Ҳозирги кунларда замонавий адабий оқимларнинг ривожланиш масаласи жаҳон адабиёти тарихида муҳим аҳамият касб этади



бет5/9
Дата21.06.2016
өлшемі0.61 Mb.
#152712
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Авангардизм (французча сўздан олинган) — ХХ аср санъати ва адабиётидаги сўл оқимларни ифодалайди. Германиядаги экспрессионизм Чехословакиядаги авангардларнинг турли кўринишларидир. Бу оқимнинг юзага келиши биринчи жаҳон уруши ҳамда империалистик тизим таназзулининг бошланиши билан боғлиқдир. Ижтимоий шарт-шароитларга қарши бадиий ифода шакллари орқали кураш олиб бориш авангардизм тарафдорларини реалистик методдан чекинишга олиб келди. Улар буржуа маданиятига қарши кураш олиб бордилар. Кўпгина авангардистлар ўз мамлакатларидаги ишчиларнинг революцион курашларини олқишладилар. Сиёсатда улар тасодифан, стихияли фаолият ҳаракатларига таяндилар. Ҳозирги пайтда кўпгина буржуа авангардизми мактаблари бирлашиб, неоавангардизм (янги авангардизм) оқимини юзага келтирдилар ва улар социализм, реализм санъатига қарама-қарши оқим ҳисобланади. Улар реализмдан воз кечиб, атрофдаги ижтимоий ҳолатга қарши чиқишади ва бу уларнинг асарларида тил воситалари, бадиий услуб орқали ўз аксини топди (сўз тартиби бузилади, янги сўзларни киритишади, асосан бу — қаршилик, изланиш, янгилик).

Ҳинд декадентларининг асарларида ҳалокатга маҳкумлик ва умидсизлик, жамиятнинг ижодий кучларига ишончсизлик муҳити ҳукмронлик қилади. Улар жинсий, шаҳвоний мавзуларга мурожаат қиладилар, руҳияти бузилган инсонни ўз қаҳрамони сифатида танлайдилар, ноодатий, бадиий шаклларни қидириш билан шуғулланадилар. Бенгал ёзувчилари Норешчондро Шен Гупто, Жибонанондо Даш, урду ёзувчилари Миражи, Н.М. Рашид ва бошқаларнинг асарларида инсон шафқатсиз бузуқ воқеликнинг босими остидаги кучсиз, ҳимоясиз зот сифатида тасвирланади. Бал Ситарам Мардхекар маратхи адабиётида шу каби тенденцияларнинг асосчиси (ташаббускори) бўлиб ҳисобланади. Бу ёзувчиларнинг орасида Фрейднинг қарашлари тарқалмоқда. Муҳаммад Ҳасан Асқарий ва Мумтоз Муфтий урду адабиётида уларнинг тарғиботи билан шуғулландилар. Таниқли ҳиндий насршуноси Агьей Ҳиндистонда фрейдизмнинг фаол оммалаштирувчиларидан бири бўлган.

Гужаротнинг машҳур адабиёт арбоби, “Бхаратия Гьянпитх” мукофоти соҳиби Умашанкар Жошининг сўз юритишича, ҳинд адабиётидаги катта камчилик шундан иборатки, ўзларини “яхши авлод”, “баджаҳл ёш одамлар”, “янги” деб атайдиган ёзувчиларнинг турли гуруҳлари ҳозирги замонавий долзарб саволларга жавоб бера олмаётганликлари сабабли ғазабланиш ва ишончсизликка берилиб кетади.

Таниқли ҳинд адабиётшуносларининг айтишича, замонавий адабиётда декадентлик тенденциялари ҳинд маданий анъаналарига бегонадир. “Кўп ҳолларда бундай исён замонавий адабиётда пақилдоқнинг портлашига ўхшайди”, — деб ёзади, Шринивас Айенгар.

Ҳинд адабиётшунослари экзистенциализм воқеликни бадиий англаш имкониятларини муҳокама қилаётганлигига янада кўпроқ ишонч ҳосил қилмоқдалар. Инсоннинг жамиятдан узилиши илғор жамоатчиликни кўпроқ қаноатлантира олмайди. Бу санъат аста-секинлик билан адабиётда кечаги кунга айланмоқда. Масалан, Прабхакар Мачве шундай деб таъкидлаган эди: “Ҳиндистонда экзистенциалистик романнинг оммавийлиги аллақачон камайиб бормоқда”.

Вақт бу фикрнинг адолатли эканлигини исботлаб берди, чунки адабиётнинг миллий хусусиятларидан, маданий анъаналаридан, юқори ахлоқлиликдан воз кечиш ҳеч бир яхшиликка олиб келмайди. Аслини олганда, модернизм ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ўзгартириш имкониятларига ишонмайди. Бу масала эса Ҳиндистон учун биринчи даражали муҳим масаладир. Бироқ ҳинд адабиётидаги модернистик тенденциялар ўз ўринларини осонлик билан бўшатиб бермайди. Далилларга кўра, мамлакатда уларнинг тараққиёти учун зарур бўлган шароит мавжуд бўлиши давом этмоқда.

Шундай қилиб, замонавий Ғарб адабиётининг Ҳиндистон адабиётига таъсири — мураккаб, қўп қиррали жараёндир. У ҳам йўқотишларга, ҳам ютуқ ва кашфиётларга олиб келади. Бу ҳақда кўплаб адабиётшунослар сўз юритмоқдалар. Масалан, Сажад Зохир шундай деб ёзган эди: “Бугунги кунда биз қандай қилиб Марсель Пруст, Жеймс Жойс ёки Кафка... Сартр, Камю, Шолохов, Хемингуэй, Фолкнерларни эътиборга олмаслигимиз мумкин? ХХ асрнинг бошларига хос бўлган эскича услублар билан ёзишнинг имкони қолмади”.

Тараққийпарвар ҳинд адабиётшунослари Ғарбнинг замонавий буржуа маданиятининг ҳинд адабиётига таъсирининг салбий оқибатларига қарши чиққан ҳолда, барча нуқтаи назарларни ҳисобга олиб, бу муаммога ёндашмоқдалар. Модернистик оқимлар ҳикоянависликка камроқ таъсир кўрсатди. Турли ҳинд адабиётларида модернистик эстетикани бу жанрга (“антиҳикоя”, “интеллектуал ҳикоя” ва ҳ.к.) ҳам таъсири кузатилди, бу эса қизиқарли, муҳим асарларнинг яратилишига олиб келмади.

Модернистик қарашларни қабул қилувчи ҳолатда иштирок этувчи ҳинд ёзувчиларининг ижоди хилма-хиллик ва қарама-қаршилик билан ажралиб туради. Турли ғоявий-эстетик қарашларга эга бўлган адабиётшунослар ўзларини “эксперименталистлар”, “янги шоирлар”, “антишоирлар” ва бошқалар қаторига киритадилар. “Уларнинг орасида, — ёзади Ш. Айенгер, — ёш шоирлар мавжуд, ҳамда чигалликни замонавийлик белгиси деб ҳисоблайдиган шоирлар ҳам мавжуд. Баъзилари индивидуал символизмга мурожаат қиладилар ёки Ауробиндо Гхошнинг тасаввуфига риоя қилмоқдалар ва ҳ.к.”.

Лекин, турли хил модернистик, “эксперименталистик”, авангардистик оқимларга киритиладиган бир қатор ёзувчилар ҳам ўз ижодларида ижтимоий қарама-қаршиликларни фош этишмоқда. Уларнинг дадил тажрибалари, бадиий ифода этишнинг янги шакллари ва воситаларининг изланишлари қизиқарли кашфиётларга олиб келади. Улар адабиётда жасур новаторлар, янги йўлларнинг кашшофлари сифатида иштирок этадилар. Бундай турдаги ёзувчилар қаторига Г.М. Муктибодх киритилади.


Амалий машғулот учун саволлар:
1. Неореализм қачон пайдо бўлган?

2. 60–70-йиллар ва неореализмнинг белгилари?

3. “Замонавийлик” ва адабиёт?

4. Декадентлик оқимининг хусусиятлари нимада?

5. Авангардизм белгилари нималардан иборат?

6. Ҳиндистонда модернизмга оид адабиёт қандай ривожланиб бормоқда, унда қандай ёзувчилар гуруҳи кузатилади?


Адабиётлар:
1. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.

2. Сенкевич А.Н. Общество, культура, поэзия. М., 1989.

3. Новые художественные тенденции в развитии реализма на Западе. 70-годы. М., 1982.

4. Современные литературы Зарубежного Востока. М., 1979.

5. Современные проблемы реализма и модернизма. М., 1965.

6. Утехин Н.П. Жанры этической прозы. М., 1982.

7. Ўзбек модерн шеърияти. Т., 2003.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. Неореализм ва реализм.

2. Неореализмга оид асарлар ва вакиллар.

3. Декадентлик оқими вакиллари ва авангардизм.

1.10. “Янги шоирлар” ва “янги шеърият”


Таянч иборалар:

Изланиш, тараққийпарварлик, синтез, сиёсий жиддийлик, янги услублар, ҳис-туйғулар.
“Янги шеърият” оқими шахсий ҳиссиётлар эстетика йўлидан кетишни тарк этади ва замонавий Ҳиндистоннинг ижтимоий ҳаётини барча нарсадан устун қўяди.

“Янги шеърият” — бу шахс ҳуқуқи учун курашдир, аниқроқ қилиб айтганда, “шахсиятни ёритиш” учун, уни анъанавий фикрлаш ва эскириб қолган урф-одатлардан озод бўлиш учун инсонларнинг онги учун курашдир. “Янги шеърият” замонавий сиёсий, ижтимоий, маиший ва бошқа масалаларни муҳокама қилади.

60-йиллардаги ҳинд шеърияти ҳинд танқидчилари доирасида “янги шеърият” деб аталди ва ҳақиқатан ҳам, ҳинд ёзувчи ва шоирларининг кўп қисми ўзларини ушбу йўналиш вакили деб ҳисоблайди. Машҳур ҳинд адабиётшуноси ва шоири, Ҳиндистон Адабиёти Академияси муовини Прабхакар Мачве шу масалага эътибор бериб, 60-йиллардаги ҳинд шеъриятининг 60 фоизи “янги шоирлар” ижодларидан ташкил топган деб таъкидлайди. Ушбу машҳур “янги шоирлар” қуйидагилардир: Рагхувир Сахай, Сарвешвар Даял Саксена, Муктибодх, Кайлаш Важпей, Б. Сингх Шамшер, Падмасинх Шарма, Камлешвар, Ражив Саксена, Винод Кумар Шукла ва Ашок Важпейдир. Сарвешвар Даял Саксена, Муктибодх, Ражив Саксена ижоди тўғрисида кўплаб илмий ишлар қилинган ва улар ҳақида барча маълумотлар мавжуд.

Ҳинди адабиётида “янги шеърият” атамасига тўхталган ҳолда, ҳиндшунос М.Л. Салганик қуйидагича қайд этади: “Янги шеъриятни озод Ҳиндистоннинг дастлабки авлоди яратди, ёш шоирлар эса Агъей (1911 йилда туғилган) ва Муктибодхни (1917-1964) ўзларининг маънавий устозлари деб ҳисоблайдилар. Айтиш мумкинки, Агъей ва Муктибодх ўз шеърларида “янги шеърият”дан аввалги ҳинди шеъриятидаги икки оқимни — “изланиш” (прайогвад) ва “тараққийпарвар” (прагативад)нинг энг муҳим хусусиятларини ёрқинлик билан очиб кўрсатдилар. Ҳам “тараққийпарвар”, ҳам “изланиш” вакиллари шеъриятни демократлаштириш, шеърий тилни сўзлашув тили билан яқинлаштириш, образларнинг замонавий тизими, янги оҳангдорлик томон бордилар, бироқ “тараққийпарвар” шеърият шоирнинг омма билан қўшилишини, “изланиш” шеърияти эса — шахсиятнинг очиб берилишини кўпроқ талаб қилган. Яъни, “янги шеърият” мазкур икки оқимни ўзида синтез қилган: изланишдан инсоний ҳис-туйғуларнинг энг нозик жиҳатларига бўлган синчковлик, тараққийпарвар шеъриятдан эса сиёсий кескинликка эътибор берган ҳолда, “янги шеърият” 60-йилларда ёш Ҳиндистоннинг тимсолига айланди.

Муктибодхнинг ўлимидан сўнг нашр этилган “Янги адабиёт эстетикаси” номли китобида демократик қанотдаги ҳинди тилидаги “янги шоирлар”нинг реалистик услуби ишонарли қилиб исботланган. Муктибодх фикрича, “янги шоир” учун кундалик ҳаётда мавжуд бўлган характерлар муҳимдир.

Ижтимоий воқеликларни ва вақтни шахсий ҳаёт орқали кўрсатиш услуби — “янги шеърият”нинг асосий қоидаларидан бирига айланди. Шунинг учун “янги шоирлар” тушунарли тилга, кечинмаларнинг ишончлилигига интилдилар ва кейинчалик шеърий тил “янги шеърият”да сўзлашув оҳангига эга бўлди; ўхшатма ва истиоралар кундалик ҳаётдан олинди. Кайлаш Важпейи Москвага ташриф буюрган вақтида шундай деган эди: “Биз замонавий тилни, кўчаларда ҳаракат қилаётган омма тилини шеъриятга киритишга ҳаракат қилишимиз билан шеъриятнинг олдинги авлодидан фарқ қиламиз”.

Баъзи ҳолларда “янги шоирлар”нинг шеърлари инглизча сўзлар, шаҳар аҳолисининг сўзлашув нутқи билан тўлиб тошган. Уларнинг ёнида санскрит сўзлари ҳам учрайди. Баъзида юқори услубдаги сўзлар клерк, талаба, газета ташувчиси, майда савдогарларнинг нутқидан олинган жаргон сўзлари билан чатишиб кетади. Юқори услубнинг пасайиши — “янги шеърият”нинг оддий стилистик услубидир. Маиший лексикага мурожаат қилиш “кичик инсон”нинг қиёфасини кўрсатишга имкон беради, бироқ “янги шоирлар”нинг бу билан шеърият тилининг бадиий ифодасини сезиларли даражада камайтиради.

Ҳинди адабиётининг “янги шоири” Шрикант Варманинг 1971 йилда “Алочна” (“Танқид”) журналида чоп этилган “Замонавий ҳинд оғзаки ва ёзма адабиётининг таназзули” номли мақоласида шоир ушбу таназзулнинг сабабини “янги шоир”нинг китобхон билан мулоқотда бўлганида кўпинча ижобий идеалнинг мавжуд эмаслигида кўради.

Шрикант Варма замонавий ҳинди адабиётининг инқирози сабабларини қидиради ва унинг фикрича, “ёзувчи ёки Ҳиндистонни севади, ёки ундан нафратланади, бироқ буни тушунишга ҳаракат қилмайди”. Ҳиндистоннинг ўтмишини ташлаб юбориб бўлмайди, у билан бирданига ҳисоб-китоб қилиб бўлмайди. У рамзийлик орзуларнинг манбаси бўла олмайди, уни оддий унутиб юбориб ҳам бўлмайди.

Сарвешвар Даял Саксенанинг “Ушбу ўлик шаҳарда” шеърида қаҳрамон ҳаёт ташвишларини ўзининг кучсиз елкаларида кўтариб юрганлиги тўғрисидаги мисралар жуда ҳам машҳурдир. Кайлаш Важпейи эса халқнинг азоб-уқубатларини, улардан қочиш имкониятининг йўқлигини кўрсатиб беради: “Шамоллаш, иситма, қичима, очлик қийнаб қўйган бу инсонларни”. “Янги шоирлар” аниқ савол қўймоқдалар: “Кимга лаънат ўқисам экан — похол ёпилган томгами, шамолгами ёки ақлдан озган дунёгами?” Кайлаш Важпейи ўзининг “Чиқиш қаерда?” номли шеъри билан китобхоннинг шундай хулоса чиқаришига олиб келади.

Демократик қанотнинг “янги шоирлари” асарларида ижтимоий муаммоларга қаратилган диққат, эътибор кузатилади. Атроф-муҳитни, унинг барча мураккабликларини англаб олишга бўлган интилиш инсон ва унинг дунё билан ўзаро муносабатлари мавзусида ўз аксини топмоқда. Буларнинг лирик қаҳрамони — ўзининг атроф-муҳитдаги ҳаётда иштирок этиш тўғрисида фикр юритаётган қаҳрамондир.

Шамол, довул, бўрон образлари ўрта асрлардан бошлаб замонавийликка, ўзи билан мустақилликни олиб келган эркинликка бўлган интилувчан ҳатти-ҳаракатларни тасвирлаб беришга ҳамроҳ бўлган. Бироқ бу образ Сарвешвар Даял Саксенанинг шеърияда ўзгарди. С. Саксена буни қуйидагича тушунтиради: “боғлаб қўйилган шамол эркинликка чиқа олмас экан, у шамол эмас”. Демак, бу эркин шамол эмас, балки боғланган ва забт этилган шамолдир. Шамол образи илгари ҳам Сарвешвар Даял Саксена шеъриятида ишлатилган, бироқ ўша вақтда шамол ўзгарувчан, муваққат, ҳаракатланувчан, дайди бўлган.

Шоир — бегона кузатувчи эмас, балки курашувчи, иштирокчидир. Гарчи шоир унинг исёни ҳали турмуш тарзини ўзгартиришга қодир эмаслигини англаса-да, бироқ у учун бошқа йўл йўқ.

Шеъриятда “кичик инсон” психологияси кейинчилик аста-секин ўзгаради. Ҳаётга аралашишга бўлган иштиёқ, халқ оммаси билан мулоқотга интилиш, инсон ҳаётининг мазмунини аниқлаш — унга “янги шеърият” йўл очиб беради. “Кичик инсон”, унинг тақдири экстремизм оқимига тааллуқли бўлган шоирлар томонидан менсимасдан рад этилмоқда. Уларнинг қаҳрамони — ёлғиз, жимиятга бегона бўлган инсондир. “Кичик инсон”нинг келажаги ҳам экстремист-шоирларни унча безовта қилмайди. Демократик тармоқдаги “янги шоирлар”ни қадимги маданиятни йўқотган, ундан узилиб қолган ва ҳали янгисини ўзлаштирмаган “кичик инсон”нинг фожеаси қизиқтиради. Ва, айниқса, шуниси муҳимки, — “янги шоирлар” янги шахснинг шаклланиш жараёни, албатта, вақт талаб қилишини тушунадилар. Бироқ ижтимоий ўзгаришларни амалга ошириш йўллари, иқтисодий ва ижтимоий қайта ўзгаришларни амалга ошириш учун кейинги кураш барча “янги шоирлар” учун тушунарли эмасдир.

Бу шеърият 70-йиллар бўсағасида ижтимоий адолатнинг энг олий мақсадини жамиятни тубдан қайта қуриш йўлларида эълон қилган ҳамда модернизм таъсирини енгиб ўтган шеърият сифатида расмийлаштирилди.

“Янги шеърият” тўғрисида “ХХ аср Ҳиндистон адабиётида бадиий йўналишлар” китобида51 ушбу атаманинг мазмуни, асосий тамойиллари ёритиб берилган. Е.П. Челышевнинг “Ҳиндистон адабиёти кеча ва бугун”52 илмий-тадқиқот ишида “янги шеърият”нинг хусусиятлари очиб берилган. Вейджанатх Синхланинг ҳиндий тилидаги “Янги шеърият” китобида нафақат “янги шеърият”, балки “янги шеъриятга қарши” оқимлар таҳлил қилинган53.

Адабий асарлар орасида шеърлар ўзига хос шакл, тузилиш, шеърий оҳангга эга эканлиги билан ажралиб туради. “Шеърий нутқ ўзига хос тарзда юзага келиши сабабли воқеликни образли, сербўёқ ва эмоционал акс эттириш воситасига айланади. Шеърият — шоир ва ўқувчи ўртасидаги дил суҳбатига ўхшайди”54. Шеър — бу фикр, ҳис-ҳаяжон ва лиризм орқали ифодаланган, ритм, мусиқийлик қонунлари асосида ўлчанган қофияли бадиий асар. Шеърда фикр ҳис ичида яширинган ҳолда ифодаланади, яъни шоир ўз мулоҳазаларини, кўпинча очиқ айтмайди, мулоҳаза унинг чуқур кечинмаларидан мантиқан келиб чиқади. “Наи кавита” (“янги шеърият”) оқими қачон ва қандай ҳинди шеъриятда вужудга келганлигини аниқлашимиз керак.

60-йилларда ҳинди адабиётида “янги шеърият” йўналиши кенг ёйилиб кетди. Айрим ҳинд адабиётшунослари бу оқимни Жагдиш Гупта номи билан боғлайдилар, чунки у Оллоҳободда “Янги шеърият” номли журналга асос солган ва Агъей шеъриятидан илҳомланган ижодий ёшларни бирлаштирган. Кўпгина адибларнинг фикрича, “янги шеърият” ҳинди адабиётида тараққийпарвар ва эксперименталистик оқимлар синтезининг натижасида юзага келган. “Янги шеърият” ушбу икки оқимни таҳлил қилиб ривожлана бошлайди: экспериментализмдан инсон ҳис-туйғуларининг энг нозик жиҳатларига бўлган эътиборни олиб, тараққийпарвар шеъриятдан эса сиёсий жиддийликни ўзида қолдириб, ёш Ҳиндистон рамзи бўлиб бормоқда”, — деб таъкидлаган эди ҳиндшунос М.Л. Салганик55.

Романтик кайфият, умидсизлик, йўқолган орзулар, барбод бўлган умидлар, бешафқат дунёдаги инсоннинг азоб-уқубатлари — буларнинг барчасини “янги шеърият” шоирлари ўз шеърларида акс эттиришга ҳаракат қилган.

“Янги шеърият” намояндалари инсонда ўзига нисбатан қониқмаслик ҳиссини уйғотишга ва ўзининг сустлигига, ҳеч нарса қилишга қодир эмаслиги каби туйғуларга қарши чиқишга ҳаракат қиладилар. Бу оқим асарларида камчиликлар ҳам бор. Бу шеъриятда асосан паришонлик, иккиланиш ҳам акс этган. Кўпчилик ҳинд ёзувчи ва танқидчилари “янги шеърият” пайдо бўлишига бетараф бўлиб қолмади. Шеъриятнинг илк маротаба вужудга келишида ҳинди чхаявад шоири Сумитранандан Пант уни қатъиян рад ва танқид қилган. “Ўзининг эксперименталистик ғоялари билан бугунги “янги шеърият” оқими янги ғоялар қидиришда ҳақиқийликдан, жамиятдан ажралиб, ёлғизликда қолиб кетиб, инсон бахтига, порлоқ келажагига ишонмасдан қандайдир ноаниқ рамзларни яратади”, — деб ёзади у56. Шунга ўхшаш фикрларни ҳинди адабиётининг машҳур шоири Хариванш Рай Баччан ўзининг шеърларида келтирган57. Шоир “ўғил” образи орқали ёш авлодни акс эттирган ва уларни танлаган йўлини, ундаги хатолари ҳақида ҳам айтиб ўтган.

“Янги шеърият” ўзидан олдинги ва ҳозирги адабий оқимлардан ўзининг бадиий услублари ва ички хусусиятлари билан фарқ қилади, яъни анъанавий шеъриятга хос бўлган вазн, қофия бу оқим учун аҳамиятсиздир ва шоирлар образлар яратишда ўзига хос янги услуб, воситаларни қўллай бошлайдилар. 60–70-йилларга келиб бу оқим жуда юксалиб кетди. Бу эркин фикрли оқимга янги шоирлар кириб кела бошладилар. 60-йилларда ҳинди шеъриятининг 70%ни “янги шеърият” вакиллари ташкил этган. Бу шеърият шоирлари сафида С.Д. Саксена, Рагхувир Сахай, Кайлаш Важпейи, М. Муктибодх, Ашок Важпейи каби шоирларни кўриш мумкин. ХХ асрнинг охирида эса “янги шеърият”да янги номлар ҳам пайдо бўлди. Улардан бири, шеъриятнинг йирик вакили Кедарнатх Сингхдир. “Янги шеърият” атамаси нафақат ҳинди адабиётида, балки Араб мамлакатлари, Эрон, Непал, Бангладеш каби адабиётларда ҳам ўз ривожини топган. “Янги шеърият” чхаяваддан анча фарқ қилади. Чхаяваддаги гўзал ва сирли манзаралар бу шеъриятда кўп берилмайди. “Янги шеърият”нинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқлари учун курашдир. Лекин бутунлай янги сиёсий, ижтимоий вазиятда бу шеъриятнинг етакчи мавзуси — шахсият ва жамият, уларнинг муносабатидир. Демак, шоирлар инсон, унинг ҳаёти ва унинг орзу қилган умидлари орасида катта масофа, фарқ борлигини кўрсатишга ҳаракат қилишган. Бу шеърият ичида аста-секин икки гуруҳ пайдо бўла бошлади:

1. Демократик шеърият;

2. Экстремистик шеърият.

Демократик гуруҳ вакилларига юқорида кўрсатилганлар ва Ражив Саксена, Винод Кумар Шукла, Вишну Кхария, П. Шарма каби шоирлар киради. Уларнинг шеърларида кўпроқ капиталистик тузуми танқид қилинади ва буржуа муносабатларни улар фош қилиб кўрсатишади. Ҳар кунлик камчиликлар билан курашиш — демократик шоирлар учун энг муҳим масала ҳисобланади.

Экстремистик шеърият шоирлари учун кураш йўлида террористик ҳаракатларга берилиб, ўз жонини фидо этиш жуда муҳимдир, яъни бу гуруҳларнинг ижоди бир-биридан бутунлай фарқли ҳолда ривожланиб борган.
Амалий машғулот учун саволлар:
1. “Янги шеърият” қандай масалаларни кўтаради?

2. “Янги шоирлар”нинг шеърлари қандай хусусиятларга эга?

3. “Янги шеърият”нинг демократик тармоғи?

4. “Янги шеърият”нинг экстремистик тармоғи?

5. “Янги шеърият” “изланиш” ва “тараққийпарвар” оқимдан қандай фарқ қилади?

6. Бу оқимда қандай гуруҳлар пайдо бўлган ва уларнинг белгилари?


Адабиётлар:
1. Х.Умаров. Адабиётшунослик назарияси. Т., 2004.

2. Челышев Е.П. Современная индийская литература. М., 1981.

3. Художественные направления в индийской литературе ХХ века. М., 1977.

4. Время открытий. Алма-Ата, 1973.

5. Взаимодействие культур Запада и Востока. М., 1991.

6. “Наи кавита”, 1960-61, №5-6, ҳиндий тилида.

7. Серебряков И.Д. Литературы народов Индии. М., 1985.

8. Челышев Е.П. Индийская литература вчера и сегодня. М., 1989.

9. Ходжаева Т.А. Ҳиндистон халқлари адабиёти. Т., 2010.
Мустақил иш мавзулари ва топшириқлар:
1. “Янги шеърият” хусусиятлари.

2. “Янги шеърият”нинг икки тармоғи ва вакиллари.

3. “Янги шоирлар” ижоди.

II Боб. Янги замонавий оқимлар
2.1. “Акавита” оқими
Таянч иборалар:

Борлиқни текшириш, мустақил йўл, экзистенциализм, сиёсатдан узоқ, анъанавий қийинчиликлар, ўзгарган инсон, зиёлилар шеърияти.
“Янги шеърият”га зид бўлган ҳолда ХХ асрнинг 70-йилларида ҳинди шеъриятида “Акавита” оқими пайдо бўлди. Бу оқим шеъриятнинг анъаналардан воз кечиб, ўзининг шеърий услубини эълон қилиб, ўзини “соф шеър”, “қарама-қарши шеър” ва бошқа номлар билан атай бошлади.

“Янги шеърият” каби “акавита” ҳам шеъриятнинг бир оқимидир. Доктор Шйям Пармар шундай деган эдилар: “Акавита” мукаммал кўринишдаги тақиқланган шеърият эмасдир. Шеъриятда “акавита” атамаси тахминий бўлиб қолди. Демак, “акавита” — антишеър маъносига тўғри келмайди. У ички қарама-қаршиликларнинг маъносини билдирувчи шеърдир”. Айрим танқидчилар “акавита”ни оқим деб қабул қилишмайди. Уларнинг фикрича, бу “янги шеърият”нинг бир тармоғидир ва ундан аввалги шеърият оқимлари билан алоҳида алоқада тушунилади. Лекин “акавита” сўзидаги ўзига хос бўлган “А” уни ҳимояловчи белгисидир. Адибларнинг фикрича, “акавита” бир оқимдир ҳамда ундан илгари пайдо бўлган шеърият оқимларидан унинг фарқини тушуниб олиш лозим.

“Акавита”нинг мақсади — бўшлиқдан кўпроқ борлиқни ўзаро алоқаларда текширишдир. Бунда у мустақил йўл билан ривожланиб боради. “Акавита” — бу мустақилликни ифодалаб, янги шеърий тил воситалари ва оҳанг билан акс эттиришдир. У шеърнинг тўлиқ анъанавий фикрини рад этади. Танқидчиларнинг фикрича, “акавита” китобхонни анъанавий шеърий қийинчиликдан озод қилади. “Акавита” ҳақиқатда экзистенциализмдан таъсир олган, лекин бироз бошқача кўринишда. Танқидчилар бу хусусиятларни аниқлашга ҳаракат қиладилар: “Акавита” шоирлари экзистенциализм каби ҳаётнинг ҳар бир соҳасида юз бераётган парчаланишни сезадилар ва қабул қиладилар, шунингдек экзистенциализмнинг фикрига қарши бўлган ҳолда борлиқни инсон ҳаётидан ажратмайди”. “Акавита” “изланиш” (пройогвад) ҳам эмасдир. У пройогваддаги умидсизликнинг қурбони ҳам эмасдир.

Акавита”нинг асосий хусусиятлари:

1. Бундай шеърлар ҳар қандай жавобгарликдан озод ва сиёсатдан узоқдир; 2. Унинг мавзу дунёси худди рентген суратига ўхшайди; 3. “Акавита” ташқи безатишлардан озоддир; 4. У оддийлик ва ажойиблик ўртасида ҳеч қандай фарқни тан олмайди; 5. “Акавита” ўзининг ифодаси учун ҳеч қандай қўполликни, уятни ҳис қилмайди ва пройогвадга қараганда унинг тили бутунлай бошқа кўринишда намоён бўлади; 6. Шеър мисралар асосидаги фикрни топиб, уни юзага чиқариш керак.

“Янги шеърият”нинг бир нечта шоирлари “акавита” шоирлари сафига қўшилишга даъво қилганлардан Шукант, Кайлаш Важпейи, Жагдиш Чатурведи, Мудраракшас, Вишнучандар Шарма, шунингдек, Чандракант Девталеларни айтиб ўтиш мумкин.

“Акавита”нинг асосида инсоннинг ёлғизлик тақдири бўлмасдан, ўзгарган инсон тақдирини кўришимиз мумкин. Унинг вакиллари ҳозирги замонда яшаб туриб ҳам анъанавий усулда ёзган шоирларнинг камчиликларини кўради, ҳам “акавита”га қўшилмаган шоирларни кузатади. Кайлаш Важпейи ёзган шеърдан парча:

Ҳар бир нарсани ҳайвон сўзсиз бажаради

Ажиб бир қилиқлар кўрсатади

Бирор-бир зарбасиз ҳамма нарсани

Тўнтариб ташлайди — мажбурликдан —

Бир қара-чи,

Оёғингдан бошингга қадар

Қандай узоқ масофа борлигини58.

“Акавита” тўғрисида адибларнинг қуйидаги фикрлари ҳам муҳимдир.

“Акавита” чегараланган вақтнинг шеъриятидир, яъни у даврий шеъриятдир. Умидсизлик ҳамда қониқмаслик унинг бир қисми бўлиб қолди. Сомик Мохан ва Чандракант Девталалар ўз ижодида буни жуда яхши кўрсатишган”59. Ражкамал Чоудхари ҳамда Кедарнатх Сингх бу оқимнинг вакиллари ҳисобланади.

Йиллар оша бирга ҳаёт кечирганимиздан сўнг

Бир тонг тўсатдан

Пикассонинг суратида аксимни кўрдим60.

“Акавита”нинг қолипи ҳалигача аниқланмаган. Ҳақиқатдан, у мураккаб ва бутунлай янги оқимдир. У аслида маошга яшайдиган зиёлиларнинг шеъриятидир. “Акавита” вакиллари шеър орқали бойликка эришиш учун эмас, балки қалбдан, юракдан келаётган ҳис-туйғуларни ифодалаш учун ёзадилар.

“Акавита”нинг марказий нуқтаси — мавжуд бўлишликка ишончдир ва унинг вакиллари кўпинча фрейдизмнинг қурбонларидир. Улар шеърият орқали ўзларининг камчилик, қийинчиликларини физиологик, сексуал, биологик ҳолат орқали тасвирлайдилар. Шеърнинг ҳар бир сатри улар учун қалқондир. “Акавита”да киноя, пичинг, истеҳзолар албатта мавжуд бўлиб, ҳаёт, тақдир, ночорлик, кучсизлик, ожизлик, ёвузликка тегишли ҳолда ишлатилади.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет