Такрорлаш учун саволлар.
Иқтисодий тамойиллар, қонун ва қонуниятларга тавсиф беринг?
Худудий мехнат тақсимотига тавсиф беринг?
Ишлаб чиқариш кучларини ривожланиши ва жойланишига таъсир этувчи умумиқтисодий қонунларни тавсифланг?
Ишлаб чиқариш кучларини жойланишига таъсир этувчи табиий, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий - демографик омиллар ва ижтимоий- экологик омилларга тавсиф беринг?
4-БОБ.ДУНЁ ТАБИИЙ РЕСУСРЛАРИ ВА ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР.
4.1. Жамият тараққиётида табиий омилларнинг ўрни
Жамият тараққиётида тупроқнинг табиий унумдорлиги, холати, иқлим хусусиятлари, ўрмон ва ўсимлик олами, хайвонот дунёси, дарё, денгиз ва океанлар, ёқилғи-энергетика, минерал-хом ашё, атмосфера хавосининг мусаффолиги каби кўплаб табиий ресурслар мухим ўрин тутади ва ишлаб чиқаришнинг табиий омиллари бўлиб хисобланади.
Табиий ресурсларнинг фойдаланиш учун қулайлиги ва унумдорлиги ишлаб чиқариш натижаларига кучли суръатда таъсир қилади. Узоқ йиллар давомида иқтисодий тараққиёт даражасининг унчалик юқори бўлмаганлиги учун инсоният томонидан табиий шароит ва ресурсларига етказилган зарарни табиий холатда тиклаш ва қоплаш имкониятлари мавжуд бўлган.
ХХ асрдан бошлаб иқтисодиёт тармоқлари, аввало саноат, қишлоқ хўжалик ва транспортнинг гуркираб ривожланиши табиий мухитга таъсирнинг сезиларли равишда кучайишига олиб келди. ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб илмий-техника инқилобининг жамиятнинг барча жабхаларига, биринчи навбатда иқтисодиётнинг хал қилувчи тармоқларига, таъсири ишлаб чиқариш суръатларининг жуда тез ўсишига хамда худудларнинг интенсив ўзлаштирилишига ва янги-янги табиий ресурсларни ишлаб чиқаришга жалб этилишига олиб келди.
Табиий ресурслардан фойдаланиш даражаси ўзининг табиий тикланиш имкониятлари чегарасидан чиқиб кетди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш ва маиший эхтиёжлар учун йилига 3,5-4 минг км3 сув, ёқилғи ёнишига 15-17 млрд.т. кислород сарф килинмокда. Ер бағридан 130-150 млрд.т. тоғ жинси қазиб олинмоқда, 800-850 млн.т. турли металл эритилмоқда. Иқтисодиёт сохалари ва бошқа эхтиёжлар учун 4-4,5 минг км3 тупроқ ишлатилмоқда. Табиий ресурсларни ишлатиш даражаси унинг ўрганилган захираларига нисбатан жуда тез ўсмокда.
Ахоли жон бошига нисбатан саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ишлатилаётган табиий ресурсларнинг миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунончи 1913 йил ахоли жон бошига 4,9 т., 1940 йил 7,4 т. , 1960 йил 14,3 т. , 1980 йил 17 т. , 1990 йил 22 т. тўғри келган бўлса, 2000 йилда 35-40 т. тўғри келиши келди.
ХХ аср 50-йилларидан бошлаб хар 15 йилда саноат ва энергетика қувватлари 2 мартага ортмоқда ва истиқболда янги-янги табиий ресурсларни ишлаб чиқаришга жалб қилишни тақозо қилмоқда. 1950-1980 йилларда инсоният бутун тарихи давомида ишлатган табиий ресурсларга нисбатан кўпроқ табиий ресурсларини ишлатди ва бу жараён тўхтовсиз давом этмоқда. Натижада, кўпгина табиий ресурсларнинг маълум захиралари қисқарди ва сифати ёмонлашиб бормоқда.
Лавров С.Б ва Сдасюк Г.В. маълумотларига қараганда алюминий захиралари 200 йилдан ортиқрок, темир рудаси 190 йилдан ортиқ, колумбит - 800 йилдан ортиқ, титан - 300, хром - 300, ванадий - 300, марганец - 185, платина -110, молибден - 108, мис-54, қалайи - 42, кобальт - 44, никел-33, титан -60, вольфрам -57, рух -27, қўрғошин -29, висмут -30, симоб-30, кумуш -20, асбест-22 йилга етиши мумкин.
Айни вақтда, юқорида келтирилган маълумотлар бугунги мавжуд илмий-техник имкониятларга асосланган бўлиб, океан ости табиий бойликлари, сувлардаги минерал ресурслар /1 км3 сувда 35,7 млн.т. турли металлар бор/, ер остининг чуқур қатламлари, ўзлаштирилиши жуда қийин бўлган қаттиқ иқлимли худудлар хисобга олинмаган. Фаннинг бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланиши эса табиий ресурслардан тўла ва самарали фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Табиий ресурсларни хўжалик нуқтаи- назаридан синфлаштириш, фойдаланиш ва бахолаш. Табиий ресурслар - кишилар моддий ва маънавий эхтиёжларини қондириш мақсадида жамият томонидан фойдаланиладиган ёки фойдаланиш мумкин бўлган табиатнинг бир қисмидир. Табиий ресурслар - кишиларнинг яшаш воситаси, ишлаб чиқариш тизимининг асосидир. Табиий ресурслар - кишиларнинг зарурий яшаш шароити сифатида жамиятни озиқ-овқат, кийим-кечак, ёқилғи-энергетика, минерал хом-ашё билан таъминлайди. Табиий ресурслар ғоят хилма-хил бўлиб, минерал хом-ашё, ер-иқлим, ўсимлик ва хайвонот дунёси, рекреацион ва бальнеологик хамда космик ресурсларни ўз таркибига олади.
Табиий ресурслар фойдаланиш холатига кўра турли мақсадларда қуйидагича синфлаштирилади. Ишлаб чиқариш кучлари тараққиётнинг турли босқичларида табиий ресурслар фойдаланилаётган ва салохиятли табиий ресурсларга бўлинади. Фойдаланилаётган табиий ресурслар ишлаб чиқариш кучлари тараққиётининг маълум босқичларида жамият томонидан фойдаланилаётган табиий ресурслардир.
Жумладан, 1869 йил Д.И.Менделеев даврий системаси тузилган даврда 62 элемент маълум бўлиб, унинг 35 таси ишлаб чиқаришда фойдаланилган бўлса, 1906 йил 84 та элементдан 52 таси, 1927 йил 85 та элементдан 64 таси, 1937 йил 89 та элементдан 73 таси, 1985 йил 105 та элементдан 87 таси, 1990 йил 106 та элементдан 89 таси ишлаб чиқаришда фойдаланилди. Илмий-техника инқилобининг таъсирида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган элементлар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда.
Маълум худуддаги фойдаланиш характерини хисобга олган холда бахоланган табиий ресурслар мавжуд худуднинг /мамлакатнинг/ табиий ресурс салохиятини ташкил қилади. Мамлакат /худуд/ табиий ресурс салохияти унинг миллий бойлигининг таркибий қисмидир.
Табиий ресурслар хўжалик тармоқларида фойдаланилишига кўра саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, ёқилғи-энергетика каби ресурсларга бўлинади. Шуни алохида таъкидлаш лозимки, табиий ресурсларнинг асосий турлари фойдаланиш характерига кўра кўп мақсадлидир.
Жумладан, ер, сув, минерал хом-ашё, ўсимлик, дунё океани ресурслари ва бошқа ресурслар фойдаланиш характерига кўра кўп мақсадлидир.
Ер ресурслари нафақат қишлоқ хўжалигида, балки саноат, қурилиш, транспорт, маиший хизмат ва турмушда хам кенг қўлланилади. Дунё океани ресурслари эса кўплаб компонентлар биргаликда учраши билан ажралиб туради. Агроиқлимий ва рекреацион ресурслар хам табиий шароит ва ресурслар хосиласидан иборат бўлиб инсон фаолиятида мухим ўрин тутади.
Табиий ресурслар генетик белгиларига кўра литосфера ресурслари (минерал хом-ашё ресурслари) ва биосфера (биологик) ресурсларига бўлинади. Иқтисодий-географик адабиётларда табиат компонентлари асосида ресурслар агроиқлимий, сув, минерал хом-ашё, ер, ўсимлик ресурсларига ва хайвонот дунёсига бўлинади.
Табиий ресурслар жамият эхтиёжлари учун фойдаланиш истиқболларига кўра тугайдиган ва тугамайдиган ресурсларга бўлинади. Тугайдиган табиий ресурслар ўз навбатида тикланмайдиган ресурсларга /кўпинча фойдали қазилмалар ва йўқолиб бораётган биологик турлар-ўсимлик ва хайвонот дунёси/, қисман тикланадиган ресурсларга Тупроқ қоплами, ўрмонларнинг табиий холати ва тикланадиган ресурсларга (кенг маънода ўсимлик ва хайвонот дунёси/ бўлинади. Шуни алохида таъкидлаш лозимки, тикланадиган табиий ресурслар қайта тикланиши учун маълум табиий шарт-шароитларни тақозо қилади ва жуда узок вақтни ўз ичига олади. Чунончи ўрмонларнинг тикланиши учун 60 йил, тупроқнинг унумдорлиги чиринди қатлами /1 см/ бўлиши учун 300 йилдан 600 йилгача вақт зарурдир.
Тугамайдиган табиий ресурсларга - сув, иқлим ва космик ресурслар киради. Сув ресурслари захираси ғоят катта. Аммо ишлаб чиқариш суръатлари ва ахоли сонининг барқарор ўсиб бориши билан бугунги кунда чучук сув муаммоси юзага келди.
Иқлим ресурслари - атмосфера хавоси, шамол энергияси, ёғинлардан иборат. Космик ресурсларга қуёш радиацияси, денгиз сувларининг кўтарилиши ва пасайиши (қалқиши) энергияси киради ва амалда бу ресурслар битмас туганмасдир. Айни вақтда, илмий-техника инқилоби ва инсон фаолиятининг оқибатида космик ресурсларга хам салбий таъсир кучаймокда.
Табиий шароит ва табиий ресурслардан иборат хўжалик ривожланиши табиий омилларининг худудий уйғунлашуви - табиий ресурс мажмуасини ташкил қилади. Табиий ресурс мажмуаси мамлакат ва минтақада ривожланаётган худудий ишлаб чиқариш мажмуалари шаклланишининг асосини ташкил этмокда. Йирик табиий ресурсли мажмуада ресурсли майдон (ареаль) ажратилади. Ресурсли майдон - интенсив қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун қулай табиий шароитларни, шунингдек, бир ёки бир нечта минерал ресурслардан иборат худудларни ўз ичига олади.
Кейинги йилларда иқтисодий-географик адабиётларда табиатдан оқилона фойдаланишнинг илмий асосларидан иборат И.В.Комарнинг ресурсли цикл концепцияси (таълимоти) кенг ёйилди. Бу цикл хилма-хил табиий ресурслар динамикаси, модда ва энергия катта айланиш тизимида, ахоли хўжалик фаолиятининг тобора кучайиб бориши ва илмий-техника инқилобининг табиий ресурслардан фойдаланиш (минерал хом-ашёларни қазиб олиш, қайта ишлаш, истеъмол қилиш хамда турли шаклларда табиатга қайтариш) жараёнига таъсирини ифодалайди. Олтита асосий ресурсли цикллар (энергоресурслар ва энергия; рудали ресурслар ва металлар; норуда табиий хом ашёлар ; ўрмон ресурслари ва ўрмон материаллари агроиқлимий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги хом-ашёси, ўсимлик ва хайвонот ресурслари) фарқланади. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатлар учун хос бўлган ресурсли - экспорт цикли (РЭЦ ), Я.Г, Мащбиц фикрича ташқи (экспорт) ва ички (қазиб олиш ва қайта ишлаш) омиллар таъсирида айрим мамлакатлар, районлар, худудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини ифодалайди.
4.2. Минерал-хом ашё ресурслари иқтисодиётнинг бош тармоқларини ривожлантириш омили.
Минерал ресурслар ишлаб чиқариш жараёнида кенг маънода фойдали қазилмалар деб юритилади. Фойдали қазилмалар асосан металл рудалар ( қора ва рангли металлар, нодир ва камёб, сочма элементлар), тоғ-химия хом ашёси - (минерал тузлар, олтингугурт ва бошқа.), ёқилғи-энергетикага - (нефть, газ, тошкўмир ва кунгир кўмир, ёнувчи сланец ва торфлар) бўлинади. Ер пўстидаги мавжуд 92 кимёвий элемент 2000 га яқин минералларни ташкил қилади. Бунинг 75 фоизи силикатлардан, 17 фоизи оксид ва гидрооксиддан, 1,7 фоизи корбонатлар, 1,7 фоизи фосфатлар, 0,5 фоизи хлорид ва фторидлардан, 0,3 - 0,4 фоизи сульфид ва сульфатлардан, 0,1 фоизга яқини яхлит элементлар ва бошқалардан иборатдир.
Фойдали қазилмаларни ўрганилиш даражаси турличадир. Ўзбекистонда фойдали қазилмаларнинг ўрганилиш даражаси 4 категория ва захираси асосида- яъни- АI ВI СI ва С2 аниқланади. АI - категорияси қазилма тўла разведка қилинган ва аниқ чегаралари белгиланган захира, ВI - категория - разведка қилинган қазилма бўлиб чегаралари тахминан аниқланган, СI -категория умумий тарзда разведка қилинган бўлиб экстраполяция усули орқали хисобланган, С2 - категория қазилма захиралари тахминан айрим тажриба учун олинган нусхаларга асосланган холда хисобланган холатни ифодалайди. Барча категориялар биргаликда фойдали қазилмаларнинг баланс захирасини ташкил қилади. Фойдали қазилмалар баланс захираси бугунги техник - технологик имкониятлар даражасида самарали фойдаланиш жараёнини ифодалайди. Шунингдек, фойдали қазилмаларнинг геологик / башорат / захирасини ифодаловчи категория хам мавжуд.
Хорижий мамлакатларда фойдали қазилмаларнинг разведка қилиб ўрганилган даражаси захиралари икки категорияга - аниқ ва эхтимол тутилган категорияларга бўлинади. Шунингдек, эхтимол тутилган захира категорияси хам /С2 - категорияси тўғри келади/ мавжуд. АҚШ ва бошқа иқтисодий тараққий этган мамлакатларда биринчи категория сифатида ўлчанган ва иккинчи категория умумий маълумотлар асосида кўрсатилган бўлиб (умумий геологик маълумотлар асосида) тусмолланган захираларга бўлинади.
Геологоразведка ишларининг ғоят катта кўламда бажарилиши илмий-техника инқилоби ютуқларидан кенг суратда фойдаланишга /космосдан туриб ўрганиш/ қаратилмокда. Ер шарида фойдали қазилмалар етарли даражада ўрганилган эмас. Айниқса, кам ўзлаштирилган худудлар, Осиё, Африка, Лотин Америкаси худудларининг геологик жихатдан ўрганиш давом этмокда ва янги-янги фойдали қазилмалар ишлаб чиқаришга тортилмокда, /Ўзбекистондаги Кўкдумалоқ ва Мингбулоқ нефть захираларининг топилиши ва бошқ./. Айни вақтда, дунё мамлакатлари ўртасида фойдали қазилмаларнинг турлари ва захиралари хамда фойдаланиш даражалари ғоят хилма-хилдир.
Фойдали қазилмаларнинг бугунги захиралари шуни кўрсатадики, дунё мамлакатлари ўртасида бешта мамлакат- АҚШ, Россия, Канада, Австралия ва ЖАР ресурслар билан тўла таъминланганлиги ва худудлари геологик жихатдан анча тўлиқ ўрганилганлиги билан ажралиб туради. Бу мамлакатлар дунё бўйича қазиб чиқарилаётган минерал хом ашёлардан темир рудаси, марганец, мис, полиметалл, никел, фосфор ва калийнинг -50 фоизини бермоқда.
Кейинги йилларда фойдали қазилмаларнинг саноат конденцияси /фойдаланиши/ қарийб 10 мартага, рангли металлар эса 2-3 марта пасайди. Кўпгина мамлакатларда таркибида 30-35 фоиз бўлган темир рудаси захираларидан / умумий захираси 100 минг т . / , рангли металлар таркибида 0,00005 фоиз фойдали компоненти бўлган / умумий захираси 0,1- 0,5 т . / сочма минераллардан фойдаланилмоқда.
Ёқилғи-энергетика ресурслари жахон иқтисодиётида ғоят мухим ўрин тутади ва йирик захираларга эгадир. Кўмир захираларининг геологик миқдори 14,3 трлн.т. атрофида бахоланади. Мавжуд кўмир захираларининг 86 фоизи Осиё ва Шимолий Америкада, қолган 14 фоизи бошқа континентлардадир. Кўмирнинг геологик захиралари шартли ёқилғи бирлиги хисобида 9-11 трлн. т . /1 шартли ёқилғи бирлиги - 7000 ккал, ёки 29,4 минг кДж/. Кўмирнинг йирик захиралари Россия-(5300 млрд. т ёки дунё кўмир захираларининг 30 % тўғри келади), АҚШ - (3600 ), ХХР - (1500), Австралия - (697), Канада- (547), Германия - (327), ЖАР - (206 ), Буюк Британия (189), Польша - (174), ва Хиндистон - (125 млрд. т.) худудларида жойлашган бўлиб йилига 4-4,5 млрд. т. кўмир қазиб чикарилмоқда ёки шу даражада қазилса кўмир захиралари 3000-3700 йилга етиши мумкин.
Нефтнинг жахон бўйича геологик захиралари 840 млрд.т., шартли ёқилғи бирлигини ташкил қилади. Аниқланган захиралари 127 млрд.т., эхтимол тутилган захиралари 360 млрд.т. шартли ёқилғи бирлигидан иборат. Йирик захиралари Яқин ва Ўрта Шарқ (Саудия Арабистони, Қувайт, Эрон, Ироқ - 70 %) Шимолий Америка (АҚШ - 8-10 %), Марказий ва Жанубий Америка (Венесуэла - 5%), Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, ХХР, Буюк Британия, (Шимолий денгиз), Ўзбекистон худудларидадир. Йилига дунё мамлакатлари бўйича 4-4,5 млрд.т. нефть қазиб чиқарилмоқда.
Дунё бўйича табиий газ захиралари жуда катта. Табиий газнинг геологик захираси 540 трлн. м3 (Детройт шахрида халқаро энергетика конференциясида) бўлиб аниқланган захиралари 66 трл. м2 ва эхтимол тутилган захиралари 230 трл.м3. Шартли ёқилғи бирлиги хисобида 79 млрд.т. аниқланган ва 276 млрд.т. эхтимол тутилган захиралари мавжуд. Йирик табиий газ захиралари Яқин ва Ўрта Шаркда / Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони/, Африкада/ Ливия, Жазоир, Нигерия/,Америкада /АҚШ, Канада, Венусуэла, Мексика/, Шимолий денгиз шельф минтақасида / Буюк Британия, Норвегия, Голландия,/ хамда Россия, Туркманистон, Ўзбекистон, Руминия худудларидадир. Йилига 1,8-2,0 трлн.м3 . табиий газ қазиб чиқарилмоқда.
Шунингдек, ёнувчи сланец / таркибида 10-20 фоиз нефть бор/ ва битумлашган қумлар 750 млрд.т.ни ташкил қилади. Ёнувчи сланец Россия, Эстония, Канада, Бразилия, ХХР битумлашган қумлар Канада ва Венусуэлада бўлиб кенг микёсида ишлаб чиқаришда фойдаланилмокда.
Металл рудалар. Ер шарида энг кенг тарқалган ва ишлаб чиқаришда ғоят катта иқтисодий ўрин тутган фойдали қазилма - темир рудасидир. Темир рудасининг геологик захираси ғоят катта бўлиб 1 трлн. тонна атрофида бахоланади. Эхтимол тутилган захираси 600 млрд.т. аниқланган, ишончли захираси 260 млрд.т. Темир рудасининг йирик захиралари Россия, АҚШ, Канада, Австралия, Бразилия, ЖАР, Германия, Швеция, Норвегия, Хиндистон, Хитой каби мамлакатларда жойлашган бўлиб, йилига 850-870 млн. тонна темир рудаси қазиб олинади.
Рангдор металларга хос хусусият шундан иборатки, деярли бир нечта металлар биргаликда (полиметалл) учрайди ва руда таркибида жуда оз бўлади. Чунончи, мис руда таркибида 0,3 фоиздан (Польша) -5,0 фоизгача (Замбия), рух 1,1 фоиздан (Канада)- 16-20 фоизгача (Бирма ва Гренландия), қўрғошин 1 фоиздан (Канада) - 23 фоизгача (Австралия) учрайди. Руда таркиби бойитилгандан (саралангандан) сўнг руда таркибида мис концентратлари 25-30 фоиз, қўрғошин ва рух концентратлари 50-60 фоизгача етади.
Рангдор металлар орасида ХХ аср бошларидан бошлаб алюминий /айниқса самолётсозликнинг гуркираб ривожланиши туфайли) кенг қўлланилиши унинг хом ашёси бокситга бўлган талабни кучайтириб юборди. Бокситнинг жахон бўйича захиралари 50 млрд.т. деб бахоланади. Аниқланган ва эхтимол тутилган захиралари 20 млрд.т. Йиллик боксит қазиб чиқариш 80-100 млн.т. Боксит захиралари Африкада /Гвинея, Гана, Камерун/, Жанубий Америкада / Ямайка ороли, Суринам Гвиана/, Австралия ва Хиндистонда, Малайзия ва Индонезияда, Европада - Франция, Греция, Италия, Венгрия, Хитой худудларидадир.
Мис рудаси захиралари 860 млн.т. деб бахоланади. Шундан 450 млн.т. аниқланган ва эхтимол тутилган захираларидир. Мис рудаси АҚШ, Канада, Чили, Заир, Замбия, Панама, Перу, Австралия, Бирма, Германия, Швеция, Польша, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда жойлашган.
Жахон бўйича қўрғошин захиралари 200 млн.т. атрофида бахоланади ва АҚШ, Австралия ва Канадада, рух захиралари 30 млн.т. , аниқланган ва эхтимол тутилган захиралар эса 250 млн.т. , АҚШ, Австралия ва Канада, Перу, Мексикада, қалайи 8,3 млн.т., аниқланган хамда эхтимол тутилган захиралари 2,8 млн.т Хиндистон ва Таиландда йирик захиралари мавжуд.
Шунингдек лигерловчи металлардан марганец рудаси - Россия, ЖАР, Бразилия, Габон, Хиндистон, Австралия, Зимбабве, никель - Канада ва Куба, Янги Каледония, Индонезия, Филлипин, кобальт - Заир, Янги Каледония, Австралия , Индонезия, титан - АҚШ, Австралия, Канада, Норвегия, молибден ва тантал - АҚШ, вольфрам - Россия, Хитой, АҚШ да жойлашгандир.
Қимматбахо ва камёб металл хисобланган олтиннинг дунё бўйича захиралари 400 минг.т. бахоланади. Айниқса, йирик олтин захиралари Жанубий Африка / ЖАР /, Канада, АҚШ, Россия, Ўзбекистон ва бошқа/. мамлакатларда учрайди. Йилига тахминан 1000 тонна атрофида олтин қазиб олинади. Дунё банклари хазиналарида 30 минг.т., шахсий хонадонларда 25 минг. т. олтин мавжуд. Кумушнинг йирик захиралари АҚШ, Канада, ЖАР, Мексика, Перу, Чилида учрайди. Шунингдек, Африка, Осиё ва Жанубий Америкада истиқболли хавзалари мавжуд. Кейинги йилларда олмос, /техник ва заргарлик мақсадларида / саноатнинг энг янги тармоқларида кенг қўлланилмокда. Олмос - Заир, Ботсвана, Ангола, Гана, Намибия, ЖАР, Россия мамлакатларидан қазиб олинади. АҚШ синтетик олмос ишлаб чиқариш бўйича / 30 млн. карат / етакчи ўрин тутади. Россия дунёда (100 млн. карат) олмос қазиб олиш бўйича ЖАР дан сўнг иккинчи ўринда туради. (20 - 25 млн. карат).
Тоғ-химё хом ашёси - ғоят бойлиги билан ажралиб туради. Калийли тузларнинг захираси 80 млрд.т. деб бахоланади ва аниқланган хамда эхтимол тутилган захиралари 20 млрд.т. Энг йирик захиралари Канада, Германия, Иордания, Исроилда учрайди. Дунё бўйича фосфорит захиралари 90 млрд.т бўлиб, йилига 120 млн.т. қазиб олинади. Фосфор рудасининг йирик захиралари Марокаш, АҚШ, Россия, Қозоғистондадир.
4.3. Дунё океани минерал - хом ашё ресурслари ва улардан фойдаланиш.
Дунё океанини тадқиқ қилишда Шокальский Ю.Н.Визе, В.Ю.Зубов, Н.Н.Ширшов, П.П.Марков К.К.Сутягин, П.Г.Тур Хейердал ва бошқ. хизматлари катта.
Дунё океани - Ернинг сув қопламидан, яъни океан ва денгизлар тизимидан иборат. Планетамиз сатхининг ( 510 млн км2 ) 361 млн. км2 ёки 71 % дунё океани акваторияси ташкил қилади.
Дунё сиёсий картасида 151 денгиз, қўлтиқ ва буғозлар кўрсатилган бўлиб, буларнинг 50 таси Тинч океани, 54 таси Атлантика океани, 18 таси Хинд океани ва 24 таси Шимолий музли океанига тўғри келади. Дунё океани 4 та океандан - Тинч океани (180 млн. км 2), Атлантика океани (93 млн.км2), Хинд океани (75 млн. км2) ва Шимолий музли океандан (13,1 млн. км 2 ) иборат.
Ривожланиб бораётган жахон саноатининг хом ашё билан таъминланиши истиқболини Дунё океани суви ва сув ости ресурслари билан боғламокдалар. Дунё океанидан минерал хом ашё олиш хусусиятларига кўра учга: денгиз бўйи / бу сув таркибида кўплаб ғоят қимматли химиявий элементлар мавжуд бўлиб суюқ руда деб хам юритилади /; денгиз туби ва қирғоқ бўйи шельф минтақасига бўлинади.
Денгиз суви таркибида элементлар даврий системасидаги 80 дан ортиқ элементлар мавжуд (1-жадвал). Денгиз сувидаги кўпгина металлар келажакда, илмий-техника истиқболининг навбатдаги босқичларидаги энергетика ва технология ютуқлари асосидагина ўзлаштирилиши мумкин. Денгиз сувидан саноат микёсида бром (80 фоиз дунё бўйича), 35-40 фоиз ош тузи ва уран (Япония) олинмоқда.
1-жадвал
Денгиз сувидаги айрим элементларнинг ўртача концентрацияси.
(Величко Е.А. , Контер Е.А. маълумотлари)
Элементлар
|
Таркиби ( л/мг)
|
Хажми (млн.т)
|
Вольфрам.
|
0,0001
|
150
|
Висмут
|
0,00003
|
30
|
Олтин
|
0,0000014
|
5,5
|
Кобальт
|
0,0005
|
800
|
Литий
|
0,17
|
260000
|
Магний
|
1350
|
2 х 109
|
Мис
|
0,003
|
4000
|
Молибден
|
0,01
|
16000
|
Никель
|
0,002
|
3000
|
Калайи
|
0,003
|
4000
|
Қўрғошин
|
0,00003
|
45
|
Кумуш
|
0,00003
|
45
|
Сурма
|
0,0005
|
800
|
Уран
|
0,003
|
4000
|
Дунё океанининг бир қатор участкаларида саноат ахамиятига молик темир марганецли конкренциялар тарқалган бўлиб, тахминий захираси 2,5х1012 т. / 400 млрд.т. ортиқ / деб бахоланади. Бу конкренцияларда темир ва марганецдан ташқари никель, мис, кобальт мавжуд. АҚШ, Япония, Германия, Франция, Канада мамлакатларида темирмарганецли конкренцияларни қазиб олиш бошланди. Энг истиқболли район Тинч океанининг Кларион - Клиппертон райони / Шимолий қисмида / бўлиб майдони 4 млн. км 2 ва 9,6 х 10 9 т. темир марганец захираларига эгадир.
Шунингдек, қирғоқ бўйи минтақаларидан титанмагнетит рудалари /Япония йилига 3000 т. ортиқ т, Янги Зеландия - 1 млн. т) қазиб олинмокда. Камёб металлар группаси Хиндистон, Австралия, Бразилия, АҚШ, Янги Зелландия, Шри-Ланка, ХХР қирғоқ бўйларида аниқланган. Индонезия, Таиланд, Малайзия 50 фоиз дунё бўйича қазиб олинаётган қалайини қирғоқ бўйи минтақаларидан олмокда. Жануби-Ғарбий Африка қирғоқ минтақаларидан сочма тарздаги олмос захиралари мавжудлиги аниқланди.
Денгиз шельф минтақаси нефть ва табиий газга бойлиги билан ажралиб туради. Денгиз нефтининг потенциал захираси 150-180 млрд. т. бўлиб, разведка қилингани 30-40 млрд.т. Шунингдек, йирик табиий газ /Шимолий денгизнинг Норвегия қирғоқ бўйларидан/ захираларидан хам фойдаланиш бошланди. Форс кўрфази, Мексика қўлтиғи , Шимолий денгиз шельф минтақалари истиқболли районлар бўлиб хисобланади.
Дунё океанининг энг мухим минерал ресурси унинг катта микдордаги суви ( 1 млрд 370 млн м3 ) бўлиб, кейинги йилларда бу сувни саноат асосида чучуклаштириб иқтисодиётда кенг қўлланилмоқда. Бундай чучук сув қурилмалари Қозоғистоннинг Шевченко шахрида ўрнатилган. Шунингдек, Дунё океани жуда бой энергия / сув қалқиши / ва биологик ресурсларга бойлиги билан хам ажралиб туради.
Кўриниб турибдики, инсониятнинг минерал - хом ашё ресурслари билан таъминланиш даражаси катта бўлиб, илмий техника имкониятлари ривожланиб борган сари /янги-янги худудларда нефть-газ хавзаларини аниқланиши, океан ости ресурслари ва бошқалар / янги-янги минерал хом ашё захиралари хам аниқланмокда. Аммо, бу минерал хом ашё ресурсларидан фойдаланиш тобора катта маблағлар эвазига амалга ошади хамда барқарор суръатда қимматлашиб бориши билан ажралиб туради. Шунинг учун хам бугунги кунда мавжуд минерал-хом ашё ресурсларидан мажмуали фойдаланиш, ишлаб чиқариш тизимида чиқитсиз ва кам чиқит технологияларни жорий қилиш асосида минерал хом ашё ресурсларидан фойдаланиш муддатларини узайтириш билангина етарли суръатда минерал-хом ашё ресурслари билан таъминланиши мумкин.
Минерал-хом ашё ресурсларини мухофаза қилиш ғоят мухим ахамиятга эгадир. Чунки, минерал-хом ашё ресурслари қазиб олиш, қайта ишлаш ва хом ашёни ташиш вақтида жуда катта исрофгарчиликка йўл қўйилади. Айни вақтда, минерал-хом ашё ресурсларини қазиб олиш жараёни табиий-географик мажмуага салбий таъсир этади. Табиий ландшафт бузилади. Шунинг учун кейинги йилларда бузилган ландшафтларни тиклаш-рекультивация масалаларига мамлакатлар жиддий эътиборни қаратмоқда.
Ер ресурслари. Ер ресурслари - жахон ер фондининг таркибий қисми бўлиб, хўжаликда фойдаланиш учун яроқлидир. Ер ресурслари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосидир.
Ер нисбатан тор тушунча бўлсада, у тупроқ, агроиқлимий хусусиятлар, рельеф / ер усти жинслари) билан характерланади. Ерни иқтисодий бахолаш тизими мавжуд хамда ердан фойдаланиш хуқуқий асосларга /ер эгалиги/ хам эга. Ер ресурслари тадқиқ қилинганда асосан уч тушунча: а) ер кадастри, б) тупроқни бонитировкалаш ва в) ерларнинг иқтисодий бахолаш тизими хисобга олинади.
Ер кадастри - ерларнинг табиий, хўжалик ва хуқуқий холати хамда иқтисодий бахоси хақидаги аниқ ва зарурий маълумотлар йигиндисидир.
Тупроқ бонитировкаси-тупроқларнинг киёсий сифатий бахоси бўлиб, табиий унумдорлик кўрсаткичларидан / чиринди миқдори, фосфор, калий ва бошқ. моддалар / иборат ва балларда ифодаланади.
Ерларни иқтисодий бахолаш тизими-ерларнинг ишлаб чиқариш воситаси сифатидаги даромадлилигини аниқлашдир. Бунда асосий кўрсаткичлар-қишлоқ хўжалиги экинларининг хосилдорлиги, ялпи махсулот, соф даромаддир.
Ер юзасининг умумий сатхи 510 млн. км2. бўлиб, қуруқлик хиссасига 149 млн.км2 тўғри келади. Ер ресурсларининг умумий майдони 129 млн. км 2 ёки қуруқликнинг 86,5 фоизини / 20 млн. км2 худуд Арктика ва Антарктиданинг муз қопламларидан иборат) ташкил қилади. Қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар 51 млн.км2, ўрмонлар билан қопланган ерлар 38 млн.км2 дир, қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар таркибида хайдаладиган ерлар ва кўп йиллик ўсимликлар / дарахтзорлар ) 13,4 млн .км 2 , яйлов ва ўтлоқлар 37,4 млн .км2 . Дунё бўйича ахоли жон бошига 0,3 га хайдаладиган ер тўғри келади. Кейинги йилларда дунё мамлакатлари бўйича ер ресурсларининг етишмаслиги жараёни яққол сезилмоқда. Айниқса, бу жараён иқтисодий ривожланган хамда ахоли зич жойлашган бир қатор мамлакатлар учун хосдир. Ер ресурсларининг такчиллиги кадимги суғорма дехқончилик ривожланган худудлар-Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё, Жануби - Ғарбий Осиё, индустриал тараққиёт юқори бўлган Ғарбий Европа мамлакатларида мавжуд.
Саноатлашган худудларда ер ресурсларига бўлган кучли таъсир-шахарлар ва шахар минтақаларининг кенгайиши ахоли зичлигининг ва саноат корхоналари, инфраструктура тиғизлигининг барқарор ортиб бориши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни интенсивлаштириш, транспорт тармоқлари тўрининг қалинлашувида кўзга ташланади.
Айни вақтда, жахон бўйича умумий микёсда мавжуд ер ресурслари сифатининг ёмонлашуви, табиий унумдорликни сезиларли пасайиши, эрозия жараёнлари /ирригация ва дефляция/ ривожланишининг тезлашуви, шўрланиш ва иккиламчи шўрланиш, тупроқ қатламинг захарли моддалар билан захарланиш даражасининг ортиши кузатилмокда. Шунингдек тупроқ қопламининг ифлосланиши ерлардан нотўғри фойдаланиш /суғориш, қурилиш, тоғ ишлари/, саноат ва қишлоқ хўжалик чиқиндиларини ташлаш, металл ва унинг бирикмалари, ўғитлар, захарли химикатлар, радиоактив буюмлар ва бошқа химиявий концентратлар, маиший чиқиндилар ташланиши, оғир техниканинг ишлатилиши оқибатида ер қатламларининг сиқилиб жипслашиши (зичлашуви) билан боғлиқдир.
Юқоридаги омилларнинг барчаси атроф-мухитнинг умумий холатининг ёмонлашувига, қишлоқ хўжалиги майдонларининг қисқаришига олиб келмоқда. Қишлоқ хўжалигига яроқли майдонлар АҚШ да 1960 йилдаги 540 млн. га. дан 1990 йилларга келиб 492 млн. га. га, Японияда мос равишда 7 млн. га. дан 5,6 млн. га. га, Францияда 39 млн. га. дан 35 млн. га. га, Германияда 14 млн. га. дан 12 млн. га. га, Италияда 22 млн. га. дан 20 млн. га. га қисқарди. Ахоли жон бошига хам таъллуқли бўлиб ер майдонлари қисқармоқда, АҚШ да - 0,67 га, ГФР да - 0,12, Буюк Британияда - 0,11 ва Японияда - 0,03 га хайдалган ер тўғри келмоқда.
Ер тақчиллигини бартараф этиш мақсадида янги худудларни ўзлаштиришга алохида эътибор берилмокда. Айниқса , йирик ер фонди мавжуд бўлган Канада, Австралия, Бразилия ва бошқа бир қатор мамлакатларда янги худудлар интенсив ўзлаштирилмокда. Янги худудларни ўзлаштириш тобора катта харажатларни, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфраструктурасини барпо этишни тақозо қилмоқда. Шунингдек, саноат ва фуқаро қурилиши, ахоли қўрғонларининг кенгайиши, транспорт ва бошқа сохалар эхтиёжлари қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг хатто ўрмонларнинг хам сотиб юборилишига олиб келмоқда.
Умумий ер фондини қисқаришига салбий экологик омиллар билан боғлиқ чўлланиш жараёнининг кучайиши таъсир этмоқда. Чўлланиш бугунги кунда 900 млн. га ерни эгаллади ва яна 3 млрд. га ерга хавф солмоқда. Антропоген чўлланиш адир ва ярим адир худудлар учун хосдир. Бугунги кунда чўлланиш жараёни соатига 7 км2 ни йилига 6,9 млн.га. ташкил қилмоқда. Йилига чўл ва чала чўл худудларида 20 млн.га. ер кучли деградацияга учрамокда. Адир ва ярим адир худудларга қуруқликнинг / 57 млн км 2 / 33 фоизи ва ер шари ахолисининг 15-17 фоизи тўғри келади. Адир ва ярим адир худудларининг чўлга айланиши мавжуд табиий ресурслардан /айниқса ўсимлик оламидан/ хўжасизларча фойдаланиш ва тартибсиз ўзлаштириш билан боғлиқ.
Адир ўлкаларнинг чўлга айланиши оқибатида хар йили 60-70 минг км2 қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар издан чиқмоқда. Айни вақтда, чўлга айланиш хавфи бўлган районлар 30 млн км2 дан ортиқ бўлиб, қуруқликнинг 19 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, чўллар майдонининг кенгайиши 1 млрдга яқин ахоли хаёт тарзига хам хавф солмоқда.
Юқоридаги жараёнлар Шимолий Америка, Осиё, Африка, /Сахрои Кабир ва Сахел/ , Лотин Америкаси, Австралия, Марказий Осиё /Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон/, Россия учун хосдир.
Шунга қарамай бугунги кунда инсоният томонидан унчалик катта харажатлар қилмай ўзлаштириш имконияти бўлган ер ресурслари қуруқликнинг 64 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, қуруқликнинг 25 фоизини / 36 млн км2 / ташкил қилувчи худудлар истиқболда ўзлаштириш имконияти бўлган захира хисобланса-да, бу худудларни ўзлаштириш катта харажатлар ва куч-гайрат билан боғлиқдир. Гарчи яқин истиқболда бутун инсоният олдида ер ресурслари танқислиги юзага келмасада, айрим мамлакатларда бугунги кундаёқ ер тақчиллиги муаммога айланмоқда. Шунинг учун хам мавжуд ер ресурсларини мухофаза қилиш, сақлаш ва унумдорлигини ошириш умумбашарий муаммолардан биридир.
4.4. Иқлимий ресурслар ва атмосферани мухофаза қилиш. Сув ресурслари.
Иқлимий ресурслар ер шари қишлоқ хўжалиги салохиятининг таркибий қисми хамда рекреацион /дам олиш сайру - саёхат/ ва больнеологик /сихат - саломатликни тиклаш/ ресурсларнинг бош элементидир. Айни вақтда, иқлимий ресурслар аввало атмосфера, инсон хаёт фаолиятини, қолаверса ердаги хаётнинг мухим шартидир.
Иқлимий ва космик ресурслар инсоният олдида ХХI асрда ўзлаштириладиган ресурслардир. Бу ресурслар ичида Қуёш энергиясидан фойдаланиш алохида ўрин тутади. Чунки, куёш энергияси инсоният олдида турган ёқилғи энергетика муаммосини хал қилиш калитидир.
Бугунги кунда қуёш нурларидан фойдаланиш сохасида катта илмий тадқиқотлар АҚШ, Россия, Ўзбекистон /Қуёш илмий-ишлаб чиқариш бирлашма- си/ каби қатор мамлакатларда амалга оширилмоқда.
Ер сатхи ва атмосферанинг қуйи қатламларида қуёш энергиясининг йиллик окими 1014 квт. бўлиб, мавжуд аниқланган энергоресурслардан 10 мартадан ортиқ ва бугунги истеъмол қилинаётган энергиядан минг марта кўпдир.
Шамол энергияси - инсоният томонидан кадимдан фойдаланиб келинган бўлиб, жуда арзон ва атроф-мухитни деярли ифлослантирмайди. Агар қуёш энергияси адир минтақаларга тўғри келса, шамол энергияси деярли мўътадил минтақаларга тўғри келади.
Иқлимий ресурслар таркибида агроиқлимий ресурслар (иссиқлик, нам ва ёруғлик) алохида ўрин тутади.
Инсон хўжалик фаолиятининг махаллий иқлимга таъсири саноат ривожланган даврдан илгарироқ юзага келган. Суғорма дехқончиликнинг ривожланиши оқибатида Нил, Месопотамия, Хинд ва Ганг, Янцзи ва Хуанхе дарёлари минтақаларида тез-тез қурғоқчиликнинг такрорланиши, қуруқ шамоллар, чанг тўзонлар, ўсимлик олами деградацияси (бузилиши) юз берган. Саноатнинг ривожланиши, ирригация тараққиёти айниқса, илмий-техника инқилоби таъсирида ишлаб чиқариш суръатларининг ўсиши билан боғлиқ холда атмосфера ва табиатдаги аномал ходисалар, яъни булутли кунларнинг кўпайиши, кислотали ва симобли ёғинлар ва нотабиий жараёнлар АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия каби индустриал минтақаларида юз бермокда.
Айниқса, 50- йилларнинг ўрталаридан бошлаб инсон хўжалик фаолиятининг салбий оқибатлари атмосферанинг умумий холатига ва планета иқлимига салбий таъсир эта бошлади.
Хаётнинг юзага келиши ва ривожланиши ер шарини ўраб турган газсимон мухит - атмосферага боғлиқ. Унинг оғирлиги 5,5 х 1015 т. бўлиб (80 % и страпосферага) қутб кенгликларида 8 кмдан, экваториал минтақада 18 км га қадар ва стратосферага 55 км юқорида 20 % и тўғри келади. Ер юзасидаги қуруқ хавонинг 78 % азот ва 21 % кислород, озрок аргон гази, карбонат ангидрид, гелий ва бошқа газлар бор.
Атмосферада инсон фаолияти туфайли карбонат ангидрид гази (СО2) концентрацияси ортмоқда. Йилига технологик ифлосланиш оқибатида 22 - 25 млрд.т. дан ортиқ СО2 ажралиб чикмоқда. Кейинги йилларда атмосферадаги СО2 миқдори 15 - 16 фоизга ортган бўлса, XXI аср бошларида 20 фоизга етиши тахмин қилинмоқда. Бундай жараён “иссиқхона самараси” нинг юзага келиши оқибатида XXI аср бошларида ер юзасида харорат 0,5 - 10 С кўтарилиши ва қутб музларининг эриб кетиши мумкинлиги тўғрисида илмий қарашлар мавжуд. Шунингдек, атмосфера табиий таркибининг бузилишига хавога чиқарилаётган хилма - хил зарарли моддалар - сульфат оксиди, азот оксиди, углеводородлар, қаттиқ зарралар - қурум, кул, цемент ва кўмир чанглари ва бошқалар таъсир кўрсатмоқда. Реактив самолётларнинг харакати туфайли трапосферанинг юқори ва стратосферанинг қуйи қисмидаги юпқа азон қатлами /радиациядан химоя қилувчи /жиддий бузилмоқда ва туйнуклар хосил бўлмоқда. (Озон туйнуклари)
Атмосферанинг ифлосланишида автомобиль транспорти катта роль ўйнайди ва атмосферага чиқарилаётган захарли моддаларнинг 50 фоизи /углевод оксиди ва азот оксиди, қўрғошин /тўғри келади. Шунингдек, электростанциялар /сульфат оксиди, азот оксиди ва чанг/, саноат корхоналари /олтингугурт ва марганецли газлар, углеводородлар, хилма-хил қаттиқ жинслар ва бошқ/, қишлоқ хўжалиги /пестицидлар, турли ўғитларни ва дефилиантларни ишлатиш/, шунингдек, радиактив моддалар кучли таъсир этмокда.
Ер шари иқлимининг XXI аср бошларида ўзгариши тўғрисида бир-бирига қарама-қарши фикрлар мавжуд. Халқаро метеорологик ташкилот /ХМТ/ маълумотларига кўра 1940 йилга нисбатан ўртача йиллик харорат ерда 0,5 0 пасайди ва жараён оқибатида янада совуқроқ бўлиши мумкин. Аммо, антропоген омиллар натижасида самарали исиш жараёни юз бериши мумкин. Бу йўналиш Ю.А.Израэль, М.И.Будько ва бошқаларнинг тадқиқотларида тасдиқланмоқда. Тадқиқотларнинг кўрсатишича атмосферада СО2 икки хиссадан ортиши оқибатида йиллик ўртача хаво харорати мўътадил минтақада 2050-2060 йилларга бориб, 2-3 0 кўтарилиши ва бу жараён юқори кенгликларда сезиларли даражада бўлиши мумкин.
Кондратьев К.Я фикрича хозирги иқлимнинг ўзгариши учта сабаб:
- қуёшдаги доимий ўзгаришлар (вариация) ва ер шари устки қисми холатининг ўзгариши,
- атмосферанинг газ ва аэрозол таркибининг табиий ва антропоген омиллар таъсирида ўзгариши,
- океан сатхи хароратининг ва кор қопламининг, музли майдонларнинг ўзгариши билан боғлиқ.
Ю.А.Израэль фикрича иқлимнинг ўзгариши планета масштабидаги атмосфера, океан, қуруқлик юзаси криосфера - биосфера антропоген омиллари таъсири билан боғлиқдир. Умуман, атмосфера, иқлим ресурсларини мухофаза қилиш ва унинг мусаффолигини сақлаш умумбашарий экологик муаммолар туфайли келиб чиқаётган бош вазифлардир.
Сув ресурслари . - тугамайдиган табиий ресурс бўлиб, ер шарида жуда катта захирага эга. Шунга қарамай, ХХ асрнинг 80-йилларидан бошлаб илмий- техника инқилоби таъсирида иқтисодиётнинг барча сохалари, айниқса саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, хизмат турларининг гуркираб ривожланиши, ахоли сонининг ўсиши билан боғлиқ сув тақчиллиги деярли барча мамлакатларда сезиларли равишда кўзга ташланди. Лывович М.И. маълумотларига қараганда планетадаги сув захиралари 1,4 млрд.м3 бўлиб бунинг 97 фоизи дунё океани ва қуруқликдаги сувлардан иборат. Ер усти ва ер остидаги истеъмол учун яроқли сув захиралари 35 млн км3 бунинг 2/3 қисми музликлардан иборат. Ер шаридаги барча дарёларнинг йиллик сув оқими 2 млн км3 дан бир оз ортади.
Сув ресурсларининг бундай захиралари инсониятнинг бугунги эхтиёжларини тўла қондирибгина қолмай, балки узоқ истиқболда хам етарли сув билан таъминлайди. Аммо, шунга қарамай кейинги йилларда сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларининг яроқсиз холга келтириш жараёнлари барқарор ортиб бормоқда. Чунончи, ХХ аср бошларида дунё бўйича 400 км3 сув ишлатилган бўлса, бу 1970 йил 2,6 минг км3 , 1980 йил 3,3 минг км3 ва 1990 йил 4 минг км3 га етди, ёки кейинги 30 йилда 2 мартага ортди. Мутахассислар фикрича XXI аср бўсағасида сув истеъмол қилиш 6 минг км3 га етиши кутилмоқда.
Иқтисодиётнинг икки асосий сохаси қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқлари энг кўп сув истеъмол қилувчилардир. Чунончи, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида I т. буғдой етиштириш учун вегетация даврида - 1500 т. сув, I т. шоли етиштириш учун 7 минг т . , I т. пахта етиштириш учун 10 минг т. сув талаб қилинади. Саноатда эса 1 т. пўлат ва қоғоз ишлаб чиқариш учун 250 т , аммиак ишлаб чиқариш учун 1000 т , алюминий эритиш учун 1500 т. , синтетик тола ишлаб чиқариш учун 5000 т, никел ишлаб чиқариш учун 4000 т, шакар ишлаб чиқариш учун 100 т, резина ишлаб чиқариш учун эса 3500 т. чучук сув ишлатилади. Хўжалик мақсадларида ишлатилаётган сувнинг 50 фоизи йўқотилмоқда. Йўқотилаётган сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига, тўғри келади, саноатда бу холат 20 фоиз, бошқа. тармоқларда 4 фоиз, сув омборлари хиссасига эса 6 фоизи тўғри келади.
Агар, 1990 йилда дунё бўйича сув истеъмол қилиш йиллик дарё оқимларининг 7,5 - 8 фоизини ташкил қилса, XXI аср бошларида 12-13 фоизга етиши кутилмоқда. Аммо, бу ўртача кўрсаткич бўлиб, ер шарининг турли худудларида унинг миқдорлари кескин фарқланади. Қадимдан ўзлаштирилган, айниқса индустриал ривожланган худудлар чучук сув истеъмол қилувчи минтақалар хисобланади ва жахон чучук сувларининг 40 фоизидан ортиғи шу худудларга тўғри келади.
Қуруқликнинг адир ва ярим адир худудлари эса ёғинларнинг озлиги, ер усти сувларининг чегараланганлиги билан ажралиб туради. Жахоннинг кўпчилик суғорма дехқончилик ривожланган худудларида деярли дарё сувларининг барчаси суғоришга сарфланади. Масалан, Марказий Осиёдаги Амударё ва Сирдарё сувларининг Орол денгизига етиб бормаслиги оқибатида 70-йилларнинг ўрталарида Орол муаммоси юзага келди.
Шунингдек, сувларнинг ифлосланиши яъни сой, дарё, кўл ва денгизларга саноат, қишлоқ хўжалиги ва маиший чиқиндилар ташлашнинг ортиб бориши билан хам боғлиқ. 90-йилларнинг бошларида дунё бўйича ташлама сувларнинг хажми 1 минг км3 дан ортди ва сувни меъёрлаштириш учун 10 марта кўп сув керак бўлади ёки бу сув 10 минг км3 оқар сувни ифлослайди. XXI аср бошларида эса оқар сувларни меъёрлаштириш учун 20-25 минг км3 чучук сув керак бўлади. Бугунги кунда - Рейн, Дунай, Сена, Тибр, Миссисипи, Огайо, Волга, Днепр, Дон, Днестр, Нил ва Ганг каби дарёлар кучли ифлослангандир.
Шунингдек, Ўрта денгиз, Шимолий, Ирланд, Болтиқ, Қора, Азов денгизлари ва ички денгизлар - Япон, Ява, Кариб хавзаси, Бискай, Форс, Мексика ва Гвинея қўлтиқлари юқори даражада ифлосланган. Кейинги йилларда океанларга йилига 100 млн.т. хилма-хил чиқиндилар тушмокда. Дунё океани нефть билан ғоят кўп ифлосланмоқда. 1 т. нефть 12 км2 сув сатхини юпка плёнка тарзида қоплайди. Халқаро Денгиз Ташкилоти маълумотларига кўра 37 минг кема ва танкерлардан (юк сиғими 10 минг т.) йилига Дунё океанига 750 - 1500 минг т. нефт ташланмоқда. Денгиз нефтини қазиб олиш жараёнида йилига 6 млн.т. нефт океанга чиқиб, уни ифлосламоқда. Космик тасвирлар шуни кўрсатмоқдаки, Дунё океанининг 1/3 қисми юпка ёғли плёнка билан копланган, бўлиб жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Сув ресурслари - денгиз ва океанлар инсониятнинг улкан бойлиги бўлиб, унинг тақдири мамлакатларнинг муваффақиятли халқаро хамкорлиги билан боғлиқдир.
4.5. Рекреацион ва больнеологик ресурслар. Рекреацион ва больнеологик ресурслар мохияти жихатидан кўп компонентлидир. Илмий-техника инқилоби шароитида ер шари ахолиси сонининг ортиб бориши, ишлаб чиқариш суръатларининг ривожланиши билан бу ресурсларнинг иқтисодиётдаги ўрни тобора кучайиб бормоқда. Чунки, шахарларнинг кенгайиши, шахарча турмуш тарзининг ортиши, хатто қишлоқларда хам шахарча турмуш тарзининг кенгайиши ва индустрлаштириш, умумий психологик ва физиологик зўриқишга (стресс), шовқин-суроннинг ортиши, атмосфера мусаффолигининг ёмонлашуви, транспорт чарчоқлиги ва бошқа ноқулайликларнинг кучайиб боришига олиб келмоқда. Шунинг учун хам, кенг миқёсда дам олиш, сайр-саёхат қилишга бўлган эхтиёж кучаймоқда.
Шахарликлар учун шахар ташвишларидан бир нафас халос бўлиш, хаётий заруриятга айланмокда. Бу жараён шахарларнинг кенгайиши, шахар ахолиси сонининг тўхтовсиз ортиб бориши, шахарча хаёт тарзининг кучайиши билан янада кескинлашмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ахолиси 500 минг.дан ортиқ энг йирик шахарларда 42 фоиз, 250-500 минг ахолиси бўлган йирик шахарларда 25 фоиз, 100-250 минг ахолиси бўлган шахарларда 24 фоиз, 50-100 минг ахолиси бўлган шахарларда 17 фоиз, 50 мингдан оз ахолиси бўлган шахарларда 15 фоиз ахоли хафтада дам олишга ўзида эхтиёж сезади.
Бир қатор мамлакатларда катта-катта худудлар рекреацион манбаа сифатида шаклланмокда. Айниқса, Франция, Италиянинг Ўрта денгиз сохил бўйи минтақаси, Югославия ва Болгариянинг Адриатика ва Қора денгиз сохиллари, тоғли минтақалар ва Польшанинг 18 фоиз, АҚШнинг 8 фоиз федерал хокимиятга қарашли ерлари рекреацион мақсадларида фойдаланилмоқда. Шунингдек, Япония, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси, Африка, Марказий Осиё (Ўзбекистон), Европа, Шимолий Кавказ, Кавказорти давлатлари, Карпат тоғ тизмаси, Альп тоғлари худудларда ўзига хос хордиқ чиқариш масканларидан иборат минтақалар шаклланмокда.
Рекреация тизими мажмуали бўлиб, табиатдан оқилона фойдаланиш ва атроф-мухит муаммоси билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки, бир томондан рекреацион тизим катта ер фондини (гарчи қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ер ресурслари, айрим тоғли худудлар, эстетик ахамиятга молик табиий манзаралар ва бошқалар) тақозо қилса, иккинчи томондан рекреация минтақасининг ўзига (табиий ландшафтга) бўлган хаддан ташқари кучли тазйик табиатга ва унинг ресурсларига салбий таъсир этади.
Айни вақтда, рекреацион минтақаларда сихат-саломатликни тиклаш ва соғломлаштириш табиий манбаалар билан уйғунлашган бўлади. Қуёшли кунларнинг кўп бўлиши, атмосфера мусаффолиги ва кислороднинг юқорилиги, шифобахш сув ва балчиқлар сихат-саломатликни тиклаш ва соғломлаштириш ресурслари сифатида қаралади. Рекреацион ва больнеологик ресурслардан самарали фойдаланиш эса фақат айрим худудлар иқтисодий тараққиётинигина эмас, балки бутун-бутун мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётида хам катта ўрин тутмокда.
Илмий-техника инқилоби шароитида рекреацион ва больнеологик ресурсларга бўлган эхтиёж тобора ортиб бормоқда ва бу жараён истиқболли йўналишга эгадир.
Достарыңызбен бөлісу: |