Плюрализм (лот. pluralis – кўпчилик) вакилларининг айтишича, борлиқнинг асосида кўплаб, бир-биридан мустақил моддий ва ғоявий негизлар ётади. Айрим плюралистлар моддий негизларга урғу беришади. Уларни материалистик плюрализм вакиллари дейиш мумкин. Масалан, қадимги хитой, қадимги ҳинд, қадимги юнон материалистлари борлиқ олов, сув, ҳаво ва тупроқдан ташкил топган дейишган. Бошқа йўналишдаги плюралистлар эса маънавий, ғоявий субстанцияларга устуворлик беришган. Масалан, Мах ва Авенариус дунёнинг асосида ётувчи элементлар турли шаклдаги сезгилардан иборатдир деб ҳисоблайди. Шунингдек дунёнинг асосида кўплаб ҳам моддий, ҳам маънавий (бир хил даражада) элементлар ётади (Демокритда бу элементлар атомлар, Лейбницда ғоявий монадалар) деб ҳисобловчи плюралистлар ҳам бор.
Борлиқ ва унинг намоён бўлиш шакллари ҳақида файласуфлар қадимдан қизғин мунозаралар олиб боришган, махсус асарлар ёзишган. Шарқ мутафаккирларидан Форобий, Беруний, Ибн Сино, Абул Баракат, Фахриддин Розий, Алишер Навоий ва бошқа олимларнинг қизиқарли ғоялари сақланиб келган. Борлиқнинг турлари ҳақида, айниқса ерга экин экиб хосил олувчи деҳқон борлиғи ҳақидаги қизиқарли ғояларни буюк мутасаввуф олим Махдуми Аъзам (1463–1542) ўзининг «Рисолаи вужудия»1 асарида таҳлил қилиб ўтган. Бу рисолани Бухоро юксак технологиялар институти доценти Эркин Зоиров ҳозирги замон ўзбек тилига таржима қилди.
Борлиқни ва унинг турли хил намоён бўлиш шаклларини турли хил фалсафий концепцияларда турли давр ва турли минтақа файласуфлари таҳлил этишган. Бундай тадқиқотлар доимо олиб борилади ва ҳар доим бу йўналишдаги илмий изланишлар ўзининг долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайди, чунки борлиқ доимо ўзгаришда, такомиллашишда, ривожланишда ва хилма-хиллигини намойиш қилишдадир.
Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, …ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз.
Ислом Каримов2
Борлиқ моддий ва маънавий жараёнлар орқали намоён бўлади. Шу сабабли унинг асосий мавжулик усуллари ва шакллари сифатида ҳаракат, фазо ва вақтни ўрганишга тўғри келади. Улар борлиқнинг ажралмас хусусиятлари, яъни атрибутлари жумласига киради. «Атрибут» сўзи лотинча attributum (чамбарчас бирлаштирилган) сўзидан олинган бўлиб субстанциянинг ажралмас хусусияти деган маънони беради. Бу атама фалсафада акциденция атамасининг антиподи сифатида қўлланилади (Бу ҳақда 12-бетга қаранг).
Достарыңызбен бөлісу: |