7. амалиёт билан назариётни боғлиқлиги принципи.
Маълумки тасвирий санъатни ҳар бир машғулоти ўз назариясини шу дарсни ўзида амалиёт билан боғлайди. Чунки, ҳар бир тасвирий санъат машғулотида ўқитувчи аввал назарий маълумот беради ва шу маълумотлар асосида амалий иш бажарилишини талаб қилади.
Дарсда ўкитувчи дарс темаси бўйича ўкувчи бажариши лозим бўлган вазифани эълон қилиб, бу вазифани бажариш учун етарлича маълумот бериб, уни бажариш усулларни ҳам синф доскасида кўрсатиб беради.
Нарсани ўзига қараб расм чизиш дарсида ўқитувчи ўқувчиларга расм чизиладиган нарсани кўрсатиб, у ҳақидаги барча маълумотларни баён этади. Сўнгра уларни расмини чизиш ва тасвирлаш бўйича назарий ва амалий кўрсатмалар беради. Бу ерда нарсани яратилиши, дунёга келишидан бошлаб уни шакли, тузилиши, ранги, туриш ҳолати ҳақида суҳбат ўтказади.
Сўнгра уларни расмини чизиш тасвирлаш бўйича назарий ва амалий кўрсатмалар беради. Бу ерда нарсани яратилиши, дунёга келишидан бошлаб уни шакли, тузилиши, ранги, туриш ҳолати ҳақида суҳбат ўтказади. Сўнгра бу нарсани этаплар асосида тасвирлашни синф доскасида чизиб, кўрсатиб беради. Сўнгра синф доскасида кўрсатилган тасвирлар ўчириб ташланади, кўргазма материаллар олиб қўйилади, натура ўқувчилар қаршисига қўйилиб, уни тасвирлаб бериш вазифаси айтилади.
Ўқувчилар эса ўқитувчи берган маълумотлар асосида, натура расмини чизишга киришадилар. Кўриниб турибдики, дарсда берилган назарий билимлар шу дарсни ўзида амалий ишларга жалб этилади. Назарий билимни амалиётда қўлланиши тасвирий санъатнинг ҳамма турлари бўйича машғулотларда ҳам амалга ошириш имконияти бор. Буни фаннинг ўкитиш характери, услуби ва дидактик принципи талаб этади ва унга амал қилади. Шунингдек, уйга берилган вазифани бажариш жараёнида ўқувчилар дарсда олган назарий билимларини амалда қуллаш кўникмаларини мустаҳкамлайдилар.
тасвирий санъатни ўкитишда предметлараро
боғланиш.
1. Предметлараро боғланиш ҳакида умумий маълумот.
«Фанни ҳақиқатдан ўрганмоқ учун, унинг ҳамма алоқаларини ва воситаларини бирга ўрганмоқ, текширмоқ керак».
Я.О.Коменский.
Мамлакатимизда фан, техника, маданият ва маънавият шиддатли ривожланиш даврига кириб бормоқдаки, бу ёш авлодни тарбиялайдиган тарбия ва таълим муассасалари ва халқ маорифи ходимлари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Бу вазифалар айниқса, мактаб фаолиятини такомиллаштириш, унда бўлажак мамлакатимиз ёш авлодга замон талаби даражасида билим ва малакалар бериш жараёнида амалга оширилади.
Мактаб фаолиятини такомиллаштириш ва унда бериладиган билим ва малакалар самарадорлигини оширишнинг асосий воситаси ва шарти ўқув фанларини ўрганишда предметлараро ва фанлараро боғланиш системасидан фойдаланиш эканлиги педагогика фанига маълумдир. Чунки, мактаб фаолиятида предметлараро боғланиш:
1. Ҳар бир машғулотни мақсади ва вазифасини тўғри белгилаш имкониятини беради;
2. Ҳар бир машғулотни зарурий кўргазма ва дидактик материаллар билан таъминлайди;
3. Ўқувчиларни фанга, машғулотга бўлган қизиқишларини оширади, дарсга бўлган эпоционал ҳолатини ва машғулот жараёнида ихтиёрий-барқарор диқкатини таъминлайди;
4. Расм чизиладиган натура, объект ва композиция элементларини илмий асосда ўрганишни, кузатишни, кузатилган нарса ва воқеаларни объектив, ҳақконий идрок этишга имкон беради;
5. Натура ва объектларни кузатиш асосида характерли ва асосий белгиларни ажратиб олишга ўргатади;
6. Ўқувчиларни ташабускорликка, мустақилликка, ижодкорликка ўргатади, материалистик дунёқарашни ва эътиқодларни такомиллаштиради;
7. Ўқувчиларни билимларини системалаштиради, асосли ва ҳар томонлама, изчил, илмий, билим ва малакага эга бўлишини таъминлайди.
Шу боисдан - Буюк Чех педагоги Я.О.Каменский: - «дарс материалларини шундай таксимламоқ зарурким, ҳар бир янги материал ўзидан олдинги материални давоми бўлсин ва кейинги материални тўлдирмоғи лозим,» - деб ёзган эди.
Маълумки предметлараро боғланишни барча педагоглар эътироф этган ҳолда унга катта баҳо бериб келадилар. Ҳақиқаттдан ҳам мактаб ўкув фанларини ўрганишда предметлараро боғланиш бугунги кунда ҳам энг самарали дидактик принцип бўлиб колади.
Предметлараро боғланиш - икки характерда намоён бўлади:
1. Назарий жиҳатидан боғланиш - бу табиатда, жамиятда, умуман моддий оламда бўлган, бўлаётган ва бўладиган воқеа-ҳодисалар ўкув предмети мазмунида ифода эта оладиган дидактик шароитига айтилади, яъни ўрганилаётган ўқув фанлари мазмунида бошқа ўкув фанларини назарий материалларидан фойдаланиб ўз ўкув материалларини ифода этишдан иборатдир.
Масалан: Тасвирий санъат дарсида К.П.Брюловнинг «Помпейни сўнгги куни» санъат асарини ўрганишда, «Қадимда дунё тарихи» курсидаги «Қадимги Рим маданияти» темаси ва география фанидаги «Вулқонлар» темаси - материалларидан фойдаланиб, юқоридаги санъат асардаги сюжет ва воқеалар ҳақида илмий маълумотлар берилади ва асар тахлили утказилади.
2. Предметлараро боғланишни методик йўналиши ўкитувчи билан ўкувчи ўртасида индивудал ва умумий савол-жавоб, уй вазифаларни текшириш жараёнида амалга оширилади.
М: Ўқитувчи савол беради: - Куб қандай шакл?
Ўқувчи математика фанидан ва тасвирий санъат дарсларида олган билимлари ва малакалар асосида жавоб берадилар.
- Куб - 6 томонли, 12 қиррали, 24 бурчакли бўлиб, барча томонлари, қирралари, бурчаклари бир-бирига тенг геометрик жисм - шакл, деб жавоб беради. Фан ўкитувчиси ўз фаолиятида предметлараро боғланиш принципидан фойдаланиши учун фани билан боғланадиган ўкув фанларини дастур, дарслик ва ўкув қулланмаларини ўрганиб бориши, ўша фан билан системали алоқада, ҳамкорликда бўлиши лозим. Бу предметлараро алоқа ўкитувчига:
1. Дарсини илмийлигини, унинг дарсдаги ташаббусини ва ижодий ишлашини таъминлайди.
2. Ўқитувчи мехнатини қисқартиради, меҳнат унимдорлигини оширади.
3. Дарс материалларини ихчамлаштиради, дарсдаги такрорланишларни, умуман мактаб ўкув фанларидаги такрорлашларни камайтиради, тугатиши ҳам мумкин.
4. Фан ўкитувчисини иш фаолиятини системага солади.
5. Ўқувчиларга эса ўқув фанларини осон ўзлаштириб олиш имкониятини бериб, уларда бир бутун илмий жиҳатдан асосланган билим ва малакаларга эга бўлишини ва ўқув фанларни осон ўзлаштириш имконини беради. Уларда мукаммал, илмий жиҳатдан асосланган билим ва малакалар базаси бўлишни таъминлайди.
Мактаб - маорифга эса дарс соатларини, ўкув кунларини иқтисод қилиш, чегаралаш ва қисқартириш имкониятларини беради. Агар мактабни барча ўкитувчилари шу системада ишласа, кунлик ўкув соатини 5-4 соатгача, ҳафталик ўқув кунларини 5 кунгача қисқартирилиши мумкин.
2. Тасвирий санъатни ўкитишда предметлараро боғланиш.
Узоқ йиллик иш тажрибаларимиз ва илмий экспериментал тадқиқотларимиз натижаларига кўра шуни айтиш мумкинки, тасвирий санъат мактабдаги барча ўкув фанлари билан бевосита боғланади.
Тасвирий санъатни бошка ўқув фанлари билан боғланишида кўпроқ биология, география, меҳнат, чизмачилик, математика, физика, тарих, тил адабиёт фанлари актив иштирок этади. Бу боғланиш ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан амалга оширилади. Предметлараро боғланишни ташаббускори тасвирий санъат ўкитувчиси бўлади. Чунки, тасвирий санъат ўкитувчиси ўз фанини, унинг ўқитиш методикасини яхши билса, уни предметлараро боғланишдан фойдаланишга интилади ва уни ишга солади. Тасвирий санъат ўкитувчиси учун бу қийин эмас.
Энг аввало ўкитувчи мактабда тасвирий санъат кабинетини ташкил этиши лозим. Кабинетда тасвирий санъат боғланиши энг якин бўлган ўкув фанлари биология, меҳнат, география, тил адабиёти, тарих каби ўкув фанларининг дастури, дарслик ва кўргазма материаллардан база ташкил этиш зарар. Тасвирий санъат ўқитувчиси ўз иш режасини тузади, ҳар бир дарсни қайси фан билан боғланишини кўрсатади. Ёки картотека ташкил этиш зарур. Боғланадиган ўқитувчининг ўқув фанларининг назарий материаллари бўйича ўзини дарс кунини белгилаб уларни йилдан-йилга кўпайтириб бориши зарур. Боғланадиган ўқув фанларининг ўқитувчиларининг машғулотларига кириб уларни ўрганиши, улардан ўз дарсларида фойдаланиши системасида ишлаши зарур.
Тасвирий санъат ўқув предметини бошқа ўқув фанлари билан боғланиши турлича характер, мазмун ва шаклларда амалга оширилади. Бу боғланиш ўтиладиган дарс темасини мақсади, вазифаси ва мазмунига кўра амалга оширилади. Бу боғланиш энг аввало предмет ичра боғланиш мазмунида амалга оширилиб, қаламтасвир ёки нарсани ўзига қараб расм чизиш, тематик композиция тузиш, бадиий безаш, ҳайкалтарошлик, амалий санъат, суҳбат машғулотлари ўзаро бир-бири билан боғланади. Сўнгра предметлараро боғланиш асосида бўлиб, бу машғулотлар кўпроқ ботаника, зоология, математика, чизмачилик, адабиёт география, меҳнат каби фанлар билан боғланади.
Бунда олма, анор, нок, қовун, тарвуз, редиска, сабзи, туруп, шохча, терак, тол, ўрик ва ўт-ўланлар каби нарсалар расми чизилганда албатта ботаника ўқув фани материалларидан фойдаланадилар.
Дарсда қуш ва ҳайвонлар - қўй, эчки, товуқ, каптар, қарға, ҳакка, бўри, тулки, шер, фил, илон, тошбақа ва бошқаларни расми чизилганда албатта ўкитувчи зоология фанининг ўкув материаллари билан боғланади.
Тасвирий санъатни кўпчилик дарсларида геометрик шакллар призматик буюмлар расми чизилади.
Куб, призма, кўпёқли, пирамида, конус, цилиндр, шар ва шу шакллардаги предметлар расми чизилганда ўқитувчи математика ва чизмачилик фани билан боғланиши зарур.
Техника воситалари, механик ўйинчоқлар расми чизилганда эса дарсда физика ўкув фани материалларидан фойдаланиши тақозо этади.
Рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари расми чизилганда ўқитувчи меҳнат фанига боғланади, уни кўргазма ва ўкув материалларидан фойдаланади ва ҳоказо.
Айниқса, санъат асарларини ўрганиш дарсларида адабиёт, тарих география, биология, физика, меҳнат, астрономия каби ўкув фани материалларидан фойдаланиши зарур.
У.Тансиқбоевнинг «Жонажон ўлка», «Иссиқ кўл» оқшоми, В.Кайдаловнинг «Ҳосил мўл бўлди», Л.Абдуллаевнинг «Чўлни ўзлаштириш», Ю.Елизаровнинг «Пахта терувчилар», «Теримчи қиз», А.Абдуллаевни «Назарали Ниёзов» асарларини ўрганишдан кўплаб ўқув фанларига мурожаат этилади. Чунки унда: ўт-ўланлар, дарахтлар, тоғ-адирлар, тарихий воқеалар, ҳайвонлар, қуш-парандалар, техник воситалари мавжуд бўлиб, улар ҳақида суҳбат ўтказиш учун буларни ўрганадиган фанлар билан боғланиши зарур.
Хуллас, тасвирий санъатнинг барча турлари барча бўлимлари, барча темаларини ўрганишда аввало предмет ичра боғланиш асосида ўкитилади.
Сўнгра унинг ҳар бир дарс машғулоти мактаб ўкув фанлари билан боғланиши лозим ва зарур. Бу боғланишсиз мактаб тасвирий санъатни машғулотларнинг илмийлик салоҳиятини асло кутариб бўлмайди.
Илмий салохиятга эга бўлган дарс ва унинг ўкув предметини ўқитишдаги самарадорлик бугунги миллий мактабларимизнинг мақсади - мазмунидир.
Тасвирий санъат кабинети ва унинг иш фаолияти.
Мактаб тасвирий санъати ўқувчиларни энг аввало эстетик жиҳатдан тарбиялайди. Ўқувчиларга график жиҳатдан билим ва малака беришнинг асосий ўкув фани ҳисобланади. Шунингдек, ўкувчиларнинг мустақил ишлашга, ташаббус кўрсатишга ва шулар орқали ижодий ишлашга ўргатади. Аммо бунинг учун мактабда энг аввало мутахассис ўқитувчи ва яхши жиҳозланган тасвирий санъат кабинети бўлиши шарт. Мактабда тасвирий санъатни ўқитишнинг энг биринчи ва асосий шарти - кабинетни зарурлигидир.
Тажрибалар ва узоқ йиллар бўйича кузатишлар ҳам мактабда тасвирий санъат кабинетини ташкил этилмасдан, у ерда тасвирий санъат дарсини ўтказиш ҳақида фикр - гап бўлмаслигини тўла исботлаб беради. Шу боисдан мактабда иш бошлаётган ёш ўкитувчининг 1-ўриндаги ва асосий бош вазифаси тасвирий санъат кабинетини ташкил этишдир.
Маткабда кабинетни ташкил этилиши:
1. Мактабда тасвирий санъат дарсини методик ва дидактик жиҳатдан тўғри бўлишини таъминлайди.
2. Дарсларни зарурий дидактик ва кўргазма материаллар билан таъминлайди.
3. Дарсда техника воситаларидан фойдаланиш имкониятларини яратади.
4. Тасвирий санъат ўқув фани бўйича кўргазма ва дидактик материаллар базасини тўплаш имконини беради.
5. Дарсни бошқа ўқув фанлари боғлаш имкониятини ташкил этади.
6. Дарсдан ва мактабдан ташқари машғулотларни амалга ошириш имкониятини яратади ва ҳоказо ўнлаб турли тадбирларни амалга оширишга шарт-шароит яратади.
Кабинетни ташкил этиш бўйича Наманган вилоятида кўплаб иш тажрибалар амалга оширилган. Шунга кўра, кабинет ташкил этиш хона танлаш билан бошланади. Кабинет учун хона танлангач, уни қайта ремонт қилинади, электр манба билан таъминланади, жиҳозланади, безатилади.1
Хона энг аввало 45 минутли дарс жараёнига тайёрланади. Бунда хонадаги барча нарсалар ўтказиладиган дарс мақсади ва вазифасига қаратилади. Хонада дарсдан ташқари тўгараклар, консультатциялар, факультатив машғулотлар ҳам ўтказилади. Хонани жиҳозлаш ва безатишда шкафлар ва стеляжлардан фойдаланилади.
Хона шкафлари ва стелляжларда ўқув дидактик материаллар, турли қоғозлар, методик адабиётлар, газета ва журналларнинг подшипкалари сақланади. Энг яхши ўқувчиларни ишидан намуналар йиғиш, стенд ва кўргазмалар ташкил қилинади.
Кабинет фаолиятини йўлга қуйиш учун энг аввало унинг иш режаси тузилади. Кабинетга актив ўқувчилардан ёки тўгарак аъзоларидан навбатчилик тайинланади. Кабинет инвентарлари махсус «темир» дафтарга қайд этилади. Уни кўпайтириш, доимий назарда тутиб бориш тадбирлари кўрилади.
Кабинет зарурий техник воситалар билан таъминланади.
Кабинет кинопроектор, эпидиаскоп, фильмоскоп, телевизор, рефлектр - ёритгичлар, мальберт - столлар, табуреткалар билан жиҳозланади.
Шунингдек, бир қатор ўкув фанлари: биология, география, адабиёт, математика, меҳнат, чизмачилик, жисмоний тарбия каби ўкув фанларнинг дарслик ва зарурий ўкув - дидактик материаллари билан таъминланади.
Мактаб тасвирий санъати кабинетининг асосий жиҳозлари: гипсли слепкилар, муляжлар, чучелолар, 3-4 донадан кам бўлмаган челаклар, кабинетда ўқийдиган синф ўқувчиларининг ҳаммасига етарли даражада стакан (банкалар) билан таъминланиши зарур.
Мактаб тасвирий санъати ўқув предметининг ўқув-тарбия ишларини тўғри йўлга қуйиш - мактабни мутахассис тасвирий санъат ўкитувчиси билан таъминлашдан иборат бўлган ҳолда, тасвирий санъат дарсини бошлаш учун мактабда тасвирий санъат кабинети бўлиши шарт.
Чунки, мактабда тасвирий санъат кабинетини ташкил этмай туриб, уни ўқитиш мутлоқ мумкин эмас. Шу боисдан мактабда тасвирий санъат ўқитувчисининг асосий ва биринчи вазифаси - мактаб маъмуриятининг ёрдами асосида мактабда замон талаби даражасидаги тасвирий санъат кабинетини ташкил этиши лозим.
Тасвирий санъат дарсларида техника воситалари.
Маълумки, бугунги кунда мактаб ўкув-техника воситалари асосан эпидоскоп, кодоскоп, ЛЭТИ, фильмоскоп, телевизор, видиомагнитафон кабилардан иборатдир.
Тасвирий санъатни ўқитишда мальберт, таглик, рефлектр каби қўшимча техник жиҳозлар ҳам қўлланилади. Бу нарсалар натурани ўкувчини кўриш горизонтига мослаштириб олишида қўлланадиган буюмлар бўлиб, улар ярим механик услубда ишлатилади.
Рефлектр - натурага тушаётган ёруғ-сояларни нормал бўлиши учун қўлланилади. Мальбертлар ўкувчиларни расм чизиш учун мосламалар бўлиб, уни дарсда ва дарсдан ташқари расм чизишда ишлатилади. Тасвирий санъати ўкитишда кўпроқ ЭПИДИАСКОП қўлланилади.
Эпидаскоп - тасвирларни катталаштириш учун зарур бўлади. Бу санъат асарларини таҳлили даврида жуда аҳамиятлидир. Диапозитивлардан фойдаланиши учун ЛЭТИ - аппаратидан фойдаланилади. Тасвирий санъат дарсларида ва ҳозирда яхши ишлаётган техник воситалардан яна бири фильмоскопдир. Унда диафильмларни намойиш этилади. Тасвирий санъатдан бугунги кунда кўплаб диафильмлар мавжуд. Айниқса, санъат асарларини таҳлили даврида анча самара беради. Дарсда техника воситаларидан фойдаланиши ҳам меъёрий бўлиб, 2-3-4 минутга боради.
Факат суҳбат дарсларидагина купроқ ишлатилади. Агар бирор фильмни тўла намойиш этиладиган бўлса, уни дарсдан ташқари вақтда амалга оширилади. Техника воситаларидан фойдаланиш ўкувчиларни дарс материалига бўлган қизиқишини оширади, дарс самарадорлигини кўтаради.
Синфдан ва мактабдан ташқари ишлар.
Ўқувчиларни тасвирий санъатга бўлган қизиқишини оширишда, ўзлаштирмовчиларни яхшилар қаторига қушишда, тасвирий санъат ва рассомчилик касбига бўлган қизиқишини оширишда, дарс ва машғулотларда ўкувчиларни активлигини ва ижодкорлигини кўтаришда синфдан ва мактабдан ташқари ишлар алохида самара берувчи воситадир.
Тасвирий санъат бўйича синфдан ва мактабдан ташкари ишлар мактабдаги тадбирларни энг кўп турини ташкил этиш мумкин. Бу фан бўйича дарсдан ташқари ишларнинг 40 дан ортиқ тури мавжуд.
Улардан энг асосийлари:
1. Тўгараклар.
2. Консультациялар (қўшимча дарслар)
3. Суҳбат, лекция, докладлар.
4. Экскурсия, походлар.
5. Кўргазма ва конкурс (кўрик) лар.
6. Бадиий - санъат кечалар.
7. Матбуот ишлари.
8. Стенд, альбом, индивудал кўргазмалар.
9. Кинофильм телекўрсатувларни кўриш.
10. Рассомлар ижоди бўйича конференция, учрашув, юбилей тантаналарни ўтказиш кабилар.
Тўгараклар. Мактаб шароитини назарда тутилган ҳолда «расм чизиш» (ёш рассом), «графика», «нақкошлик», «кулолчилик», «санъат тарихини ўрганиш», «ёғоч, ганч ўймакорлиги», «ҳайкалтарошлик» каби тўгараклар ташкил этилади. Тўгаракка ихтиёрий, қизиқувчи, энг яхши расм чизувчилардан 2-3 тагача гуруҳлар ташкил этилади. Гуруҳларга 10-12 ўқувчи олиниб, ҳафтада 2-3 машғулот режалаштирилади. Машғулотлар 2-3 соатгача давом этади.
Қўшимча дарслар (консультациялар). Ўзлаштирмовчи ва фанга кизиқувчи ўқувчилар учун умумий ва индивидуал машғулотлар ташкил этилади. Консультациялар кам вақт ажратилган темалар ёки ўқувчиларни талабига кўра бирор бўлим, курс бўйича уюштирилади. Бундай машғулотлар учун ҳафтани маълум 1 ёки 2 куни белгиланади.
Суҳбат, лекция, докладлар. Бундай машғулотлар таниқли рассом, санъат усталари ёки рассом-педагогларни ижоди бўйича амалга оширилади.
Бу машғулотлар суҳбат, савол-жавоб, мушоира, конфренция шаклларда ташкил этилади.
Экскурсиялар. Санъат музейларига, кўргазма залларига, студия, рассом уйларига ва олий ўқув юртларига, очиқ музейларга, классик ва замонавий обидаларга, тоғ-тошларга, боғларга ташкил этилади. Экскурция натижалари самарали бўлиши учун улар экскурсиядан қайтгач иншо ёзиш режалаштирилади.
Бадиий - санъат кечалари. Атоқли рассомларнинг туғилган кунига, юбилейига, бирор бир тантанали кунлар муносабати билан бадиий-ижодий кечалар ўтказилади. Санъат кечалари 2 қисмдан иборат бўлади.
1-қисмда кеча кунига бағишланиб доклад, музокара ва бадиий чиқишлар бўлади.
2-қисм - бадиий қисм бўлиб, унда викторина, мушоира, савол-жавоблар, кино, концерт, театрлаштирилган, ҳатто экранлаштирилган чиқишлар, китоб савдоси ўтказилади.
Кўргазма ва конкурс. Атоқли рассомлар ёки ижодкор ўқувчиларни яратган асарлари бўйича кўргазма ва конкурслар уюштирилади. Бу ерда ўқувчилар иши бўйича уюштириладиган кўргазма ва конкурслар ғоят катта аҳамиятли бўлади. Уни ташкил этиш бир ой аввал афиша (эълон) чиказиш билан бошланади. Бу афишада конкурс ва кўргазмани куни, очилиши, мазмуни шартлари, тақдирлашлари ҳақида маълумот берилади. Сўнгра ташкилий қумита ва жюри тузилади. Ишлар бир ой йиғилиб, сўнгра намойиш этилади. Кўргазмани очилиши ва ёпилиши тантанали ҳолда ташкил этилади.
Матбуот ишлари. Мактаб матбуоти асосан деворий газета, бир қатор мактабларда радио ва видеолардан ҳам фойдаланилади. Мактабда тасвирий санъат бўйича деворий газеталарда одатдагидек бош мақола, фанни ўкитилиши, дам олиш - юмористик характеридаги рубрикалар берилади. Газетани номи «Нафосат», «Рассомчилик», «Ёш қаламкаш», «Санъатшунослик» каби санъатга оид мавзуларда берилади. Сўнгги йилларда матбуотда радио, телекўрсатувлардан ҳам илгор тасвирий санъат ўкитувчилари фойдаланиб келмоқдалар.
Рассомлар ижоди бўйича конференциялар. Тасвирий санъатга бўлган ўқувчилар қизиқишини оширишда, яна синфдан ташқари тадбирлардан бири атоқли рассомларни ижоди, санъатга бағишланган умрлари бўйича конфиренция ўтказишдир. Бу тадбирлар асосида келажак санъатшунослари тайёрланади. Чунки, бу ўринда докладчилар мактабни юкори синфидаги тасвирий санъат тўгараги аъзоларидан бўлади. Шунингдек тасвирий санъат бўйича ижодкор ўқувчиларни шахсий альбомлари, уларга атаб стендлар, индивудал кўргазмалар ташкил этилади. Яна кинофильмлар ва телекўрсатувларни коллектив бўлиб кўриш ғоят самарали тадбирлар бўлади.
Аммо синфдан ва мактабдан ташқари ишларни ташкил этиш ҳам мактабда тасвирий санъат кабинетини ташкил этилиши билан амалга оширилади.
Мамлакатимизда тасвирий санъат бўйича синфдан ва мактабдан ташқари ишларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланган.
Шу боисдан тасвирий санъат бўйича дарсдан ташқарида олиб бориладиган тарбиявий тадбирларни дарс ва машғулотлар самарадорлигини оширишдаги роли, ўрни ва аҳамиятига катта эътибор берилади. Шунингдек, уни кўплаб мактаблардаги иш тажрибалари матбуот сахифаларида кенг ёритилган. Бундай мактабларга Тошкент шаҳридаги № 26/2, 90, 16, Наманган шаҳридаги №26, 29, Тўрақўрғон туманидаги №8, 29, шунингдек, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона вилоятларини кўплаб мактабларини бу соҳада иш тажрибалари умумлаштирилиб, оммалаштрилган.
тасвирий санъат ўқитувчиси - шахси.
1. Тасвирий санъат ўқитувчиси шахси.
«Педагогика тарихидан маълумки, ўкитувчи - киши руҳининг инженеридир» - дейди Я.О.Каменский.1
Бас шундай экан ўкитувчи ким бўлиши, уни ўзи қандай характерда бўлиши ҳакида ўйлаб кўриш керак. Шу боисдан «ўқитувчи шахси онадан ўқитувчи бўлиб туғилмоғи керак» - деган иборани ҳам қуллаш лозим. Чунки, ўқитувчи энг аввало сахий қалб эгаси, очиқ кўнгил, тўғри сўзли, пок, ҳалол, инсониятнинг барча яхши фазилатларини ўзида мужассам эта олган шахс бўлиши лозим.
- Ўқитувчи кенг тафаккурга эга бўлган, бунинг учун у ғоят ақлли, доно, фаросатли, илмли, жуда кўп ўз фанидан ташқари илмларни, табиат ва жамиятни ривожланиши қонуниятларини билиши зарур
- Ўқитувчи ҳам таълим берувчи, ҳам тарбия берувчи шахс бўлиши керак. Шу боисдан у таълим ва тарбия назариясини яхши билиши, ўқитиш дидактикасини ва методикасини жуда кучли эгаллаган бўлиши керак.
- Ўқитувчи ўз фанини «аъло» даражада билиши, унга тегишли бўлган барча соҳаларни ўзлаштирган ва ўз устида - ижодий ишлай олиши лозим.
- Ўқитувчи - бола шахсини яхши тушуниши, улар билан ишлаш технологиясини жуда кучли билиши шарт.
- Ўқитувчи физиологик ва морфиологик жихатдан бақувват, қадди-қомати келишган, чиройли ва ёқимли ҳуснга эга бўлиши, айниқса, кўз қарашлар ва мимикаси кучли, суюнгани ҳам, ғазабланганини ҳам кўз қарашлари, мимикасида ифода эта оладиган, қаттиққўл, принципли, ҳақиқатгўй ва ўкувчиларга меҳрибон бўлиши керак.
Шунингдек, у ўкишни, ёзишни, гапиришни, чиза олишни юксак даражада эгаллаган, ижодкор, ҳар бир ҳаракатини ўзи юксак тарбия талабида бажара олиши ва ўзини жуда кучли бошқара олиши лозим.
- Ўқитувчи сиёсий жиҳатдан етук, материалистик тушунчада, жамиятни, Ватанни, халқни юксак даражада - онгли - илмий асосда тушуниши зарур. Ўқитувчининг бу хислатларини ҳаммаси айнан мактаб тасвирий санъат ўкитувчисида мужассамлашган бўлиши шарт. Мактаб тасвирий санъат ўқитувчисига яна қушимча ҳолда ғоят покиза, гўзалликни қадрловчи, чиройли, ҳуш-чақчақ, ёқимли, фелу-атворли, юксак аҳлоқий поклик, маънавий жиҳатдан ғоят бой шахс бўлиши лозим.
Чунки, мактаб тасвирий санъати ўкитувчисига кўп киши ялинади, ундан нажот кутади, ёрдамига муҳтож бўлади, ўқувчиларни кўпчилиги уни ортидан эргашади. Чунки мактаб тасвирий санъат ўкитувчиси одамларни, ўқувчиларни кўз олдида мўжизалар яратади. У хеч кимни кўлидан келмайдиган ишларни бунёд этади, у янгилик яратувчи, ижодкор шахсдир.
2. ўкув-тарбия ишида ўкитувчининг роли ва ўрни.
Мактаб тасвирий санъат ўқитувчиси энг аввало ўз фанидан ўкувчиларга умумтаълим характеридаги фан сифатида таълим ва тарбия бериш вазифасини бажаради. Шунингдек мактаб тасвирий санъат ўкитувчиси ўқувчиларни мазкур ўқув фанини ўқитиш асосида нарсаларни эътибор билан кўришга, предметлар шакли, ранги ва моҳиятини таҳлил қилишга ўргатади.
- Тасвирий санъат ўкитувчиси ўкувчиларга кузатишни, идрок этишни, нарса ва воқеаларга диққат билан эътибор беришни ўргатади.
Мактаб тасвирий санъат ўқитувчиси тасвирий санъат дарси ва машғулотларни ташкил этади. Бу машғулотларни ташкил этиш шунчалик мураккабки ҳар бир дарс учун кабинетда 20-25 ўкувчи учун тўла ўқув қуроллари, дидактик материалларни тайёрлаши лозим. Турли мазмунда кўргазмали қуролларни ҳозирлаш керак. Чунки тасвирий санъат ўкув фанини мазмунига кўра ўқувчи идрок қилган, кўрган нарсасини расмини чизиши зарур. Яна шуни айтиш жоизким, мактаб тасвирий санъат дарси 5 турда, 5 хилда, 5 характерда ташкил этилади. Бундай хилма-хил дарсларни ташкил этиш ва ўтказиш анча қийинчиликлар яратади. Уни иши жуда кўп. Шу боисдан дарс материалларни мураккаблиги дарсларга ўқитувчини пухта тайёргарлик кўришини талаб этади. Тажрибакор ўқитувчи ҳамма ишларга вақт топади. Ўқитувчи дарсни ташкил қилишдан бошлаб, уни охиригача ўз активлиги билан амалга оширади. Ўқитувчи дарсга тайёргарликдан бошлаб уни ўкувчиларга осон, қисқа, асосли етказишга ҳаракат қилади. Ўқитувчи дарс жараёнида ҳар бир ўқувчи билан индивудал иш олиб бориши лозим. Ўқитувчи яхши расм чизиши уни синф доскасида ёки уйда тайёрлаган босқичли расмларида ифодалаб бериш кўрсатиши лозим. Ўқитувчи дарсни ташкил этишда барча нарсаларга эътибор бериб, ҳамма камчиликларни дарсни бошланишиданоқ тўғрилаб олиш керак. Дарсни олиб боришда ҳар бир этапига тўғри амал қилиши зарур. Ажратилган ҳар бир минутлардан унумли фойдаланиш лозим. Ўқувчилар билимини текширишдан бошлаб, уйга вазифа беришгача бўлган даврдаги ҳамма ўқув-тарбия ишларини эришмай амалга ошириш зарур.
Хуллас, мактаб тасвирий санъат ўқитувчисининг бош вазифаси болаларда энди шаклланиб келаётган тасвирлаш қобилиятини ўстиришдан иборат бўлиб, уларга қаламни ушлашдан бошлаб, расм чизадиган дафтарни парта юзасига қўйишни, расми чизиладиган нарса ва воқеани кузатишни, олинган таассуротларни қоғоз юзасига туширишни ўргатишда ўргатувчи биринчи шахс, ўқувчини ёрдамчисидир.
Шунингдек, ўкувчини расм чизишда мустақил ишлашга, ундан ташаббусга ва ундан ижодкорликка бошловчи педагогдир. Ўқитувчи расм чизишга ўргатиш билан бирга ўқувчиларга гўзаллик-эстетик тарбия беради. Меҳнатга, ижодга, ўз ўлкасига, Ватанига, халқига муҳаббатли бўлишига ўргатади. Тасвирий санъат ўкитувчиси болаларга ҳалол, пок, иймонли, тўғри сўзли, эътиқодли бўлиш ҳис-туйғуларини сингдириб, уларни Буюк маънавият сари бошлайди. Буларни бажариш ва амалга оширишда ўкитувчи шахсий ташаббуси билан фаолият курсатади.
Достарыңызбен бөлісу: |