Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



бет2/9
Дата21.06.2016
өлшемі1.35 Mb.
#152900
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Таянч иборалар

Атон, “Розетт тоши”, Ахетатон, “Некропол”, “Индамаслар шаҳри”, “Ўлик шаҳарлар”, саркофаг

Саволлар

1. Қадимги Миср тарихи ва маданиятини ўрганишда қайси манбалар устувор аҳамиятга эга?

2. Қадимги Миср тарихи ва маданиятини ўрганишда ёзма манбалар билан моддий маданият ёдгорликларининг нисбати қандай?
2. Қадимги Миср давлатининг пайдо бўлиши

Табиий шароитлари. Мисрнинг серунум ерлари асосан Нил дарёси оқизиб келтирган тупроқдан вужудга келганлигини грек тарихчилари ва географлари - Геродот билан Страбон таъкидлаб ўтган эдилар. Нил дарёсининг тошиши натижасида яхши суғориладиган Миср ерлари Шимолий ва Шарқий Африканинг кенг чўллари ўртасида қолган буюк воҳага ўхшайди. Миср ғарбда ва шарқда қояли тоғлар, ўтиш қийин бўлган чўллар, жанубда эса Нил дарёсининг бўсағалари туфайли қўшни мамлакатлардан ажралиб, яккаланиб қолган эди. Шу сабабли унинг ўзига хос хусусиятлари анчагина бўлган.

Мисрликлар доимо ўзларининг серҳосил ва роҳатбахш ерларини табиати кўримсиз ва ёввойи қўшни мамлакатларнинг ерларига қарама-қарши қўйиб келганлар. Мисрликлар ўз мамлакатини тасвирий иероглиф ёрдамида текис ер шаклида тасвирлаб, баъзида текис ерни ариқ ва каналлар билан бир қанча қисмларга бўлиб кўрсатганлар ва Мисрни образли қилиб “Қора тупроқ”(Та-Кемет) деб атаганлар.

Мисрликлар ер, сув ва ҳамда ўсимлик худоси Озирисни бери серҳосил Нил мамлакатининг ҳомийси деб ҳисоблаганлар. Улар ишонишича, Озириснинг фитначи, маккор ва золим акаси, чўл, ўлим ва чет эллар худоси Сэт унга қарши доим кураш олиб борарди. Нилнинг чўл қисми ҳамда водийсида жойлашган деҳқонларнинг атрофида яшовчи кўчманчилар билан азалдан олиб борган кураши мисрликларнинг ёзувларида, тилида ва динида ана шу тариқа акс этган. Тинмай давом этиб турган бу курашнинг бир қатор маданий ва сиёсий ўзаро таъсири туфайли янада мураккаблашиб кетмаслиги мумкин эмас эди.

Миср жўғрофик жиҳатдан икки қисмга: Юқори Миср Нилнинг тор ва узун водийсига ҳамда Қуйи Миср-Нилнинг учбурчак шаклида тармоқланиб, Ўрта денгизга олиб чиқадиган кенг дельтасига бўлинади. Юнонлар Қуйи Миср кўринишини ўзларининг учбурчакли бош ҳарфига ўхшаганлиги туфайли уни дельта деб атаганлар.

Миср ҳудудининг аксарият қисми чўл зонасида жойлашган. Шундан фақат 3,5% (35 минг кв.км) Нил дарёси дельтаси ва водийсига тўғри келади. Рельефи ва геологик тузилиши жиҳатидан Миср шартли равишда тўрт зонага бўлинади: 1. Ливия чўли 2. Арабистон чўли 3. Синай ярим ороли 4. Нил дарёси водийси ва дельтаси. Рельефи асосан текислик. Қизил денгизга яқин ерлар тоғликдир.

Дунёдаги энг катта дарёлардан бири бўлган Нил (узунлиги 6,5 минг км.) Мисрнинг аллювиал тупроғинигина вужудга келтириб қолмай, балки, ўзининг вақти-вақти билан тошиб туриши туфайли Миср ерларини серҳосил ва унумли қилиб, водийда ва дельтада инсон яшаши, қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун мақбул табиий шарт-шароитларини вужудга келтиради.



Аҳолиси. Мисрликлар бошқа кўпгина қадимги Шарқ халқлари сингари бир қанча қабилаларнинг секин-аста аралашиб кетиши натижасида ташкил топган. Қадимги Миср халқи Шимолий ва Шарқий Африканинг маҳаллий қабилалари ташкил топган. Мисрдаги қадимги даврга оид кишиларнинг ўзига хос ҳайкалчалари, Негададаги қадим мозорлардан топилган бош суякларини ўлчаш натижалари, шунингдек, Қадимги Миср тилининг галла, сомали ва бошқа қабилалар тилига яқинлиги энг қадимги мисрликларнинг тропик Шарқий Африка қабилалари билан қардошлигини кўрсатади. Қадимги Миср тавсифларига кўра, Шарқий Африкада (мисрликларча Пунт мамлакатида) яшаган энг қадимги қабила вакилларининг ташқи қиёфалари билан мисрликларга жуда ўхшаб кетадилар.

Бундан ташқари, энг қадимги Миср қабилалари Шимолий Африканинг ливиялик қабилалари билан ҳам жуда яқин қариндош бўлганлар. Қадимги Миср тили ўзининг баъзи жиҳатлари билан Шимолий Африкадаги барбар тилларини эслатади. Мисрда ва Нил водийсини ўраб турган баланд тоғликларда ўтказилган қазилмалар ўзига хос Миср маданиятини вужудга келтирган қабилалар қадимги тош асридан буён Шимоли- Шарқий Африкада яшаганликларини кўрсатди. Мисрликлар мис қазиб топишни ҳам билганлар.

Шундай қилиб, қадимги мисрликлар тарихдан анча олдинги қадим замонлардан бери Нил водийси ва дельтасида яшаб келган халқдир. Ибтидоий жамоа тузуми вақтидаёқ вужудга келган қадимги Миср тили бутун қулдорлик даврида ҳам мавжуд бўлган. Қадимги Миср тилининг асосий луғат фонди ва баъзи ўзига хос хусусиятлари тахминан милодий 1 асрда феодализм тузумли вужудга келган вақтга қадар, ҳатто бир қадар кейинги замонларгача ҳам сақланиб келган. Қадимги мисрликлар тилининг қадимги семит (финикияликлар, аққодликлар, оссурий ва қадимги яҳудий) тилларига бирмунча яқинлигининг сабаби, қисман Миср билан Олд Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва маданий алоқалар туфайли уларнинг ўзаро кўрсатган таъсиридадир. Қадимги мисрликлар тили милоддан аввалги 1 ва II минг йилликларда Мисрга бостириб кирган чет эл истилочилари-гиксослар, ливияликлар, ҳабашлар ва бошқаларнинг тиллари билан чатишиб кетган, пировард натижада қадимги мисрликлар тили доимо устунлик қилган.

Энг қадимги синфий жамиятнинг пайдо бўлиши. Мисрда одамлар палеолит давридан бошлаб яшаганлар. Милоддан аввалги X - VI минг йилликда Нил атрофидаги чўлларда тарқоқ ҳолда яшаган қабилалар териб-термаглаш, овчилик, кейинроқ эса балиқ овлаш билан шуғулланишган. Булар қадимги сом халқларига мансуб қабилалар, барбарлар ва кушитлар бўлиб, уларнинг аралашиб кетиши туфайли милоддан аввалги IV минг йилликда Миср халқи пайдо бўлган. Аҳоли нуфузининг ортиши чорвачилик ва деҳқончиликка ўтишни тезлаштирган, бу эса ҳудудий жамоаларнинг пайдо бўлишига олиб келган.

Деҳқончилик қилиш учун каналлар, тўғонлар қуриш зарурияти туғилган, бунинг мақсадида ўзаро урушларда асир тушган қуллар меҳнатидан фойдаланилган. Натижада жамоада ижтимоий табақаланиш рўй бериб, уруғ зодагонлари ажралиб чиққан, қабила сардорлари маҳаллий подшоҳларга айланганлар. Бир қанча майда қулдорлик давлатлари вужудга келган. Кейинчалик улар ўртасидаги кураш натижасида шимолда Қуйи Миср, жанубда Юқори Миср подшоликлари барпо бўлган. Милоддан аввалги тахминан III минг йилликда иккала подшолик бирлашиб, ягона давлат барпо бўлган.

Энг қадимги Миср ёзувлари, қадимги Подшолик йилномаси, Миср фиръавнларининг сўнгги даврга оид шажараси ва Манефон тузган подшолар рўйхати биринчи ва иккинчи сулоладаги Миср ҳақиқатда ҳам тарихда бўлганлигини Негад ва Абидодан қазиб олинган, улкан подшо мақбараларидан топилган ёдгорлик ҳам бир қадар тасдиқлайди. Амелино - де Морган ва Флиндрес Петрилар бу ердан кўп ва турли-туман моддий маданият буюмлари ҳамда олдинги икки сулола фиръавнларининг номлари ёзилган энг қадимги иероглиф ёзувларини топдилар. Сулоладан аввалги даврнинг моддий маданият ёдгорликлари, шунингдек дастлабки икки сулолага оид буюмлар ва ёзувлар милоддан аввалги IV минг йилликнинг охирларида дельтада ва Нил водийсида энг қадимги синфий жамиятнинг пайдо бўлиш жараёни ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Миср аҳолиси бу даврда алоҳида кичик-кичик жамоаларга бўлиниб яшар, жамоалар бошида жамоа кенгаши ва оқсоқоллар турарди. Деҳқончилик, мавжуд табиий шароитга кўра, суғориб экин экиш шаклига кириб борган. Ҳар йили Нил дарёсининг тошиши аҳолидан тошқин сувларининг бир жойда тўпланмай, бутун мамлакатга бир текисда ёйилишини таъминлаш юзасидан бир қанча чоралар кўришни талаб қилган. Сунъий суғориш ишлари Месопотамиянинг жанубий қисми учун қай даражада зарур бўлса, Мисрга ҳам шундай зарур бўлган. Шунинг учун ирригация шоҳобчаларини барпо қилиш, уларни асраш ва кенгайтириб бориш вазифасини энг қадимги даврлардаёқ дастлаб жамоалар, кейин эса давлат ҳокимияти бажариб келган. Энг қадимги дехқончилик жамоалари ҳаёти учун зарур сунъий суғориш ишларининг бу каби катта аҳамияти иероглиф шакллар билан ёзилган ”вилоят”, “ўлка” ва “вилоят бошлиғи” сўзларида ўз аксини топади.

Архаик даврдаёқ қишлоқ хўжалиги билан биргаликда турли ҳунар - касблар ҳам ривожланган. Архаик даврдан бошлаб кенг тарқалган ва юксак даражага етиб такомиллашган энг қадимги касб-ҳунар турларидан бири тошдан асбоблар ясашдир. Мисрликлар қадим замонлардан бўён тошдан асбоб ва қурол-аслаҳалар, хусусан ўроқ ва арра, пичоқ, болта, белкурак, найза ва ўқ-ёй учлари, ханжарлар, шунингдек базальт, порфир ва серпантин каби чиройли тошлардан маҳорат билан турли-туман идишлар ясаганлар. Биринчи сулола давридан бошлаб катта -катта тош парчалари ва плиталар ишлатилган. Чунончи, ушбу сулола подшоси Усефей мақбарасининг полига гранит плиталар ётқизилган. II сулола фиръавни Хасехемуи мақбарасининг кичик сағанаси йўнилган оҳактош плиталаридан ясалган. Бундаги йирик тош парчаларини ишлатиш техникаси Шимолий Африканинг мегалит меъморчилиги техникасини эслатади.

Қадим мисрликларга қўрғошин, мис, олтин, кейинчалик эса метеит темир каби металлар маълум бўлган. Қўрғошин Қизил денгиз қирғоқларида, Косейр ҳамда Асувоан яқинида қазиб олинган. Тарихдан олдинги даврга оид қабрлардан жуда кўп қўрғошин буюмлари топилди. Синай ярим ороли ва Шарқий чўлдан қазиб олинадиган мис айниқса кенг тарқалган. Биринчи сулола замонидаёқ мис қазиб олинганлиги ва мисдан ҳар хил қадимги асбоблар ясалганлигидан далолат берадиган буюм Синай ярим оролининг жанубий- ғарбий қисмида, Вади-Мағхарада ва Серобилтал-Ходимдан топилган эди. Бу ерда мис рудаси, маъдан чиқиндилари, темирчилик ўчоқларининг, металл эритиш печининг қолдиқлари, қуйилмалар ва тиғларнинг қолиплари, ниҳоят, мис эритадиган қозон синиқлари топилди. Ўша даврда Шарқий чўл ва Нубияда олтин қазиб чиқарилганлиги ҳам аниқланди. Биринчи сулолалар замонидаги қабрлардан олтиндан ясалган ғоят гўзал зеб-зийнат буюмлари топилганлиги бу ерда заргарликнинг юксак даражада ривожланганлигини кўрсатади. Қадимги Мисрда темир милоддан аввалги 1 минг йилликка қадар жуда кам ишлатилган. Темирга ишлов бериш архаик даврдаёқ муҳим касб ҳисобланган. Подшо саройида махсус темирчилик устахоналари бўлиб, бу устахоналарни махсус амалдор идора қилган, архаик давридаги муҳрларнинг нусхаларида “подшо саройидаги темир қуювчилар бошлиғи” деган унвон учрайди. Аммо темирчилик Мисрда аста-секин ривожланган. Мисрликлар анчагина илғор металл қуроллари билан бирга тошдан ясалган қуроллардан ҳам фойдаланганлар.

Қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликнинг ривожланиши натижасида ишлаб чиқариш ўсди ва эҳтиёждан ортиқ махсулотлар пайдо бўлиши, шунингдек чет элдан келтириладиган турли хом ашёга бўлган эҳтиёж савдони юзага келиши ва тараққий этишига сабаб бўлади. Мисрдаги архаик даврга оид қабрлардан топилган турли ашёлар мамлакат ичидаги ҳамда қўшни мамлакатлар билан бўлган айирбошлаш савдосининг жуда ҳам эрта ривожланганлигини кўрсатади.

Сулоладан олдинги иккинчи даврга оид мақбаралардан Фаластинга хос жимжимадор дастали сопол идишлар топилиши Мисрнинг Фаластин ва Сурия билан айирбошлаш савдо олиб борганлигидан дарак беради. Бу идишлар ичидан қотиб қолган ёғ юқи ҳам чиққан, бу Фаластин ёки Суриядан келтирилган бўлса ажаб эмас. Қадимги Финикия шаҳри Библдаги қазиш ишларида Мисрга оид буюмлар, чақмоқ тошдан ясалган пичоқ ва белкураклар, бўёқ учун ишлатиладиган шифер тахталар, оникс, биллур, яшма ва олтиндан ясалган мунчоқлар, лойдан ясалган ҳайвон суратлари чиқди. Биринчи сулолалар даври подшоларининг мақбараларидан Эгейга атаб ясалган сопол идишларнинг синиқлари топилди.

Бироқ бу энг қадимги даврда бутун хўжалик ўзининг қадимги натурал тусини тўла-тўкис сақлаб қолган. Жамоа ишлаб чиқарган барча моддий ашёлар шу жамоанинг ўзидаёқ истеъмол қилинган. Мажбуриятлар ҳам фақат натурал тусга эга бўлган.

Қадимги Мисрда аста-секин уруғчилик тузуми емирилиб, қулдорлик тузуми ҳамда мустабид давлат ташкил топдики, бу ҳол инсоният тарихидаги энг катта ўзгаришлардан биридир. Бу даврнинг охирига келиб синфий жамият ва бошида қулдор зодагонлар турган энг қадимги давлат вужудга келади. Уликлар кўшилган қабирлар ўша вақтдаги мулкий табақаланишдан гувоҳлик беради. Мисрликлар оддий кишиларни, қишлоқ жамоаларининг эркин аъзоларини, камбағаллар ва қулларни оддий қабрга кўмиб, уларни фақат энг зарур рўзғор буюмлари билан таъминлаган бўлсалар, бойлар, зодагонлар, амалдорлар ва олий коҳинларни тантанали равишда ҳашаматли мақбараларга, қимматли буюмлар, озиқ-овқат, бадиий ҳунар ва санъат буюмлари, динга оид буюмлар билан бирга дафн қилганлар. Бу мақбараларнинг баъзилари ғоят муҳташам қасрларни эслатади. Масалан, Саккарада топилган подшо Деннинг муҳрдори Хемак мақбараси 50 дан ортиқ хонадан иборат бўлиб, у 1482 метр жойни эгалласа, “шароб ертўласи бошлиғи” ва “тегирмон мудири” Анхках мақбарасида 37 та хона бор. У даврнинг рассом ва ҳаттотлари бирон кишини тасвирлар эканлар, унинг қайси тоифага мансуб эканлигини, кийим кийиши ва қандай соч қўйганлигини таъкидлаб кўрсатганлар.

Бой ва қулдорлар ўз мавқеларини мустаҳкамлаш, меҳнаткаш халқни эзиш ва уни доим жиловда тутиш учун энг кўҳна давлат аппаратини тузганлар. Бутун олий ҳокимият подшо саройида марказлашган бўлиб, мамлакат ўша ердан туриб идора қилинган. Подшонинг энг яқин кишилари катта амалдорлар бўлиб, уларнинг унвонлари ҳам дабдабали эди: сарой бошлиғи подшодан кейин мартаба жиҳатидан иккинчи бўлса, ундан сўнг подшо арконларининг муҳрларини сақловчи муҳрдор турган ва ҳ.к. Бу амалдорлар билан бирга бошқа сарой аҳллари ҳам тилга олинади: ёзувларда улар ўзларини “саройда иш юритувчи”, “хонлар” ва “подшонинг дўстлари” деб атайдилар.

Ер фондининг давлат қўлида тўпланиши ва бутун сунъий суғориш тизимини бошқариш зарурати туфайли секин-аста молия ва хўжалик ишларини идора қилувчи маҳкамалар ташкил топди. Подшо хазинаси “кумушхона” деб аталган. Бутун мамлакатдан йиғиладиган натура солиғи шу хазинага тўпланган. Шу билан бирга озиқ-овқат таъминоти, тегирмончилик, чорва хўжалиги, токчилик ва виночилик ишларига қарайдиган айрим муассасалар ҳам бўлган. Подшонинг хусусий хўжалиги (подшо уйи) алоҳида ажратиб олинган ва уни бошқариш учун алоҳида мансабдорлар тайинланган.

Давлат айрим вилоятлар - (номлар)га бўлинган ва бу вилоятларни кўпроқ зодагонлардан бўлган номархлар, маҳаллий ҳокимлар бошқарган. Қадим замонларданоқ сунъий суғориш ишларини идора қилиш вазифаси маҳаллий амалдорлар зиммасига юклатилган.

Мисрнинг кучли бир давлатга айланиши жараёни ҳам дельтада, ҳам водийда содир бўлган. Секин-аста бир-бири билан рақиблик қилувчи икки давлат юзага келган. Дельтада жойлашган шимолий давлат маркази Баҳдет (Даманхур) бўлса, биринчи остонагача водийни бирлаштирган жанубий давлатнинг маркази Небут (Ўмбос) эди. Бу икки давлат ўртасида узоқ давом этган кураш бизга Қуйи ва Юқори Миср ҳомийлари ҳисобланган Гор ҳамда Сэт ҳудолари ўртасидаги курашни баён қилувчи қадимги диний афсоналардан яхши таниш. Мамлакатда устунлик қилиш ва ҳукмрон бўлиш учун олиб борилган бу курашда гоҳ бир томон, гоҳ иккинчи томоннинг қўли баланд келган. Енгган фиръавн енгилганининг унвонини ўз унвонига қўшиб олган. Бу ҳол энг кейинги вақтлардаги фиръавнларнинг унвонларида акс этган.

Қадимги Миср тарихи давомида фиръавннинг “икки мамлакат султони” ҳамда “Юқори ва Қуйи Мисрнинг подшоси” унвонлари, мамлакат қадимда Шимол ва Жанубга бўлиниши сабабли, давлат аппаратининг ҳам икки қисмдан иборат бўлиши ҳам авваллари Юқори ва Қуйи Мисрнинг узоқ вақт икки мустақил давлат бўлганлигини кўрсатади. Бу даврдаги Миср давлати ҳали кўп жиҳатдан ва анчагина ибтидоий уруғ - қабила иттифоқига ўхшайди.

Юнон ёзувларда дастлабки Миср подшоси ва мамлакатни бирлаштирувчи деб ҳисобланган қадимги фиръавн Менес (Мина) номи сақланиб қолган. Улар тарихий далилларга асосланган бўлиши керак. Тарихий даврнинг Миср фиръавнлари шажараларида фиръавн Минанинг номи биринчи бўлиб келтирилган. Негадада катта подшо мақбарасидан топилган лавҳада ҳам Мина номи тилга олинади. Мина Абидос яқинидаги Тин деган жойдан келиб чиққан бўлиб, дельтани босиб олган ва ягона Миср давлатини барпо қилган. Мина дельтадан водийга чиқадиган ерда, яъни стратегик ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган ерда ўз истеҳкоми-пойтахтни қурган ва унга “Оқ девор” деб ном берган. Бу жой шу қадар тўғри танланганки, у бутун Миср тарихи давомида ўз аҳамиятини йўқотмай, сақлаб келди. Кейинчалик бу ерда Қадимги Подшоликнинг пойтахти бўлган Мемфис шаҳри қад кўтарди. Архаик даврдаги Миср фиръавнлари мамлакатни бирлаштириб бўлгач, Миср худудини кенгайтириш йўлида ҳаракат қила бошладилар. Фиръавн Усефай Синай ярим оролида яшовчи шарқий қабилалар билан кураш олиб боради. Шундай қилиб, дастлабки сулола фиръавнлари Миср иқтисодиётининг ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бой мис конларини босиб олиш мақсадида Синай ярим оролига қурол билан бостириб борганлар.



Таянч иборалар

Қора тупроқ”, семит тили, иероглиф ёзуви, “тегирмон мудири”, ҳоқон, “подшонинг дўстлари”, “кумушхона”, “Оқ девор”, номлар, номарх, мегамет меъомрчилиги, семит тили, гигсослар, сом, барбар, кушит, пунт мамлакати, Та-Кемет



Саволлар

1. Қадимги Миср тарихида унинг жўғрофик мавқеи қандай роль ўйнаган?

2. Қадимги Мисрда сиёсий - ижтимоий тузум қандай кўринишда бўлган?
3. Миср Қадимги Подшолик даврида (милоддан аввалги 2800-2250 йиллар)

Илк подшолик даврида ҳукмронлик қилган 1 - II сулола фиръавнлари Мисрни бирлаштиришга асос солганлар. III - X сулола фиръавнлари подшолик қилган давр Қадимги Миср Подшолиги даври деб аталиб, милоддан аввалги XXV111-XX111 асрларни ўз ичига олган. Бу даврда марказлашган, кучли қулдорлик давлати тузилди. Моддий маданият юксалди. Қулларни кўпайтириш ва металлга бўлган эҳтиёж туфайли Қадимги Подшолик фиръавнлари Нубия ва Синай ярим оролида тўхтовсиз урушлар олиб бордилар.



Хўжаликнинг ривожланиши. Илк подшолик давридагидек, деҳқончиликнинг асоси бўлган суғориш тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш, янги каналлар қазиш давлат олдидаги асосий вазифа эди. Бу ишларни махсус амалдорлар амалга оширганлар. Ёзма манбаларда амалдор Нехебу Шимолий ва Жанубий Мисрда фиръавн буйруғи билан янги каналлар қургани билан фахрланганлиги қайд этилган. Деҳқончилик кенгайиб бориши билан бирга балиқчилик ва овчилик ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади. Овчилик ва балиқчиликка оид манзаралар Қадимги Подшолик даври мақбараларида яхши сақланган.

Ер танқислигига қарамай, Миср дельтасида чорвачилик нисбатан ривожланган эди. Шунинг учун Қуйи Мисрдаги жой номларида ҳўкиз илоҳийлаштирилган.

Қадимги Подшолик давридаги урушларда Мисрга асосан қорамол ўлжа сифатида олиб келинган. Ғоз ва ўрдак боқиш хўжалик аҳамияти даражасига кўтарилган. Қуёш худоси Навсерра ибодатхонасида байрамларда қурбонликка минглаб ғозлар сўйилган. Ҳудди шу ибодатхонада асалари боқиш, асал олишга оид манзаралар ҳам сақланиб қолган, бу ўша даврда асаларичилик мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Бироқ деҳқончилик мамлакат хўжалик ҳаётида катта ўрин тутган ва у тараққий этган сунъий суғоришга асосланган, шу билан бирга хўжаликнинг етакчи турларидан бири бўлган.

Қишлоқ хўжалиги меҳнат қуроллари такомиллашиб борди. Эндиликда чопқи ўрнига қўш тортадиган омоч ишлатила бошланди. Тошдан ясалган ўроқ ўрнини темир ўроқ эгаллади. Махсус хаскашлар пайдо бўлган. Янги бошоқли экинлар келиб чиққанлиги ҳам Қуйи ва Юқори Мисрда деҳқончилик тараққий этганини кўрсатади (мева ва полиз экинчилиги, шу жумладан узумчилик, зиғир ва зайтун ёғи ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди).

Мақбараларда сақланиб қолган кўплаб тасвирлар бу даврда ҳунармандчилик, хусусан, ёғочсозлик, тоштарошлик, металлсозлик, кулолчилик, папирус ишлаб чиқариш, тўқимачилик кабиларнинг ривожланганлигини кўрсатади. Ёғочсозликда ишлатиш учун хом ашё Сурия ва Нубиядан келтирилган. Тош кесиш ва тошдан буюмлар ясаш анча ривожланган. Металлургия мамлакат хўжалигининг муҳим тармоғига айланиб, бу айниқса Қадимги Подшолик даврида тараққий топди. Металл буюмлар тош буюмларни сиқиб чиқара бошлади. Миср мақбараларидан кўплаб металл буюмлари топилган. Шунинг учун қадимги Подшолик давридаёқ мисрликлар темирдан кенг фойдаланишган дейишга асос бор. Темир нодир металл ҳисобланиб, заргарлик мақсадларида кенг қўллашган. Малика Хетеп-Хорес мақбарасидан топилган кўплаб заргарлик буюмлари ана шундан далолат беради. Кулолчилик, папирус тайёрлаш ва тўқимачилик ҳам тараққий этиб борди.

Ишлаб чиқариш ўсиши туфайли ортиқча маҳсулот бозорда сотиладиган бўлди. Бу даврда Мисрда ички ва ташқи савдо ўзининг ибтидоий шакли - айирбошлаш кўринишда бўлган. Мақбара деворларида бозор манзараларини кўплаб учратиш мумкин: дон, ғалла, сабзавот, мева, ёғ, балиқ, ҳунармандчилик буюмлари, шу жумладан, зеб-зийнат буюмлари, ойна, пойабзал ва ҳоказолар савдосини кўриш мумкин. Маҳсулот эквиваленти ғалла, металл ёки мис бўлган бўлса эҳтимол. Дастлабки металл пуллар Қадимги Подшолик даврида пайдо бўлган. Уйлар ва қуллар нархи ҳам металл ёмбилар билан ўлчанган. Ана шу даврда Миср Сурия билан ҳам савдо - сотиқ ишларини олиб борди. Хусусан, Библ (Мисрча “Кебен”) да Суриядаги Миср савдоси марказларидан IV сулола фиръавнлари Хуору ҳамда Меккаврларнинг номи туширилган идиш парчалари топилган. Миср фиръавнлари ўзларини “Библ ҳокими”, “Ливан худоси” деб аташ мумкин деб ҳисоблаганлар.

Миср фиръавнлари V сулола даврида Осиёга катта савдо экспедициялари жўнатганлар. Фиръавн Сахуранинг мақбара ибодатхонаси деворида йўлга отланаётган денгиз экспедицияси тасвирланган. Бу савдо экспедицияларида мамлакат учун зарур хом ашё нафақат савдо йўли билан, балки қурол ёрдамида, зўрлик билан Мисрга олиб келтирилган.

Қадимги Подшолик даврида Мисрда қулдорлик хўжалиги ва ташқи савдонинг ривожланиши натижасида мисрликлар иқтисодий ҳамда ҳарбий йўл билан қўшни мамлакатларга, жумладан, Олд Осиё ва Шарқий Африканинг Мисрга ёндош бўлган мамлакатларига бостириб киради. Улар айниқса Нубия ва Синайда мустаҳкам жойлашиб олдилар.

Қишлоқ жамоалари ва патриархал оила Миср жамиятининг асосини ташкил этган. Мерос отадан катта ўғилга ўтиши керак бўлган. Кўплаб мерос тортишувлари ҳақида ёзма хужжатлар сақланиб қолган. Жамоа хўжалиги “жажат” ва “кенбет” деб аталган. “Кенбетлар” асосан оила ҳуқуқи, меросхўрлик масалаларини ҳал қилган. Жойларда суд, хўжалик ва маъмурий хокимият мавжуд бўлиб, улар олди-сотди ишларини ҳал қилган, амалдорларни кузатиб турганлар, сунъий суғориш тармоқларини назорат қилганлар. Жамоа бошлиқлари кейинчалик давлат амалдорларига айланган.

III ва IV сулола фиръавнлари даврида Миср. Хўжалик ва савдонинг тараққий этиб, қулдорлик кучайиши, босқинчилик урушлари, савдо ва ҳарбий юришлар мулкий табақаланишни янада тезлашувига олиб келди. Урушда олинган ўлжаларнинг катта қисми фиръавн ва амалдорлар қўлида тўпланди. Шу даврга оид амалдорларнинг қабрлари уларнинг нуфузидан далолат беради. Бу мақбараларнинг деворларида ўша замонда яшаган қадимги мисрликларнинг турмуши ва маиший аҳволини кўрсатувчи ажойиб тасвирлар сақланиб қолган. Иқтисод ривожланган сари, қуллик ҳам тараққий этди. Қуллар ҳам суғориш шоҳобчаларида ишлашга мажбур эдилар, чунки ер ҳосилдорлигини айнан ана шу тармоқлар таъминлаган. Бу шоҳобчалар давлат ҳокимияти, марказий ҳукуматнинг назорати остида бўлган. Умумдавлат аҳамиятига эга бўлган улкан иншоотлар, сунъий суғориш хавзалари, сув омборлари, канал ва дамбалар, шунингдек, синфий тузумнинг мустаҳкамлиги, ҳамда дин ва коҳинлар илоҳийлаштирган фиръавн ҳокимиятининг қудратидан гўё дарак берувчи буюк ибодатхоналар ва подшо мақбаралари қулларнинг оғир меҳнати туфайли бунёд бўлган. Геродот маълумотига кўра, “эҳромлар қурилишида минглаб қуллар ва камбағаллар ишлаган”.

Қулдорлик хўжалигининг ривожланиши, чет элдан келтириладиган хомашёга ва қулларга бўлган эҳтиёжнинг мунтазам ўсиб бориши, ташқи савдонинг кенгайиши босқинчилик сиёсатининг кучайишига олиб келди. Мисрнинг III ва IV сулола фиръавнлари қурол кучи билан Миср ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилганлар. III ва IV сулола фиръавнлари Қадимги Миср тарихида катта ўрин тутади. Улар даврида Миср қудратли марказлашган давлатга айланди. III сулоланинг биринчи фиръавни Жосер ўз подшолиги даврида Мисрнинг шимолий-шарқий ва жанубий ҳудудларида урушлар олиб борган. Синай ярим оролидаги қадимги мис конлари яқинида Жосернинг бу ерда яшаган қабилалар устидан қозонган ғалабасини тасвирловчи суратлар сақланиб қолган. Нубияни босиб олиш бироз қийин кечиб, шу сабабли Жосер Мисрнинг жанубий вилоятларини мустаҳкамлаш мақсадида Асвондан тортиб то Филагача девор қуришга мажбур бўлди.

Фиръавн Снофру ҳам истилочилик сиёсатини юритиши натижасида Синай ярим оролидаги мис конлари батамом Миср тасарруфига ўтди. Унинг бу ғалабаси Води-Мағхарадаги қояларда сақланиб қолган суратларида акс этган. Бу воқеалар мамлакат учун сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, улар ҳақидаги хотира минг йиллар давомида Миср халқи ёдида сақланиб келмоқда. Жанубдаги урушларда ҳам Снофру муваффақиятга эришиб, унинг «Палермо тошидаги» давлат йилномасида Нубиядан 7 минг асир ва 200 минг қорамол ва қўй-эчки келтирганлиги айтилади.

IV сулола фиръавни Хуфунинг ғалаба рельефи сақланиб қолган. Қуйидаги қисқа ёзув бунинг сиёсий маъносини аниқ ифодалаб беради: “Хнум-Хуфу”. Синай ва Нубиядан Мисрга кўплаб қуллар келтирилган. III ва IV сулола фиръавнлари қурдирган эҳромлар улар давлати зўр қудратининг ифодасидир”.

Биринчи йирик эҳром Жосер томонидан узун зинапоясимон шаклида қурилган, унинг баландлиги 60 метр. Бу мақбара атрофида олиб борилган қазилмалар натижасида бу ердан мураккаб меъморлик иншооти топилган. Безатилган устунлар ажойиб ва ўзига хос бўлиб, ўша даврнинг бош меъмори, олий амалдор Имхотебнинг номи ҳам сақланиб қолган. Жосер ҳайкали харобалари ичидан топилган ёзувларда Имхотеб номи кўплаб учрайди. Бутун бир қоядан тарашлаб ясалган улкан сфинкс, Хуфру, Хафра ва Менкавр эҳромлари III ва IV сулола фиръавнларининг қудратини ҳозирги авлодларга ҳам намоён этиб турибди.

V ва VI сулолалар даврида Миср. V сулоланинг дастлабки III фиръавни қуёш худоси Ранинг никоҳи натижасида мўъжизона туғилганликлари, бу фиръавнларни қуёш худосининг авлоди сифатида сўзсиз подшолик тахтига ўтириш ҳуқуқига эга бўлганликларини ифодалайди. Бу афсона ва шу даврга оид ёзувларнинг асл нусхаси ҳам IV сулола давридаёқ қуёш худоси Рага эътиқод кучая бошлаганини кўрсатади. V сулола фиръавнлари даврида Ра Мисрнинг бош давлат худосига айлантирилган. Фиръавнлар “Ра ўғли” деган янги унвон олганлар. Мемфис яқинида V сулола фиръавнлари қурдирган ибодатхона харобалари Рага эътиқод айниқса кучайганини кўрсатади.

V ва VI сулола фиръавнлари ҳам истилочилик сиёсатини давом эттирганлар. Улар Ливия ва Нубияда уруш ҳаракатлари олиб бордилар, бу урушлар оддий ҳалқ елкасига оғир юк бўлиб тушди. Шу даврга оид кўплаб ёзма манбалар бундан далолат беради. VI сулола фиръавнлари Пепи I ва Пепи II даврида Нубияга қарши муваффақиятли урушлар олиб борилган. VI сулола даврида яшаган амалдор мақбарасида Фаластинга қилинган ҳарбий юриш ҳақида маълумотлар сақланиб қолган.

Қадимги Миср тарихига доир бу маълумотлар уруғчилик тузуми тугаб синфий жамият таркиб топа бошлаганини, урушларнинг босқинчилик моҳиятини жонли равишда ифодалайди.

Давлат ҳокимияти. Босқинчилик сиёсати қулдорлар ва йирик зодагонлар янада бойиши ҳамда кучайишига олиб келди. Ижтимоий зиддиятлар оғирлашди. Шу билан бирга идора ишлари марказлашиб, нуфузли амалдорлар кўпайди, подшо ва унинг ҳокимиятини илоҳийлаштиришга қаратилган пухта ишланган мафкура ёрдамида фиръавнлар мавқеи мустаҳкамланди.

Давлат ҳокимияти номарх ва амалдорлар орқали доим суғориш тармоқларини назорат қилиб турган. Молия-солиқ маҳкамаси иши жонланди. 1 сулола давридаёқ мамлакатдаги мавжуд ер-сув, чорва моллари, одамлар ва олтин ҳисобга олиб турилди, шу маълумотларга асосланиб, солиқлар белгиланган. Солиқлар солиқ амалдорлари ва хазиначилар бошқармаси ёрдамида мунтазам равишда аҳолидан ундирилиб турилган ва подшо хазинасига келиб тушган. Суд идоралари ривож топиб, қадимги жамоа судлари ўрнини подшо судлари, подшо ҳакамлари эгаллади. Хакам вазифасини кўп ҳолларда маҳаллий ҳокимлар-номархлар адо этган. “Олтита уруғ уй” номи билан машҳур бўлган олий суд пойтахтда жойлашган. Олий ҳакам мамлакатни идора қилишда биринчи ёрдамчи бўлиб, буни ўша давр ёзувлари ҳам тасдиқлайди.

Қадимги Подшолик замонидаги ёзувлар махсус ҳарбий маҳкаманинг тузилиши ва фаолиятига оид ўзига хос хусусиятларни тасаввур қилиш имконини беради. Мамлакатнинг ҳарбий кучларига қўмондонлик қилиш фиръавн оиласига қарашли кишилардан бирига топширилган. Кўп ҳолларда бу лавозимни шаҳзодалар эгаллаганлар.

Барча амалдорлар бошида давлатнинг идорасидаги, фиръавннинг биринчи ёрдамчиси бўлган олий амалдор турган: маъмурий, ҳарбий ва суд ҳокимият унинг қўлида бўлган. Одатда бу олий мансабни фиръавннинг ўғли эгаллаган. Давлат ҳокимияти Мисрнинг марказлашган тизимига ёрдам берган. Бу даврда фиръавнлар ҳокимияти илоҳийлаштирилган. Илоҳийлаштириш мафкураси тантанали маросимлар, урф-одатлар ва байрамлар воситасида режали равишда амалга оширилган. Фиръавн ҳаёт пайтидаёқ худо образида тасвирланган.

Бу даврдаги афсоналарда фиръавннинг қуёш худоси ва дунёвий аёл хотин ўртасидаги ғайритабиий никоҳ натижасида мўъжизакор дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Худолар ҳимоя қилиб турган фиръавн образи яратилиб, баъзан фиръавн сфинкс сифатида ҳам тасвирланган.

Мисрнинг номларга бўлиниб кетиши. Қадимги Подшолик даврининг охирларига келиб айрим номларда хукмдор номархлар бутун ҳокимиятни қўлларига олиб, мустақил сиёсат юрита бошладилар. Номархлар фиръавн ҳокимияти васийлигидан чиқа бошладилар. Буларнинг бари фиръавн ҳокимиятининг заифлашиши ва марказлашган тизимнинг йўқола боришига сабаб бўлган.

Марказ кучсизланиши ва номархларнинг кучайиши пировард натижада Мисрнинг номларга бўлиниб кетишига олиб келди. Номларда коҳинлар жуда катта куч эътиборга эга бўлиб, ҳар бир номнинг ўз худолари бўлиб, шу йўл билан коҳинлар фиръавнга қарши сиёсат юритганлар. Жойларда фиръавнни илоҳийлаштиришга қарши чиқиб, улар маҳаллий худолар образини иложи борича юксалтиришган. Бу интилишга маҳаллий номархлар ҳам қаршилик қилмаганлар, чунки марказий ҳокимиятнинг заифлашуви уларнинг манфаатларига хизмат қилар эди. Коҳинлар катта ҳуқуқларга эга бўлиб, маблағларни марказга юбормай қўйиш билан марказий ҳокимиятга иқтисодий жиҳатдан ҳам салбий таъсир кўрсатдилар.

Қадимги Подшолик даврининг охирларида марказий ҳокимиятнинг кучсизланиши ва ягона Миср давлатининг емирилиши кескин синфий кураш остида кечди. Мамлакатда бирин -кетин ғалаёнлар бошланди. Иқтисодий ва сиёсий соҳада марказий ҳокимиятнинг инқирози натижасида Қадимги Миср подшолиги парчаланиб кетди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет