўз бирикмаларини тўғри талаффуз қила олишни, иккинчидан, муайян луғат бойлигига эга бўлиш ва ундан фойдалана олишни, учинчидан, саводли ёза олиш кўникмасига эга бўлишни қамраб олади.
Ўқувчилар нутқини ўстириш она тили ўқитишнинг, шу жумладан, ҳар бир дарснинг ҳам мақсадидир. Демак, ўқитувчи томонидан дарсда қўлланиладиган барча иш турлари ўқиш, ёзиш, грамматик қоидаларни ўрганиш, савол-жавоб, суҳбат, ҳикоя, гап тузиш, матн яратиш кабилар, шубҳасиз, ўқувчилар нутқини ўстиришга йўналтирилган бўлиши керак.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
1. Ўқувчилар нутқини шакллантиришнинг биринчи шарти уларни ўқиган, эшитган нарсасини англашга ўргатишдан иборат, чунки бу нарса нутқ маданиятини эгаллаш ва уни ривожлантиришга хизмат қилади63. Агар дарс давомида ўқитувчи матнни ўқиб эшиттирса, бу жуда чхши самара беради.
2. Ўқувчилар нутқини ўстиришнинг яна бир шарти, уларни тўғри талаффузга ўргатишдир. Тўғри талаффуз қилишни билган болагина аста-секин тўғри ёзиш кўникмаларига ҳам эга бўлиб боради. Шунинг учун дастлаб ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ўстиришга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Бу эса ўқитувчи зиммасига ниҳоятда талабчанлик вазифасини юклайди. Бунда ўқитувчидан ўқувчилар нутқини бардош билан назорат қилиш, талаффуз ва имло устида изчил ва тинимсиз ишлаш талаб қилинади.
Ўқувчиларнинг нутқини ўстиришда матнни ифодали ўқитиш ҳам яхши самара беради. Бунинг учун ўқитувчи ўрганилиши мўлжалланган матнни талаффуз қоидалари асосида аввал ўзи ифодали ўқиб кўрсатади, сўнг ўқувчиларга ҳам бирма-бир ўқитади64. Ўқувчиларга матнни ифодали ўқитишда қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:
-
Матнни якка усулда ўқитиш.
-
Матнни биргаликда ўқитиш.
-
Матнни овоз билан ўқитиш.
-
Матнни овозсиз, ичида ўқитиш.
-
Матнни бўлакларга, кичик-кичик парчаларга бўлиб ўқитиш.
-
Матнни образларга бўлиб ўқитиш ва бошқалар.
Матнларни бундай усулларда ўқитиш орқали нутқ ўстириш учун ўқитувчи дарсга мўлжалланган ўқув материалларини дарсликдан ёки турли қўлланмаларда, матбуот саҳифаларида келтирилган матнлардан танлаши мумкин.
3. Танланган матнлар узвий бирликни ташкил қилса, шунинг билан бирга боланинг ёшига мос, ахлоқий матнлар бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки дарс жараёнида ўқувчиларнинг боғланишли нутқини ўстириш асосий вазифадир. Бунинг учун уларни атрофдаги нарса-ҳодисаларни, кишиларнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятини кузатиш, таққослаш, улар ўртасидаги умумийлик ва ўзига хосликни идрок қилишга ўргата бориш керак бўлади.
Нутқни ўстиришнинг саналган усулларидан яна бири ўқилган матн ёки ўқитувчи ҳикоясини ўқувчиларга қайта ҳикоя қилиб бериш ёки уларни қайта гапиртиришдир.
Қайта ҳикоя қилдириш усули икки хил бўлиб, матнга яқин ҳикоя қилиш ёки ўз сўзлари билан ҳикоя қилишдан иборатдир. Ўқувчиларни дастлабки дарслардан бошлаб ўқиган ёки эшитган нарсаларини ўз сўзлари билан (тушуниб) қайта ҳикоя қилишга ўргатиш керак. Бунда танланган матнни қуйидагича ўзлаштириш мумкин:
а) матнни ўз номидан ҳикоя қилиб бериш;
б) матнни иккинчи шахс номидан ҳикоя килиш;
в) матн ҳақида кўпчилик номидан гапириш кабилар.
Шунинг билан бирга ўқувчиларга дарс давомида оғзаки равишда матн туздириш мумкин. Оғзаки равишда матн тузишда ёки кўрганларини оғзаки баён қилдиришда қуйидаги шакллардан фойдаланиш яхши натижа беради:
а) муайян сўзлардан (бу сўзлар олдиндан берилади) фойдаланиб, ўқувчига ўз қишлоғи, мактаби, дўстлари ҳақида ҳикоя қилдириш;
б) ўқувчи кўрган киноси ёки ўқиган бадиий асари ҳақида қисқа матн яратиши лозим бўлади;
в) ўқувчига ўзида чуқур таассурот қолдирган воқеа-ҳодисани кичик матн шаклида ҳикоя қилдириш;
г) ўзаро спорт беллашуви, спорт майдонидаги кураш ҳақидаги таассуротларни ўқувчига матн сифатида ҳикоя қилдириш ва бошқалар.
Мана шу юқордаги усуллар ёрдамида матнга ёндошув ўқувчиларни матн воқеаларига жуда тез қизиқтиради, ҳамда уларнинг ёдида яхши сақланади. Шунинг учун ҳам бундай қизиқарли ҳодисалар бўйича ўқувчиларни гапиртириш, уларни матн тузишга ўргатиш анча енгил бўлади.
Расм асосида матн яратишда дастлабки суҳбат катта аҳамиятга эга. Суҳбат расмни ўқувчилар бир-икки минут мустақил кузатиб, унинг мазмуни ҳақида бирмунча тасаввур ҳосил қилганларидан сўнг ўтказилади. Бу суҳбат расмнинг асосий мазмунини тушуниб олишга ёрдам бериши керак. Баъзан расмда бир-икки эпизод тасвирланган бўлади. У ҳолда ўқувчилар расм мазмунини кенгайтиришлари керак. Мазмуни кенг расмлар юзасидан ҳикоя ёзиш учун материал тўплашда бошқача иш тутиш ҳам мумкин. Бунда оғзаки матн тузишда расмлардан фойдаланиш ҳам яхши натижа беради. Бунинг учун ўқитувчи дарсда мазмунли расмлардан фойдаланиши, бу расмда ифодаланган тасвир мазмунини аввал ўқувчиларга тушунтириши, улар билан савол-жавобга асосланган суҳбат ўтказиши, шулар асосида расм мазмуни ҳақида ўқувчиларнинг маълум тушунчага эга бўлишини таъминлаши керак бўлади.
Ўқитувчи бундай вазифаларни бажараётганда қуйидагиларга риоя қилиши лозим:
а) ўқувчилар оғзаки равишда гапириб бераётган матнларни сабр-тоқат билан тинглаш;
б) матнларни оғзаки ҳикоя қилаётган ўқувчиларнинг ютуғини таъкидлаб, рағбатлантириб бориш, уларнинг хато ва камчиликларини эса жуда эҳтиёткорлик ва мулойимлик билан тузатиб бориш;
в) агар ўқувчи расмда кўрган нарсаси орқали оғзаки матн тузишга қийналса, унда ўқитувчи йўналтирувчи саволлар билан унга ёрдам бериши зарур бўлади.
Дарс давомида ўқувчиларга бундай характердаги матнлар туздириш уларнинг тез фикрлайдиган, ҳозиржавоб, сўзга чечан бўлишига ёрдам беради. Шунинг билан бирга ўқувчилар дарс давомида ўқитувчи кўмагида расм асосида ёзма матн яратиши ҳам мумкин. Берилган расм асосида уч-тўрт гапли матн тузиб, унга сарлавҳа топиш вазифаси ҳам ўқувчиларга топширилса, бундай усул уларни матн тузишга бўлган қизиқишини янада орттиришга хизмат қилади.
Ўқувчиларни бундай расмлар жуда қизиқтиради, сабаби болада янгиликка ўчлик ҳисси кучли бўлади. Шу билан бирга ўқитувчи томонидан танланган бу расмлар унинг қизиқишига, ўйинига жуда яқин туради. Шу сабабли ўқувчилар қийналмасдан мустақил равишда шунга яқин мазмундаги матн яратишади. Қуйида ўқувчилар тузган ана шундай матнлардан бирини намуна сифатида келтирамиз:
Компьютер хонасида
Бизнинг мактабимизда компьютер хонаси бор. Биз ҳар куни дарсдан бўш пайтларимизда компьютер ўрганиш учун мана шу хонага борамиз. Компьютер ўқитувчимиз бизга ҳар томонлама ёрдам беради. Катта синф ўқувчилари эса ҳар бир дарсда компьютерда ишлайдилар.
Дарс жараёнида матн тузиш ва берилган матн устида ишлашни ҳар хил кўринишда ташкил қилиш мумкин. Масалан: дарсда «От» мавзуси ўтилгандан кейин ўқувчиларга «Алишер Навоий» мавзусида кичкина матн тузиш вазифаси топширилса, улар 15 дақиқа ичида мана шу мавзуга оид матн тузадилар, кейин уларга ана шу матндаги от туркумига оид сўзларни топиш вазифа қилиб топширилади. Ўқувчилар матн ичидаги Алишер Навоий, Ҳирот, Ғиёсиддин кичкина, шоир каби отларни аниқлашади. Бундай мавзудаги матнлар орқали бола ҳам тарихий шахслар ҳақида маълумотга эга бўлади, ҳам ўқувчининг ёзма нутқи ҳар жиҳатдан ўсади.
Бундан ташқари ҳар бир дарсда бир-бирига ҳеч кандай алоқаси йўқ бўлган 4-5 та сўз бериб, шу сўзлар асосида боғланишли матн тузиш вазифаси ўқувчиларга топширилиши мумкин. Ўқувчилар мана шу сўзлар асосида матн тузишади.
Тузилган матнда, албатта, узвий бир воқеа ифодаланиши ёки ҳикоя тасвирланиши керак.
Ёки ўқувчиларга бир-бирига умуман алоқаси бўлмаган 3-4 та сўз ёзиб берилади ва шу сўзлар асосида бирор воқеани ифода этадиган матн тузиш ва унга сарлавҳа топиш вазифаси топширилади. Бундай вазифани ҳам дарс давомида 10-15 дақиқа ичида бажариш мумкин. Масалан, тоғ, дада, ўқувчи каби сўзларни бериб, ўқувчиларга матн тузидириш мумкин. Ана шундай вазифани бажариш жараёнида ўқувчилар томонидан яратилган матнлардан намуналар:
1-ўқувчи:
Тоғда
Менинг дадам шофёр бўлиб ишлайди. У ўз машинасида тоғдан тош олиб келади. Бир куни мен ҳам дадам билан тоққа бордим. Тоғни мазза қилиб томоша қилдим. Баҳор фаслида тог жуда ҳам чиройли бўлар экан. Тоққа қилган саёҳатимнинг таассуротларини келиб синфимиз ўқувчиларига айтиб бердим.
2 -ўқувчи:
Музқаймоқ
Кеча якшанба бўлгани учун дадам билан шаҳарга бордик. Шаҳарни маза қилиб айландим, истироҳат боғини ҳам тамоша қилдим. Шаҳарга борганда ҳамиша музкаймоқ емасдан кайтмайман. Бу гал ҳам тўйгунимча едим Дадам қаршилик қилса ҳам яна иккитасини едим. Шундай қилиб, уйга келгандан кейин иситмам чиқиб, касал бўлиб қолдим. Натижада синфимиз ўқувчилари билан тоғ сайрига бора олмай қолдим. Энди бўлса ҳамма вақт катталарнинг айтганини қиламан, деб ўзимга сўз бердим.
Мана шундай матнлар ўқувчи болаларни ўйлашга ва чуқур фикр юритишга, ўзининг номаъқул хатти-ҳаракатларидан уялишга мажбур қилади. Шунга кўра дарс давомида ўқувчиларга ана шундай тарбиявий аҳамиятга молик матнлар туздириш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, ўқувчиларга қуйидаги мавзудаги матнлар бериб, уларнинг фикрлаш қобилиятини дарс давомида синаб кўриш мумкин. Масалан, «Феъл» сўз туркумини ўтиб бўлгандан кейин ўқувчиларга «Анвар йиғлаб юборди…» мавзусида матн тузишни топшириш мумкин. Ана шу дарслар давомида ўқувчилар тузган матнлардан айрим намуналар:
1-ўқувчи:
Анвар йиғлаб юборди…
Она тили дарси эди. Ўқитувчимиз барчамизнинг китоб, дафтарларимизни кузатиб чиқди. Лекин Анвар дафтарини олди-ю, китобини олмади. Ўқитувчимиз китобни сўраганда, Анвар индамай тураверди. Шунда ўқитувчимиз унга сумкасини олишни буюрди. Анвар сумкасидан секингина китобини олди. У китобининг муқовасини йиртиб-чизиб ташлагани учун яшириб ўтирган экан. Ўқитувчимиз Анварга ҳеч нарса демади, лекин у китоб билан боғлиқ ҳикоятни айтиб берди. Анвар эса нима қилишини билмай уялганидан йиғлаб юборди.
Достарыңызбен бөлісу: |