мавзу – бу муҳокома, маъруза, суҳбат, дарс, илмий асар ва бошқаларнинг асосий мазмунини ўзида қисқа ва ихчам ифода этган номланиш;
илмий муаммо – бу табиат ва жамиятнинг айни пайтида номаълум, аммо келажакда юзага келиши ёки ўрганилиши мумкин бўлган воқға ва ҳодисаларни, жарён ва предметлар (қурилма, механизм, машина, метод, методология, технология ва ҳ.к.) ни илмий қонуниятлар асосида очиб бериш.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
мавзуни танлашда нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?
илмий қадриятлар илмий муаммоларнинг юзага келишига сабабчи бўлган ижодий фаолиятини санаб ўтинг ва сиз уларнинг қайсиларида ўз изланишларингиз билан қатнашиш салоҳиятига эгаман, деб ўйлайсиз. Булар тўғрисида ёзма ахборот тайёрланг.
илмий фаолият жамият тараққиётига сезиларли таъсир қилиши маълум. Сиз шуғулланмоқчи бўлган илмий муаммонгиз бу борада қандай аҳамиятга эга. Ёзма ахборот тайёрланг.
педагогика назариясидан инновацион таълим технологияларини яратиш борасидаги ижодий ишларингшизда баркамол авлодни шакллантиришнинг методологик асосларига кўпроқ эътибор беринг;
танлаган мавзунгиз тегишли йўналиш бўйича илм-фан ва техника-технологияларнинг энг сўнги ютуқларини ҳисобга олинишига имконият ярата оладиган бўлсин;
танланган мавзу илм-фан ва техника-технологияларни ривожлантириш учун хизмат қила оладиган бўлсин.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. – 5 ж. – Т.: ЎМЭ Давлат илмий нашриёти, 2003. – 707 б.
Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Т.: Фан, 2007. – 252 б.
1.6. Илмий тадқиқот жараёни босқичлари Таянч иборалар ва атамалар: мавзуни танлаш ва асослаш, муаммонинг қўйилиши, дастлабки фараз, ишчи фараз, назарий билимлар, анкета саволлари, суҳбатлар, мутахассис олимлар маслаҳатлари, мавзуга мос методологик асослар, объект, назарий тадқиқот, моделлар, алгоритмлар, методлар, илмий-назарий ишланмалар, технологиялар, мезонлар, тамойиллар, ечимлар (натижалар), амалий тадқиқот натижалари, тасдиқловчи эксперимент ўтказиш, хулосалар, услубий тавсиялар ва кўрсатмалар.
Мавзунинг матни: Илмий тадқиқот жараёни босқичлари. Маълумки, илм-фан ижтимоий онг шаклларидан бири, уларни турли ҳолатларда учратиш мумкин. Одатда, улар табиат ва жамиятдаги қонуниятларни қондириш жараёни сифатида қаралади ва қонуниятлар улардаги барча боғланишлар (алоқадорликлар)ни ўрганишга яроқли бўлмоғи лозим. Илм-фаннинг билиш жараёнининг асоси эканлиги ҳам ушбу хусусият билан белгиланади. Шу сабабли ҳам илм-фан табиат ва жамиятдаги жараёнларни ўрганиш ҳамда улар натижалари таҳлили асосидаги билимларни ҳосил қилишни ҳал этади ва бунга илмий тадқиқот жараёни, деб қаралади.
Албатта, ҳар бир жараён кечиши ва ҳодиса рўй бериши маълум кетма-кетлик асосида бўлади, яъни уларни шартли равишда алгоритмик тарзда ифодалаш мумкин. Демак, табиийки, уларни акс эттирадиган (ўрганадиган ва таҳлил қиладиган) илмий тадқиқот жараёни ҳам алгоритмик тарзда шаклланади. Бунда аниқлаш, ўрганиш, яратиш натижаси, таҳлил қилиш, синтезлаш, хулосалаш ва тавсия бериш борасидаги ишларида илм-фан имкониятлари чексизлиги ҳақидаги тушунчани тадқиқотчининг билишлиги ниҳоятда муҳим. Шунинг учун, тадқиқотчининг билиш жараёни мазмуни ва шахсий кўникмаларидан қатъий назар, илмий тадқиқотлар жараёни ҳамма вақт маълум бир босқичлар кетма-кетлиги бўйича олиб борилади.
Маълумки, илмий тадқиқот бу объектив борлиқни, қонунийликни ва дунё барқарорлиги ҳодисалари алоқадорлигини ўрганадиган жараёндир. Билиш инсон онгининг ва фикрининг илмий тадқиқот ёрдамида бошқариладиган ноаниқликдан аниқликка ёки оддийдан мураккабга ёки тўлиқмасликдан тўлиқликка йўналтирилган мураккаб жараён.
Демак, бу жараённи мураккаб яъни кўп қиррали ва кўп вариантли динамик тизим сифатида қараш мумкин бўлади. Шу сабабли ҳам уни бошқариш ҳам ўзига хос инновацион ёндашувни талаб этади ва улар мазкур жараённи бошқаришнинг оптимал вариантларини яратиш имконини беради. Уларни шартли равишда қуйидаги тартибда ифодалашни лозим топдик (1.6.1-шакл). Энди ушбу жараённинг ҳар бир босқичига қичқача маълумот бериб ўтамиз.
I. Мавзуни танлаш ва долзарблигини асослаш.
Мавзуни танлаш ва асослаш жараёни илмий тадқиқот ишини дастлабки босқичи ҳисобланади. Бунда асосан соҳа, йўналиш ва ундаги мавзуни танлаш амалга оширилади. Мавзу танлашда тадқиқотчининг соҳага, йўналишга қизиқиши ва бу борадаги илмий салоҳияти эътиборга олинади. Бунда тадқиқотчининг ўзи шуғилланмоқчи бўлган соҳанинг ютуқ ва камчиликларини мустақил ўрганиш орқали мавзуни танлаш имкониятига эга бўлади. Мавзу танланаётганда шуғулланиши керак бўлган соҳанинг йирик – истиқболли мутахассислари маслаҳатига амал қилинса ҳам яхши самаралар беради.
Мавзуни асослашда эса танланган мавзу бўйича қилинган ишлар атрофлича ўрганилади, таҳлил қилинади, соҳа бўйича ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинади ва муаммонинг қўйилишига замин тайёрланади.
II. Муаммони қўйилиши.
Муаммонинг қўйилиши бевосита мавзуни долзарблигини асослашнинг давоми ҳисобланади ва у соҳа бўйича ютуқ, камчиликлар таҳлили натижаси асосида ифодаланади. Бу тадқиқ қилиниши керак бўлган муаммони излаш билан боғлиқ бўлиб қолмасдан, илмий тадқиқотнинг вазифаларини (ҳал қилинадиган масалаларни) аниқ ва равон ифодаланишини ҳам ўз ичиша олади.
1.6.1-шакл. Илмий тадқиқот иши жараёни босқичлари
Муаммонинг қўйилишида маълумот йиғиш ва уларни қайта ишлашга катта эътибор берилади. Ундаги назарий усуллар ва техник ечимлар, ўхшаш муаммоларини ечимини топиш воситалари, тадқиқотга яқин соҳадаги тадқиқотлар натижалари ҳақидаги маълумотлар ва бошқа махсус маълумотлар йиғиш тадқиқот бошлангунга қадар эмас, балки бутун тадқиқот давомида амалга оширилади.
III. Дастлабки фараз
Дастлабки фараз, яъни ишчи фараз аниқ ифодаланган тадқиқот муаммосига ва йиғилган дастлабки материалнинг танқидий таҳлили натижасига таянган ҳолда шакллантирилади. У бир неча вариантда ифодаланади ва уларнинг ичидан муаммо қўйилишига моси танлаб олинади. Ишчи фаразни ифодалашнинг турли усуллари бор. Улар, асосан тадқиқот муаммосини аниқлашда ва мавзу долзарблигини асослашда назарий маълумотларга асосланади ва тадқиқот манбасини чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Ишчи фаразни шакллантиришда анкета сўровлари, суҳбатлари, мутахассис-олимлар билан маслаҳатлар ва айрим ҳолларда дастлабки тажриба-синов ишлари ҳам ўтказилади.
IV. Назарий тадқиқот (ўрганилаётган жараён ва ҳодисанинг, яъни муаммонинг назарий жиҳатдан ечимини топишга бағишланган илмий фаолият жараёни).
Назарий тадқиқотда тадқиқот манбаини ўрганишнинг илмий-назарий асослари қаралади ва илм-фаннинг тадқиқот манбаига қўлланиладиган тадқиқот усуллари ва воситалари ёрдамида олинган янги, яъни ҳали маълум бўлмаган қонуниятларини таҳлил ва синтез қилинади. Назарий тадқиқотнинг мақсади ўрганилаётган манбани, уларнинг турли алоқаларини тўлиқроқ, чуқурроқ умумлаштириш ишчи фаразга иложи борича кўпроқ боғланишдан иборатдир. Бунда ишчи фараз янада такомиллаштирилади ва текширилаётган маълумот назариясини ишлаб чиқишга имкон яратилади, яъни ўрганилаётган муаммони ечимларини топиш тизимини яратиш имкони топилади. Буларнинг ичидан энг самарали ечимни топиш эса тадқиқотчининг илмий салоҳиятига боғлиқ бўлади.
V. Амалий тадқиқот (дастлабки априор ва асосий тажрибани ўтказиш).
Амалий тадқиқот илмий тадқиқотнинг энг кўп меҳнат талаб қилинадиган қисми бўлиб, у тадқиқотнинг хусусияти ва бажарилиш кетма-кетлиги билан узвий боғлиқдир. Бу ҳолда тажриба, тажриба-синов ишлари назарий тадқиқот натижаларини тасдиқламоғи ёки рад қилмоғи лозим. Агарда ўтказилган тадқиқот натижалари ишчи фаразни ва режалаштирилган муаммо ечимини рад қилса, у ҳолда тадқиқот олиб бориш тартиби ўзгартирилади. Бунда натижаларни таҳлил қилиш (назарий ва тажрибавий тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш ҳам) қаралади.
Натижаларни таҳлил қилишда асосан назарий жиҳатдан илмий асосланган тадқиқот усулларини қўллаш натижасида олиб борилган услубият ҳамда уларнинг амалиётда жорий этишда қўлга киритилган натижаларнинг тадқиқот мақсади ва ишчи фаразга мослиги таҳлил қилинади, шунингдек, назарий ва амалий тадқиқот натижаларининг тўғри келишлигини баҳолаш имконини яратади.
VI. Натижаларнинг амалий фаолият билан мослигини солиштириш, яъни натижанинг тадқиқот манбаига нисбатан адекватлигини солиштириш, илмий таҳлил қилиш ва умумлаштириш.
Натижаларни солиштиришда тадқиқот мақсади, вазифалари ва ишчи фаразларини эътиборга олган ҳолда назарий жиҳатдан қўлга киритилган ютуқлар (усул, услубият, техника, технология ва ҳ.к.) натижасининг амалий тадқиқот натижасига мослиги ўрганилади ва шу асосда тадқиқотнинг кейинги босқичини давом эттиришга кўрсатма берилади.
VII. Қўлга киритилган натижа асосида шаклланган хулосалар.
Хулосалаш илмий тадқиқот ишининг муҳим босқичи бўлиб, бунда тадқиқот охирги босқичидаги натижалар асосида умумлаштиришлар олиб борилади ва унда олинган натижаларнинг муаммо қўйилиши билан мослиги ҳам ифодаланади. Назарий тадқиқот учун бу сўнгги босқич бўлади ва натижаларни ўзлаштиришга киришилади.
Натижаларни ўзлаштириш – бу олинган натижаларни амалий ўзлаштирилишига тайёрлаш, яъни истеъмол учун тайёрлаш. Бунда тадқиқотчи иштироки муҳим роль ўйнайди, чунки керак бўлганда айрим тузатишлар кииритиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
VIII. Натижаларни амалий фаолиятда жорий этишга услубий тавсиялар ва кўрсатмалар тайёрлаш.
Услубий тавсия ва кўрсатмалар бериш, бевосита илмий тадқиқот иши натижалари ва уларнинг тадқиқот манбаига ҳамда муаммо қўйилишига мослиги асосида тайёрланади ва ишланмадан амалиётда фойдаланиш йўл-йўриқлари ифодаланади. Услубий тавсиялар шунга ўхшаш илмий тадқиқот ишларини бажаришга ҳам қаратилган бўлиши мумкин.
Демак, юқорида келтирилган ИТИнинг ҳар бир босқичи ҳам ўзига хос хусусиятга эга экан ва бу жараёнларни босиб ўтишда алоҳида талаблар қўйилади.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
мавзуни танлаш ва асослашда тадқиқотчи интеллектуал салоҳиятининг аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?
ИТИ жараёни босқичларини санаб беринг?
муаммонинг қўйилиши нималарга боғлиқ?
дастлабки ишчи фараз қандай шакллантирилади?
назарий ва амалий тадқиқотлардаги умумийлик ва хусусийлик нимада, деб ўйлайсиз?
ИТИ натижаларини синфлаб беринг?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид ҳолатлар:
мавзуни танлаш ва асослаш жараёни ИТИ нинг дастлабки босқичи ҳисобланади;
муаммонинг қўйилиши бевосита мавзунинг долзарблигини асослашнинг давоми ҳисобланади ва у соҳа бўйича ютуқ, камчиликлар таҳлили натижаси асосида ифодаланади;
дастлабки фараз, яъни ишчи фараз аниқ ифодаланган тадқиқот муаммосига ва йиғилган дастлабки материалнинг танқидий таҳлили натижасига таянган ҳолда шакллантирилади;
назарий тадқиқотда тадқиқот манбаини ўрганишнинг илмий-назарий асослари қаралади ва илм-фаннинг тадқиқот манбаига қўлланиладиган тадқиқот усуллари ва воситалари ёрдамида олинган янги, яъни ҳали маълум бўлмаган қонуниятларини таҳлил ва синтез қилинади;
амалий тадқиқот – бу ИТИ нинг энг кўп меҳнат талаб қилинадиган қисми бўлиб, у тадқиқотнинг хусусияти ва бажарилиш кетма-кетлиги билан узвий боғлиқ бўлган ижодий фаолият жараёнидир;
натижаларни ўзлаштириш – бу олинган натижаларни амалий ўзлаштирилишига тайёрлаш, яъни истеъмол учун тайёрлаш жараёнидир.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
муаммонинг қўйилишига замин тайёрлаш деганда нимани тушунасиз ва ўз илмий ишингизда тадқиқот мақсади аниқланганми?
ишчи фаразни шакллантиришда мутахассис олимлар билан суҳбат қай тарзда олиб борилади. Тадқиқот йўналишига қараб улар қайси йўналишларда олиб борилиши мумкин;
назарий ва амалий тадқиқот уйғунлигини ИТИ нинг қайси асослари бўйича ҳал қилиш мумкин?
амалий тадқиқот натижаларидан амалиётда фойдаланишда хулосалар, услубий тавсия ва кўрсатмалар қандай ифода этилади. Буни ўз илмий ишларингиз асосида ўйлаб кўринг ва шу асосида ёзма равишда маълумотнома тайёрланг.
ИТИ ни олиб боришда уни олиб боришнинг босқичларига амал қилишнинг алгоритмик тизимини ишлаб чиқиш керак ва шу асосда маълумотларни тўплаб, уларни тадқиқот мақсадига мос тизимлаштириш лозим;
ИТИ бўйича олинган натижаларнинг амалий аҳамиятини янада ошириш бўйича улардан фойдаланишга оид услубий тавсиялар ва кўрсатмалар тайёрлаш керак ва бу натижалардан қўйилган муаммодан ташқари бошқа шунга ўхшаш муаммоларни ҳал қилишда ҳам фойдаланиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
1. Тўрақулов Х.А. Илмий ижодиёт методологияси. – Т.: Фан, 2007. – 252 б.
2.Тўрақулов Х.А. Педагогик тадқиқотларда ахборот тизимлари ва технологиялари. – Т.: Фан, 2006. – 248 б.
II Боб. билиш жараёни ва тадқиқотчининг ижодий хислатлари 2.1. илмий билим ҳақида тушунча
Таянч иборалар ва атамалар: фан, билим, билимнинг тушунарлилиги, билимни тушунишлик, билимнинг мукаммаллиги, билимнинг чуқурлиги, билимнинг тезкорлиги (оперативлиги), билимнинг ихчамлиги, билимнинг аниқлиги ва умумийлиги, билимнинг тизимийлиги, янги сифат босқичи, илмийлик, илмий билим, ақлий фаолият.
Мавзунинг матни: Илмий билим ҳақида тушунча. Маълумки, фан–дунё (теварак – атроф - муҳит) ҳақидаги объектив билимлар мажмуи. Билимлар эса ўқиш, ўрганиш ва тажриба ёки амалиёт орқали шаклланади.
Билим тушунчаси ҳам кенг қамровли, шу сабабли ҳам унинг таърифларини ҳар хил кўринишда учратиш мумкин, аммо уларда ифодаланаётган мазмун-моҳият умумийдир. Улардан баъзиларини келтирамиз.
«Билим – кишиларнинг табият ва жамият ҳодисалари ҳақида ҳосил қилинган маълумотларидир ва яна билим объектив борлиқнинг инсон тафаккурида акс этишидир» 2.
«Билим–табиат, жамият ва тафаккурнинг қонуниятлари тўғрисидаги илмий тушунчаларнинг яхлит ва системалаштирилган йиғиндисидир» 1.
Бу таъриф умумназарий қоидалар асосида ифодаланган таърифдир ва унинг ёрдамида илмий билим ҳақида ҳам тушунча ҳосил қилинади.
Объектив борлиқ ҳақидаги билган маълумотларимиз билим даражасига кўтарилиши учун қуйидаги шартларни қаноатлантирилиши керак:
билган маълумотлар ахборот кўринишига келтирилиши керак (истеъмол учун тайёрланган маълумот ахборот дейилади);
бу маълумотларнинг воқеликка мутаносиблиги;
етарли даражада ишонарли бўлиши;
бу маълумотлар далиллар билан асосланган бўлиши;
улар оддийдан мураккабликка, билмасликдан билишга, мавҳумдан аниқ ва мукаммалликка томон ривожланиб, такомиллашиб боришлиги.
Бу қайд этилган шартлар биргаликда бажарилгандагина маълумотлар билим даражасига кўтарилади ва ҳаттоки бунда олдинги маълумотга нисбатан янги сифат босқичига эга бўлган маълумотларни (ахборотларни) ҳосил қилиш жараёни учун ҳам бу талаблар қўйилади. Бу эса илмий билим, деган тушунчани шакллантиришга асос бўлмоқда.
Шу сабабли ҳам билим нисбийдир, у доимо ривожланиб, такомиллашиб боради.
Булардан ташқари билим, умумлашган ёки аниқ ёки кенгроқ, мунтазам ёки тизимий каби кўринишларда бўлиши мумкин. Шунинг билан бирга баъзи билимлар «фан таълим амалиёт» интеграция мазмунини акс эттирувчи ҳам бўлади. Шу сабабли билимнинг объектив сифатларига тушунарлилик, илмнинг чуқурлилиги ва тушунишлилиги, мукаммаллик, тезкорлиги, аниқлиги, умумлашганлик, тизимлилик, субъектив сифатларига ихчамлилик мансубдир.
1. Билимнинг тушунарлилиги- бу сифат, таълим олувчилар томонидан билимлар ўртасидаги алоқасини тушунишларида, муҳим ва асосий бўлмаган алоқаларини ажрата билишда, билим олиш усуллари ва тамойилларини билишда акс этади.
2.Билимни тушунишлик - бу ўзлаштириш ва бошқа кўрсаткичларни синтез қилувчи якуний натижаларни ифодаловчи бир мунча умумлашган сифатдир. У билимнинг чуқурлилиги, мукаммаллиги ва тизимланганлигига қараб бир билимнинг ўзи турлича тушинилиши, ифодаланиши ва ундан фойдаланилиши мумкин.
3. Билимнинг мукаммаллиги - буни аниқлаш учун тушунчанинг барча белгилари ва уларнинг бир-бири билан алоқасини ажратиш керак.
4. Билимнинг чуқурлиги - бунинг учун у ёки бу тушунчалар ва улар ўртасидаги ўзаро алоқаларини ҳамда улардаги муҳим белгилар сонини аниқлаш лозим.
5. Билимнинг оперативлиги (тезкорлиги) - бу ўрганилган билимлар ўзгариши мумкин бўлган кўп вариантли вазиятларни тақдим этиш билан ва улардаги қарорлар қабул қилишни ўз вақтида бажаришлиги билан аниқланади.
6. Билимнинг ихчамлилиги - буни текшириш топшириқни ҳал қилишда бир неча усулларни уюштириш ёки ўхшаш масалаларни ҳал қилишда бир шаклда бўлмаган ёндошувлар ичидан масалага қулай ва мосини танлаш орқали амалга оширилади.
7. Билимнинг аниқлиги ва умумийлиги - умумлаштирилган билимнинг аниқ намоён бўлишини очиб бериш маҳорати, аниқ билимларни умумлаштириш остида якунлаш, хусусийликдан умумийликка (индукция) ўтказиш қобилиятини аниқлаш билан текширилади.
8. Билимнинг тизимийлиги - буни топшириқларни тушунчаларнинг иерархиясини аниқлашдаги уларнинг изчиллиги, ўзаро боғлиқлиги тизими билан текширилади.
Даслабки билимлар амалий характерда бўлиб, улар асосида фанлар шаклланган (пайдо бўлган) ва ҳозирда ҳам фаннинг турли янги соҳалари пайдо бўлиб келмоқда. Жумладан, кибернетика, атом ва ядро энергетикаси, косманавтика, электроника, генетик код назарияси, социал психология, математик лингвистика, бионика, эргономика, глобалистика, синергетика, сунъий тафаккур ва шу кабилар илм-фан тараққиёти натижасида ҳамда жамият тараққиётида сезилаётган эҳтиёжлар туфайли янги фан ёки илмий йўналишлар сифатида пайдо бўлмоқда.
Демак, кишилик жамияти пайдо бўлиши, ривожланиб бориши билан мос равишда ундаги яшовчи инсонлар ақли, онги, фикрларининг ҳам ривожланиши натижасида ва башарият тараққиётлари заруратлари асосида илмда ҳам, шу жумладан фанда ҳам янгиликлар: янги билим, янги соҳа, янги йўналиш, янги фан, янги таълимот ва шу кабилар пайдо бўла бошлаган.
Янгилик, маълумки, жараён ва ҳодисалар кечишидаги янги сифат босқичига ўтиш натижасида ҳосил бўлади. Бундай янги сифат босқичига ўтишни эса илмийлик дейилади, яъни мавжуд билимларни янги сифат босқичига ривожлантириб, такомиллаштириб боришини таъминловчи ижодий фаолият натижасида ҳосил бўлган янги билимни илмий билим, деб аталади.
Айни пайтда яратилган, шакллантирилган илмий билим маълум вақтлар ўтиши билан, яъни унинг тўлиқ истеъмолда бўлиши билан унинг илмийлиги йўқолади ва у ҳам ўзидан кейин келадиган илмий билимга ўз ўрнини бўшатиб беради. Шу йўсинда ҳар бир соҳада тараққиёт, ривожланиш юзага келади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, ҳисоблаш техникаси тараққиёти, ёзувнинг пайдо бўлиши ва такомиллашиб бориши, металларга ишлов бериш технологиялари жараёнлари, автомобил саноати тараққиёти босқичлари, алгоритмлаш ва моделлаш масалалари, телефон алоқа тизими ва ҳ.к.
«Илмий адабиётларда билимларнинг илмий ва илмдан ташқари шакллари ҳам фарқ қилинади. Илмдан ташқари илмларга маданият, адабиёт, санъат, мифология, дин ва шу каби соҳаларга оид билимлар киради. Одатдаги фан соҳаларида тадқиқ этиладиган билимлар экзотерик (кўзга ташланувчан) билимлар деб аталса, астрология ва шу каби соҳаларга оид билимлар эзотерик (пинҳоний) билимлар дейилади. Экзотерик билимлар илм-фан қоидаларига зид келмайдиган бўлса, эзотерик билимлар бундай қоидаларга зид келиши мумкин» 5.
Демак, билимлар инсон ақлий фаолиятининг доимо ривожланиб, такомиллашиб борувчи жараёни бўлиб, у инсонни яратувчиликка, ижодкорликка ундар экан ва натижада уларда илмий билимлар тизими яратилади.
Мавзуни ўзлаштиришни таъминлашга оид саволлар:
билим таърифларини айтиб беринг;
фаннинг таърифини айтинг;
билимларга қўйилган талабларни айтинг ва ўзингиз кўпроқ буларнинг қайсисини кўпроқ эътиборга оласиз?
билим даражасига кўтарилиш деганда нимани тушунасиз?
илмийлик ва илмий билим ҳақидаги тасаввурлар нималардан иборат бўлиши керак?
Мавзу бўйича мустаҳкам эсда сақлаб қолишга оид маълумотлар:
билимлар – бу ўқиш, ўрганиш ва тажриба ёки амалиёт орқали шаклланган маълумотлар мажмуидир;
маълумотлар даражасига кўтарилиш учун қуйидаги шартларни қаноатлантирилиши керак бўлган маълумотлар ахборот кўринишига келтирилиши керак, бу маълумотларнинг воқеликка мутаносиблиги етарли даражасида ишонарли бўлиши бу маълумотлар далиллар билан асосланган бўлиши улар оддийдан мураккабликка, билмасликдан билишга, мавҳумда аниқ ва мукаммалликка томон ривожланиб, такомиллашиб боришлиги;
истемол учун тайёрланган маълумот ахборот дейилади;
янгилик жараён ёки ҳодисаларнинг кечишидаги янги сифат босқичига ўтиш натижасида ҳосил бўлади. Бундай янги сифат босқичига ўтишни эса илмийлик дейилади, яъни мавжуд билимларни янги сифат босқичигача ривожлантирилиб, такомиллаштирилиб боришини таъминловчи ижодий фаолият натижасида ҳосил бўлган янги билимни илмий билим, деб аталади.
Мавзу бўйича муаммоли саволлар ва топшириқлар:
фаннинг шакллантирилишида билимнинг ва илмий билимнинг аҳамиятини нимада, деб тушунасиз? Буни ўзингиз ижодий фаолиятингиз асосида тушунтириб беринг?
маълумотларнинг билим даражасигача етиб боришининг алгоритмик тизимини ишлаб чиқишга уриниб кўринг ва уни 5-6 та мисол асосида текшириб кўринг;
билим “фан → таълим → амалиёт” интеграциясида қандай аҳамиятга эга?
янги билим, янги соҳа, янги йўналиш, янги фан, янги таъминот қандай пайдо бўлади? Буларга мисоллар келтиринг.
ижодий фаолиятда билим билан янги билим орасидаги фарққа албатта эътиборни қаратиш керак, акс ҳолда яратилган ҳолатни қайтадан яратишга ҳаракат қилган бўлиб қоламиз. Шунинг учун муаммонинг ўрганилганлик даражаси таҳлили талаб этилади;
қилинаётган ижодий фаолиятингиз натижасини “фан → таълим → амалиёт” интеграциясини ҳисобга олиб амалга оширинг. Ана шунда энг муҳим талаблардан бири бўлмиш, ИТИ нинг амалий аҳамияти янада оширилади;
ижодий фаолиятда илмийлик, илмий билим ва уларнинг самарадорлиги асосий илмий категориялардир, уларсиз ИТИ натижасини баҳолай олмаймиз. Демак, ижодий фаолият олиб боришда уларнинг мавжудлигига мунтазам равишда мурожат қилиб бориш керак бўлади.
Мавзуни ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлган адабиётлар рўйхати:
Кандаков Н.И. Логический словар – справочник. – М.: Наука, 1975. – 720 с.
Муҳаммедов Ғ.И., Тўрақулов Х.А. Замонавий педагогик тадқиқотлари илмий-назарий асослари. – Т.: Фан, 2004. – 230 б.
Педагогическая энциклопедия. – М.: Советская энциклопедия, - 1968. – Т.3. – 712 с.
Фалсафа: қомусий луғат. – Т.: Шарқ, 2004. – 496 б.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – 2 ж. – Т.: ЎМЭ Давлат илмий нашриёти, 2002. – 704 б.