Ҳаракатнинг моддий ташувчиси ва ҳаракатлантирувчи кучи
Ҳаракатнинг моддий шакллари тўғрисида гап борганда, у ёки бу ҳаракат шаклнинг моддий ташувчиси деган тушунчага дуч келамиз. Бунинг маъноси шуки: ҳаракат ўз-ўзича мавжуд эмас, у ҳар доим «ниманингдир» ҳаракати, «ниманингдир» ўзгариши. Ўша «нима» ҳаракатнинг моддий ташувчиси бўлади. Ҳаракатланиш бу энергетик жараён. Моддий жисм муайян энергетик ҳолатда бўлади. Жисмнинг ҳаракатланиши билан энергия сарфланади, ёки энергия бир турдан бошқа турга айланади. Шунга асосланиб, айрим файласуфлар ҳаракатни энергия билан айнанлаштириштириб тушунтиришга ҳаракат қилишади (Э. Мах, Р. Авенариус). Энергия ҳам борлиқнинг муайян шаклидир.
Механик ҳаракатда ҳаракатланувчи куч «моддий нуқта» бўлса, физик ҳаракатда, моддий жисм ёки майдон, атомлар ёки элементар зарра (антизарра)лар, химиявий ҳаракатда – молекулалар, химиявий бирикмалар, биологик ҳаракатда – тирик организмлар, жамиятда эса одамлар ва ижтимоий гуруҳлардир. Ғоявий шаклдаги ҳаракатлар тўғрисида гап борганда «ҳаракатнинг моддий ташувчиси» деган тушунча ўз маъносини йўқотади. Унинг ўрнини «ҳаракатланувчи система», «ўзгараётган система» деган тушунчалар эгаллайди. Бундай система моддий ёки маънавий шаклда бўлиши мумкин. Инсон тафаккури, ахборотлар системаси, ғоялар системаси, фикрлар мажмуаси ва шу кабилар маънавий шаклдаги ҳаракатланувчи системага мисол бўлиши мумкин. Ҳаракатланувчи система айни вақтнинг ўзида ҳаракатланувчи кучдир. Ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай ҳаракат қандайдир бир сабаб туфайли рўй беради. Бундай сабаб ҳаракат манбаи бўлиб хизмат қилади. Бу сабаб на фақат моддий сабаб кўринишида, балки ғоявий сабаб кўринишида ҳам бўлиши мумкин.
Ҳаракат манбаи
Ҳаракат манбаи тўғрисида гапирганда мутафаккирлар қадимдан зиддиятларни назарда тутишган. Ички зиддиятлар ҳаракатнинг ички манбаидир. Айрим олимлар ҳаракат манбаси сифатида ташқи турткини, ёки дастлабки турткини олишади. Уларнинг фикрича, оламда абадий сокинлик ҳукмрон бўлиб, кейин дастлабки туртки туфайли олам ҳаракатга келган. Арасту ҳам шу нуқтаи назарда эди. Бу фикрнинг чегараланганлигини Ибн Сино танқид остига олади ва ҳаракатнинг манбаи ҳайвоний ва жисмоний майлларда деган ғояни илгари сурган. Арасту ва Ибн Сино фикрларидаги хатоларни араб олими Абул Баракат (ваф.1072) ўзининг «Китаб-ул муътабар фил-ҳикмат вал илаҳият вал мантиқ» асарининг 3-жилдида «Отилган тош муаммоси» деб аталган бобда махсус таҳлил этади ва фан тарихида биринчи бор инерциал ҳаракат ғоясини илгари сурган. Яъни тинч жисмга ташқи таъсир бўлмаса у ўзининг тинч ҳолатини сақлайди, ҳаракатдаги жисмга ҳам ташқи куч таъсири, яъни ҳавонинг таъсири, ернинг тортиш кучи таъсири бўлмаганда эди у ўзининг тўғри чизиқли текис ҳаракатини сақлаган бўлар эди. Шундай қилиб, ҳаракатсиз воқеликни ҳарактга келтирувчи куч нима деган савол эса жавобсиз қолаверди.
Аслида, воқелик ҳаракатсиз бўлиши мумкин эмас, у доимо ҳаракатда, ўзгаришда бўлади. Бу ўзгаришлар ички ва ташқи зиддиятлар туфайли амалга ошади. Ибн Сино жисм, айни бир пайтда ва шу жойнинг ўзида, ҳаракатда ҳам, сукунатда ҳам бўлмайди, ҳаракат – зиддиятлидир ва унинг натижасидир деб кўрсатган эди. Ҳақиқатан ҳам зиддиятлар жисмни ҳаракатга келтиради. Шу маънода ҳар қандай ҳаракатнинг манбаи зиддиятдадир.
Ҳаракат шакллари борлиқдаги ўзаро алоқадорликларнинг намоён бўлишидир. Ўзаро алоқадорликлар моддий ва маънавий шаклларда бўлади ва оламнинг яхлитлигини таъминлайди. Моддий дунёнинг асосида 4 хил асосий ўзаро алоқадорликлар – гравитацион, электромагнит, кучли ва кучсиз ядровий ўзаро алоқадорликлар ётади. Алоқадорликлар мажмуаси эса фазо ва вақт структурасини ташкил этади. Хуллас, ҳаракат ёки ҳаракатланувчи система ҳох у моддий кўринишда, ҳох маънавий кўринишда бўлишидан қатъий назар оламнинг ўзгариши ва ривожланишининг асосида ётади. Ҳаракат мавжудлик бўлса, ҳаракатсизлик – сокинлик йўқликка мос келади. Шу сабабли, ўтмиш мутафаккирлари ҳаракатни борлиқнинг абадий ва абсолют хусусияти, сокинликни эса ўткинчи ва нисбий хусусиятидир деб ҳисоблашган.
Демак, борлиқнинг мавжудлиги ундаги ўзгаришлар билан белгиланади. Агар ўзгариш бўлмаса, борлиқнинг бор ёки йўқлиги номаълумлигича қолар эди. Ҳар қандай ўзгаришни ҳаракатдаги объектнинг намоён бўлиши деб тушунса бўлади. Ўзгаришларнинг на фақат моддий объектларга, балки маънавий, ғоявий объектларга ҳам хос эканлигини таъкидлаган эдик. Шундай қилиб, ҳар қандай (моддий ёки ғоявий) объектнинг мавжудлиги ундаги ҳаракат ва ўзгаришлар туфайли намоён бўлади. Бу эса ҳаракат борлиқнинг асосий мавжудлик усулидир деган хулосага келишимизга асосдир.
Ҳаракатнинг моддий шакллари билан маънавий шакллари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, механик ҳаракат – моддий нуқтанинг фазодаги силжиши бўлса, ижтимоий жараёнларни ифодаловчи мураккаб социал ҳаракатда кишиларнинг онгли фаолияти ва жамиятда рўй берувчи турли хил ижтимоий ҳодисалар ифодаланади. Жамиятдаги кишиларнинг оддий олди-берди савдо муносабатларидан тортиб, миллатлар ва дав-латларнинг вужудга келишигача, оддий оилавий можаролардан тортиб, мамлакатлараро ҳарбий тўқнашувлар-у, ижтимоий рево-люцияларгача, шахсий фикрдан то миллий ғоягача барча-барча маънавий ўзгаришларни ўзига қамраб олувчи ҳаракатга социал ҳаракат деймиз. Социал ҳаракат жуда мураккаб ижтимоий ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини ифодалаб беради. Социал ҳаракатда ўзини-ўзи бошқариш, ўзини-ўзи созлаш, ўзини-ўзи мувофиқлаштириш ва ўзини-ўзи ташкиллаштириш механизми ўзига хос тарзда намоён бўлади.
Социал ҳаракат кооператив тарзда, бир-бири билан мураккаб алоқадорликлар воситасида боғланган ҳодисаларнингўзгариши тарзида рўй беради. Бундай мураккаб ночизиқли ўзгариш жараёнларининг табиати синергетик концепцияда яхши асосланади.
Ҳаракат ва сокинлик
Ҳаракатни тинчлик, сокинлик билан таққослаганда ҳаракатнинг тезлиги, суръати намоён бўлади. Ҳаракатни барча давр мутафаккирлари ҳам мутлақ, яъни абсолют жараён деб билишган, чунки, ҳаракатсизлик ҳеч нима билан тенг. Жисмлар ҳаракатланганлиги туфайли ўзгаради. Ҳаракатнинг муайян лаҳ-задаги оний ҳолати тинчликдир. Лекин тинчлик, сокинлик нисбий, ўткинчи ҳолатдир. Масалан, тинч турган тош бошқа тошларга нисбатан, қолаверса Ер юзасига нисбатан тинч ҳолатда. Аммо у Ер шари билан биргаликда Ер шарини бир суткада, Қуёш атрофини эса бир йилда 1 марта тўлиқ айланиб чиқади. Ундан ташқари тошнинг таркибидаги химивий молекулалар, атомлар, заррачалар бетўхтов ҳаракатдадир. Тошнинг сирти ҳам ташқи таъсирлар – иссиқ, совуқ ҳарорат ва шамоллар таъсирида ўзгариб боради. У иссиқда кенгаяди, совуқда тораяди. Қор ва ёмғирлар тош сиртини емириб боради. Тошнинг сиртини астасекин кичик микроорганизмлар, замбуруғлар, майда ўтлар қоплаб олади. Бу жараёнларнинг барчаси унинг ҳаракатда эканлигидан далолат беради. Сокинлик эса ўткинчи, нисбий, муваққат ҳолат. Тош ўз ёнида турган бошқа тошга нисбатан тинч турган бўлиши мумкин. Бу унинг доимо тинч туришини исботламайди, тошнинг емирилиш жараёни, унинг таркибидаги молекулалар, атомлар, электронларнинг бетўхтов ҳаракатдалиги унинг ҳаракатдалигини исботлайди. Кемада сузаётган йўловчилар кемага нисбатан тинч турган бўлиши мумкин, лекин улар сувга ва қирғоққа нисбатан ҳаракатдадир. Демак, тинчлик, сокинлик нисбийдир.
Агар ҳар қандай ўзгаришни ҳаракат деб ҳисобласак, унда қандай ўзгаришни ривожланиш дейиш мумкин? Бу саволга жавоб бериш учун ҳаракат ва ривожланишнинг умумий ва хусусий томонларини солиштириб кўрайлик. Ҳаракат ҳар қандай ўзгариш бўлса, ривожланиш эса ўзгаришнинг алоҳида бир тури. Ривожланиш жараёнида ҳар қандай ривожланаётган системанинг ҳар бир элементи ўзига хос тарзда ўзгаришга учрайди. Демак, ривожланиш жараёнида система яхлит ва комплекс равишда ўзгаради.
Системанинг комплекс ва яхлит ўзгаришида, яъни унинг ривожланиши жараёнида бутун система бир миқдорий ва сифатий ҳолатдан бошқа бир сифатий ва миқдорий ҳолатга ўтади. Бундай системада айланиш жараёни рўй беради. Ривожланиш – бу системанинг айланишидир. Агар бу жараённи вақт оқимида таҳлил этсак, ҳозирги вақт, ўтмишнинг бугунга айланганлиги, бугун эса, келажакка айланадиган ҳозирги замондир. Ўтмиш эса ҳали ҳозирги замонга айланишга улгурмаган бугундир. Айланиш – ривожланишнинг натижасидир, оқибатидир. Айланувчи система ўзининг йўналишига эгадир. Бу йўналиш системани равнақ сари ёки аксинча, инқироз сари етаклаши мумкин. Айланиш системани такомиллаштирса, юксалтирса бу тараққиётга йўналган, яъни прогрессив айланишдир. Агар айланиш системанинг инқирози учун, тушкунлиги учун, заифлашуви учун хизмат қилса бундай айланиш регресс сари йўналган бўлади, яъни у регрессив ривожланишдир. Демак, ривожланишнинг икки қарама-қарши йўналиши бўлиб, улардан бири – прогрессив ривожланиш, иккинчиси эса регрессив ривожланиш йўналишидир. Бундан ташқари системанинг ривожланиш оқибатида бир ҳолатдан бошқа ҳолатга айланиб қолиши орқага қайтариб бўлмас жараёндир.
Ривожланиш биринчидан, системанинг яхлит, бир бутун, комплекс ўзгаришидир, иккинчидан, йўналишга эга бўлган ўзгаришдир, учинчидан, у системанинг яхлит айланишидир, тўртинчидан, бу миқдорий ва сифатий ўзгаришдир, бешинчидан бу орқага қайтмайдиган ўзгаришдир. Шу белгилардан келиб чиқиб ривожланишга қуйидагича таъриф бериш мумкин: ривожланиш – системанинг шундай яхлит, комплекс, йўналишга эга бўлган, орқага қайтмас системавий ўзгаришики, бунинг натижасида бутун система бир сифатий ва миқдорий ҳолатдан бошқа сифатий ва миқдорий ҳолатга айланиб қолади.1
Ривожланиш ўзининг манбаига, механизмига ва йўна-лишига эга. Ривожланишнинг манбаи ички зиддиятларда. Ривожланишнинг бу хусусиятини қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни тушунтириб беради. Бу қонун – «Системалар нима учун ривожланади?» – деган саволга жавоб беради. Ривожланишнинг ички механизми шундаки, системанинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга айланишида миқдорий ўзгаришлар, сифатий ўзгаришларга, сифатий ўзгаришлар эса миқдорий ўзгаришларга айланади. Бунинг механизмини миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига айланиш қонуни тушунтириб беради. Бу қонун – «Системалар қандай ривожланади?» – деган саволга жавоб беради.
Достарыңызбен бөлісу: |