Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги халқ таълими вазирлиги


ТАЪЛИМДА ИННОВАЦИОН УСЛУБЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШ



бет20/38
Дата24.07.2016
өлшемі4.1 Mb.
#219182
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   38

5.4. ТАЪЛИМДА ИННОВАЦИОН УСЛУБЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШ
Таянч иборалар ва атамалар: педагогик инновация, мақсад, мазмун – моҳияти, имконият, кафолат, интеллектуал салоҳият, рейтинг, тест, тамойиллар, босқичлар, ривожлантириш механизмлари, инновацион хислатлар, компьютер саводхонлиги, ташкилий – педагогик, оптимал вариантлар, методология, замонавий мутахассислар.
Мавзу матни: Таълимда инновацион услубларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
«Ўзбекистон инновацион ривожланиш турининг ҳозирги замон моделига ўтиш учун ҳамма зурур шароитларга эга. Бу модел вужудга келтирилган илмий – техникавий салоҳиятидан кенг ва самарали фойдаланишга, фундаментал ва амалий фаннинг ютуқларини, чуқур илм талаб қиладиган технологияларни амалиётга кенг жорий этишга, юқори малакали, иқтидорли илмий кадрлар сонини купайтиришга асосланади. Бу мамалакатимиз жаҳондаги иктисодиёти ва саноати ривожланган давлатлар қаторига кириб боришининг зарур шароити ва мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади» [1].

Мамалакатимиз тараққиёти ва келажаги таълим-тарбия соҳасидаги сифат ўзгаришлари ва юқори самарадорликка, уларнинг жаҳон таълим талаблари билан мослиги ва амалий ҳаётдаги ўрнини қай даражада топаётганлигига боғлиқ. Таълим-тарбиядаги сифат ўзгаришлари ва юқори самарадорлик эса мазкур соҳага ижобий янгилик киритиш билан белгиланади. Бундай янгиликни киритиш жараёни инновацион жараён бўлиб, илмий педагогик тадқиқотни жорий қилиб, таълимда сифат ва самарадорликка эришишдан иборат бўлади.

Педагогик инновация – бўлажак мутахассисларни янгича шароитларда ишлашга тайёрловчи жараён бўлиб, у олдинги эгаллаган билимлар асосида таълимда сифатий ўзгаришлар қилиб, юқори самарадорликка эришишга янгича ёндашув қилишдан иборатдир.

Бундай педагогик инновация деганда педагогик тизимнинг мақсади; мазмун-моҳияти; белгиларини; имкониятларини; вазифаларини; ривожланиш боскичлари ва томойилларини; ривожланиш механизмларини ва таълимдаги интеграция тамойилларини инновацион усулларини танлаш, тўплаш, қўллаш усулларини ва улардан фойдаланишга услубий тавсиялар ҳамда бу борада бўлажак мутахассисларда шаклланадаган хислатларни ҳосил қилиш жараёнини ифодаловчи таълим - тарбия жараёнининг сифат жиқатларини такомиллаштириб, бу соҳада юқори самарадорликка эришишни тушуниш мумкин.

Юқоридагилардан таълим-тарбияда фаолият кўрсатишга тайёрланаётган бўлажак мутахассисларнинг касбий билимлари, маҳорати ва ўз касбига эътиқоди ниҳоятда муҳимлиги келиб чиқади.

Энди юқорида ифодаланган таълим-тарбия тизимини сифат жиҳатидан такомиллаштириб, уни юқори даражадаги самарадорликка эриштирувчи холатлар ҳақида қискача маълумотлар берамиз.

  1. Педагогик инновациялар мақсади, мазмун-моҳияти:

Мақсад: Таълим – тарбия тизимига сезиларли самаралар берувчи янгилик киритиш: янги концепциялар Давлат Таълим Стандарти, алтернатив ўқув режа ва дастурлари, ўқитишнинг ахборотли технологияларини жорий этишнинг давлат дастурлари, жаҳон«Интернет» тармоғига чиқиш ва масофавий таълимни жорий этиш бўйича давлат режаси ва дастури, шунингдек, ҳозирги замон талаблари асосидаги янги ўқув муассасалари ва шу каби йўналишларни янада жонлантириш.

Мазмун –моҳияти:

    • ўқув материалларидаги баён қилинадиган маълумотларни ахборот кўринишига келтириш ва уларда узвийлик ҳамда изчилликни сақлаб қолиш;

    • ўқув материалларини ўзаро боғлиқ бўлган модул блоклари шаклида ифодалашга эришиш;

    • ўқув материалларини ўрганишга «Комплекс ёндашув» номли тадқиқот усулидан фойдаланишга эришиш ва ундан муаммоли ҳамда дастурий таълим методларидан фойдаланиш;

    • таълим-тарбия жараёнида ахборот муҳитини яратиш борасида ўрганилаётган соҳанинг ахборотли таъминотини яратишга эришиш;

    • дидактик ўйин (шу жумладан компьютерли ўйинлар ва тренажерлар) орқали турли воқеа ва ҳодисалардаги жараёнлар кечишини ифодаловчи масалалар (муаммолар) ни ечиш;

    • бу йўналишдаги ижодий изланишларни олиб боришда «Таълим-фан-амалиёт» ҳамда назария билан амалиёт уйғунлигига эътибор бериш;

    • инновацион усуллар қўлланган ҳолдаги ютуқ ва камчиликларни баҳолаб боришга эришиш ва керакли жойларда тегишли тузатишлар кирита олиниши лозим ва шу кабилар.

  1. Педагогик иннавациянинг мухим белгилари:

  • таълим тарбия жараёнини олдиндан мавжуд манбаларни ҳисобга олган ҳолда ва фан- техниканинг энг сўнгги мавзуга (фанга) мос ютуқларини эътиборга олиб, таълим жараёнини лойиҳалаштириш ва унинг натижаларини прогноз (башорат) қила олиш;

  • таълим-тарбия жараёнига «тизимий ёндашув» тадқиқот усулини қўллашда, қаралаётган тизимнинг элементлари ва қисм тизимлари орасидаги боғланишларни эътиборга олиш ва булар асосида талабанинг ўқиш-билиш фаолиятини тасвирлайдиган таълим-тарбия жараёни режасини тузиш;

  • таълим-тарбияда мақсад аниқ бўлиши, унинг диагностикаси (ташхиси) ва прогнози (башорати) ҳамда талабанинг ўзлаштириш сифатини холис баҳолаш мезони бўлиши керак;

  • таълим тизими тузилиши, таркиби, мазмуни бир бутун яхлит бўлиб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги, бир-бирини босқичма-босқич тўлдирилиб борилиши таъминланган бўлиши керак;

  • таълим ва тарбияда олиб бориладиган фаолиятнинг оптимал вариантларини таъминлай олиш лозим;

  • таълим-тарбия жараёнининг техник ва информацион таъминоти етарли бўлиши керак;

  • яратилган педагогик инновацияни талабаларнинг илмий-услубий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ўқитиш;

  • таълим-тарбия жараёнида олиб борилаётган фаолиятда ўқитувчи регулятор (таълим-тарбияни олиб боришда хато ёки камчиликка йўл қўйганда, уни ростлаб юбориш қобилиятига эга бўлиш) вазифасини ҳам бажара олиш;

  • таълим сифатига эътибор берган ҳолда шакллантирувчи ва якуний назоратлар олиш;

  • режалаштирилган жорий, оралиқ ва якуний назоратларни ўтказиш ва унинг чуқур таҳлилига эришиш орқали талабалар ўзлаштириш мониторинги кўрсаткичини доимо эълон қилиб бориш;

  • режалаштирилган натижага эришишдаги педагогик ишнинг кафолатларига эътибор бериш;

  • таълим-тарбия самарадорлигини аниқлаш мезони бўйича якуний назорат ва амалиётга жорий этиш бўйича услубий тавсиялар бериш.

  1. Педагогик инновация имкониятлари:

  • «Фан таълим амалиёт» узвийлигини таъминлайди;

  • назария билан амалиётдаги уйғунликни ва бу орқали талабалар онгида илмий-назарий тадқиқотлар ёрдамида инсон ҳаётининг турли жабҳаларидаги амалий масалалар ечимини топиш мумкинлиги ҳақидаги тафаккур шалланади;

  • педагогик иш бўйича тажриба – синов ишлари (ТСИ)ни бажариб бўлгандан кейин, уларни амалиётда жорий этишга тавсия этиш мумкин, айниқса ўз соҳасидаги сифатий ўзгаришларни ва самарадорлик натижаларини тарғиб этиш мумкин;

  • педагогик ишнинг мақсади, мазмун-моҳияти муҳим белгилари, уларнинг услубий ва ахбротли таъминотлари ҳамда имкониятлари бўйича батафсил маълумот беришга асослар етарли бўлади;

  • педагогик ишдан фойдаланишда ўрганилаётган манба (мавзу, фан, тарбия йўналишлари ва ҳакозолар)га қараб уни такомиллаштириш ёки кераксиз қисмларини эътиборга олмаслик мумкин;

  • педагогик ишдан фойдаланишда озгина ўзгаришлар киритиш орқали ўхшаш манбаларни ўрганиш ҳамда фойдаланиш мумкин ва шу кабилар

  1. Педагогик ишнинг вазифалари:

  • талабани КТМД талаблари, асосидаги замонавий рақобатбардош мутахассис даражасига етказишда замонавий кўмакчи бўлиш;

  • ўқитувчининг интеллектуал салоҳиятини янада такомиллаштирувчи тест-саволлар тизимларни ишлаб чиқиш;

  • ўқитувчи малакасини ошириш, талаба касбий фазилатларини такомиллаштириш йўлларини ишлаб чиқишдаги ижодий ишларини ривожлантиришга эришиш;

  • рейтинг, тест усулларидан таълим-тарбия жараёнида кенг фойдаланиш ва унда модулли, моделли услуби ҳамда информацион таъминотли таълим-тарбияга ўтиш;

  • илмий педагогик тадқиқотларни таҳлил қилиш, саралаш ва жорий этишга эришиш ҳамда педагогик самараларини аниқлаш;

  • таълим дастурларининг инвариантларини, модификацияларини яратиш, айниқса электрон дастурлар ва дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмалари яратишга эришиш ва уларни амалиётга жорий этиш;

  • таълим-тарбия жараёнининг янги ахборотли ва педагогик технологияларини қўллаш ва унда сифат кўрсаткичлари ва самарадорликни баҳолаб бориш;

  • ўз мустақил фикрини баён қилишга широит яратиш ва уларда танқидий фикрни баён қилиш имкониятларини яратиш;

  • «Устоз-шогирд» тизимидаги эркинликларни ривожлантириш ва шу кабилар.

  1. Педагогик ишнинг ривожланиш жараёни босқичлари:

  • таълим-тарбияни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг зарурлигини тушунишнинг пайдо бўлиши ва ўзида пайдо бўлган ғоялар асосида таълим-тарбиядаги муаммо ечимини ривожлантириш ва лойиҳалаштириш ҳамда тажриба – синов иши моделларини яратишга киришиш;

  • шакллана бошлаган ғоялар ва улар асосидаги лойиҳалаш-ривожлантириш ишларини қўйилган мақсадлар бўйича аниқ моделлаштириш, янгича тафаккур ва тажриба режалари қабул қилиниб, қўллаб-қувватланади. Натижада аниқ янги ғоя пайдо бўлиб, унинг ривожланиши учун муҳит ва синов-тажриба майдончаларидаги ишлар натижалари бўйича ахборот муҳити яратилади ва жорий этиш кўлами аниқланади;

  • қўлланиши керак бўлган педагогик ишнинг меъёрий қужжатлари тайёрланади ва ДТС, КТМД талабларига ва мутахассислик профессиограммасига тегишли тузатишлар киритилади, кенг жорий этишга тавсиялар берилади ва шу кабилар.

  1. Педагогик иш қуйидаги тамойилларга асосланади:

  • таълим-тарбиянинг ягона тизимдан иборат эканлиги, ундаги узлуксиз таълим тизими ва таркибининг яхлитлиги, бирлиги ҳамда бир-бири билан узвий боғланганлиги;

  • таълим-тарбия жараёнини олиб боришда оптимал вариантларни топишга эришиши;

  • замонавийлик: таълим-тарбия услубиятини замонавий фан-техника ютуқлари билан бойитиб бориш, ундаги сифат ўзгаришларини ва самарадорликни қўлга киритиб бориш борасида мунтазам равишда янги педагогик технологиялар ва янги ахборот технологияларидан фойдаланишга эришиш;

  • илмийлик: таълим-тарбия тизимини мунтазам равишда ривожлантириб бориш мақсадида узлуксиз илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб бориш;

  • «Ўқитувчи - талаба» тизимидаги фаолиятни оқилона амалга ошириш ва унда талабалар манфаати, ҳизиҳиши, интилувчанлиги асосий эътиборда бўлиши;

  • моддий-техник базани замон талаби асосида яратиш, педагогик жараёнда ахборотлаштириш муҳитига эътибор бериш;

  • ахборот технологиялари ва техникаларидан фойдаланиш самарадор-лигини оширувчи электрон дарслик ва ўқув кулланмаларни ишлаб чиқиш, шунингдек масофавий таълим ва «Интернет»дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

  • талабалар билимини баҳолашдаги холисликни таъминлаш ва уни автоматлаштириш ҳамда билим мониторингини мунтазам равишда назорат қилиб бориш ва керак бўлганда тузатишлар киритиш;

  • таълим-тарбиянинг давлат сиёсатига, жамиятга мослиги, баркамол авлод тарбиясининг асоси эканлиги ва шу кабилар.

  1. Педагогик инновация ривожлантириш механизмлари:

  • таълим муассасаларида ижодий муҳит яратиш, илмий-педагогик ходимлар тайёрланадиган муассасалар билан ижодий алоқаларни мустахкамлаш, бу борадаги тадбиркорлик ва ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш;

  • таълим инновациялари бўйича олиб борилаётган изланишларга шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг оммавий тадбиқига кўмаклашиш;

  • илмий-изланувчанликни рағбатлантириш: кўрик-танловлар, танловлар ўтказиш ҳамда уларни иктисодий жиҳатдан кўллаб-кувватлаш. Илмий изланишлар натижалари билан муаллифларнинг ўзларини ҳам оммавий ахборот воситалари ёрдамида кенг оммага таништириш;

  • истиқболли ишланмаларни, самарали таълим услублари, шакллари, йўлларини узлуксиз таълим тизимига киритишга кўмаклашиш, янгиликларни мувофиқлаштириш ва тўплаш ҳамда уларни ҳаракатдаги таълим тизимига киритиб боришни «Халқ таълими», «Таълим ва ҳаёт», «Узлуксиз таълим тизими», «Касб-хунар таълими» ва қоказо илмий-методик журналларда алоҳида рукн очиб, улардан фойдаланишга услубий тавсиялар бериб бориш;

  • ЎзПФИТИ қошида «педагогик ишларга тегишли ишланмаларни тўплаш ва жорий этиш» маркази ташкил этилиб, хеч бўлмаганда йилига бир марта ҳар бир дарсликка ўз йўналишлари бўйича иловалар ишлаб чиқиш ва тарқатиш.

8. Педагогик инновацияларни ҳаётга тадбиқ этишнинг

ташкилий асослари:

  • педагогик ишни йиғиш. Бунда инновациялар бўйича аниқ маълумотлар базаси (МБ)ни ташкил қилиш ва таълим - тарбия соҳасининг меъёрий ҳужжатлари бўйича маълумотлар мобори яратиш лозим бўлади ҳамда КТМД, ДТС ва ўқув дастурлари мониторинги бўйича ҳам маълумотлар омбори (МО) яратилади;

  • педагогик ишни танлашда қўйидагиларга эътибор берилади: педагогик ишнинг педагогик самарадорлигини мунтазам равишда ўрганиб, таҳлил қилиб борилади; педагогик иш бўйича тажриба - синов ишларини таҳлил қилиб бориш, умумлаштириш, оммалаштиришлар бўйича тавсиялар тайёрлаш;

  • педагогик ишларни жорий қилишда маълумотлар омборининг йўналиши ва илмий- методик жиҳати аниқланади; ривожланган чет давлатлардаги таълим соҳасидаги тажрибаларни ўрганади, таққослайди ва тавсиялар тайёрлайди; педагогика соҳасидаги олим - мутахассислар, илмий изланувчилар билан мунтазам равишда ҳамкорликда бўлиш; педагогик ишларини жорий этиш жараёнини мунтазам равишда кузатиб бориш ва шу кабилар;

  • педагогик ишни жорий этиш. Бунда асосан педагогик ишнинг ривожланиш механизмларига алоҳида эътибор берилади ("ПИ ривожланиш механизмларига" қаранг).

9. Педагогик ишдан фойдаланишга услубий тавсиялар:

  • таълим - тарбия соҳасидаги давлат меъёрий ҳужжатларидаги Қонун, Қоида, Низомлар ва шу кабиларга эътибор бериш;

  • педагогик иш соҳасидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатишга тайёрлаш орқали ахборот ҳолатига келтириш;

  • ахборотларни мазкур соҳа бўйича тартибга солиш ;

  • ахборотларнинг турли хилларига бўлган эҳтиёжларни режалаштириш ва башорат қилиш бўйича тавсиялар;

  • педагогик ишнинг жорий этилиши бўйича ахборот тизимини яратиш ва ундан кенг мутахассислар оммасига таништиришга эришишнинг тезкор усулларидан фойдаланиш;

  • телекоммуникациялар ва ахборотлар базасини яратиш;

  • педагогик иш бўйича компьютер тармоғида сайдлар очиш ва ундан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва х.к.

10. Педагогик ишларни жорий этишда бўлажак ўқитувчиларда шаклланадиган инновацион хислатлар:

  • талабанинг ижодкорлиги: Бунга талаба янгиликка қизикувчанлиги ва уларни тез англай олиш қобилияти, яратувчанлик ва синчковлик билан, ижодиёт баркамол шахс учун алоҳида аҳамият касб этиши ҳамда мунтазам равишда ўз устида ишлаши орқали эришади;

  • талабанинг компьютер саводхонлиги ва ахборот маданияти юксаклиги: Бунга талаба "Компьютер саводхонлик-иккинчи саводхонлик" деган тамойилга амал қилиши орқали эришади;

  • талабанинг янгиликни жорий этишдаги фаолиятни охиригача етказа олиш хислати: Бунга педагогик тизимни мураккаб, динамик, кўп кўрсаткичларга боғлиқ ва уни ҳаракатчан кўрсаткичлар орқали бошқариш мумкин деган хулосалар шаклланиши билан эришилади;

  • талабанинг иннавицион фаолиятда илғор бўлиш хислати: Бунга талаба доимо "байроқдор" бўлишга интилиш, тадқиқот услубиятига мунтазам равишда қизиқиб бориши, муаллифликка ишқибоз бўлиши, тажриба-синов ишларини ўтказишда бошқа тадқиқотчилар ишларига синчковлик билан қараши, мазкур фаолиятда хато ва камчиликлар бўлганда ўзини ўнглай олиши билан эришади;

  • талабанинг жавобгарликни сезиш хислати: Бунга у ҳамма нарсага бефарқ қарамаслиги, қилаётган ишини охиригача етказишда иродаси мустақкамлиги, ўз ижодий фаолиятини режалаштира олиши билан эришади;

  • талаба шахсининг ғайрат-шижоатлилиги хислати. Бунга талабадаги ижодкорлик фаолиятининг жадаллик даражаси, шахснинг ишчанлиги ва эътиқодлилиги, ўзига ишонч ва куч-гайрати орқали эришади;

  • етакчи касбий педагогик маҳоратга эга бўла олишлик маҳорати: Бунга талабада ижодий фаолиятга кирганлик ҳақидаги савия, олдиндан маълум бўлган илмий-услубий ишланмалар ўзи шуғулланаётган манбага нисбатан мослай олиш ва унда янги функцияларни келтириб чиқара олишлик ҳамда улар орқали оптимал ечимларни топа олишлик орқали эришилади ва хоказо.

Бу қайд этилган педагогик инновацияни ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг зарурий кетма -кетлигини амалга ошириш орқали таълим тизимида сезиларли сифат ўзгаришларига ва юқори самарадорликка эришилади. Натижада КТМДдаги юқори малакали, жаҳон таълими талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга эришилади. Албатта бу зарурий кетма -кетликни амалга ошириш борасида кенг миқёсда катта илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиши мумкин ва уларга ўз соҳаларининг мутахассис олимларини жалб этиб, ҳамкорликдаги фаолиятини олиб боришга тўғри келади. Бу соҳада ўз ечимини кутиб ётган қатор долзарб муаммолар бор. Биз уларни қуйидагича ифодалашни лозим топдик:

  • талабаларимизнинг бой маънавий ва интеллектуал салоҳияти ва умумбашарий қадриятларга суянган ҳолда таълим-тарбияни ривожлантиришнинг жаҳон талабларини ҳисобга олган ҳолда давлат таълим стандартларини такомиллаштириш;

  • тақдири қўлимизга топширилган баркамол авлоднинг маънавий -маърифий ва ғоявий тарбиясида бой миллий маънавий - маданий, тарихий қадриятларимизга асосланган истиқболли ташкилий- педагогик услублар ишлаб чиқиш ва жорий этиш ;

  • узлуксиз таълим тизимини ахборотлаштириш ва унинг натижасида таълим-тарбия жараёнини олиб боришнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

  • замонавий ахборот технология ва янги педагогик технология базасида таълим-тарбия жараёнини олиб боришни компьютерлаштиришга эришишнинг илмий-педагогик асосларини яратиш;

  • таълим-тарбия тизимида анъанавийлик ва инновациядаги умумийлик ва хусусийликни фарқлай олиш ҳамда улардан фойдаланишнинг оптимал вариантларини яратиш;

  • талабадаги шаклланган инновацион хислатларнинг бўлажак амалий фаолиятига мослиги ва ундан фойдаланишга мос услубий тавсиялар тизимларини ишлаб чиқиш;

  • таълим, таълим-тарбия муассасаларида янги ахборот ва педагогик технологиялар жорий этилишининг ташкилий услубий негизларини яратиш;

  • педагогик инновациялар институти ҳамда педагогик инновацияни ишлаб чиқиш ва жорий этиш марказларини очиш;

  • «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари асосида таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлардан ва сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида , юксак маънавий ва ахлокий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг миллий тизимини яратиш;

  • таълим - тарбия жараёнига "Комплекс ёндашув", "Тизимий ёндашув" каби тадқиқот усулларини йўллашнинг методологиясини яратиш ва жорий қилиш;

  • таълим -тарбия тизими керакли қисмларини кибернетик тизим сифатида ифодалаб, уни ҳаракатчан моделлар орқали бошқаришга эришиш;

  • педагогик инновацияни кенг ҳамровли аудитория билан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситаларини кенгроқ жалб этиш;

  • педагогик ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг истиқболли усуллари ва шаклларини жорий этишга эришиш;

  • таълим муасссасаларида янги педагогик технологиялар, янги ахборот технологияларини шлаб чиқиш борасидаги илмий- тадқиқот ишларига кенгроқ эътибор бериш ва унда "таълим - фан - амалиёт " кўринишдаги интеграция тамойилларига кучли эътибор бериш;

  • таълим соҳасидаги чет мамлакатларнинг илғор тажрибалари билан мунтазам равишда танишиб бориш, улар билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлашга эришиш, шунингдек илмий ишланмалар қилиш ва х. к.

Худди шунингдек, бу соҳада ҳали кўплаб илмий изланишлар олиб боришга тўғри келади. Энди бу қайд этилган муаммолар ечимларига тўхталадиган бўлсак, таълим жараёнига педагогик ишларни ишлаб чиқиш ва қўллаш яқин 30 йиллик тарихга эга. Бу даврда АҚШ, Англия, Франция, Япония, Германия, Россия ва бошқа қатор давлатларда янги педагогик технология, янги ахборот технологиялар ишлаб чиқилди [16].

Бу борада республикамизда сезиларли ишлар олиб борилмоқда Жумладан, Абдуллаев А.Х., Абдуқуддусов О., Авлияқулов Н.Х., Арипов Х.К., Аҳлиддинов Р., Бекмуродов Т.Ф., БоқиевР.Р., Голиш Л., Искандаров Э.А., Икромова Х.З., Йўлдошев Ж.Х., Марақимов А.Р., Нишоналиев У., Оғаев С., Очилов М., Сайидаҳмедов Н., Сейтхалилов Э., Толипов У., Шодиев Д. Ш., Қурбонов Ш., Қодиров Б. Г., Қурбонниёзов Р., Қуронов М., Ғозиев Э., Ҳаитов А.Г., Юлдашев У., Юсупов А., ва бошқаларнинг ишлари «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари асосидаги мутахассислар тайёрлашда асосий омиллардан иборат бўлмоқдалар.

Шунингдек, А.Қодирий номли Жиззах Давлат Педагогика Институтида ҳам юқорида қайд этилган педагогик инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг зарурий кетма-кетлиги бўйича диққатга сазовор ишлар қилинмоқда. Жумладан, институтда "Инновацион услубларни яратиш ва жорий этиш маркази ташкил этилган (Илмий раҳбар Эшмуродов А.). Унинг таркибида қуйидаги кенгашлар мавжуд:

- инновацион услублар ишлаб чиқиш, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» асосидаги илғор педагогик технологияларни ва ижодкор ўқитувчилар иш тажрибаларини ўрганиш, уларни тўплаш ва оммалаштириш кенгаши (Илмий раҳбар: проф.Тўрақулов Х.А.) ;

- иқтидорли талабалар билан ишлаш кенгаши (Илмий раҳбар проф.Жуманазаров У.) ;

- педагогик синфлар ташкил этиш ва уларнинг ҳаракат фаолиятини таъминлаш кенгаши (Илмий раҳбар: доц.Пайзимуродов Х.);

- педагогик инновация асосидаги ўқув услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр қилдириш кенгаши (Илмий раҳбар:доц.Сувонқулов А.);

-талабалар билимида аниқланган бўшлиқлар сабабини аниқлаш, таҳлил қилиш ва улар билан қўшимча ишлаш кенгаши -мониторинг бўлими (Илмий раҳбар п.ф.н. Кушвактов Н.Х.).

Демак педагогик инновациялар кенг қамровли, кўп қиррали, мураккаб ва ижодий ташкилий-педагогик фаолият бўлиб, унинг ёрдамида таълим-тарбия жараёнининг истиқболли ва самарали услубиятини яратиш мумкин ҳамда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да қайд этилган рақобатбардош замонавий мутахассисларни тайёрлашни кафолатлайди.


  • Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:




  • педагогик инновация деганда нимани тушунасиз?

  • педагогик инновациянинг мақсадини айтинг;

  • педагогик инновациянинг мазмун – моҳиятини айтинг;

  • педагогик инновациянинг муҳим белгиларини айтинг;

  • педагогик инновацияни ривожлантириш механизмларини айтиб беринг.


Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   38




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет