Эҳтирос – бутун вужудни қамраб олувчи кучли кўтаринкилик туйғуси; узлуксиз, давомли, барқарор ҳиссий ҳолат. Зўр ҳис-туйғу, завқ, шавқ, ҳирс.
Саломатлик – индивиднинг саломатлиги деганда унинг ижтимоий-табиий, биологик, физиологик ва психологик функциялари, ижтимоий-меҳнат, ижтимоий-маданий ва ижодий активлигинг максимал давом этган ҳаётий циклида сақланиши ва ривожланишини кўрсатувчи динамик жараён. Популяциянинг саломатлиги эса инсонлар жамоасининг яшовчанлиги ва меҳнатга лаёқатининг бир қанча авлодлар умри мобайнида ижтимоий-табиий, ижтимоий-тарихий ва ижтимоий-маданий ривожланишининг узоқ вақтлар давом этиши.
Хромосомалар – индивид ҳужайрасидаги генларни ўзида сақловчи, ҳужайра ва яхлит организм учун хос хусусиятларни белгиловчи органоидлар. Ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. Организмлар хромосомалари тузилиши ва функциясига кўра бирбиридан фарқ қилади. «Хромосома» терминини немис анатоми ва гистологи В.Вальдейер таклиф этган (1888 й.). Хромосома асосини оқсиллар ва нуклеопротеидлар билан боғланган 2 занжирли ДНК молекуласи ташкил этди. Хромосомадаги ирсий ахборот ДНК молекуласининг тузилиши ва унинг генетик коди орқали таъминланади. Хромосомадаги ДНКнинг тахланиши ва РНК синтезини бошқаришда оқсиллар иштирок этади. Хромосома тузилиши ва функциясининг ўзгариши хромосома суббирликлари – хромонемаларнинг спиралланиши билан боғлиқ. Спиралланган хромосомалар ҳужайра бўлиниши метафазасида ёруғлик микроскопда яхши кўринади. Ҳар бир хромосома центромералари орқали ўзаро туташган 2 та хроматиддан иборат. Хромотидлар редупликация натижасида ҳосил бўлади. Соматик ҳужайраларда хромосомалар диплоид (2 тадан), уларнинг бири она, 2-си ота организмга тегишли.
Ҳаёт – тирикликнинг намоён бўлиши. Ҳаётнинг мазмун ва моҳияти ҳақида жуда кўплаб концепциялар, илмий-назарий гипотезалар мавжуд бўлишига қарамасдан, унга ҳозиргача бирор асосли таъриф берилмаган. Генетик олимлар ҳаётнинг молекуляр даражасидаги аминокислоталар тартибини яхши билишига қарамасдан, тирикликни вужудга келтирувчи кучнинг табиати ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Шарқ мутафаккирлари ҳаётни жонзотларга яратгувчи томонидан ато этилган неъмат деб ҳисоблашади.